Муҳаммаджон Имомназаров. Хамсачиликда тож ва меҳр зиддияти (1990)

Феодализм ривожида юксалиш даври ҳисобланган IX—XV асрларда Ғарбда Испаниядан, Шарқда Шимолий Ҳиндистон ва Ҳошғаргача ўзаро маълум ички муштаракликка эга маданий-ғоявий олам ташкил топди. Арабий, форсий, туркий тилларда яратилган Шарқ классик адабиёти ана шу маънавий оламнинг узвий қисми сифатида майдонга келди. Алишер Навоий ижоди ҳам кенг маънода ушбу олам такомилидан далолатдир.

Биз тилга олмоқчи бўлган мавзунинг туб моҳияти Навоийнинг:

Ишқ аро душвордур бўлмоқ киши ҳамдарди шоҳ,
Чун де олмас дардини юз йил югурса додхоҳ,

— матлаъли машҳур ғазалида жуда ихчам ва ёрқин ифода этилган.

Фирдавсий «Шоҳнома»си ва илк туркий эпопея — «Қутадғу билик» учун ҳам одил шоҳ ғояси асосий мавзудир. Бутун феодал жамияти учун долзарб бу ғоя — умумбашарий маънода ҳур фикрли инсонлар жамияти қандай асосда тузилмоғи ва қандай усулда бошқарилмоғи лозим, деган саволга феодал маданий-ғоявий тартиботининг таклиф этган жавобидирки, унинг меҳнаткаш халқ манфаатларига қанчалик мос келиши ва уни қандай усуллар билан такомиллаштириш масаласи ҳамиша ўз даври мутафаккирлари ва ижодкорларининг диққат марказида бўлди.

Агар «Қутадғу билик» муаллифи доно маслаҳатчилар кўмагида илм-фанга ҳомийликни такомиллаштирмоқчи бўлса, Низомий меҳр-муҳаббат туйғусини адолатли шоҳни тарбиялаш воситаси сифатида олға сурди ҳамда тож ва меҳр мавзуини бошлаб берди. Илоҳий ишқ билан дунёвий ишқ ихтилофи ёнига тож ва меҳр зиддияти қўшилди.

Низомий оддий кишилар ичида яшади, сарой шоири бўлишдан қатьиян бош тортди. Ахийлар жамоасига яқинлик шоир ишончини янада мустаҳкамлар эди. У яратган сийрат — шаҳзода Хусрав жуда ўзбошимча, эрка-тантиқ. Аммо унинг ҳассос қалби бор, у чинакамига севиб қолади. Ширин — ҳурфикр сийрат. У — Низомийнинг эзгу орзуси. Асли у малика ҳам эмас, қипчоқ қизи Офоқ сингари пок ва маъсумадир. У ўз муҳаббати таъсири остида Хусравни одил ва доно ҳукмдор қилиб тарбиялашга аҳд қилади. Хусрав ўз қиёфасида тож ва меҳр зиддиятини кескин бир тарзда намоён этади. Бундай руҳ кейинги достонларда Баҳром ва Искандар тасвирларида ҳам мустаҳкамланади.

Буюк ҳинд сеҳргари деб таърифланадиган шоир Амир Хусрав Деҳлавий достончилиги гуллаган даври XIV аср бошларига тўғри келади. У илк бор Низомийга жавоб ёзиб, хамсачилик анъанасига асос солган шоир. Унинг даври чуқур ижтимоий силкинишлар даврига тўғри келди, мўғуллар босқини, ички урушлар, ҳинд-мусулмон нифоқлари авж олди, суфий сулукларининг саройга кучли аксилгуруҳи шоир ижодига жиддий таъсир кўрсатарди. Бунинг устига, Амир Хусрав расман сарой шоири саналиб, умрининг кўп қисмини катта ва кичик ҳукмдорларга у ё бу даражада боғлиқ ҳолда ўтказди, саройнинг бутун ички фасодининг, фитна ва разолатининг гувоҳи бўлди. Шу сабабданми, Деҳлавий ҳукмрон табақа вакилларининг асл моҳиятини теран ҳис қилди ва уларни «хайли гўрг» — «бўри галаси» деб атади. Аммо у оддий инсонлар орасидаги энг олий ва табаррук туйғу саналмиш меҳр қудратини ҳам қалбан ҳис қилди.

Деҳлавий ўз салафининг тож ва меҳр ҳақидаги хулосасини тарихий-ижтимоий воқеликка мос равишда — янгича ҳал қилди. Унинг қаҳрамони Хусрав типик ҳукмдор сифатида иш тутади. Масалан, исён кўтарган Баҳром Чўбинга қарши курашиш учун мадад сўраб, Рум қайсари ёнига боради. Ширинни севади, бироқ шароит тақозосига кўра, Марямга уйланади. Ҳокимиятини мустаҳкамлаб олгач, қайнотаси ва ҳалоскорининг беҳисоб хазиналарини ўзлаштиришдан тап тортмайди.

Бундай мулоҳаза инсоний меҳр туйғуси билан мутлақо сингиша олмайди. Хусравнинг ортиқ даражада Ширин ишқига берилиши туфайли Шируя исён кўтаради, ўзи тож-тахтдан ажралиб ҳалок бўлади. Шуни ҳам айтиш керакки, шоир ҳақиқий меҳрни шоҳ ва маликаларга унчалик раво кўравермайди.

Шоир «Хамса» эпопеясида тожни Хусравга ва меҳрни Мажнунга муносиб кўради. «Ширин ва Хусрав»да асосий ғоя тож-тахт интилишлари билан асл инсоний меҳр интилишлари бир-бирига моҳиятан зид эканлигини, уларни асло келиштириш мумкин эмаслигини таъкидлаш эди. Ошиқ Фарҳод тож-тахтдан буткул воз кечиб, тошкесарлик ҳунарини танлаганлиги туфайлигина чин инсоний меҳрга қобилдир. Аммо Амир Хусравнинг барча чин ошиқлари, ҳаётда ижтимоий жиҳатдан анчагина суст ва шоир меҳрни деярли доим маиший йўналишда тасвирлайди.

Навоий ўз салафлари ижодини чуқур ўрганди, 25-26 ёшли чоғларидаёқ улар тажрибасини тўлиқ ўзлаштирди. Низомию Деҳлавийга арзигулик жавоб айтиш даражасига етди, бироқ бу ишга фақат ўн олти йил ўтгач киришди. Назаримизда, бу давр унинг учун ўз ижтимоий фаразларини ҳаёт синовидан ўтказиб улгуриш учун керак бўлди.

Навоийни биз романтик деймиз. Бу хулоса, назаримизда етарли эмас. Фарҳод, — бироз эркин ташбеҳ этсак, — шоирнинг ўзи. Аниқроғи — эзгу орзуси. Фақат унинг Ширинга ишқи — мажоз. Чунки Навоий «Хамса»да меҳрни маиший йўналишда эмас, аввало ижтимоий аснода талқин этади.

Феодализм жамияти учун у — хаёлот, биз учун — тўғрисўз, яъни унинг ғоялари келажакка қаратилган эди. Фарҳод — меҳр йўлида тож-тахтдан кечган шаҳзода. Аммо бу ишқ зоҳидона суст «ишқи ҳақиқий» эмас. «Ҳайратул аброр»да бунга ҳам муқояса мавжуд. Маълумки, достоннинг 2-мақолати сўнгида машҳур суфий Иброҳим Адҳам ҳақида ривоят берилади. Бу суфийнинг машҳурлиги шундаки, у шоҳлик тахтидан кечиб, тақво йўлини танлаган, яъни шу ҳаракати билан ташқи жиҳатдан Фарҳодга ўхшаб кетади. Лекин Навоий ҳикоятда унинг ажиб ҳолатини тасвирлайди. Бу улуғ шайх ўн тўрт йил азоб чекиб, чўлу саҳро кезиб, тоат-ибодат билан Каъбани тавоф қилишга етиб борса, Каъба ўз ўрнида йўқ. Маълум бўлишича, Каъба ўзи Робиайи Адвияни тавоф қилишга кетган экан. Робия эса тасаввуфга ишқни олиб кирганлиги билан машҳурдир.

Фарҳод — феодал табақа нуқтаи назаридан эмас, меҳнаткаш нуқтаи назаридан ижтимоий фаол шахс. Отаси унинг кўнглини ёзиш учун қаср қурдиради, у эса бундан ҳунар ўрганиш учун фойдаланади, шунда ҳам ишни Боний ва Монийларнинг нозик санъатларини эмас, Қораннинг тошкесарлигини, яъни пухта иш қуроли ясашни ўрганишдан бошлайди. Сўнг дунёвий илмлар ўчоғи ҳисобланган юрт сари йўл олади. Энг аҳамиятлиси шундаки, Фарҳод ўрганган касб ва ўзлаштирган барча бйлимларини халқ манфаати йўлига сафарбар этади. Навоий Фарҳоди — енгилмас қаҳрамон. Фақат уни ёлғизлик забун этади, фириб ва ёлғон ҳалок қилади. Фарҳод оддий меҳнаткаш каби бардошли, жасоратли, меҳрли, шу билан бирга ишонувчан шахс. Баъзан Ширин сийратининг бироз суст эканлигини айтадилар. Бу — ушбу образ моҳиятидан келиб чиқувчи табиий ҳол. Чунки Фарҳод — ҳаётий қаҳрамон, Ширин эса — бахт ҳақидаги орзу.

Шундай қилиб, Низомий шоҳни ҳам оддий инсон каби меҳрга қобил деб билса, Деҳлавий тож ва меҳр зиддиятини юзага чиқарди. Навоий ушбу тажриба асосида ўзгача ечим қидирди: уни тахту тожни рад этиш ва меҳр йўлида ижтимоий фаоллик кўрсатиш зарурати сифатида ҳал қилиб берди. Навоий меҳр тушунчасини ижтимоий туйғу даражасига кўтарди.

Достон фожиавий якунланади. Бу ҳам улуғ шоирнинг бадиий ҳақиқатга содиқлигидан намуна эди. Албатта, ўша давр учун Фарҳод сингари ҳурфикрли қаҳрамоннинг ғолиб чиқишига имкон йўқ эди. Аммо бундай табаррук сиймолар қуёш янглиғ ҳар тонг яна чархи даврон узра бош кўтараверадики, бу ҳам ҳақиқатдир.

Муҳаммаджон Имомназаров, филология фанлари номзоди

«Гулистон» журнали, 1990 йил, 5-сон