Халқимиз асрлар давомида яратган ранг-баранг достон, эртак, қўшиқ, афсона, ривоятлар сингари мақол ва маталлар ҳам миллий оғзаки ижоднинг энг қадимий ноёб дурдоналаридан ҳисобланади. Узоқ йиллар мобайнида оғиздан-оғизга, наслдан-наслга кўчиб, пишиб, халқ донолигини ўзига сингдириб, янада сайқал топиб келган бундай тафаккур дурдоналари муҳим тарбиявий, илмий-маданий аҳамиятга эга.
Ўлкамизда ўзбек халқ мақолларини йиғиш, илмий ўрганиш ва тарғиб қилиш борасида бир мунча ишлар қилинди. Бу ўринда «Ўзбек халқ мақоллари»нинг икки жилдлик (Маъсул муҳаррирлар Т. Мирзаев, Б. Саримсоқов. Тошкент, «Фан» нашриёти. 1987—1988 йиллар) илмий академик тўплами қувонарли ҳодисадир. Ўзбек фолклористикасининг тараққиётида бундай академик тўпламнинг юзага келиши айни муддао. Тўплам жуда катта манбага — ЎзССР Фанлар академияси Тил ва адабиёт институтининг Ҳоди Зарипов номидаги ўзбек фолклори архивига таянади. Архивда сақланаётган ҳужжатларни жиддий ўрганиш, илмий таҳлил қилиш ва саралаш натижасида ўн уч мингта ўзбек халқ мақоли ажратиб олиниб, тўпламга киритилган. Унда асосан халқ оғзидан ёзиб олинган, жонли сўзлашув нутқида кенг қўлланган ва қўлланилаётган мақолларгина ўрин олиб, индивидуал ижодкорлар қаламига мансуб ҳикматлар киритилмаган. Чунки, сўзбошида айтилганидек, «мақоллар кўп йиллик ҳаётий тажрибалар асосида юзага келади. Муайян мақолни қабул қилиб олувчи жўғрофий муҳит — уни ўз шароитида қайтадан синовдан ўтказиб олгандан кейингина ўз мулкига айлантиради». Халқ яратган мақол ва матал маъноларининг бутун нозик жиҳатларини қат-қатигача тушунмоқ, бу бебаҳо мулкни теран идрок этмоқ учун киши ҳаётий воқеа-ҳодисаларни тез илгаб оладиган ва кенг мантиқий мушоҳада юритиш қобилиятига эга бўлмоғи керак.
«Ўзбек халқ мақоллари» тўплами нисбатан мукаммал нашр этилганлигини қайд этиш билан бирга ундаги айрим мақолларнинг фолклор нуқтаи назаридан баҳсталаб эканлигини ҳам унутмаслигимиз керак. Тўпламда «Рус тили — дўст тили», «Рус тили — она тилим, ўз тилимга қондош тилим», «Агитатор — элнинг қулоғи» каби шиорнамо гапларнинг мақол сифатида қайд қилиниши ўқувчига эриш туюлади. Балки бу гапларнинг рус тилининг миллатлараро муомала тили сифатидаги муҳим ўрни ва ролини англашда ўқувчи учун маълум тарбиявий аҳамияти бўлса бордир. Лекин бундан ана шу гапларни мақол сифатида қабул қилиш мумкин, деган хулоса келиб чиқмайди. Шунингдек, «Носкаш — пасткаш», «Мастлик — пастлик», «Инсон севги билан тирик», «Инсон ҳаёси — одоб садоси»га ўхшаш сўз бирикмалари ҳам ҳали мақол даражасига кўтарилган деб бўлмайди. Чунки, халқ оғзаки ижодининг бошқа барча жанрлари қаторида мақолларда ҳам гапларнинг мақолга айланиши учун қатор шартлар мавжуд. Биринчидан, «Мақолга айланувчи фикр халқ ҳаётининг кўп йиллик ижтимоий-иқтисодий, сиёсий тажрибасида синалган бўлиши лозим. Ана ўшанда бу фикр ибратлилик касб этади, кишиларни ишонтира олади. Иккинчидан, мақолда ифодаланган фикр умуминсоний характер касб этиши лозим. Учинчидан, ҳар икки шартга жавоб берувчи ибратли фикр ихчам, мукаммал, бадиий жиҳатдан пухта кристалл шаклга эга бўлиши керак». Шундай экан, юқорида қайд қилинган бирон бир мажозий маънога, яхлитлик шаклига эга бўлмаган сўз бирикмаларини мақол эмас, балки ҳикматли гаплар деб зикр этсак, мазмунан тўғри бўлур эди. Китобда айрим мақоллардаги баъзи сўзлар ўринсиз ўзгартирилган. Оқибатда мақолларнинг сўз қурилишидаги яхлитлик бузилган. «Гўшт ширинлигини ташласа, ўғри ўғрилигини ташлар», «Оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичар» мақоллари фикримиз исботидир. Халқ тилида «ўғри» ва «сувни» сўзлари ўрнида «мушук» ва «қатиқни» сўзлари қўлланилади. Биринчи мақолдаги «мушук» сўзининг «ўғри» сўзи билан алмаштирилиши мақолнинг мажозий маъно акс эттирувчи хусусиятини ғализлаштирган. Иккинчисида эса, қатиқнинг қайнамаслигини англаш кифоя. Адабий тузатишсиз эълон қилиш имкони бўлмаган мақолларни илмий мақсадларда ўрганиш мумкин, лекин оммавий тўпламларда қайд қилинишнинг унчалик зарурати йўқ. Шунингдек, «Авайлаб сўзла сўзингни, деворнинг ҳам қулоғи бор», деган мақолда «Авайлаб сўзла сўзингни» жумласи ортиқча.
Маълумки, салкам такрорийлик фолклорнинг аксарият жанрларига хос бўлган хусусият ҳисобланади. Муаллифлар «Бир хил лексик бирликдан тузилган, аммо фонетик жиҳатдангина фарқ қилувчи, турли жойлардан ёзиб олинган, лекин бир-бирига айнан мос келувчи намуна»ларни қайд этишмаган. Бу тўғри. Аммо: «Хотинсиз ўтиш — хато, боласиз ўтиш — жафо», «Хотинсиз ўтиш — хато, фарзандсиз ўтиш — жафо» каби мақоллардан фақат биттаси берилишининг ўзи етарли эди. Чунки «бола», «фарзанд» сўзлари маънодош сўзлар бўлиб, «боласиз» ўрнига «фарзандсиз» сўзининг қўлланиши билан мақолнинг поэтик ва структурал қурилишида сезиларли ўзгариш юзага чиқмайди.
Кўп ўринларда ўзбек халқ мақолларининг кенг оммалашган баъзи намуналари тўпламга киритилмай, муаллифлар эътиборидан четда қолган. «Ёмоннинг яхшиси бўлгунча, яхшининг ёмони бўл, Қорамуғ донаси бўлгунча, буғдойнинг сомони бўл», «Қиз бола ўнга кирса, тентак хотин сонга киради», «Бир қизга қирқ уйдан тиюв», «Хотинларда хотин бор, бошларида олтин бор. Эркакларда эркак бор, ҳисобда йўқ тентак бор» каби мақоллар шулар жумласидандир.
Халқ мақолларини йиғиш, ўрганиш жуда қадимий тарихга эга. Маҳмуд Кошғарий XI асрдаёқ қадимий халқларнинг ҳикматли ибораларидан тўрт юзга яқинини ўзининг «Девон»ига жамлаган. Шулардан икки юз элликдан ортиқроғи мазмун жиҳатдан ҳам, шакл жиҳатдан ҳам ҳозирги ўзбек тилида бугунгидек янграб турибди. Масалан: «Арслон қариса — сичқон инини пойлар», «Беш бармоқ баробар эмас», «Сув кўрмай этик ечма», «Озиқли от ҳоримас», «Меҳнат зое кетмас» кабилар. XIX асрнинг бошларида ўзбек халқининг забардаст масалчиси Гулханий икки юзга яқин ибратли ибораларни тўплаб, «Зарбулмасал» асарини яратган.
Тўпламга ёзилган кириш сўзида М.Кошғарий, Гулханий, Н. Остроумов томонидан илк бор қайд этилган мақол ва маталлар ҳам рисолага киритилганлиги айтилади. Аммо манбалар кўрсаткичида уларнинг номи келтирилмаган. Қолаверса, шу пайтгача чоп этилган мавжуд барча мақоллар тўплами ҳам манба сифатида қайд қилиниш керак. Шунингдек, мазкур тўплам атиги эллик минг нусхада чоп этилган, холос.
Ҳолбуки, жумҳуриятимизда ўн беш мингдан зиёд турли хил кутубхоналар фаолият кўрсатаётганлиги, улар камида бу хилдаги китоблардан икки-уч нусхадан қабул қилиб олиши назарда тутилса, бу жуда оздир. Умуман, «Ўзбек халқ мақоллари» икки жилдлигининг нашр этилиши алоҳида аҳамиятга молик воқеадир.
«Гулистон» журнали, 1990 йил, 12-сон