Абдураззоқ Каримов. Олтини бор қишлоқ ободми? (1989)

Тошкентдан автобусда бораётган йўловчи «Темур дарвозаси»дан ўтганидан сўнг об-ҳавонинг кескин ўзгарганини дарров сезади. Чунки сиз шу пайтда меридиан чизиқлари кесишган Ғаллаорол ноҳиясига кириб келасиз. Нуротанинг туя ўркачли тизма тоғлари ҳамда Ғўбдин тоғлари билан ўралган Ғаллаорол ўзининг табиати, ери, иқлими, жўғрофий ўрни жиҳатидан жумҳуриятимизда алоҳида ўрин тутади.

Ғаллаорол замини асосан даштдан, яъни суғорилмайдиган ерлардан иборат. Лекин бу заминда ерости хазинаси беқиёс. Шундан бўлса керак, ноҳияни «мамлакатнинг валюта цехи» деб ҳам айтишади. Чунки Ғаллаоролдаги Маржонбулоқ олтин қазиб чиқариш корхонаси мамлакатимизга энг юқори сифатли олтин етказиб беради. Шунингдек, ноҳиядаги Қўйтош конларидан олиб кетилаётган вольфрам метали оддий лампочкадан тортиб, космик ракеталар ясалишига ҳам ишлатилаётир. Қолаверса, жумҳуриятимиз бозорларидаги энг олди майиз ҳам шу замин саховатидан нишонадир. Ғаллаоролнинг лалмикор баҳори буғдойидан тайёрланган ундан ёпилган нондан емабсиз — бу дунёга келмабсиз! Совхозларнинг чўлларда ёйилиб юрган сурув-сурув қўйларининг саноғи йўқ. Хуллас, Ғаллаоролни саноат, чорвачилик, деҳқончилик ноҳияси, десак янглишмаган бўламиз.

Ҳойнаҳой, журналхонлар шундай заминда яшовчилар бой-бадавлат, турмушлари тўкис, ташвишдан йироқ кун кечирсалар керак деган хаёлга боришлари аниқ. Афсуски, янглишадилар. Чунки олтини бор юртнинг ҳаммаси ҳам обод бўлавермас экан. Биз Ғаллаорол ноҳиясида шоир бобомиз Муқимий бундан салкам бир аср муқаддам таърифлаган хароб қишлоқлардан ҳам ночор қишлоқларни кўриб бунга гувоҳ бўлдик.

Турғунлик йилларидаги ва ҳозир ҳам баъзи жойларда давом этаётган маъмурий-буйруқбозлик туфайли бир текисда ривожланиш бўлмади. Номутаносиблик шу даражага бориб етдики, оралиғи бир неча чақирим бўлган икки аҳоли истиқоматгоҳида осмон билан ерча фарқ қилувчи манзарани кўриш мумкин. Масалан, кончилар шаҳарчаси Маржонбулоқда яшаш учун барча шарт-шароитлар муҳайё этилган. Замонавий нусхада қурилган социал, маданий-маиший бинолар, табобат муассасалари кўзни қувонтиргудек. Шаҳарча аҳолисининг асосий қисми мамлакатимизнинг турли бурчакларидан келганлар. Дашт ўртасида яшнаб турган бу работдан атиги 1,5-2 чақирим нарида Ғўбдин ва Гумсой қишлоқлари бор. Икки қишлоқда 200 дан ортиқ хонадан истиқомат қилади. Юқорида тилга олинган Маржонбулоқ шаҳридаги шароитнинг юздан бир фоизи ҳам мазкур қишлоқларда йўқ. Ясли-боғча, ҳаммом, клуб, телефон, кутубхона кўпдан бери ғўбдинликларнинг хаёлий орзуларига айланган. Айниқса, ичимлик сув муаммоси бу қишлоқларни қаттиқ исканжага олган.

Илгарилари қишлоқ аҳолиси тоғлардан оқиб келаётган булоқ сувларидан истеъмол қиларди. Лекин қудуқлар қазилиб ва улкан қувурлар орқали булоқларнинг суви катта шаҳарларга юборилгач, қишлоққа келадиган сув тортилиб қолди. Энди ғўбдинликлар 3-4 чақирим узоқликдан ичимлик сувини ташиб келишга мажбур бўлишаётир. Лекин овоз эшитилгудек масофадаги Маржонбулоқдан водопровод қувури орқали қишлоққа сув келтиришни бирор раҳбар ўйлашни ҳам ўзига эп билмаётир. Қақраб-қақшаб кетаётган бу қишлоқлар умумий эътибордан аллақачон четда қолган. Икки қишлоққа хизмат кўрсатувчи ягона қишлоқ врачлик амбулаторияси ҳолига эса маймунлар йиғлайди. Чанги чиқиб ётган каталакдек бу уйчанинг ўзи антисанитария ҳолатидадир. Қишлоқдаги ижтимоий-иқтисодий турмуш даражасининг пастлиги кишиларнинг кун кечиришини оғирлаштириб юбораётир. Шуниси ачинарлики, Ғўбдин қишлоғининг асосий кўпчилик меҳнатга лаёқатли аҳолиси олтин конларида ва Маржонбулоқ олтин қазиб чиқариш корхонасида меҳнат қиладилар. Қон раҳбарияти арзон ишчи кучини хуш кўрса-да, уларнинг турмуш даражасини ўстиришни ўзларининг вазифалари деб билмайдилар.

Бундай аянчли аҳволни Ғаллаорол ноҳиясининг қатор қишлоқларида ҳам кўриш мумкин. Молтоп, Совруқ, Совруқсой, Жарбулоқ, Робат, Коризқудуқ, Кўтал, Чаёнли, Бахмал, Қоронғул қишлоқларининг бугунги аҳволи шунчалик пастки, бу манзилгоҳларда яшаётган кишиларнинг сабр-бардошига беихтиёр тан берасиз.

Лекин сабрнинг ҳам чегараси бор. Чунки ҳозир Фарғонадаги фожиали воқеалар ҳали ҳамманинг хотирасида турибди. Бу ерда иқтисодиётнинг таназзулли ҳолати, меҳнаткашлар турмуш даражасининг пастлиги, ишчи кучларининг ошиб-тошиб ётганлиги ўша фожиаларнинг энг асосий сабабларидан бири бўлганлиги сир эмас. Шу нуқтаи назардан қаралганда, Ғаллаорол ноҳиясидаги меҳнаткашларнинг моддий аҳволи, маданий-маиший турмуш даражаси ниҳоятда ночор. Ноҳиядаги ҳар бир ишловчи ишчининг йиллик даромади 1200 сўмдан ошар-ошмас. Агар ҳозир бозорда бир кило гўшт 6-7 сўмлигини, эркакларнинг бир жуфт пойафзали 50-60 сўмлигини назарда тутсак, юқоридаги даромад суммаси ҳозирги ҳаёт тарзи учун урвоқ ҳам бўлмаслиги аёнлашади.

Ноҳия бўйича болаларни боғчаяслиларга жалб этиш 23 фоизни ташкил этади, холос. Мавжуд боғча-яслилардаги аҳвол ҳам қониқарли эмас. Биз «Коммунизм» совхозининг «Дўстлик» болалар боғчасида бўлганимизда у ердаги аҳволни кўриб, маҳаллий раҳбарларнинг шунчалик лоқайдлигига сўз топишга ожиз қолдик. Болаларга берилаётган таомлар билан қизиқдик. Ошхонада бор-йўғи бир хил овқат пиширилмоқда. Бу ҳам гўштсиз, картошкасиз, суюқ. Болалар ичаётган сувни катталар ичса касал бўлиши тайин. Болалар санэпидстанция аллақачон ичиш мумкин эмас, деб хулоса чиқарган сувни, ноиложликдан ичишга мажбур бўлишаётир. Нафақат боғча болалари,бутун Катта Молтоп қишлоғи инсон саломатлигига путур етказувчи сувдан ичиб танлари озор чекмоқда. Қишлоқдан атиги 500 метр нарида эса, тоғлардаги шаффоф булоқларда йиғилган сув қувур орқали Маржонбулоқ олтин фабрикасига боради. Бу сув фабрикада рудани ювиш учун ишлатилади.

Молтоп қишлоғи аҳлининг ягона сув манбаи. Р.Нуримбоев сурати

Озиқ-овқат истеъмолининг камлиги, экологик аҳвол, оилавий бюджетнинг тенгсизлиги, ижтимоий соҳаларнинг етишмаслиги, айниқса, ноҳиядаги хотин-қизларни мушкул аҳволга солиб қўяётир.

Меҳнатга қобилиятли аёлларнинг ижтимоий фойдали меҳнатга жалб этилмаслиги натижасида улар умумиттифоқ қонунларида кўзда тутилган имтиёзлардан маҳрум бўлиб қолаётирлар. Юқорида номлари тилга олинган қишлоқларда яшовчи хотин-қизларнинг 90 фоизи ишсиз.

Меҳнатга лаёқатли, ижтимоий ишлаб чиқаришда машғул бўлмаган аҳолининг сони Ғаллаорол ноҳиясида йил сайин ортиб бораётир. Ўз қишлоғида иш топишнинг мушкуллиги туфайли биргина «Коммунизм» совхозидан 1500 га яқин киши узоқ йўл босишиб бошқа жойларга бориб ишлайдилар.

Айниқса, ёшлар учун ишсизлик офатдир. Киши жамиятга ўзининг кераксизлигини ҳис қилса, маънавий тушкунликка тушиши аниқ. Масалан, ноҳиядаги Ғўбдин қишлоқ Совети территориясидаги мактабларни 350 ўқувчи битириб чиқади. Шулардан 200 таси олий ва ўрта махсус ўқув юртларига ҳамда ишга жойлашса, қолгани беиш қолаётир. Ҳозирги кунда бу ерда 1200 га яқин меҳнатга лаёқатли кишилар иш билан таъминланмаган. Айниқса, биз Совруқ қишлоғида бўлганимизда турғунлик йилларидаги инсон тақдирига бефарқ қарашнинг оқибатлари натижасида юзага келган аянчли манзаранинг гувоҳи бўлдик. Бир пайтлар файзли, зич бўлган қишлоқ ўрнида ҳозир чордевор харобалари, эгалари кўчиб кетган, тўкилай деб турган уйлар, қуриган боғларни кўрасиз. Раҳбарлар қишлоқ жойларда иш ўринларини ташкил этиш ўрнига, ишсизлик муаммосининг осон йўлини танладилар. Яъни, ортиқча ишчи кучларини иш билан таъминлаш учун Россиянинг ноқоратупроқ зоналарига, Сибир томонларга ва қўриқ ерларга юборишни ташвиқ қилдилар. Кўпчилик байналмилалчилик шиори остида жойларини бўшатиб, ўзга юртларга иш қидириб кетдилар. Тирикчилик ўтказиш учун қўриқ ерларга одамларнинг кўплаб кўчиб кетиши натижасида ноҳиядаги қишлоқлардан файз кетди.

Шахтёрлар посёлкаси ҳисобланган Қўйтошда ҳам маҳаллий хотин-қизлар учун қўл келаётган меҳнат тури — касаначиликни жорий қилиш учун етарли имконият бор. Лекин бунинг учун посёлка Совети раҳбарлари, кон бошқармаси маъмурияти халқ ҳақида жон куйдириши лозим. Афсуски, улар ҳозирча «бош ёрилса қалпоқ остида» қабилида иш юритишиб, ишсизлик муаммосини хаспўслашга ҳаракат қилишаётир.

Биз Ғаллаорол ноҳиясининг ўнлаб қишлоқларида бўлганимизда 10 минг нафардан ошиқ меҳнат ресурслари — ишчи кучлари тўпланиб қолганлигини аниқладик. Бу жуда катта куч. Ғаллаоролда яқин йиллар ичида 2 минг ишчи ишлаши мумкин бўлган «Электрасбоблар» заводи қурилиши лойиҳалаштирилаётган экан. Албатта қурилажак завод ишсизлик муаммосини ҳал этишга ожизлик қилади. Шу ўринда ҳақли бир мулоҳаза туғилади. Жумҳуриятимизда етиштирилаётган пахтани ўзимизда қайта ишлашни йўлга қўйиш билан нафақат Ғаллаорол ноҳиясидаги, балки бутун жумҳуриятимиздаги бир ярим миллион ишсизни иш билан таъминлаш мумкин эмасмикин? Қолаверса, ҳозирги жойлардаги раҳбарлар мамлакатимизда кечаётган қайта қуриш жараёнига мос ишласалар, турли имконларни қидириб, халқнинг маданий, маиший, иқтисодий турмуш даражасини кўтарсалар. Афсуски, биз бўлган Ғаллаорол ноҳияси раҳбарларига XIX партия конференцияси, СССР Халқ депутатларининг I съезди руҳи ҳали етиб бормагандек туюлди. Ҳамон улар эскича иш юритишни, яъни ишни кабинетда ўтириб бошқаришдан воз кечолмаётирлар. Улар халқ орасида бўлганларида эди, элнинг дардини англаган бўлар эдилар. Томи босиб қолай деган мактабларни, қишда совуқ, ёзда иссиқ хароб касалхоналарни, бочкаларда келтирилган сувга навбат кутиб турган аёлларни кўрган бўлардилар.

Қолаверса, Ғаллаорол ноҳияси ўз еридан чиқаётган олтиндан, вольфрамдан нима наф кўраётир?!. Бу Иттифоқ идораларига бўйсунувчи корхоналар ноҳия бюджетига ҳеч қандай фойда бермаётир. Тўғриси, кон раҳбарлари ҳеч кимни даромадга шерик қилгулари йўқ.

Жумҳуриятимизда бир ноҳия бор. Номи Ғаллаорол. Ғаллага бой. Чорвага бой. Хазинага ҳам бой. Лекин халқи… ночор аҳволда, камбағал яшамоқда.

Абдураззоқ Каримов, «Гулистон» журналининг махсус мухбири

«Гулистон» журнали, 1989 йил, 12-сон