Эътибор беринг-а, инсон қишда иссиқни, ёзда эса соя-салқинни қўмсайди. Ваҳоланки, одамзотнинг яхши яшаб, соғлом турмуш кечириши учун ўз пайтида ёз ҳам, қиш қам жуда-жуда керакдир. Керакли нарсалар эса, бамисоли қаҳратон қишдай ёки жазирама иссиқдай ёқимсиз бўлишини негадир «ҳазм» қилолмаймиз. Жумладан, танқид, тафтиш, аччиқ сўзга муносабатимизда шунга ўхшаш ҳолни кўраман, аччиқ сўз менга асалдек шириндир, деб бонг урадиган одамни учратиш амримаҳол-ку! Аслида одам танаси ўз вақтида қаттиқ совуқ ёки саратондан етарли даражада баҳраманд бўлмаса, касалланиб, дардга чалиниб қолганидек, танқиду тафтишсиз, аччиқ сўзсиз маънавий-руҳий соғломлик таъминланмайдики, бу оддий ҳақиқатни сўзда бажонидил эътироф этамиз, аммо амалда-чи?
Афсуски, эътироф этилган кўпгина оддий ҳақиқатлар, айниқса, танқиду тафтиш, ўз-ўзини танқидни ривожлантириш ҳақидаги ғоятда тўғри, асосли гаплар баралла айтилади-ю, бироқ аксари ҳолларда амалий ишлар билан мустаҳкамланмасдан қуруқ гап, янгроқ сўз, чиройли чақириқ сифатида қолиб кетаверди.
Мана шундай ачинарли, оғир, мураккаб вазиятни тубдан ўзгартириб, ижтимоий, маънавий, иқтисодий тараққиётни таъминлаш мақсадида қайта қуриш, ошкоралик ва демократиялаш жараёни бошланганига тўрт йилдан ортиқ вақт ўтиб бораяпти, бироқ жамият, инсон турмушини, аҳволини кескин яхшилайдиган муваффақиятларга эришилмаяпти, баъзи соҳаларда вазият ҳатто турғунлик даврига нисбатан ҳам ёмонлашаяпти. Ахир, дабдабабозлик, мадҳиябозлик, порахўрлик авжига чиққан пайтларда ҳам совун, шакар каби маҳсулотлар танқислиги йўқ эди-ку?!
Ҳа, бундай танқисликни кўрмаганмиз, аммо маънавият ҳамда иқтисоддаги, айниқса, табиатдаги «ўпирилишлар» фожиаларни келтириб чиқарган объектив шарт-шароитлар, сабаблар, омиллар тўғрисида бош қотирмаганмиз. Айтайлик, бир-икки ёки ўн, ҳатто юз арбоб ёки раҳбарнинг хоҳиши билангина партия, давлат ташкилотларининг энг қуйи тармоқларидан бошлаб юқори поғоналаригача ҳукмронлик қилган буйруқбозлик, маъмуриятчилик касали келиб чиққанми? Агар шундай бўлса, нега ўша бир қанча раҳбарлар, арбобларнинг ўрнини алмаштириш, уларни лавозимларидан халос қилиш билан қайта қурилиш тўла амалга оширилиб, чинакам ижобий ўзгаришлар бўй бермаяпти?
Албатта, раҳбариятни тозалаш, уни янги кучлар билан мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этади, лекин бу ишнинг муваффақиятли бажарилишига номенклатура деган қонун-қоида катта тўсиқ бўлаётгани марказий матбуотда рўйи-рост айтилмоқда. Хўш, унинг нимаси ёмон? Аввало шуки, истеъдодли, қудратли, уддабурро, ишчан, доно раҳбарларни танлаш учун ижодий мусобақага йўл берилмайди. Ахир, кимларнинг қандай лавозимларга тайинланиши, ҳатто сайланиши беш, ўн-йигирма йил олдин кимларнингдир истаги, савияси, манфаатига кўра қатъий қилиб белгиланади-ку! Айниқса, раҳбарликка номзодларнинг кенг халқ оммаси иштирокида муҳокама этилмаслиги, жамоатчиликдан сир тутилиши жиддий эътироз туғдиради. Яна шуниси борки, ўша номзодлар бир соҳага раҳбарлик қилиб, ишни бузса, издан чиқарса, иккинчи соҳага, учинчисига, тўртинчиси, бешинчиси… ўнинчиси, йигирманчисига ўтказилаверади. Номенклатурага кириб қолдингми, демак, бир умр баъзан қуйи-паст, баъзан ўрта, гоҳида эса юқори босқичлардаги раҳбарлик мансаби билан таъминландим, деб ҳисоблайверасан. Борди-ю, бир фалокат босиб, оғир сиёсий хато қилмасангиз ёки оғир жиноят устида тутилмасангиз бас, юқори мартабали раҳбарлар доирасида айшингизни сураверасизки, буни тасдиқлаш учун юзлаб, минглаб мисоллар келтириш мумкин.
Тўғри, уларнинг ичида баъзан, онда-сонда тасодифан истеъдодли, ақлли, тадбиркор раҳбарлар учраб турадики, буни шу йил июл ойида жумҳуриятимиз партия ташкилоти раҳбариятида рўй берган ўзгаришда кўраяпмиз. Энди бу ўзгаришни кенг миқёсда авж олдириб, астойдил мустаҳкамлаш учун ўша номенклатурадан воз кечиш зарур, деб ўйлайман. Лекин номенклатура бир-икки йилдан буён эмас, балки қарийб ярим асрдан ортиқ вақт ичида жамиятимизда чуқур илдиз отиб кетганки, ундан қутилиш осон эмас.
Ҳа, ундан воз кечиб, янги қонун-қоида ишлаб чиқиш учун қаттиқ курашиш талаб қилинади. Борди-ю, бу курашда ғалаба қозонилса, жамиятимизнинг кўп соҳаларидаги инқилобий янгиланиш, покланиш жараёни анча тезлашарди. Бунга ишонч ҳосил қилиш учун мисол тариқасида «Бирлик» халқ ҳаракатига жумҳурият фирқа ва давлат ташкилотларининг қандай муносабатда бўлганини шарҳлашнинг ўзи кифоядир.
Маълумки, бу норасмий уюшма инқилобий қайта қуришнинг бир меваси сифатида дунёга келган эди. Ахир, мамлакатни бошқаришнинг барча тармоқларидаги буйруқбозлик, маъмуриятчилик, бюрократияни тугатиш, пахта ҳокимлигига барҳам бериш, пахта харид нархини ошириш, Оролни ҳимоя қилиш, еру сувлар, бутун табиатнинг софлиги, тозалиги, поклигини таъминлаш, миллий, маданий, илмий-эстетик тараққиётни йўлга қўйиш орқали халқимиз иқтисодий, ижтимоий, сиёсий мустақилликка эришиш, пировардида ижтимоий адолат, ҳалоллик, ҳаққонийлик, тенгликни тиклашни ўзининг асосий вазифаси деб ҳисоблаши бежиз эмас-да!
Шундай экан, «Бирлик»ни миллатчи ташкилотдир, деб қоралашга ҳеч қандай асос йўқ. Шунинг учун уни биринчилардан бўлиб Темур Пўлатов ҳимоя қилиб чиқди. У ўзининг ўтган йили Бутуниттифоқ ёзувчилари уюшмаси пленумида сўзлаган нутқида (бу нутқ «ЛГ»да босилди-ю, бироқ жумҳуриятимиз матбуоти юзини кўрмади) «Бирлик»нинг программаси — инқилобий қайта қуриш руҳи билан суғорилиб, партия манфаатларига мос тушади, деган фикрни қатъий қилиб айтганди. Сўнгра КПССнинг ўз тасарруфидаги «Учительская газета»да А. Усмонов Ўзбекистондаги норасмий уюшма фаолиятини таҳлил қилиб, унинг мақсад ва вазифалари ифодаланган программанинг муҳим нуқталарига изоҳ беради, пировардида айрим ноаниқликлар, мавҳумликлар, баъзи камчиликларга қарамасдан «Бирлик» халқимизнинг миллий онгу тафаккурини, унинг сиёсий фаоллигини ривожлантиришга қаратилганини ишонарли кўрсатади.
Кўраяпсизми, марказий матбуот «Бирлик»ни қўллаб-қувватлаяпти, унинг реакцион, миллатчи ташкилот эмаслигини исботлаяпти, аммо шунга қарамасдан жумҳуриятимиздаги энг юқори босқичдаги бир қанча раҳбарлар билан бирга уларнинг «ўртача», «қуйи» поғонадаги издошлари, иттифоқчилари бу уюшмани туҳмату бўҳтонларга «кўмиб», унинг бошлиқлари, аъзоларини тазйиқ остига олмоқчи ҳам бўлдилар. Яна шунисига эътибор берилмайдики, шу йил 28 майда «Бирлик»нинг қурултойи бўлиб, унга барча вилоятлардан вакиллар қатнашди, энг муҳими, Ўзбекистон халқ шоирлари Шукрулло, Эркин Воҳидов, жумҳурият ёзувчилар уюшмаси котиби Муҳаммад Солиҳ, рассомлар уюшмасининг раиси Баҳодир Жалолов, таниқли дирижёр, профессор 3. Ҳақназаров, ўнлаб истеъдодли ёзувчилар, фан докторлари (уларга мазкур сатрлар муаллифи қўшилган), номзодлари иштирок этди, уларнинг аксарияти мазкур уюшма ҳайъатига сайланди.
Хўш, мана шундай нуфузли ижодкор зиёлилар, оддий ишчилар, деҳқонлар, турли хил миллатларнинг вакиллари уюшган ташкилот халқ манфаатларига зид фаолият кўрсатиши мумкинми? Йўқ, асло… Бугина эмас. «Бирлик» ташкил этилган кунданоқ чинакам инқилобий қайта қуриш, ошкоралик, демократиялаш ғалабаси учун астойдил курашаётган партия арбоблари, аъзолари, ҳукумат бошлиқлари, хизматкорлари билан ҳамкорликда ишлашга тайёр эканликларини баралла айтдилар. Уларга «Бирлик» шу мазмундаги илтимослар билан мурожаат этдилар, лекин мунтазам равишда раддия олдилар. «Бирлик» ҳаётнинг барча соҳаларидаги қолоқлик, турғунлик моҳиятини ёритиб, қандай ижобий амалларга суянган ҳолда мавжуд «ўпирилишлар»ни тугатиш орқали ижтимоий, иқтисодий ҳамда маънавий, маданий тараққиётни таъминлашга қаратилган тафтиш ўтказувчи ўткир қурол сифатида майдонга чиқди.
Хайрият, жумҳурият миқёсидаги юксак раҳбариятда ўзгариш бўлиши биланоқ «Бирлик» фаолиятига хайрихоҳлик билдирилди. Унинг раҳбарлари, фаолларига телевидение орқали халққа мурожаат қилишига имкон берди. «Совет Ўзбекистони», «Правда Востока» газеталарининг 9 сентябр сонида мазкур норасмий уюшма программаси моҳият-эътибори билан партиямизнинг қайта қуришга қаратилган қарорлари, кўрсатмаларига ҳамоҳанг, муштарак эканлиги эътироф этилди.
Борди-ю, «Бирлик»ка муносабат янада яхшиланиб, рўйхатдан ўтказилса, расман эътироф этилса, эркин, мустақил фаолият кўрсатиш учун зарур шарт-шароит яратилса, у партиямизнинг соф, соғлом, салмоқли ижобий кучлари билан бирлашиб, ҳамкорликни кенг қулоч ёздириб, партиянинг ўзидаги, жамиятимизнинг барча жабҳаларидаги фақат сўзда қайта қуриш, ошкоралик, демократиялашни тан олган, аммо ана шундай янгиланиш, покланиш жараёнига қаттиқ қаршилик кўрсатаётган салбий кучларга қарши муросасиз курашга сафарбар этилиши шубҳасиздир. Зотан кундан-кунга мустаҳкамланиб, оммавийлашиб бораётган халқ ҳаракати биринчи галда раҳбариятдаги буйруқбозлик, маъмуриятчиликни бартараф этиб, моддий ҳамда маънавий бойликларни ишлаб чиқариш жараёнининг барча соҳаларини тафтишдан ўтказишга киришгани бежиз эмас. Шунинг учун норасмий уюшманинг ҳар бир раҳбари, аъзоси жамиятимизнинг ҳамма тармоқларини адолат ғалвиридан ўтказувчи тафтишчи, мавжуд нуқсонларни рўйи-рост очиб ташлаб, қўлга киритилган ютуқларни ҳимоя қилиш билан бирга тараққиётга ижобий таъсир кўрсатадиган танқидчи сифатида майдонга чиқаётгани сезилаяпти.
Бу адабий танқидчиликка ҳам тегишлидир. Негаки, у бадиий асар, ижодий жараённи таҳлил этиш орқали адабий, илмий-эстетик тафаккур, сўз санъати равнақига ҳисса қўшиш билан бирга иқтисодий, ижтимоий ҳаётнинг ижобий ўзгаришига туртки бериши даркор. Ахир, Белинский, Добролюбов, Чернишевский, Писаревлар шунинг учун бу соҳанинг буюк намояндаларига айландиларки, улар адабий-бадиий асарлар, ҳодисалар, материаллар таҳлили орқали фақат ёзувчилар фаолиятига баҳо бериш билан чекланмасдан ҳаётнинг ижтимоий-фалсафий, маънавий моҳиятини ёритганлар, дунё тараққиётига оид барча муаммолар юзасидан мулоҳазалар юритиб, давр руҳини очиб ташлаганлар-ку! Бинобарин, чинакам танқидчи шунчаки тафтишчи эмас, балки файласуф, мутафаккир, олим деб таърифланишига ҳаётнинг ўзи асос берадики, бу оддий ҳақиқатни кўп вақтлардан бери эътироф этиб келаётганимизга қарамасдан энди идрок эта бошладик. Мисол тариқасида Йўлдош Солижоновнинг «Кўникиш юки» («Ўз АС», 1989 йил, 7 июл) мақоласини тилга олмоқчиман.
Гапнинг индаллосидаёқ шуни таъкидлашим даркорки, мазкур мақола белинскийчасига ёки добролюбовчасига ёзилган жуда баркамол, етук, деб ғурурланиб гапиришга асос бермайди. Чунки унда кўпгина асарлар умумий йўсинда таърифланиб тавсифланади-да, чуқур ҳамда аниқ, ёрқин таҳлилдан ўтказилмайди, лекин танқидчи шундай адабий-бадиий фактлар, воқеаларни изоҳлаб, шарҳлаб берадики, бу шарҳлар, изоҳларда онгу тафаккуримиз, руҳимизни бойитиб, чексиз завқ-шавқ бағишлайдиган сўз санъатини, жанговар, муросасиз, қудратли ижодкорни қўллаб-қувватловчи қалб туғёнини сезиб турамиз. Бу туғён, айниқса Саид Аҳмаднинг «Жимжитлик», Нурали Қобулнинг «Унутилган соҳиллар» романлари танқидида ошкора намоён этилган. Негаки, Й. Солижонов шунчаки қоралаш, номига тафтиш этиш, атайин «уриб» ташлаш учун қўлга қалам олган эмас. У «Жимжитлик» романи яхлит олганда адибнинг «Уфқ»и сингари ҳаяжон билан ўқилмайди, романдаги қаҳрамонлар омонат тургандек, «пуф» десангиз, учиб кетадигандек таассурот қолдиради», деган фикрни ўртага ташлаб, буни асардаги айрим шахсларнинг хатти-ҳаракатларини изоҳлаш орқали ишонарли кўрсатади. Худди шу тарзда «Жимжитлик» мадҳиячиларидан бири — А. Алиевнинг бу асарни асоссиз кўкларга кўтарганига қарши чиқади. Н. Қобулнинг «Унутилган соҳиллар» романида ёзувчининг айтадиган жиддий гаплару бору, аммо улар бадиий тафаккур чиғириғидан пухта ўтказилмаганини ачиниб таъкидлайди (Таъкид бизники — Н.Х.).
Ҳаётий материаллар, қаҳрамонлар фаолиятини «бадиий тафаккур чиғириғи»дан ўтказиш муаммоси фақат Н. Қобул олдидагина эмас, бошқа қаламкашларнинг олдида ҳам кўндаланг турибди. Қайси ижодкор шу муаммони тўғри ечиб, яхши натижаларни қўлга киритаяпти, аксинча, қайси бирлари мағлубиятга учраяпти, деган талабга мувофиқ Й. Солижонов айрим асарлар ва уларнинг муаллифларини илмий-эстетик тафтишдан ўтказишга интилган. Лекин бундай интилишлар ниҳоятда кам бўлиб, ўзбек танқидчилигида кенг қулоч ёзмаяпти, тараққиётга салмоқли таъсир кўрсатмаяпти.
Тўғри, илмий-эстетик тафтиш қайта қуриш, ошкоралик, демократиялаш даврида бироз жонланди, турғунлик пайтларида танқиддан ташқарида турган номи улуғ — супраси қуруқ айрим қаламкашлар шаънига аччиқ, ҳаққоний таънаю танбеҳлар айтилмоқда. Шу маънода М. Қўшжоновнинг «Ўзбекистон коммунисти» журналининг шу йил март сонида чоп этилиб, ўзбек адабиёти ҳамда танқидчилигида рашидовчилик, брежневчилик балосининг урчишини фош этувчи мақоласи алоҳида ажралиб туради.
Шуниси ғалатики, ҳали бизда адабиётимизнинг барқ уриб равнақ топишига халақит берадиган иллатларни ёритишга энди киришилди-ю, аммо негадир танқидчилигимизда фош этиш кучайиб кетди, ютуқларимизни тасдиқлаб, қўллаб-қувватлаш сусайиб кетди, деган шикоят авжига чиқаяпти. Қани фош этувчи мақолалар, тақризлар? Ахир, уларни бармоқ билан санаш мумкин-ку?! Аслида мақтов руҳида чиқишлар ҳукмронлик қилмоқдаку?! Гўё фош қилувчи танқид зарарлидир, ўтмишга оид воқеаларни тафтиш этишнинг фойдаси йўқ-ку, деган овозлар янграмоқда. Буни «Соғлом муҳит — ижодий муваффақият гарови» («Совет Ўзбекистони», 1989 йил, 6 сентябр) ҳамда «Холис ва ҳаққоний» («Ўз АС», 1989 йил, 11 август) мақолаларида кўрамиз.
Аввало шуки, ҳар иккала мақоланинг асосий йўналиши, улардаги адабий жараённи, ижодкор фаолиятини холис, ҳаққоний таҳлил қилиш орқали соғлом муҳитни яратишга даъват этиш кайфияти ҳеч қандай эътироз туғдирмайди. Улардаги айрим мулоҳазаларгина баҳслидир.
Иккинчи мақола худди шу жиҳатлари билан биринчи мақолага ҳамоҳангдир, муштаракдир: «… бугун Ғафур Ғуломни Қодирийга қарши қўйиш, Усмон Носир билан Ҳамид Олимжонни синфий душманга айлантириш — сталинча маъмурлар ясаган ўзаро душманчилик муҳитини қайси бир тарзда давом эттириш ёки такрорлаш билан баробар эмасми?»
Борингки, шу саволни ўринли деб ҳисоблайлик, бироқ кимлар қачон, қаерда нима учун Ғафур Ғуломни Қодирийга қарши қўйиб, Усмон Носир билан Ҳамид Олимжонни синфий душман сифатида қоралабди?
Фақат сезгир, зеҳнли китобхонлар ҳамда бадиий, илмий-эстетик ижод муаммолари билан шуғулланувчи мутахассислар ҳар иккала мақоладаги бундай саволларнинг манбаи «Ёшлик» журналининг шу йил 5—7-сонларида босилиб чиққан «Қодирийнинг сўнгги кунлари» деб номланган ҳужжатли хотира қиссаси эканлигини билиб олиши қийин эмас.
Мазкур асар шундай мазмун, салмоққа эгаки, уни алоҳида олиб чуқур таҳлил қилиш, илмий-эстетик хулосалар чиқариш орқали фақат ўтмишгагина эмас, балки ҳозирги кунларга боғланган долзарб масалаларни ёритишга имкон туғдиради, лекин ҳозирча Ҳабибулло Қодирий ўзбек реалистик асарининг, ўзбек миллий романчилигининг асосчиси — мўътабар отасининг ҳамда ўзининг ҳаёти, фаолиятидан олинган фожиали саҳифаларини тарихий ҳужжатлар, аниқ фактлар асосида намойиш қилиб, ўзига хос жасорат кўрсатган ва бу жасорат мевасини бизларга етказиб берган «Ёшлик» журнали жуда хайрли, зарур, фойдали иш бажарган, деб баралла айтамиз. Шуниси фойдали, зарур, хайрлики, қиссада битта Қодирий эмас, балки Чўлпон, Фитрат, Усмон Носир каби ноҳақ қамалган, шафқатсизларча таҳқирланган, ниҳоят, ўлимга маҳкум этишга асос бўлган фактлар, ҳужжатлар биринчи бор ўқувчиларга ҳавола қилинаяпти. Ўша ҳужжатлар, фактларнинг «таъми»ни тотиб кўришингиз учун улардан атиги битта кўчирма келтираман: «Битсин бизнинг орамиздан
ҳайдалган ва бизнинг адабиётимизни бузишга уринган халқ душманлари — троцкийчи, бухаринчи, миллатчи, аксилинқилобчи З. Саид, Элбек, Чўлпон, Фитратлар!.. Биз шундай асарларни яратайликки, бизнинг бундан кейин яратган асарларимиз бизнинг адабиётимизни, драматургиямизни, поэзиямизни бўғмоқчи бўлган синфий душман, халқ душманлари 3. Саид, Элбек, Чўлпон, Фитрат, Абдулла Қодирий ва бошқа душманларга қарши иккинчи бир зарбали жавоб бўлиши керак» («Ёшлик», 6-сон, 1989, 48-саҳифа).
Дарвоқе, «халқ душманлари»га зарба берувчи асарлар ҳам ёзилдики, улардан биридан олинган қуйидаги сатрларга диққатингизни тортаман: «Эй Боту, эй Рамиз, эй Бадриддинов… Сенлар Муссулини (Муссолини бўлса керак—Н.Х), Чемберленнинг қон ичиб зўрайган эрка авлоди. Эй британ, Антантанинг фашист ўғуллари, уста жаллоди!.. Тўлқинни бўғмоқ истаган ёвларга — Ўлум! Ўлум! Ўлум!»
Бу парча Комил Яшиннинг 1933 йилда чоп этилган «Комсомол» тўпламидаги «Зарба» (Бадриддиновлар судида) номли сочма шеъридан олинган.
Бундан олдин келтирилган мисол ҳам К. Яшинга тегишли бўлиб, унинг «халқ душманлари»ни «фош» этишга бағишланган пленумда сўзлаган нутқидан келтирилган.
Ҳабибулло Қодирий уларни хиёнаткор, жиноятчи деб қораламайди, сўкмайди, лаънатламайди, фақат ҳужжатларни келтириш билан чекланади. «Ёшлик» журнали шунга риоя қилиб, Комил Яшиннинг «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 1988 йил 16 декабрида босилган мақоласидан бир кўчирмага диққатимизни жалб этади: «… ўттизинчи йиллардан тортиб, то эллигинчи йилнинг бошларигача бўлган даврда бекорга азият чеккан, энг азиз умрларини бой берган ажойиб ёзувчиларимиз, олимларимиз ва санъаткорларимиз ҳақидаги бор гапларни билиш, жон сақлаш мақсадида уларга бўҳтонлар ёғдирган, туҳматлар уюштирган, фамилияларини яшириб лақаб остида иш кўрган Ежов, Апресян, Леонов, Оғабеков деган қонхўрларга чин ихлос билан хизмат қилган, таъқибга учраганларнинг ҳисобига яшаганлар кимлар эканлигини ҳамма, айниқса, ёш авлод билиб қўйсин!».
«Ёшлик» журнали худди мана шу талабга риоя қилиб, ўзининг шу йилги май-июл сонларида «Қодирийнинг сўнгги кунлари» ҳужжатли қиссасини босиб чиқарганлиги мақтовга сазовордир. Шундай экан, 30 ёки 50-йилларда жонни сақлаб қолиш учунми, ҳасаду қизғанишданми ёки хиёнаткорлик, қотиллик кўчасига кирибми, бесабаб қон тўкилишига кўмаклашган одамлар номини очиқ айтиш, уларнинг қилмишларини фош этиш зарурлиги ҳақидаги К. Яшиннинг ҳозирги гаплари унинг ўзига ҳам тааллуқлидир. Аммо шунга қарамасдан К. Яшин ё Ҳ. Олимжон ёки А. Қаҳҳор қандай эзгу ишлар қилиб, халқимизга қайси баркамол асарлари билан маънавий озиқ, сабоқ берса, буларни ҳам инкор қилиш керак, деган маъно келиб чиқмайди-ку, ахир! Айниқса, А. Қаҳҳор 30—50—60-йилларда «Сароб», «Қўшчинор», «Тобутдан товуш», шунингдек ўнлаб ҳикоялари, бошқа асарлари билан маълум маънода ҳозирги инқилобий қайта қуришга замин ҳозирлашга муҳим ҳисса қўшганлигини йўққа чиқариб бўлмайди. Ахир, баъзан инсон ўзини ҳимоя қилаётиб рақибини ўлдириб қўйиши, шу йўсинда жиноят қилиши мумкин-ку! Бундай пайтда жазо ҳам енгиллаштирилади, бироз вақт ўтгандан кейин жиноятининг моҳиятини чуқур англаб, айби, гуноҳини ҳалол меҳнатлари, тўғри фаолияти билан «ювса», яхшилар қаторига қўшилиши ҳеч гап эмас.
Танг, оғир, мураккаб, чигал аҳволга шундай ёндашиш қанчалик ижобий аҳамият касб этишини «ЛГ»нинг шу йил 13 сентябр сонида босилиб чиққан А. Ананьевнинг мактубини ўқигандан кейин янада яхшироқ ҳис қилдим.
Маълумки, А. Ананьев — СССР Ёзувчилари уюшмасининг котибларидан бири, «Октябр» журналининг бош муҳаррири. Меҳнат қаҳрамони юлдузи билан тақдирланган рус адибларидан бири. У ўтмишда Андрей Сахаров, Александр Солженицин каби ғоятда зўр олим ва ёзувчининг бегуноҳ асоссиз таъқиб этилишига, таҳқирланишига иштирок этганини ошкора эътироф этиб, бунинг учун ҳозир азият чекаётганини, пушаймон бўлганини, тавба-тазарру қилаётганини билдиради. «Лекин, — деб ёзади у, — бунинг ўзи етарли эмас. Гуноҳу айбларимни ювиш учун истеъдодларга, яхши одамларга кўмаклашиб, уларнинг оғирини енгил қилишимиз керак».
Ўзгаларнинг хатоларини кўрсатиш унчалик қийин эмас, аммо ўзингнинг қаерда «қоқилиб», қандай нуқсонга йўл қўйганингни тафтиш этиш жуда оғир, қийин кечади-ку! Лекин кимки, ҳар қандай шароитда ҳам аччиқ ҳақиқатнинг юзига тик қараб, ўзининг қаерда, нима сабабдан, қандай айб, гуноҳ қилганини бўйнига олса, унга хайрихоҳлик туйғуси уйғонади. Ахир, пичоқни олдин ўзингга ур, оғримаса бировга ур, деб бекорга айтишмайди-ку! Эх,-ҳа, «пичоқни ўзингга уриш», ўз-ўзини танқид қилиш, тафтишдан ўтказиш қанчалик ташвишли, ҳатто даҳшатли иш! Аммо усиз, ўз-ўзини тафтиш қилиш, тафтиш орқали қандай ижобий, қандай салбий хусусиятлар борлиги аниқламасдан камолот йўлидан ғалабалар сари муттасил бориш асло мумкин эмас! Яна шунисини назарда тутиш зарурки, ўзингнинг нуқсонларинг туфайли ҳам ўзинг, ҳам ўзгалар азият чекади, оғир йўқотишлар бўлади, ҳатто ҳалокатга олиб келиши ҳеч гап эмас. Шунинг учун кимларнингдир айби билан ўлимга маҳкум этилган Абдулла Қодирий ё Чўлпон, Фитрат ўрнига ўзимизни қўйиб кўрайлик! Инсон ўз айби, ўз жинояти билан жазога тортилса, қанча қийналмасин, эзилмасин, бироқ, майли, ўз айбим, гуноҳимга яраша «мукофотланаяпман», деб тақдирига тан бериши мумкин. Борди-ю, туҳмату бўҳтонларга асосан «халқ душманлари» деб қоралансангиз, турмага ташлансангиз, пировардида, отиб ташлансангиз, бундан оғир, даҳшатли жазо бўлмайдику! Шунинг учун Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат каби халқимизнинг энг азиз, истеъдодли, ҳалол фарзандлари бўҳтону туҳматларга «кўмиб» ташланганларида неча марта ўлиб тирилгандек ҳолатни ўз бошларидан кечирганларки, буни ҳис қилган одам бутун вужуди билан «дод-вой» қилиши, наъра тортиб, бутун дунёга жар солиши ҳеч гап эмас. Ахир, бехосдан қаерингизгадир игна кириб кетса, андак яралансангиз ёхуд бирон жойингиз оғриса, қанчалик қийналиб, ширин жонингизни асраш, муҳофаза қилиш учун курашасиз-ку! Борди-ю, сизни ҳеч қандай айбсиз, гуноҳсиз аввало номингизни бўҳтону туҳматлар билан булғаб, сўнгра ҳаётдан кўз юмишга мажбур қилишса, бунга чидаш мумкин эмас-ку, ахир! Вазият яна шуниси билан оғирлашадики, доно, нодиру ноёб истеъдодлар ҳар куни эмас, фақат онда-сонда дунёга келади, уларни йўқотиш бир-иккита шахснинг эмас, балки бутун эл-юртимиз, халқимиз фожиасидир. Айни чоқда истеъдодсиз, қобилиятсиз шахслар ҳаммавақт кўпчиликни ташкил этиб, ўшандай фожиаларни келтириб чиқаради, ўшандай фожиалар ҳисобига яшайди. Шунинг учун улар тафтишу танқиднинг ашаддий душманлари сифатида майдонга чиқади. Ахир, адолат руҳи билан суғорилиб, ҳар жиҳатдан исботланган тафтишу танқид истеъдодлиман, зўрман, буюкман, деб усталик билан ниқобланган ғаламисларнинг асл башарасини очиб ташлайди-ку! Аксинча, чинакам талантли ижодкорлар, олимларгина эмас, қобилиятли, доно меҳнаткашларнинг доимо муттасил равишда униб-ўсишига кўмаклашади ва шуниси билан тараққиётнинг бир манбаи, воситаси, қуроли сифатида ҳамма вақт яшайверади, ундан, яъни танқиду тафтишдан халос бўлиш ҳалокатга маҳкум этилишнинг бошланиши деб қаралиши лозим. Аммо баъзан буни айрим истеъдодли ижодкорларимиз, олимларимиз ҳам тушунмасдан тафтиш, танқид обрўмизни тўкади, ривожланишимизга халақит беради, деб ўйлайдилар-да, танқиду тафтишга тиш-тирноқлари билан қарши турадилар. Айни чоқда бағри кенг, қудратли, доно мутафаккирларимиз, ижодкорларимиз, умуман яратувчи, кашф этувчи зиёлиларимиз, ҳатто оддий меҳнаткашларимиз ҳар қандай қаттиқ, кескин, лекин асосан, адолатли танқиду тафтишдан қўрқиш тугул, шундай танқиду тафтишни ривожлантириш тарафдори бўлиб майдонга чиқадилар. Бунинг ёрқин бир мисоли сифатида шу ерда М. С. Горбачевни тилга олиш жоиздир.
Кейинги ярим аср мобайнида партия ҳамда давлатимизнинг мана шу сардоригина ўзи тириклигида, қизғин фаолият кўрсатиб турган пайтда ўз шаънига ошкора танқидий фикрлар билдирилишига йўл очиб бердики, буни ўзига хос мардлик, жасорат деб баҳолаш зарур. Ахир, СССР халқ депутатларининг биринчи қурултойидагина эмас, балки бошқа йиғинларда, марказий матбуотда, хусусан «Новий мир», «Огонёк», «Литературная газета» саҳифаларида унинг инқилобий қайта қуриш, ошкоралик, демократиялаш жараёнининг асосчиси, бошловчиси, сардори сифатида эътироф этилиши билан бирга айрим нуқсонлари гоҳо тўғридан-тўғри бевосита, гоҳо бавосита кўрсатилаётгани инқилобий янгиланиш, покланишга хизмат қилаяпти-ку! Марказдаги бир қанча давлат, партия, илм-фан, маданият, бадиий ижодиёт арбоблари масалага шу нуқтаи назардан ёндашиб, танқиду тафтишни ҳар томонлама ривожлантирмоқдалар. Аммо жумҳуриятимизда ҳалигача бунинг аксинча бўлиши учун курашувчилар кўпчиликни ташкил этади. Улар ҳақиқий тафтиш, адолатли танқид бошланиши биланоқ нуқул фош қилиш билан шуғулланиб, ютуқларимиз, яхши ишларимизни инкор этаяпмиз, деб нолийдилар. Ваҳоланки, жумҳуриятимиз ижтимоий, иқтисодий, маънавий-маданий ҳаётининг барча соҳаларида кеча ва бугун рўй бераётган кўпгина ҳодисалар илмий жиҳатдан баркамол, етук тафтишдан ўтказилмаётир, мавжуд нуқсонлар рўйи-рост очиб ташланмаётир. Айтайлик, брежневчиликнинг, рашидовчиликнинг моддий ҳамда маданий бойликларни ишлаб чиқаришда келтирган зарарлари, айниқса, улар авж олдирган буйруқбозлик, маъмуриятчилик сиёсати қатъий зарбага учрагани йўқ-ку, ахир! Ҳозирги инқилобий қайта қуриш, ошкоралик, демократиялаш талабларидан келиб чиқиб, жумҳуриятимиз, халқимиз ўтмиши, фанимиз, адабиётимиз тарихини ҳаққоний тафтишдан ўтказиб, қандай анъаналарни ривожлантириш, қандай иллатлардан воз кечиш вазифасини бажардикми?
Йўқ, бажаришга энди киришаяпмиз, бироқ бу ишни бошламасданоқ унга қаршилик кўрсатувчилар кўпайиб бормоқда. Яқиндагина Ҳамзанинг юз йиллик таваллудини нишонлаганимизда буни яққол кўрдик.
Ростини айтайлик: бу адибимизнинг беш жилдлик тўла асарлар тўплами босилиб чиқиши билан унинг номига нисбат берилиб келинган «Яша, Шўро» шеъри, «Бой ила хизматчи» драмаларининг асл нусхаси, яъни Ҳамзанинг ўз қўли билан ёзган нусхаси йўқ эканлиги маълум бўлди. Ваҳоланки, худди мана шу асарларга асосланиб, Ҳамзани ўзбек совет адабиётининг асосчиси, деб бонг урдик. Яна шуниси маълум бўлдики, у Октябр инқилобини дарров тушуниб етмабди, олдин «Қўқон мухторияти»ни мадҳ этибди. Айни чоқда халқимизнинг неча асрлардан буён қолоқликда, қашшоқликда яшаб, ўз ҳаққи-ҳуқуқи учун курашмаётганини изтиробли дардли сатрларга жойлабди…
Ҳис қилаяпмизки, Ҳамзанинг илоҳийлаштирилган, «қизил» рангга бўяб ташланган қиёфасини эмас, асл қиёфасига оид айрим белгилар, баъзи хусусиятларни кўраяпмиз ва шу ҳақда бир-икки олим озгина мулоҳаза юритиб, тарихий ҳақиқатни ёритишга интилдилар, лекин бу интилиш ҳали кенг қулоч ёзиб улгурмасданоқ «Ана, Ҳамзани камситаяптилар, ерга ураяптилар!» деган овозлар янграяпти. Борди-ю, бундай овозлар матбуотда янграса, уларнинг асоссиз эканлигини кўрсатардик. Афсуски, жумҳуриятимизда айрим йиғинларда, расмий доираларда шундай қилинаяптики, бу, бора-бора ваҳимали «мишмиш»ларни келтириб чиқаради.
Гап фақат Ҳамза ижоди, фаолиятини қайта баҳолаш, янгича тафтишдан ўтказиш ҳақидагина бораётгани йўқ. Ахир, бир арбоб, ё ижодкор қанчалик буюк, зўр бўлмасин, барибир масаланинг асл моҳиятини ёритиш, тарихий ҳақиқатни кўрсатиш учун асос бўлолмайди-ку! Зотан, у ёки бу соҳадаги бир-икки ижодкорни танқид қилиш билан вазиятни тубдан ўзгартириб, катта ғалабаларга эришиш қийин. Айни чоқда шуни ҳам унутмаслик даркорки, ярамас бузоқ бутун подани бузади, деганларидек, айрим нобоп шахслар яратиш, кашф этиш муҳитини булғайдилар, ҳатто гоҳида салбий томонга ўзгартириб юборадилар. Бинобарин, қаерда ким бўлиб, қандай хизмат бажараётган шахслар ёки ижодкорлар ёхуд ижобий ҳамда салбий воқеалар ҳақида гап кетмасин, уларнинг ҳаёт тараққиётини таъминлашга бевосита, бавосита алоқадор жиҳатларини тафтишдан ўтказиш орқали яхши яшаш, яратиш, кашф этиш зарур шарт-шароитларни тозалаш, янгилашга эришишимиз зарур. Шуни назарда тутиб, М. С. Горбачев яқинда миллатлараро муносабат муаммоси таҳлилига бағишланган партия Марказий Комитетининг пленумида қуйидагиларни алоҳида таъкидлайди: «… биз тарихий ҳақиқатни тўла тиклаш тарафдоримиз. Бугунги куннинг эҳтирослари ва даъволари олдида бўйин эгиб, субъектив тасаввурлар ва сиёсий китобларга майл қўйиб, тарихни қайтадан ёзиб бўлмайди. Воқеалар ривожини орқага буриб бўлмайди. Тарихий ҳақиқатга ва ҳозирги дунёнинг реалликларига таянибгина олғс бориш мумкин». Зотан, тарихий ҳақиқатни тўла тиклаб, унга таянган ҳолда ҳозирги давр ҳақиқатининг туғилиши, ғалаба қозониши билан баракали мевалар беришига қаратилган танқид, ўз-ўзини танқид, тафтиш ҳар томонлама кенг қулоч ёздирилиб, чуқур илдиз оттирилмаса, чинакам тараққиёт бўлиши мумкин эмас.
«Гулистон» журнали, 1990 йил, 1-сон