ЮРАК ПАРЧАСИ
Ўзбегим деб кенг жаҳонга Не учун мадҳ этмайин! Ўзлигим билмоққа даврим Берди имкон, ўзбегим.Америка Қўшма Штатларини деярли икки ҳафта сайр этиб, сафар йўли ортда қолганда, ёддан чиқмас ҳисларимни ўйлар эканман, суюкли шоиримиз Эркин Воҳидовнинг америкалик ватандошимиз Зикриё Нью-Йоркда зўр ҳаяжон, беқиёс фахр, ширали овоз билан тик туриб ўқиб берган «Ўзбегим» қасидаси қулоқларим тагида жаранглаб кетди. Энг аввало, бу кун олам саҳнига чиққан, мушкул, аммо шарафли, ҳур тақдир насиб этган юртим ифтихори ҳиссини туйганимни, уни соғинганимни эсладим. Она-Ватан туйғусидан, дўстлар дийдоридан, атрофингда бирдай қулоғингга чалиниб турган она тилинг оҳангидан, кўзларингга ҳузур бағишловчи таниш обидалардан, ота-боболаринг, волидайи меҳрибонинг излари тушган роҳи табаррукдан афзал нарса борми дунёда. Бегумон она-тупроқдан ажралганнинг насиби фарёд, умиди васл. Орқангда тоғдай бўлиб халқинг турганга не етсин. Халқига суянган одам ҳеч қачон йиқилмайди. Халқинг бир бутун юрак бўлса, сен унинг бир парчаси. Ҳа, киндик қони тўкилган ер муқаддас. «Менинг халқим ўз киндик қони тўкилган тупроқни ўз онасидай азиз кўради. Менинг халқим ўз боболари кўмилган тупроқни ўпади, шу тупроқни ҳаром, нопок қилган одамларни ўлдиради», деган эди таниқли ўзбек совет шоири Ҳамид Олимжон. Қаерга бормай, ўзбек боласиман деб, буюк юртнинг фарзанди бўлиб ғурур, ифтихор билан юрдим. Қалбимни тўлдирган бу ҳиснинг нақадар беназирлигини, гапнинг очиғи, бу туйғудан бенасиб, туғилган ватанига соҳиб бўлолмаган, афсуски, юрти заминини дадил босиб юролмаган одамларни кўрганимда яна бир бор шукр қилдим. Завқли ўзбек фарзанди Зикриёдан кейин Нью-Йоркда Эркин Воҳидовнинг овози янгради:
Кекса қарағайнинг илдизин очиб, Тортдилар қўш арқон солиб белидан. Лекин у тупроққа панжасин санчиб, Сира қўзталмасди унган еридан… Ниҳоят, гурс этиб ерга қулади, Бутаб, сўнг кўтариб кетдилар, бироқ — У ўз панжасида олиб жўнади Яшаган еридан Бир сиқим тупроқ.Дарахт-ку қадрдон еридан тупроқ олиб кетган, кўкартирган заминдан узилгиси келмаган ўзбек халқининг ватанга бўлган муҳаббатини асло қўяверинг, беадад. Қадим замонлардан қолган эзгу одат бу; узоқ сафарга чиққанда бир ҳовуч юрт тупроғидан ўз ёнларида олиб юрганлар.
Америкалик савдогар Абдул Рауф Мақсудийнинг катта, биздаги янги солинган участка-уйлар сингари ҳовлисида ўтаётган зиёфатда, ўнлаб ватандошлар даврасида ўқилаётган шеърлар куй-қўшиққа, рақсга, табрик сўзларига уланиб кетди. Бу учрашув тафсилотига ҳали қайтамиз. Ҳозир сафаримиз боиси ҳақида икки оғиз сўз.
«ФРЕНДШИП ФОРС» — «КУЧ-КУДРАТИМИЗ — ДЎСТЛИКДА»
Чет мамлакатлар билан дўстлик ва маданий алоқалар Ўзбекистон жамияти жаҳондаги мамлакатлар халқлари билан ҳамкорлик ўрнатиш, дўстлик алоқаларини йўлга қўйиш, яхши қўшничилик кайфиятларини туғдириш, иқтисодий, маданий ҳамда фан ва техниқа соҳалари бобида олиб бориладиган ишлар эшигини очиш жонбозидир. Жамиятнинг бу борада қилган таҳсинга лойиқ тадбирлари кўп. Биз шулардан бирининг гувоҳи бўлдик. Унинг АҚШдаги «Френдшип форс» — «Куч-қудратимиз — дўстликда» деб аталадиган жамоатчилик ташкилоти билан келишувига мувофиқ биз «Озод дунё»га боришга мушарраф бўлдик.
«Френдшип форс» ташкилотининг атрофига миллатидан, танасининг рангидан қатъий назар хоҳиш билдирган, имконияти даражасида уни қўллаб-қувватлашга жазм этган кўплаб сиёсат ва жамоат арбоблари, турли касб ва мартаба эгалари, дин пешволари, кексалар, ёшлар бирлашган. Ташкилотнинг юзага келиш тарихи жуда қизиқ. Бунақаси фақат Америкада бўлиши мумкин. Сабабчиси англияликлар.
Ўн йилча илгари Англиядан турли касбга, миллатга мансуб бўлган, дунёқарашлари ҳам ҳар хил уч юз киши Америка Қўшма Штатларига саёҳатга боради. Фавқулодда бир сабаб билан меҳмонхонага эмас, америкаликларнинг хонадонларига жойлашишади. Сайр-томошалари тугаб, сафарлари қаригунча соҳиби хонадонлар билан танишиб, биродарлашиб оладилар. Икки мамлакат халқи вакилларининг бундай холис, самимий, оилавий, фавқулодда ҳам рамзий мулоқоти ўша вақтда АҚШ президенти бўлган Жимми Картер ва унинг рафиқаси Розалини Картерни қизиқтириб қолади.
1977 йилда Джимми Картер бундай мулоқотни қўллаб, таъкидлайдики: «Бу шундай ишки, у билан ҳар биримиз шуғуллансак арзийди, уни ҳатто ҳукумат алоқаларидан ҳам кенгроқ даражада олиб боришимиз мумкин». Бу фикрни Президент Рональд Рейган 1982 йилда юборган ўз табригида давом эттириб, «сизларнинг ташкилотингиз дунёда халқлар ўртасида ўзаро ҳурматни ва бир-бирини тушунишни вужудга келтиришга ёрдам беради», дейди. Нима учун бошқа мамлакат халқлари вакиллари билан инглизлар сингари ҳамкорлик ўрнатиш, айни вақтда у мамлакатларга америкаликларнинг сафарини уюштириш мумкин эмас, деган фикр туғилади.
Шундай қилиб, янги «Френдшип форс» ташкилоти вужудга келади. 1987 йили Англияда унинг ўн йиллиги нишонланди. Тантаналарда ташкилотнинг фахрий раиси Розалини Картер хоним бошчилигидаги бир гуруҳ америкалик фаоллар қатнашдилар.
Ҳозирги кунда ташкилотга атланталик Д. Вэйн Смит президентлик қилаяпти. Ташкилотнинг халқаро штаб-квартираси Жоржия штатида. Унинг ходимлари унча кўп бўлмай, минглаб кўнгилли ёрдамчиларга таяниб иш кўради.
Дунёдаги одамлар бир-бирларидан фарқ қилишдан кўра, кўпроқ бир-бирларига ўхшаб кетишади, деган хулоса асосида иш кўради ташкилот. Д. Вэйн Смитнинг таъкидлашича, ташкилотнинг мақсади — оддий, фахрли ва олижанобдир. У ҳам бўлса, бутун дунёда тинчликни мустаҳкамлаш — ҳукуматларнинггина бурчи бўлиб қолмай, айни вақтда ҳар бир инсоннинг ҳам бурчидир, деган халқ дипломатияси ниятини қарор топтиришга хизмат қилишдан иборат.
Чиндан ҳам, сафар давомида иқрор бўлдикки, халқ дипломатлари — оддий совет ва америка кишилари, ўзларининг шахсий алоқалари билан халқаро даражадаги ўзаро ишонч ва ҳамкорлик муҳитини, вазиятини мустаҳкамлашга ёрдам беришга қодирдирлар. Бу ҳаракатнинг хайрли ишлари ҳақида америкалик журналист, халқ дипломатияси кашшофларидан бири, Совет Иттифоқида олти марта бўлган Гейл Уорнер «Халқ дипломатияси» деган китоб ёзибди.
«Френдшип форс» ҳозир Америка Қўшма Штатлари бўйлаб кенг қулоч ёйган. Унинг 44 штатда клуб ва бўлимлари бор. Турли тузумдаги 41 мамлакат билан алоқа ўрнатган. Шу кунгача «Френдшип форс»нинг иштирокида минглаб кишилар дўстлик тадбирларида қатнашди. Ташкилот ҳеч қандай олди-соттига аралашмайди, моддий манфаатдорликни кўзламайди. Дўстларимиз тинчлиги — бутун дунё тинчлиги, деган ниятга хизмат қилади.
1985 йилда Грузия делегацияси Жоржия штатида муваффақиятли меҳмон бўлиб қайтгач, «Френдшип форс» Чет мамлакатлар билан дўстлик ва маданий алоқалар Совет жамиятлари союзи билан алоқа қилишга киришади. Кейинроқ Жимми Картер билан Розалини Картер Москвада Валентина Терешкова билан учрашади. Жамоатчилик делегацияларини мунтазам юбориб туриш тўғрисида икки томонлама шартнома тузилади.
Бизнинг делегация РСФСР, Озарбайжон, Грузия жамоатчилиги вакилларидан кейин тўртинчи бўлиб Америка Қўшма Штатларига йўл олди.
Ўзбекистон жамоатчилиги делегацияси республикамиз экономикаси, фани, маданияти, адабиёти ва санъатидан хабардор 11 кишидан иборат эди. Жумладан — Жўрабеков Исмоил Ҳакимович — Ўзбекистон ССР Министрлар Совети Раисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон Давлат агросаноат комитетининг раиси (делегация раҳбари), Тешабоев Фаттоҳ Ғуломович — чет мамлакатлар билан дўстлик ва маданий алоқалар Ўзбекистон жамияти президиумининг раиси (делегация раҳбарининг ўринбосари), Рашидов Турсун Рашидович — Ўзбекистон ССР Фанлар академияси вице-президенти, Эркин Воҳидов — Ўзбекистон ССР халқ шоири, Бобожонова Жамилахон Аъзамовна — Тошкент Давлат университети роман-герман факультетининг декани, Жумаев Ҳайдар Васильевич — Ўзбекистон КП Тошкент шаҳар Киров район комитетининг секретари, Сигедин Виталий Николаевич — Олмалиқдаги В. И. Ленин номли кон-металлургия комбинатининг директори, Дилафрўз Жабборова — Ўзбекистон ССР халқ артисти, Исмоилов Саидғанихўжа Иброҳимович — ўлка медицина институтининг катта илмий ходими, шифокор олим, Эргашев Ёқубжон Абдуллаевич — Чет мамлакатлар билан дўстлик ва маданий алоқалар Ўзбекистон жамияти капиталистик мамлакатлар бўлимининг катта референти ва камина. Делегация аъзоларидан Ф. Ғ. Тешабоев, Ж. А. Бобожонова, С. И. Исмоилов, ё. А. Эргашев инглиз тилини яхши билишарди. Уларнинг тил билишлари бутун сафар давомида жуда асқотди.
ЙЎЛ БОШИДА
Сафарга отланиб, йўл бошида турганимизда Вашингтонда КПСС Марказий Комитетининг Бош секретари Михаил Сергеевич Горбачёв билан АҚШ президенти Рональд Рейган ўрта ва ундан камроқ масофага учадиган ракеталарни қисқартириш тўғрисидаги Шартномани имзолаганликлари ҳақида хушхабар келди. Улуғ Ватан урушининг шафқатсиз жангоҳларида ажал ўқларининг «виз-визи» ўчган даврдан буён ўтган қирқ уч йилдан кейин, биринчи марта тинч замонлар умрини узайтирувчи, дунё осойишталигини асословчи тарихий ҳужжат туғилган эди. У мунаввар ҳаёт, дўстлик офтоби, озодлик йўли, тотувлик неъмати янглиғ эллар-элатлар, миллионлар қалбига умид чироғини ёқди. Ер сайёраси узра ҳаво ёришгандай бўлди.
Қуёш гоҳ чиқиб, гоҳ булутлар ортига яширинади. Ҳаво анча совуқ. Сафаримни эшитган дўстларим тўпланишган. Менга оқ йўл тилайдилар. Уларни кузатаман, қалбда кўтаринкилик руҳи мавжланади. Икки ҳукумат раҳбарларининг эзгулик сари қўйган илк қадамлари, қайта қуриш, ошкоралик, янгича фикрлаш муҳити сафаримиз муваффақиятига тамал тошини қўйганлигидан кўнгиллар тўқ. Чиндан ҳам йўлларни хору хасдан пок қилиб, зеҳнларни ёритиб, буюк бир муҳит вужудга келган эди, чин йўл топилган эди.
Шундай жаҳон тўлқинга келган вақтда АКШга бораётганимиз ички бир қувонч, ҳаяжон бағишларди. Гапнинг очиғи агар уч-тўрт йил аввал мени шу сафарга чорлашса бормасдим. Ҳозир бемалол, иккиланмай отландим. Очиқчасига, ошкора гаплашиш, ҳақиқатни сўзлаш, фикр алмашиш имконияти яратилган ҳозир.
Жаҳон тақдирига нажот излаб йўлга чиққан раҳнамоларимиз изидан, яхши ниятларни қалбларимизга пайванд қилиб биз ҳам жўнадик.
«ХУШ КЕЛИБСИЗ!»
1988 йил 12 январь. Москвадан учган «ИЛ-62» самолёти 11 соатдан кейин Вашингтондаги Даллес аэропортига қўнди. Учқичдан чиқар эканмиз Америкага хос қулайлик бошланади. Нарвонзиналар орқали пастга-юқорига чиқиб юрганимиз йўқ. Эшик очилиб, катта бир зални эслатувчи автобус хонасига ўтдик. Чарм курсилар ўрнатилган, йўлкалари кенг зал-машина тўғри аэровокзалга олиб бориб улади. Эшиклар автоматик очилиб, хонадан-хонага ўтгандек, ҳужжатларни кўздан кечириб, ташқарига йўллайдиган ходимлар рўпарасидан чиқдик. Дағал ва бесўнақай полиция ходимлари айланиб юрардилар. Чемодан қўядиган енгил, қулай аравачалар қатор турибди. Ҳаворанг кийимли аэропорт хизматчилари ўтирган жойнинг орқасидаги залда бўйнига «Френдшип форс» деб ёзилган лавҳани осиб олган баланд бўйли, нуроний бир киши қўлини ҳавода чайқатиб, кулиб турарди. Биз олдинма-кейин текширувдан ўтиб, унга яқинлашар эканмиз ўзига хос бир талаффузда «Хуш келибсиз!» деб қаршиларди. Унинг ёнида ёши йигирмалардан ошган, қадди-қомати келишган, оқ-сариқдан келган йигит бор эди. У биз билан рус тилида «Добро пожаловать!» деб кўришди. Ҳаммамиз тўпланиб бўлгач, оқсоқол ўзини таништирди. У «Френдшип форс» ташкилоти Вашингтон комитетининг жамоатчи директори, профессор, юрист Веттер Чок экан. Ёнидаги йигит Хожман Эдуард, рус тилини билгани учун таржимонлик қилар, ярим маош ҳисобига шу ташкилотда кунбай ишлар экан. X. Эдуарднинг ўн ўринли, биздаги «РАФ» автомобилига ўхшаш машинаси бўлиб, меҳмонхонага ўзи ҳайдаб борди. Вашингтоннинг марказига жойлашган кўп қаватли «Авлиё Жеймс» деган меҳмонхонагача эллик километрча йўлни босиб ўтдик. Икки қанотида арча, қарағай дарахтлари бўй чўзган, кўм-кўк ўтлоқларни қиличдай кесиб ўтган йўл жуда равон, кенг эди. Ора-чора фермерларнинг уйлари, уч-тўрт қаватли иморатлар ҳам учраб турарди. «Булар — идоралар, магазинлар», деб тушунтирди Э. Хожман.
Ниҳоят, кенг йўл машҳур Потомак дарёсидан ўтиб, икки томонида баланд бўлмаган бинолар қад кўтарган, кичик-кичик ошхоналари, дўконлари бўлган, турлича кийинган кишилар билан гавжум тор кўчага туташди. Машиналар оқими тинмас, уларнинг тури, ранги шу қадар кўпки, бир хил иккита автомобилни топиш қийин эди. Бу йўлларда тезликнинг чегараси йўқ, хавфсизликни асрасангиз бас. Меҳмонхонада ҳамма қулайликлари бор хоналарга жойлашдик. Хонада электроплитка бор. Хоҳлаган киши чойдан ташқари, истаган таомини тайёрлаши мумкин.
Эртасига ошхонага кириб борар эканмиз, сал олдинроқда ҳаяжонли, бироз титроқ овоз эшитилди: «Ассалому алайкум, Эркин ака! Сиз бўлсангиз керак, хуш келибсиз! Сизни ҳам кўрадиган кун бор экан-ку, оллога шукур! Ассалому алайкум, Турсун ака! Абдурасул ака!..» Тавозе билан тоза ўзбек тилида ҳар биримизни бағрига босиб, қадрдонлардек қучоқлашиб, самимий кўришиб кетди, оппоқ сочлари юзларига нур сочиб турган, кулча юзли, ўрта бўйли, костюми тик қоматига ярашиб турган киши.
— Камина, Абдулла Чиғатойман, туркистонлик, — ўзини таништирди у.
«Америка овози» радиоэшиттиришлари ўзбек тили редакциясининг бошлиғи Абдулла Чиғатой қаршимизда турарди. Ўзбекистонда радио орқали у кишининг овозини озмунча эшитмаганмиз.
— Сиз мени қаёқдан танийсиз? Бу кишининг Турсун ака эканлигини қаёқдан билдингиз? — сўради Эркин Воҳидов.
— Эркин ака, биз Сизни яхши биламиз; «Шарқ юлдузи» журналида расмларингизни кўп кўрганмиз, китобларингизни олиб турамиз. Турсун акани бўлса, ҳозир, — деб у ён чўнтагидан бир қоғоз олди. — Мана, мана бу ўзбек қомусидан ўқиб таниганмиз. — Унинг қўлида Ўзбек Совет энциклопедиясидан фотонусха олинган, Турсун Рашидовичнинг расми ва у ҳақдаги ахборот турарди.
Бизга тўрдаги столга дастурхон ёзилган эди. Ҳар ким хоҳлаган жойига, биз Абдулла Чиғатой билан этакдаги стулларга ёнма-ён ўтириб, танишишда давом этдик.
— Нью-Йорк шаҳрида яшайдиган ватандошларимиздан Абдул Рауф ака Мақсудийга телефон қилган экан, сизларни келишингиз ҳақида. Мени ҳам йўқлашибди. Йўқ эканман, ёздириб қўйишибди. — У бизга лотин алифбосида ёзилган хатни кўрсатди.
Идеологик жиҳатдан тарафма-тарафлигимизни, яшаб турган давлатларимиздаги ижтимоий тузум турлича эканлигини Абдулла Чиғатой ҳам, биз ҳам яхши англардик. Амалий алоқалар жараёнида, умид, ишонч, такомиллашиб бораётган совет демократияси, ошкоралик муҳити барқарор этаётган Совет ва Америка халқлари ўртасидаги илиқ муносабатлар дастурхони атрофида суҳбат қурдик. Абдулла Чиғатой ўз ҳаёти, кўрган-кечирганлари, ишлари, ҳамсоялари ҳақида гап бошлаган эди, танаффусимиз тугаб, яна Вашингтоннинг диққатга сазовор жойларини, ёдгорликларини кўришга йўл олдик.
— Узилиб қолган суҳбатимизни уйда давом эттирамиз, — деб меҳмонга таклиф этди Абдулла Чиғатой.
Биз кечқурун «Кеннеди марказида» сиёсий мавзудаги қўшиқлар концертига таклиф қилинган эдик. Эртасига вақтлик Вашингтон штатига учиб кетишимиз режаланган эди. Шу билан Вашингтонга қайтмасдик, Абдулла Чиғатойни ортиқ кўрмаслигимиз мумкин эди.
Имкони бўлса, концертдан кейин, меҳмонхонага келишини, гурунглашиб ўтиришни таклиф қилдик. У бизни меҳмонхонагача кузатиб, сўнг ишига қайтди.
— Вашингтон АҚШнинг бошқа йирик шаҳарларига нисбатан тинчроқ, ҳаракат камроқ шаҳар, кўриб турибсиз, — тушунтирди мезбонимиз профессор Веттер Чок, — Вашингтонда йирик саноат корхоналари йўқ. Устахоналар, магазинлар, майда корхоналар, ёдгорликлар бор. Оқ, қора, сариқ танли халқ аралаш яшайди. Асосан амалдорлар, ҳукумат идоралари ходимлари, йирик радио ҳамда телевидение марказлари шаҳри.
Мезбон бизни маҳобатли оқ мезана ёнига олиб борди.
— Бу — Жорж Вашингтон хотираси шарафига тикланган ёдгорлик. Америкаликлар унинг номини зўр ҳурмат билан тилга оладилар, ҳаёти ҳақидаги асарлар дарсликларга ҳам кирган. У ёшлигидан софдил, тўғри сўз бўлган. Мактаб программасига кирган ёзувчи Уимснинг Ж. Вашингтоннинг болалик йиллари тўғрисида ҳикоя қилувчи асаридан қуйидаги ибратли парчани эшитинг: Ёш Жорж боғдаги олчани кесиб ташлайди, бемаъни ишни ким қилганлигидан хабар топган отасининг ниҳоятда жаҳли чиққанини кўрган ўғил, дейди: «Мен ёлғон гапирмайман, ота, биласиз, мен ёлғон гапирмайман. Дарахтни болта билан мен чопиб ташладим» Шунда кўнгилларни тўлқинлантириб, беихтиёр кўзга ёш чиқарадиган воқеа юз беради. «Бу ёққа кел, ўғлим, — деб хитоб қилади ҳаяжонини босолмай ота, — бу ёққа кел, қўлингни ташла, мен хурсандман. Жорж, сен мени дарахтимни қуритган бўлсанг ҳам, эвазига минг карра қимматлироқ нарсани ҳадя қилдинг, баракалла! Ўғлимнинг қўрқоқлик қилмай, ботирларча қилган ҳаракати кумуш гулли, тоза олтин мевали минглаб дарахтдан қиммат туради». Унинг рўпарасида АҚШнинг бошқа давлат арбоби, президенти бўлган Авраам Линкольн ёдгорлик-мақбараси. Американинг буюк граждани, деб тушунтирди мезбонимиз. Қулларни озод қилиш тарафдори бўлган. Қулдорлик тарафдорлари ёллаган жосус бевақт отиб ўлдирган. Линкольнни ҳамонки халқ ардоқлайди. Мақбара улкан санъат саройига ўхшатиб қурилган. Уч томонининг деворлари ташқарисидан — нақшли устунлар билан ўралган. Вашингтон ёдгорлик-минорасига юзма-юз турган томони очиқ — айвонга ўхшайди. Айвоннинг тўрида баландда — икки ёни тиргакли курсида Авраам Линкольн ўтирипти. У худди олисда кўриниб турган Вашингтон ёдгорлигига қараб ўйга чўмиб қолгандек. Икки томондаги деворда, унинг ибратли гапларидан парчалар.
Кўчалардаги бинолар пештоқида шиорлар деярли кўринмайди, фақат шу мақбарадан чиқиб бироз юрилгач шундай лавҳа бор: «Америка билан фахрлан».
Обод хиёбонларни оралаб кетган кўчадан бироз юрилса, олча дарахтлари саф тортган сайргоҳга чиқилади. Унинг этагида президент Жеферсоннинг, оқ мармардан қилинган мақбараси, ёнма-ён пул ишлаб чиқарадиган корхона, у ёғида турли идораларнинг бинолари, министрликлар. Энг каттаси қишлоқ хўжалиги департаменти экан. Бир-бирига ўхшамайдиган ўзига хос иморатлар. «Мустақиллик» кўчасида Шарқ санъати музейини, ҳозирги замон санъати музейини, бир неча гектар ерни эгаллаган, ойнавандли космонавтика музейини кўрдик. Бу ерда Союз-Апполон ракетаси, Ойга қўнган учқич, Ойдан келтирилган жинслар — ҳамма-ҳаммаси табиий ҳолда берилган. Космонавтларнинг ҳайкаллари ҳам ўзларидан нусха олинган. Қушдан андоза олиниб ясалган биринчи учқичдан, ҳозирги ракеталаргача бўлган давр ҳақида ҳикоя қилувчи рангли, оҳанрабодек тортиб турувчи кинолента узлуксиз айланиб туради. Ҳар бир ёдгорлик ёнида, уни тушунтирувчи ёзувдан ташқари, уни тайёрлаган, бошқарган кишилар ҳақидаги ҳужжатли фильмлар телевизор экранларида кўрсатиб турилади. Музейда Ой ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильмдан парчаларни жуда ҳайратланиб томоша қилдик. Тенгги йўқ манзара, жасоратга тўла ҳаракат, Ер сайёрамизнинг Ойдан туриб олинган расмини кўрсангиз — нақадар гўзал, бой, кўзлар қувонади, диллар фахрга тўлади, унинг шу маҳалгача биз кўрган суратларда акс этмаган юзи бор.
Музейларни томоша қилиб бўлгач, «Оқ уй»га бордик. Ана, пастаккина темир панжара билан ўралган дарахтзор, гуллар, майсалар билан қопланган майдон ўртасида фаввора, унинг орқасида, расмлардан таниш икки устунли оқ бино кўзга ташланади. «Оқ уй» ёқалаб йўлка, ўртада кўча, унинг қанотида ҳам йўлка-да, у ёғида унча ҳам катта бўлмаган, дарахтлар, майса ўсган майдон.
— Айтинг-чи, Чарльз Хайдер қаерда ўтирган эди?
Америкалик олим Чарльз Хайдер 1987 йилда — ядро қуролини кўпайтиришга, урушларга қарши узоқ вақт очлик эълон қилганда шу майдонда ўтирганини эшитгансиз. Ҳозир у бу ердан кетган бўлса ҳам, унинг ўрни бўлиши керак-ку.
— Ҳу, дарахт турибти-ку, ўша ерда! — кўрсатди бир қизча, бироз топталиб, босилган ерга ишора қилиб.
Мана шу Лафайет-паркдаги тахта супадан 1987 йилнинг май ойида кетган доктор Чарльз Хайдер ҳурматли олим, АҚШ аэронавтика ва коинотни тадқиқ этиш миллий бошқармасининг ҳамда атроф-муҳитни илмий текшириш марказининг собиқ ходими бўлган.
— Ҳозир нима иш қилади?
— Кунини кўриб юрибди.
У илгари тинчлик ва адолат учун очлик эълон қилиш, ўзини-ўзи қурбон қилиш йўли билан курашган бўлса, эндиликда фаол ҳаракат йўли билан курашаётган экан. Олим икки буюк мамлакат ўртасида тузилган шартномаларни қўллаб-қувватлаб, унинг ижобий, тарихий қадамлигини кенг тушунтириш ишида қатнашаётганини айтишди.
— Ёдингизда бўлса, жаноб Горбачёв «Оқ уй»даги нутқида, биз азим тинчлик дарахти бўлиб ўса оладиган мана шу ниҳолни экаётганимиздан фахрлансак арзийди, деган эди. Ана шу ниҳолни фақат сиз — совет кишилари эмас, биз ҳам парваришлашимиз керак, оловлардан, бўронлардан асрашимиз керак. Кўраяпсизми, имзоларни, тинчликсеварлар сафи тобора кенгайиб бормоқда.
Вашингтон кўчаларида баланд симёғочлар кўринмайди, бўйи уч-тўрт метр келадиган бежамли устунлар учидаги оқ қандиллар билан ёритилар экан. Шаҳарнинг ўнг томон теграсига йўл оламиз. Потомак дарёсининг кўпригидан кўриниб турган тепаликда мангу олов алангаси шуълаланади. «Миллий қабристон» деб тушунтирди мезбонимиз, ўша томонни кўрсатиб. Жуда катта майдон мангу уйқуга кетганлар макони. Ака-ука Кеннедилар ҳам ўша ерга қўйилган.
Кечқурун «Кеннеди маркази»да Сиёсий сатира, ашула ва рақс гуруҳининг концертини кўрдик. Мўъжазгина саҳна. У ерда ҳам электроника мавжуд. Қўшиқ мазмунига қараб, саҳна орқасини рангли йирик фотопарда қоплайди. Группа икки негр, бир оқ танли аёл, бир негр, уч оқ танли эркак артистдан иборат. Қўшиқ, қисқа-қисқа интермедия ижроси билан бетанаффус уланиб кетаверади. Улар орасида президент Р. Рейганнинг баъзи томонлари устидан заҳарханда ҳам бўлди.
Концертдан чиқиб ўша ердаги фотосуратларни томоша қилиб, баъзи америкаликлар билан суҳбат қурдик. Икки буюк мамлакат раҳбарларининг учрашуви, унинг самараси муносабатларимизга қанчалик ишонч бахш этгани сезилиб турарди.
Яхшининг шарофати деганларидек, мезбонларимизда кўтаринки бир руҳ, халқимизнинг шону шуҳратини орттирган буюк тарихий қадам таъсиридан мамнуният ҳис этдик. Юртимизда-ку бунга амин бўлгандим, Америкада ҳам кишилар қандайдир кўз илғамас қалб, ақл-идрок риштаси билан дунё тақдирига, жамият ҳаётига, мамлакат қисматига пайванд умр кечираётганликларини дарров пайқадик.
Ядро қуролининг икки туркуми ракеталарини тугатиш тўғрисидаги Совет-Америка Шартномасини имзолашга бағишланган тантанали маросим бошланганлигидан дарак берган фанфараларнинг даъваткор овозлари, дўмбира садолари қулоғимиз тагидан кетгани йўқ ҳали, дейишди.
Концертдан кейин кечки овқатга ресторанга таклиф этишди. Бу ерда «Френдшип форс» ташкилотининг фаолларидан икки-уч киши суҳбатга келишибди. Улар билан у ёқдан-бу ёқдан гаплашиб ўтириб, маошларини сўрадик. Барбара исмли аёл, рус тилида жавоб берди;
— Аввало, ўзларини ҳурмат қиладиган америкаликлар ҳақиқатни гапирадилар. Ҳамма нарсани очиқ, ҳалол, холис айтадилар. Мен Сизга ўзимни таништирсам, таржимонлик қиламан. Ўртача ойлигим минг доллар. Лекин доим пулсизман. Сабаби, 300—350 доллар квартира ҳақига кетади. Университетда ўқиганимда, ўқиш пулини вақтида топиб, ҳисоб-китоб қилолмаганман, ўқиш ҳақини узишим керакми? Унга тўлайман. Суғурта бор. Хуллас, қўлимда битта кўйлакка етар-етмас маблағ қолади.
— Оилангиз борми?
— Йўқ. Бизда кейинги вақтда оила қуришга унча интилиш ҳам йўқ. Ташвишли ишдай кўринади. Лекин мени ўзим оила тарафдориман…
Меҳмонхонага пиёда қайтдик. Кўчалар чароғон. Чорраҳаларда, туни билан савдо қиладиган кичик-кичик озиқ-овқат, мева, турли шарбат, сигарета… дўконлари. Тагидан иссиқ сувми, буғми ўтган, қуруқ йўлкалар устида, қалин кийим, одеалларга ўралиб олган уйсизлар, ўз иши билан қаергадир шошиб бораётган башанг кийинган кишилар…
Меҳмонхонага кириб, энди телевизорни бураб, дам олишга отланган эдим, Абдулла Чиғатой рафиқаси Гулсара хоним билан келиб қолди. Эркин Воҳидов жойлашган хонада суҳбат қурдик.
«Америка овози» радиоси ҳақида билганларимни эсладим. «Америка овози» Совет Иттифоқига саккиз тилда ўттиз соатдан кўпроқ эшиттириш беради. Кейинги вақтда улар ҳам бизнинг мамлакатимиздаги қайта қуришни тан олишга мажбур бўлмоқдалар. Америка Қўшма штатлари ҳукуматининг ҳаётини, қарашини, мақсадини акс эттирувчи эшиттиришларида Совет Иттифоқи ҳақиқий ва асл демократияга қарши бир мамлакат, деб такрорлашлар барҳам топмоқда. Қайта қуриш, янгиланиш шундай қилишга мажбур этмоқда.
Улар бир катта лаганда сомса, термосда аччиқ чой дамлаб олиб келишибди. Биз ҳам Ўзбекистондан олиб борган мағизларни, патир нонларни дастурхонга қўйдик.
— Қисмат экан, — деб гап бошлади Абдулла ака, — мана шу ерларда кун ўтказаяпмиз. Бир ўғил, икки қизимиз бор. Ўғлимиз йигирма икки ёшда. Туркияда, қайнонамиз ёнида, дорилфунунда ўқийди. У ерда ўқиш ҳақи Америкадагидан арзонроқ. Катта қизимиз коллежда, кичиги мактабда таҳсил кўрмоқда, ўн уч ёшда. Исмини — Ўзнур қўйганмиз. Маъниси — Ўзбекистон нури. Юртимизни номини унутмаслик ниятида, мен ҳам туғилган жойим Тошкентдаги Чиғатой маҳалласини ўз исмимга қўшиб олганман, Абдулла Чиғатой деб. Амакимнинг ўғлини Зоҳид Чиғатой деймиз.
— Вашингтонда ўзбеклар кўпми?
— Ўттиз хонадонча, тахминан 150 кишимиз. Тез-тез учрашиб турамиз, эркаклар алоҳида, хотин-қизлар алоҳида гап ейишади.
Биз бир-бирини узоқ йиллар йўқотиб, бугун топишиб олган оға-инилар, соғинган қардошлардай самимий гаплашардик.
— Ўқиш бу ерда беш кун, шанба кунлари болаларни масчитга ҳам ўзбек тилини, ҳам диний одат, маросимларни ўргатгани олиб борамиз. Иншолло, урф-одатларимизни ҳам, тилимизни ҳам унутган эмасмиз.
— Ўша сиз туғилган, ёзда чанг, қишда лой Чиғатой кўчалари жуда ўзгариб кетган.
— Ростдан-а? Қалай, тилимиз жуда ҳам ғализ эмасми?
— Йўқ, яхши сақлагансизлар. Умуман туркий тил дунё тиллари ичида ниҳоятда ўзига хос тил. Унинг кейинги минг йиллик тарихига назар солсак, бошқа тилларга нисбатан, жуда кам ўзгарган. Буюк аллома Маҳмуд Кошғарийнинг «Девону луғот-ит турк» асарини ҳозир ҳам тушунамиз-да.
— Ҳа ўзбек тили энг гўзал, энг бой тиллардан. Тилимизни туркийда сўзлагувчи юз миллионли халқ бемалол тушунади, иншолло. — Абдулла Чиғатой бироз ўйланиб туриб қўшиб қўйди —
Барибир талаффуз, баъзи сўзларни ўрнига қўйиб ишлатиш борасида, қийин бўлиб бораяпти. Лотинча ёки арабча ҳарфларда битилган ўзбек тили алифбоси зарурга ўхшайди.
Ҳозирги қайта қуриш, ўзгаришлар омил бўлиб, тилчи олимларни таклиф этиш ёки тажриба учун Ўзбекистонга бориш, ҳамкорликда алифбо сингари зарур дарсликларни чиқариш муаммолари ечилишига умид боғланди.
Гулсара хоним Ўзбекистонда яшаётган хотин-қизлар ҳаёти, ишлари, болаларнинг тарбияси, билим олиши билан қизиқди. Ўзининг Туркияда туғилгани, Абдулла Чиғатойга турмушга чиққач, эр қаерда бўлса, хотин ҳам шу ерда, деб бу ёқларга келиб қолгани, озиқ-овқатдан бўлак ҳамма буюмлар билан савдо қилувчи магазинда, сотувчига ёрдамчи бўлиб ишлаши, кўпроқ болалар тарбияси билан шуғулланиши ҳақида гапириб берди.
Хайрлашар эканмиз, Абдулла Чиғатой, уч ёшида ота-онаси билан тарк этган юртини ҳадемай кўриш насиб этишини, Совет Иттифоқининг қатор республика ва областларида, шу жумладан Тошкентда «АҚШ ҳаётида информатика» кўргазмаси очилишини, шунда изоҳловчи сифатида боришини маълум қилди. Биз, нон-тузни қайтаришга тайёр туришимизни, интизор кутишимизни айтиб қўл олишдик.
АМЕРИКАЛИКЛАР ХОНАДОНИДА
— Ўзингиз бу ерда бўлсангиз ҳам, фикру-ёдингиз Ўзбекистонда, аниқ, — деб гап бошлади Веттер Чок, нонушта вақтидаги суҳбатимизда. — Ҳадемай кўрасиз. Бу ер — ўзгача мамлакат, одамлари ҳам бошқача.
Бу мамлакатда кўпроқ савол берган яхши. Кўпроқ нарсани билиб оласиз. Гапнинг очиғи, кўпчилик америкаликлар сизларнинг юртларингиз ҳақидаги ҳикояларингизга мунтазир. Ўзбекистон, унинг Самарқанд, Бухоро, Тошкент каби шаҳарлари ҳақида ҳамма ҳам дуруст маълумотга эга эмас. Сизлар Америка ҳақида кўпроқ биласизлар, сизларда ўқитишади. АҚШ тарихи сизларга нисбатан жуда узоқ ҳам, бой ҳам эмас. Биз ўтмишдан алоқани узиб, янги ҳаёт бошлаган, асосан кўчиб келган халқмиз. Кўпроқ бугунги ва эртанги кун ҳақида ўйлаймиз. АҚШда яшовчи кишидан миллатини сўрасангиз «америкаликман» дейди, Радио, телевидение ҳам шу кун ҳақида гапиради. Хонадонларда яшаб, мезбонларингиз билан танишганингизда буни ўзингиз ҳам сезасиз. Энди сизга оқ йўл, сафарингиз бехатар бўлсин! Мен сизлар билан хайрлашаман, Хожман Эдуард сафарингиз сўнгида Нью-Йоркда кутиб олиб, уйингизга жўнатиб қўяди, досвидание!
Атлантик океани соҳилларидан бошланган сафаримиз Тинч океани қирғоқларигача давом этишини, Нью-Йорк, Портленд, Ванкувер, Олимпия, Сиэтл, Мемфис каби шаҳарларда бўлишимиз режаланганини, турли касб ва ёшдаги америкаликлар хонадонида истиқомат қилишимиз мўлжалланганини билиб олдик. Жаъми салкам 40 минг километр йўл босишимиз керак эди.
Қайси шаҳарга бормайлик, бизни аэропортда «Френдшип форс» фаоллари табрик сўзлари ёзилган шиорлар, исм-шарифларимиз йирик ҳарфлар билан битилган қоғоз, тахта лавҳалар, гулдасталар билан самимий кутиб олишарди. Билардикки, исмимизни ёзиб, ёдлаб, тинмай такрорлаб турган америкаликларнинг уйи қароргоҳимиз бўлади. Токи шу шаҳарда эканмиз ўша оиланинг бир аъзоси бўлиб кун ўтказамиз. Гоҳ раҳбаримиз кўмагида, гоҳ ўзимиз, лавҳада номи ёзилган меҳмон эканлигимизни билдирамиз. Бир зумда аэропорт мезбон ва меҳмонларнинг шоду хуррам овозлари, кулгилари билан тўлиб, даврага файз киради. Кексалар меҳрибон ота-онадек, ёшлар соғинган фарзанддек, тенгқурлар оқибатли дўстдек меҳмонларни тезроқ уйларига олиб кетишга ошиқадилар. Ташқарига чиқамиз. Ҳаммаларида машина. Кекса-ёш, аёл-эркак бирдай уни бошқаришга қодир. Телефонларимиз ёзилган, қаерда, қачон учрашишимиз, қаерга боришимиз тайин қилинган қоғозларни олиб уй-уйимизга йўл оламиз.
Олимпия шаҳрида Саидғанихўжа Исмоилов билан бирга Лиза Жонсон ҳамда Тим Келли хонадонида меҳмони бўлдик. Уй соҳиблари эр-хотин шифокор эканлар. Хотини университетнинг медицина факультетини тамомлаган, болалар врачи, эри ўрта маълумотли мутахассис вазифасида. Уй-жойлари шаҳар ташқарисидаги мовий кўл соҳилида экан. Бир қаватли, олти хонали иморат. Эшикдан киришингиз билан эни олти метр, бўйи йигирма метрча келадиган усти берк саҳнга кўзингиз тушади, шундай кираверишда ўнг томонда, олди баланд пештахта билан тўсилган ошхона, кейин икки томонда ихчам уйлар — бири ётоқхона, яна бошқаси дарс қиладиган, ишлайдиган жой, юз-қўл ювадиган хона иккитадан. Ҳамма хона нимага мўлжалланган бўлса, ўшанга хос зарур ашёлар билан мукаммал жиҳозланган. Уй саҳнини этагидан бир қисми меҳмонхона қилиб ажратиб қўйилган. Ўнг томондаги ётоқхоналарнинг усти, олди очиқ болхона. Болхонада видеомагнитафон, рангли телевизор. Учта ётоқхона бирдай шинам жиҳозланган. Хонадонда ҳар биримиз ўзимизни таништирамиз-да, кейин қизиқтирган саволларга жавоб оламиз. Совет турмуш тарзи, урф-одатларимиз ҳақида гапириб берамиз. Урф-одатлар ҳақида сўзлашганимизда, гап ҳақида айтган эдик, бизда ҳам шунга ўхшаш аёллар зиёфати бор, деб қуйидагиларни ҳикоя қилиб беришди.
— Сир эмас, беозоргина қилиб айтганда «Хотинларни гапи сира ҳам адо бўлмайди», деб айблаб қўйиш борми — бор. Ҳа, биз — аёллар ичимиздагини тўкиб солмасак бўлмайди. Мавридими, йўқми барибир гапирамиз, шуниси чатоқ. Ер куррасида нимаики юз берса, барибир юракдан ўтадими—ўтади. Юракка теккан воқеани гаплашса нима бўлибди.
Кунлардан бир кунга дугоналарни, аёл қариндош-уруғларни уйга чақирамиз. Яхшилаб дастурхон тузатилади. Тансиқ мева, ширинликлар қўйилади.
Меҳмонга келганлар навбатма-навбат ўзлари, фарзандлари тўғрисида, янгиликлар, оилалари ҳақида гапириб беришади. Кейин ашула, ўйин-кулги қилиб, алламаҳалда тарқалишади.
Мезбонларимиз бизга ўз ҳаётларини ҳикоя қиладилар. Ҳамиша тинчлик, осойишта яшаш, ҳамкорлик қилишга интилиш борасида муштарак ниятда эканимиз юзага чиқади. «Перестройка» — хорошо, дейди Лиза рус тилида. Уй эгалари шифокорлар бўлишгани учун медицина хизмати кўрсатиш мавзуида суҳбатлашамиз.
— Мамлакатимизда икки касб эгаси доим эътиборда, — дейди Лиза Жонсон. — Бири адвокат бўлса, иккинчиси — шифокор. Бизда ҳаммаси пулли. Шифохонада ётиш ҳам, жарроҳнинг хизмати ҳам, дори-дармон ҳам.
— Қимматли?
— Америкада уч тури бор — шахсий, пулли ва медицина суғуртаси системаси бўйича тўланадиган шифохоналар. Аппендицит — кўр ичакни операция қилишга 2000 доллар, ётганингиз учун кунига 300—600 доллар тўлайсиз. Электрокардиограмма 200 доллар, тишингизни пломба қилдирсангиз 30—50 доллар, қонни анализ қилишга 40—60 доллар, хуллас ҳаммасининг белгиланган нархи бор.
Ҳамроҳим Саидғанихўжа Совет Иттифоқида медицина хизмати қандай йўлга қўйилганини айтиб беради.
Меҳмондорчиликлари дуруст. Борларини аямай ўртага қўядилар. Қўшимча бирон нарсани кўнглингиз тусаса айтасиз, дарров муҳайё қиладилар. Лекин устма-уст овқат тайёрлаб, исрофгарчиликка йўл қўйишмайди. Нонуштага қуймоқ қилиб беришмоқчи бўлишса, нечта тухумдан қилиш лозимлигини сўрашади. Деярлик нон емайдилар. Бузоқ гўшти, кўкат, ҳўл мева, ҳар хил шарбатни кўп истеъмол қилишади.
Турар жойлардаги шарт-шароитлар қишлоқда ҳам, шаҳарда ҳам бир хил. Иссиқ-совуқ сув дейсизми, бошқа қулайликлар дейсизми, бари муҳайё. Фақат қишлоқларда осмонўпар бинолар йўқ. Асосан бир ёки икки қаватли уй-жойлар. Аммо бу имконият, бу яшаш шароити фақат иш топган, ишини ўринлатиб бажарадиган америкаликларга насиб этади…
Лиза Жонсоннинг белидаги камарда ҳамиша кичкина бир электр аппарат осиғлик турарди. Бир куни бутун делегациямиз, «Куч-қудратимиз — дўстликда» ташкилотининг фаоллари кечки овқат-зиёфатга уларникига тўпландик. Лиза Жонсон хизматда бўлди. Шунда бирдан ҳалиги белидаги электроаппарат «дид-дид»лаб қолди.
Лиза Жонсон меҳмонларга ҳам қарамай, шифохонадаги навбатчига телефон қилди. У тез етиб келиш лозимлигини айтди. Мезбон меҳмонлардан узр сўраб, машинасига ўтириб жўнади. Алламаҳалда қайтиб келди. Айтишича, бир бола ниманидир ютиб юборган экан, шуни чиқариб олиб, даволаб келибди. Бормаса бўлмаслигини, ҳеч қандай узр, важ қабул қилинмаслигини айтди.
Америкада кишилар ишидан айрилиб қолмасликка ҳаракат қилишар эканлар. Америкалик аёл Кэри — кўзи ёрийдиган кунигача ишлаб, уч эгизагини чуқурлиги 320 метр келадиган кўмир конида туққан. Америкалик публицист У. Мендельнинг ёзишича, АҚШда ҳомиладор хотиннинг қачон ишни тўхтатиб, қачон ишга чиқишини 40 процентга яқин хўжайин ўзи белгилар экан. Мутахассислар орасида хотин-қизлар кам, врачлар орасида 7 процент холос.
Америкаликлар меҳмонга борганларида одатда кўп овқат ейишмас, кўп ичишмас экан. Қурблари етса ҳам столда ортиқча нарса кўринмайди. Меҳмонга борадиган одам бирон-бир овқат ёки ширинликни тайёрлаб, совимайдиган қилиб (у ерда шунга мос термос-идишлар кўп), кўтариб келар экан.
— Мен суюқ овқат билан, яхши сомса қилиб келдим, ҳали еб кўрасан! —деди бир меҳмон ошхонадан чиқиб келаркан, дугонасига.
Ҳамма олиб келган таомини ошхонадаги столга кўримли, олиб ейиш қулай бўлган жойга қўяди. Идиш-товоқ, ўзи истаган бирон таом уй бекасидан. Сўнгра чой, кофе билан сийлар экан. Мезбонга кўпам оғирлик тушмайди. Олиб келинган таом ейилганча ейилади-да, қолганини эгаси устини ёпиб, қайтариб олиб кетади. Қўшиб, тугиб бериш, алмаштириш йўқ. Тежамли, ҳеч нарса исроф бўлмайди. Йиғиштир-йиғиштир ҳам йўқ. Идиш-товоқ, қошиқ-пичоқ ювилса бас. Уларнинг кўпи енгил елимдан тайёрланган, бир марта ишлатилиб ташлаб юборасиз. Овқатнинг ранг-баранглигини айтмайсизми — рус-русча, япон-японча, қўйингки, турли миллатга мансуб меҳмонлар ўз халқларининг энг яхши таомларидан бирини тайёрлаб келишар экан.
— Рус дугонамизга кўпинча боршч буюрамиз, — дейди кулиб мезбонимиз. — Яхши кўрамиз. Озиқ-овқат магазинида масаллиқ етарли.
Меҳмондорчилик, суҳбат, ўйин-кулги, тонготар давом этарди-ку, эртасига эрталаб, вақтли Сиэтл шаҳрига боришимизни ўйлаб, барвақтроқ тарқалдик.
СИЭТЛДАГИ «ТОШКЕНТ» КАФЕСИ
Тошкент шаҳримиз Американинг Сиэтл шаҳри билан биродарлашгани, дўстлик алоқалари мустаҳкамланиб бораётгани ҳақида кўп эшитган, матбуотда ўқиган эдик. Пойтахтимизнинг Шота Руставели кўчасида, айни вақтда Сиэтл шаҳрида «Тинчлик боғи» барпо этилаётгани, амалий тадбирларнинг бири сифатида, кўнгилларни хушнуд этди. Ҳамшаҳарларимиз қатори сиэтллик кўнгиллилар ҳамкорликда бунёд этган бу боғ ҳозир Тошкентнинг энг гавжум, файзли сайлгоҳларидан бирига айланган.
Шундай қувончли тадбирлар қаторида Сиэтлда «Танавор» ансамбли ташкил этилганлиги, унга америкалик Лоуренс Грей хоним раҳбарлик қилаётганини эшитгандик. Унинг Тошкентда бўлиб, ўзбек рақс санъатини ўрганганини билардик. Сиэтлга қадам қўяр эканмиз, Ўзбекисон Республикасининг изларини кўришга имоним комил бўлса ҳам, Тошкентдан минглаб километр олисдаги Америка шаҳрида ўзбек овозини эшитаман, деб ўйламаган эканман.
Сиэтлга борадиган кунимиз уй беги ҳам, бекаси ҳам иш билан банд эканлар. Иккаласида ҳам алоҳида-алоҳида машина. Лекин эр-хотин — икковлари ҳам ишга боришлари керак. Ишларидан қолишнинг иложи йўқ экан. Лекин биз бундай ноқулай ҳолатни, то иккинчи бир одамнинг машинасига ўтирмагунимизча билмадик. Сездирмадилар, кўнглимизни заррача бўлса ҳам чўктирмаслик учун ҳамма озорликларни ўзларига олиб, ишни пиширдилар. «Френдшип форс»нинг ўша куни бўш вақти бор, лекин уйига таклиф қилишга меҳмон етмаган яна бир аъзосини топишибди. Улар бизни Сиэтлга бажонидил олиб бориб, сайр-саёҳат қилдириб келишга рози бўлишибди. Фақат бир шарт қўйишибди. Шарт ҳам кўнгилли, меҳр-оқибат, меҳмондўстлик аломати.
— Бу гал бизга меҳмон тегмади, биз мезбон бўлолмадик. Энди сиз меҳмонларингизни бизникига олиб келасиз, биласиз, жойларимиз кўрса-кўргудек, бир пиёла кофе ичадилар, кейин Сиэтлга олиб кетаверамиз.
Чиндан ҳам, ҳовли-жойлари одамни баҳри-дили очиладиган ўрмон бағрида, мовий кўл ёқасида экан.
— Ассалому алайкум! — деб табассум билан кутиб олди бўсағада ўрта ёшлардаги, баланд бўйли, кўҳли киши.
— Ваалайкум ассалом!
Мезбонга эргашиб уй ичкарисига кирдик. Эрта билан кўкка кўтарилаётган қуёшнинг кўл ёқасидаги арча учларида бир зум илиниб туриши, шуъласининг сувлар мавжида олтин сочиб жимирлаши, уй пешайвонидан эртаклардагидек мўъжизакор, уста рассомлар тасвиридаги оҳанрабо манзара янглиғ завқ-шавқ, жонли табиат гўзаллигига сингиб, беҳудуд ҳузур оғушида мириқиб нафас оламиз. Мезбонимиз бизни табиатнинг шу он нашъасидан, танга роҳат бахш этувчи шабадасидан баҳраманд бўлишсин, деб чорлаган экан. Шу гўзаллик дамларини расмга олиб, мангуга муҳрлаб берди-да, эру-хотин бизни кузатиб йўлга чиқдилар. Бир гапириб, икки куладиган мезбонимиз, ўрмон оралаб кетган йўлдан катта асфальт ётқизилган кўчага чиқиб олгач, жойлашиб ўтириб олди-да, гап бошлади:
— Биз—табиат фарзандимиз, табиат—бизнинг фарзандимиз, — деди кулиб у. — Эркалаймиз, эъзозлаймиз! Мен кеч уйланганман, фарзанд бўлмади. Ўша ўзингиз кўрган икки қаватли уйда иккаламиз яшаймиз. Олимпия шаҳрида соғлиқни сақлаш соҳасида ишлайман. Исм-фамилиям Деан Кейти, хонимники — Айлен Кейти.
Биз ҳам ўзимизни таништирдик. Саидғанихўжанинг инглиз тилида яхши гаплаша олиши уларга жуда ёқиб қолди.
Сиэтлда «Тошкент» кафесига боришимиз керак эди. Ҳадемай манзилимизга етиб бордик. Кафе ўзбекчасига дид билан безатилибди, худди келин уйидагидек ҳис этасиз ўзингизни. Рўпарада сотувчи турадиган пештахта орқасидаги жовонлардаги қизил, ҳаворанг пахта гулли пиёла, чойнак, коса, лаганлар терилиб, атлас пардалар тутилган. Деворларда эса дорпеч, кирпеч, дўппи, рўмол, атласлар осилиб турибди. Сотувчи йигитни бошида Марғилон дўпписи, қўли кўксида. Залда оқ сариқ, тўладан келган аёл бизни мамнунлик билан кутиб олди:
— Люда Венченко, хуш келибсиз! Асли украиналикман…
Ўзбекчасига жиҳозланган мўъжаз зал, ўзбекча гапдан кўнгил сув ичиб, америкалик йўлдошларимиз билан ёнма-ён девор томонга узинасига қўйилган стол-стулларга ўтирдик. Бирин-кетин тортилган таомларни кўриб, кўзларимиз чақнаб кетди. Аввало ўша ернинг ўзида ёпилган седанали кулча нонлар, чой тортилди. Кейин палов, манти, сомса беришди.
Биринчи саҳифасида турли таомларимизни тайёрлаётган, дастурхонга тортаётган, миллий кийимлардаги эркак-аёл ўзбеклар тасвирланган, йирик ҳарфлар билан «Тошкент» кафеси» деб ёзилган лавҳани беришди-да, яна нима таомни хоҳласангиз буюришингиз мумкин, дейишди. Лавҳада ўзбек таомларининг номлари, Тошкент тўғрисида қисқа-қисқа ахборотлар берилган эди.
— Америкада ўзбекча ошхона, ўзбек таомлари, ўзбек кафеси қаердан пайдо бўлиб қолди?
Дилимиздан ўтган бу саволни мезбонлар сезишди шекилли, бир маҳал ўрта бўйли, ораста кийинган аёл ўрнидан туриб даврадаги меҳмонларга мурожаат қилди:
— Азиз меҳмонлар, ҳозир сизларни Сиэтл шаҳри мэрининг рафиқаси, Тошкент-Сиэтл биродарлашган шаҳарлар комитетининг президенти Розани Ройэр муборакбод этмоқчилар.
— Бундан 15 йил муқаддам бошланган Тошкент билан Сиэтл алоқалари Америкадаги тинчликка ва дўстликка интилаётган бошқа шаҳарлар учун намунадир, — деди Р. Рейэр. — Сиэтл шаҳар жамоатчилиги, диний бошқармаси, ижодий союзларнинг наомяндалари, мактаб ўқувчилари, студентлар, болалар, артистлар Тошкент шаҳри орқали Ўзбекистон меҳнаткашлари билан бўлаётган мулоқотдан мамнун. Машҳур ўзбек раққосаси Малика Аҳмедова, таниқли хонанда Шерали Жўраев бу ерга ташриф буюриб, ўргатган куй-қўшиқлари, рақслари америкалик талантлар ижросида ҳамон янграб турибди, халқ уни севиб қабул қилаяпти.
Айниқса ўзбек пазандаси Саттор Йўлдошевнинг ҳозир ўтирганимиз кафеда маълум муддат ишлаб, миллий таомлар тайёрлагани, «Тошкент» кафесининг шуҳратини ошириб юборди. Бу кун биз уни «Тошкент» ресторани» деймиз. Негаки, Саттор Йўлдошев тайёрлаб кетган шогирдлар, у ҳадя этган хушбўй, хуштаъм зираворлар ҳамон хўрандаларни чорлаб турибди. Ўзбек таомларини америкаликлар зўр иштаҳа билан тамадди қиладилар. Бугун ўзингиз ҳам тотиб кўрасиз — шогирдлар устоздан қолишмайди.
Мен, Сиэтл шаҳри мэри Чарльз Ройэр номидан, бизни йўқлаб келганингиз учун такрор миннатдорчилик билдираман. Тошкентга борганда шаҳар ижроия комитетининг раиси Шукрулло Раҳматович Мирсаидовга салом айтинглар. У киши бошлиқ жамоатчилик вакилларининг Сиэтлда бўлиб, икки шаҳар халқи ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссалари ёдимиздан чиқмайди, ҳозир уни янада ривожлантирмоқдамиз.
Делегация бошлиғи Исмоил Ҳакимович Жўрабеков табрик сўзи билан мурожаат қилди. Америка халқига, Сиэтл аҳолисига меҳмондўстлик учун миннатдорчилик билдирди, осойишталик, эсон-омонлик тилаб, ёдгорлик совғаларини топширди.
Кейин бир кўҳлик хоним соф ўзбек тилида сўзлаб, бизни Вашингтон университетига таклиф этди. Рози бўлдик. У ерда бизни шарқона кийинган йигит ва қизлар кутиб олишди. Билсак, университетда ўзбек тили ва тарихини ўрганадиган группа бўлиб, бизни таклиф этган аёл уларнинг раҳбари Лиза хоним экан. Атлас кўйлак кийган, олтин ранг сочларини иккита қилиб ўриб, гулли дўппи кийиб олган америкалик қизлар, тўн кийган йигитлар бизни ўзбекчасига салом бериб, шарқона тартиб-қоида билан кутиб олишиб, катта бинонинг ичкарисига бошлашди. Бу ерда Лиза хоним, университетнинг бошқа ҳурматли олимлари, турк-форс тиллари бўйича мутахассислар бор эди. Кичик хонага ўзбекча дастурхон тузашибди. Ўзбек тилидаги давра суҳбатимизни Лиза хоним Эркин Воҳидовнинг шеърларидан бирини ўқишдан бошлади. Кейин шу шеърнинг инглизча таржимасини ўқиди. Бирдан магнитафонда шўх ўзбек куйлари янграб кетди. Даврага тиллақош кийган, ҳарир либослари ҳилпираган икки ўзбек қизи, салона-салона юриб кириб келишди-ю, ўйинга тушиб кетишди. Товусдек товланиб ўйнаётган паривашларнинг бири-ку таниш, делегациямиз аъзоси Дилафрўз Жабборова, иккинчиси-чи? У шу ердаги «Танавор» ансамблининг раққосаси экан. Ўзбекча ўйинлар устаси бўлган бу япон қизни «Баҳор» қизларидан ажратиб бўлмайди. Ҳаракатлари, ишвалари бирам жозибали!
— Ҳозирги вақтда Америка Қўшма Штатларида «граждан дипломатияси», «халқ дипломатияси» деган терминлар пайдо бўлди. Эндиликда бу гап — фақат сиёсатчиларгина эмас, шу билан бирга оддий америкаликлар ҳам мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар ривожлантирилиши учун нимадир қилишлари кераклигини билдиради, — деди бир мезбон. Иккинчиси унинг фикрига қўшимча қилди:
— Баъзан америкаликка Туркистон тарихини, ўзбек тилини ўрганишнинг нима кераги бор? — деган савол туғилиб қолади.
— Аввалам бор, Россияни, Ўрта Осиёни яхши билмаган америкалик, Совет Иттифоқи фақат рус мамлакати, деб билади. Аслида, Совет Иттифоқи кўп миллатли давлат бўлиб, у ерда юздан ортиқ миллат ва элат вакиллари яшайди. Эндиликда буни кўпчилик билмоқда. Уларнинг маданияти, тарихини билмай туриб, ҳозирги совет халқини тушуниш мумкин эмас. Биз дунё халқларини кўпроқ билишни истаймиз. Бунинг учун аввало унинг тарихини, тилини билиш керак. Ҳозир фақат бизда эмас, бошқа шаҳарларимиздаги университетларда ҳам ўзбек тили, тарихига қизиқиш катта.
— Мен Тошкентда бўлганман, — деб фахр билан гапни давом эттириб кетди, боядан бери, одоб билан, дўстининг гапини тугатишини кутиб турган америкалик, — халқининг очиқ кўнгиллиги, миллий қадр-қиммат туйғуси юқорилиги менда жуда катта таассурот қолдирган.
Бундан етмиш йил илгари Сиэтл шаҳри денгиз портига Совет Россиясидан биринчи марта «Шилка» кемаси келганлигини, унинг экипажи хурсанд бўлиб қайтганлигини биламиз. Ўша кунларда «Шилка» кемаси бошқарувчилари орқали Сиэтлнинг жафокаш юк ортувчилари В. И. Ленинга хат йўлладилар. Унга жавобан В. И. Ленин ўзининг «Америка ишчиларига хатлар» асарини ёзган.
Сиэтлнинг кўркам табиатини, ёдгорликларини томоша қилдик. Мен йирик телевидение марказини бориб кўрдим. Сиэтл телевидение ходимлари Совет Иттифоқи ва АҚШ шаҳарлари ўртасидаги телекўприклар олиб борилган студияни фахр билан кўрсатдилар.
Кечқурун денгизнинг сўлим соҳиллари, дарахтлар билан қопланган тепалик ён бағирлари бўйлаб яна Олимпияга, яшаб турган уйларимизга қайтдик.
ҲИНДУЛАР ҲУЗУРИДА
Америкалик мезбонларимизнинг зийраклигига, меҳмоннинг кўнглини олиш учун астойдил отланишганига Олимпия шаҳрида яна бир бор тан бердим.
Вашингтонда мезбонимиз ким яна нима билан қизиқса, ҳеч тортинмай айтсин, иложи борича бажо келтирамиз, деганда ҳамма қатори мен ҳам муаллиф ҳуқуқлари билан шуғулланувчи мутахассис суҳбатини олсам, оммавий ахборот воситаларини манзилларини, туб америкаликлар — ҳиндуларни кўрсам, танишсам, деган ниятни айтган эдим. Олимпияга келганимизда Америка ҳиндулари ҳақида ахборот бериб, улар яшайдиган жой яқин эканлигини айтишди.
АҚШда 26 та штатда ҳиндулар резервацияси бор экан. Агар илгари Америкада 20 миллион ҳинду яшаган бўлса, ҳозир 1,4 миллион қолибди. Шундан тўртдан уч қисмидан кўпроғи очлик ва қашшоқликда умр кечирар экан.
Туғилган ҳар учинчи ҳинду олти ой яшамай дунёдан ўтар экан.
Учдан икки қисми яшайдиган уй-жойлар оддий медицина талабларига ҳам жавоб бермайди.
Ҳиндулар америкаликларнинг ўртача ёшидан ўттиз йил кам умр кечиради. Уларга Олимпия шаҳридан 100-120 километр масофада ўрмон ичидан, дарё бўйлаб жой ажратилган экан. Ҳиндуларни шаҳарда кўриш, кўрганда ҳам дарров ажратиб олиш қийин. Айниқса шаҳарда ишлайдиган ҳиндулар кийинишда бошқалардан қолишмайди, ҳаммасининг тагида машина, инглиз тилида сўзлашадилар. Ҳиндуларнинг ҳеч нарсадан қайтмасликлари, чапдаст, оташ қалб чапаниликларини, эркин ҳаёт тарзларини кинофильмлардан кўриб, китоблардан ўқигандим. Эндиликда уларни кўргани бораётгандим. Бу халқни асли Ҳиндистондан келиб чиққан, Тошкентнинг Сағбон кўчаси этагидаги «Октябрь 40 йиллиги» маҳалласида ўтроқ бўлиб яшаб қолган лўлилар билан солиштириб кўриш нияти ҳам менга тинчлик бермасди.
Саҳарда ҳали биз турмасдан, уй бекасининг оёқ учида юргани эшитилди. Сабабини бироздан кейин билсак, бизга чой қўйиб, йўлга оч кетишмасин деб, қуймоқ тайёрлаб қўйибди.
Икки қанотини қуюқ ўрмонзор қоплаган йўлдан машинамиз учиб боряпти. Йўл қанотида на кўргазмали ташвиқот, на бир кўча белгиси. Фақат ора-чора магазин, кафе, бензин сотувчи дўкон, шоҳ кўчаларнинг қаерга олиб боришини кўрсатувчи лавҳа. Ниҳоят, ўрмон бағрига кириб йўқолган кичик кўчадан чап томонга бурилдик. Яна жимжитлик, бўм-бўшлик. Бир маҳал узоқдан чироқ шуъласи кўринди.
— Ўша кўринаётган чироқ — ҳиндулар яшайдиган маҳалла. Биз — ҳиндуларнинг «хос хонаси», деймиз. Ҳукумат уларга махсус ажратиб берган ер-сув, бепоён бўшлиқлар маркази. Худди ариқча бориб, ҳовузга қуйилгандек, кўча бориб, катта майдонга қўшилиб кетади. Майдоннинг икки томонида, бир хилда солинган, бир-икки қаватли ёғоч, ғишт уйлар. Ҳамма уйнинг эшиги шу майдонга олиб чиқади.
Уйларнинг этагида, ё ёнида сарой, отхона, яна уй-рўзғор анжом-ашёлари турадиган омборхоналар, курсилар, ёғоч катлар қўйилган. Ҳали вақтли бўлса керак, кўчада дайдиб юрган итдан бошқа ҳеч кимса кўринмайди.
— Машинанинг эшикларини очманг, ким билади бу итларнинг феълини… — огоҳлантирди мезбонимиз. — Қаердадир гузари бўларди, ўша ерда клуби, келувчиларни томоша қилдирадиган маркази ҳам бор.
Ҳар хил ашёлар сочилиб ётган майдонни кесиб ўтиб, ўнгдаги йўлга бурилдик. Ўрмон оралаб кетган йўл кўндаланг кўчага қўшилди. Рўпарада катта дарё.
— Ҳиндуларнинг ризқ-рўзи бу! — деди мезбонимиз. — Балиқ тутиб тирикчилик қилишади. Ўрмондаги овга ярайдиган жониворлар ҳам уларники. Бундан бир неча вақт илгари, ҳукумат балиқ овлашни таъқиқлаб қўйган эди. Бўлмади. Норозилик кучайиб кетди. Ҳозир яна балиқ овига рухсат берилган.
Машинадан тушиб дарё бўйига бордик. Тоза оқар сув пишқиради. Қўлларимизни чайиб, ўрмонни томоша қилиб қайтдик. Ўнг томонга бурилиб, яна ҳалиги катта кўчага чиқдик.
— Демак, нарироқда гузар.
Бироз юрган эдик, чапга кўча келди. Шу кўча гузарга олиб боради деди ҳамроҳимиз. Сал юриб, жуда катта, ойна ва бетондан қурилган иморатга дуч келдик. Ичкарига киришимиз билан, атрофимизни турли ёшдаги болалар ўраб олишди. Жуда шўх, ерга урсанг осмонга сапчийдиган болалар… Кираверишдаги йўлканинг деворларида — ҳиндуларнинг турмуш шароитларини, миллий кийимларини, касб-корларини тасвирловчи, фотолавҳалар кўргазмаси, ойна-жавон ичида баъзи асбоб, иш қуроллари, тақинчоқлар.
Мезбонимиз болалардан бирини тўхтатиб бирон катта киши борми, деб сўради. Бола эшик қолиб, навбатчи ўтирадиган пештахтадан ичкарига сакраб ўтиб, орқа томондаги хонага кириб кетди. Кўп ўтмай қайтиб чиқди-да: «Кираверар экансизлар!» деди. Пештахтанинг очиладиган жойидан ўтиб, ичкарига кирдик. Катта хона пастак тахта деворчалар билан ажратилиб, стол-стул қўйилган. Ҳисоблаш, ёзув машиналари, қоғоз, журналлар уюми… Ҳеч ким кўринмади. Бир маҳал тўғридаги эшик очилиб, энига бир метрча келадиган, бўйи ундан сал ошадиган, бақалоқ, қопқора сочлари калта қирқилган, буғдойранг бир аёл чиқиб келди. Эгнида шим, оёқларида шиппак, кўйлаги шим липпасини зўрға энлаб турибди. Аёл бизни америкаликларга хос табассум билан кутиб олди. Унга ўзимизни таништириб, Совет Иттифоқининг Ўзбекистон деган республикасидан келганлигимизни айтдик. Аёлга ўзбек дўпписини кийдириб, республикамиз ҳақидаги китобларни тақдим этдик. Аксига, уларнинг дам олиш кунлари экан. Болалар, клубга кино кўргани келишган экан. Қолганлар баскетбол ўйнашарди. Ҳиндулар ҳаётидан бироз суҳбатлашдик.
— Биз Американинг туб аҳолиси бўламиз, биласиз. Улуғ мамлакатимиз туб аҳолисининг тарихини инкор этувчилар ҳам учраб туради. Ҳинду маданиятини асрашга ҳаракат қилиб хато қилмадикмикин, деганлар ҳам топилади.
Яқинда «Правда» газетасида америкалик ҳиндулар жамоат марказлари директорлари кенгашининг раиси Глорга Пробстнинг хатини ўқиб, ўша суҳбатни эсладим.
— Оқлар ҳокимияти, — деб ёзади муаллиф, — Американинг туб аҳолиси маданиятини йўқотиш учун бутун чоралар билан ҳаракат қилиб кўрди. Агар ҳиндуларнинг ботир-шижоаткорлиги, жасурлиги бўлмаганида, ҳамма зарбаларга қарши турмаганларида, мамлакатимизнинг гражданлари ҳиндулар маданияти берадиган ҳозирги устунликка ҳам, уни яратувчиларга ҳам эга бўлолмас эдилар.
«Уларни бунчалик эркалатиб юбормаслик керакмиди…» дейдиганлар ҳам бор.
Бу — энди ҳеч кечириб бўлмас манманлик, бу — бизга нисбатан кибр-ҳаво билан қараш. Эркалашга, қайғуришга муҳтож ёш болага қарагандай қарашдир. Санъатда ранг-барангликка, теранликка эришган, атроф-муҳит, аҳлоқ, медицина ва инсоний муносабатлар соҳасида ўзининг ажойиб қарашлари бор халқ ҳақида шундай деб бўладими? Шуни ёддан чиқармаслик керакки, америкача конституциянинг асоси Бенджамин Франклин томонидан яратилган.
«…Ўша-ўша содда-саёз ҳаёт тарзини давом эттиришни истайдилар», дейишади.
Баъзилар айтгандай ҳиндуларнинг маданияти содда-саёз эмас, бу — хато. Ўзларининг кибр-ҳаволарини, манманликларини, афзалликларини намунча кўз-кўз қилмасалар; ҳар бир халқ; ўз қадриятларини яратиш, ривожлантириш ва эъзозлаш ҳамда ўзи танлаган йўлдан тараққий эттириш ҳуқуқига эга. Америкалик ҳиндуларнинг қадриятлари на ҳокимиятга ва на феъли тор қизғанчиликка асосланади. Доноликка доҳил этувчи тараққиёт, ҳамма учун макон бўлган коинот, янги осмон ўпар бинолардан, янги қуроллардан, янги атом электростанциялардан афзалроқдир.
«Йўқ, бизга қўшилинг. Биз билан бирга граждан бўлинг…» деб таклиф қилишади.
Ҳиндулар ҳамиша демократияга содиқ бўлиб келганлар. Биз яшаётган ер — бизнинг уйимиз. Туб америкаликлар, 1924 йилда овоз бериш ҳуқуқи берилгунга қадар ҳам, ундан олдин ҳам, ундан кейин ҳам ўз мамлакатлари учун бўлган урушларда қаҳрамонона жанг қилганлар, жонларини аямаганлар. Эшитган бўлсангиз А. Хайес деган одам ўтган. У ҳиндулардан эди. Иводзима оролидаги Сурибати тоғига чиқиб туғ илганлардан бири бўлган. Нима бу ҳисоб эмасми?
«Биз миллионларча акр ерни қўриқхона ёки хосхона — резервация деб атаб, уларга бериб қўйганмиз…»
Агар бу ҳазил бўлса, жуда ҳам қўпол. Америкалик ҳиндулар меҳмондўст мезбонлар бўлишган. Бугунги хос жойларга келсак, ўз еримизнинг кичик бир қисмидир.
Жуда ҳам кўпчилик, шу жумладан президент Рейган ҳам, шундай хато фикр юритадиларки, гўё ҳиндулар, ҳукуматдан қарз эвазига ёки кўпсонли нефть қудуқларидан келаётган фойда ҳисобидан, қандайдир чўтал оладилар. Биз барчанинг шимолий-ғарбдаги истаган хос жойга келиб, ўз кўзлари билан кўриб, нефть қудуқлари ўйлаб чиқарилгани, ёлғон эканлигига амин бўлишларини истардик.
«Биз миллионларча акр ерни қўриқхона ёки хосхона — резервация деб атаб, уларга бериб лаб қолишсин, ҳиндулар иши бўйича бюрога эга бўлишсин, улар ҳақида ғамхўрлик қилишга кўмаклашиш муддаомиздир», дейишади.
Тағин ҳомийликми? Ҳиндулар иши бўйича бюро аввал ҳарбий идорага қарарди. Ҳиндуларни йўқотишга қаратилган оммавий кампаниячиликлардан кейин ҳиндулар қаршилигини бартараф этиш, ҳиндулар муаммосини «тийиб туриш», «ғамхўрлик қилиш» мақсадида шундай қилинганди. Ҳиндуларга нисбатан тийиб, ушлаб туриш сиёсати ҳамон давом этмоқда, фақат эндиликда бу иш маккорлик билан олиб борилмоқда.
Уларнинг кўпчилиги ўзига мос иш билан таъминланмаган. Кўча, майдонда тартибсиз ётган турли уй-рўзғор буюмлари ёнида енгил юк машиналари кўзга ташланади.
Ҳиндулар маҳалласини, яна бир айланиб уйга қайтдик.
Йўлга чиқадиган кунимиз, уй соҳиблари «Тайм» журналини совға қилишди. Унинг муқовасида ўртоқ М. С. Горбачёвнинг фотосурати бор эди.
— Биз, — деди Лиза Жонсон, — Совет Иттифоқининг раҳбаридан миннатдормиз. Ёш, истараси иссиқ, қалби очиқ, сўзи билан иши бир одам экан. Тинчлик жарчисигина эмас, фаол қатнашчиси. Тинчлик бўлсину, биз яна кўришайлик. — У рус тилида тутилиб-тутилиб гапирарди. Ҳозир кўпчилик америкаликлар рус тилини ўрганишмоқда. Сабаби, бу тилни билган киши кўп нарсадан хабардор бўлишини, ҳаётни чуқурроқ тушунишини яхши англаб етишмоқда.
Оила аъзоларингиз, ўша ўзингиз таърифлаган обод, озод Ўзбекистон, Тошкент аҳолисига салом айтинг. У қўлидаги инглизча-русча, русча-инглизча луғатини варақлаб, ўқиб хитоб қилди: — До свидания!
Мемфис шаҳрида эри собиқ ҳарбий хизматчи, хотини ибодатхона кенгашининг аъзоси бўлган хонадонда истиқомат қилдик.
Гаражга яқинлашар эканмиз, машина ичида берилган сигналга кўра автомат эшиклар ўз-ўзидан оҳиста очилади. Гараж ёнидаги эшикдан даҳлизга, кейин уйга ўтилади. Хоҳласангиз гаражнинг ўнг томонидаги бир табақали эшикдан ичкарига киришингиз мумкин. Хоналар кенг, қулай ҳовли янглиғ усти берк залга чиқасиз. Поллар ярақлайди, юмшоқ, қулай кресло, диванлар хизматингизда. Деворлар дид билан безатилган, турли расмлар, ёғоч ҳайкаллар…
Хонадон соҳиби уйга киришингиз билан — ўзингизни уйимдаман, деб ҳис этинг, тортинманг, нима етишмаса айтинг, деб меҳр-оқибат кўрсатади. Ҳамма зарур жойларни бирма-бир кўрсатиб, қандай ишлатишни ўргатиб қўяди. Кўзларида шодлик чўғи, лабларида табассум. Йўқ, бу меҳмон кутганда шунчаки такрорланадиган, олдиндан ёдлаб олинган қуруқ манзират эмасди, хонадан хонага ўтган сари дилидан тилига ўзи қуйилиб келаётган самимий сўзлар эди. Бир бурчакда компьютер, телевизор, газета, журналлар, хатлар…
— Бу ерда ишлаб, ўқиб, томоша қиласиз, телефон аппарати ҳам шу ерда…
Мезбонларимизнинг муомаласи Ванкувер шаҳрида истиқомат қилганимиз эру-хотин пенсионер Битти хоним билан Горальд жанобларининг муомаласини эслатди. Улар ётар жойимизни кўрсатиб, шундай дейишган эди:
— Икки хил тўшакли ухлаш хонамиз бор. Бири оддий, фақат кўрпасида электр иситгич бор. Бошқасининг тўшаги сувли.
— Сувлиси қанақа?
— Тўшак пар ёки жун ўрнига сув билан тўлдирилган, сўнг усти чарм ҳам мато билан қопланган. Унинг ичида ҳам электр иситгичи бор.
Сув тўшакка ётиб кўрсатади, бизни ҳам ётиб кўринг, дейди. Лиқиллаб турган тўшакка ҳамма жойингиз ботиб, бирдай тегиб турар экан.
— Яхшиси ўрганган тўшагимизда ётақолайлик.
— Марҳамат! Ёруғ хонада стол, стул, ойна, алоҳида гардероб, бадан тарбия қилишга алоҳида гиламча.
Уй марказдан иситилади. Совуқроқ, деган эдик, печкага олов ёқиб юборишди. Саржинни махсус тунука идишга тахлаб олиб келишди…
Эрта билан нонуштага ошхонага таклиф қилишди. Бу ер кичик илмий лабораторияга ўхшайди, банка қопқоғини очадиган, картошка тозалайдиган, овқат иситадиган электр тугмачалар, ҳар хил винтлар, симлар, идиш товоқ шкафчалари… Каттакон, товушсиз холодильник…
Уй бекаси ошхонага кириб салом берди. Кейин:
— Чой ичамизми? — деб сўради-да, жавоб кутмай бир электр тугмачани босган эди, темир чойнак чиқди. Сув тўлдириб, электр плиткага қўйди-да, яна бир кнопкани босиб, холодильникни очиб, бир нарсани ола бошлади… Текис, чиройли, шкафчалар деворга ўрнатилган. Чойни ичиб бўлгач, чойнак-пиёлаларни бир идишга, қошиқларни иккинчи тоғорачага солиб, электр плитка ёнидаги ювиш машинасига қўйиб, қопқоғини ёпдида, тугмачасини босди. Ўзи келиб биз билан суҳбатни давом эттирди…
— Ошхона — уй-рўзғорнинг асосий хоналаридан ҳисобланади. Шунинг учун ҳамма қулайликлар бўлиши керак…
Бир мактабдаги учрашувдан қайтаётиб, харажатга озиқ-овқат магазинига кирдик. Кирдигу ташқарида қор, совуқлигини унутдик. Сархил меваларнинг хушбўй ҳиди димоғни қитиқлади. Бир томонда қип-қизил гилос, қулупнай, катта пиёладек келадиган қирмизи олмалар… Апельсин, мандарин, ананас, бананлар ҳам сероб. Йўқ нарса йўқ… Боғдан ҳозир узиб келингандек диркиллаб турибди… Ёрқин рангли этикеткалар, елим халталар, картон идишлар… Истаган маҳсулотингиздан истаганча оласиз, тарозига қўйсангиз оғирлигини ўша заҳоти грамм-граммигача ўлчаб, нархини чиқариб, телевизор экранига ёзиб қўяди. Пулини тўлаб олиб кетаверасиз. Мабодо пул кўтариб санаб юришни хоҳламасангиз ё чек ёзиб узатасиз, ёки гугурт қутичадай келадиган, банкдаги ҳисоб-китоб рақамингиз ёзилган пластмасса лавҳани берасиз. Ундан нусха тушириб, харажатингиз ҳажмини ёзиб қолишади, кетаверасиз. Пулни банкадан ўзлари ундириб олишади. Кўпчилик қулай, енгил, тоза, ихчам бўлган шу лавҳадан фойдаланадиган бўлибди. Магазин катта бозорни эслатади, бу ердан фақат, ўзингизга эмас, балки мушук, итингизга ҳам емак олишингиз мумкин. Зарур асбоб-ускуна, идиш-товоқ ҳам бемалол. Кўпроқ нарса сотиб олсангиз, нархидан ташлаб беришади. Юкни аравачада машинангизгача олиб борасизда, бўшаган аравачани жойида қолдириб кетаверасиз, ўзлари йиғиштириб олиб кетишади. Хоҳласангиз машинангиз ёнига ўзлари олиб бориб беришади…
Уйга қайтиб келиб кўм-кўк барг рангдаги ялтироқ қоғозга ўралган кўк чойни томоша қиларканман, унга ёзилган сўзларнинг мазмуни билан қизиқдим.
— Авраам Линкольн ва бошқа буюк кишиларнинг ибратли сўзлари.
— Чой ҳақидами?
— Йўқ, инсонга фойдали, ибратли, ақлни пешлайдиган доно гаплар. Қани менга берингчи. — У чой халта устига ёзилган сўзлардан бирини ўқиди: «Синфий адоватни рағбатлантира туриб, одамларнинг биродарлашишига эришолмаймиз… Авраам Линкольн
Буни қаранг, донолар бисотини халққа етказиш учун плакатлар қатори, турли буюмлар этикеткасидан ҳам фойдаланса бўларкан.
Уй-жой билан танишиб чиққач, мемфислик мезбонларимиздан фарзандлари ҳақида сўраймиз.
— Америкаликларнинг фарзандлари — ўғилми-қизми — барибир ўн олти ёшида мустақил ҳаёт йўлига чиқиб кетишади, у ёғига инон-ихтиёри, қандай ҳаёт кечириши — ўз қўлида. Аммо ота-она уларга ёрдам беришни тўхтатмайдилар. Ўзлари эса умрларининг охиригача якка-ёлғиз қоладилар.
Ота-оналар пенсия олишади. Лекин бекор ўтиришмайди. Шифохонага бориб қарашишлари, турли спорт мусобақаларида қатнашишлари, жаҳон бўйлаб саёҳатларга боришлари мумкин. Хуллас, бирон-бир нафли юмуш билан шуғулланмайдиган қария кам.
Хонадонимиз соҳиблари ҳам ўғилларини алоҳида қилиб, ёлғиз туришар экан.
— Дам олиш кунларини қандай ўтказасиз, нималар билан шуғулланасиз?
— Митингларда, норозилик юришларида, президент сайловларида қатнашамиз… Булар жамоатчилик йўли билан, қўпчилик қатори қиладиган ишларимиз.
— Шахсан ўзингиз, оилангиз, бола-чақаларингиз даврасидачи?
— Ким қайси шаҳар, қишлоқда яшашига қараб, имкониятлар даражасида, дам олади, чарчоғини чиқаради, ёш фарзандларига қарайди.
Дам олиш ва истироҳат боғидаги болалар майдончаларида, худди ўзимиздагидек ёшлар қий-чуви.
Америкаликлар болаларини ёшлигидан чиниқтириб, семиришга қўймайдилар, тоблаб ўстирадилар. Улғайгач совуқда ҳам бошяланг юраверишади, ўрганиб кетишган.
Дам олиш кунлари ресторанга бориб овқатланишни ёқтиришади. Танлаш имкони бор, навбат кутмайсан, уринмайсан, дейишади. Икки кишига 50 доллардан 150 долларгача кетади, мириқиб овқатланасан, дам оласан. 14 долларга икки киши икки соат мазза қилиб кинофильм томоша қилиши мумкин.
Медицина хизмати қиммат бўлганлиги учун америкаликлар ўз саломатликларини жуда авайлашади. Бизга нисбатан кам еб, бир неча марта кўпроқ ҳаракат қилишади, чамамда. Ҳар куни тонгда, ишдан кейин хиёбонларда, йўлкаларда лўкиллаб чопаётган кишиларни кўриш мумкин. Спорт клубларида бўғин-бўғинларингизни, томирларингизни жой-жойига қўйиб, чарчоғингизни чиқарадиган анжомлар сероб экан. Бу америкаликларнинг бизга нисбатан кўпроқ яшашларини таъминлайди. АҚШда одамларнинг ўртача умр кўриши Совет Иттифоқидагидан 7—8 йил ортиқ. Дам олиш кунлари музейлар, кўргазмалар, кутубхоналар, театрлар эшиги томошабинлар учун ланг очиқ бўлади.
Нью-Йоркда болаларга ҳайвонот, ботаника боғлари, ўргатилган тюленлар, дельфинлари бор денгиз аквариуми ишлайди. Шаҳарларда кутубхоналар ҳам етарли. Аъзо бўлиш учун яқин орада олган, алоқа бўлими муҳрлаган, уй адресингиз ёзилган конверт бўлса бас, вақтинчалик рухсат қоғози берилади. У билан уч ҳафтага 4-5 китоб олишингиз мумкин. Икки ҳафтадан кейин доимий рухсат қоғози берилади. Унда уч ҳафтага кўтарганингизча китоб олишингиз мумкин. Вақтида қайтармасангиз жарима тўлайсиз. Хоҳласангиз кутубхонанинг ўзида шуғулланишингиз мумкин.
— Кутубхонага нега конверт билан келишади?
— Америкада паспорт йўқ-ку, конвертга адресингиз ёзилган бўлади-да.
— Паспорт асосий ҳужжат-ку.
— Шундай. Лекин фақат Америкада эмас, дунёнинг кўпчилик мамлакатларида ички паспорт йўқ. Фақат чет элга борилаётганда паспорт берилади.
— Анархия, бош-бошдоқлик бўлиб кетмайдими?
— Йўқ.
— Кишининг шахсини қандай аниқлайсиз?
— Бу осон. Ҳар қандай гувоҳнома айтиб беради буни, керак бўлса кўпинча оғзаки тушунтирилади.
— У жиноятчи, давлат органлари излаётган шахс, болаларига нафақа тўлашдан қочиб юрган ота, айғоқчи бўлса-чи? Бундайлар оғзаки савол-жавобда айбини бўйнига олмаслиги мумкин-ку!
— Мумкин. Ундайлар бор. Лекин улар озчилик. Шу озчиликни деб, миллионлаб кишиларни шубҳа остига олиш, тонналаб қимматбаҳо қоғозни паспортлаштиришга сарф қилиб, ортиқча харажат, паспортлаштиришга кетадиган харажатнинг мингдан бирига ҳам тўғри келмаса керак. Шулар ҳисоблаб кўрилиб ички паспорт йўқ қилинган.
АҚШда кутубхонага келувчи китобхоннинг анкета тўлғизиши қонун билан ман этилади, қайси китобни ўқиши ҳам ҳисобга олинмайди. Истаган киши истаган кутубхонага кириб, истаган китобини олиб ўқиши мумкин, у билан ҳеч кимнинг иши бўлмайди.
— Ўғирлаб кетса-чи?
— Ундай қилмайди. Чиқадиган жойда электрон назоратчи бор, китобингиз бўлса ўтказмайди.
Америкаликлар турмуш тарзини, компьютерлар, электрон асбоблар ва ҳозирги замон алоқа воситаларисиз тасаввур қилиш қийин. Қайси хонадонга кирманг, бу «ақлли машиналар» уларнинг ҳаётини енгиллаштирганлигини ва мазмунли меҳнат қилаётганлигини қўрасиз. Америка турмушининг табиий қисмига айланган бу машиналар. Бу ерда ўттиз миллион шахсий компьютер бор экан. Биз эса ҳозирча бу йўлда дастлабки қадамларнигина қўймоқдамиз. Инженерлик фикри ўсган, аммо амалда ундан кам фойдаланамиз.
Биз Ванкуверда яшаган ўша хонадон соҳибларининг ўғли билан келини колледжда ўқитувчи экан. Улар бизни ўз уйларига нонуштага таклиф қилишди. Дастурхонга ўтиришдан аввал уй шароитлари билан таништирдилар. Бурчакдаги компьютерга эътибор бердик.
— Ўғлимиз ўрта мактабда ўқийди. Шу компьютер ёрдамида дарс тайёрлайди, — деб изоҳ берди уй эгаси. — Иншони ҳам қўлда ёзиб ўтирмайди. Машинкага диктовка қилади, кўчириб тайёр қилиб беради. Зерикса турли ўйинларни ўйнайди. Мактабда ҳам компьютер билан ишлашади.
— Америка мактабларида компьютер аъло даражада йўлга қўйилган деса бўладими?
— Йўқ, муаммолар ҳам бор. Масалан, компьютер билан ўқитишнинг умуммиллий программаси йўқ. Ҳар бир мактаб, ҳар бир ўқитувчи ўзича ўргатади. Мактаб синфлари ва коллежлар, хонадонлар бирдай имкониятга эга эмаслар. Баъзи оилаларда катталардан ортсагина ёшлар фойдаланади.
Мемфисда эсдан чиқмайдиган воқеалар бўлди.
Сиэтлдан кейин ўзбек овозини эшитмаган эдик. Жанубий Теннесот штатининг йирик иқтисодий ҳамда маданий маркази Мемфисда, шаҳар мэри қабул этиб, кундан-кунга илиқлашиб бо-
раётган дўстлигимиз ҳақида гапирди. Ўзбекистон делегациясининг барча аъзоларини — 11 кишини Мемфиснинг фахрий гражданлари этиб қабул қилганлари билан табриклади. Ҳар биримизга Ёрлиқлар топширди.
«Френдшип форс» Мемфис ташкилотининг директори Люси Лавлесс сўз олди.
— Ўзбекистон вакиллари хонадонларда яшайдиган биринчи меҳмонларимиздир. — деди у. — Бизнинг ташкилотимиз турли миллатга мансуб гражданларни борди-келдисини уюштириб, тинчлик ва ҳамжиҳатликка хизмат қилмоқда. Ўтган йили ёзда ташкилотимиз аъзоларидан бир неча киши Совет Иттифоқида бўлдилар. Шаҳримиз аҳолиси шу кунда Мемфиснинг Кук Конвеншн Сентер саройида очилган «СССР. Шахс, оила, жамият» деб аталган мазмун ва мундарижаси бой кўргазмада совет турмуш тарзи билан танишмоқдалар. Сизнинг ташрифингиз Совет Иттифоқи тўғрисида билганларимизни янада бойитади.
Совет кўргазмасида Ўзбекистон санъаткорлари йигирма саккиз кундирки, ҳар куни уч мартадан концерт бериб, келувчиларни хушнуд этаётганликларини айтишди. Америкада яна ўзбек овозини эшитишга отландик. Совет кўргазмасига бораётиб йўлда Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети халқаро алоқалар ва ахборот бўлимининг мудири Эркин Қаҳҳорович Ҳайитбоевни учратдик. У киши санъаткорларга бошчилик қилар экан. Юртдошлар бир-биримизни кўриб, ссғинч ташналигини бироз қондирган бўлдик.
Кўргазма ўртасида катта зал, саҳна. Томошабинлар ҳам кўп. Улар ижрочиларнинг маҳоратини, ҳар бир ҳаракатини, авжини ҳисобга олиб олқишлаб, сўз билан баралла рағбатлантириб ўтирибдилар. Биз ҳам томошабинлар қаторига қўшиламиз. Фаттоҳхон Мамадалиев, Муножот Йўлчиева, Бобомурод Ҳамдамов қўшиқ-ашулалари, Дилмурод Исломов доирасининг садолари, «Лазги» қизларининг шўх рақслари, ўзбек миллий «Лаган» ўйини бир-бирига уланиб давом этаркан, залда чапак, олқишлар тинмайди.
Концерт тугайди, томошабинлар саҳнага чиқиб, Фаттоҳхон аканинг танбурини, Дилмуроднинг чилдирмасини, сурнайини узоқ томоша қиладилар. Наҳотки Шарқ халқларининг шу оддий чолғу асбобларидан шундай сеҳрли, дилларни ром қилувчи оҳанглар янграса. Куйлари шунчалик таъсирли, сел қиладиган бўлса, унинг соҳиби — ўзбек халқининг турмуш тарзи, фалсафаси, шаҳар ва қишлоқлари ҳаёти қандай экан, деб қизиқиб қоладилар. Концертнинг ниҳояси қизғин савол-жавобларга айланиб кетади.
Эльвис Пристлининг (1935—1977 йиллар) таъсири бўлса керак, бу ердаги халқ музиканинг фарқига боради, чин санъатнинг қадрига етади. Асл, қиёмига етган санъат эгаси бошқаларни хушнуд қилиб қолмасдан, ўзи ҳам бахтиёр яшайди. Биз Эльвис Пристлининг уй-музейини зиёрат қилдик. Миссисипида яшаган, кейин Мемфисга кўчиб келган камбағал отанинг фарзанди Эльвис ўз санъати билан бой-бадавлат кишига айланади. Уй-музей олдидаги майдонда — шахсий хизматида бўлган иккита ростмана самолёт, битта автобус, ичкарида енгил машиналар турибди. Хоналарда олтин ва платинадан ясалган, куй-қўшиқлари ёзилган ўн эмас, юз эмас, мингларча дискалар. Буюк санъаткорнинг хотини, бир қизи бўлган экан. Уларнинг сурати қўйилган, ўзлари бошқа шаҳарда яшашар экан.
Шу шаҳарда ўз маҳоратларини маъқул этаётган азамат санъаткорларимиздан хурсанд бўлиб, қалбдан табриклар эканмиз, ўрта бўйли, сочлари мош-гуруч, америкача кийинган, аммо шакли шамойили ўзимизникига ўхшаган бир йигит суҳбатимизга қўшилди.
— Мен, ўзбек санъаткорларининг довруғини эшитиб, атайлаб Нью-йоркдан учиб келдим.
Кейин билсак бу йигит, Нью-Йоркдаги Туркистон-Америка Ассоциацияси президиумининг аъзоси Абдуллахўжа экан. У бизнинг делегацияни ҳам Нью-Йоркда кутиб олишини айтди.
«ЯНГИ ДУНЁ» МАРКАЗИДА
Нью-Йоркка келдик. «Янги дунё» деб аталувчи мамлакатнинг йирик шаҳри. Кўп эшитганмиз, ўқиганмиз.
Саноат маркази, радио, телевидение уяси, концерт заллари, кинохоналар, театрлар шаҳри. У молия оламининг юраги. Шу оламнинг тимсоли бўлмиш Уолл-Стрит доллар империясининг маркази ва шу кўчадаги машҳур фондлар биржаси макони.
Машҳур Уолл-Стрит ҳамда Бродвей кўчалари бўйлаб томошага чиқамиз.
Уолл-Стрит асли ҳар икки томонида темир-бетон, ойнадан қурилган осмонўпар бинолар қад кўтарган торгина бир кўча. Ҳатто серқуёш кунларда ҳам бу кўчага ёруғлик камдан-кам тушади. Рекламалар билан чароғон, одамлар ва автомобиллар билан гавжум, камалак рангида товланувчи Бродвейдан фарқли равишда Уолл-Стрит ўзини кўз-кўз қилишни ёқтирмайди. Унинг вазифаси ҳам ўзгача, у Американинг машъали—доллардан чароғон. Оддий кишилар бу кўчага назар ҳам солмайди.
Уолл-Стрит азалдан капитализмнинг тимсоли ҳисобланади. Банклар, миллатлараро корпорациялар ва суғурта компанияларининг кўпсонли тармоқлари шу ерда бири-бири билан чирмашиб кетган. Шу ерда катта бизнес ҳокимлари пулни пулга чақиб, мамлакат сиёсатини белгилайдилар. Уолл-Стрит ва Бродвейнинг муюлишида миллиардер Морган банки. Америкадаги энг йирик банк — «Чайз нэйшин бэнк» ҳам шу ерда, Рокфеллерга қарайди. Капитал оламидаги энг нуфузли фондлар биржаси бунда уларнинг асосий воситаси ролини бажаради. Ўта бойлар ҳамда бошпанасиз, қорни нонга тўймаган минглаб камбағаллар шаҳри. Бутун дунё таниган «Озодлик ҳайкали» кўкка бўй чўзган шаҳар. Ана шу Аппер-бей қўлтиғи ёқда — машъал кўтарган хотиннинг баҳайбат гавдаси океаннинг узоқ-узоқларига мунгли назар ташлаб турибди. Тунги Нью-Йоркни кўргани чиқамиз. Соат ўнларга бориб, кўчалар бўшаб, кишилар оқими, ғовур-ғувурлар, машиналарнинг товушлари тиниб, ҳар қадамда қулоқни қоматга келтириб янграйдиган магнитафонлар овози ўрнини сокинлик эгаллаб, кўчалар бўм-бўш бўлиб қолар, бутун Нью-Йорк уйқуга кетар экан.
Ҳар замонда ҳайбатли, резинка таёғини эрмак қилиб айлантириб ўйнаган қора мундирли полисмен кўриниб қолади.
Фақат долларнинг содиқ хизматчиси — ёрқин эълонлар тинмайди. Оловли ҳарфлар, чироғлардан ясалган турли жасад, каллалар, шиша кўзлар, бўёқли минглаб шакллар липиллаб ўчиб-
ёниб, бир-бирига туташиб, бошни айлантирувчи рақсини қўймайди… Ҳаддан ташқари кўп нур, ҳаракат тез чарчатади кишини.
Бродвейдаги жимлик, Уолл-Стритнинг осмон ўпар биноларидаги бедорликка кўчади. Бирин-кетин дераза ойналари ёришиб, ҳисобдонлар, режакорлар ишга тушади. Американинг худоси — бизнес, ҳамёнларни доллар билан тўлдириш истаги қандай ижобат бўлгани шу куннинг ўзида ҳисоб-китоб қилиниб, эртанги кун режалари белгиланади. Эртаси кун тузилган режаларнинг рўёби учун яна шиддатли гирдоб қутириб ишга тушади, қайнайди, одамлар бор кучларини, бутун имкониятларини, қўлдан келган тажриба, маҳоратларини центларга алмаштириб, тер ва қонларини долларга бағишлаб, тинка-мадорлари қуриб, ҳолдан тойгунча тинмайдилар. Ноилож, сал бўш келинса, бошқа уддабурролар илиб кетади — долларни ҳам, ишни ҳам, оқибатда ҳаётни ҳам. Ҳамма нарсага доллар керак. Долларсиз кўчага машинангизни ҳам олиб киролмайсиз. Ҳар қадамда учрайдиган пул автоматлар, автомат эшиклар, полисменлар доллар қонунига хиёнат қилувчининг қадамини ўлчаб туради.
Вақт зиқ. Кўп нарсани кўриш керак. Тонгда яна кўчага чиқаман. Туманга бурканган, осмонга бош урган бинолар ҳали уйқуда. Лекин қора, оқ, сариқ, елим қопларга солиб, оғзи бўғиб боғланган, йўлкаларга уюб ташланган чиқиндиларни мослама-машиналар ортиб олиб кетаётир.
Нью-Жерси, Бруклин, Хобокен каби саноат районлари томон шошилаётган ишчилар бедор. Гудзон остида метро поездлари, автобуслар ғуриллайди. Куч-қуввати, ақли зўр, тани соғ кишига насиб этади бу зир югуриш ҳам. Завод ва фабрикалар эшиги шундай кишиларнинг борини олиб, долларга алмаштиради. Манхеттен жонлана бошлаган. «Рокфеллер маркази», Медисон авеню кўчалари жим-жит. Америка корчалонлари қаёққа ҳам шошади. Манхеттен бўйлаб кесиб ўтган Бродвей кўчасидаги магазинлар, кафелар, пивохоналар эшиги очилаётир. Бу кўчада одамлар орасида газмол магазинининг хўжайини Акбархўжа ака, Абдул Рауф Мақсудийнинг ўғли ва қариндошлари, Саттор ўғли Муҳаммадаминларни ҳам учратиш мумкин. Туннинг нурли рекламаси ўрнини овозли, суратли ва жонли эълонлар эгалламоқда. Магазин витриналарида, ҳаракатга келувчи автоматлар, ҳайкаллар, суратлар йирик плакатлар, аёллар, манзаралар бағрида товарлар расми…
Кўчаларда яна машиналар гувиллайди, қичқириқлар, ғовур-ғувур тўполонлар, сигаретасини бурқситириб чекиб, чақич чайнаб кетаётган оқ, қора, сариқ танли кишилар. Қўнғироқлар, ҳуштаклар, сиреналар мотор товушларидан қулоқ қоматга келади. Ўша осмон ўпар бинолар орасидаги тор кўчаларнинг иссиқ бурчакларида оҳиста ўрин-кўрпасини йиғиштираётган уйсиз, бошпанасиз бечораларни кўриш мумкин. Бу кишилар ялтироқ эълонлар, кўркам витриналар олдидан бепарво ўтадилар. Ана, йўлкада эти суягига ёпишиб кетган, рангсиз бир киши ётибди. У билан ҳеч кимнинг иши йўқ.
Йигирма тўққиз йўлнинг ҳаммаси шу аҳвол. Ғала-ғовур, чигал бир ҳолат… Уолл-Стритнинг жанубига юрсангиз Бруклиндан чиқасиз, негрлар маҳалласи — Гарлемга бормоқчи бўлсангиз шимолга қараб юрасиз…
Кўчаларни айланиб «Ирокез» меҳмонхонасига қайтаман. Фойега қўйилган креслоларда Мемфисда учрашганимиз Абдуллахўжа, унинг ёнида ораста кийинган эллик ёшлардаги яна бир киши ўтирарди. Абдуллахўжа у кишини таништирди.
— Абдул Рауф Мақсудий, эътиборли кишиларимиздан… Абдул Рауф ака биз билан самимий кўришди. Икки марта Совет Иттифоқида, шу жумладан Ўзбекистонда бўлгани, танишгани, қариндош-уруғлари билан кўришгани ҳақида гапириб берди.
Делегация раҳбари И. Жўрабеков, унинг ўринбосари Ф. Тешабоев, Т. Рашидов, Эркин Воҳидов олдинма-кейин фойега келишди. Абдул Рауф Мақсудий ҳаммани меҳмонга чорлади.
— Бу ерда яшаётган ватандошлар, сизларни кўришга, суҳбатлашишга мунтазир. Вақтингизга қараб бир маҳални айтсангиз, ўзимиз келиб олиб кетамиз…
Тағин бир хушхабар, бугун қизимизнинг чаллариси, кечқурун уйимизга қудалар, узоқ-яқиндан, қариндош-уруғ, меҳмонлар йиғилишади, сизни ҳам таклиф этамиз, борсангиз бошимиз кўкка етади.
Маслаҳатлашиб, кечқурун Абдул Рауф аканинг уйида учрашадиган бўлдик.
ЮРАК ПАРЧАСИ
Оқшом Абдуллахўжа ўз машинаси билан, яна Абдул Рауф Мақсудий юборган бир машина бизни меҳмонхонадан олиб йўлга чиқди. Нью-Йорк марказидаги шовқин-сурон кўчалардан ўтиб, боғ-далаларни эслатувчи Нью-Жерси штати томон йўл олдик. «Биз ўзбеклар кўпчилик тинчроқ, холироқ шу штатда яшаймиз. Бир маҳаллада, бир кўчада турмасак ҳам ҳар ҳолда бир томонда яшаймиз. Умуман олганда ўзбеклар АҚШнинг бошқа штатларида ҳам бор. Бошимизни қовуштириб, бирлаштириб турадиган марказимиз Туркистон-Америка жамиятидир», — тушунтирди Абдуллахўжа.
Нью-Йоркнинг Бруклин деган жойидаги Вест авенюда катта мачитимиз бор. Ҳали учрашамиз, жамиятга ҳозир Неъматилла исмли ажойиб киши бошчилик қилади. Билсак, илгари бу жамиятга Абдуллахўжа раҳбарлик қилган экан. Ўтган йили отаси Акбархўжа мен қариб қолдим, сен қирқдан ошдинг, энди ўзингни дўконингни очиб, тирикчиликка урунсанг бўларди, деб оқ фотиҳа берибди. Шундан кейин Абдуллахўжа Нью-Жерсида, уйига яқин бир гузарда газлама дўкони очиб, жамоат ишидан узр сўраб кетибди.
Кенг йўл ёқасидаги дарахтзорлар орасида оқ уйлар мўралаб қолади. Мезбонимиз янги уй-участка қурибди, ҳали унга олиб борадиган йўл ҳам битмаган. Нью-Йоркнинг қоқ марказидаги Бродвейдан ўғли Фаридга квартира олишган. Ўзи бу ерда кун кечирмоқчи. Хоҳласа сотиб кетиши ҳам мумкин. Яхши об-ҳаво, баланд жой, атрофи бир неча гектар кўм-кўк боғ.
Киравериш даҳлизда бизни Абдул Рауф ака рафиқаси билан кутиб олди. Даҳлизнинг икки томонида кийим иладиган жавон. Сўнг яна бир даҳлиз, ўнг томонда мўъжаз бир уй, ундан ошхонага ўтилади. Чап томонда катта зал, унинг тўрида, ярим метрча баландда яна бир хона. Хоналар ўртасида эшик йўқ, шундай арк ажратиб туради.
Бизни шу чап томондаги, гир айлантириб стул, диван, креслолар қўйилган, ўрта-ўртасига кичкина, пастак стол қўйилиб, усти эрмак учун хандон писта, шўр майда нон, чақилган бодом, турли ширинликлар билан ясатилган залга олдилар. Бирин-кетин меҳмонлар кела бошлашди. Улар рафиқалари билан совға-салом, «тоғора» кўтариб келишаркан, Абдул Рауф ака меҳмонларни биз билан таништиради, номларини айтади. Ҳаммаси туркистонликлар — ўзбек, тожик ва бошқа миллат вакиллари. Қудалари Афғонистонда истиқомат қилувчи тагли-тахли одамлардан бўлиб, бугун улар ҳам шу ерда эдилар. Зал кишилар билан гавжумлашиб, аёллар тўрдаги хонага чиқиб кетишди, Дилафрўз Жабборова ҳам улар билан хос хонага ўтди. Залда фақат эркаклар қолди. Яқингинада пенсияга чиққан, аммо ёшлардек чаққон, гапга чечан Алижон исмли кишига ўртани олиб бориш топширилди.
Оқсоқоллар тўрдаги диванларга ўтказилди. Ёш-яланглар кираверишдаги хонага жойлашишди. Ўртадаги хонада катта стол тўла шарбат, кока-кола, пепси-кола, минерал сув, пиво, турли ичимликлар билан тўлдириб қўйилган. Ёнида биллур қадаҳлар, пиёлалар, очқичлар. Ватандошлар билан аралашиб ўтириб, танишишамиз, суҳбат қурамиз.
Фариджон, Алижон ака ва бошқа ёшлар қадаҳлар тўла мчимликларни патнисга қўйиб бизга тутадилар.
— Нима ичадилар, марҳамат!
— Тошкент суви! — деймиз Абдулла Ориповнинг сўзларини эслаб.
Ўртага бир зум сукунат чўкади.
Боридан олиб ичамиз. Алоҳида идишларда муз парчалари. Виски, ароқ, коньякни муз билан ичиш одат.
Вашингтондан келган, «Америка овози» радиостанциясида ишловчи Мирзапўлат исмли йигитдан Абдулла Чиғатойни сўрайман, иш билан банд бўлиб, ноилож келолмаганини айтади.
Даҳлиздан «Келишди, келинлар!» деган овозлар эшитилади, ҳамманинг нигоҳи ўша томонга қаратилади. Чилдирма жўрлигида ўзбек ёр-ёри янграй бошлади.
Оппоқ, ҳарир тўй либосидаги келин ва куёв ёш-яланглар ўровида оҳиста залга кириб келишди. Йигирманчи-ўттизинчи йилларда тўқилган халқ оғзаки ижодига мансуб ёр-ёрни доира чалиб айтиб келаётган Зикриё куйлашдан тўхтайди. Ёшлар ўтирганларга таъзим қилишади. Тешабоев делегациямиз номидан атлас, Ўзбекистон чинниси сервизини ёшларга тақдим этади. Ёшлар оҳиста юриб юқоридаги хотин-қизлар ўтирган хонага, сўнг ўз хоналарига ўтиб кетишади.
Алижон меҳмонларни, ёшларни табриклаб, зиёфатни очиқ деб эълон қилади. Ҳалиги ёр-ёр айтиб келган йигит агар бирор сўзни бузиб айтса, кечиришни сўраб «Ўзбегим» шеърини ўқийди. Йўл хотирамизни шу жойдан бошлаган эдик. Менинг ёнимга ёши олтмишлардаги, қотмадан келган, шинаванда бир киши келиб ўтирди.
— Бобоқурбон! — деб ўзини таништирди у.
— Абдурасул!
— Мен Абдулла Чиғатойнинг божаси бўламан. Қорамой савдоси билан шуғулланаман. Сизларни эшитиб, ўғлимни олиб, икки юз километрча жойдан ҳамма ишимни йиғиштириб учиб келдим.
Суҳбатимиз оила, бола-чақа, Ўзбекистондаги ўзгаришлар, америкача ҳаёт борасида давом этди, юрт нафасини нимададир сезиб, ҳис этиб туришга интилишлари аён. Бобоқурбон, америкаликлар Боб дейишар экан, ўғлининг отини Ўрхун қўйибди. У Эркин Воҳидовнинг ҳозиргина Зикриё ўқиган шеърига ишора қилади:
Сўйласин Афросиёбу Сўйласин Ўрхун хати, Кўҳна тарих шодасида Битта маржон, ўзбегим,У ўғли Ўрхунни, мен Эркин Воҳидовни чорлайман. Эркин Воҳидов Ўрхунга эзгу тилаклар билдиради. Бобоқурбон ака бизни меҳмонга чорлайди, ажралгиси келмайди, иложимиз қанча, сафаримиз қариган, вақт зиқ. Биз уни Ўзбекистонга таклиф этамиз. У насиб этса, ошкоралик, қайта қуриш муносабати билан ўзгаришлар юз бериб, йўллар очилса, албатта келишни, пул-давлатдан сиқиладиган жойи йўқлигини айтади. Улуғ Ватан уруши туфайли келиб қолганини биламиз. Соғлиқ, тинчлик тилаймиз. Шоюсуф исмли бир киши суҳбатимизга қўшилди. Юраги операция бўлиб, сунъий тўқималар ёрдамида яшаб юрганини, ҳар ҳолда Америкада медицина хизмати, пулингиз бўлса, ёмонмаслигини айтади. Бошқа меҳмонлар савол-жавобга тутадилар. Биз ҳам улардан баъзи нарсаларни аниқлаб оламиз. Ўзга юртда майда миллат бўлиб яшаш урф-одат, миллий маданият, она тилини йўқотиб катта халққа сингиб кетиш хавфи доим мавжуд эканлигини сезамиз. Бундай бўлмаслиги учун жуда қатъий чора-тадбир, қоида-тартиб ўрнатганларидан гапиришади. Бирон-бир ўғил ёки қизларини бошқа миллат билан оила қуришларига эҳтиёт бўлишар экан. Агар Америкада муносиб келин ёки куёв чиқмаса, Туркия, Афғонистон, Саудия Арабистонидан хабарлашиб олишар экан. Оилада ўзбек тилида гаплашиб, Абдулла Чиғатой айтганидек, булар ҳам ҳар шанба куни болаларини мачит қошидаги ўзбек тилини ўқитиш, ўрганиш мактабига юборишар экан. Тўй, ўлим маросимларини миллий анъаналар доирасида ўтказишар, диний байрамларни йиғилиб бирга нишонлашар экан. Қабристонда ўз хилхоналарига эга эканлар. Бутун диний маросимлар, мусулмончилик расм-русумларига тўла амал қилиб яшашга ҳаракат қилишар экан. Нафақат Туркистонда туғилган, ўсганлар, уларни авлодлари ҳам бемалол ўз тилларида суҳбат қурадилар.
— Нега, ўз юртингиздан келин-куёв қилмайсизлар? Зотан, қариндош-уруғларда тенглари топилади-ку.
— Ажаб эмас бундан буён насиб этса. Бизни нафақат қуда-андачилик борасида, бошқа соҳаларда ҳам сизлардан илтижо-илтимосимиз бор, сотиб олишга ҳам, ҳар қанча сарф-харажатга ҳам розимиз. Аввало борди-келдидаги расмиятчиликлар, шубҳалар ҳаддан ташқари кўп, керак-керакмас минг хил «чиғириқ»лар камайса, кейин биз учун лотин ёки араб ҳарфида китоблар юбо-
риб турсангиз. Видеофильмлар нима деган нарса. Юртимиз ҳаётига, турмуш тарзига оид, сўлим табиати, кўркам кишилари ҳақида ҳикоя қилувчи, хонанда-созандалар ижросидаги куй-қўшиқлар ёзилган видеокасеталар, ленталарга зормиз. Бир нусхада бўлса ҳам майли, ўзимиз кўпайтириб оламиз.
— Нега ўзларингиз, ота-боболаримиз Навоий, Бобур, Улуғбек ҳақидаги, бошқа ўзингизга маъқул адибларнинг китобларини, шеърларини чоп этмайсизлар?
— Алижон, Неъматилла, Абдуллахўжа, Абдул Рауф ака, ўйлаб кўрсаларингиз бўлмайдими бу ҳақда. Хориждаги украинлар, белоруслар, арманлар ва бошқа миллат вакиллари нашр этадилар-ку, ҳатто Тарас Шевченко, Янка Купала ҳайкаллари бор.
— Биз ҳам Алишер Навоий бобомизнинг расмларини ишлатиб қўйганмиз.
— Кандай яхши, маъқул иш.
— Чўлпон шеърларини нашр эттирганмиз. Эргаш Булоқбоши исмли шоиримизнинг баёзлари ҳам чоп этилган.
— Ҳар ҳолда кўпроқ нашр этилса инглиз тилига таржима қилинса сизларга нисбатан халқларнинг ҳурмати ошмайдими? Қарс икки қўлдан чиқади. Биз ўз томонимиздан ҳаракат қилайлик. Сиз бу ердан.
— «Совет Ўзбекистони» журнали, «Ойдин» газетаси жуда кеч келади, Ўзбекистон радиосининг ватандошларга берган эшиттиришлари бизгача етмайди. Ошкоралик очиқ-ойдин фикр алмашиш имконияти қанча муаммоларни ўртага қўймаяпти. Ўйлаймизки, уларнинг ечими ҳам бўлади. Мутасадди идоралар, ходимлар буни қўлга оладилар.
Хотин-қизлар хонасида рубоб, доира жўрлигида шўх қўшиқ эшитилади. Дилафрўз бошқа аёлларни ўртага чорлаб рақс тушади. Кексалар ижозати билан Дилафрўзни эркаклар даврасига чорлайдилар. Рубоб, доира чалиб ашула айтаётган яҳудий йигитлари рақсдан кейин, вазмин классик мақом оҳангларига, ашулаларига кўчишади. Ватандошлар билан зиёфатимиз миллий таомлар — норин, палов, қовурма, чучвара, манти, варақи сомса, қази қўйилган дастурхондаги овқатлардан олиб тамадди қилиш, сўнг чой, қаҳва ичиш билан тугади. Мезбонлар бизни меҳмонхонагача кузатиб қўйишди. Эртаси аэропортга бизни кузатгани ватандошлардан вакил бўлиб Абдуллахўжа, «Френдшип форс» ташкилотидан Эдуард Хожман чиқишди.
Учиш олдидан бир пиёла чойга таклиф қилишди. Э. Хожман, Абдуллахўжа биз билан бирга ўтирди. Даврада Турсун Рашидов, Эркин Воҳидов ҳам камина бор эди. Биз эътибор, меҳмондўстлик учун яна бир бор миннатдорчилик билдириб, Абдуллахўжани ота юртига таклиф этдик. У миннатдорчилик билдириб Оллоҳ хоҳласа албатта саёҳатга чиқишини, бу истак кўпларда борлигини айтди.
— Эркин ака, ўсиб-унган жойингизда обрўйингиз баланд, ҳурматингиз яхши, лекин биз ҳам сизни севамиз, ардоқлаймиз. — У қизарган кўзларини дастурхонга тикиб, қўшиб қўйди. — Онанинг ўзига хос хушбўй ҳиди бўлади. Мен сизларда она ҳидини сездим.
Америка Қўшма Штатларида кўп нарсаларни кўрдик, ҳаммасини бир хотирот дафтарига сиғдириш қийин. Ҳамроҳларим тўлдиришар. Мен бир нарсага амин бўлдимки, халқ дипломатияси ҳаётбахш, хайрли, истиқболли дипломатия экан. Эркли башар, янги дунё солган бу янги йўлдан кўпроқ юрайлик. Хорижда фақат душманмас, дўстларни ҳам кўрайлик. Соғинчдан музга айланган сийналарни иситайлик. Поёни йўқ дунёда яхши ном, яхши из қолсин. Жаҳонгирлик сиёсати ортда қолсин, дилда ваҳима билан яшамайлик, қонларга ким қонибди, ҳеч ким! Кишанлар тахти ёнсин, тинчлик, осойишталик қуёши, осмонимизда ҳамиша порлаб турсин.
“Шарқ юлдузи” журнали, 1989 йил, 6-сон