Қорабоғ экологиясига етказилган зарар бўйича халқаро текширув ўтказиш талаб қилинди

Озарбайжоннинг 30 йил давомида  ишғол остида бўлган ерлари табиати –  ўсимлик ва ҳайвонот оламига ҳам жиддий зарар етказилган. Бу ҳақда “Янги Озарбайжон” партияси Зардаб тумани раҳбари  Илкин Алиев маълум қилди.

Қайд этилишича, Арманистон ишғоли остида бўлган ҳудудлар, яъни Қорабоғнинг табиий бойликлари эксплуатация қилинган, маданий ёдгорликлар йўқ қилинган, қолаверса, ўрмон фонди ва  сув манбаларига жиддий зарар етказилган.

“Озод қилинган ҳудудларда, 43 минг гектар бўлган Губадли, Лочин, Дашалти, Аразбўйи тақиқланган қўриқхоналари, Боситчай ва Қоракўл қўриқхоналарида босиб олинишдан олдин Озарбайжон Республикаси қизил китобига киритилган кўплаб фауна ва флора муҳофаза қилинардики, уларнинг аксари аллақачон бутунлай вайрон қилинган ёки ҳалокат ёқасида келиб қолган”, – дейди Илкин Алиев.

Бу ҳол ҳудудда жиддий экологик муаммоларга олиб келганини таъкидлаган сиёсатчи мавжуд ҳолат юзасидан халқаро текширув ўтказиш лозимлигини қайд этган.

“Ишончимиз комилки, тарихий ва маданий ёдгорликларни муҳофаза қилиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва экологик муаммоларни ўрганиш билан шуғулланадиган халқаро ташкилотлар томонидан қарийб 30 йил давомида босиб олинган ҳудудларимизда содир этилган ҳаракатлар объектив равишда ўрганилиб, халқаро мезонларга мувофиқ ҳуқуқий баҳо берилади”, – деб хулоса қилади “Янги Озарбойжон” партияси вакили.

Илкин Алиев Озарбайжон муваффақиятли ички ва ташқи сиёсат, иқтисодий тараққиёт ва мунтазам низомли армия қуриш орқали ўз тарихий ерларини қайтариб олганини таъкидлаган.

“Олий бош қўмондонимиз жаноб Илҳом Алиев қўмондонлиги остида 44 кунлик уруш даврида ишғолдан озод қилинган ҳудудларда тиклаш ишлари бошлангани ғурурлидир. Ҳудудларимиз миналардан тозаланмоқда, замонавий стандартларга жавоб берадиган инфратузилма лойиҳалари амалга оширилмоқда. Агрессия оқибатида бу ҳудудлардан мажбуран кўчирилган кўчкинларимиз президентимизнинг қатъияти туфайли тез орада ота-боболаримиз ва боқий диёримизга қайтиб келадилар”, – дейди сиёсатчи.

Эслатиб ўтамиз, Озарбайжон армияси Қорабоғда 2020 йил 27 сентябрдан 9 ноябрга қадар кечган жангларда қарийб 30 йил ишғол остида бўлган ҳудудларини қайтариб олди. 2020 йилнинг 10 ноябрида Озарбайжон, Арманистон ҳамда Россия ўртасида уч томонлама битим имзоланди. 44 кунлик уруш якунида Қорабоғдаги 5 та шаҳар, 4 та посёлка ҳамда 286 та қишлоқ яна Озарбайжон тасарруфига ўтди.