Ўзбек тилининг кўпгина назарий ва амалий масалаларини ҳал қилиш бевосита шева ва лаҳжаларни ўрганиш билан боғлиқ.
Адабий тил билан шевалар ўртасидаги муносабатни белгилаш масаласи шеваларни тарихий-қиёсий асосда атрофлича тадқиқ этишни талаб қилади.
Жонли тил — тарихий ёдгорлик. Шу боис шеваларда сақланиб қолган айрим сўз ва сўз шакллари ўзбек тили тарихи учун ишончли, муҳим манба ҳисобланади.
Ўзбек шевалари адабий тилимиз таркибига кириб, унинг луғат бойлиги ва грамматик қурилишида бирлик ҳосил қилади.
Адабий тил билан шевалар доим тўхтовсиз муносабатда бўлади. Адабий тил диалект ва шеваларга таъсир этиб, уларнинг хусусиятларини яқинлаштириб борар экан, ўрни билан жонли тилдан озиқланиб, шевалардаги сўз ва иборалар ҳисобига бойиб боради.
Маълумки, айрим нарса ва ҳодисаларнинг номлари адабий тил ва луғатларда учрамайди, лекин диалект ва шеваларда мавжуд бўлади. Бундай вақтда уларни ҳеч иккиланмай адабий тилга киритишимиз керак.
Масалан: томизғич — пипетка (рус); қоқвош — жаврақи, вайсақи; понусгул — одуванчик (рус.); шилон — турли масаллиқдан тайёрланган оммавий овқат, чўрпа — 1. чўчқа боласи; 2. майда болалар маъносида. Бу сўзни Навоий ҳам ишлатган. Ғунчачи — сатанг аёл; ўймоқ — ангишвона; текис — чиройли (аёлларга нисбатан қўлланади); гўшт-нон — хамир орасига жизза ўрнига гўшт солинган нон; тортиқ — совға; тортмасандиқ — комод (рус.); асқотиш — фойдаси тегиш; арпабадиён — укроп тури, анис (рус.); улор — қуш номи; қилиқ — характер; ўнг — ранг, тус; йит — йўқ бўлмоқ; олим — олинадиган нарса; кўклув — чиройли (кўрклик, кўруклук); тўтра (тўлта) — ёғ қуйқаси; тўнглади — музлади, қотди (ёғ тўнглаб қолибди); қорамуқ — ёввойи ўт номи; тутмоч — овқат номи; йуриқ — лозиманда, анггиз — экинзор; шакароб — 1) помидор, пиёз, гаримдори ва туз қўшиб тайёрланган овқат (салат); 2) қўл билан пақирлаб сув сепиш; 3) болаларнинг «эшак минди» ўйини номини билдиради. Сирғалик (Фарғ. тип шеваларда) — қулоқнинг пастки қисмидаги юмшоқ исирға осадиган ери (рус. мочка). Тошкент тип шеваларида солинчоқ, бертмоқ — шикастланмоқ, лат емоқ; қилчи — сартарош (бу сўз Турди шеърларида ҳам учрайди); узангилик ёки бебилчак — оёқнинг юзи (подъём ноги); настарин — сирень (рус.); қасаба — шаҳар (бу сўз Бобурномада ҳам ишлатилган); ҳулбўй — ялпиз; хомутоёқ ёки чатаноқ — оёғини кериб юрадиган одам; ўтик — ўтадиган жой (переход), кечик — сувнинг саёз жойидан кечиб ўтадиган жой (XI аср ёдгорликларида бу сўз кўприк маъносида ҳам қўлланган); пилдироқчи — фирибгар; чўккала — лаганбардор; садда — нуқул, фақат маъносида; самсоқ — саримсоқ — гўдакнинг ном қўйилгунча бўлган исми; учузак — учта бола туққан хотиннинг болалари ёки қўйнинг қўзилари (қиёсланг: учам); найин қошиқ — ёғоч қошиқ; найин коса — ёғоч коса, тоғора; намит — хунук, бадбашара; нараки — 1) эркаклар сингари характерга, овозга эга бўлган аёл; 2) ўсимлик танасининг йўғонлашиб, ўсиб — авж олиб ҳосил бермайдигани (нар акии); маданг — ёғочдан қилинган эшик қулфи, танба; қудра — илдизидан ўсиб чиққан дарахт ва алоҳида сепилмай ёки кўчат ўтқизилмай уруғидан ўзича ўсиб чиққан ўсимлик. Наманган шеваларида ўзининг зотини «улуғ» деб мақтаниб юрувчи айрим кишиларга нисбатан «Қудрахўжа» ибораси; устоз кўрмай, бирор жойда таълим олмай ўзини зўр уста ҳисоблаб юрувчи косиблар ва саёқ ҳофизларга нисбатан «сан қудрасан», «қудра косиб», «қудра ҳофиз» иборалари ишлатилади; қалангғи (қалангқи — кўпчилик орасида ўзини тутолмайдиган, енгил табиат, зиёфатларда тезда маст бўлиб қоладиган киши). Тошкент шевасида бу қаланғи‑қасанғи тарзида қўлланади; ўмганкўкрак, одам ва ҳайвонлар кўкси; пешгир — фартук, болаларнинг бўйинларига осиб қўйиладиган ошхўрак (тож, пешгир).
Хуллас, шеваларга, жонли сўзлашувга хос сўз ва терминлар адабий тилимиз луғатини бойитишда шак-шубҳасиз катта аҳамиятга эга.
Абдуғани Алиев, филология фанлари доктори, профессор
“Ёшлик” журнали, 1990 йил 9–сон