Олим Жумабоев. Гулкари (ҳикоя)

– Оббо, шу деворинг кўзимга балодай кўринади-да! Ичкарида бўлсаям майлийди. Асли, индинини урган: бузиб бошидан қуриш керак.
Эшмирза кунайнинг гапи Эломонни ажаблантирса-да, у деворнинг боши – бурчагидан оёғига қараб ўқ отаётган мергандек кўзини қисиб қаради: кўзга кўринарлик бирор айбни сезмагач, елка қисди.
– Тўрт-беш йил лойнинг ичида юриб ўзимизникини ўнглаб сувамасак, ўрганган ҳунаримиз бир пул-да! Анави, қибла томондаги бурчакка Қўдир тош қўювдик, шу бузаяптимикан? Ўша жойи сал қалинроқ…
Эшмирза кунай ўзининг синчилигини исботлагандек кекирдагини чўзиб қўйди-да, бурчакка ўтиб товони билан деворни авайлаганнамо тепди. Бармоқларини девор устида юргизиб, бирор нарса сезгандек айёрона кулимсиради.
– Шунинг учун айтаман-да, бошидан тузатганни отасига раҳмат деб. Тошнинг ўзини олсангиз, пойдевор бузилади, девор энтарилади, кейин қулайди. Эл олдида кулги.
Эломоннинг пешанаси тиришди. Бир пойдеворга, бир шифтга, бир чертакка қараб хаёлидан ўтказди: “Ўзингнинг айбинг билинмас экан-да! Нима кўп, маърака кўп, келган одам кулмайдими?! Уста қурғур сувоқни боплабди, деб”.
Эломоннинг боши қотди. Иморатни қайта қуриш аҳмоқнинг оғзидаги гап, Ҳашарчиям, “ҳа” деганга келавермайди. Устига-устак, қўл ишга бормай турган бир пайтда – таъби тирриқ тортди.
Эшмирза кунай дарича сари қадам ташларкан, қайрилди:
– Бир ишни икки қипсан-да! – деди маслаҳат солгандек. – Бир оғиз сўрамайсанми?..
Эломон тортишгудек эди-ю, шаштидан қайтди.
– Битта ғишт қўйишибдими, энди эга чиққани қаранг! У ери қийшиқ, бу ери ўйиқ. Битгандан кейин ақллилик қилмай…
Эломон аста-секин ота уйига қараб юраркан, осмон тўлғоқ тутгандек безанглар, гоҳ ёмғир томчилар, гоҳ очилар, яна бирдан бўзариб одамларни шоширарди.
У ҳам ишини тезроқ битказиш илинжида типирчиларди.

***

Эломон ғўдиртош қўйилган бурчакни чўкичда ковлашга тушди. Девор оғишидан қўрққандек четланиб турар, катилиб бораётган ғиштларни кўриб ичи ачирди.
– Эй, аҳмоқ бола, қургунча ийиғинг чиқиб кетди-ку!
Отасининг бақириғидан у ўнгланди.
– Сени нима жин урди! Одамлар иморат қуролмай ҳалак, сен лойи қуримай бузишга туш.
Дониёр бобо ўғлининг қўлидан чўкични тортиб олди-да, ерга ташлади.
– Юз йил ишласаям, одамга ақл битмас экан-да!
Эломон ажабсиниб отасига қаради:
– Манави, девордаги тош деворни бузиб турибди, учини учирмоқчиман. Устидан суваб қўяман, билинмай кетади.
Дониёр бобо мийиғида кулди:
– Тошни учириб ўтириш шарт эмас, – деди у синчков назар солгач. – Ўзиям билинмайди-ку. Жа кўнг­линг тўлмаса, гулкари қил. Ишинг кўпаяди-ю, пухта чиқади. Эринмай олди-атрофига лой ялатиб чиқ, кари-ўйиқлари ёпилади.
Эломон гулкаридан эринса-да, муҳим бир масала ечимини топгандек эди.
У дарров сувоқбоп тупроққа майда сомон аралаштириб лой қилди. Ичидаги кесаклари эзилиши учун тўрт-беш соат ачитиб қўйди. Кейин деворга шайтонтаёқ ташлаб нотекис, қийшиқ жойларини аниқлади-да, енг шимарди. Лойни қўшиғичлаб деворга ёпиштирди-да, устидан андава юргизди: аввалига бироз совқотди, кейин кўникди. Устасига девор суваш ҳам гапми? Ҳа, дегунча ишнинг охири кўринаёзди. Қоронғи туша-туша лой қочган жойларига андава тортиб, ишни битказиб ариқ томонга юрди. Лой идишларини, кетмону андавани тозалаб, четга олди-да, юз қўлини юваркан, Эшмирза кунай “ҳорма” деб эшагини тўхтатди.
– Тўйгача бир амаллабсан-да! Майли, деворинг ишқилиб оғиб кетмадими? Тошни олгач, жойи ковак бўлиб қолади-да!
Эломоннинг ҳазиллашгиси келди:
– Деворга болор тираб, олдик. Кавакка майда тош тўлдирдик. Қийинмас-ку!
Эшмирза ҳазилни тушунгандек кулди:
– Тўйни шу ерда ўтказамизми?
– Ҳа..
– Яхши.
Эшмирза ғижинди.

***

Сабзи тўғрарга келган бир том одамни Эшмирза ака енгиб ўтирарди. Нима эмиш, Эломоннинг иморати қиблага оғиб, қиш чиқмай ташлаб юборармиш. Бу гапга эътироз айтган қанча, анқайган қанча!
Лекин қишлоқ ҳазилкашлар боплади:
– Сиз яна уста бўламан десангиз, охирзамон келгани шу. Суваган оғилхонангизни кўрдик, букрининг белидек-ку!
Шундаям у бўш кетмади:
– Уни ўн бешимда қурганман!
Ўтирганлардан бири пичоғини қайраш асносида гап қотди.
– Қўнғишингизга “ҳа” деганингизда ҳаққингиз кетмасди. Энди куёвнинг кўнглини бузиб қийшиқ деб ўтирмай…
– Сўраса, ҳа дейманми?.. Ҳали ёш, билмайди-да! Бутун умр лой кечиб кўтаргандаям, фаросат битмаса қийин… Букри жойи отнинг қашқасидек билиниб турибди.
Тўрт-бешта ишданқочарга баҳона топилиб, Эшмирза акани ташқарига судради. Арчилган сабзи арчилганича қолди.
Қоронғиталаш. Айвондан таралган электрлампа ёруғида деворнинг икки учини тенглаштирди: “Қурғур-ей, ками йўқ. Ўйиғи билинмайди. Олдингидан тузук” – деб хаёлидан ўтказди у.
– Олдингидан тузугу, лекин барибир ўйдим-чуқур. Тошни ковлаб олган.
Энди ҳамма боягидек деворга назар сола бошлади. Биров “ҳа”, биров “йўқ” деди, ишқилиб, ғира-ширада Эломон келгунча тортишишди.
– Эшмирза акага шундай кўринган, у билади, – деди бор гапни эшитгач. – Ковак ҳеч тўлмайди-да!
Одамлар Эшмирзанинг кўнгли учун яна бир қур разм солишди. Теп-текис эди.
Эшмирза кунайнинг кўз олди эса бўм-бўш, ковак эди.

«Ижод олами» журнали, 2018 йил, 5-сон