Чўлпоннинг 1923 йилда ёзилган «Сомон парча» шеъри «Топширдим ўзимни муҳит эркига», деган мисра билан бошланади. Шу бир мисрани ўқишинг ҳамоно қизиқ бир ҳолатга тушасан: гўё шоир фавқулодда бир каромат қилаётгандек, бир мисра шеър воситасида ҳам ўз қисматига, ҳам замона зайлига, муҳит моҳиятига баҳо бериб тургандек бўлади. Маънавий комиллик даражасидан қатъи назар ҳар бир инсонни улкан машинадаги мурватдан иборат деб билган жамиятнинг ижтимоий-ахлоқий мезонлари шоир мисраларида шундоғича жонланиб туради:
Муҳит гирдобида бир сомон парча,
Бир похол чўпидек оқиб борамен,
Ҳар амал, ҳар ишни «Ҳақ» деб борамен,
Вазминим қолмади бир узук қилча…
Аслида, Ҳақ битта бўлади-ку! Ҳақдан ташқаридаги «Ҳар амал, ҳар ишни «Ҳақ» деб борган»лар мунофиқ бўлиб чиқмайдими?! Шоир мунофиқми экан, ёки муҳит мунофиқми?..
Муҳит кучли экан, эгдим бўйнимни,
Чақмоқдек ялтираб ўчиш йўқ энди.
Ёлғон хаёлларга кўчиш йўқ энди
Оқишнинг йўлига солдим кунимни…
Гарчи шоир муайян кайфият реаллиги асосида «Ҳар амал, ҳар ишни «Ҳақ» деб борамен» деётган эса-да, унинг ички — маънавий мавқеи жуда мустаҳкам бўлганлигига шубҳаланмаса ҳам бўлади.
Бу мисралардан байронона бир иқрор («Альбомга» шеърини эсланг), лермонтовча нозик хаёл, ҳассос тиниқлик, шекспирона кароматгўйлик, машрабона саркаш дангаллик бордай. Майли, шоир шеърларининг фазилатлари хусусида гапиришга ҳали вақт бўлар, лекин ҳозирча шоир ва муҳит муносабатларининг айрим жиҳатларига тўхталиб ўтмоқчимиз, холос.
Одатда, Шўро тузуми даврида шахс эрки, инсон қадри топталгани ҳақида гап кетса, бас, ўтмас пичоқларимиз Сталиннинг аллақачон янчиб ташланган бошида айлангани-айланган. Ваҳоланки, шахс эркига тазйиқ, эркин фикрни тушовлаш, зиёлиларни қувғин қилиш ҳали Сталин яккаҳокимлик сиёсатини юргизмасдан олдинроқ бошланган эди. Бунинг исботига қийналиш йўқ. Сергей Хоружийнинг «Фалсафа кемаси» мақоласини («Литературная газета», 1990 йил, 9 май) эслаш кифоя. Чўлпоннинг «Сомон парча» шеъри 1923 йилда ёзилганини ҳисобга олсак ва умуман, шеър муайян воқеа-ҳодисанинг руҳий-эстетик ҳосиласи эканидан келиб чиқсак, 30-йилларда Ўрта Осиёда ҳам шахс ва давлат муносабатлари масаласида кўплаб ноҳақликлар юз бергани шундоғича аён бўлиб қолади. Албатта, бу борадаги гаплар энди-эндигина очилиб келяпти. Аммо яна бир нарсага шубҳа йўқки, жисмоний таъқиб, оммавий қирғин тўхтаган дақиқаларда ҳам ички таъқиб, маънавий қатағон муттасил давом этиб турган. Худди ана шундай таъқиб шарпаси шоир ва ёзувчилар, зиёлилар онгида даҳшатли бир ваҳшийлик образига айланган, улар қалбини занжирлаб, руҳларини тушовлаб келган. Шу боисдан шоирнинг «Топширдим ўзимни муҳит эркига», деган сатрини ўқир эканмиз, у назарда тутган «муҳит эрки аслида тутқунлик «эрки» эканини дарров ҳис қиламиз. «На исён, на тўлқун, на тўфон, на ўт! Кўзимда оғир бир «таслим» нури бор», дейди у. Менинг назаримда Чўлпоннинг шеърлари тушкунлик деворларига урилавериб қон бўлган юракнинг нолаларига ўхшайди. Ҳа, у эрк истаб кирган жойидан тутқунлик топди…
Абдулла Орипов ўз замонасига муносабат билдириб, «Давримдан қайга ҳам тушардим йироқ», дейди. Чўлпоннинг «Топширдим ўзимни муҳит эркига», дейиши ҳам шоирнинг давр фожиаларини ўз қалбидан ўтказиб ҳис қила олганидан далолат беради.
Маълумки, Чўлпоннинг ижоди 1927 йилда ҳам адабий доираларда, ҳам сиёсий-мафкуравий жабҳада қаттиқ танқид қилинди. Натижада шоир маориф ходимларининг 11 қурултойи ҳайъатига арзнома ёзишга мажбур бўлади. Эҳтимол, шу арзнома сабаб шоир танқидлар тиғидан омон қолгандир. Чунки бошбошдоқлик замонида Чўлпондек шоирларни жазога тортиш учун матбуотдаги бир-иккита танқидий мақоланинг ўзи етарли эди. Аммо, не бахтки бу сафар шоир ёвузлик сиртмоғидан қутулиб қолади.
Чўлпон ижодини танқид қилиш, унинг шахсига турли хил айблар тақаш 1931—32-йиллар матбуотида янги бир босқичга кўтарилади. Ҳатто шоирнинг қамалиши ҳам аниқ бўлиб қолади. Маълумки, 1929—32-йиллар оралиғида Ўзбекистонда Мунавварқори ва бошқалар иши, Қосимов иши, Боту ва Рамз иши, Бадриддинов ва бошқалар иши сингари қатор суд жараёнлари бўлиб ўтади. Бу суд жараёнлари борган сари бир-бири билан боғланиб, бу «иш»ларга мутлақо дахлсиз одамларни ҳам ўз домига тортиб кетиши-да ҳеч гап эмасди. Чўлпондек муҳит эркидаги шоирнинг шундай жараёнларга тортилмай қолгани ўша давр ҳодисаларидан, шоир қисматидан хабардор одамларни ҳайрон қолдирмаслиги мумкин эмас. Хўш, Чўлпон 1930—32-йиллардаги қирғин мавсумларидан қандай омон қолди экан? Чўлпоннинг Ўзбекистон Давлат Хавфсизлик қўмитасида сақланаётган П-224777-архив рақамли «Жиноий иш»ига доир баъзи ҳужжатлар бу масалага маълум маънода тўғрироқ ёндашишимизга ёрдам беради,[1] деб ўйлаймиз.
Аввало «Жиноий ишининг ўзи, ундаги маълумотлар табиати ҳақида бир-икки оғиз гапириб ўтмасдан илож йўқ. Унда Чўлпоннинг ҳаёти ва ижодига доир масалаларда тасаввуримизни бир оз бўлса-да тўлдиришга хизмат қиладиган тўғри маълумотлар баробарида кишини чалғитадиган, чалғитиш учун ўйлаб топилган «далиллар» ҳам анча. Бундай далиллар, айниқса «иш»нинг тергов қисмига оид ҳужжатларда кўп учрайди. Аммо улар ичида ҳам саралаб олса бўладиган, ўша давр воқеалари мантиқи, «иш»нинг ўзидаги бошқа ҳужжатлар мазмуни асосида ёндашилганда сохта либоси тўкилиб, ҳаётий қиммат касб этадиганлари ҳам бор. Демак, бундай далилларнинг талқинигина сохта эса-да, ўзи муайян даражада ҳақиқатга яқин бўлиб чиқади. Аммо ҳамма гап талқин қаердан бошланиб далил қаерда тугашини ва аксинча, талқин қаерда тугаб далил қаердан бошланганини ажрата олишда. Чунки талқинлар далиллар моҳиятига мосланганидек, далиллар моҳияти ҳам талқинлар мантиқига кўра шиширилган. Биз Чўлпоннинг 1931—32-йиллардаги ҳаётига доир мулоҳазаларимизни шундай далиллар асосида давом эттиришга ҳаракат қиламиз. Бу иш икки жиҳатдан муҳим деб ўйлаймиз. Биринчидан, Чўлпоннинг ҳаётига оид баъзи янги маълумотларга эга бўламиз ва иккинчидан, Чўлпоннинг «Жиноий иши» ҳақида ўқувчиларимизда муайян тасаввур уйғотган бўламиз.
1937 йилнинг 29 июлида тергов протоколида (терговни Ўзбекистон Ички Ишлар Халқ Комиссарлиги Давлат Хавфсизлиги Бошқармаси 4-бўлим бошлиғи Давлат хавфсизлиги лейтенанти Агабеков олиб борган) Чўлпон тилидан қуйидаги маълумотлар қайд этилади:
«Мен Файзулла Хўжаев билан илк бор 1919 йил танишдим. Тахминан, 1931 йилда у билан алоқада бўла бошладим. 1930 йилда Боту, Рамз ва бошқа бир қатор миллатчи аксилинқилобчилар қамоққа олинганида мени ҳам қамамаса гўрга эди-я, деб хавотирга тушдим. Аммо Фитрат менга шуни маълум қилди: Файзулла Хўжаев унинг боғида бўлганида айтибдики, мен беҳудага қўрқаётган эканман, чунки мен билан унга — Фитратга тегишмас экан.
1931 йилда мени матбуотда буржуа миллатчи аксилинқилобчиси деб роса тинимсиз фош қилиб туришган даврда Файзулла Хўжаевнинг олдига арз қилиб ва ёрдам сўраб бордим. Файзулла Хўжаев мени тинчлантирди ва 300 сўм пул берди, яна вақтинча Тошкентда кўзга кўринмай туришни, Масковга кетишни, жамоатчилик мени бироз унута бошлагач, қайтиб келишни маслаҳат берди, мен ҳам унинг айтганидек қилдим.
1932—34-йиллар Масковда яшаб юрганимда Файзулла Хўжаев келган фурсатларда уч марта унинг ҳузурида бўлдим. У мени ҳамиша мамнун қарши олар, пул берарди.
1934 йилда Тошкентга қайтишим билан Файзулла Хўжаев менга 500 сўм пул берди ва яхшигина бир уй ажратди. 1936 йилда Файзулла Хўжаев менинг соғлигим тўғрисида гап кетган бир суҳбатда менинг ҳаётим қимматли эканини, мени у зўр шоир деб билишини таъкидлаб, «Биз Сиздан ажралиб қолишимиз мумкин эмас», деди ва менга энг яхши шифокорлар қўлида даволанишни таклиф этди.
Бундан ташқари Фитрат билан иккаламизнинг суҳбатларимизда у менга бир неча бор ўзимни асрашимиз зарурлиги ҳақида гапирган, таниқли артист Қори Ёқубов эса мен билан учрашиб қолганида Файзулла Хўжаев мени жуда ҳурмат қилишини айтганди.
Шуларга асосланиб, ўйлайманки, Файзулла Хўжаев мени ва Фитратни фаол аксилинқилобий миллатчи эканимизни билиб, қандайдир мақсадларни кўзда тутиб, бизни қўллаб-қувватлаган».
Эҳтимол, ўқувчимиз булар бари терговчилар ўйлаб чиққан гаплар бўлса-чи, демоқчи бўлар. Албатта, у замондаги терговчилар қар қандай нарсани тўқиб ташлашга қодир эдилар. Аммо улар бир нарсани — ҳақиқатни тўқиб чиқаролмас, бунга қодир ҳам эмасдилар. Юқоридаги кўчирманинг сўнгги жумласи терговчиларнинг иш услубини ўзўзидан фош этиб қўяди. Улар битта-иккита тўғри далил асосида бутун бир ёлғоннинг тегирмонини юргизиб юборишмоқчи бўлишади. Кўчирмадаги маълумотларнинг айримлари Чўлпон ва Файзулла Хўжаев, Чўлпон ва Фитрат муносабатларини бўрттириб кўрсатиш учун атайлаб муайян даражада семиртирилган. Бу шубҳасиз. Аммо шу важдан у Файзулла Хўжаев ҳузурига ёрдам сўраб борган-бормагани номаълум. Иккинчидан, 1931 йилда Чўлпоннинг Масковга боргани ҳам тўғри. Биз учун Чўлпон ҳаётига доир ана шу икки далилнинг ҳақиқат экани катта аҳамиятга эга. Негаки, у далиллар воситасида бошқа ҳақиқатларни ҳам билиб олиш имконияти вужудга келади.
1931 йил матбуотида Чўлпон ижоди шунчаки танқид қилиб қолинмасдан, балки унга сиёсий-мафкуравий айблар тақаш ҳам кучаяди. Унинг номи билан боғлиқ атама — «чўлпончилик» кенг истеъмолга тушади, «қосимовчилик», «чиғатойчилик» сингари атамалар билан ёнма-ён қўлланади, ўша атамалар каби даҳшатли маъно урғусига эга бўлади.
«Қосимовчилик» деган атама Ўзбекистон Олий судининг раиси бўлиб ишлаган, 1930 йилда судланиб, отувга ҳукм қилинган Саъдулла Қосимовнинг номи билан боғлиқ эди. Ўша йилларда бу атамасиз бирор бир танқидий мақола ёзилмасди. Агарда «қосимовчилик» атамаси Қосимовнинг суд жараёнидан сўнг жуда оғизга туша бошлаганини ҳисобга олсак, «чўлпончилик» атамасининг пайдо бўлиши ҳам шоир ҳаётига тажовуз бошланганини билдирарди.
«Правда Востока» газетасининг 1931 йил 14 январь сонида «Ўқувчи» деган имзо билан «Маданий жабҳадаги ўпирилиш» номли мақола эълон қилинади. Мақолада Граматовичнинг ўзбек тили дарслик китоби танқид қилинади. Танқидга сабаб бўлган омиллардан бири дарсликда Чўлпоннинг «Гўзал» сарлавҳали шеърининг берилиши экан.
Газетанинг ўша йилги 15 январь сонида Михаил Шевердиннинг «Ўзбек йўқсул адабиётининг илк катта асари» деган мақоласи босилади. Муаллиф Умаржон Исмоиловнинг «Пахта шунғиялари» асарини кўкка кўтариб мақтайди ва унга қиёсан Чўлпоннинг «Ёрқиной», Фитратнинг «Арслон» асари сохта классик кўринишдаги аксилинқилобий зарарли асарлар эканини ва шу боисдан ҳам улар саҳнадан олиб ташланганини айтади. У яна давом этиб ёзади: «Буржуа ёзувчилари Фитрат («Арслон»), Чўлпон («Ёрқиной»), Қодирий («Ўтган кунлар», «Меҳробдан чаён»), Элбек, Муҳаммаджонов («Турмуш уринишлари») ва бошқалар ўзбек адабиётининг ўта ўнг қанотини эгаллаб келишяпти. Бу ерда Фитратнинг қатор асарларидаги туркпарастлик ҳақида, Чўлпон ижодидаги босмачилик кайфиятлари тўғрисида, Жулқунбой — Қодирийнинг савдо буржуазияси ва феодализмни мадҳ этгани хусусида, Муҳаммаджоновнинг шовинизми борасида гапириб ўтиришнинг ўрни эмас».
Умаржон Исмоиловнинг янги асарини таҳлилдан ўтказмоқчи бўлган танқидчи бутун кучини ўзбек адабиётидаги «буржуа миллатчилиги руҳидаги аксилинқилобий унсурлар»ни фош этишга қаратади. Яна шуни айтиб ўтиш керакки, муаллифнинг ўзи эътироф этишича, Умаржон Исмоиловнинг бу асарини илғор ўзбек зиёлиларидан бирортаси яхши баҳоламаган. Боту ҳатто танқидий фикрлар билдирган.
Тағин ўша газетанинг 1931 йилдаги 31 декабрь сонида М. Шевердин ва бошқаларнинг «Бадиий адабиётдаги чиркин либерализмга қарши» номли мақоласида бошқа кўпгина «зарарли» адабий-сиёсий ва мафкуравий кўринишлар қаторида «қосимовчилик» билан «чўлпончилик» ҳам тилга олиб ўтилади, уларнинг хавфидан огоҳ этилади.
Албатта, 31-йилда бевосита Чўлпоннинг ўзига, унинг ижодига қаратилган ёки унинг номи билан боғланган танқидлар кўп бўлган. Аммо уларнинг ичида профессор Абдураҳмон Саъдийнинг мақоласи алоҳида ўрин тутади. (Қаранг: Абдураҳмон Саъдий «Ўзбек нафис адабиётида миллатчи аксилинқилобчилик», «Узбекистанская правда» газетасининг[2] 1931 йил, 24—25 март сонлари).
Абдураҳмон Саъдий Чўлпон ўз шеърларида большевикларга очиқдан-очиқ қарши чиқаётганини, уларни «бўрилар», «шарпалар», «хўжалар» деб атаганини шарҳ эта бошлайди. Давом этиб ёзади: «Чўлпоннинг «Фарғона» газетасининг 23-йил 119-сонида босилган «Хазон» шеърини ўқиб, индамай қўявериш ярамайди. Мана унинг бир неча мисраси:
Ай, совуқ эллардан муз кийиб келганлар,
У — қўпол товшингиз қирларда йўқ бўлсин.
Ай, менинг боғимдан мевамни терганлар,
У — қора бошингиз ерларга кўмулсун!
У Туркистонда кимки маҳаллий аҳолига мансуб бўлмаса, ҳаммасининг бошига ана шундай лаънат ёғдиради. Уларнинг бошлари «ерларга кўмулуши»ни интизорлик билан орзиқиб кутади».
Аслида бу шеър «Куз чоғи…» деб бошланади. Унда шоир ўз кайфиятларини табиат қонунларига қиёсан моддийлаштиради. Шоир руҳнинг ўз фасллари борлигини, улар табиат билан муштарак бир қонуниятларга эга эканини ифодалашга интилаётганга ўхшайди:
Билмадим, кимларнинг умиди йўқ бўлур,
Сўнг дамда япроқлар кизариб олдилар?
Абдураҳмон Саъдий Чўлпоннинг «Маданият» («Цивилизация»), «XX аср» шеърларини ҳам вульгар социологизм руҳида «таҳлил» қилади ва шоирга янги-янги айблар тақайди.
Бизнингча, бу сирадаги мақолалар Чўлпонни зада қилмаслиги, уни ҳаётдан ҳам, ижоддан ҳам бездирмаслиги мумкин эмасди. Шундай пайтда унинг Масковга кетиши мантиқий ва табиийдек туюлади. Аммо шоирнинг душманлари уни Масковга кетказиб ҳам тинчиб қўяқолишмаган. Улар шоирнинг бошига яна янги балоларни ёғдириш режаларини тузишган.
Тошкент шаҳридаги Кафанов номли қулубда 1932 йилнинг 5 майидан то 17 июнигача Ўзбекистон Олий Судининг прокурори бўлиб ишлаган Шамси Бадриддиновнинг ва бошқа бир қанча кишиларнинг жиноий ишлари бўйича суд жараёни бўлиб ўтади. Шамси Бадриддинов 1924—27-йилларда Фарғонада суд идораларида ишлайди. Фарғона музофот судининг раиси сифатида 1927 йилнинг декабрь ойида ака-ука савдогар Ханянцлар «иш»ини ёпиб қўяди. 1932 йилда эса бу «иш» асосида унга жиноий айб қўйилади. Бадриддиновнинг судида қўқонлик Раҳмонов Абдураҳмон, Содихонов Муҳиддин, Хўжаев Муҳаммадхон, Аҳмадхонов Маҳмудхонларнинг ишлари ҳам кўрилади. Улар Қўқонда аввал Инқилобий қўмита котиби, сўнгра маориф шўъбасининг раиси бўлиб ишлаган Аҳмадхонов Маҳмудхоннинг батрак ҳамда «Янги Фарғона» газетасининг ишчи мухбири Алимов ва бошқаларга ўтказган ноҳақликларини қўллаб-қувватлашда, Аҳмадхоновнинг уйида аксилинқилобий мажлислар ўтказганликда айбланадилар. Бадриддинов эса буларнинг ҳаммасини била туриб, индамаган бўлиб чиқади ва ҳоказо.
Хуллас, бу суд ишининг 2 майдаги эрталабки мажлисида гувоҳ ҳамда жабрланувчи «Янги Фарғона» газетасининг ишчи мухбири Алимов кўрсатма беради. У Аҳмадхонов ва унинг атрофидагиларнинг ўзига нисбатан қандай жабр-зулм ўтказганларини гапириб, бу гуруҳнинг муҳим сирларини билишини, улар 1929 йилда Аҳмадхоновнинг уйига йиғилишиб, махфий мажлислар ўтказганини ҳикоя қилади. Бу мажлисларда Фарғонани қандай қутқариш масалалари, босмачиликни кенг ёйиш ва бошқа нарсалар ҳақида гап борган эмиш. Яна ажабланарлиси шундаки, бу мажлисларда Чўлпон ҳам қатнашган ва ўз шеърларини (аксилинқилобий шеърларини албатта!) ўқиб берган эмиш[3]. Бу ғирт туҳматдан иборат гаплар шоир ҳаётини бутунлай ўзгартириб юбориши, унинг муддатидан аввал қамоққа олинишига сабаб бўлиши аниқ эди. Чунки у даврдаги суд ишларига хос бўлган хусусият шундан иборат эдики, бир иш давомида тингланаётган кўрсатмаларда бутунлай бошқа бир ишга алоқадор гаплар учраб қолса, ёки шундай гаплар атайлабдан тўқиб чиқарилса, ўша янги чиқиб қолган «иш»нинг «гуноҳкорлари» ҳам йўл-йўлакай суд қилиниб кетилаверарди. Масалан, Бадриддинов ва бошқаларнинг судида Олий Суд кўчма сессиясининг 11 май кечки мажлисида давлат қораловчиси Катаняннинг таклифи билан гувоҳ Алимовни сўроқ қилиш тўхтатилади ва суд бутунлай бошқа бир ишни, Эгамбердиев деган кишининг ишини кўришга киришиб кетади[4]. Демак, давлат қораловчиси хоҳлаган пайтда Чўлпонни ҳам суд ишига тортишни талаб қилиши ва унга айблар тақаши ҳеч гап эмасди. Бизнингча, буни Чўлпоннинг ўзи ҳам яхши билган, ҳаётига тажовуз кучая бошлаганини сезган. Шунинг учун 1932 йил майининг 27-кунида КП(б) Марказқўмининг Ўрта Осиё бюроси котиби Бауманга баёнотнома ёзади. Баёнотноманинг битта-биттадан нусхалари Акмал Икромов ва Файзулла Хўжаев номига юборилади. Бу баёнотнома Чўлпоннинг биз юқорида тилга олганимиз П—22417-архив рақамли «Иш»ида (66—67-варақлар) сақланади. «Иш»да Ўзбекистон КП(б) Марказқўмининг котиби Яковлевнинг 1937 йил 14 ноябрида Ўзбекистон Ички Ишлар Халқ Комиссари Давлат хавфсизлиги майори Апресьян номига ёзган хати бор. Унда Чўлпоннинг Икромовга ёзган хати юборилаётгани, у Икромовнинг сейфидан олингани айтилган. Чўлпоннинг баёнотномаси ўрисча, мошинкаланган. Уни тўлиқ келтирамиз.
«КП(б) Марказқўмининг Ўрта Осиё бюросига
ўртоқ Бауманга Нусхалари:
1. Узбекистон КП(б) Марказқўмига ўртоқ Икромовга
Ўзбекистон ССР Халқ Комиссарлари Кенгашига ўртоқ Файзулла Хўжаевга
шоир Чўлпондан
Бадриддинов ва бошқаларнинг суд ишида гувоҳ ўртоқ Алимовнинг кўргазмаларида яна, одатдагидек, менинг исмим баралла тилга олинадир («Узбекистанская правда» газетининг 1932 йил май 108-сонига қарангиз.) Гарчи мени Шўро ҳукуматига қарши ва табиийки, инқилобга қарши бўлмағур «кароматлар»да айблаш янгилик бўлмаса-да, ҳар қалай мана шу баёнотномани Сизнинг эътиборингизга ҳавола қилмоқни лозим топдим.
Ўртоқ Алимовнинг гапларидан шу нарса маълум бўладики, айбланувчи Аҳмадхонов Инқилобий қўмита котиби бўлиб юрган чоғда уникида «аксилинқилобий тўдалар»ни мажлиси бўлиб ўтганмиш, буни қарангки, бу мажлисда мен ҳам бор эканман. Мажлисда босмачиларга ёрдам уюштиришга қарор қилинади. Махсус отряд тузилади, уни қуроллантириш учун Аҳмадхонов яроғ топади. Уни тақсимлашаётганда мен — Чўлпон ўз шеърларимни ўқибман. Бу шеърлардан ўртоқ Алимовнинг эсида қолганлари мана булар экан:
«Қурол олинг қўлга, йигитлар!
Худо улуғ ҳам қудратлидир!
Қурол олинг қўлга, йигитлар!
Қодир худо — биз билан бирга!»
Хўп, мен бунга кўнган ҳам бўлайин. Эҳтимол, шунақа мажлис қаердадир бўлиб ўтгандир. Аммо мен бундай мажлисларда ҳеч бир қатнашган эмасман, ўзимнинг ўша пайтдаги эътиқодимга кўра қатнаша олмасдим ҳам.
Аҳмадхонов Инқилобий қўмита котиби лавозимини эгаллаган чоғда мен Қўқон (у лавозимини эгаллаган жойда) у ёқда турсин, ҳатто бутун Фарғона музофотида ҳам йўқ эдим. Мен Тошкентда эдим (1919 йилдан то 1923 йилгача). Фарғонага (Андижонга) босмачилик ҳаракати узил-кесил тугатилаётган бир паллада фронтнинг ўзбекча газетида ишлаш учун келганман (1923 йил). Мен Фарғонага Туркистон Марказий Ижроия Қўмитасининг сафарбарлиги ва Туркфронт Ҳарбий Инқилобий Кенгаши йўлланмаси бўйича ўртоқ Тожиев Абдулҳай[5] билан бирга борганман. У «Дархон» фронт газетининг муҳаррири ҳам эди, мен эса техник муҳаррир ҳамда адабий ходим эдим. Ўз вақтида бу газет жуда яхши баҳоланган. Менинг ундаги ишим ҳақида Тожиев А. Тадорский (Фарғона фронтининг собиқ қўмондони), Сегизбоев[6], Али Хўжаев ва Биксон ўртоқлар билишади.
Ўртоқ Алимовнинг эсида қолган шеър асло меники эмас. Менда умуман бунақа шеър бўлган эмас. Агар ўша даврдаги, яъни, босмачиларга ёрдам кўрсатиш бўйича хилма-хил ташкилотлар тузилган ва шунга ўхшаш шеърлар тўқилган маҳалдаги омилларни ҳаққоний ёритишга эришилса, унда аксинча, мен ўша маҳалда айнан босмачиликка қарама-қарши томонда турганлигим факти аён бўлади (менинг Тошкентда ўзбек тилида чиққан «Роста» газетидаги ишим ва бундан ташқари, тирик гувоҳлар Рисқулов, Низомиддин Хўжаев, Моисей Цвилинг, Хирисанов-Сермяжний, Тўрақулов Назир ва бошқа ўртоқлар). Ўртоқ Алимовнинг ажойиб хотираси сал нарироқдаги нарсаларни ҳам эсга солса ёмон бўлмасди: 1917 йилда, ҳали ўзбеклардан бирон киши ишчилар ҳаракати нима демак эканини, буржуа эмас, ишчилар инқилоби нима демак эканини билмаган бир чоғда менинг шеърларимнинг бирида («Юрт» журнали) мана бундай сатрлар учрайдир:[7]
«Қизил байроқ—қип-қизил қон, бу қон — ишчилар қони!»
(Афсуски, менинг эсимда ҳам бир сатргина қолибди, холос.)
Мен сўзимни тугатяпман. Бу баёнотноманинг сўнггида шуни айтмоқчиманки, менинг хатоларим исталганича бор. Улар билан курашмоқ лозим, аммо менинг хатоларимни йўқ жойдан ва умуман, бўлмаган жойлардан изламаслик керак, балки ва ҳатто хотирани ортиқча зўриқтирмасдан ҳам топиш мумкин бўлган жойлардан излаш зарурдир. Афсуски, айни ҳолда у (хотира) ўз эгасини шунчаки алдаб қўйибди, холос…
Чўлпон 1932,
27/V Маскав
Маскав, 411 гражданская 101, 1-хона»
Бу баёнотнома Чўлпонни ноқақ ҳужумлардан асраб, бевақт қамалишдан (1937 йилгача албатта) сақлаб қолган бўлса ажаб эмас. Аммо унинг номи «махсус рўйхатлар»га тиркалганича тураверган, олиб ташланмаган. Яъни, унинг ҳаёти муҳит эркига ташланганича қолаверган. Зеро, бу «эрк»дан халос бўлиш имконияти йўқ эди.
Давлат қораловчиси Катанян Бадриддинов ва бошқаларнинг судида сўзлаган айблов нутқида Чўлпоннинг «аксилинқилобий» фаолиятига ҳам ишора қилади. Шунга асосланиб айтиш мумкинки, гарчи Чўлпоннинг баёнотномасидан сўнг унга очиқдан-очиқ танқид тўпидан ўқ отиш бир оз сусайган эса-да, бу жараённинг ўзи бутунлай тўхтаб қолмаган. У сал пардаланган ҳолда давом этаверган. Давлат қораловчисининг нутқидаги Чўлпонга тегишли гапларни келтирамиз: «1929 нчи йилда Аҳмадхоновнинг хонасида бўлғон йиғилишлар тўғрисидағи олинғон маълумотлар эсингиздадир. Бу йиғилишларға Қосимоф, извошдан тушуб Бадриддиноф келади, бунга кундузи «коммунист», кечаси босмачи бўлиб юратурғон сирланган коммунистлар оқилади, бу ерда Шўролар ҳукуматидан норози бўлғон, улардан жабрланган ҳамма унсурлар келиб, партия ва Шўролар ҳукуматининг ҳар бир қадамини ва ҳар бир тадбирини танқид қиладилар. Мана шу ўткунчиларнинг ҳаммаси, мана шу аксилинқилобий своличлар — кўппаклар сўздан ҳаракатка вақт етканлиги тўғрисида босмачилар вақтидоғи сингари бутун киши ва бутун нарса устидан ҳушёр контроллик қўйғон партия ишчиларига қарши ур-йиқитчилиқға кўчишка вақт етилганлигини баён қилиб суҳбатлашадилар.
Шу билан бир вақтда бунда 1927—29 нчи йилларда, мана шу йиғинтида «қандайдир» шоирлар ўзларининг Фарғонага бағишланғон хаёлий шеърларини ўқуб декламация қилиб берадилар. Бу шеърларда гўзал Фарғона водийсида гуллар очилишдан тўхталғони, булбулнинг овози кесилгани, одамлар ҳазин бўлғонлиқлари сўзланади. Бу ҳазинлар чиндан ҳам хон-помешчиклар замонасини хаёллоғон кишиларнинг далилларини, яширин — қочиб ишлашка кеткан, уйқусида қора реакциянинг қайтғонини тушида кўргон кишиларнинг юрагини тўлдирғон эди»[8].
Қизиғи шундаки, Чўлпоннинг 1937 йилдаги тергов ҳужжатларида шунча ёлғон гаплар ёзилганига қарамасдан, Катаняннинг айблов нутқидаги «далиллар»дан фойдаланилмайди. Ахир шунча ёлғонлар ичида бу ҳам бир ёлғон бўлиб туравериши мумкин эди-ку!
Гап шундаки, 1937 йилги тергов ҳужжатларидаги ёлғонларнинг йўсини бутунлай бошқача. Унда воқеалар талқини ҳам бошқача бир ўзандан ривожлантирилади. Биринчидан, ёлғонлиги аввал бир бор фош этилган «далиллар»дан иккинчи бор фойдаланиш «терговчилик этикаси»га тўғри келмаган бўлиши мумкин. Қолаверса, бир ёлғон туфайли бутун бир ишнинг сохталиги очилиб қолиши ҳеч гап эмасди. Иккинчидан, 37-йилдаги «иш»нинг мақсади, вазифаси бутунлай бошқа эди, яъни, Чўлпонни фош этиш иши Файзулла Хўжаев, Фитрат, Абдулла Қодирий, Ғози Олим Юнусовни фош этиш ишига мувофиқ келиши лозим эди. Ана шу мақсад ва вазифа талабига кўра воқеалар талқини ҳам бутунлай ўзгаради. Илгари Чўлпон Қосимов, Бадриддинов, Аҳмадхонов билан мажлисларда ўтириб, аксилинқилобий суҳбатлар ўтказган деб айбланган бўлса, кейинча Фитрат, Файзулла Хўжаев, Ғози Олим, Абдулҳай Тожиевлар билан яқин алоқада бўлгани учун душманга чиқарилади. 1937 йил 10 августидаги тергов протоколидан (терговни Давлат хавфсизлиги лейтенанти Триғулов олиб борган) олинган мана бу кўчирмага эътибор берайлик.
«Абдулҳай Тожиев, мен Боис Қориев Фарғонада эканимизда Обид Чатоқнинг уйида ўтиришда бўлдик. Обид Чатоқ: «НЭП сиёсатига ўтилди, энди босмачиларга қарши ҳеч қандай чора кўришнинг ҳожати йўқ, чунки босмачилик ҳаракати «ўз-ўзидан тугайди», босмачилик бу Шўро ҳукуматининг зўравонлик сиёсати натижасидир, НЭП бу сиёсатга барҳам бергани учун халқ ҳам босмачиликдан воз кечади», деди. Абдулҳай Тожиев Обид Чатоқнинг фикрларини маъқуллади.
Яна ўша ўтиришда «Авф» мазмунидаги «Дархон» номлик фронт газетасини тузишга қарор қилинди. Бу газета миллатчилик ғояларини таширди, жумладан, мен ҳам (унга) миллатчилик мазмунида бир неча шеър ёзганман».
Агар «Узбекистанская правда» газетасининг 1932 йил 12 май сонидаги суд хабарида Чўлпон Аҳмадхоновнинг уйидаги ўтиришда шеър ўқигани айтилган бўлса, энди у Обид Чатоқнинг уйида, бутунлай бошқа бир даврада ўтиргани айтилади. Лекин суҳбат мавзуи ўша — босмачилик. Суҳбат йўналиши эса тамоман бошқача. Бу ерда Чўлпоннинг Фарғонага келиши ҳам, «Дархон» газетасининг ташкил бўлиши тўғрисидаги гаплар ҳам ўзгача талқин касб этяпти. Ё тавба! Қилни қирқ ёрувчи терговчилар шу ишнинг ёнида Чўлпоннинг баёнотномаси борлигини, у ҳамма ёлғонларни йўққа чиқариб қўйиши мумкинлигини ўйлашмаганмикин? Шу протоколнинг ўзида яна Чўлпон тилидан Абдулҳай Тожиев унинг Ўзбекистонга қайтиб келишига ёрдамлашгани айтилиб, орқасидан: «Чунки у Файзулла Хўжаевнинг яқин одами эди», деб қўйилади. Энди ўйлаб кўрайлик. Аввалги кўчирмалардан аёнки, Чўлпон ҳам Файзулла Хўжаев билан яқин алоқада бўлган, Масковга келган пайтларида олдига бориб турган. Шундай экан, у Ўзбекистонга қайтиш масаласини Файзулла Хўжаевнинг ўзига айтиб ҳам ҳал қилиб олса бўларди. Бизнингча, Абдулҳай Тожиевни Чўлпонга ёрдам берган қилиб кўрсатишдан мақсад, биринчидан, Абдулҳай Тожиевнинг ҳам «жиноятчи» эканини таъкидлаш, иккинчидан, Чўлпонни чақимчига чиқариб қўйиш бўлса керак.
Яна ўша протоколда Чўлпоннинг Фитрат ҳақидаги фикрлари ҳам берилади. Бу ерда ҳам Файзулла Хўжаевнинг Фитратни тинчлантириб, сизларга ҳеч ким тегмайди, деган гапи келтирилади. Ҳақиқатан ҳам юқорида айтиб ўтганимиз каби Фитрат ва Чўлпонни турли хил ноҳақ ҳужумлардан асраб қолишда Файзулла Хўжаев муайян ўрин тутганига шубҳаланишга ўрин қолмайди. Файзулла Хўжаев, Фитрат, Чўлпон ўртасидаги муносабат самимий бўлган. Фақат бугина эмас, уларнинг ҳаёти, тақдири ҳам муайян маънода бир-бирига узвий кечган бўлса ажаб эмас. Чунки тасаввур қилинг, Фитрат ва Чўлпон 37-йилгача кўпгина туҳматларга, ҳужумларга дуч келишади. Аммо улар фақат 37-йилда Файзулла Хўжаев сингари раҳбарлар қамоққа олинган бир пайтда ноҳақлик, зулмдан қутулолмай қолишади.
Чўлпоннинг Фитрат билан жуда яқин алоқада бўлганини айтдик. Сўроқ протоколидаги (1937 йил, 10 август протоколи) маълумотларга кўра, Чўлпон Фитратни 1913—14-йилларда, у Самарқандда Маҳмудхўжа Беҳбудий билан бирга «Ойна» журналида ҳамкорлик қилиб юрган даврда таниган. Кейинчалик Фитрат ҳар хил томошаларда (испектакилларда) ҳаваскор ўхшатғувчи (актёр) бўлиб қатнашган. Бу томошолардан тушган пуллар эса 1914 йилги Россия-Туркия урушида жароҳатланган мусулмонларга ёрдам сифатида юборилган. Фитрат шу хайрли иши учун Бухоро қушбегисидан мартаба олади. Кейин Чўлпон Фитратни 1917 йилда Самарқандда газета муҳаррири бўлиб ишлаб юрган чоғларида кўрганини айтади. 1919 йилда эса Тошкентда Фитрат билан шахсан танишдим, дейди. Бундан ташқари, Фитрат «Чиғатой гурунги» жамиятини тузгани, ўз асарларини Ғози Юнуснинг шахсий нашриётида чоп эттиргани, 1920 йилда Тошкентда «Тонг» журналини ташкил этгани, Самарқанддаги Мусиқа институтига раҳбарлик ишларида ёрдам бериб тургани ва бошқалар таъкидлаб ўтилади. Албатта, бу маълумотлар ҳақиқатга яқин. Аммо улар моҳиятан Фитрат Шўро ҳукуматига қарши эди, шунинг учун Чўлпон уларни айтиб ўтган дегандек хулоса чиқаришга ҳам, Чўлпон сотқинлик қилган экан-да, деб калта фикрлашга ҳам асос бўлолмайди. Ҳамма гап бу маълумотларни кимнинг ғалвирига солиб элашда бўлган. Бизнингча, Чўлпон Фитратни яхши танишини айтган ва у ҳақда билганларича ҳикоя қилиб берган. Бу ҳикояларга қандай либос кийдириш эса бошқаларнинг ихтиёридаги иш эди.
Шу ўринда ўқувчимизда шубҳа қолмаслиги учун Чўлпон сўроқ пайтида ўзини қандай тутганини яхшироқ тасаввур қилишга ёрдам берадиган иккита мисол келтирамиз. Булар 1938 йилнинг 2 октябрида ўтказилган Чўлпон билан Фитратни юзлаштириш протоколи ва яна ўша куннинг ўзидаги Чўлпонни тергов қилиш протоколидир. Бошқа тергов протоколларидан фарқли ўлароқ, бу ҳужжжатларда асл Чўлпонни кўргандек бўламиз. Албатта, бу протоколларда умуман сохталаштириш йўқ, уларда асл жараён қандай ўтган бўлса, шундоғича қайд қилинган деёлмаймиз. Бу протоколллардан ҳам озми-кўпми ёлғон саси эшитилиб туради (ёлғонсиз иш битарканми, ёлғонсиз ёвғон йўғу). Аммо «ишидаги бошқа протоколларга қиёсан олиб қаралганда кейингилари сал бошқачароқдек туюлади. Бу протоколлардаги Чўлпон ўзига ҳам, бошқаларга ҳам ноўрин тақалаётган барча айбларни рад этади. Фақат «Мен миллатчи эдим», дейди, холос.
Қуйида Ўзбекистон Ички Ишлар Халқ Комиссарлиги Давлат Хавфсизлик Бошқармасининг 4-бўлим бошлиғи ўринбосари Давлат хавфсизлиги катта лейтенанти Копосов 1938 йилнинг 2 октябрида ўтказган Фитрат ва Чўлпоннинг юзлаштирилиши протоколидан бир неча парча келтирамиз:
«Фитратга савол: Сизнинг айбланувчи Сулаймонов Абдулҳамидга душманлигингиз йўқми?
Жавоб: Мен билан Сулаймонов ўртамизда ҳеч қачон, ҳеч қанақа душманлик бўлган эмас. Биз бир-биримизга жуда яхши муносабатда эдик.
Сулаймоновга савол: Фитратнинг гапи тўғрими?
Жавоб: Ҳа, тўғри. Мен Фитратни жудаям ҳурмат қилардим…»
Кейин Фитратдан унинг Англия фойдасига айғоқчилик қилган-қилмагани, Англия айғоқчиси Саид Афанди билан (аслида у ҳеч қандай айғоқчи эмас, шунчаки бир табиб — М.Қ.) алоқаси бор-йўқлиги сўралади. Фитрат бу саволларга тасдиқ мазмунида жавоб беради. Шундан билиш мумкинки, Фитрат бу учрашувда эзилган, ҳолдан тойдирилган бир алфозда иштирок этган. Муттасил зўрлаш ва хўрлашлар ўз кучини кўрсатган шекилли, шундай бир аллома инсон ўзини Англия айғоқчисига тенглаштириб қўяди.
Яна бир кўчирма:
«Фитратга савол: Сулаймонов Абдулҳамиднинг Саид Афанди билан алоқаси бормиди?
Жавоб: Мен терговда кейинги даврда айғоқчилик иши бўйича Англия разведкасининг резиденти Саид Афанди билан боғланганим тўғрисида кўргазма бердим. Мен бу кўргазмаларимни тасдиқлайман. Мен Саид Афанди билан Ғулом Зафарий орқали алоқа қилиб турардим. 1930 йилда Ғулом Зафарий менга Чўлпон ва у иккалафи Саид Афандидан пул олганини айтди. Менинг Чўлпонни — Сулаймоновни Саид Афанди билан алоқаси ҳақида Ғулом Зафарийдан эшитган гапим шугина, холос.
Сулаймоновга савол: Сиз Саид Афандини танийсизми?
Жавоб: Ҳа. Саид Афанди деган ҳинди табибни ростдан ҳам шахсан танийман. У билан 1928 ёки 1929 йилда Ғулом Зафарийнинг Самарқанддаги хонадонида танишганман. Мен Ғулом Зафарийдан хабар олай деб кирган эдим, чунки у касал бўлиб ётган эди. Ғулом Зафарийнинг уйида мен ҳинди табиб Саид Афандини учратиб қолдим ва у билан танишдим.
Менинг Саид Афанди билан бўлган иккинчи учрашувим ўша йили Самарқандда, Вахшуллахоновнинг хонадонида бўлган эди. Мен хотинимни излаб уникига борувдим. Мен у ерда Ғулом Зафарий, Саид Афанди ва Бахшуллахоновни учратдим. Бахшуллахонов мени ўтиришга, Саид Афанди пиширган қандайдир ҳинди таомидан тотиб кўришга таклиф қилди. Мен ўтирдим, овқатландим ва кетдим.
Хотинимни Бахшуллахоновникидан излашимнинг боиси шундаки, ўша уйда мусиқачи Пўлатов ҳам яшарди. Пўлатовнинг хотини билан менинг хотиним Мусиқа илмлари институтида бирга ўқишгани учун менинг хотиним уникига бориб турарди.
Фитратга савол: Бахшуллахонов ва Пўлатов сизга қанчалик таниш?
Жавоб: Менга уларнинг икковиям шахсан Англия айғоқчиси сифатида маълум.
Сулаймоновга савол: Сиз берган кўргазмалардан мутлақо аён бўляптики, Сиз Англия разведкасининг айғоқчилари билан алоқа қилгансиз, Сизнинг Саид Афанди билан, Бахшуллахонов билан, Пўлатов ва Ғулом Зафарийлар билан ўзаро муносабатларингизнинг ҳақиқий характери хусусида кўргазма беринг.
Жавоб: Мен Ғулом Зафарий билан жуда яқиндан таниш эканимни тан оламан. Пўлатовни, Саид Афандини ва Бахшуллахоновни қай даражада билишимни эса айтдим. Санаб ўтилган шахсларнинг айғоқчилик қилганини билмаслигимни тасдиқлайман.
На бевосита, на Ғулом Зафарий орқали мен Саид Афандидан пул олганим йўқ.
Ўзим айғоқчи бўлмаганман, мен миллатчи эдим ва бу ҳақда кўргазма бердим».
Чўлпон Ғози Олим Юнусов билан юзлаштирилганида ҳам ўзининг миллатчи бўлганини айтиб ўтади. Нега бундай? Афтидан, доимий қистовлар, дўқ-пўписалар зўри билан сингдирилган айбларга айбланувчиларнинг ўзлари ҳам кўника бошлашган. Инсон табиати ўзи шундай: бир нарса муттасил онгига қуйиб турилаверса, бас, охир-оқибатда руҳига ўша нарсанинг нуқси уриб қолади. Инсон беихтиёр ўзи рад этган нарсани тан олиб, унинг мантиқига бўйсиниб қолади. Аммо Чўлпоннинг ўзини миллатчи деб тан олиши, шеърларида миллатчилик кайфиятлари бор эканини эътироф этиши қамалмасидан олдин юз берган эди. Шоир матбуотдаги ялпи ҳужумлар тазйиқи остида шундай йўл тутишга мажбур бўлган эди. Шу боисдан ҳам унинг терговда «Мен миллатчи эдим», дейиши бу ҳамма билган ва кўниккан ҳақиқатни шунчаки қайд қилиб ўтишдек бир гап эди. Ўша пайтда буни тан олмасликнинг иложи ҳам йўқ эди. Тан олмаса катта минбарлардан, ғаламис матбуотдан туриб айтилган «мўътабар» фикрларни рад этган бўларди. Қолаверса, партиянинг турли дунёқарашдаги ёзувчиларга муносабат борасидаги мафкура сиёсатининг нотайинлигини кўрсатиб қўярди: Шу тариқа ўзини янада каттароқ аждаҳонинг оғзига тутиб берарди.
1938 йилнинг 2 октябрида Чўлпоннинг якка ўзи сўроқ қилинганида ҳам у ўзига тиркалган барча айбларни рад этади. Ўша сўроқ протоколидан кўчирма келтирамиз (терговни Ўзбекистон ИИХК ДХБ 4-бўлим бошлиғи ўринбосари, Давлат хавфсизлиги катта лейтенанти Копосов олиб борган):
«Савол: Фитрат билан юзлаштирилганингизда Саид Афандидан пул олганингиз фош этилди. Бу пуллар Сизга нима учун берилган эди?
Жавоб: Мен буни мутлақо рад қиламан. Саид Афандидан ҳеч қанақа пул олганим йўқ.
Савол: Терговга шу нарса мутлақо равшанки, 2 октябрда Фитрат билан юзлаштиришда Сиз айтган Саид Афанди билан икки бор учрашувингиз тасодифий бўлмасдан Англия айғоқчиси билан аввалдан шартлашиб олинган учрашув эди. Шуни тан оласизми?
Жавоб: Мен буни тан олмайман, чунки бу гап ёлғондир. Мен айғоқчи бўлмаганман. Фитрат, Ғулом Зафарий, Саид Афанди, Бахшуллахонов ва Пўлатовнинг айғоқчи бўлган-бўлмаганини мен билмайман.
Савол: Ғулом Зафарий билан Саид Афандининг кейинги йиллардаги алоқалари тўғрисида нималарни биласиз?
Жавоб: Ғулом Зафарий кейинги йилларда сургундан қайтиб келганидан сўнг ҳам Саид Афанди билан ўз алоқасини узмаган. 1935 йилда у менга Саид Афанди Самарқандда эканини гапирувди. 1937 йилнинг бошида Ғулом Зафарий менга Саид Афандининг Тошкентга келганини айтди.
Савол: Икки мартасидаям нима сабаб бўлиб у Сизга Саид Афанди ҳақида гапирди?
Жавоб: Адашмасам, мен Ғулом Зафарийдан Саид Афандининг қаерда эканини сўрадим ва у менга у ҳақда гапириб берди. Мен фақат диабет билан оғриганим учун ҳам Саид Афанди ҳақида сўраган бўлишим мумкин».
Кўриниб турибдики, Чўлпон кейинги икки терговда ўзига қўйилган айбларни рад этган. У на Фитрат тўғрисида, на бошқалар ҳақида нотўғри кўргазма бермаган. Улар хусусидаги ноҳақ даъволарни ҳам иложи борича инкор қилган. Энди шу нуқтада бизга нисбатан ўқувчида ҳақли бир эътироз туғилиши муқаррар. Биз бошида тергов манбалари хусусида гапириб, уларда қайд қилинган кўргазмаларнинг деярли ҳаммаси сохта эканини, баъзан тўғри далиллар учраб қолса-да, улар ҳам тескари талқинга ўралган бўлишини айтган эдик. Аммо кейинги икки тергов протоколидаги гапларни рост ўрнида қабул қилишимиз ва шуларга асосланиб Чўлпон терговда ўзини йўқотмаган, ўз ички мавқени сақлаб қолган демоқчи бўлаётганимиз тергов манбаларига муносабатдаги илк мезонларимиздан воз кечаётганимизни кўрсатмайдими?! Йўқ. Гап шундаки, кейинги икки протокол (уларга Чўлпон ва Ғози Олимни юзлаштириш протоколини ҳам қўшиш мумкин) аввалгиларидан кескин фарқ қилади. Албатта, юқорида айтиб ўтганимиздек, бу протоколларда ҳам етарлича ёлғон аралашган бўлиши керак. Аммо уларда тергов савол-жавобларини қайд қилиб бориш мезони бутунлай бошқачадир. Агар аввалги тергов протоколларида Чўлпон ўзига қўйилган айбларни сўзсиз тан олса, ҳатто ўз айбларига янги-янги айблар қўшиб гапирса, Фитрат ва бошқаларни кескин «фош» этса, кейинги протоколларда, аксинча, у деярли ҳамма айбларни рад қилади. Хўш, бир жиноий ишда, яна бунинг устига ёлғиз айбланувчининг турли терговлардаги турлича саволларга турлича мавқелардан туриб жавоб беришини қандай тушуниш мумкин? Тўғри, ҳар қандай айбланувчи ҳам турли саволларга турлича жавоб беради. Аммо унинг саволларга, шу саволларни бераётган терговчига ички муносабати, ички мавқеи бир хил бўлиши керак-ку, ахир! Чўлпон билан олиб борилган тергов протоколларида ана шу бир хилликни кўрмайсиз. Аввалги протоколларда ўзгача муносабат, ўзгача мавқе бўлса, кейингиларида яна ўзгача. Ёки бу айбланувчининг руҳиятидаги ўзгаришлар ифодаси ўлароқ юзага келган икки хилликмикин? Ахир у бошида саросимага тушиб кўп нарсаларни чалкаштириб юборган бўлиши, кейинроқ эса ўзини тутиб олиб, ҳар бир саволга аниқ ва тўғри жавоб берган бўлиши мумкин эди-ку! Йўқ, бу фаразимиз иш бермайди. Негаки, аввалги протоколларга терговчилар томонидан жуда кўп ёлғон-яшиқлар аралаштириб юборилганини ўзимиз ҳам неча бор қайд қилиб ўтдик. Бизнингча, гап ҳар бир терговчининг «ўзига хос» иш юритиш «услуби»да. Эътибор бериб қаралса, «иш»нинг аввалги тергов протоколларини Давлат хавфсизлиги лейтенантлари Агабеков (1937 йил 23 июлдаги тергов протоколини) ва Триғулов (1937 йил 10 августи ва 25 сентябридаги протоколларини) тўлдиргани аён бўлади. Бу кимсалар ўзларининг шафқатсизлиги билан ном чиқарган. Уларнинг қилмишлари кейинчалик кўпчиликнинг оғзига тушган. Хуллас, терговчилар айбланувчидан ўзлари тўқиб чиқарган эртакларга қўл қўйдириб олаверган. Албатта, уларга Чўлпоннинг ўзи ҳам анча нарсаларни айтиб берган бўлиши мумкин. Аммо протоколга бу гапларнинг ҳаммаси ҳам киритилавермаган. Фақат «сюжет»га мос келадиганлари, афт-ангорини ўзгартирса бўладиганларигина киритилган, холос. Кейинги терговларни олиб борган Давлат хавфсизлиги катта лейтенанти Копосов эса ўз ҳамкасбларига қараганда анча «демократроқ» бўлиб чиқади.
Терговчиларнинг ана шундай «ўзига хос» иш «услуб»ларини ҳисобга олиб бемалол айта оламизки, Чўлпон терговда ўз ички мавқеидан чекинмаган, ҳар бир саволга тўғри ва ҳалол жавоб берган. Аммо яна шуни айтиб ўтиш керакки, терговчилар унинг тўғри жавобларидан ҳам «унумли» фойдалана олишган.
Биз Чўлпон муҳит эркида, муҳит ихтиёрида эди, дедик. Албатта, «эркинлик»да тутқунлик қонунлари билан яшаш шоирга осон кечмаган. Лекин шунча қийинчиликларга қарамасдан шоирнинг иродаси букилмаган. Тўғри, у умидсизликка тушган, гоҳ ғамгин, гоҳ замонасоз шеърлар ҳам ёзган. Аммо ундаги ички «Мен», ички журъат сўнмаган. Йиллар давомида шоирнинг дунёқараши ўзгариб, эътиқоди янгиланиб борган. Эътибор берган бўлсангиз, Чўлпон Бауман ва бошқалар номига ёзган баёнотномасида Аҳмадхоновнинг уйидаги мажлислар хусусида фикр билдириб, бу мажлисларда «ўзимнинг ўша пайтдаги эътиқодимга кўра қатнаша олмасдим ҳам», дейди. Шунга кўра тахмин қилиш мумкинки, 20-йилларнинг бошидаги Чўлпон билан 30-йиллардаги Чўлпон бир-биридан кескин фарқ қилган. Бири инқилобнинг озодлик кучига қаттиқ ишонган, ҳатто уни куйлаб шеър ёзган («Қизил байроқ» шеъри), иккинчиси эса ўзи ишонган ҳақиқатдан фақат адолатсизлик топиб, ишончи сўнган, умидсизликка тушган.
Чўлпоннинг инқилобга, Шўролар ҳукуматига сўнгги йиллардаги ички муносабати хусусида унинг хотира дафтарлари кўп маълумотлар бериши мумкин эди. Аммо улар шоирнинг уйидан олиб кетилган бошқа буюмлар қаторида терговдан сўнг «Ишга алоқаси бўлмаган» ҳужжатлар сифатида йўқ қилинган. «Иш»да Чўлпоннинг хотира дафтарлари ҳақида ёзилган «тақриз» бор. «Тақриз» муаллифи Насрулла Охундийдир. Насрулла Охундий шоирнинг хотира дафтарларидан жуда оз кўчирмалар келтирган. У хотира дафтарлардаги гапларнинг ҳаммасини худди шоирнинг нашрга тайёрлаб қўйилган асарларини шарҳлагандек шарҳламоқчи бўлади. Ваҳоланки, киши ўз хотира дафтарига нималарни ёзмайди дейсиз? Тақризчи Чўлпонга нисбат берган кўчирмалар балки Чўлпоннинг бирор бир севимли шоир ёки ёзувчисининг асаридан қилинган таржимадир. Агар Чўлпоннинг ўзиники бўлган тақдирдаям қандайдир кайфият, ҳолат ҳукми билан ёзиб қўйган гапларидир. Киши ўз кайфиятидан хотира сўзларни хотира дафтарларига ёзмаса қаерга ёзади? «Тақриз»да Чўлпоннинг хотира дафтарларидан олинган шеърий парчалар ҳам бор. Аммо уларни дафъатан Чўлпонники дейишга тилинг бормайди. Оддий, жўн. Чунки Чўлпон ўз даври, ўз замонасига шахсий норозилигини билдириб қўйишни истаган бўлса бундай оддий гапларни ёзиб ўтиришга ҳожат бормиди! У ахир ҳар қандай шеърда ҳам исён руҳини бера оладиган санъаткор шоир эди-ку! Шуни ўйлаб хотира дафтарларидаги шеърий парчалар бошқа бировлар томонидан тўқилмаганмикин деган тахминга ҳам борасан киши[9].
Ҳа, Чўлпон муҳит эркидаги шахс эди. Муҳит уни ўзи хоҳлаган пайтда парчалаб, қирғоққа отиб юбориши муқаррар эди. Аммо шуниси ҳам бор эдики, муҳит ўз эркидаги «Сомон парча»лардан қўрқарди.
Ҳа, Чўлпон муҳит эркидаги шоир эди. Аммо унинг руҳи озод эди. У муҳит эркида яшаб юриб ҳам шоир бўлиб қолди. Шоирлик муҳит эркига ташланган қисмат эканини англатиб кетди.
Социализм тарихи синфий курашлар тарихидан иборат деб билган мафкура кураш деганда кўпроқ калтакни тушунар эди. Чўлпон тиниқ қайғулар, саркаш хаёллар шоири эди. Аммо ифлос муҳит бу гўзалликни қабул қилолмади. Қабул қилса ифлос бўлмай қоларди-да!..
ЧЎЛПОННИНГ ХОТИРА ДАФТАРЛАРИ ҲАҚИДА
Аксилинқилобий буржуа миллатчиларининг онаси бўлган Чўлпоннинг хотира дафтари бутунлай аксилинқилобий мафкурани, хотирани ва унинг Совет ҳукуматига, буюк рус халқига қарши олиб борган курашларини йиғиндиси бўлган. Чўлпон ўз хотира дафтарида Совет ҳукуматига қарши ўзининггина олиб борган курашини системали равишда ёзиб бориш билан қаноатланмаган. У хотира дафтарида Акмал Икромов бошлиқ бутун бир аксилинқилобий ташкилотнинг курашини ҳам қисман ёзади. Бу дафтарда ёзилганлардан кўринадики, ҳали кўп сирлар очилмаган, бир мунча кишиларнинг юзларидан миллатчилик ниқоби юлиб ташланмаган. Чўлпоннинг хотира дафтари бир мунча Чўлпончиларнинг юзларини очиб берган. Яъни, у кишилар ҳозир биз билан бир қаторда юриб, кўринишда Совет ҳукумати тарафдори бўлиб, аслида эса ва юракдан унга қарши ишловчилардир. Буларнинг бир қисми санъат, адабиёт соҳасида ҳали-ҳали яшамоқдалар. Чўлпоннинг хотира дафтаридан маълум бўлишича булар Уйғур, Обид Жалил кабилардирким, улар яширинча ва зимдан иш олиб борсалар-да, кўринишда ҳақиқий Совет граждани бўлиб кўринишга уринадилар.
Чўлпоннинг сўзича, унинг хотира дафтаридан ташқари яна иккита хотира дафтари бўлган. Бири Бухорода ёзилган, иккинчиси Маскавда, Маскавдагиси айниқса аксилинқилобий сирлар билан тўлган бўлса керакки, у шунинг учун ўз қўли билан ёндириб ташлайдир. Чўлпоннинг бу хотира дафтари бошидан оёқ аксилинқилобий заҳарли идея ва сўзлардан, хотиралардан иборатдир. Чўлпон аксилинқилобий ташкилотнинг енгилганлигига иқрор бўлган. У ўз-ўзига ва дўстларига бу енгилиш вақтинча ва бу енгилишдан енгиш учун курашишга чақиради. Хотира дафтарнинг 29/VI —1926 йилда ёзилган хотирасида шундай дейди: «Санъат ҳарамига бир ёввойи бўрон кирди… Олтун қадаҳ, биллур косалардан бир-икки жуфтини ағдариб кетди. Майлар тўкулди, косалар синди, қадаҳлар парча-парча бўлди… енгилишнинг ҳам кайфи бор, худди енгиш каби! Енгилишка — енгиш орқали келинг. Худди енгишка — енгилиш орқали келинганлик каби. Қанотларимиз синган, фонарларимиз ўчган, ҳассамиз синдирилган…[10] йўл борамиз, манзилдан дарак йўқ».
Бу хотира аксилинқилобий «Қизил қалам» жамияти ва қосимовчилар тор-мор келтирилгандан кейин ёзилган бўлиши мумкин[11]. «Санъат ҳарамига ёввойи бўрон кирди» деган жумланинг маъноси санъатга большевиклар ўз идеяларини ва ўз кишиларини киргиздилар деган гап. Чўлпон улуғ рус халқига қарши 12/1 1—1927 йилда ёзган хотирасида шундай деди: «Сенинг оқ бетларинг унутилиши лозим бўлган оқ «бетлар»дай қора пардалар орасида қолиб кетипдир». Яна «Сариқ пақирнинг булғанч сувлари, иккига бўлинган улуғ бир балиқнинг қонларини ялайдилар».
Бу жумлалардаги «Оқ бет, сариқ пақир» деган сўзлар русларга қаратилгандир. Чунки Чўлпон илгарида ҳам, ҳозирда ҳам русларни «қарғага, булутга, сариқ сифат бериб, оғзи қон бўри» деб таъбирлар эди[12]. Чўлпон бу заҳарли фикрини хотира дафтарида қуйидагича ёзади:
«Бу ерда Маскав ҳар толибнинг талаби,Ҳовуч-ҳовуч, қучоқ-қучоқ берилган.
Локин «Маскав қизиман» деб керилган
Пойтахтнинг у ясама «чўғ лаби».
Сиздан луқма олмагунча ютилмас,
Унинг бутун тушунчаси олмоқдир.
Олиб-олиб чўнтагига солмоқдир
Берганда ҳам нима берар дор, мараз!
… сенинг жойинг эмасдир[13]
Ай, «Пахтастон» ўлкасининг ташнаси!
Ай, Маскавнинг 60 йиллиқ ошнаси,
Маскав ўша эски олиб бермасдир…
Икромовдан Аъламовга келган хат
Автомобил тагларида йўқ бўлди.
Шунинг учун турмушинг ҳам «йўқ» бўлди
Аъламовнинг поклигида бор иллат!
Янги чиққан ўзбекларга жой бериб,
Ҳаммасини хурсанд қилғон «Ўзқўнсул»
Сенга келгач «Отказ» билан «Хей» бериб,
Безирайиб тура берди… ўлаҳ, ўл!
Ким деб эди сенга ўзбек туғул деб
«Бахтсизлик»: ўзбекнинг ҳамдами.
……………………………..
……………………………..[14]
Бу шеъри билан Чўлпон руслар ўзбекларга мараз юқтирувчи халқ, деди. Рус аёлларини барчаси бузуқ, фоҳиша деди. Чўлпоннинг фикрича, рус хотинлари сквер хотинлари эмиш. Маскав эса (Маскав сўзи билан эса рус халқини кўзда тутади) ўзбекларни таловчи босмачи эмиш. Чўлпоннинг фикрича ва юқоридаги шеърнинг маъносига кўра руслар олтмиш йилдан бери ўзбекларни талар эмиш. Чўлпон шундай аксилинқилобий фикрни давом эттириб яна ёзади. Халқ душмани Акмал Икромовнинг Аъламов деган бир шахсга ёзган хатининг йўқолганига Чўлпон афсусланади. Унинг фикрича, шу хатнинг йўқолиши натижасида ўзбек турмуши хароб бўлган эмиш. Бироқ бу хатнинг мазмуни хотира дафтарида йўқ. Лекин ўйлайман, у хат диққатни жалб қиларлиқ хатдир. Чўлпон Совет ҳукуматига ва улуғ рус халқига қўлидан келган туҳмат ва ҳақоратларни майдонга ташлаган. Бунга очиқ далил унинг мана шу хотира дафтаридир. Чунки хотира дафтарларининг бошидан тортиб то охиригача аксилинқилобий сўзлар, аксилинқилобий хотиралар билан тўлган. Уни таҳлил қилиб ўтиришнинг ҳам ҳожати йўқ. Шунинг учунки, бу хотира дафтарларида бу аксилинқилобий фикр очиқ айтилгандир.
Нашрга М. Қаршибоев тайёрлади.
РЕДАКЦИЯДАН: Ошкоралик, қайта қуриш шарофати ўлароқ Давлат Хавфсизлик Қўмитасининг «темир сандиқ»лари очилди. Бу сандиқларда оммавий қатағон йилларининг қурбони бўлган миллионлаб расо фикрли кишилар қисмати битилган турли маълумотлар, ҳунокатлар сақланарди. Ёш адабиётшунос ҳамда шоир М. Қаршибоевнинг адиб Чўлпон ҳақидаги мазкур мақоласи ана шу ҳужжатларни ўрганиш асосида ёзилган. Уларда севимли шоир ва ёзувчимизнинг кескин фожиали қисматигина эмас, балки унинг инсоний сифатлари ҳам акс этган. Давлат Хавфсизлик Қўмитаси ходимлари келгусида ҳам қатағонга учраган адиблар, олимлар ва халқимизнинг бошқа асл фарзандлари тақдирини ўрганишда бизга шундай хайрихоҳ ва самимий ёрдам кўрсатиб турадилар, деб астойдил ишонамиз.
“Шарқ юлдузи” журнали, 1990 йил, 10-сон
__________________
[1] Қаранг: «Санъат» журнали, 1989 йил, 8-сон.
[2] «Узбекистанская правда» ЎзКП(б) Марказқўми, ЎзССР МИҚ, Ўзбекистон Касаба уюшмаси ва ЎзКП(б) Тошкент фирқа қўмитасининг нашри, 1929—34-йиллар давомида чиққан.
[3] «Узбекистанская правда» газетаси 1932 йил, 12 май.
[4] «Узбекистанская правда» газетаси 1932 йил, 14 май.
[5] Абдулҳай Тожиев — матбуот ходими, «Туркистон» (ҳозирги «Совет Ўзбекистони») газетасида, «Коммунизм» журналида ва бошқа масъул вазифаларда ишлаган.
[6] Султон Сегизбоев бўлса керак.
[7] Бу сатр 1917 йилда «Юрт» журналида босилган «Қизил байроқ» шеъридан олинган. Сатр қўлда араб хати билан (ўрисчасидан сўнг) ёзиб қўйилган.
[8] «Қизил Ўзбекистон» газетаси, 1932 йил 16 июнь.
[9] Насрулла Охундийнинг «тақризи»ни мақолага илова қилаяпмиз. «Тақриз» лотинлаштирилган ўзбек алифбосида ёзилган, «иш»да унинг ўрисчасига таржимаси ҳам (X. Қурбонов деган киши таржимаси) бор (69—70-варақларда).
[10] Нуқталар ўрнидаги сўзни аниқ ўқий олмадик.
[11] Қосимов 26-йилда эмас, 1930 йилда суд қилинган, келтирилган кўчирма эса партиянинг ўша йнллардаги адабий сиёсат бобидаги нотўғри тадбирларига муносабат тарзида ёзилган.
[12] Жумла ғализ.
[13] Нуқталар ўрни бўш қолдирилган.
[14] Нуқталар ўрни бўш.