Абдуғафур Расулов. Холис баҳолаш йўлидаги тўсиқлар (1989)

Баҳолаш танқидчиликнинг шундай нозик меъёр, ўлчовики, салгина нохолислик, заррача хатолик санъаткор ва унинг асарлари ҳақидаги тасаввурни ўзгартириб юбориши мумкин. Холис баҳолашда мунаққиднинг ҳиссаси катта. Лекин баҳолашда мунаққидга боғлиқ бўлмаган тўсиқлар ҳам талайгина. Бадиий адабиёт ҳамиша сиёсат билан ёнма-ён ривожланган, сиёсат кўпинча санъат устидан ҳукмронлик килишга интилган. Сиёсатга мос келмаган асарлар чоп этилмаган, олам ичра ўз оламини яратишга интилган санъаткорлар таъқиб остига олинган.

Совет адабиётининг етмиш йилдан ортиқроқ тарихига назар солсак, сиёсатга мос келмаганлиги сабабли чоп этилмаган қанчадан-қанча асарларни кўрамиз, ҳақиқатгўйлиги сабабли таъқиб этилган санъаткорлар тақдиридан огоҳ бўламиз. Ажабланарлиси шундаки, Алексей Максимович Горький ва Ҳамзанинг баъзи асарлари шу пайтгача чоп этилмаган эди. М. Горькийнинг «Бемаврид фикрлар» туркум мақолалари, бир неча янги ҳикоялари буюк пролетар ёзувчиси обрўсини туширмади. Аксинча, М. Горькийнинг изланувчи, ўз концепциясига эга санъаткор эканлигини исботлади. Ҳамзанинг дарсликлари, инқилоб арафасида, унинг дастлабки йилларида ёзган шеърлари шундан далолатки, у замон билан бирга одим ташлаган, изланган, баъзан хато қилган, диний қарашларга бефарқ бўлмаган мураккаб, ҳақиқий инсон экан.

Биз узоқ йиллар давомида совет адабиёти, жумладан, миллий адабиётлар классикларига гард юқтирмасликка, уларни бегуноҳ фаришталар қилиб кўрсатишга беҳуда уриниб келдик. Қайта қуриш даврида ўнлаб санъаткорларнинг асарлари халқ мулкига айлантирилди. М. Булгаков, А. Платонов, А. Ахматова, Чўлпон, Фитрат сингари санъаткорлар бўйнидаги тавқи лаънат — «халқ душмани» ёрлиғи олиб ташланди, уларнинг асарлари ҳам тўлиқ нашр этилаяпти. Санъаткор асарларини тўлиқ ўрганиш — холис баҳолашнинг асосий шартидир. Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг беш томлик тўла асарлари тўпламининг чоп этилиши унинг ҳаёти ва ижоди ҳақида шу пайтгача чоп этилган бир ёқлама илмий ишларни туссизлантирди, таъмирланган «Бой ила хизматчи» ва бошқа асарларни чок-чокидан сўкиб ташлади.

Адабий сиёсат, «ўйлаб иш кўриш» туфайли баъзи асарлар узуқ-юлуқ ҳолда чоп этилган эди. Синчков мутахассис, холис баҳоловчи «тушириб қолдирилган», тамоман ўзгача услубдаги ёзувчи томонидан «битиб-чатилган» ўринларни бехато топиб олади. «Ўтган кунлар», «Меҳробдан чаён», «Кеча ва кундуз» сингари асарларда «чилпинган», «юлинган» ўринлар сезилади, сўзлар, ибораларни ҳозирги тилимизга мослаштирилганлиги англашилади. Санъатни қадрловчилар, санъаткорни эъзозловчилар бирюн боб, тасвир, образнинг «тушиб қолдирилиши» у ёқда турсин, бирон сўзнинг заҳа бўлиши, оҳангда сакталикнинг пайдо бўлишига тоқат қилолмайдилар. Бадиий асарнинг яхлит, мукаммаллиги — холис баҳолашнинг зарурий белгисидир.

Пролеткульт, РАПП ташкилотлари тараққиётимизнинг маълум палласида жиддий роль ўйнади. Бу ташкилотлар расман тугатилганига сал кам олтмиш йил бўлаяпти. Лекин совет танқидчилигида бу ташкилотлардан қолган бидъатлар (янгиликлар) ҳамон судралиб келмоқда, холис баҳолашга тўғаноқ бўлмокда. Ёзувчиларни гуруҳларга — пролетариат, «йўловчи», буржуазия намояндаси тарзида ажратиш, ҳар бир гуруҳга ўзига яраша муносабатда бўлиш — РАПП «мероси». Ўша пайтдаёқ ёзувчи мумкин қадар ўзини қашшоқ қилиб кўрсатишга, меҳнаткаш — «қўли қадоқ»лар намояндаси эканлигини исботлашга киришган эди. Ўзбек ёзувчиларининг автобиографиясини ўкисангиз, деярли ҳар бир ижодкор ўзини, насл-насабини қашшоқ, камбағал қилиб кўрсатганлигининг гувоҳи бўласиз. Қашшоқ, камбағал бўлмаган Чўлпон-у Фитрат қолди, холос. Меҳнаткаш, камбағалликни пеш қилиш ўша пайтларда «жон» сақлашнинг асосий йўли эди. Камбағал боласи бўлиш, аслида, пролетариатлик эмас. Қолаверса, «қашшоқ», «камбағал боласи эканлик» ёзувчи ҳаётини ўрганишда мантиқнинг бузилишига сабаб бўлмоқда.

Мана, қўлимизда машҳур адабиётшунос, устоз Матёқуб Қўшжоновнинг «Айний бадииятининг эволюцияси» рисоласи («Фан» нашриёти, 1988), ёш тадқиқотчи Нормуҳаммад Қобуловнинг «Элбек» танқидий биографик очерки (Ғафур Ғулом номидаги нашриёт, 1988). Айний ижо ди ҳақида юзлаб тадқиқотлар яратилган бўлишига қарамай, М. Қўшжонов устод ёзувчи ижодини ўз услуби, изчил концепция асосида таҳлил қилган. Китобда янгича тафаккур, бадиий асарларни баҳолашдаги ўзига хослик сезилиб туради. Матёқуб Қўшжонов биринчи ўзбек романи «Ўтган кунлар» М. Шевердин томонидан «бу бизнинг роман эмас» деб турилган бир пайтда С. Айнийнинг «Дохунда»си пайдо бўлганлиги ҳақида ёзади-да: «Эндиликда биз тушунаяпмизки, бой билан хизматчи орасидаги зиддиятни тасвирлаган «Дохунда» романи қай даражада айни муддао бўлса, диққат марказига ҳоким синф турмуш тарзини олиб, бу синф таназзулини кўрсатиш ҳам адабиёт оламида айни муддао экан», деб таъкидлайди (45-бет). Бундай қимматли фикрлар китобда кўп. Н. Қобулов очеркининг қиммати шундаки, ҳали китобхонлар Элбек асарлари билан танишиш имкониятига эга бўлмасларидан туриб, ёш тадқиқотчи Машриқ Юнусов ижоди, асарларини қунт билан ўрганган, улар ҳақидаги ўз қарашларини баён этган.

«Айний бадииятининг эволюцияси», «Элбек» китобларида холис баҳолашга монелик қилган — танқидчиликдаги нотўғри қарашлар таъсири сезилиб турган ўринлар бор. М. Қўшжонов С. Айнийнинг «оддий камбағал меҳнаткаш тегирмон чархчиси хонадонининг фарзанди» (3-бет) бўлганлигини, юзлаб тадқиқотчилар сингари, айтиб ўтади. Н. Қобулов эса, Элбекнинг «1898 йили Тошкент областининг Бўстонлиқ районидаги Хумсон қишлоғида камбағал оиласида» туғилганлигини таъкидлайди. Ҳозирги турмуш тарзи, тараққиёт нуқтаи назаридан асримиз бошларидаги кишилар қолоқ, камбағал бўлганлар. Лекин ўша «оддий, камбағал», уста Саидмуроднинг катта ўғли Бухоро мадрасасида ўқийди. Ота ўзининг иккинчи ўғли Садриддинни ҳам мадрасада ўқитмоқчи. Элбекнинг ҳам ўта ночор, кийналганлиги айтилади-ю, у Тошкентга келиб асосан (аввал «Хокий», сўнг «Намуна» мактабида) ўқиганлиги айтилади. Камбағал, қашшоқ деганда фикри-хаёли бир бурда нон топиш, қорин тўйдиришни мақсад қилиб қўйганлар тушунилади. Садриддин Айний ҳам Бухоро мадрасаларида ўн йил ўқийди. Тўғри, ота-онаси вафот этгач, Садриддиннинг моддий аҳволи танг бўлди. Лекин у, барибир, ўқиш учун имкон топди.

Аввал РАПП ташкилоти, кейинчалик социалистик реализм методи ёзувчидан меҳнаткаш халқни, эзилган синфни асосий куч сифатида тасвирлашни талаб қилди. Совет адабиётида ўзига хос «қолип» пайдо бўлди: бадиий асарлар қарама-қарши синфлар кураши асосида яратила бошланди. Деярли барча асарларда ўтмишда эзилган, хор-гадо бўлган йиртиқ чопонлилар асосий қаҳрамон қилиб олинди. Салбий қаҳрамонлар сафини, бой-эксплуататорлардан ташқари, босмачилар, муштумзўр эркаклар тўлдирди. Садриддин Айнийнинг «Бухоро жаллодлари», «Одина», «Дохунда», «Қуллар» асарларида эзилган халқнинг эзувчиларга қарши кураши тасвирланган. Бошқача айтганда, С. Айний ҳаётни социал томондан таҳлил қилди, ижтимоий типлар галереясини яратди. Унинг «Судхўрнинг ўлими» асарида социал тип, айни пайтда бетакрор инсон характери яратилди. М. Қўшжонов С. Айний маҳоратини социал типлар, характерлар яратиш йўсинида ёритади.

Н. Қобулов китобида Элбекнинг эзилган меҳнаткашлар ҳақидаги шеърлари кенг таҳлил қилинади. Тадқиқотчи Элбек достонлари таҳлилида камбағаллар образи тасвирланган ўринларга диққатни тортади: «Тозагул ва унинг эри Норйигит босиб ўтган йўл барча ўзбек деҳқонлари учун хос эди. Улар қайноқ ҳаётда тобландилар. Инқилобдан илгариги замонанинг барча ярамас иллатларини бошларидан кечирадилар ва инқилоб учун курашиб, социализм қуришда иштирок этадилар. Элбек ҳаётдаги ярамасликларни очиб ташлаш учун ўз қаҳрамонларини турли хил қийинчиликларга дучор қилади» (75-бет).

Пролеткультчилар, кейинчалик РАПН ўтмиш маданияти, санъати, маорифини қандай қилиб бўлмасин ёмонлаш, инкор этишга интилдилар. Натижада қанчадан-канча маданий ёдгорликларимиздан маҳрум бўлдик. Инкилобдан аввалги мактаб, мадрасалар қабоҳат, жаҳолат маскани сифатида тушунтирилди. Матёқуб Қўшжоновнинг «Айний бадииятининг эволюцияси» китобида ўқиймиз: «Садриддин Айний тасвирига қараганда, мадрасаларнинг педагогик ўқув системаси схоластикадан иборат. Ҳаётдан узоқ китоблар йиллаб «мутолаа» қилинар, бу мутолаалардан илмга тегишли бирон натижа чиқмас эди. Айний схоластик ўқиш намунаси сифатида Жомийнинг «Кофия» китоби мутолаасини келтиради… Мадраса, мударрис, талаба тушунчалари оддий халқ орасида ғоят муқаддас ҳисобланган. Бироқ Садриддин Айний тасвиридан англашилаяптики, булар халқ тушунчасидагидек муқаддас эмас экан» (126—127-бетлар). М. Қўшжонов С. Айний фикрларига қўшилмайди, айни вақтда уларни танқид ҳам қилмайди. С. Айнийнинг қисса ва романлари ёзилган бир даврда раппчилик қарашлари тирик эди. Қолаверса, сталинизм сиёсати ўтмишга шубҳа, ишончсизлик билан қарашни шакллантирган эди. Мантиқан ўйлаб кўрилса, Аҳмад Дониш ҳам, Садриддин Айний ҳам «ўқув системаси схоластикадан иборат бўлган» мадрасаларда таҳсил кўрганлар: улар донишманд олим бўлиб етишдилар. С. Айний ижодини синчиклаб кузатган одам бир ҳолатнинг гувоҳи бўлади: ёзувчининг «Эски мактаб» қиссасида, «Дохунда», «Қуллар», «Судхўрнинг ўлими» асарларида эски мактаб, мадрасаларни тугатган мулла, домлалар образи кўпроқ сатирик бўёқларда тасвирланган бўлса, «Эсдаликлар»да мадраса, мударрис, талабалар тасвирида холислик сезилади. Умуман, С. Айний асарларини ўз даврининг маҳсули сифатида ўрганиш жоиз.

Н. Қобуловнинг «Элбек» китобида ҳам ўтмиш қора рангда, революциядан кейинги ҳаёт алвон рангда тасвирланади: «Улуғ Октябрь социалистик революцияси Элбек ва унга ўхшаганларни очлик, қашшоқлик, муҳтожликдан қутқарди» (5-бет). Юқоридаги жумла сал-пал ўзгарган ҳолда китобдан китобга, мақоладан мақолага неча ўн йиллар давомида ўтиб юрди. Революциядан кейинги кунлар, ойлар, йилларнинг мураккаб драмалари энди-энди очилмоқда. Авлоний, Ҳамза, Чўлпон, Сўфизода, Фитрат, Айний сингариларнинг мактублари, «Кундалик»лари кўп нарсани ойдинлаштирмоқда. Н. Қобулов революциядан кейинги қаётни мақташни давом эттиради: «Шоир (Элбек — А. Р.) «Бугун» шеърида Октябрь инқилоби натижасида асрлардан буён сақланиб қолган тугунларнинг ҳеч қолмай (!) битганлигини реалистик лавҳаларда тасвирлайди (16-бет). «Элбек «кун», «қуёш» образларида янги социалистик ту зумни ифодаласа, «тун»да эса ка питализмни тасвирлайди» (17-бет). Инқилобдан кейинги ҳаёт унчалик ҳам қувончли бўлмаганлигини биз ҳозир билиб турибмиз.

Холис баҳолаш йўлидаги тўсиқлар хусусида гапирганда социалистик реализм принципларини ўринли, ўринсиз қўллайвериш масаласини алоҳида таъкидлаш жоиз. Ҳозир социалистик реализм ҳақида кескин танқидий фикрлар айтилмоқда. Совет адабиётининг ижодий методи эстетик категория даражасига кўтарилмаганлиги, баҳолаш мезони даражасида қолиб кетганлиги таъкидланмоқда. Ажаб, мана эллик йилдирки, бирон мақола, тадқиқот социалистик реализмни четлаб ўтмаган; бирон адабиётшунос, танқидчи йўқки, совет адабиёти методи ҳақида ёзмаган, фикр билдирмаган бўлсин. Кўпчилик мутахассислар соцреализм моҳиятига тушунмаган-у, у ҳақда ёзган, фикр билдирган. Н. Қобуловнинг китобида ҳам Элбек ижоди турли йўллар билан соцреализм методига келтириб боғланади. Шоир ижоди соцреализмга уландими, бас, уни айбдор қилиш, қоралашга чек қўйилади: Партия ва ҳукуматимиз ўтказган биронта тадбир Элбек назаридан четда қолмади: ер-сув ислоҳоти, «Ҳужум» ҳаракати — хотин-қизлар озодлиги, коллективлаштириш ишларига бағишлаб асарлар ёзди» (28-бет). «Элбек бу поэмаси («Тозагул» — А. Р.) билан социалистик реализм принципларидан яна бири — ижобий қаҳрамон яратиш масаласида бир мунча мувпффақиятларга эришганини кўрамиз» (78-бет). «Социалистик реализмнинг талабларидан бири ёзувчидан воқеликни, теварак-атрофда бўлаётган воқеаларни тўғри ва ҳаққоний ифодалашдан иборатдир. Бунинг учун ёзувчи ҳаёт билан аралашиш (!), унда фаол иштирок этиши зарур» (79-бет).

Илмий тадқиқотларда социалистик реализм эстетик ёндошув, санъат табиатини кенг ёритувчи омил эмас, оқловчилик вазифасини бажара бошлади, бир ёзувчининг иккинчисидан устунлигини белгиловчи даража кўрсаткичи бўлиб қолаёзди. Маълумки, 50-йилларнинг иккинчи ярмидан бошлаб ноҳақ айбланган, Сталин қатли омининг қурбони бўлган ёзувчилар ҳақида мақола, тадқиқотлар яратила бошланди. Ўша мақола, тадқиқотларда холис таҳлил-талқин ўрнига назариябозлик қилиш, қонунан оқланган ижодкорни адабий-танқидий жиҳатдан оқлаш йўсини кучайди. Ёзувчини оқлаш мақсади мадҳиябозлик, асоссиз улуғлаш камчилигини келтириб чиқарди. Дейлик, Элбек партия йўриғидан четга чиқмаган бўлса, барча сиёсий компанияларни қўллаб-қувватлаб шеър, достонлар ёзган бўлса, унинг ижодкор сифатидаги ўз услуби, қиёфаси қаерда қолди? Элбек, тадқиқотчи ёзганидай, сиёсий ҳушёр бўлган, партиянинг барча чақириқларига «лаббай» деб турган бўлса, нега уни халқ душмани сифатида қамадилар, йўқ қилиб юбордилар? Бизнингча, тадқиқотчи Элбек дунёқарашидаги ўзгаришларни изчил кўрсатиб бермоғи, шеърларини холис, социалистик реализм қолипига мосламасдан таҳлил қилмоғи жоиз эди. «Элбек» китобидан кўриниб турибдики, у биринчи ўзбек совет масалчиси, поэма жанрига илк бор қўл урганлардан экан. Мана шу томонлар тадқиқотчи диққатининг марказида бўлиши керак эди. Назаримизда, Элбек ижодида олимлик, педагоглик етакчилик қилган экан, шу нуқталар жиддий ёритилса, нур устига нур бўлар эди.

«Элбек» очеркида ёзувчи ижодининг моҳияти тадқиқотчи назаридан қочган бўлса, М. Қўшжонов рисоласида Айнийнинг санъаткор, олим, мураккаб тақдирли инсон сифатидаги моҳияти ҳамиша сезилиб туради. Тадқиқотчи санъаткорнинг қайси асари ҳақида ёзмасин, ҳаётининг ҳар хил манзараларнни ифодаламасин, зимдан Айнийни кузатиб тургандай, унинг руҳиятидаги ўзгаришларни англаётгандай бўлади. Эътибор берилса, рисолада «Айний ёзганидай», «ёзувчи таъкидлаганидай» сингари бирикмалар талайгина. Гўё М. Қўшжонов Айнийнинг замон кишиси сифатидаги камчиликларини, асарларидаги замонасозликни кўриб турадию, уларни шартта шартта айтишга устоддан истиҳола қилади. М. Қўшжонов асарларида социалистик реализм ҳақида фикр, мулоҳаза айтилган, у ёки бу ижодкор асарларида соцреализмнинг намоён бўлиши таъкидланган. «Айний бадииятининг эволюцияси»да социалистик реализм билан танқидий реализм қиёсланган, «Судхўрнинг ўлими» янги методда ёзилганлиги учун «Гобсек»дан устун қўйилган ўрин бор. Тадқиқотчи Қори Ишкамба билан Гобсекни, тўғрироғи, уларнинг ўлимини қиёслар экан, Садриддин Айнийдаги очиқдан-очиқ комизмни маъқуллайди. Билмадим, менимча, инсоннинг ўлимини тасвирлаш санъаткор учун оғир, мушкул бўлиши керак: ўз қавмининг мангу йўқ бўлаётганлигини қувонч билан тасвирлаш қандай бўларкин? М. Қўшжонов Бальзакнинг характер моҳиятига киришини зимдан маъқуллагандай бўлади, лекин соцреализм намояндаси Айнийни ҳимоя қилади: «Айний Бальзакнинг Гобсекидан фарқли ўлароқ Қори Ишкамба характерининг тасвирига маънодор комик йўналиш бағишлайди. Тўғри, Гобсек характери ҳам комик йўналишдан холи эмас. Француз адиби асарини ўқиганда, биринчи галда Гобсек аҳволига ачинамиз, характеридаги бош хусусиятларни англагач, ундан куламиз.

«Гобсек»даги комизм пинҳоний, у асарнинг ички мазмунидан, қаҳрамон характерининг бош йўналишидан келиб чиқади. «Судхўрнинг ўлими»да эса, бу хилдаги пинҳонийлик сезилмайди. Хусусан, асардаги жиддий реализм қанчалик ошкора бўлса, комизм шунчалик яланғоч ва шафқатсиздир. Бу фарқ, албатта, санъаткорларнинг ижодий методи билан изоҳланади. Гап шундаки, Бальзак ўз даври ҳаётининг ҳақикатини акс эттиради. Унинг учун қаҳрамоннинг бошқа бир вазиятдаги ҳолати қоронғу; Айний эса, социалистик реализм адабиётининг вакили сифатида тасвирланган ҳаётдан келиб чиқадиган ўша кунга хос ҳакиқатни ҳам англаган эди. Шу билан баробар у ўз қаҳрамонининг келажагидаги қисматини ҳам аниқ тасаввур қилади» (93-бет).

Қизиқ, ҳақиқий санъат асари таҳлил қилинганда, танқидчи социалистик реализм масалаларини унутади, адабиётшунослик терминларини, тушунчаларини камроқ қўллайди. М. Қўшжонов «Судхўрнинг ўлими», айниқса, «Эсдаликлар» асарини таҳлил қилар экан, фикрлар қуйилиб келаверади, санъаткор маҳоратининг гоҳ у, гоҳ бу томонлари ёритилади. Тадқиқотчи кўпроқ қиёсий-типологик таҳлил принципига мурожаат қилади: Айний асарлари Гоголь, Бальзак, Горький, Қодирий, Ҳамза асарлари билан солиштирилади, бир муҳитнинг ҳодисаси сифатида ўрганилади. «Эсдаликлар» таҳлили М. Қўшжонов рисоласининг катта қисмини ташкил этади. Садриддин Айнийнинг сўнгги йирик асарида тарихчи нигоҳи, санъаткор маҳорати, мураккаб ҳаёт йўлини босиб ўтган инсоннинг тажрибалари ўзаро бирлашган, бадиий-тарихий яхлитликни вужудга келтирган. М. Қўшжонов «Эсдаликлар» асарини жонли характерлар яратилиши, ҳаётнинг ижтимоий томонлари ёритилиши нуқтаи назаридан таҳлил қилади. Рисолада Саидмуродхўжа, Лутфулла-гўппон, Аҳмад Дониш, Тўтапошша, Пошшахон, Шарифжон махдум образлари кенг таҳлил қилинган. «Эсдаликлар» — кенг кўламли эпик асар: ҳар бир тадқиқотчи уни таҳлил қилишда ўз йўлидан бориши мумкин. Назаримда, «Эсдаликлар» XIX аср охири, XX аср бошларидаги ҳаётни ҳар томонлама мукаммал ёритган. Бу асар социолог, иқтисодчи, педагог, сиёсатдон, тиббиёт билан қизиқувчи, тарихчи, муҳандис, санъатшунос учун етарли маълумот беради. Турли соҳа кишиларини қизиқтирувчи материаллар бадиий шаклда, мукаммал характерларда акс эттирилган. М. Қўшжонов рисоласида «Эсдаликлар» завқ-шавқ, маҳорат билан таҳлил қилинган. Лекин китобда: «Абдулла Қодирий эса эски ҳаёт бидъатларини кескин танқид қиладиган кичик асарларини яратди» (11-бет); «Бухоро амирининг бир йиллик даромади 30 миллионга (сўмми, тангами — А. Р.) етар экан» (25-бет) сингари сал-пал таҳрир талаб жумлалар бор.

Ёзувчи ҳаёти ва ижодини, етук асарларни таҳлил қилишда холислик асосий мезон бўлмоғи адабиётшунослик тараққиётида пайдо бўлган бидъатлар (янгиликлар) фикрни чалғитмаслиги жоиз. Тадқиқотчининг концепцияси қанчалик теран, асосли бўлса, у иккинчи даражали масалаларга берилиб кетмайди, санъаткор ижодини, санъат асарини гўзаллик қонунларига биноан ўрганади, таҳлил қилади.

Абдуғафур Расулов, филология фанлари номзоди

«Гулистон» журнали, 1989 йил,11-сон