Пахта яккаҳокимлиги (монокультура) кейинги бир неча йил ичида пайдо бўлган ҳодиса бўлмай, балки ўзининг қарийб юз йиллик ривожланиш тарихига эга. Маълумки, ўтган асрнинг 60-йилларида Ўрта Осиёнинг чор Россияси томонидан босиб олиниши 90-йилларга бориб, асосан, тугалланди. Ўлкамиз чоризмни ва унинг ривожланиб келаётган капиталистик саноатини биринчи навбатда арзон хом-ашё манбаи сифатида қизиқтирар эди. Агар 1886 йилда рус тўқимачилик саноати истеъмол қилган пахта толасининг ҳажми 123 минг тоннани ташкил қилиб, шундан 96 фоизи чет эллардан келтирилган бўлса, 1914 йилга келиб тўқимачилик саноати учун жами 454 минг тонна пахта толаси етказиб берилди. Лекин бу толанинг фақат 48,7 процентигина чет мамлакатлардан (Америка ва Мисрдан) келтирилган эди. Қолган қисмини эса Ўрта Осиё халқлари етиштирдилар. Шундай қилиб, 1886—1914 йилларда рус тўқимачилик саноатига Ўрта Осиёдан пахта толаси етказиб бериш 42 марта кўпайди. Агар 1888 йилда регионда 13,2 минг гектар суғориладиган ерга пахта экилган бўлса, 1914 йилга келиб бу кўрсаткич қарийб 600 минг гектарга етди. 1916 йилга келиб пахтага ажратилган экин майдонларининг умумий ҳажми революциягача максимал нуқтага —748 минг гектарга етиб, энг юқори, яъни 301 минг тонна пахта толаси тайёрланди.
Фарғона водийси революцияга қадар ҳам Ўрта Осиёда асосий пахтачилик райони бўлган. 65 фоиз пахта майдони водийда эди. Бу ерда монокультура ўша йиллардаёқ илдиз ота бошлаганди. Чунки суғориладиган ерларнинг 75 дан 100 фоизигача пахта экилар эди.
1920—30 йилларда «пахта мустақиллиги учун кураш», «пахта учун кураш — социализм учун кураш» шиорлари остида янги ерлар ўзлаштириш ҳамда ғалла ва бошқа экинларни қисқартириш ҳисобига пахта экиладиган майдонлар жадал суръатлар билан кенгайтирилди.
1914—1929 йиллар орасида Ўзбекистоннинг суғориладиган ерларида пахта экин майдони 41,5 процентга ошган бўлса, Туркманистонда 38, Тожикистонда 28 мартага кўпайди. Шунга мувофиқ равишда ғалла ва бошқа донли ўсимликлар экиладиган майдонлар бизнинг республикамизда 31, Тожикистонда 50, Туркманистонда 18 процентга қисқарди. Шу билан бирга полиз, боғ ва узумзорлар билан банд бўлган майдонларни сезиларли кенгайтириш имкониятлари ҳам чекланди. Илгари Ўрта Осиёда ғалла маҳсулотларига бўлган эҳтиёж ички резервлар эвазига тўла қондириларди. Пахта экиладиган майдонларнинг кескин ўсуви ҳисобига ўлкада дон тахчиллиги вужудга келди. Агар 1927—1928 йилларда Ўрта Осиёга ташқаридан 560 минг тонна дон маҳсулотлари келтирилган бўлса, бу қўрсаткич беш йилдан кейин 820 минг тоннага етди.
50-йилларда қўриқ ва бўз ерларни ўзлаштириш учун умумиттифоқ ҳашари бошланди. Жиззах ва Сирдарё музофотларида, кейинчалик Қарши ва Сурхон-Шеробод, Бухоро ва Қуйи Амударёда янги-янги пахта майдонлари очилди. Бу эса 60-йилларнинг бошидаёқ Амударё ва Сирдарё ҳамда Орол денгизида сувнинг кескин камайишига олиб келди. Шундай бўлса-да, ҳозир республика агросаноати комплексида пахтачиликнинг ҳиссаси 70 фоизни ташкил зтади. Республикадаги барча экин майдонларининг деярли ярмига, яъни 2 миллион гектардан ортиғига пахта экилмоқда.
Шуни қайд қилиш лозимки, жаҳон пахтачилиги аллақачон интенсив йўлдан, гектар ҳосилдорлигини ошириш ҳисобига ривожланмоқда. Кейинги 40 йил ичида жаҳонда пахта ишлаб чиқариш 2 мартага ошган бўлса, пахта экиладиган майдонлар 10 процентга қисқарди. Бизда пахтачиликда экстенсив йўл ҳамон сақланиб келмоқда.
Қайта қуриш, жамият ҳаётининг барча жабҳаларини демократлаштириш амалга оширилаётган бир пайтда пахта яккаҳокимлигига чек қўйиш, пахта ишлаб чиқаришни оқилона доирада чегаралаш пайти етди.
Табиийки, биз пахта етиштиришдан бутунлай ёки жуда катта миқдорда воз кечолмаймиз. Гап монокультурани жиловлаш, пахта экиладиган ер майдонларини жиддий суратда камайтириш устида бормоқда. Агар холисона фикр юритадиган бўлсак, шуни айтиш керакки, иқтисодий мустақил республика, бутун халқ пахтачиликдан жуда катта фойда кўриши аниқ. Чунки уни ташқи ва ички бозорда истаган маҳсулотга айирбошлаш мумкин. У қиммати тезда бузилмайдиган маҳсулот. Полиз, сабзавотчилик ва боғдорчилик маҳсулотлари эса бундай вазифани бажармаслиги мумкин.
Лекин пахта республиканинг ўзида иложи борича кўпроқ қайта ишланиши ва тайёр маҳсулотга айланиши учун ҳам жон куйдириш лозим.
Нурислом Тўхлиев,
иқтисод фанлари доктори
“Ёшлик” журнали, 1989 йил, 7-сон