Бу мақолани ёзмасликка кўпдан бери ўзимни мажбур қилиб юрар, аҳволнинг яхши томонга ўзгаришига, «тарихимизнинг энг кир даври», қолаверса, яқин ўтмишда юз берган биродаркушлик васвасаси қачондир бизга сабоқ бўлишига, ниҳоят, ким кимга қўл кўтараётганини аввал обдон ўйлаб оладиган кунлар етиб келишига умид боғлаб сукут сақлардим. Афсуски, андишанинг топталиши, ношукур чоршанбиларнинг тобора авжга миниши, яна шундай долзарб пайтда жазавага тушуви кишига алам қилар экан. Куни кеча ўтган сайлов баҳона йиғилишда ҳам асосий муаммо бир ёқда қолиб, ўзбек адабиёти, халқи учун жон куйдириб юрган бир ёзувчи шаънига айтилмаган ҳақорат қолмади. Энг қизиғи, бу гапларни бир арава қоғоз қоралагани билан ҳали адабиётнинг яқинига йўламаган бошқа бир «ёзувчи» бемалол айтаверди, «ошкоралик намунаси»ни кўрсатди.
Сулаймон ўлгач, девлар қутулгани-ю, ёв қочганда ботир кўпайгани, рост-уйдирма ўтмишда кўп бўлганди. Лекин ёв қочгандан кейин кўпайган «ботирлар»нинг бирдан заҳматкаш аскар, душманни чекинишга мажбур қилган камтар жангчини лапашанглик ва фаолиятсизликда айблаши ва шу қилмиши билан замона қаҳрамони бўлиб, бошқага сўз бермай юришлари доим ҳам учрайвермаса керак.
Ҳозирги руҳий инқилобнинг дастлабки тўлғоқлари бошланган кезлардаёқ уни тайёрлаган, эзилган халқни кўтарилишга ҳозирлаган кишилар зиёлилар бўлганлиги энг юксак минбарлардан ҳам эътироф этилди. Ўзбекистон миқёсида бу вазифани, биз буни тан олишни хоҳлаймизми-йўқми, буни тасдиқлаш ўзимизнинг шахсий шуҳратимизга соя солади, деб ўйласак ҳам, ўйламасак ҳам, ўша ижодкорларнинг шахси бизга ёқадими ёки қачондир кўнглимизни қолдирганми,— буларнинг ҳаммасидан қатъи назар, — эътироф этишимиз керакки, шу оғир вазифани шу жафокаш мамлакатда А Орипов, Э. Воҳидов. О. Матжон, Р. Парфи каби шоирлар, О. Ёқубов, П. Қодиров. Ш. Холмирзаев каби ёзувчилар, М. Қўшжонов, О. Шарафиддинов, И. Ғафуров каби танқидчилар бажарди. Инқилоб арафасида уларнинг ёнига Солиҳлар, Муҳаммад дўстлар, Ҳаққуловлар авлоди дадил ва янги куч билан қўшилди. Буни инкор этиш ёки бу катта, халқ ишонган кучни бир-бирига сунъий равишда қарама-қарши қўйиб, қайта қуришда бораётган ҳал қилувчи жанглар олдидан уни бўлиб юборишга уриниш жуда катта истеъдоддан ҳам, катта ақлдан ҳам далолат бермайди…
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» ҳафталигининг янги йилдаги биринчи сонида профессор Норбой Худойбергановнинг навбатдаги фош чилувчи мақоласи чиқди. Н. Худойберганов бу сафар танқидчи Н. Холлиевни Э. Воҳидов ва А. Орипов ижодини асоссиз мақтаб юборганликда айблаб «фош этади». Ўқувчилар номини рўкач қилмайман, лекин унинг шахсан менинг меъдамга тегиб кетган (узр!) инкор этиш йўли тубандагича. «Н. Холлиев фикрича, фақат Э. Воҳидовгина эмас, А. Орипов ҳам ўз асарларига инқилобий қайта қуриш руҳини сингдириб юборибди, натижада ўзларининг ижодкор сифатидаги вазифаларини шараф билан адо этибдилар. Яна қайси йилларда денг! Дабдабабозлик авж олиб, турғунликни юзага келтирган 60—80-йилларда!».
Бундай қуруқ хитобларни бир чеккага йиғиштириб қўйиб, асл аҳволни — Э. Воҳидов ва А. Ориповнинг ҳозиргача яратилган асарларини, ҳеч бўлмаса юзакироқ тарзда бир эсга олайлик-чи, уларда дабдабабозлик авж олдирилиб, турғунлик юзага келтирилдимикан? Масалан, Абдулла Ориповнинг «Муножотни тинглаб…», «Юзма-юз», «Баҳор», «Ўйларим», «Ёзвжакман», «Мўмин Мирзо», «Маломат тошлари», «Шарқ ҳикояси», «Оломонга», «Нозим Ҳикмат» каби юзлаб шеърларини, «Жаннатга йўл» драматик достонини, нимагадир ўша йиллари қўл урилган «Илоҳий комедия» таржимасини ёки Эркин Воҳидовнинг «Арслон ўргатувчи», «Чумолилар жанги», «Бизлар ишлаяпмиз», «Ўзбегим», «Инсон» каби шеърларини, ўта нозик бадиий дид меваси бўлмиш ғазалларини, «Руҳлар исёни» достонини эслайлик. Бу асарларни халқнинг ёдидан, унинг озми-кўпми орттирган маънавий мулкидан айро тасаввур қилиш ёки ҳозиргача сақлаб келаётган ва абадий сақлаяжак бадиий таъсир кучини сеза-била туриб инкор этиш мумкинми? Қолаверса, шеърни, адабиётни бу икки шоир фаол танқидчимиздан бошқачароқ тушунишлари, уларга бонг, ҳайқириғу яланғоч фикрлаш тарзи табиатан, ёт бўлиши мумкин эмасми? Нуқул ўтган даврни лаънатлайверишдан кўра, бошча бир масалани ўйлаб боқсак қалай бўларкан. Яъни, турғунлик даври ижод эркинлигини бўғгани, «ҳақиқатни баралла айтишга» (агар бу адабиётнинг бош вазифаси бўлса…) йўл қўймаганлиги бу, менингча, нишоннинг фақат бир томони. Хўш, бундай шароит ижодкор тафаккурига, фикрни ифода этиш усулларига, коса тагида ним коса маъносидаги санъатига қандай таъсир қилди, жилға йўлига ташланган тўғон уни қуритиб қўйдими ёки тўплана-тўплана тўғонни ёриб ўтган денгизга айлантирдими? Хусусан, «Жаннатга йўл» саҳналарига нима учун аросат декорациялари танланди? «Руҳлар исёни» достони фақат Ҳиндистоннинг, фақат бангол шоирининг эрксизлиги ҳақида эдими? Шоирларимизгина эмас, ёзувчиларимиз ҳам ўтмишдан ёки чет эл ҳаётидан лавҳаларни кўпроқ материал сифатида олганларини замон билан келишиш эди, десак тўғри бўладими? Бу ҳодисалар бадиий ижод ривожига, ўқувчи фикрлашининг мураккаброқ комбинацияларга кўникувига, қолаверса, услубий ранг-барангликка йўл очмадими? Ахир М. Булгаковнинг кўпчиликка маъқул бўлаётган «Уста ва Маргарита», «Ит юрак», «Чичиковнинг саргузаштлари» асарлари ҳам, Гулханийнинг машҳур «Зарбулмасал»и ҳам турғунликдан баттарроқ шароит мевалари эди-ку! Адабиётшуносликнинг асосий шуғулланадиган ва ўз ҳақиқатини исбот этадиган объекти нишоннинг мана шу томони эмасми?
Албатта, бу икки шоирнинг ижодини, юқоридаги масалаларни «ҳақиқий илмий-эстетик таҳлил қилиш»дан кўра (Н. Худойбергановнинг бошқалардан талаб этадигани!) «ҳар иккаласи, айтайлик, Е. Евтушенко ёки А. Вознесенский билан ижодий мусобақага киришиб, Бутуниттифоқдагина эмас, жаҳон миқёсида шуҳрат қозонмасмиди?!» — дея бонг уриш, менингча, ҳам осон, ҳам кўпроқ шов-шув қўзғайдиган гап. (Очиғини айтсам, шу тахлит гаплар Э. Воҳидовнинг Матмусасини, унинг уч ойда туғиб, ҳаммани мусобақага чақирган шаҳарлик хотинини ёдимга тушираверади!) Бироқ, шунақанги қиёслаш ўринлимикан, ўзини оқлармикан? Танқидчини тўғри тушунишга интилиб, у хоҳ Евтушенконинг, хоҳ Вознесенскийнинг бирор асарини, кичкина бўлсин бирор шеърини ўзбек адабий танқидчиси, олими диди билан ҳақиқий таҳлил қилганми? — деб ўзимга савол бераман. Ҳурматли адабиётшунос ё Э. Воҳидовнинг, ё А. Ориповнинг ижодидан лоақал бирор асарни объектив, чинакам бадиий цайта яратиш кўламида эстетик таҳлил ва таҳлилда тасдиқлай ёки инкор эта олганми? Бунга интилганми?
Тўғри, Иттифоқда ҳам, жаҳон миқёсида ҳам ўқувчилар оммаси фақат А. Орипов билан Э. Воҳидовнигина эмас, Навоий ва Бобурни ҳам, Огаҳий ва Қодирийни ҳам Евтушенко ва Вознесенскийчалик билмасликлари мумкин. Бироқ бу ижодкор ҳақида ҳукм чиқаришда, унинг дунё адабиётидаги ўрнини белгилашда мезон эмаслигини, бу жуда омонат гап бўлиб, илмий таҳлил ўрнини боса олмаслигини Н. Худойберганов билмаслиги мумкин эмас. Масалан, танқидчи оғзидан қўймай мақтаб юрадиган Вознесенскийнинг «Хандақ» достони материали агар ўзбек шоирларидан бирортасининг (ўша Э. Воҳидовнинг ёки X. Давроннинг бўлсин) қўлига тушиб қолганида, мавжуд асардан кўра бадиийроқ, фалсафийроқ нарса ёзилиши мумкин эди, деб ўйлайман. Чунки бундай фантазияга, бошқа халқлар ҳозирча етарли танимаётганлигидан қатъи назар, ўзимиз ички қувватини яқиндан ҳис қилиб турганимиз ўзбек адабиёти, асос беради. Қандай бўлмасин, бу асарларни батафсил ўрганиб, кейин хулоса чиқарилса, бир шоирни сўзсиз осмонга олиб чиқиб, бошқасини у билан «мусобақага киришмаган»ликда айблашга зарурат қолмас эди.
Эсингиздами, ҳали ўспирин Муҳаммад Солиҳ, танқидчимиз, бугун «эмиш,
эмиш…», дея қўл силтаётган авлод изтиробини юраги ва танасида ҳис этиб, унинг дардига ошно бўлишга интилганди:
Ўлаётган одам лабига
Кўзгу тутган киши каби, ваҳм
Босмайдими, кўзгуни тутсанг
Ҳақиқатнинг лабига
сен ҳам?..
(«Сўз дарди» шеъридан. Таъкид бизники Р. Қ.)
Шундай фикрлаш тарзидан борганда, танқидчи ўз-ўзидан, «Ёнғин», «Ўйин» сингари асарларни сўзсиз дурдона сифатида қабул қилиб, мақолаларида намуна даражасида кўрсатади-да, ўзбек адабиётида пайдо бўлган «Лолазор» романини беэътибор қўл силташ билан кутиб олади ва бу яна бир «дадиллик», «муросасизлик» бўлиб унинг биографиясига ёзилади. Бутун бошли роман ҳақида ижодий фикр (у хоҳ ижобий, хоҳ салбий бўлсин!) юритмай туриб, бу ишга имкон даражасида уринган бошқа бир танқидчини «машъум дабдабабозлик, кўзбўямачилик, юзакилик каби «касаллик»лардан қутула олмаган»ликда айблайди. Ахир, У. Норматов фикрлари ёқмаса, ёқадиган даражада таҳлил қилиб ҳарифни қойил қолдириб қўйишдан кўра, «Бахтин полифония фақат Достоевский ижодига хос эди, деган» қабилида масаладан қутулиш осонроқда! Бироқ Бахтин полифоник тасвир имкониятлари Достоевский ижоди билан ўз умрини яшаб бўлди, деб айтмаган-ку! Иқтисодчи бўлмаганлиги уни мазкур соҳанинг «моҳиятини ёритишдан» қутқарар, бироқ адабиёт соҳасида моҳиятни ёритиб фикр юритиш адабиётчи-олимга мажбурий эмасми?..
Бу фикрларим олимнинг фақат бир мақоласи ҳақида эмас, кейинги уч-тўрт йил ичида чиқарган мақолаларини кузатиб билдирилаётир. Танқидий мақола ҳам ўзига хос санъат асари; бадиий тафаккур маҳсули бўлмоғи керак. Муаллиф гапни нимадан бошлаб, нима билан давом эттириш, энг асосий фикрни мақоланинг қайси нуқтасида акс эттириш каби композицион юмушларни ҳам ҳисобга олмоғи, асар ҳақидаги асарни ўқиган киши яхлит бир қувват, руҳий таъсир ҳис этмоғи, ўзини мақоладаги фикрий ҳодисаларнинг иштирокчиси, деб ўйламоғи керак ва ҳоказо. Н. Худойберганов буни яхши билади, лекин ўз чиқишларчда (айниқса, ўзбек тилида ёзилган мақолаларида) бунга кўпда риоя қилавермайди. Мақолаларнинг кўпчилиги, кузатишимча, бир гап билан бошланиб, умуман бу мавзуга алоқаси йўқ бошқа бир «фош қилиш» билан якунланади, мақолалар оралиғидаги вақтда танқидчига нимаики маъқул бўлмаса, навбатдаги чиқишга баҳона бўлаверади. Услубий ғализликлар, салмоқли ва майда масалаларнинг бир-бирига қориштириб юборилиши, қолипга айланиб қолган «талаблар»нинг бир мақоладан бошқаларига кўчиб ўтавериши адабиётшунос чиқишларининг эстетик қимматини пасайтириб юбораётгандек. Энг ачинарлиси бўлса — аксарият мақолаларда «йўқ» деган тушунчадан бўлак арзирлироқ юкнинг йўқ эканлиги, асоссиз, таҳлилсиз инкор принципи ошиб-тошиб ётади. Балки бу танқидчининг таъсир қуролидир. Лекин мен шаккокликка бориб баъзан ўйлаб оламан: агар ўша «йўқ» деган қуруқ гапдан воз кечилса, танқидчининг кейинги йиллар ижоди мағзидан қайси жиҳатни ибрат учун ажратиб олишимиз керак?
Гап фақат сермаҳсул танқидчининг фикр юритиш, баҳолаш тарзи устида эмас, боя айтганимиздек, халқнинг бадиий ижод кишиларидан кутган умиди, уларга ишончи ҳақида, бу умидни рўёбга чиқарувчи кучнинг жипслиги ҳақида кетаётир. Неча замонлар илгариёқ халқни парокандаликка дучор қилган орамиздаги ноиттифоқлик ҳақида ўйлаб, тошларга «Улуғ битиг» зарб қилган экан:
«Тепадан осмон босмаган бўлса, пастда ер ёрилмаган бўлса, эй турк халқи, давлатингни, ҳукуматингни ким бузди?!»
Наҳотки, ўтмишдаги аччиқ тажрибалар бизга етарли сабоқ бермаган бўлса?! Таъсирчанликка теранлик билан эришилмайдими?
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 1989 йил, 17 февраль