Шоира Аҳмедова. Адабий-танқидий суҳбат генезиси

Суҳбат адабий танқиднинг энг қизиқарли жанрларидан биридир. Бу жанр кўп асрлик анъаналарга эга бўлиб, унинг илдизлари Суқрот, Афлотун суҳбатлари ривожланган қадимги юнон адабиётига бориб тақалади. Ғарбда ҳам бу жанрга эътибор билан қарашган.

Фаранг файласуфи Дени Дидро ижодини кузатганда, унда суҳбатларнинг турли хиллари учраши ва бу файласуфнинг эстетикасида катта ўрин тутишини кўрамиз. Унинг “Никоҳсиз туғилган ўғил” ҳақида суҳбатлар”, “Суҳбатлар” ҳамда  “Дорваль билан  суҳбатлар” асарлари ўз даврида жуда машҳур бўлган ва юқори баҳо олган[1]. Улар “Никоҳсиз туғилган ўғил” номли драмаси билан бирга нашр этилган.

“Суҳбатлар” Дидро учун севимли бўлган шакл – диалогда ёзилган. Диалогдаги икки овоз Дидронинг  фалсафий-эстетик қарашлари – унинг ички диалектика (ҳаракат ва ривожланиш)сидаги муҳим ўзига хосликни акс эттиради. Баъзан бир-бирини рад этиб, баъзан муросага келиб, “суҳбатдошлар” маърифий реализмнинг аҳамиятли хусусиятларини – масалан, характерлар ва вазиятларнинг ҳаққонийлиги ҳамда ўзаро боғлиқлиги; шахсий ҳаётдаги кундалик воқеаларга қизиқиш; санъатнинг одамларга ахлоқий таъсири зарурлиги кабиларни маъқуллайдилар.

Мазкур суҳбатда эстетика, драматургия, саҳна асарлари, уларнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида фикр юритилади. Суҳбат Д.Дидро ва унинг суҳбатдоши Дорваль иштирокида  олиб борилади. Бир қанча тадқиқотчилар Дорвалнинг прототипи Ж.Ж.Руссо бўлган деб ҳисоблайдилар[2]. Ана шунинг ўзи бу суҳбатларнинг адабий-танқидий характерга эга эканлигини кўрсатади.

Суҳбатлардаги Дорваль, албатта, Дидронинг қарашларини ифодалайди, маълум даражада –  унинг иккинчи қиёфадоши сифатида етук Дидронинг эстетикаси намоён бўлган ўша полифоник диалогдаги овозлардан фақат биттаси ҳисобланади. Иккинчи овоз “Суҳбатлар”да ҳатто яширинча иштирок этади.

Дидро томошабин ва танқидчи сифатида Дорваль аниқ ҳаётий ҳақиқатлар деб  ҳисоблаган ҳодисаларнинг  саҳнада ҳаёт ҳақиқатига мос келмаслигига эътибор қаратади. Демак, санъатдаги ҳақиқат билан ҳаёт ҳақиқати бир-бирига мос келмайди, шунинг учун ҳам уларни бадиий акс эттиришнинг ўз қонунлари бор. Кейинчалик Дидро ўзининг “Суҳбатлар”идаги бош  вазифа ҳақида тўхталар экан: “Ҳақиқий далил билан тўқиб чиқарилганлари орасидаги, ҳаққоний персонажлар билан тўқима образлар орасидаги, ҳақиқатан ҳам айтилган фикрлар билан тасаввур қилинган нутқ орасидаги фарқларни  кўрсатиб беришдан иборат эди”, деб айтган эди[3]. (Таржима бизники – Ш.А.).

Шуни ҳам қайд этиб ўтиш керакки, “Суҳбатлар”да  зўрға эшитилган иккинчи овоз Дидронинг  кейинги  “Драматик поэзия ҳақида” трактатида тўла куч билан янграйди. Бу асарда Дидро “Суҳбатлар”да айтилган фикрларни давом эттиради ва ривожлантиради.

Бошқа  обзор характеридаги асарида бир картина ҳақида фикр юритар экан, унда ҳам суҳбат усулидан фойдаланади. Ёш ижодкор Нежон билан учрашуви, санъат ҳақидаги суҳбатлари, мунозаралари тасвирланади. Обзор ичида суҳбатнинг берилиши асарга самимийлик, табиийлик бахш этган. Дидро билан шогирди ўртасидаги диалог ҳақиқатан ҳам 1767 йил бадиий кўргазмалар залида рўй берганлиги ҳақида Нежоннинг ўзи гувоҳлик берган экан[4].

Унинг “Актёр ҳақида парадокс” асари эса суҳбат-диалог шаклида ёзилган. Биринчи суҳбатдош иккинчи суҳбатдош билан театр, актёрлик маҳорати ҳақида баҳслашади. Унда бир-бирининг фикрини рад этиш, мунозара йўсини устувор.

Умуман олганда, файласуф Дидронинг кўпчилик асарлари қурилишининг турли-туманлиги билан ажралиб туради. Масалан, “Салонларда” асарида хат шаклидан, диалог, суҳбат ва очерклардан фойдаланилган. Аслини олганда, ўзининг “Салонларда” асари билан Д.Дидро янги маърифий адабиётда янги жанр – даврнинг илғор эстетик қарашлари, ўзининг реалистик демократик санъат учун кураши ҳамда  юқори социал ва ахлоқий пафосини  аниқ акс эттира олган бадиий танқид жанрини яратган.

Инглиз ёзувчиси ва танқидчиси Роберт Пенн  Уорреннинг “Шоир қандай ишлайди” китоби мақолалар, интервьюлар ва суҳбатлардан ташкил топган. Булар “Харви Брайт билан суҳбат” (1950), “Автоинтервью” (1953), “Қочоқлар билан учрашув”. “Вандер Билт университетидаги суҳбат” (1956), “Бадиий адабиёт ҳақида суҳбат” (1957), “Нью-Йорк штатидаги Юнион коллежи талабалари билан суҳбат” кабилардан иборат.

Р.Уоррен суҳбатларининг ўзига хослиги шундаки, уларда битта танқидчи эмас, икки ва ундан ортиқ танқидчилар иштирок этишади. Масалан, “Қочоқлар учрашуви”даги суҳбатда Уоррен, Тейт, Рэнсон, Элиот кабилар қатнашадилар. Аммо суҳбатда кўпроқ Уоррен етакчилик қилади.

Ёзувчининг “Бадиий наср санъати ҳақида суҳбат”ида уч танқидчи қатнашади:

Эллисон: Сиз, шоир, драматург, ёзувчи, шу билан бирга бир неча танқидий ишларнинг ҳам муаллифисиз. Баъзан танқид билан шуғулланиш ижод учун зарар дейишади. Сиз бунга қандай қарайсиз?

Уоррен: Адабий-танқидий фаолиятни адабий ижод импульсига қарши қўйишдек бир вақтлар кенг тус олган ғоялар мени даҳшатга солади. Баъзан уни бирор бир ёзувчининг ижодига ёки тўла давр адабий жараёнига қарши қўйишади. Шубҳасиз, танқид қопқон ролини ўйнаши мумкин, баъзан ижодий уйғонишни вайрон қилиши мумкин, бироқ у спиртли ичимликлар, пул ёки шуҳрат каби хавфлилик туғдирмайди.

–  Шунга қарамай, танқид  – дейди Уоррен, – инсоний фаолиятнинг тўлиқ, мўътадил кўринишидир. Ҳатто танқиднинг энг зерикарли қирраси – адабий техникани тадқиқ этиш ҳам – шахсий ижоднинг гуллаб-яшнаши билан тўлиқ муроса қилишга қодир[5] (Таржима бизники – Ш.А.).

Уорреннинг бу сўзлари танқидни ҳимоя қилибгина қолмай, олимнинг танқидга муносабатини ҳам очиб беради.

Суҳбат эркин, самимий тарзда олиб борилади. Суҳбатда фақат Уорренга савол бериш билан чекланилмайди. Уорреннинг ўзи ҳам уларни суҳбатга чорлайди.

Суҳбатда юмор элементлари яққол кўриниб туради. Худди шу суҳбат орқали суҳбатдошларнинг характери, тилга олинган муҳим ғоялар ҳам намоён бўлади. Демак, маърифий, илмий-назарий характердаги бундай суҳбатлар ижодкорларнинг қиёфасини очибгина қолмай, уларнинг тафаккур даражасини ҳам намоён этади.

Рус адабиёти ва адабиётшунослигида ҳам суҳбат жанридан фойдаланиб келинган. Рус танқидчиси В.Г.Белинский ижодида жанрга тез-тез мурожаат қилинганини кўриш мумкин. У бошида бу жанрни жуда ёқтирган, унинг кўп мақолалари суҳбат шаклида ёзилган. Масалан, “Рус адабиёти 1814 йилда” йиллик обзорини ёзишда ундан фойдаланган. Танқидчи ва шоир Кольцов эса Белинскийнинг суҳбат шаклидан фойдаланганига қарши чиқади. “Танқид тўғридан-тўғри бир шахс томонидан айтилиши керак ва у буйруқ каби таъсир қилиши лозим”, деб ҳисоблайди[6].

Белинский бир мақоласида “мунаққид ва халқ – икки суҳбатдош”, дейди. “У деярли барча мақоласини – иккинчи шахсга – халққа мурожаат қилиб туриб ёзади; шунинг учун уларда мурожаат, баҳс, фикр лашиш, мушоҳада қилиш, суҳбат оҳанги устун, шунинг учун ундов, савол, мурожаат, тасдиқ оҳанглари билан алмашиниб туради”[7], – деб ёзади  С.Мамажонов Белинский ижодига бағишланган “Улуғ танқидчи сабоқлари” мақоласида. Бу мулоҳазалардан улуғ танқидчининг ҳақиқатан ҳам суҳбат жанридан эмас, унсурларидан фойдаланиб, асарларини ўқишли қилишга интилганини кўриш мумкин.

Буюк рус шоири А.С.Пушкин эса бу жанрга катта эътибор билан қарайди. Ўз даврида А.С.Пушкин адабий танқидга юқори баҳо бериб, унинг ўрнини кўрсатган эди: “Танқид – санъат ва адабиёт асарларидаги камчиликлар ва гўзалликларни очиб бериш санъати”. Адабий танқиднинг бир жанри бўлган адабий-танқидий суҳбатда ҳам бадиий асарнинг гўзалликлари ва нуқсонларига диққат қаратиладики, шу жиҳатдан Пушкиннинг сўзларини унга ҳам татбиқ этиш мумкин.

А.С.Пушкин қаерда санъатга муҳаббат бўлмаса, у ерда танқид ҳам бўлмайди, деб ҳисоблайди. Адабий-танқидий суҳбатларнинг асосида ҳам адабиётга муҳаббат, уни қадрлаш хусусияти биринчи ўринда туради.

Пушкиннинг буюк шоир бўлиш билан бирга зукко танқидчилигини намоён эта оладиган “Танқид ҳақида суҳбат” асари адабий-танқидий суҳбат жанрининг энг ёрқин намуналаридандир.

Пушкин суҳбатдошларининг номини бирини А, бирини В деб белгилайди. Суҳбат савол-жавоб билан бошланади.

А. Сиз “Галотей”нинг охирги сонида NN нинг танқидини ўқидингизми?

В. Йўқ, мен рус танқидини ўқимайман.

А. Беҳуда қиласиз. Бошқа ҳеч нарса сизга бизнинг адабиётнинг аҳволи ҳақида тушунча беролмайди.

Шу тариқа суҳбатдошлар ўша давр танқидчилигига баҳо берадилар. Бу суҳбатда бир-бирларининг қарашларини инкор этиш руҳи кучли эканини кўрамиз. В томон кўпроқ А га қарши бориб, унинг фикрини рад этишга ҳаракат қилади. А эса танқиднинг ҳимоячиси сифатида уни қўллаб-қувватлайди.

Суҳбатда ўз фикрини очиқ-ойдин айтиш, бир-бирига қарши фикр юритиш руҳи кучли бўлса-да, Пушкиннинг ўша давр адабий танқидчилигига берган баҳосини аниқ билиб олиш мумкин. Аммо замондошларининг фикрича, Пушкиннинг бу суҳбати тугалланмай қолган.

Рус классик адабиёти намояндаси Б.Сумароков ижодида бу жанр фаоллигини кўриш мумкин. Унинг ижоди шу жиҳатдан турли-туманлик касб этади. Унда суҳбатларнинг кўплиги, албатта, “адабий-танқидчилик” белгисидир.

ХVIII асрнинг публицистикаси ва танқидининг хусусияти – чегаралари бузилган жанрлар ва асарларнинг кўплиги адабий наср билан бирикишида кўринади. Лекин тасвирланганларнинг муаллиф томонидан баҳоланиши нуқтаи назаридан вариантларнинг турли-туманлиги – классицизмга бегона таъсирларнинг натижасидир. Эҳтимол, Сумароков аср ўрталарида ойномаларда кенг ўрин олган Лукиандан қилинган таржималарига суянган. Балки  унга ҳозиржавоб фаранг анъаналари таъсир этгандир, аммо ўша давр ижодкорларидан фақатгина Сумароков суҳбатларни (у диалоглар деб атаган) жуда яхши кўрган ва улардан йигирмага яқинини бостириб чиқарган. Шулардан бир нечтаси танқидий. Суҳбатларнинг баъзисида классимонолог усули устунлиги кўриниб туради. Уларда муаллиф персонажларнинг бири томонида мустаҳкам туради. Буларга “Касандра ва Ирсинкус” суҳбати мисол бўлади.

Баъзи диалоглар Лукианнинг сатирик усулида ёзилган. Уларда иккала персонаж ҳам “ёмон” тарзида тасвирланади. “Ўликлар салтанатида буюк Александр ва Герострат суҳбати”. Бу суҳбатда Геростратнинг пасткашлигини алоҳида тасвирлашнинг ҳожати йўқ, бу ўз-ўзидан маълум. Шунинг учун суҳбат Александр атрофида айланади.

Сумароковнинг энг ноёб суҳбатларидан бири “Олим ва қари кампир ўртасидаги суҳбат”дир. Унда, кўринишидан, Тредиаковский устидан кулади, чунки у ўз билимлари билан мақтанарди. Суҳбат шундай бошланади:

“Олим. Сен ақлли, зеҳнли бўлиб, ўз ўғлингни айтарли ҳеч нарсага ўргатмабсан. Қўшнинг эса ўзининг ақли паст ўғлини ҳам саводли қилибди. Сенинг ўғлинг ҳам у каби йигирма бешга кирибди; сенинг ўғлинг фақат русчани билади, у эса лотин, француз, немис, итальян ва инглизчани билади. Сенинг ўғлинг хатни зўрға ўқийди, у эса шеърлар ёзади. Бунинг сабаби нимада?

Кампир. Ақли пастларга маърифат кўпроқ керак; садақани бойларга эмас, камбағалларга беришади. 

Олим. Маърифатли онглар қўллаб-қувватланади; ўғлинг яна ҳам ақллироқ бўлса,  қандай яхши.

Кампир. Ортиқча ақллилик қонундан четлаштиради; эшитишимча, олимлар христианликдан қайтган, чала олимларнинг ҳаммаси ҳам Художўй.

Олим. Мен сенга етказсам, Худо тўғрисидаги фан етарли тушунча беради.

Кампир. Худодан қайтаради ва бидъатга олиб келади”[8].

Фалсафий ва Художўйлик баҳслари бирмунча давом этади, лекин кутилмаганда мунозара бошқача тус олади. Суҳбат мавзуи ўзгариб, ҳаётий моҳият касб этади.

Сумароков илм-маърифат тарафдори бўлиш билан бирга кампирнинг фикрларига берилиб кетади, суҳбат унинг сўзлари билан тугаётиб, мафкуравий ва ахлоқий тус олади. Лекин олимнинг ҳам фикрлари тўғри бўлиб, Сумароковнинг дунёқарашига зид келмаслиги туфайли ҳақиқий диалог-суҳбат юзага чиқади.

Икки, умуман, турли кишиларнинг суҳбатида муаллиф уларнинг ҳар бирига ўзича хайрихоҳ, лекин узил-кесил биттаси томонига ўтмайди. Сумароковдан сўнг суҳбат жанрини романтиклар ҳам кенг қўллай бошладилар. Лекин романтик танқидда глобаллик, мураккаблик эмас, романтик-субъективлик юқори туради.

ХIХ аср рус танқидчилигида суҳбат ёзувчи В.Жуковский асарларида учрайди. Жуковскийнинг “Танқид тўғрисида” мақоласи эса тўлиқ диалог-суҳбат шаклида ёзилган. Муаллиф худди бегона кишидек, икки баҳслашаётган кишини таништиради: “Эски замон одами”, ақлли, лекин чет тилларини билмайдиган, “ишонувчан” ва “умумий танишимиз”, ақлли ва жуда маълумотли киши.

Маълумки, эскича фикр юритувчи адабиёт ва танқидга бўлган эски қарашларни ифодалайди, “таниш” эса муаллифнинг иккинчи “ўзи”,  суҳбат шу тарзда давом этади[9].

Ўзбек адабиёти ва адабиётшунослигида ҳам суҳбат жанрининг пайдо бўлиши узоқ тарихга эга. “Авесто”даги суҳбатлар, “Қутадғу билиг”даги Кунтуғди билан Ойтўлдининг суҳбатлари унинг бадиий ижоддаги намунаси ҳисобланади. Адабиётда бадиий асарларда учрайдиган суҳбат асарнинг моҳиятини, қаҳрамонлар характерини ёритишга хизмат қилади.

Адабий танқид, энг аввало, халқ оғзаки ижодида пайдо бўлди, халқнинг достонларга муносабат билдириши танқиднинг оғзаки кўриниши эди. Ёзма адабиёт намояндалари ҳам ўз мушоира ва адабий анжуманларида халқнинг бадиий асарларга оғзаки тарзда муносабат билдириш анъанасидан фойдаландилар. Бундай ҳолатнинг мавжудлиги ёзма ёдгорликларда ҳам қайд қилинган. Жумладан, Алишер Навоийнинг “Хамсатул-мутаҳаййирин”, “Мажолисун-нафоис”, Али Сафий ибн Ҳусайн Воиз Кошифийнинг “Латоиф ат тавоиф”, Хондамирнинг “Макоримул-ахлоқ”, Восифийнинг “Бадое ул-вақоеъ” каби асарларида мазкур масалага доир қимматли далиллар келтирилади. Масалан, Салмон Соважий ва Убайд Законий ўртасидаги мутойиба, ўзбек шоири  мавлоно Лутфий ва Абдураҳмон Жомий орасидаги мусоҳабалар, мавлоно Лутфий ва ёш Алишер Навоий ўртасидаги суҳбатларнинг тасвири ва ҳокозо[10].

Булар ичида Хондамирнинг “Макоримул-ахлоқ” асарига киритилган ҳикоя ўша даврдаёқ машҳур бўлиб кетган. Мавлоно Лутфийнинг ўн-ўн икки минг мисра форсий ва туркий байтини ёш Алишернинг бир ғазалига алмаштирмоқчи бўлганлиги ҳақидаги лавҳа мавлоно Лутфий ва Алишер Навоийнинг бизга маълум асарларида қайд қилинмаган. Бир суҳбатда оғзаки тарзда баён қилинган мулоҳаза оғиздан-оғизга Хондамиргача етиб борган. У муҳим аҳамиятга эга бўлган бу мусоҳабани ўз асарига киритиб, унинг бизгача етиб келишида катта хизмат қилган. Ана шу туфайлигина Алишер Навоийнинг йигитликка қадам қўйган вақтлардаёқ замонасининг машҳур шоирлари эътиборини жалб этиб, таҳсинга сазовор бўлгани  ойдинлашади. Демак, ёзма адабиёт вакилларининг у ёки бу асар, шеър ва байт тўғрисида мушоира ва анжуманларда, суҳбат ва учрашувларда оғзаки баён этган мулоҳазалари анча асосли ва фойдали экани маълум бўлади. Афсуски, бундай мушоира ва суҳбатлар ҳамма вақт ҳам қоғозга туширилиб, тарих ва авлодлар учун сақланган эмас. Шунинг учун бу масалага дахлдор ҳар бир далил қимматли ва мўътабардир.

Ёзма манбаларда адабий-танқидий қарашлар кўпинча қоришиқ тарзда ифодаланганини назарда тутадиган бўлсак, ўтмишда адабий-танқидий қарашлар, шеър ва шоирлик ҳақидаги мулоҳазалар тарихий ёдномаларда, эсдалик типидаги асарларда, девонларга ёзилган дебочаларда, маноқиб-ҳолотларда, кичик лирик жанрдаги асарларда, достонларнинг махсус бобларида, тазкираларда, аруз, қофия, бадоъ ва саноеъга доир рисолаларда, баъзан эса, умуман, илми адаб деб аталган илмлар туркумига бағишланган китоб ва луғатларда баён этилганини кўрамиз.

Ёзувчи билан танқидчи, танқидчи билан шоир, танқидчи билан олим ўртасидаги суҳбат адабиётнинг юксаклиги, ривожи, адабий асар, адабий жараён ҳақида борар экан, адабий-танқидий характерга эга бўлади. Шундай экан, адабий-танқидий суҳбат адабий танқидчиликнинг алоҳида бир жанри сифатида муҳим аҳамият касб этади. Зеро, суҳбатларда, суҳбатдошларнинг адабиёт ҳақидаги қарашлари, фикрлашлари, бадиий ва илмий тафаккур тарзи, адабий жараён, бадиий асар, адабий муаммоларга муносабати ёрқин намоён бўлиб туради.

“Жаҳон адабиёти”, 2015 йил, 11-сон

[1]* Шоира Аҳмедова – филология фанлари доктори. Дени Дидро. Эстетика и литературная критика. – М.: «Худ-ная лит-ра». 1980. С. 599.

[2] Ўша манба. С. 600.

[3] Бахмутский В. Эстетика Дидро. В кн.: Дени Дидро. Эстетика и лит-ная критика. – М.: «Худ-ная лит-ра». 1980. С. 18.

[4] Ўша манба. С. 618.

[5] Уоррен Роберт Пенн. «Как работает поэт». – М.:  «Радуга», 1988.  С. 359.

[6] Егоров Б. О мастерстве литературной критики. – Ленинград,  «Советский писатель», 1980. С. 176.

[7] Мамажонов С. Теранлик.  – Тошкент: Ғ.Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1987. 19-бет.

[8] Маълумотлар Б. Егоровнинг юқорида эслатилган китобидан олинган. 178-бет.

[9] Қаранг: Егоров Б. О мастерстве литературной критики.  – Ленинград: «Советская писатель» 1980, С. 182-183.

[10] Бу ҳақда қаранг: Валихўжаев Б. Ўзбек адабиётшунослиги тарихи. Тошкент: “Ўзбекистон”, 1993. 8-бет.