Муҳаммад Солиҳ. Дилдаги ўйлар (1989)

Биз, ўзбек ёзувчилари адабиётни бугуннинг энг муҳим масаласи деб айта олмаймиз. Атрофда кечаётган воқеаларни кўрмаслик, эшитмаслик учун ҳаққоний ҳаётни мавҳумлаштиришга бизнинг кучимиз етмайди.

Бизни қийнаётган ўйлар адабий ўйлар эмас. Кейинги йиллар давомида бошимиздан ўтган воқеалар бизни андак довдиратиб қўйди. Мамлакатимиз халқларини катта фаолиятга ундаган қайта қуриш биз учун имтиҳонга айланди.

Қайта қуришда биз қандай хизмат қилмоқдамиз?

Эстонлар иқтисод, маданият, маориф, тил соҳаларида ўз фикру-қарашларини муҳокамага қўйишди. Эстон тилини давлат тили деб эълон қилишди, Литва ва Латвия халқлари ҳам шунга эришдилар. Молдавия, Белоруссия, Грузия ва Украинада ҳам халқ ижтимоий ҳаракатлари вужудга келди ва улар ўз миллий манфаатларини ҳимоя этиб майдонга чиқмоқдалар.

Биз-чи? Биз нима билан машғулмиз?

Яқинда Москвада ўқиб юрган бир талаба менга қўнғироқ қилиб, «Биз бу ерда ўзбеклар номусини ҳимоя этиш уюшмасини туздик», деди. Уюшма-ку яхши, лекин унинг номи ғалати туюлди. Нега энди «Номусни ҳимоя этиш уюшмаси» бўлар экан? Нега маданият эмас, тил эмас, Орол ёки табиатни ҳимоя қилиш уюшмаси эмас? «Номус»нинг қайта қуришга нима алоқаси бор?

Москвада ўқиётган талаба қайси номусни ҳимоя қилмоқчи эди? Мен бу ҳақда ўйлар эканман, уч-тўрт йил муқаддам кечган воқеа ёдимга тушди.

Саксон бешинчи йил республикада маданият соҳасида қандайдир вульгар ҳаракатлар бошланди. Бу ҳаракатнинг бошида Ўзбекистон Компартияси Марказқўмининг идеология бўйича собиқ котиби Р. Абдуллаева турди. У ўз фаолиятини мачитларни қулатишдаи бошлаб, Наврўз байрамини тақиқлаш билан тугатди. Ўттиз еттинчи йилларни, яъни эски ўзбек имлосида битилган китоблар қабристонга кўмилган йилларни эслатгувчи бир замон бошлангандай туюлди. Ёзма тарзда ҳам, оғзаки тарзда ҳам «худо» сўзини ишлатиш тақиқланди. Ҳатто таржима китобларида ҳам «худо» сўзини «фалак»га алмаштиришга мажбур бўлдик. Энди «фалак» «худо» мазмунини олди. Лекин фалакнинг ўзини нима деб айтамиз, деб ҳайрон бўлиб қолдик. «Синонимини топинглар!» деган жавоб келди. «Фалак»ка шукурким, ўзбек тили бой экан, синоним топилди!

Лекин бу сиёсат ҳаммага ҳам маъқул келмади. Республикада Абдуллаева сиёсатига қарши хат ёзиб, Москвага юборишга журъат этган йигирма беш эркак ва бир аёл топилди. Улар саксон бешинчи йилнинг май ойида бу қилмишлари учун Абдуллаева ҳузурида тик туриб жавоб бердилар. Идеология котиби уларни дарров «қора рўйхат»га тиркади. Босмахонага тушиб кетаётган китоблари ушлаб қолинди… Фақат тўққиз ойдан сўнг, котибанинг мансаб курсиси анча лиқиллаб қолгандан кейингина, тазйиқ тўхтади.

Аммо ҳақорат оғриғи босилмади.

Мен бу оғриқни Москвадан сим қоққан ўша талабанинг товушида туйдим. Бу дардни биз номус деган баландпарвоз бир тушунча ила таърифлаймиз. Шу йўсин бизнинг шаън-номусимизга биринчи зарбани москвалик эмас, балки ўз одамимиз берди.

Қайта қуришни биз, таъбир жоиз бўлса, таҳқирланган номус ила қаршиладик. Бироқ бу таҳқир қайта қуришга ишонмоғимизга халал бергани йўқ! Инчунин, қайта қуриш бизда кадрларни қайта кўришдан бошланган эди. Бу ҳол бизни қаттиқ умидлантирди, ҳолбуки, биз ўша маҳал кадрларни янгилаш ҳали қайта қуриш эмаслигини билмас эдик.

Порахўрлар ва ошириб ёзганларни фош этиш бошланди. Ниҳоят, адолат тантана қилди! — деб биз бутун Иттифоқ билан биргаликда қувондик. Ҳолбуки, ўша маҳал биз, фош этилган ва қамалганлар орасида мингдан ортиқ бегуноҳ инсон борлигини билмас эдик.

Матбуот сўзидан қувондик, бироқ порага сотилиш ҳодисаларини ёритаётган бизнинг матбуотчиларимиз ҳақиқатга чуқурроқ кирмасликларини, халқ ҳаётининг қатламларига теранроқ қарамасликларини биз хаёл ҳам қилмас эдик.

Бизнинг жароҳатларимизни очиб ташлаётган журналистлар энг муҳим нуқтани — меҳнаткаш халқ ҳаётини кўздан яширдилар. Ва гўё бу иллатлар турғунлик деб аталган ҳодисанинг оқибатлари эмас, балки, сал бўлмаса, миллий хусусиятлардир деган таассурот уйғотилди.

Бизда ўғрилар йўқ демоқчи эмасман. Ўғриларнинг миқдори умумиттифоқ меъёридан ортиқ эмас, демоқчиман.

Яқин-яқингача биз, Социалистик Меҳнат Қаҳрамони, Олий Совет депутатлари бўлмиш айрим бахтиёр зотларнинг суратларинн бутун дунёга намойиш қилиб, мана шулар Ўзбекистон халқи деб айтар эдик. Лекин бу халққа қилинган туҳмат эди. Зеро, халқ ҳеч қачон суратга тушиб қолиш учун ялтоқлангани йўқ, қолаверса, сураткаш ҳам уни қидирган эмас.

Энди, ўша нишондор қаҳрамонлар жиноятчи бўлиб чиққанда ҳам бизга эс кирмади. Биз тағин ўз диққат-эътиборимизни ўша «қаҳрамонлар» сари қаратдик. бизнинг кўнглимизда энди завқ эмас, даҳшат қўзғаб яна газеталаримиз саҳифаларида ўша исмлар жилвалана бошлади. Халқ эса худди аввалгидек, яна суратлар ортида қолаверди.

«Одиловлар»ни фош этиш қуюнининг ғуборлари бизга шу қадар ёпишдики, ҳатто Ўзбекистон тўғрисида ёзган муаллифлар ичида энг самимий бўлмиш Чингиз Айтматов ҳам республикадаги порахўрликни «миллий фожиа» деб аташдан бошқа илож тополмади. («Правда», 1988 йил, 13 февраль).

Йўқ, миллий фожиа бу эмас!

Фожиа бошқа ёқда: бизда болалар ўлими ҳамон ташвишли бўлиб турибди. Йигитларимизнинг ўттиз беш фоизи жисмоний жиҳатдан ҳарбий хизматга яроқсиз. Кимёвий дорилардан бузилмаган ер, заҳарланмаган сув деярли қолмади. Ҳар йили икки юздан зиёд хотин-қизларимиз ўз-ўзларини ёқиб ўлдирмоқдалар. Биз Орол денгизини ва ҳосилдор ерларимизнинг энг яхши қисмларини йўқотдик.

Мана, бизнинг фожиамиз.

Порахўрлик эса, бу фожиага қанчалик ёрдам қилмасин, у «бизнинг фожиа» ёки, «миллий фожиа» бўла олмайди.

Порахўрлик интернационал фожиадир.

Фақат, порахўрлик бизда пахтанинг қаймоғи билан, пахта эса халқимизнинг танаси билан озиқланиб келди.

Академик Яншиннинг «Литературная газета»даги бу масалага тегишли мулоҳазасини мустасно қилсак, на марказий матбуотда, на республика матбуотида, барча бахтсизликларни келтириб чиқарган бу муаммога бағишланган биронта ҳам махсус мақола чиққани йўқ. Бироқ биз «Олтин устидаги илонлар»га доир, махфий жиноятчи тўданинг бошлиғи Одиловга оид мақолаларни хўп тўйиб ўқидик! Бутун мамлакатда оммавий шов-шувлар ва ҳаяжонлар авж олди. Жиноятчи ўзбекларни тутиб бергувчи янги Шерлок Холмс пайдо бўлди. «Ўзбекистон иши» ҳам эмас, айнан «ўзбек иши» деган атама вужудга келди.АДИБ ВА ЖАМИЯТ

Буларнинг бари жамоат фикрига таъсир этмай қолмасди. Ва бу фикрга қарама-қарши ўлароқ, ўзбек номусини ҳимоя қилишга бел боғлаган ўзбек талабаси пайдо бўлди.

Бахтга қарши, буларнинг ҳаммаси мантиқан бир-бирига боғлангандир.

Бундай вазият одамда келажакка ишончсизликни туғдиради. Кишилар ижтимоий жиҳатдан янада сустроқ бўлиб борадилар. Бирлик бепарволикдан, лоқайдликдан, ишончсизлик ва ҳафсаласизликдан емирилиб боради. Бундай фавқулодда вазиятни биз сўнгги икки йил ичида ўз республикамиз мисолида кузатдик. Бундай ҳолат ўзига хос руҳий иқлимни яратди: яъни, одамларни сизлар хўжаликни бошқаришда қийналиб қолибсизлар, бас шундай экан, бошқа республикалардан ёрдам сўрамоқ зарур, дея ишонтириш осон эди.

Бир жойдан иккинчи жойга ишга келган киши, албатта, яхши ният билан, таъбир жоиз бўлса ўз интернационал бурчини адо этиш учун келади. Бироқ улар ўзлари учун мутлақо янгича шароитларда табиийки, қийинчиликларга дуч келадилар, хўжалигимизнинг ўзига хос қирраларини ўзлаштира олмайдилар.

Сиз, пахтани фақат тўй-тантана альбомларидагина кўрган кишини тасаввур қилинг. Ҳа, худди шундай кишилардан бири партия чақириғи билан Ўзбекистонга келади ва бирдан республика сув хўжалиги министри бўлиб қолади. Ахир, сув хўжалигини бошқариш учун у ҳеч бўлмаганда «Ўрта Осиё ерларининг суғориш тарихи»ни тўлиқ ўрганиши зарур-ку. Лекин энг муҳими, у ўзи суғориши лозим бўлган тупроқни, ўзгартириши лозим бўлган иқлим ва манзарани яхши билмоғи даркор. Бу иш эса кўп йилларни талаб этади. Бундан ташқари, раҳбар одам шу заминнинг бир парчаси бўлмоғи, ҳеч йўқса, шу тупроқда туғилмоғи керак-ку. Биргина сув хўжалиги министри эмас, савдо министримиз ҳақида ҳам шу гапларни айтиш мумкин.

«Бобил хўжалиги Тигр ва Ефрат дарёлари сувидан суғорилар эди. (Бизнинг мисолимизда Амударё ва Сирдарё — М. С.) Оқава сув эса Тигр орқали денгизга (бизнинг мисолимизда Амударё орқали Оролга — М. С.) чиқиб кетарди. Бу маъқул система эди».

Лекин, дейди тарихчи, Бобил подшоҳи ерли халқ вакили эмас, бунинг устига у Миср маликасига уйланиб қўйди. Малика билан бирга Бобилга ташаббускор инженерлар келди. Бу инженерлар маликага янги канал қуриб, экин ерларини кўпайтиришни тавсия этди. Малика эса ўз навбатида бу фикрни шоҳга етказди. Шоҳ канал қурди. Оқибатда Ефрат секин оқа бошлади. Ерлар шўрланди, деҳқончилик бўҳронга юз тутди ва эрамизнинг бошига келиб, Бобилда ҳаёт тугади. Агар Бобил ҳукмдори ерли одам бўлганда эди, у ўз ватандошлари билан маслаҳатлашган бўларди ва улар ичида суғориш ишларини тушунадиган одам топиларди, деб ёзади тарихчи. (Лев Гумилев. «Этногенез и биосфера земли». ВИНИТИ — 1979 — Ленинград 138-139 б.).

Бобил ўша канал қурилгандан кейин яна беш аср яшади, чунки уни алмашлаб экиш қувватлантириб турди. Бизнинг Орол ва ерларимиз бир аср доирасида ҳалокатга учраяпти. Чунки унинг ҳалокатига монокультура «ёрдамлашаяпти». Аммо, яна таъкидлаш мумкинки, бу икки ҳалокатнинг сабаби бир: нотўғри суғориш системаси, бизнинг мисолимизда марказлашган бошқарув оқибатидир.

Биз шунинг учун ҳам Сибирь дарёларини Ўрта Осиёга буришга қарши турган рус зиёлиларини қўллаймиз. Бу лойиҳани ким тузган? Сибирь хўжалигини бошқариш учун «четдан чақирилган ўзбек раҳбари» бўлмасин тағин?!

Урушгача Ўзбекистонда 27 минг майда қишлоқлар бор эди, хутор системасини тугатиш байроғи остида бу қишлоқчаларнинг 20 мингги йўқолди. Ўрнига шаҳарлар эмас, пахта плантациялари барпо этилди. Деҳқонлар ойига 30-40 сўм маош оладилар, аммо ишдан кейин ўз томорқасида ишласалар, «қўшимча даромад» келади. Агар улар ўз фарзандларини эркалатиб қўймай, оила пудратида ишлашга мажбур этсалар, янада кўп пул олишлари мумкин. Акс ҳолда нафақат рангли телевизор, ҳатто оддий ойнаи жаҳонга ҳам пул топиш қийин.

Баъзи газеталар деҳқонлар гўшт емайдилар, деб ёзаяпти. Тўғри гап. Деҳқонлар парҳездалар. Чунки гўштнинг ўзи йўқ , гўшт берадиган чорвачилнк йўқ, чорвани боқадиган яйловлар йўқ — яйловларга ҳам пахта экилган.

«Правда» газетасида босилган «В понедельник после пятници» («Правда», 1988 йил 13 февраль) мақоласида мисли кўрилмаган бир воқеа, Жумабозор қишлоғи аҳли милицияга, ҳатто республика ҳукумати раисига қаршилик қилганлиги тасвирланади. Бу деҳқонлар нима учун жунбушга келди? Ўз меҳнатининг қадр-қиммати учунми? Турмушларини яхшилаш учунми? Ёки ўз болаларини меҳнатдан озод қилиш учун шундай қилдиларми?

Йўқ, улар ер талашган эдилар.

Мен бу деҳқонларнинг суратини кўрдим: ажин босган юзлар, чарчаган нигоҳлар, хўмрайган қиёфалар. Агар кийимлари бўлмаса улар худди ўтган асрдан қараб тургандай кўринарди. Суратга қараб бўғзимга тош тиқилди…

Россияда қишлоқлар бўшаб қолаяпти. Рус деҳқонлари ўз уйларини ташлаб шаҳарларга кетмоқдалар. Бизда эса аксинча. Қувониш керакми, йиғлашми, билмайман.

Газеталар «Қишлоқда ишчи кучи ортиқча, ўзбекнинг ерга меҳри зўр, бу миллий психология, ўзбек ҳеч қачон шаҳарга бормайди, уни завод, фабрикаларга чорлашнинг фойдаси йўқ», деб ёзадилар.

Тўғри, агар биз уни «чорлаганда» ҳам у шаҳарга кела олмас эди. Чунки уни «меҳр» эмас, моддий ночорлик ерга боғлаб қўйган. Боғлаб эмас, занжирбанд қилиб қўйган. У шаҳарга келмоғи учун кўпроқ пул жамғариши керак. Аммо пахтага тўланадиган ҳақ ҳеч вақога етмайди. Демак, деҳқонни ерга боғлаб қўйиб, у шаҳарга келмаяпти, заводда ишламаяпти, дейиш кулгилидир. Ниҳоят одам ўзининг оғир меҳнатига яраша ҳақ талаб қилмоғи учун унинг онг-савияси баландроқ бўлмоғи керак. Лекин пахта яккаҳокимлиги (монокультура) шундай аждаҳоки, у деҳқоннинг нафақат моддий ҳаётини, балки онгини ҳам ўз чангалидан қўйиб юбормаяпти.

Пахта ҳокимлиги пахтакорни меҳнатга ҳурмат руҳида эмас, шахсий томорқага муҳаббат руҳида тарбиялайди. Пахта монокультураси худбинликни, жоҳилликни, маҳдудликни одамларнинг қонига сингдиради.

Пахта дегани нима ўзи? Пахта нималигини биламизми ўзи?

Самарқанд область «Ленинский путь» газетасида босилган «Дитя солнца» («Қуёш фарзанди») мақоласининг муаллифи Ю. Федоров Ўрта Осиёга пахта уруғини Форс ҳукмдори Кирнинг аскарлари олиб келган, деб ёзади.

Ҳа, барча буюк босқинчилар каби Кир ҳам бизга маданият олиб келган. Тўғрироғи, маданий ўсимлик — пахтани олиб келган. Аммо у келажакда пахтанинг Ўрта Осиё халқлари учун асосий «маданият белгиси» бўлиб қолишини хаёлига ҳам келтирмаган, албатта.

«Туркистон Россияга қўшиб олинганидан кейин, — деб давом этади ўз мақоласида Юрий Федоров, — чор ҳукумати Америкага қарам бўлмаслик учун Туркистонда пахта етиштиришни авж олдиришга қарор қилди».

Ҳа, фақат Сталин, Хрушчев, Брежнев эмас, чор ҳукумати ҳам Америкага қарам бўлишни истамаган экан. Лекин биз чор ҳукумати даврида бор-йўқ пахтани Россияга жўнатар эдик ва бу усул мустамлакачилик усули деб аталарди. Бугун биз пахта хомашёсини ўнлаб марта кўпроқ ташқарига чиқараяпмиз ва бу усулни нима деб аташни билмай ўтирибмиз. Устига устак, бизни боқимандалар деб аташаяпти…

«Коммунист Узбекистана» журналининг 1988 йил 11-сонида В. Осминин бундай деб ёзади: «Ҳисобларга кўра, Ўзбекистондан олиб кетилаётган бир йиллик пахта толасидан 25 миллиард сўм миллий даромад олинади» (25-бет). Бу пул бизга дотацияга (давлат томонидан бериладиган ёрдам пули) берилаётган пулдан деярли ўн баравар кўп-ку! Шуми, бизнинг боқимандалигимиз?

Фақат Ўзбекистондагина эмас, қардош Тожикистон ва Туркманистонда ҳам деҳқоннинг аҳволи ачинарли — у энг оғир меҳнатни бажариб, энг арзон ҳақ олмоқда. Пахтакор ғаллакорга нисбатан ўнлаб соат кўпроқ меҳнат қилади. Лекин иш ҳақи ғаллакорникидан тўрт баравар камдир. Бу ҳам етмагандай деҳқон фақат пахта эксагина фаровон яшаши мумкин дея ишонтирадилар.

Ваҳоланки, 1987 йилда бир гектар картошка 2983 сўм, бир гектар сабзавот 6379 сўм, бир гектар «оқ олтин» эса бор-йўғи 2400 сўм даромад келтирган. Бу рақамларни қиёслайлик-да, деҳқонга раҳмимиз келсин.

«Пахта мустақиллиги» асоратларини тан олиш пайти келди, Республика ҳукумати буни яхши билади. Аммо сукут сақлайди.

Наҳотки, маҳаллий ҳукумат лоақал қишлоқ аҳли ҳаётини яхшилаш учун, унинг соғлигини мустаҳкамлаш ва турмуш маданиятини кўтариш учун бирон тадбир кўрмаётган бўлса, деган савол туғилиши мумкин. Тадбирлар кўрилаяпти, албатта. Улар орасида биз тушунмаган бир тадбир — оилани планлаштириш дегани ҳам бор. Бу тадбир аввалига тўғридан тўғри «туғишни камайтириш» деб аталган эди. Фақат кейин, шарт-шароитни ҳисобга олиб, бу номни «юмшатдилар». Чунки мамлакатнинг бир қисмида туғилишни рағбатлантириб, иккинчи қисмида «қисқартиришни» тарғиб этмоқ бемаънилик эканини ташвиқотчилар англаб қолдилар. Лекин кейинги ўйлаб топилган «планлаштириш» ҳам аввалги ибора моҳиятини ўзгартиролмади. Иқтисод, демография (аҳолишунослик) соҳаси билимдонлари «уч йил оралатиб туғиш» тамойилини олға сурдилар. Гўё шундай қилинса, бошқа муаммолар ҳам ўзича ҳал бўлиши мумкин экан. Яъни, биринчидан, аёлларнинг соғлиги тикланар эмиш. Иккинчидан, болалар ўлими камаяр экан. (Тўғри, бола туғилмаса, у ҳеч қачон ўлмайди). Учинчидан, аҳоли сони кўпаймайди. бу эса ўз навбатида ишсизлик муаммоларини, яъни иқтисод ва демография ўртасидаги номутаносибликни йўқ қилар эмиш.

Қаранг, бизнинг аёлларимиз қанчалик давлат аҳамиятига молик масалаларни «ҳал қилиб» юборишлари мумкин! Агар улар буни хоҳласалар! Лекин улар «уч йил оралатиб туғишга» кўнармиканлар?

Иқтисодчи Р. Убайдуллаеванинг гувоҳлик беришича, Наманган областида истиқомат қилувчи аёллар бу масъул ишга тайёр эмас эканлар. Улар «нечта фарзанд кўришни истайсизлар?» — деган саволга бир хилда: «Қанча кўп бўлса, шунча яхши», деб жавоб берибдилар. («Правда Востока» 1988 йил, 9 февраль).

Эҳтимол, биз демография фанини тушунмасмиз. «Нима қиласанлар билмаган соҳангизга аралашиб, романингизни ёзиб юравермайсанларми», дейишаяпти-ку! Лекин рақамларни биз ҳам биламиз. Ўзбекистонда уч ва тўрт боладан кўп туққан аёллар проценти йил сайин камайиб бораяпти. Бу кўрсаткич 1956 йил 75 фойиз бўлса, 1970 йилда 65 фойизга, 1980 йилда 51 фойиз, 1985 йилда эса 49 фойизгача камайиб кетди. «Бу ҳолатда, — деб ёзади таниқли демограф А. Кваша, — демографик сиёсатни шундай юритиш керакки, токи, Ўрта Осиё халқларининг асосий қисми кам болалик оилаларга айланмасин», (А. Кваша «Что такое демография?», Москва, 1985 йил).

Она табиатнинг ўзи «қисқартираётган» пайтда биз ҳам қайчимизни олиб чопмайлик. Демографияга қизиқиш эса фақат бизнинг жумҳуриятда пайдо бўлгани йўқ. Масалан, Америка ва Ленинград шаҳри ўртасида ўтказилган телесуҳбатда бир рус йигити Россияда туғилиш камайиб бораётганини ҳаяжонланиб гапирди. Биз унинг дардига ҳамдард эдик. Аммо у «рус халқи кичик миллатга айланиб қолиши хавфи бор», деганида, шахсан мен ўйланиб қолдим. «Кичик миллат» бўлиш шунчалик қўрқинчлими? Ундай бўлса узоқ Шимолда яшаётган чукча халқи матонатига қойил қолиш керак. Ундай бўлса, «кичик миллатлар» латиш ва эстон халқларига тасанно! Ўзбеклар сон жиҳатдан уларга «оға» бўлиши мумкин-ку, деб ўзимга таскин бермоқчи бўлдим, аммо таскин тополмадим…

Хуллас, «катта халқ»қа ҳам, «кичик»ка ҳам қийин экан. Москвалик бир дўстим «катта халққа қийин, у барча кичик халқлар учун жавоб беради» деган эди. Бу ҳақиқат. Дўстимнинг сўзини бошқача ҳам қуриш мумкин: «Кичик миллатларга ҳам осон эмас, уларни ўзи учун жавоб беришга қўйишмайди».

Бизнинг аждодларимиз миллий мансублик тўғрисида баҳслашмаган эдилар. Бу масалада Жомий билан Навоий баҳсини тасаввур қилиш қийин. Бирор жанжал чиқиб қолса, жанжал ҳам уни бошлаган одам каби майда бўлган. Афсуски, бугун қайта қуриш ниқоби остида дўстлигимизга раҳна солишга интилаётганлар ҳам йўқ эмас.

Бизга нима бўлди ўзи? Азалдан бир дарёдан сув ичиб, бир диёрда яшаб келаётган эдик-ку. Байрамларимиз бир эди, бирга тўйлар ўтказардик. Қиз олиб, қиз бериб қондош халқларга айланган эдик. Душман келганда миллат суриштирмай, ҳамма бир тану бир жон бўлиб ватан ҳимоясига отланган.

Ўтган йил Марказий телевидениедан берилган «Позиция» кўрсатувида Самарқандни ўзбеклар қургани йўқ, дейишгача бориб етдилар. Бу ҳам майли, баъзи олимлар Ўзбекистонда миллий район, миллий шаҳарлар ташкил қилиш керак деган таклиф билан чиқдилар. Бунақасини анчадан бери кўрганимиз йўқ эди.

1924 йили Туркистонни бир марта бўлган эдилар, шунинг ўзи етарли эмасмикин?

Икки халқ ўртасида «баҳс» уйғотаёттанлар тарихга бир назар солсалар ёмон бўлмасди. Масалан, Петербургни Брежнев қургани йўқ. Уни Улуғ Пётр қурган. Бу тарихий факт. Шунингдек, Самарқанд ҳам Рашидов буйруғи билан бино бўлмаган. Унга Амир Темур асос солган. Бу ҳам тарихий факт. Уни сохталаштириш уятдир.

Ўзбекистонда юздан зиёд миллат вакиллари яшайди. Шу кунгача улар билан ўзбеклар ўртасида жанжал чиққани йўқ. Чиқмайди ҳам! Аммо ўзбекларнинг интернационализми уларда миллий туйғу йўқ экан, деган хулосага олиб келмаслиги керак. Бу туйғу, ҳамма миллатлар каби, ўзбекларда ҳам бор. Уни ҳақорат қилмаслик лозим.

Булар мени қийнаган муаммолар. Уларни имконим даражасида таҳлил этдим. Фикримча, уларни ечиш пайти келди. Бу масалалар бевосита миллий масалага бориб тақалади. Миллий масала эса иқтисод каби, бугунги кунда энг долзарб масаладир.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 1989 йил, 17 март