Хуршид Давроннинг «Янги фаслларни кутиб…» сарлавҳали хатини «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» саҳифасида ўқиб хурсанд бўлдим. Менга шоирнинг қуйидаги сатрлари жуда ёқди: «Фақат ўзимизга мос нарсаларнигина тарихдан юлиб олиб ўрганиш, охир-оқибатда тарихни билмасликка, энг даҳшатли чаласаводхонликка олиб келади. Фақат тўла ҳақиқатгина тарихнинг бош мезони бўла олади…
Ҳар биримизга болаликданоқ касаллик варақаси очилади. Ҳақиқий шифокор беморнинг ўша касаллик тарихини ўрганиб чиқибгина тўғри хулоса чиқара олади. Тарих инсоният тараққиётининг қувончлари, ғалабалари-ю мағлубиятлари, яратувчилик қудрати-ю барбод этувчи қора кучлари, жасорат ва хиёнат, оқ ва қоранинг шиддатли тўқнашувлари ҳақида ҳикоялар битилган кундалик дафтаридир».
Мен Хуршид Давроннинг барча фикрларига қўшилган ҳолда, ёзувчи билан тарихчи олимнинг ҳамкорлиги ҳақида гапирмоқчиман.
Одатда тарихчи олимларимизнинг ўз илмий асарларини чоп эттиришлари ниҳоятда оғир, нашр этилса ҳам жуда оз нусхада сотувга чиқади. Кенг омма тугул, тарихчиларнинг ҳам кўпчилигига етмайди.
Мен бу ерда Ўзбекистоннинг Октябрь революциясигача бўлган тарихини назарда тутмоқдаман.
Ёзувчиларимиз эса тарихий роман, повесть, очерк каби асарларини машаққатлар билан ёзиб, кўпминг нусхада чоп этиб, кенг оммага етказадилар. Бу яхши, албатта! Лекин масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Айрим ёзувчилар тарихий воқеаларни яхши ўрганмай туриб, «асар»лар яратмоқдалар. Оқибатда, билиб-билмай, тарихни сохталаштириш, қорани оқ қилиб ва оқни қора деб кўрсатиш ҳоллари рўй бермоқда. Тарихий чуқур билиш даркор. Акс ҳолда…
ЁЗУВЧИ ТАРИХНИ ЯХШИ ЎРГАНМАСА…
Хайриддин Султоновнинг «Бир оқшом эртаги» (1983) китобида «Бунчалар ширинсаи, аччиқ ҳаёт!» тарихий этюдида Қурбонжон додхоҳ ва унинг ўғли Қамчибек ҳақида ҳикоя қилинади. Авторнинг фикрича, бу воқеа 1876 йилнинг 26 февралида Янги Марғилон шаҳрида Туркистон генерал-губернатори К. П. Кауфман ва машҳур Абдураҳмон Офтобачи иштирокида содир бўлган эмиш.
Ҳақиқий тарихга мурожаат қиламиз.
1. 1876 йилнинг 26 февралида Янги Марғилон шаҳри йўқ эди. (Янги Марғилон — ҳозирги Фарғона шаҳри.) 1876 йили Пўлатхон (Мулла Исҳоқ) қўзғолони мағлубиятга учради, чор Россияси ҳукумати Қўқон хонлигини босиб олди ва унинг ўрнига Фарғона областини ташкил этди. Қўқон шаҳрини эса марказ қилди. Аммо бу шаҳар уларни қониқтирмади, янги маьмурий марказ қуриш учум Марғилондан 10 километр жанубга жойлашган Ёрмозор ва Сим қишлоқлари ўрни танланди. 1877 йилнинг 19 апрелида Россия императори бунга розилик берди ва шаҳар қурилиши ҳарбий инженер И. У. Жилин лойиҳаси бўйича 1877 йилнинг июнь ойида бошланди ва Янги Марғилон (1907 йилгача) даб номланди, кейинчалик Скобелев (1924 йилгача) деб атадилар.
2. 1876 йилнинг 26 февралида Туркистон генерал-губернатори К. П. Кауфман Санкт-Петербургда эди.
3. 1876 йили Қамчибек ўлдирилмаган ва у 1895 йилгача соғ-саломат яшаган.
1876 йилнинг 1 мартида Марғилон шаҳрида Пўлатхон (Мулла Исҳоқ) осиб ўлдирилди. Аммо қўзғолон тўла бостирилмаганди. Уни Қурбонжон додхоҳ ва унинг ўғиллари давом эттирмоқда эдилар.
1876 йилнинг ноябрь ойигача қўзғолончилар ва чор ҳукуматининг қўшинлари ўртасида бир неча марта шиддатли жанглар бўлди, лекин кучлар тенг эмасди. Шу туфайли Қурбонжон додхоҳ генерал Скобелев билан учрашиб, барча олойликларнинг асирликдан озод қилиниши ва қўзғолончиларни жазоламаслик шарти билан таслим бўлади.
1877 йилнинг январь ойида К. П. Кауфман Санкт-Петербургга телеграмма юбориб, Фарғона областида тинчлик ўрнатилганлиги ҳақида хабар беради.
Қурбонжон додхоҳнинг катта ўғли таслим бўлишни истамай, ҳажга кетади ва йўлда ҳалок бўлади. Бошқа ўғиллари эса уездларга волостной қилиб тайинланадилар ва мустамлакачи ҳукумат билан ҳамкорликда ишлайдилар.
Аммо 1895 йили Қамчибек ноҳақ қотилликда айбланиб, осиб ўлдирилади. Унинг оиласи эса Сибирга сургун этилади. Архив маълумотларига қараганда, қотиллик содир бўлган вақтда Қамчибек Ўш уездининг бошқармасида, яъни у ердан 150 чақирим узоқда бўлган. Бунга гувоҳлар ҳам бор эди. Лекин суд уларнинг гувоҳлигини инобатга олмади ва Қурбонжон додхоҳнинг кичик ўғли Қамчибекни ўлим жазосига ҳукм қилди.
4. Туркистон генерал-губернатори К. П. Кауфман Қамчибекнинг қатлидан 13 йил илгари, яъни 1882 йилнинг 4 майида ўлган. Абдураҳмон Офтобачи ҳам тирик эмас эди. Шунинг учун ўлган Абдураҳмон Офтобачи гувоҳлик бера олмайди, ўлган К. П. Кауфман буйруқ чиқара олмайди ва Қамчибек қатл этилаётганда уларнинг ўша ерда бўлишлари ҳам мумкин эмас.
5. Қамчибек қатл этилган йили онаси Қурбонжон додхоҳ Олойда бемалол ўз иши билан шуғулланиб яшар эди. Чор ҳукумати унга 1881 йили йилига 300 сўмдан нафақа белгилаган эди. Бинобарин, авторнинг «Боши учун ўн беш минг сўм ассигнация тикилганини билмайди, шекилли» деган сўзлари бемаъни гапдир. Чунки 1877 йилдан то Қурбонжон додхоҳнинг ўлимига (1907) қадар барча Туркистон генерал-губернаторлари унга қимматбаҳо совғалар тақдим этардилар ва у билан имконият бўлганда учрашиб, суҳбатлашиб турардилар.
Хайриддин Султонов ўз асарини ёзишга ўтирганда бундай тарихий воқеаларни яхши билмаслиги мумкин эмас эди. Ахир тарихий воқеаларни, тарихий шахсларни тугал билмай асар ёзиш мумкинми?..
«СИНГАН ҚИЛИЧ»НИ ЎҚИРҚАН…
Қирғиз ёзувчиси Тўлаган Қосимбековнинг «Синган қилич» (Тошкент, 1980) тарихий романидаги айрим тарихий воқеа ва машҳур шахсларнинг тасвирланишини кўриб чиқайлик.
Т. Қосимбековнинг фикрича, «Бухоро амири Насруллохон эса тўбатдан ҳужум қилиб, Мадалини Хўжанд шаҳрининг ёнида тор-мор қилди. Қўқонни қўлга олиб, Мадалини ваҳшийларча қатл этди. Шаҳарнинг тақдирини ўзининг бекларидан бирига топширди…» (42-бет).
Аслида эса Бухоро амири Қўқонга тўсатдан ҳужум қилгани йўқ. Мадали (Муҳаммад Али) у вақтда хон бўлмаган.
1841 йили Муҳаммад Алихон ва унинг атрофидагилар меҳнаткаш халқ қизларининг номусларига текканлари учун Қўқон шаҳри аҳолиси қўзғолон кўтаради. Хон Ўрдадан қочиб кетади. Қўзғолончиларнинг талабларига биноан бир неча айбдор шахслар қатл этилади. Аммо Бухоро амири Насрулло Қўқонга юриш қилганини билиб, қўқонликлар қўзғолонни тўхтатадилар. Муҳаммад Алихон эса таслим бўлмоқчи бўлади. Халқ норози бўлиб, хоннинг олдига Хўжа Қаландар мисгарни киритади ва у бир кунлик хон ҳуқуқини олади. Халқ Қўқонни ҳимоя қилишга тайёргарлик кўради. Оломон бир неча надимни ўлдиради, хонни, иккита қўшмачи аёлни қидириб тополмайди, лекин уларнинг уйларини талон-тарож этади. Бой-феодаллар эса бу ҳаракат халқ қўзғолонига айланиб кетишидан қўрқишиб, Муҳаммад Алихонга мурожаат қиладилар ва Хўжа Қаландарни қамоққа олишиб, халқни алдайдилар, бир қанча ваъдалар бериб, зўрға тинчлатишга муваффақ бўладилар. Муҳаммад Алихон эса амир Насруллога қимматбаҳо совғалар юбориб ўз тахтини сақлаб қолади. Бундан ташқари, Муҳаммад Алихон дадаси Умархон уйланмоқчи бўлган қизга уйланишга муваффақ бўлади, халқ ичида «ўгай онасига уйланди» деган миш-мишлар тарқалади ва Бухоро амири билан яна низо чиқишига баҳона топилади.
Амир Насрулло Қўқон хонидан бу никоҳнинг бекор қилинишини ва тахтдан воз кечишни талаб этади. Аммо Муҳаммад Алихон бунга рози бўлмайди. Оқибатда бир неча марта Қўқон—Бухоро урушлари бўлиб ўтади.
1841 йилнинг ноябрь ойида Муҳаммад Алихон тахтдан воз кечади ва унинг укаси Султон Маҳмуд хон бўлади. Шунга қарамасдан, 1842 йили Бухоро амири Насрулло Қўқонни босиб олади ва Султон Маҳмудхон, Муҳаммад Али, Моҳларойим (Нодира) ва бошқаларни қатл этади. Сўнгра Иброҳим хаёлни Қўқон ҳокимлигига тайинлаб, Насрулло Бухорога қайтади. Лекин ҳеч қанча вақт ўтмасдан қўқонликлар қўзғолон кўтариб, Шералини хон қилиб тахтга ўтқазишади. Бу воқеа «Синган қилич»да бундай баён этилади: «Бақувват қўллар унинг (Аширнинг — Ҳ. Б.) икки билагини орқасига қайириб, маҳкам ушлади. Яна бир бешафқат қўл унинг ҳали мўй чиқмаган жағини сал юқори кўтарди, ҳалқумига муздек кескир бир нарса урилиб, вужуди титраб кетди…
Беғубор оқ кигиз устида қон томчилари қизил гулдай товланарди. Шералини Юсуф бир қўлтиғидан, Мусулмонқул иккинчи қўлтиғидан олиб, аста-секин Аширнинг ерда айрилиб ётган боши узра ҳатлатиб, кигизнинг устига ўтқазишди.
— Бахтимиз муборак! — деди Юсуф кулимсираб.
— Бахтингиз қутлуғ бўлсин! — деди Мусулмонқул эркалатиб…
Мусулмонқул қўш тиғли оғир қилични Аширнинг қонига булаб олди-да, учидан қонини оқизиб, Шералининг белига тақди.
— Қуролингиз қутлуғ бўлсин! Душманлар ундан ўлсин!.. Элу юртни қўриқласин!.. Бадбахт душман сасин ўчирсин!..
Карнай ва дўллар садоси остида осмонга қарата милтиқлардан ўқ узилди.
— Кимнинг, кимнинг замони Шералихоннинг замони!
Юсуф, Мусулмонқул бош бўлган аҳли донишлар, оқсоқоллар қонли кигизни бир чеккасидан ушлаб ердан дадил кўтаришди» (48-49-бетлар).
Шералининг бундай хон қилиб тайинланиши ўзбек ва қирғиз халқининг қадимги урф-одатларига шаккокликдир. Қўқон хонлигининг тарихида неча хон ўтган бўлса, бирортасини ҳам оқ кигизга ўтқазишдан аввал одамни сўйиб қурбонлик қилишмаган.
Урф-одат бўйича тайинланаётган хонни беғубор, тоза оқ кигизга ўтқазишиб, камондан тўрт тарафга ўқ-ёй оттиришар эди.
Шералихон тахтга ўтираётган кунлари Мусулмонқул Бухоро амири Насруллонинг қўшинида эди, У кейинчалик қўқонликлар томонига ўтиб, Қўқонни мудофаа қилишда фаол қатнашади.
Машҳур «Ансоб ас-салотин ва таворих-и алхавоқин» номли тарихий қўлёзмада бу воқеа ҳақида шундай дейилган: «Ҳўқанддин бир неча ҳушёр ва ақлли одамлар маслаҳат қилиб жамоа қирғиз ва қипчоқ ва турк ва қорақалпоқ ва тожик ва жунбағиш тоғалик ва афғон ва алқорлар сўзни бир арга қўйуб Талос мавзеига бир неча ҳушёр одам юборуб Шералихонни Тўрақўрғонга солиб келиб оқ кигизга олиб хои кўтордилар эрса тамоман Хўқанд аҳлига офтоб чиққандек равшанлик пайдо бўлиб, дафъатан жамоат бўлуб, Кал Юсуф қирғизни миигбоши айлаб, Маҳаммад Назарбекни Амир лашкар айлаб ва Кучибийни ботур-боши айлаб, ва яна ҳар жамоадан худойчи, дастурхончи, понсадбоши, юзбоши ясовулбоши тайёр қилиб баабод дарёдин ўтуб суръат бирла Хўқандға доҳил бўлуб манғитларни ўрдага танг қилдилар. Эрса Хўқанд оломонлари раҳнадин ва анбурдин кириб манғитларни ўлдуруб ва банди қилиб эрди.
Иброҳим хаёл бикбора қалмоқ дарвозасидин… Қамиш мозор тарафидин қочиб кетди…
Яна бошқадан оқ кигизга солиб хон кўтардилар, тахт мурусиға ўлтурғиздилар, неча сўқум ва қўй сўйуб тўй ва худойи қилиб ва яна сарупои олиб тайёр қилиб ҳар кимга мувофиқ ҳол либос муносиб бериб барча халқларни сарафроз айлаб ул кеча фароғат тобтилар» (ЎзФА Шарқшунослик институти қўлёзма, инв. рақами 3753-, 33 — 34-варақлар).
Т. Қосимбеков бухороликлар билан қўқонликлар ўртасида бўлган жанг ҳақида шундай ёзади: «Кўп йиллар мобайнида сарвланган, яхши қуролланган амир аскарлари бир кундаёқ сафдан чиқди. Насруллохон йигитларининг ярмини зўрға қутқариб, «Бухоро қаердасен» деб қочиб қолди» (76-бет).
Амир Насрулло Қўқонга иккинчи юришида Қўқонни 40 кун қамал қилиб, атроф қишлоқларни талон-тарож этди. Аммо шаҳарни ололмади. Шу билан бирга улар ўртасида жанглар ҳам бўлиб турди. Қўқонликлар устун чиқди. Лекин бу жанглар Т. Қосимбеков ёзганидек бўлмади. Амир Насрулло бунчалик талофатга учраб қўшинининг ярмини йўқотгани йўқ.
Ўша кунларда хеваликлар Бухоро амирлиги чегарасидан ўтиб бир қанча қишлоқларни вайронага айлантирди. Бундан хабар топган Насрулло (Қўқонни қайта босиб ололмаслигига ақли етган ҳолда) ўз давлатининг чегарасини ҳимоя қилиш учун Бухорога қайтди.
«Синган қилич» «тарихий» романида автор ўта ваҳшиёна воқеаларни ёзади. Буларни ўқиётганингда ўтмишдан нафратланасан, юрак-бағринг қонга айланади. Наҳотки, бир аср аввал ўзбеклар ва бошқа Ўрта Осиё халқлари шунчалик ваҳшийларча яшаган…
Барча мавжуд қўлёзмаларда ва архив материалларида Мусулмонқул дорга осиб ўлдирилгани ҳақида айтилган, аммо Т. Қосимбеков ёзганидек ваҳшийларча қийнашмаган.
«Синган қилич»нинг 123-бетида автор 1865 йилги воқеани баён этаётиб, «ниҳоят, Олимқул оталиқни Тошкентнинг шундоққина биқинида генерал Черняев қўшинларига яқин ерда айғоқчилар отиб ўлдиришди», дейди. Романнинг бошида эса бу суиқасдни батафсил ёзиб, удайчи томонидан отилганлигини ҳикоя қилади (3-, 9-бетлар).
Аслида эса Олимқул рус қўшинлари томонидан отилган ўқдан яраланади. Уни Тошкентга олиб кетишади ва у Тошкентда вафот этади. Масалан, «Тарихи Туркистони» номли китобда (Тошкент, 1915) бундай ёзилган: «Шул уруш асносида Мулло Олимқули сувора ҳар қайси қўшун дастасиға гоҳ тўпчиларни ва гоҳ пиёда мерган ва отлиқ аскар олдиға бориб ҳар қийувларига ўзи амр бериб турғон ҳолда биқинидак ўқ тегиб отдин йиқилди. Дарҳол уни от авзосиға олиб қўшунни назариға соғ одамдек кўрсатиб дарҳол қўшунға амр берилди… Мулло Олимқули илан баробар Тошканд шаҳриға саломат киргузуб шаҳар дарвозасини беркитдилар. Русия қўшуни уларни кетидан келиб Тошкандға қараб бир неча тўп отиб, уидин ўзи турғон жойлари Шўртепа мавзеиға қараб кетдилар. Уруш вақтида олисдан назорат қилиб турғон қипчоқ-қирғиз қўшунлари шаҳарга кирмасдин Қўйлуқ йўли илан Чирчиқ лабига бориб қўнуб тўғри Хўқандға жўнаб кетдилар. Хонзода ва Мулло Олимқули илан андақгина қўшун Тошкандға доҳил бўлуб, Олимқулини бир дўконға ётқузуб қўйдилар. Мулло Олимқули ёр-дўстларини чақириб васиятлар қилиб жон баҳақ таслим қилди. Унинг жасадини ўшал кечаси уч-тўртгина одам Ҳазрат Шайхондтаҳур қабристониға келтуруб, жаноза ўқуб дафн қилдилар. Бу воқеадин кейин Тошканд шаҳридағи ҳукуматдорлар ҳайрон ва саросима бўлуб нима қилур ишларини билмай мақом ҳайратда қолдилар. Чунки асар саркардалар Тошкандин ташлаб Хўқанд тарафға қочиб кетган, хонзода бўлса ёш гўдак эди» (156—157-бетлар).
Архив манбаларида ҳам Мулло Олимқули ярадор бўлгандан кейин Тошкентга олиб кетилгани ва у ерда вафот этганлиги ҳақида ёзилади. Рус қўшини томонидан отилган тўп Мулло Олимқули ёнида портлайди ва метал парчаси унинг биқинига тегиб оғир ярадор қилади.
Ёзувчи шу воқеани ҳақиқатга яқин қилиб ёзса бўларди-ку!
«Синган қилич»да яна «Худоёрхон бир минг саккиз юзу олтмиш саккизинчи йили Тошкентга генерал-губернатор ҳузурига саломга борди.
…Томонлар тезда шартнома тузишга муяссар бўлишди…» (179-бет) деб ёзилганлигини ўқийсиз.
Бу ерда гап дипломатик муносабат ҳақида кетмоқда. Аслида эса воқеа бундай бўлган.
1867 йили чор Россия қўшинлари босиб олган ерларни бошқариш мақсадида Туркистон генерал-губернаторлиги ташкил этилди. Генерал-губернатор қилиб К. П. Кауфман тайинланди. У Ўрта Осиё хонликларини бир-бири билан яқинлаштирмаслик ва ўзига вассал даражасига бўйсундириб олиш сиёсатини юритди. Қўқон хонлигининг кўп ерлари босиб олингани туфайли уни қонунлаштириб олиш, рус савдогарларига кенг имкониятлар яратиб бериш мақсадида Қўқон хони билан шартнома тузишга интилди. Шу билан бирга, у Қўқон хонлиги ҳақида маълумотлар тўплаш мақсадида 1868 йили полковник Шауфус бошчилигида элчилар жўнатади.
Рус элчилари Қўқонга етиб келишади ва Худоёрхон 1868 йилнинг 13 февралида савдо-сотиқ шартиомасига имзо чекиб, муҳр босади. Бу шартномани Туркистон генерал-губернатори генерал-адъютант К. П. Кауфман 29 январда Тошкент шаҳрида имзолаб полковник Шауфус орқали хонга жўнатган эди.
Бу расмий шартномадан ташқари Қўқон хонлиги ҳақида кўп разведка маълумотларини ҳам тўплаб кетишади. Архив маълумотларига қараганда, бу резведка маълумотларига К. П. Кауфман жуда катта баҳо беради.
Шундай қилиб, Худоёрхон 1868 йили Тошкентга генерал-губернатор ҳузурига саломга боргани йўқ. Худоёрхон генерал Кауфман билан фақат 1875 йили учрашади.
Т. Қосимбековнинг фикрича, «Худоёрхон Сирдарё соҳилидаги ҳосилдор ерларни, ёзлик ва қишлик яйловларни форсларга, тожик, араб ва яҳудийларга ижарага бериб ўтроқлаштирди» (230-бет). Демак, Худоёрхон давригача улар кўчманчи бўлганларми? Ваҳоланки, улар Қўқон хонлиги территориясида бир неча асрлардан бери ўтроқ ҳолда яшар эдилар-ку?
«Синган қилич» романининг асосий қисми 1873—1876 йилги қўзғолонга бағишланган. Асосий қаҳрамоии Мулло Исҳоқ — Пўлатхондир.
Эътиборимни яна романдаги шу тасвир тортди: «Ўтган йили Қутлуғсаид Шер додхоҳ уч кишини эргаштириб, Худоёрхондан ва Тошкентдаги генарал-губернатор фон Кауфмандан яширинча Самарқандга келганди. Аҳрорхўжага билдирмай Пўлатбекни топиб, омади кетиб турган Худоёрхонга қарши курашда исёнчиларга бошчилик қилишни таклиф этишганди…
— Бор-май-ман!.. Одамхўрлар! — деди Пўлатбек бурчакка тикилиб…
Ўша куни тунда вакиллар Самарқанддан чиқиб кетишди, бир неча кун йўл юриб, ҳориб-толиб, озиб Тошкентга келишди ва қурама Абдулмўминбекнинг уйига тушишди» (39—240-бетлар).
Кейин бу ерда вакиллар Мулло Исҳоқ билан танишдилар ва уни Пўлатбек номи билан атаб қўзғолончилар олдига олиб кетилгани баён қилинади.
Аслида эса Шер додхоҳ эмас, балки Мусулмонқул-қирғиз хонзодани қидириб кетади.
Қўқон хонлигининг аҳолиси жуда оғир аҳволда эди. Бой-феодаллар меҳнаткаш халқни қаттиқ эксплуатация этардилар. Ўзаро урушлар тез-тез бўлиб турарди. Бунинг устига чор Россияси қўшинлари Оқмачит, Туркистон, Чимкент, Тошкент ва улар атрофидаги бошқа шаҳарлару қалъаларни босиб олиб, 1867 йили Туркистон генерал-губернаторлигини ташкил этдилар. Хоннинг даромади камайиб кетиб, Худоёрхон қўшимча солиқлар жорий қилди. Халқ ичида норозилик жуда кучайди.
Қўқон хонлигининг Андижон ва Наманган вилоятларига қарашли жойларда қўзғолонлар бўлди. Бир гуруҳ бой-феодаллар бу вазиятдан фойдаланишга уриниб хонзода қидира бошладилар.
Мулло Исҳоқ Мулло Ҳасан ўғли 1844 йили Марғилон шаҳрига яқин Ўҳна қишлоғида туғилган. Отаси Марғилондаги Оқмадрасада мударрислик қилган. Дастлабки маълумоти Мулло Исҳоқ уйида олган. Кейин Қўқондаги Тунқатор мадрасасида ўқиган. 1867 йили ўқишни ташлаб Сўх атрофидаги кўчманчи қирғизлар орасида икки йил яшаган, сўнгра ўз қишлоғида, кейин Андижондаги масжидлардан бирида имомлик қилган, савдогарлик билан ҳам шуғулланган. У Тошкантда Абдумўмин додхоҳ билан танишади ва шу ерда қолади. Юқорида айтилганидек, Мулло Исҳоқга сохта Пўлатхон бўлишни таклиф этадилар. У рози бўлади ва қўзғолончиларга қўшилади.
Умуман олганда, «Синган қилич»да тарихий чалкашликлар кўпгина. Тарихни чалкаштириб, ёлғон қўшиб бадиийлаштирилса, «тарихий роман», «тарихий асар» деб аталадими? Бунинг ўрнига ёзувчиларимиз тарихчи олимлар билан биргаликда ҳамкорлик қилиб ҳақиқий тарихий романлар ёзиб халқимизга тақдим этишса яхши бўлмасмикан!
Тўғри, баъзи ёзувчиларимиз айрим тарихчи олимлардан маслаҳат олмоқдалар-ку! Бу яхши. Аммо бир нарсани унутмаслик карак. Ҳар бир олим барча даврлар бўйича мутахассис бўлолмайди. Масалан, ҳар бир тарихчи олим ўзининг илмий мавзуи бўйича чуқур мутахассис ҳисобланади. Улар фақат ўзларининг давр ва илмий соҳалари бўйича мулоҳазаларини билдирсалар, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Агарда ҳурматли ёзувчиларимиз тарихчи олимлар билан изчил ҳамкорлик қилсалар, адабиётимиз ютар эди.