Жумҳуриятимиз ҳудудида ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши билан адабий-нутқий фаолият қонун ечимларини рўёбга чиқаришнинг амалий ҳаракатига фаоллик билан киришиб кетди.
Адабий тил имкониятларини яна-да кенгайтириш, унинг бир қолипга тушиб қолган турғун маром (норма)ларини янгилаш, қайта ташкил этиш давлат тили мақоми мезонларига ҳам зид эмас. Аммо сўз қўллаш борасидаги изланишларни «бош-бошдоқлик», тил маромларини бузиш сифатида баҳолаётган овозлар ҳам йўқ эмас. Улар бу ишларни умумхалқ муҳокамасидан сўнггина амалга ошириш керак деб ҳисоблашмоқда.
Фикримизча, масалани бу тарзда қўйишнинг ўзи ажабланарли. У ёки бу сўзни, сўзлар гуруҳини луғатга киритиш-киритмаслик масаласини умумхалқ муҳокамасига қўйиб, биргаликда ҳал этиш мумкиндир, балки. Аммо бу тартибни бевосита тил амалиётига (муомала жараёнига) татбиқ этиш эриш туюлади кишига. Алоқа асносида сўз танлаш ва қўллаш эрки ҳар бир кишининг ўз ихтиёридаги нарса. Ўзбек тили луғатидаги сўзларнинг ёмони йўқ. Аммо уларнинг мавжудлиги, келиб чиқиши, маънавий, услубий тавсифи билан нутқ жараёнида қўлланиши ўртасида доимий ва мутлоқ мослик бўлавермайди.
Сўз танлаш ва қўллаш мезонлари ижтимоий омиллар, нутқ соҳалари ва услублари, алоқа шароитлари талабига мувофиқ ўзгариб туради. Уларни яхши‑ёмон, ўринли-ўринсиз, яроқли-яроқсиз, маромли-маромсиз тарзда баҳолаш ҳам, энг аввало, тилнинг луғат бойлигига эмас, балки тил амалиётига яъни алоқа жараёнига дахлдор. Бу жараённи маълум гуруҳларнинг хоҳиш-иродаси билан тўхтатиб қўйиш ёки истаган бир йўсинда ўзгартириш мушкул. Чунки тил амалиёти умумий ижтимоий муносабатлар савияси билан боғлиқ ҳодисадир.
Сўз қўллашнинг қатъий-мажбурий мароми тарафкашлари матбуот тилида фаоллаштирилаётган, жонлантирилаётган «эски» сўз ва атамаларнинг маълум қисми ўзбекча эмас, балки форсча, арабча эканлигини рўкач қилишмоқда. Тўғри, сўзнинг келиб чиқиши, этимологик маъноси тил тараққиётини кузатиш нуқтаи назаридан, ҳақиқатан ҳам, қизиқарли. Аммо ҳозирги тил амалиётида уларнинг асли қайси тилга мансублиги ҳал қилувчи аҳамиятга эга эмас. Биз учун муҳими бу олинма сўзларнинг ўзбекча тил амалиётидаги одатий қўлланиши ҳисобланади.
Тилимизда сурати ҳам, сийрати ҳам, қўлланиш тарзи ҳам ўзгартириб олинган сўзлар кам эмас. «Ғалва» сўзининг «Ғалаба» лафзидан келиб чиққанлиги, «басир» калимаси араб тилида «кўзи очиқ» маъносида ишлатилиши алоқа жараёни учун аҳамиятсиз. «Ҳолва» — «ҳаловат», «хабар» — «мухбир», «китоб» — «кутубхона» каби арабча сўзларнинг бир ўзакдан эканлиги ҳаммага ҳам маълум эмас. Муомалада ишлатиш учун уларнинг «қариндош»лигини билишга унчалик эҳтиёж ҳам йўқ.Муҳими, сўзга эҳтиёж бор экан, амалда ишлатилаётган экан, бу сўз бизники, ўзимизники.
Ўз навбатида, тилимизга «дам олиб қайтган» сўзларнинг барчаси ҳам ижтимоий гуруҳлар томонидан бир хилда қабул қилинавермайди. Бироқ сўзларнинг маълум нутқ соҳасида, муайян ижтимоий қатлам тилида кенг ишлатила бошланганлигининг ўзи уларнинг адабий тил луғатига ўтиш учун даъвогарлигидан далолат. Бундан бу сўзларнинг барчаси фаол луғат қатлами қаторига ўтади, деган хулоса келиб чиқмайди, албатта.
Фаол қўлланишга даъвогар барча сўзларнинг тақдири бир хил бўлавермайди. Бунда тавсиялар, чақириқлар ҳам иш бермаслиги мумкин. Масалан, 60-йилларнинг ўрталарида «талаб», «толиба» сўзларини мактаб ўқувчилари учун қўллаш тавсия қилинган эди. Ҳозир биз уларни «студент», «студентка» сўзларининг маънодоши сифатида ишлатишга одатланиб қолдик. Шунингдек, «химия»нинг ўзи бўлади, «кимё» сўзининг кераги йўқ, деган гаплар ҳам бўлган эди ўша пайтлари. Шунга қарамай, кимё, кимёгар сўзлари ишлатиляпти.
Демак, янги (ёки эски) сўз рақобатда ғолиб чиқиши ҳам, омонатлигича, даъвогарлигича ўтиб кетиши ҳам, ёки ўз муқобили билан «бир битимга» келиб, ёнма-ён яшаш ҳуқуқини қўлга киритиши ҳам мумкин. Адабий тил луғатини тақиқ ва фармойишлар билангина қарор топтириб бўлмайди. Бўлмаса, атамалар қўмитаси ўзи лозим топган сўзлар рўйхатини тавсия этмагунча ҳар қандай янги сўз қўллаш ҳаракатини тўхтатиб туриш ҳақидаги даъват-чақириқларни қандай тушунмоқ керак?
Фикримизча, бунинг асосий сабабларидан бири кўп жиҳатдан тил таълими ва тил ташвиқининг ягона ва мажбурий маромлар асосига қурилганидадир. Чунки барча учун ягона, доимий ва мажбурий маром моҳият эътибори билан нутқ амалиётидаги ранг-барангликни, услубий товланишларни инкор этади.
Қатъий, ягона маром фақат адабий тил чегарасини тайин этиш нуқтаи назаридангина зарур. Чунки адабий тил барча шева вакиллари учун тушунарли бўлиши керак. Адабий маромлар аслида нутқ жараёнидаги маромсизликлар (аномал, анорматив қўлланишлар) муҳитидагина шаклланади ва қоида тусини олади. Шу жиҳатдан, одатдаги услубий маром маълум маънода, маромсизлик (антинорма)дир, десак муболаға бўлмас. Услубий маромларни лисоний планда қатъий белгилаб бўлмаслиги ҳам шундай дейишга имкон беради.
Шу ўринда таниқли тилшунослар В. А. Богородицкийнинг нутқ амалиётидаги «хатолар — тил тараққаётининг йўли», Л. В. Шчербанинг «хатолар устахонасида эртанги кун тили яратилади» деган фикрларини эслаш ўринли. Албатта, бу ерда сўзловчи ва тингловчи учун унча сезиларли бўлмаган нуқсонлар ҳақида гап кетмоқда. Хато сифатида фаҳмланмаган нуқсон кенг тарқалиш имкониятига эга.
Чунончи, «иккиланиш, ўйланиш» маъносидаги «тараддуд» сўзи ҳозир «тайёргарлик, ҳозирлик кўриш» маъносидаги «тарадди» сўзи ўрнида қўлланадиган бўлиб қолди.
Ғайриодатийлиги 30-йиллардаёқ кўрсатиб ўтилган «йирик шохли қорамол» (асли «қорамол»нинг ўзи кифоя) атамаси ҳануз кенг қўлланиб келиняпти. Демак, айрим маромсиз қўлланишлар ҳам ўз истиқболига эга бўлиши мумкин.
Шунинг учун ҳам фақат умумий, доимий ҳодисалар, қонуниятларнигина эмас, тилдан фойдаланишдаги субъектив ҳолларни, айниқса, индивидуал ижодий хусусиятларни ҳам ҳисобга олиш керак бўлади. Тилни ҳаракатда, фаолиятда ўрганиш шуни тақозо этади. Қатъий маром мезони эса буни тан олмайди.
Тил халқнинг сўйлар сўзигина эмас, кўрар кўзи ҳам. Шоиру ёзувчилар, журналисту ноширлар мана шу кўзнинг гавҳари-жавҳари саналади. Халқ билан бақамти муомала қиладиган сўз усталари шулар.
Шулар туфайли халқимиз тил сандиғидаги жуда кўп сўз гавҳарлари миллионлар тилидан, адабий тил луғатидан жой олади. Шулар туфайли тилимиз қатламларида яшириниб ётган, бошқалар илғаб ололмаган имкониятлар юзага чиқади.
Адабий тил тақдирига жавобгарлик ҳам, биринчи навбатда, шулар зиммасида.
Ирисали Тошалиев, филология фанлари номзоди, доцент.
“Ёшлик” журнали, 1990 йил 8–сон