Тилимиз ўз тарихида янги даврга қадам қўйди, фаолият доираси кенгайиб, елкасига ғоят улкан масъулият юкланди. Янги Қонун, албатта, тилимизнинг тўсиқсиз ва эркин ривожланиши учун кенг имкониятлар яратиб беради.
Аммо Қонун ва у берган имкониятлар туфайли сўз қўллашда бир оз хилма-хиллик, баъзи анъаналарни бузиш ҳоллари ҳам юз бермоқда. Чиндан ҳам яқин ўтмишда домла, дорилфунун, жабҳа, жумҳурият, инқилоб, мафкура, маҳкама, раста, рисола, талаба, Шўро каби сўзларни қўллаш интернационализмга зид деб қаралар ва уларни қўллаган кишилар турли даражадаги тамғалар билан «сийланар эди, чунки бундай сўзларни қўллашни ман этишга фатво берган олимлар ва билиб-билмай уларга эргашган издошлар бор эди.
Ҳурматли олимимиз, академик Т. А. Қориниёзий «Совет Ўзбекистони маданияти тарихидан очерклар» номли асарида (Тошкент, 1956) лисон, муштарак, мафкура, мусодира (асарда: мусодара), ажнабий каби «сўзлар ўзбек тили лексикасидан аллақачонлар чиқиб кетди ва ўз ўрнини ўзбек халқи кенг оммасига тушунарли бўлган сўзларга берди» (242-бет), «Эски турмуш формалари билан боғлиқ бўлган, жумладан, қуйидаги сўзлар ва иборалар йўқ бўлиб кетди: қозихона, қироат, бозор шаб, шафе, судхўр, гумашта ва бошқалар» (243-бет) деб ёзиб, ўзбек тили луғат бойлигининг ўттиз йиллик совет даврига баҳо берганлар ва қатъий ҳукм чиқарганлар. Шунингдек, китобда «Қизил Ўзбекистон» (ҳозирги «Совет Ўзбекистони») газетасининг 1940 йил 18 октябрь сонидаги бош мақолада кўлланган мутлақо, даража, таъмин, жиддий, хотима, қатъий, манфаат, интизом, қалб каби сўзларга «Кенг оммага унчалик тушунарли бўлмаган сўзлар» деб қаралади (омманинг бағри қанчалар кенг-а!). Яна ўша газетанинг иккинчи бетида босилган «Халқаро обзор»даги 34 та сўз ҳам шу хилда баҳолангани (252-бет), уларнинг ўзбек китобхони учун «унчалик тушунарли бўлмаган сўзлар» деб аталишини айтишга ҳам оғиз бормайди (юқоридаги курсив ва изоҳлар бизники — А. М. ). Олимнинг фикрлари бирор кўрсатма ёки тазйиқ остида ёзилмагандир, яна ким билади?
Хўш, модомики, тилга олинган сўзлар «кенг оммага унчалик тушунарли бўлмаган» экан, нима қилиш керак? Албатта, улардан воз кечиб, «кенг омма тушунадиган» интернационал ва совет интернационал муқобилларини топиш лозим. Бошқалар бу фикрларни давом эттиришди. 60-йилларнинг бошларида ўзбек тили грамматик қурилишининг ривожланиши ва такомиллашувигина эмас, ҳатто шаклланишини ҳам рус тили таъсири билан боғлашди. Борди-ю, чиндан ҳам тилимизнинг грамматик қурилиши илгари шаклланмаган бўлса, бобокалон шоирларимиз қандай ижод қилди экан? «Халқ тушунмайди» шиори остида юқоридаги каби сўзлар луғатдан чиқиб кетаверса, нима қолади? Баъзилар ўша йиллари қаҳр, шаҳр, заҳр сўзларини ҳам (чоғиштиринг: қаҳри келмоқ, заҳрини сочмоқ, Чуст шаҳри) чет эл сўзлари дейишган бўлса, бошқалари 80-йилларнинг бошларида аллақачон ўз сўзимизга айланиб, келиб чиқиш манбаи кишилар онгида унутилиб кетган патнис, сўқа, хомут, чўтка, чўт, чор, чоризм, черков, пудрат, сўлкавой каби қатор сўзларни аслига қайтариб, рус тилидагидек шетка, счеть, царь, царизм каби шаклда ёзишни тавсия этдилар! Яна бирлари лифтчи ва лифтер, спортчи ва спортсмен каби сўзларнинг биринчисига андак эътироз ҳам билдиришди. Тилимиздаги арабча-форсча ва эски ўзбек тилига оид сўзлар қанча кам қўлланиб, истеъмолдак чиқса, аксинча, русча ва у орқали европа тилларидан кирган сўзлар шунча кўп қўлланса, тилимизнинг равнақи деб қаралди ва кўтаринки руҳ билан ҳисоб-китоб қилиб, илмий ишларда қайд этилди.
Мана шунинг учун ҳам ҳозирги адабий тилда сўз қўллаш долзарб масалага айланди, бинобарин, ўзбек тилшунослигидаги барча назарий масалаларни, жумладан, адабий тилда сўз қўллаш ва адабий норма, умумий луғат. фонди, интернационал ва совет-интернационал сўзлар масаласини замон талаби руҳида қайта кўриб чиқиш, қатор илмий-тадқиқот ишларимизни танқидий баҳолаш пайти келди. Акс ҳолда тилшунослигимиз масалаларини эскича талқин қилишдан қутулмаймиз, айрим ишларимиз савияси талаб даражасида эмаслиги аниқ. Айниқса, баъзи луғатларимизга ҳақли талаб бор, жумладан «Изоҳли луғат»имиздаги турли-туман изоҳлар қатор сўзлардан фойдаланишга тўсиқ бўлмоқда. Масалан, «диний сўз», «эскирган сўз», «диалектал сўз», «кам қўлланадиган сўз» каби изоҳлар кўпчиликнинг қўлини боғлаб қўяди. Дейлик, гуноҳ, савоб, никоҳ, сайёд, сайёр каби сўзларга берилган изоҳлар, албатта, уларнинг эркин қўлланишини (масалан, таржимада чеклаб қўяди, баъзиларни чўчитади. Биз бундай изоҳлар ғоят зарур ҳоллардагина берилишини истаймиз, ахир, одамлар онгининг узоқ йиллар давомида дин, эскилик, қолдиқ каби тушунчалар билан тўлдириб ташланганини унутмайлик. Шу ўринда мен атоқли ёзувчимиз Абдулла Қаҳҳорнинг 200 йил бир ерда яшаб, занжирдан озод бўлса ҳам ўз қозиғидан нари кетолмаган фил ҳақидаги ҳикоясини эслагим келади.
Луғат адабий тил хазинаси, ойнаси. Ундан тилшунос ҳам, тилни ўрганувчилар ҳам, бошқа ҳар қандай соҳа кишилари ҳам фойдаланади, бинобарин, ҳар бир изоҳни айнан қабул қиладиганлар ҳам, танқидий қарайдиганлар ҳам топилади. Кишиларни иккилантирмаслик учун сўз маъноларини ўшандай чегараловчи изоҳларсиз ҳам берса бўлаверади. Қизиғи шундаки, айтайлик, абадият сўзига «китобий сўз», «кам қўлланадиган сўз» деб изоҳ берилади-ю, адад сўзига бундай изоҳ берилмайди ёки умумлашиб кетган ая «диалектал сўз» деб қаралади-ю, ада сўзи адабий норма сифатида баҳоланади. Умуман, шеваларнинг адабий тил луғат бойлигини бойитувчи асосий манбалардан бири эканлиги ҳаммага аён. Айниқса, ўзбек шевалари, хусусан шаҳар шевалари, юз минглаб, миллионлаб аҳолининг нутқидир.
Туркий тиллардан бирортаси ўзбек тиличалик кўп диалектли эмас. Жонли сўзлашув, жумладан шеваларни, тарихимизни яқиндан ўргансак, тилимиз нақадар бойлигини яққол кўрамиз. Ҳозиргача туркона сўзини қайд этамиз-у, туркана сўзига ўрин бермаймиз. Тўғри, иккови бир сўз, аммо адабиётда туркона қўлланса, халқ табобатида «қўлбола» маъносида кўпроқ туркана дейиш (масалан, туркана дори бирикмасида) учрайди. Шу каби Наманган тип шеваларида ҳаят сўзи бор. Бу сўз на изоҳли, на имло луғатларида акс этмаган бўлса, 1959 йилги «Ўзбекча-русча луғат»да ҳаёт сўзининг маъноларидан бири деб қаралади. Ҳаят уйга туташ жой бўлиб, адабий тилдаги томорқа маъносини ифодалайди. Уйчи районидаги Ўнҳаят қишлоғи номи шундан олинган, лекин унинг матбуотда Ўнҳаёт шаклида ёзилиши луғатларга асосланган.
Менинг дадам умрининг салкам охиригача футбол нималигини билмаган эди, аммо турмуш тақозоси билан Тошкентга келиб, футболга «ишқибоз» бўлиб қолдилар. У киши 1959-1963 йиллари стадионда футбол ўйинини кўриб юриб, ўзларича тепма сўзини ўйлаб топдилар ва футбол кунлари «Бугун тепма бор экан, мен тепмага бораман» деб юрдилар. (Биз бу билан тилимиз имконияти бойлигини айтмоқчимиз, холос. Бу сўзни қўллаш-қўлламаслик бошқа масала. Малака ва кўникма бўлса, ҳар қандай сўз ҳам қўлланаверади.)
Ўзбекча муқобили мутлақо йўқдек кўринган сўзларнинг бири французча меню атамаси бўлиб, луғатларда таржимасиз айнан ёки изоҳлаб тушунтирилади. Унинг ўзбекча эквиваленти ҳақида гап юритилгани бизга маълум эмас, 80-йилларнинг бошида «Гулистон» ресторанида «Меню» ўрнида «Овқатнома» ёзилганини кўрдик, аммо бу сўз ҳануз луғатлардан жой тополган эмас. Шунингдек, кейинги пайтларда мэр сўзи кенг қўланаяпти: «Шаҳар мэрларининг халқаро конференцияси тугади» (газетадан). Агар биз шаҳар ижроия комитетининг раиси атамаси ўрнида оддийгина шаҳар ҳокими десак, эски давр тикланиб қоладими? Буни ҳам ўйлаб кўриш керак.
Дорихоналар бор, аммо у ерда савдо қилувчи ходимни нима деб атаймиз? Оммавий луғатлардаги аптекачи – аптекарь — дорихоначи сўзлари тўғри келармикин? Биз доричи сўзини тавсия этмоқчи эдик, бироқ унда оҳангдорлик етишмагандан ташқари, ҳодиса жараёни ҳам аниқ ифодаланмайди, аммо дорифуруш сўзи ҳар жиҳатдан тўлиқ жавоб беради. Дори тайёрловчи шахсни доригар — дорисоз сўзларига нисбатан дорипаз бирмунча тўлиқ ифодалайди. Агар мазкур илм, соҳани махсус ўрганиш кўзда тутилса, доришунос айни муддаодир. Шу охирги тушунчадан келиб чиқиб, доригарлик — дорисозлик сўзлари ўрнида доришунослик терминини афзал кўрамиз. Шу асосда ҳозирги фармацевтика институтини доришунослик институти деб аташни тавсия этамиз. Хуллас, дорифуруш, дорипаз, доришунос, доришунослик сўзлари луғатлардан ўрин олмоғи керак.
Сўз қўллашдаги нуқсонларнинг бири сўзларнинг лексик-семантик маъноларига эътибор бермасликдир. Масалан, Тошкентнинг қаерига борманг, соч-соқол олдириладиган жойда «Сартарошлик» деган лавҳани кўрасиз. Тўғри, «сартарошлик» орқали «Сартарошхона» тушунилади ва шунга кўникиб кетилди. Аммо жой оти билан касб отини фарқлаш лозим.
Кўринадики, луғатларга қараб тилга баҳо бериш тил ҳодисаларидан узоқликдир. Агар ҳар ким ўз соҳасида қунт билан иш олиб борса, йўқ деб келинган анчагина керакли сўз ва иборалар топилади. Албатта, ҳеч бир тил ўз эҳтиёжини ўзи қопламаган. Ҳамиша тилдан тилга сўз ўтиб келган ва ўтади. Зарурий ва керакли сўзларнинг кириб келиши, бошқасининг истеъмолдан чиқиб кетиши бизнинг истак-хоҳишимизга боғлиқ эмас.
Аминжон Маматов,
филология фанлари номзоди, доцент
“Шарқ юлдузи” журнали, 1990 йил, 3-сон