Амакимни бува дердим. Балки асл бувам бевақт даво топиб, унинг ўрнини амаким босгани учун шундай бўлгандир. Мен учун мана шундай қадрли, ардоқли инсон қарийб етмиш йиллик умри мобайнида ўз қишлоғидан лоақал бир марта ташқарига чиқиб, бирор санаторийда даволанганини, дам олиш уйида бўлганини, яйраб яшаганини билмайман. Пахтазор унинг яшаш, даволаниш, дам олиш масканига айланганди. Атиги бир марта — 1971 йили ялиниб-ёлвориб, Тошкентга «судраб» олиб келганман. Аммо иккинчи куниёқ йўлга отландилар. «Пахтам қаровсиз қолди, тезроқ сувғориб, ишлов бермасам, ғўзаларим қуриб қолади. Шу куни қайтиб келаман, деб бригадирга сўз берганман», деб қаттиқ туриб олдилар. Ундай деб илтижо қилдим, бундай деб ялиндим, бўлмади. «Йўқ, болам бригадирга сўз берганман, лафзимни бузсам, қишлоқда бош кўтариб юролмайман-ку!..»
Хуллас, бувамни кузатиб қўйишга мажбур бўлдим. Ростини айтсам, ўша бригадирдан нафратланиб кетдим: бир меҳнаткаш бутун умрини пахтага бағишлаб, ҳаётини далада ўтказаётган бўлсаю…
Шундай деб жиғибийрон бўлардим-у, бироқ айни чоғда бувамнинг лафзини бузмаганини, сўзининг устидан чиққани, ваъдани жонидан ортиқ эъзозлагани учун фахрланиб кетдим. Бутун умрини далада ўтказиб, саводини чиқаришга улгурмаган бир заҳматкаш, оми одам ҳар қандай қийинчиликларга қарамай сўзи билан иши бирлиги учун жон куйдирсаю, аксинча бўлишини хиёнат, ҳатто жиноят деб тушунса. Ижодкорларимиз, журналистлару танқидчиларимиз ўзларининг ҳар бир сўзи, гапи қадрини, ўн, юз карра орттирилган масъулият, жавобгарлик туйғуси билан ҳис қилиши, шунга кўра иш қилиши керак эмасми? Сўз отилган ўқ, ўлдирадиган ҳам, тирилтирадиган ҳам сўз эканлигини сўзшунослар тушунмаса, бошқа кимлар тушунади?
Йўқ, тушунишнинг ўзи етмас экан. Негаки, дабдабабозлик, кўзбўямачилик, порахўрлик, лаганбардорлик, мансабпарастлик каби иллатлар авжига чиққан кейинги ўттиз йил мобайнида анча-мунча нарсани англайдиган ижодкорлар, раҳбарлар, меҳнатнашлар ҳам кўра-била оқни қора, қорани оқ, деб ишонтиришга зўр бериб уриндилар-ку!
Хўш, инқилобий қайта қуришга киришиб ҳақиқий ошкораликни таъминлаш, демократиялаштиришни кенг қулоч ёздириш учун курашаётган ҳозирги кунлардачи? Бутун қалам аҳли ҳар бир сўзи, гапи, ибораси ҳаёт ҳақиқатини мавжуд мураккабликлари, зиддиятлари билан ифодалашга қаратилиши зарурлигини чуқур идрок этиб, шунга мувофиқ иш юритаяптими?
Бу саволларга қисман ижобий жавоб қайтариб, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати», «Ёш ленинчи», «Ёшлик» каби матбуот органларида гоҳо республикамиз ҳаётининг бир қанча тармоқларида инқилобий покланиш, янгиланиш жараёнида учраётган қийинчиликлар, мураккабликлар моҳиятини ёритишга қаратилган муросасиз, салмоқли, долзарб мақолалар босилгани, шу аснода, ўзига хос жасорат кўрсатилаётганнни мамнуният билан таъкидлаш зарур. Лекин ижобий ўзгаришлар уфқи, кўламини янада кенгайтириб, туб бурилишларга эришилмаса, чинакам муваффақиятлар юзага чиқиши мумкин эмас. Ваҳоланки, бирқанча қаламкашлаларимиз билибми, билмасданми, моддий ва маънавий, маданий бойликларни ишлаб чиқаришнинг кўпгина соҳаларида инқилобий қайта қуриш, ошкоралик, демократиялаштириш ишлари гўё ҳеч қандай қийинчиликларсиз завқ-шавқ билан авж олдирилаяпти, турғунлик даьридаёқ улуғвор зафарларга эришилганди, деган фикрни илгари сурмоқдалар. Мисол тариқасида Н. Холлиевнинг «Уйғониш садолари» мақоласини («Ўзбекистон адабиёти ва санъати», 1988 йил, 2 декабрь) кўрсатмоқчиман.
Олдиндан айтиб қўяй: унда адабиётимиз қарийб етмиш йил мобайнида эришган ютуқларни кўрсатишга интилиш бор ва бу интилиш баъзи ҳолларда ҳаёт ҳақиқатининг бир қисмини акс эттиради. Аммо ҳамма гап ўша «муносиб ҳисса» моҳиятини кўрсатишдаки, бу борада Н. Холлиев айтмоқчи бўлган фикрини обдон ўйлаб, текшириб, ҳаққоний сўзлар орқали ёритишга масъулият ҳисси билан ёндошган дейиш қийин: «Э. Воҳидов ва А. Орипов поэзияга янги тасвир, янги фикр олиб кира бошлади. Беҳад истеъдодли бу икки шоир зиммасига Ғафур Ғулом, Ойбек, Шайхзода, Уйғун, Миртемир каби атоқли шоирлар ижод қилиб турган пайтдаёқ адабиётдаги догмалар ва қобилиятсизликлар, вульгарликларга қарши курашиш, адабиётни уйғотиш вазифаси тушди ва улар ўз бурчини ШАРАФ БИЛАН адо этдилар. Бугунги кунда ГУРКИРАБ РИВОЖЛАНАЁТГАН янги давр адабиётининг биринчи вакили ва йўл очари Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов бўлди» (Бу ва бундан кейинги таъкидлар бизники Н. X.)
«Шараф билан адо этдилар», «гуркираб ривожланаётган янги давр» деб мулоҳаза юритиш 60—80-йилларда қатъийлашган таомил эди, аммо бу иборалар дабдабабозлик, кўзбўямачилик каби иллатлар қораланиб, масалага, вазиятга инқилобий қайта қуриш нуқтаи назаридан ёндошиш талаб қилинаётган ҳозирги вақтда ўртага ташланаётганини ҳеч қандай важ-карсон билан оқлаб бўлмайди-ку, ахир?!
Энди қуйидаги кўчирма мағзини чақайлик: «Э. Воҳидов адабиётга қувонч ва бахтни, ҳаёт ва замонни куйлаб кириб келди: у мавжуд традициялар йўлида ижод этди. Бироқ ИСЁН шундаки, у туғма шоир эди. Турғунлашиб ҚОБИЛИЯТСИЗЛАНИБ қолган адабий муҳитда (?) ёшлик ва истеъдод шавқи ИНҚИЛОБИЙ МАЗМУН КАСБ ЭТДИ». Исён дейилганда ниманинг назарда тутилаётгаиинн англаб бўлмайди. Ахир, туғма талант ўз-ўзидан исён, деган маънони ифодаламайди-ку? Умуман, истеъдод фақат туғма бўлади, сунъий равмшда ҳали бундай нодир бойликни ҳеч ким яратолмаган.
Мавли, бир-икки сўз, ибора чалкаш қўлланилган, мантиққа мос тушмайди дейлик, аммо «ёшлик ва истеъдод завқм инқилобий мазмун касб этди», деган ҳукмни қандай изоҳлаш мумкин? Ахир, завқ-шавқ, қувонч сингари туйғулар, ҳислар эҳтиросларга сиёсий тус бериб, «инқилобий мазмун касб этди», дейиш вульгарлаштиришнинг, жўнлаштиришнинг ўзгинаси эмасми?
Н. Холлиев фикрича, фақат Э. Воҳидовгина эмас, А. Орипов ҳам ўз асарларига инқилобий қайта қуриш руҳмни сингдириб юборибди. Натижада, ўзларининг ижодкор сифатидаги вазифаларини шараф билан адо этибдилар. Яна қайси йилларда денг! Дабдабабозлик авж олиб, турғунлмкни юзага келтирган 60—80-йилларда!
Эътибор беринг-а, ўша пайтларда буйруқбозлик, бюрократизм раҳбарликнинг «қуйи» тармоқларидан то «юқори» поғонасигача ҳукмронлик қилганда ижодкорларнинг ҳақиқатни баралла айтишига, юрак дардларини рўйи-рост ошкор этишига йўл қўйилмади-ку? Борди-ю, бундан кўз юмиб ҳар иккала ижодкор ўзларининг каттаю кичик ҳамкасблари билан ёзувчилик бурчларини «шараф билан бажарган» десак, дабдабабозлик, кўзбўямачилик, порахўрлик, схематизм, бюрократизм, вульгар социологизм каби иллатлар авж олдирилмаган, дейишга мажбур бўламиз-ку! Аслида, реал ҳақиқат А. Орипов, Э. Воҳидов каби истеъдод эгалари ўзларини «миллат ва халқ оталари» деб эълон қилган «юқори доира»даги раҳбарлар, барча бюрократлар, мансабпарастлар томонидан «жиловлаб» қўйилганини, ижодий эркинликни партиявийлик, халқчиллик, социалистик реализм «талаблари»ни қалқон қилиб бўғиб ташлашганини кўрсатади. Бордию, аксинча бўлганда ҳар иккаласи айтайлик, Е. Евтушенко ёки А. Вознесенский билан ижодий мусобақага киришиб, Бутуниттифоқдагина эмас жаҳон миқёсида шуҳрат қозонмасмиди?!
Н. Холлиев мана шулар ҳақида мушоҳада юритганда, турли назоратларга қарамасдан ҳар иккала шоиримиз бошқа қаламкашлар нуқул «урра-урра»чиликка «шўнғмб» кетган пайтларида халқимиз дарду ҳасратларининг бир қисмини ҳам қанча қийинчиликлар билан мисраларга жойлаб, ўқувчиларга етказганини, шу тариқа чинакам ижодий жасорат кўрсатганликларини очиб берган бўларди. Аллақачонлароқ анча-мунча мухлислар орттирган айрим мунаққидларимиз ҳам ўша машъум дабдабабозлик, кўзбўямачилик, юзакилик каби «касаллик»лар асоратидан қутула олишмаяпти. Даъвомни исботлаш учун Умарали Норматовнинг яқинда эълон қилинган М. Муҳаммад Дўстнинг янги романига ёзган сўнгги сўзидаги бир фикрга эътиборингизни тортаман: «Мен «Лолазор» енгил ўқиладиган асарлар хилидан эмаслигини айтганимда, бу асар тафаккур тарзи, тил, ифода, услуб ва усуллари жиҳатидан ҲОЗИРГИ ДАВР ЖАҲОН АДАБИЁТИДАГИ ЕТАКЧИ ЙЎНАЛИШЛАРГА МАНСУБ эканлигини, романдаги ТАСВИРНИНГ ПОЛИФОНИК СЕРЖИЛОЛИК ХУСУСИЯТИНИ таъкидламоқчиман, холос».
Бир лаҳза шундай бўлган, деб тасаввур қилайлик, аммо қани ўша «тафаккур тарзи, тил ифода, услуб ва усуллар»даги «жаҳон адабиётидаги етакчи йўналишлари»ни кўрсатадиган унсурлар, қани ўша «полифоник сержилолик?» Афсуски, мунаққид ўз даъвосини исботлаш учун конкрет мисоллар келтирмайди. Ҳатто «полифоник сержилолик» деган иборанинг қандай маъно англатишини, шу маънонинг қандай қнлиб қайси воситалар орқали «Лолазор»да ифодалангани тўғрисида махсус тўхталмайди. Ҳолбуки, У. Норматов полифония тушунчасини бадиий ижодга татбиқ этган адабиётшунос М. Бахтиннинг замон руҳини, ҳаёт ҳақиқатини мавжуд зиддиятлари билан гавдалантирадиган тўлақонли, таъсирчан образлар, тирик ва типик характерларда ўз ифодасини топадиган кўпмаънолилик, ранг-баранглик, сержилолик, яъни полифонмя тўла миқёсда Достоевскийга фақат қисман Л. Толстойга хосдир, деган фикрини яхши билади ва яхши билган ҳолда бундай юксакликка М. Муҳаммад Дўстни «олиб чиққани»га ажабланмасдан иложингиз йўқ.
Умуман, адабиётитимиз қўлга киритган ютуқлардан қувонмаслик, фахрланмаслик керак, демоқчимасмиз. Гап уларнинг моҳиятини теран англаб, идрок этиб, салмоғини орттириб кўрсатмаслик, йўл қўйилган нуқсонлардан кўз юммаслик, йўқни бор, борни ошириб-тоширмаслик, яхшисини ёмон, яхшисини аъло, деб асл вазиятни бузиб бермаслик ҳақида кетаяптики, бу оддий ҳақиқатни ҳеч ким инкор этмайди-ю, бироқ амалда бошқача вазиятга дуч келаяпмиз.
Ҳ. Абдусаматовнинг кетма-кет босилиб чиққан «Замондош у келажакка ҳам…» («Совет Ўзбекистони», 1988 йил, 6 декабрь), «Бахти кулган санъаткор» («Тошкент оқшоми», 1988 йил, 25 ноябрь), «Академик театримиз» («Ўзбекистон адабиёти ва санъати», 1988 йил, 18 ноябрь) мақолаларини ўқигач, бунга яна бир карра ишонч ҳосил қиласиз.
Табиийки, мазкур мақолаларда қаламга олинган мавзуга оид бирқанча тўғри мулоҳазаларни учратасиз; бирида Ҳамза Октябрь инқилобини мадҳ этгани, иккинчисида кўзга кўринган таниқли актёрларимиздан Зикир Муҳаммаджоновнинг театр ва кинода кўплаб ҳаётий образлар яратгани, учинчисида академик театримизнинг етмиш йиллик фаолиятида салмоқли натижаларга эришгани тўғрисида айтилган ижобий фикрлашга қўшилиш мумкин. Лекин бу фикрлардан бирортаси аниқ, реал фактлар таҳлили орқали исботланмайди. Бу, айниқса, биринчи мақолада яққол кўринади. Унда бошдан оёқ Ҳамзанинг улуғлиги, зўр санъаткор, ижодкор эканлиги ҳадеб таърифланиб, тавсифланади: «Революцион халқ жанговар замон янгича ижод учун имкониятлар яратган бўлса, унинг куйчиси бўлган Ҳамза улардан МАҲОРАТ БИЛАН фойдаланиб, АЖОЙИБ КАШФИЁТЛАР ихтиро этди».
Кани ўша «ажойиб кашфиётлар»? Уларни нимага асосан кашфиёт деб эътироф этамиз? Нималардан қандай мақсадда маҳорат билан фойдаланган? Бу маҳорат натижаси нималарда ўз аксини топади?
Саволларга жавоб бериш ўрнига Ҳ. Абдусаматов таърифу тавсиф йўлини тутади: «Санъаткор адабиётга РЕВОЛЮЦИОН ЎЗГАРИШлар олиб кирди, воқеликдаги ЯНГИЛИКЛАРНИ бадиий воситалар орқали оммалаштирди. Бу билан унинг НОВАТОРЛИГИ, НОЁБ ТАЛАНТ СОҲИБИ эканлиги яққол намоён бўлди».
Ҳамзанинг қайси асарларида ўша «революцион ўзгариш»лар қандай ифодалангани, қандай янгиликларни нималар орқали оммалаштиргани, ўзининг ноёб талант эгаси эканлигини қаерда, қандай намойиш этгани, қандай қилиб новаторликни эгаллагани хусусида, афсуски, баркамол ҳақиқий илмий-эстетик таҳлилга асосланган аниқ, ёрқин, ишонарли мулоҳаза юритилмайди. Муаллиф ҳозирги қайта қуриш жараёнида сайловлар демократик асосда ўтказилаётганлигини уқтириб, диққатимизни қуйидагиларга жалб этади: «Шу нуқтаи назардан қараганда Ҳамзанинг бундан 62 йил олдин ёзилган «Сайлов олдида» шеъри АЛОҲИДА АКТУАЛЛИК касб этади». Сўнгра шу «актуаллик» нималарда кўринишини асослаш ниятида шундай мисраларни келтиради:
Мени сайланг, мени сайланг,
Менинг фарзандларим!
Давлатим бирла сизни
Ўлгунча меҳмон қиламан.
Бу мурожаат, маълумки, 20-йилларда яшаган бой тилидан билдирилаяпти, аммо унинг ҳозирги кунларга қандай алоқаси бор? Нималарга асосан ўша мисралар ҳозирги инқилобий покланиш, янгиланиш даврида актуаллик касб этади?
Афсуски, мақола муаллифи масаланинг шу жиҳатига аниқлик киритмайди. Умуман олганда, у «новаторлик», «янги мазмун», «революцион ўзгаришлар», «оригиналлик» «маҳорат» каби жуда ноёб сўзлар, тушунчалар, иборалар, жумлаларни хоҳлаганча ишлатаверадию, бироқ «оригиналлик» ёки «новаторлик» нималарда қандай намоён бўлаётганини ҳаққоний таҳлил орқали кўрсатмайди. Бунинг исботи сифатида яна бир мисол келтирамиз: «Биз бу билан Ҳамза ижодини идеаллаштириш керак ёки унинг нуқсонларини очиш асоссиз, деган фикрдан йироқмиз».
Ана энди «идеаллаштириш» деган сўзнинг мағзини чақайлик: бу ўз-ўзидан аёнки, кимларнидир ёки нималарнидир ҳаддан ташқари ошириб-тошириб мақташ, камчиликларни кўриб-кўрмаслик, билиб-билмаслик деган маънони англатади. Хўш, бундан Ҳ. Абдусаматов бехабарми? Бехабар бўлмаса, нега Ҳамзани нуқул мақтовларга «кўмиб» ташладию, унинг ижодига хос бирорта етишмовчилиги ҳақида лом-мим демайди? Шу ўринда бизга эътироз билдириб, мазкур мақолалар юбилейлар муносабати билан ёзилган, шунинг учун нималарнидир ошириб-тошириб бериш жоиз эмасми, дейишингиз мумкин, аммо масалага бундай қараш дабдабабозлик, кўзбўямачилик авжига чиққан пайтларда кенг тарқалган эди, ҳозирда бунга йўл қўйиб бўлмайди, деб ҳисоблаймиз.
Йўқ, ўзбек совет адабиёти асосчиси ёки унинг номи билан аталган отахон театримиз ёхуд таниқли актёримиз З. Муҳаммаджоновда йўқ камчиликларни тўқиб-бичиб кўрсатиш, мавжуд нуқсонларини орттириб-бўрттириб бериш, тирноқ остидан кир излаш ҳақида сўзламаяпмиз, бу табиий равишда камситишга олиб келарди. Гап уларнинг мавжуд фазилатларини рўй-рост айтиш билан бирга бундан ҳам ортиқ ижобий натижаларни қўлга киритишига нималар халақит берганини, қандай нуқсонларга йўл қўйганини моддий ва маданий бойликларни ишлаб чиқариш тармоқларида рўй бераётган ўзгаришларга узвий боғланган ҳолда очиб ташлаш, шу тариқа жамият ҳаётининг барча соҳаларида адолат, ҳақиқат, ҳалоллик ғалабасини таъминлашга таъсир ўтказиш ҳақида бораётир.
Мулоҳазаларимни бувамнинг сўзга, лафзга муносабатини кўрсатишдан бошлаганим бежиз эмас. Нега шу содда, саводсиз одам чуқур ўйламасдан бир сўз айтмаган, айтгандан кейин лафзини бузмагану билими, қобилияти ундан ўн, юз карра ортиқ бўлган масъул шахслар бунга риоя қилишмайди? Ҳолбуки, доно ота-боболаримиз айтилган сўз — отилган ўқ, агар у ҳақиқатни ифодаласа, бу сўз қанчалик аччиқ бўлмасин, барибир одамни даволайди, аксинча, ёлғон-яшиқ, туҳмат бўлса, қалбларни ярадор қилади, ҳатто ҳалокатга олиб келади, деб ҳисоблаганлар.
Хайриятки, мана шундай ибратли анъаналарни ижодий ўзлаштириб, янги мазмун билан бойитишда Бутуниттифоқ оммавий ахборот воситалари, айниқса, марказий газеталар, журналлар, хусусан, «Правда», «Советская культура», «Литературная газета», «Огонёк» «Новый мир», «Дружба народов» фаоллик кўрсатмоқда.
Шундай ижобий тенденцияларга асосланиб, Ўзбекистонимизда ҳам шундай соғлом танқид руҳи амалга ошишини орзу қиламан. Бир мулоҳазамни айтиб ўтай: республика Госплани раиси ўртоқ И. Искандаров ўтган йил ноябрда Ўзбекистон ССР Олий Советининг сессиясида доклад қилди. Докладнинг агросаноатга бағишланган кисми ҳақидаги айрим мулоҳазаларим билан ўртоқлашмоқчиман.
Гапнинг индаллосидаёқ эътироф этай: мен иқтисодчи эмасман, планлаштириш бўйича махсус билим ҳам олмаганман, бинобарин, ўша докладни баҳолаб, унинг моҳиятини ёритишга қодир эмасман, бундай мақсадни кўзлашга маънавий ҳаққим ҳам йўқ, лекин оддий бир қаламкаш, граждан сифатида фикр юритаман ва нимага хайрихоҳлик билдириб, нимага қарши чиқсам, ҳаммасини ҳақиқат, деб даъво қилолмайман. Бу ўринда мени кўпроқ ўртоқ Искандаровнинг ўз сўзлари, айтганларига кандай масъулият билан қарагани қизиқтиради. Докладда, чунончи, шу сўзларни ўқиймиз: «Қишлоқ хўжалигининг ялпи маҳсулоти 1987 йилда кўпаймаган эди. 1988 йилда 12,6 процент кўпаяди. Мана шундай силжишни таъминлашга республикамизнинг барча қишлоқ меҳнатчилари билан бирга пахтакорлар бебаҳо ҳисса қўшдилар.
Шоли, маккажўхори дони, картошка ва сабзавот, полиз маҳсулотлари бултургидан анча кўп миқдорда етиштирилди ва йиғиштириб олинди. Деярли ҳамма жойда гўшт, сут ва тухум етиштириш кўпайди» («Совет Ўзбекистони», 1988 йил, 19 ноябрь. Бундан кейинги кўчирмалар газетанинг шу сонидан келтирилДи).
Агар шулар рост бўлса, нега ҳамон тахчиллик, етиш мовчилик давом этмоқда. гўшт, мевалар, сабзавотларнинг нархи камайиш ўрнига кескин ортиб бораяпти?
Госпланимиз раиси буни билмаслиги мумкин эмас. Дарвоқе, у худди шу ернинг ўзидаёқ қуйидагиларни эътироф этади: «Агросаноат комплексининг маҳсулотни етиштириш, қайта ишлаш ва сақлашдаги ЖИДДИЙ КАМЧИЛИКЛАР сабабли аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда ЖИДДИЙ БУРИЛИШга эришишнинг иложи бўлмади».
Буниси ҳақиқат эканлигини кўриб турибмиз, бу ҳақда ошкора гапирилгани яхшики, шу жиҳатдан ўртоқ Искандаровга хайрихоҳман, аммо мен нима учун «жиддий бурилиш»га эришилмаганини, қандай жиддий камчиликлар ҳақида сўз кетаётганини билишни истайман. Негадир масаланинг бу жиҳати туғрисида мулоҳаза юритилмайди. Аммо иқтисодий, ижтимоий, маънавий-руҳий, маданий ҳаётимиздаги кўпгина «ўпирилиш»ларнинг бевосита ёки бавосита пахта монокультурасига бориб тақалишини билиш, кўриш учун иқтисодчи олим ёки сиёсатчи, давлат арбоби бўлиши шарт эмас. Ўртоқ Искандаров эса негадир ҳатто «монокультура» деган сўзни ҳам тилга олмайди, гўё бундай «касал» йўқдай мулоҳаза юритадики, мана шунисини ҳазм қилолмаяпман. Ахир, у ўз ишини билган инсон сифатида халқимиз озиқ-овқат билан етарли таъминланмаётганига биринчи галда монокультура сабабчи бўлаётганидан бехабардир, деб айтолмаймиз-ку!
Хўш, монокультура қаердан келиб чиқди?
Бу саволга жавобан боғзорлар, гулзорлар бузилиб, ўрнига пахта экилгани, яйловлар, сабзавотлар етиштириладиган ерлар ҳам пахтазорга айлантирилгани учун шундай бўлаяпти, дейиш учун ҳозир махсус билимга эга бўлиш шарт эмас. Бинобарин, монокультурадан қутулишнинг бирдан-бир йўли — алмашлаб экишни кўпайтириш, боғ-роғлар, яйловлар, гулзорларни кенгайтиришдан иборатдир. Аммо 1989 йилда «оқ олтин» етиштириш плани яна оширилгани учун бунга қандай эришамиз?
Қизиғи шуки, докладда «пахта толаси етиштириш давлат буюртмаси 1 миллион 710 минг тонна ҳажмида белгилангани» айтилади-ю, бироқ бу ҳажм ўтган йилга нисбатан 30 минг тонна тола, яъни 150 минг тонна пахта маҳсулоти ортиқ эканлиги кўрсатилмайди. Шундай бўлгач, нима учун пахта етиштириш давлат буюртмаси яна оширилгани, бунинг эса монокультуранинг тағин кучайтирилиши, мустаҳкамланишига олиб келиши эътибордан четда қолдирилади. Бироқ кундалик турмушимиз, ҳозирда кечаётган ҳаётимизда гоҳ бевосита, гоҳ бавосита монокультуранинг асоратини сезиб турибмиз. Шунга кўра деярли барча областларимизнинг мутасаддилари масалани кўндаланг қўйибдиларки, бунга ўртоқ Искандаровнинг муносабати қуйидагича: «.. деярли ҳамма областлар пахта ва гўшт, бошқа турдаги маҳсулотлар етиштириш ҳамда харид қилишнинг 1989 йилги планини камайтиришни астойдил талаб қилиб, айни бир вақтда давлат маблағлари ҳисобидан марказлаштирилган капитал маблағларни анча кўпайтиришни талаб қилдилар.
Масалани бу тарзда қўйиш қайта қуриш талабларига мутлақо зид бўлиб, тайёрга айёрлик ва истеъмолчилик сарқитлари давом этиб келаётганидан дарак беради».
Хўш, қани ўша дараклар ва улар қачон, қаерда, нималар орқали намоён бўлибди? «Тайёрга айёрлик ва истеъмолчилик сарқитлари» деганда нимани тушуниш нерак ва бу иллатлар қандай сабабларга кўра келиб чиққан?
И. Искандаров афтидан бундай саволларнинг туғилиши, уларга жавоб қайтариш зарурлигини назардан қочирганга ўхшайди. Айни чоқда у муҳим бир тўғри фикр билдиради: «Чорвасизларда лоақал бир бошдан қорамол бўлганида эди, йилига 58 минг тонна гўшт ва 860 минг тонна сут қўшимча равишда олинган бўлур эди».
Асосли, ҳаққоний истак, лекин уни юзага чиқариш учун яна шу монокультурага барҳам бериш зарурки, ҳурматли раисимиз негадир буни очиқ айтмади. Бироқ меҳнаткашлар оммаси, деҳқонлар бундай қилолмаслигини «Правда» газетасининг 1988 йил, 23 декабрь сонида қайд этилган Фарғона областидаги «Қўқон» совхози бригадири Э. Худойбердиевнинг ташвишли мулоҳазаларида яққол кўрамиз. Неча асрлардан бери ўзбек деҳқонлари ўзларининг боғ-роғлар, сабзавот, чорва маҳсулотлари етиштиришда маҳоратларини намойиш қилиб келсалару, дейди у, ҳозирги пайтларда улар қандай қилиб кундалик энг керак озиқ-овқат маҳсулотлари билан ўзларини таъминлай олмай қолдилар? Энди гўшт, сут ёки картошка учун Тошкент ёки Москвага борамизми? Ахир, тўрт тарафимизни пахтазор ўраб олган! Қани сабзавот ва мевали дарахтлар экадиган ерлар? Молларни қаерда боқишимиз керак?
Ўзбекистонимизда аҳвол шундай. Буни яхши тушунган иқтисодчи олим, Ўрта Осиё қишлоқ хўжалик экономикаси илмий-тадқиқот институти директори С. Усмонов «Звезда Востока» журналида (1988 йил 3-сон) босилиб чиққан мақоласида, бошқа чиқишларида пахта майдонларини кескин қисқартириб, 4 миллион тонна ҳосил етиштиришга мўлжаллаш зарурлигини илмий жиҳатдан асослади. «Правда», «Советская культура», «Литературная газета» сингари марказий матбуот органларида, республикамизнинг бирқанча газета-журналлари, радиоси, телевидениесида монокультурани барҳам топтирмасдан озиқ-овқат программасини бажариш, Оролни асраш, табиат, еру сувнинг мусаффолигини таъминлаш, инсоннинг руҳан, жисмонан соғлом яшашига эришиш мумкин эмас, деган кучли нидо жаранглаяптики, буни эндиликда эшитмасликнинг иложи йўқ.
Гапнинг пўсткалласини айтганда, мен Госпланимиз раиси ўз вазифасини қандай бажараётганини баҳоламоқчи эмасман… Лекин у раҳбар ва инсон сифатида иқтисод, илмий-техник тараққиётга оид орзу-умидлари, дарду ҳасратлари, сай-ҳаракатлари, изланишларини рўй-рост айтиб, ўзининг ҳар бир сўзи, гапи орқали ҳақиқатни ёритишга муваффақ бўлса, қалбида тупланган теран фикрларини ўртага ташласа, балки масалаларни тўғри ҳал қилишга катта ҳисса қўшарди, деб истак билдирмоқчиман.
Оддий меҳнатқашлар, олим, ёзувчилар, мутахассисларнинг мана шундай ҳамкорлиги ҳаётда чуқур илдиз отиши, сўнгра салмоқли мевалар бериши, ҳаётимизнинг барча соҳаларидаги тараққиётга кўмаклашуви керак. Бунинг учун биринчи галда ҳаммамиз ҳақиқат ва адолат руҳи билан суғорилган мулоҳазаларни ўртага ташлашимиз, ҳар бир сўзимиз ростлигимизни ифодаси бўлиб, ёлғон яшиқдан, туҳматдан узоқда туришига эришишимиз лозим.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 1989 йил, 1 январь