Қўлдош Эргашев, Рустам Турсунов. Савод истаб… (1989)

Сўнгги йилларда ошкоралик туфайли матбуотда жуда кўплаб мунозарали фикрлар пайдо бўлмоқда. Улардан бири: «Инқилобгача жумҳуриятда аҳолининг 2 фоизи саводли бўлган», деган фикрдир. Бизда «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида эълон қилинган И. Абдуллаевнинг (1989 йил, 5 май) ҳамда Тоҳир Қаҳҳорнинг (1989 йил, 10 феврал) мақолаларида баён этилган фикрлари катта таассурот қолдирди. Дарҳақиқат, ўша даврда мачит ва мадрасаларда таълим олганлар, араб алифбосида ўқиш ва ёзишни биладиганлар инқилобдан сўнг саводсизлар деб аталди. Ваҳоланки улар ҳозирги айрим «саводлилардан» устун эди. Улар ўзларигача бўлган классик адабиёт намуналарини ҳам, мухандислик, тиббиёт илмини ҳам жуда яхши билганлар. Бедилни ёд ўқиганлар. Мир Алишер Навоий, Мавлоно Лутфий, Абдураҳмон Жомий, Бобур, Машраб… каби Шарқ алломаларига ихлослари баланд бўлган, тарих ва фалсафада беназир баҳслашганлар.

Афсуски, жумҳуриятимизда ёзув алифбосининг бир неча бор ўзгартирилиши инқилобгача бўлган маданий меросимизни қалин пардалар орқасида қолдирди. Эндиликда ўша пайтда қилинган хатоларни тузатиш, кеч бўлса ҳам эски ўзбек тилини ўрганиш, уни мактабларда ўқитилиши шартлиги ҳақида мулоҳазалар билдирилмоқда. Шахсга сиғиниш туфайли ажралиб қолган алифбомизни қайта тиклаб, ота-боболаримиз томонидан яратилган меросни ўрганишда ёш авлодга ёрдам қилишимиз керак.

Мамлакатимизда гражданлар уруши, чет эл интервентларининг босқинчилик ҳаракатлари давом этаётган бир паллада 1919 йил 26 декабрда В. И. Ленин имзоси билан «РСФСР аҳолиси ўртасида саводсизликни тугатиш тўғрисида» декрет эълон қилинган эди.

«Республиканинг барча аҳолисига мамлакат сиёсий ҳаётида онгли иштирок этиш имкониятини бериш учун, — дейилган эди мазкур декретда, — Халқ Комиссарлари Совети шундай қарор қабул қилди: 1. Республиканинг 8 ёшдан 50 ёшгача бўлган ўқиш ва ёзишни билмаган барча аҳолиси ихтиёрий равишда ўз она тилида ёки рус тилида ўз саводини чиқариши мажбурийдир…»

Ушбу ленинча декрет юз минглаб нусхада нашр қилиниб, бутун мамлакатга тарқатилди. Ишлар қизиб кетди. Саводлилик учун кураш бошланди. Ҳамма жойда, ҳар хил шароитда: мактабларда, клубларда, казармаларда, ҳатто жанглар оралиғидаги танаффусларда, қоровулда турганда ҳам шу иш билан шуғулланишди. Мактаблардан ташқарида «саводсизликни тугатиш пунктлари» тузилди. Уларда 3 ой мобайнида ўқиш, ёзиш ва ҳисоб ўрганилар эди. Кейинроқ 2 синф ҳажмида илм берувчи ўқув плани асосида 10 ойлик курс — савод мактаблари ташкил этилди. Бундан ташқари тўлиқ бошланғич мактаб таълимини берадиган «чала саводлилар» мактаблари ҳам ишлаб турди.

1930 йил 25 июлда ВКП (б) МК «Умумий мажбурий бошланғич таълим тўғрисида» қарор қабул қилди. Партия бу ишга барча коммунистларни, совет ходимларини, касаба союз ва комсомол ташкилотларини, зиёлиларнинг кенг оммасини, саводли ишчи ва деҳқонларни сафарбар этди. Бу ҳаракат оммавий тус олиб, умумхалқ ҳаракатига айланди.

Партиянинг мактаб таълими соҳасидаги бу сиёсати Советлар Туркистонида қандай амалга оширилди? Умуман мана шу сиёсат ўзини оқладими? Бундан кейинги мушоҳадалар мана шулар ҳақида бўлади.

Шундай қилиб, 1930 йилдан умумий мажбурий таълимга ўтиш ҳақида қарор қабул қилинди. Кейинчалик, урушдан олдин етти йиллик таълим жорий этилиб, 50-йилларнинг ўрталарида етти йиллик таълимга ўтиш асосан тугалланди.

Бироқ, шуни тан олиш керакки, 30-йиллардан бошланган шахсга сиғиниш, маъмурий-буйруқбозлик услуби, 50-йиллар охири, 60-йиллар бошидаги волюнтаризм, субъективизм, 70-йиллар ва 80-йиллар бошидаги турғунлик даври салбий ҳолатлари мактабларимиз тараққиётига, умуман аҳолининг савод ўрганиш даражасига салбий таъсир этди. В. И. Ленин ҳаётлигида асос солинган мактабнинг демократик негизларига қарши ҳужум бошланди. Мактабда «большевистик тартибларни» ўрнатиш учун олиб борилган кураш амалда ёш авлодни тарбиялаш ишига путур’етказди, натижада болаларга катталарнинг хоҳиш-иродасини ва талабларини итоатгўйлик билан бажарувчилар деб қараладиган бўлди. Ўша даврда амалга оширилган қатағонларни оқлаш учун матбуот ҳар куни янги-янги материаллар босиб чиқардики, «халқлар отаси»нинг номи кундан-кунга кўкларга кўтарилди. Мактаб фанларининг ҳаммаси Сталин руҳида олиб борилди. «Партия ва шахсан ўртоқ Сталин кун сайин болаларга, мактабга бўлган ҳақиқий муҳаббат ва ғамхўрлик намуналарини кўрсатишмоқда. Сталиннинг қўлида пионер қизча билан тушган тасвири бизда партиянинг совет болаларига бўлган меҳр-муҳаббати тимсоли бўлиб қолди»,— деб ёзган эди «Правда Востока» газетаси ўзининг 1940 йил 30 июн сонида. Бу сўзлар «буюк доҳий»нинг образи янада ёрқинроқ бўлиши учун битилган сўзларнинг биргинаси эди, холос. Таълим-тарбия ишида шу хилдаги расмиятчиликнинг кучайиши саводсизликка олиб келган эди.

Янги шароитда педагогика фанининг жаҳон миқёсидан орқада қолганлиги, аниқ назарий тавсияларнинг йўқлиги, педагог олимлар билан амалий иш олиб борувчилар ўртасидаги алоқанинг сустлиги сабабли қийинчиликлар ва ҳатто янглишишлар юз берганлиги маълум бўлиб қолди. Моддий база йўқ эди, меҳнат ўқитувчиларининг атиги 3—4 фоизигина олий маълумотли бўлгани ҳолда, асосий эътибор меҳнат таълимига қаратилган эди. Кўп жойларда ўқувчиларни ишлаб чиқаришга тааллуқли бўлмаган касбларга ўргатиш кенг авж олди. Айниқса қишлоқ мактабларида меҳнат таълими, касбга ўргатиш дарслари ўрнига ўқувчилар мактаб ёнидаги пахта даласида чопиқ, ягана қилиш, пахта теримига ёрдам бериш ишлари билан шуғулландилар.

Айниқса турғунлик йилларида ёш авлодга билим бериш соҳасида жуда мушкул қийинчиликларга учрадик. Бу даврда партия ташкилотлари ва таълим-тарбия ходимлари мактаб тармоғининг жамоатчилик хусусиятини амалда тўлиқ ҳаётга тадбиқ эта олмадилар. Таълим-тарбия ишида айрим педагоглар ва халқ таълими идоралари расмий мезонларгагина ёпишиб олиб, амалий ишга эътиборни сусайтириб юбордилар. Таълим билан тарбия ўртасида муайян узилиш пайдо бўлди. Ўқувчиларга меҳнат тарбияси беришда расмиятчиликка йўл қўйилди, бу тарбия ғоявий-сиёсий ва ахлоқий тарбиядан ажратилган ҳолда олиб борилди.

Йигирма йил муқаддам мактаб ўн йиллик умумий таълим йўлига ўтди. Бу ғоянинг ўзи яхши, илғор ғоя эди, бироқ у на илмий, на методик, на иқтисодий, на маънавий жиҳатдан тайёрланганди. Шиор ташланди ва маъмурий буйруқбозлик шароитида реал воқелик мана шу шиорга мослаштирила бошланди. Ўқитувчи баҳоларни «зўрма-зўраки» қўйишга, кўзбўямачилик қилишга мажбур бўлдики, унга бугунги кунда ҳам шундай айбларни қўймоқдалар. Бу даврда қобилиятли ўқувчига ҳам, қобилиятсизига ҳам ўрта таълим олганлиги ҳақида аттестат берилаверди, оқибатда билимнинг обрўси пасайиб кетди. Турғунлик педагогикаси халқ таълимини бошидан охиригача қамраб олиб, даврга мос одамларни ярата бошлади. Брежневчилик маддоҳлари педагогикада жамики янги, илғор нарса юзага келса, уни илк давридаёқ бўғиб ташладилар, новатор-олимларга, илғор педагогик фикрларга ғов бўла бошладилар.

Ўқувчиларнинг яқин-яқингача ҳам пахта теримига жалб этилиши мактабдаги таълим-тарбия жараёнига, айниқса, салбий таъсир кўрсатди. Москвадаги Октябр инқилоби номли Марказий Давлат архивида ҳужжатларни варақлаётиб, шу нарсанинг гувоҳи бўлдик: 1970—1980 йиллар мобайнида жумҳуриятимиз мактабларининг ўқувчилари 23 ойдан кўпроқ муддат пахта терими билан банд бўлишган. Демак, улар 10 йил ўрнига 8 йилдан кам ҳажмда мактаб таълимини олганлар. Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, билим савияси пасайган.

Педагоглар билим ва малакасининг пастлиги ўқувчилар билим савиясини янада пасайишига олиб келди. Масалан, биргина 1984 йилда олий ўқув юртларига ҳужжат топширган 74 минг кирувчидан 38 минг нафар йигит-қизгина имтиҳонлардан муваффақиятли ўтди. Медаллар билан битирган ёшларнинг 32 фоизигина ўзига берилган юксак баҳони оқлади («Учитель Узбекистана», 1985 йил, 22 май).

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, мактабларимизда бундай бузилиш ҳолатларининг вужудга келиши ва тараққий этишида халқ маорифи муассасаларининг иқтисодий жиҳатдан етарли таъминланмаганлиги ҳам сабаб бўлди. Шу боисдан ҳам СССР халқ маорифи ходимларининг съездида (1988 йил) мактаб ва ўқитувчиларнинг иқтисодий аҳволи масаласи жуда қаттиқ жаранглади.

Сўнгги 30 йил давомида маорифимиз эҳтиёжлари учун йўналтирилган миллий даромадимизнинг қисми 10 фоиздан 7,2 фоизга қисқарди. Маорифимизнинг моддий таъминоти даражаси ишлаб чиқариш тармоқларининг молиявий таъминотидан 10 маротаба орқада қолаётир. Ўқитувчиларнинг нисбатан иш ҳақлари кўзга кўринарли даражада қисқариб борди. Агар 1943 йилда ўқитувчиларнинг иш ҳақи мамлакатимиздаги ўртача иш ҳақидан 2 баробар кўп бўлган бўлса (ўртача 330 сўм, 1-разрядли ўқитувчиларники эса 650 сўм), 60-йилларга келиб 90 фоизни, 1986 йилга келиб, бу кўрсаткич мамлакатимиз халқ хўжалиги тармоқларида ишловчи ходимлар иш ҳақининг ошиши ҳисобига ўртача иш ҳақининг 79 фоизини ташкил қилди. СССР халқ депутатлари съездида СССР халқ артисти Ролан Биков айтганидек, ҳозир давлатимиз томонидан мутахассис тайёрлаш учун ажратилаётган 12 минг сўмга (капиталистик давлатларда эса 80 минг доллар) фақатгина мутахассиснинг тимсолини тайёрлаш мумкиндир. Мана шу тариқа мактабларимизнинг иқтисодий танглиги, таълим-тарбия соҳасида салбий ҳолатларнинг вужудга келишига асосий сабаблардан бири бўлиб хизмат қилди.

Шу нарсани очиқ тан олишимиз керакки, В. И. Ленин бошлаб берган саводсизликка қарши кураш 30-йиллар бошларигача ўз ҳаракатини тўхтатмади. Кейинчалик эса биз саводлиликдан саводсизлик томон кета бошладик. Шу тариқа таълим-тарбия соҳасида ленинча асосларни тиклаш ва мустаҳкамлаш зарур бўлиб қолган эди. Шу боисдан ҳам 1984 йилнинг апрелида КПСС Марказий Комитетининг Апрел пленуми мактабларни ислоҳ қилиш борасида кўрсатма берди. Аммо шошма-шошарлик, ленинча кўрсатмаларнинг айримларини ёддан чиқарганлигимиз, моддий жиҳатдан таъминланмаганлик, маҳаллий шароитлар ҳисобга олинмай хатоларни қайта такрорлаганлигимиз натижасида мактаб ислоҳоти бир жойда депсиниб қолди ва барбод бўлди. Жумладан, бизнинг жумҳуриятимизда 6 ёшлилар учун шароитнинг йўқлиги, ЭҲМсиз компютер дарсларининг олиб борилиши, оила этикаси ва психологияси борасида қўлланмаларсиз иш юритиш, ўқитувчиларимиз турмуш шароитида (маош ошганлигини ҳисобга олмаганда) ўзгаришлар деярли сезилмайди. Шунинг учун ҳам КПСС Марказий Комитетининг 1988 йил Феврал пленумида бу масала ҳар томонлама муҳокама қилинди ва хатоларимиз очиқчасига тан олинди.

Таълим-тарбия хусусида қалам тебратишимизга нима сабаб бўлди? Умуман мавжуд муаммоларни тўкиб солишимиздан мақсадимиз нима? Жамиятимизда барча соҳаларда бўлгани каби илм-маърифатда ҳам ночор аҳвол йиллар давомида ўнгланмади. Айниқса бундай аянчли аҳвол кейинги ўн йилликлар даврида яққол кўзга ташланиб қолди. Бизни ташвишга солаётган нарса жумҳуриятимизнинг маориф соҳасидаги ўпирилишлардир. Умуман бу аҳволга миллий заминдан узилиб қолишимиз сабабли тушиб қолмадикмикин? Ошкоралик нуқтаи назаридан холис баҳо беришимиз, хато ва камчиликларимизни тан олишимиз керак.

Мактабларимизда сабоқ бериш замон талаби даражасида эмас. Дарслар фан янгиликлари билан боғланмаган. Тарих, математика, адабиёт, жўғрофий сабоқлар юзаки ўтилаяпти. Ўқувчилар миллий анъана, маданиятдан узилиб қолаяптилар. Ҳатто пойтахтимизнинг айрим ноҳияларида маҳаллий шарт-шароитлар билан ҳисоблашмаслик ҳоллари учраб турипти. Ўқитиш рус тилида олиб борилаётган мактаблар сони кўпайгани ҳолда ўзбек болалари тураржойларидан узоққа сабоққа қатнаяптилар. Масалан, Фрунзе ноҳиясининг Шота Руставели кўчасидан аэропортга бораверишдаги катта кўприккача бўлган ўрамда бирорта ҳам ўзбек мактаби йўқ. Ота-оналар мажбур бўлганларидан фарзандларини 118-мактабга бераяптилар. Рус тилидаги сабоқни ўзлаштириш мурғакларни қийнаб қўймоқда.

Биз рус тилида сабоқ берадиган мактаблар нуфузини камситмоқчи эмасмиз. Аммо таълим-тарбиянинг миллий, шаклий, сиёсий томонларига путур етмаслигини истаймиз.

Хуллас, бир сўз билан айтганда, турмушимизда ҳар қадамда учраётган лаёқатсиз, ялқов, тарбиясиз, енгил турмуш кечиришга мойил, саводсиз ёш замондошларимиз ўзга сайёралардан келиб қолаётганлари йўқ. Улар шундай кўз ўнгимизда, турмуш тарзининг маҳсули сифатида намоён бўлмоқдалар.

Шундай шароитда камол топаётганлар орасидан Абу Райҳон Беруний, Ал-Фарғоний, Абу Али ибн Сино, Ал-Хоразмий, Ал-Асир, Улуғбек каби буюк аждодларимизнинг издошларини излашнинг ўзи хаёлий хаёлпарастликдир. Вақти келиб жамиятимизда саводхонлик борасида орзу қилинган даражага етганда, биз яшаётган давр саводхонлари неча фоизни ташкил қилар эканлар?!

Қўлдош Эргашев, Рустам Турсунов, тарих фанлари номзодлари

«Гулистон» журнали, 1989 йил, 12-сон