Озод Отамирзаев Абдуҳаким Қаюмов. Туркистон аҳолиси: уйдирма ва ҳақиқат (1992)

Ҳурматли муҳарририят! Қейинги пайтда собиқ Иттифоқ марказидаги бир қатор ойнома ва рузномаларда Ўрта Осиё жумҳуриятларида, хусусан Ўзбекистонда яшовчи славян миллатига мансуб аҳоли оммавий кўчиб кетаётганлиги, шунингдек собиқ Иттифоқни тарк этиб, чет элларга кетаётган кишилар миқдори ҳам тобора ортиб бораётганлиги ҳақида мақола ва ахборотлар чоп этилмоқда. Уларнинг баъзиларини ўқиб, ростлигига шубҳалансангиз, баъзиларига ишонгингиз келади. Шу муносабат билан севимли ойномамиз саҳифасида Ўрта Осиё аҳолиси, минтақадаги миграция жараёнлари, бу борадаги гап-сўзлар ҳақиқатга қай даражада тўғри келиши ҳақида бир мақола берилишини истар эдик.

Ш. Қодиров, Тошкент шаҳар Сергели тумани

Аҳоли деганда кенг маънодаги одамлар мажмуи (гуруҳи) тушунилади. Демография ва аҳоли жўғрофияси фанлари эса аҳолини ҳудуд тушунчаси билан боғлаб ўрганади, яъни аҳоли деганда маълум бир ҳудуд доирасида истиқомат қилувчи одамлар мажмуи англашилади.

Аҳоли, аниқроқ қилиб айтганда, унинг зарурий тайёргарликка ва меҳнат тажрибасига эга бўлган қисми жамиятнинг асосий ишлаб чиқарувчи кучидир. Меҳнатга лаёқатли аҳолининг катта қисми моддий неъматлар ишлаб чиқаришда, қолгани эса хизмат кўрсатувчи соҳаларда ва рўзғор ишлари билан банддир. Кишилар ишлаб чиқариш кучлари, моддий неъматларнинг яратувчиларигина бўлиб қолмасдан, балки унинг истеъмолчилари ҳамдир.

Аҳоли сонининг ўзгариши унинг кўпайиши ва камайиши ҳамда миграцияси (ҳудудлар ўртасида қайта тақсимланиши) натижасида юз беради. Аҳолишунослик илмида миграция жараёни муҳим ўрин эгаллайди. Миграция деганда аҳолининг доимий яшаш жойининг ўзгариши билан боғлиқ бўлган кўчиши тушунилади.

Иқтисодий, сиёсий, табиий, этнографик ва бошқа омилларга боғлиқ ҳолда ўзгарувчи мураккаб ижтимоий жараён ҳисобланган миграция аҳоли турмуш тарзининг жуда кўп қирраларига катта таъсир кўрсатади.

Одамларнинг ҳудудий ҳаракати бир мамлакат доирасида (ички миграция) ёхуд бир нечта мамлакатлар ўртасида (ташқи миграция) амалга ошиши мумкин. Ташқи миграцияда бирон-бир мамлакатни тарк этган одамларни эмигрантлар, унга кўчиб келганларни эса иммигрантлар деб аталади.

Мамлакатлар, минтақалар, қитъалар аҳолисининг сони ва таркиби ўзгаришида ташқи миграция етакчи ўрин эгаллайди. Шимолий ва Жанубий Америка аҳолисининг аксарият қисми иммигрантлардан иборат. Бу ўринда АҚШ, Канада, Австралия, Янги Зеландия ва бошқа бир қатор мамлакатлар иммиграциянинг классик мамлакатлари ҳисобланадилар. Улар аҳолисининг кўпчилигини Оврўпа, Африка ва қисман Осиё қитъаларидан кўчиб келган кишилар ташкил қилади.

Аҳоли сони кўп жиҳатдан унинг ёши ва жинсий таркибига боғлиқ ҳолда ўзгаради. Бундан ташқари айрим ҳудудлардаги аҳоли миллий, ижтимоий таркиблари ва бошқа кўрсаткичлари бўйича ҳам фарқланади. Шу жиҳатдан Туркистон аҳолиси таркибини таҳлил этиш, унга хос қирраларни кўрсата билиш катта аҳамият касб этади.

Туркистон — Ўрта Осиё ҳудуди ўзининг табиий-жўғрофий чегараларида собиқ СССРнинг тўрт жумҳурияти — ҳозирги мустақил Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон жумҳуриятлари ҳамда Қозоғистоннинг жанубий қисмини эгаллайди. Ҳозирги мавжуд маъмурий-ҳудудий бўлиниш нуқтаи назаридан Туркистон деганда биз юқорида қайд этилган тўртта жумҳуриятни тушунамиз.

Аҳоли тўғрисидаги статистик ва демографик манбаларнинг камёблиги, борларида эса айрим ҳудудлар бўйича баъзи бир ноаниқликларнинг мавжудлиги Туркистон аҳолисининг фақат сўнгги 30 йил давомидаги ҳолатини тўла ва ҳар томонлама таҳлил қилиш имконини беради.

Ўрта Осиё маҳаллий халқлари ўзбеклар, қозоқлар, қирғизлар, тожиклар, туркманлар ва қорақалпоқлардан иборатдир. Бундан ташқари бу ерда туркий халқлардан — уйғурлар, татарлар, бошқирдлар, озарбайжонлар, қрим татарлар, турклар, славян халқларидан — руслар, украинлар, белоруслар, шунингдек немислар, корейслар, яҳудийлар, арманлар ва бошқа миллат вакиллари истиқомат қиладилар.

Бу ўринда шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Сибирь, Қозоғистон, Ўрта Осиёда XVI асргача славян халқлар яшамаган. XVI аср охирида Ермак бошчилигидаги казаклар тўдаси Сибирь ва Узоқ Шарқнинг катта ҳудудини истило қилганидан бошлаб, руслар собиқ СССРнинг шарқий қисмларига гала-гала бўлиб кўчиб кела бошладилар. Шарққа томон кўчиш жараёни XIX ва XX асрларда айниқса авжига чиқди. Бу жараёнда сиёсий ва оддий маҳбусларни ана шу минтақаларга сургун қилиш ҳам катта ўрин эгаллайди. XIX аср мобайнида Сибирга 860 минг киши сургун қилинган. Бундан ташқари чор Россиясининг сиёсати натижасида минг-минглаб рус, украин ва белоруслар Шимолий Кавказ, Қозоғистон ва Ўрта Осиёга кўчиб келди.

Ўрта Осиёда 1865 йилда (яъни Туркистон Россия томонидан босиб олинган пайтда) жами 5.190 минг аҳоли яшаган. 1867 йилда Туркистон бош губернаторлиги ташкил этилиб, унинг ҳудуди маҳаллий халқларнинг миллий хусусиятлари, уларнинг иқтисодий ривожланиш ва хўжалик юритиш хусусиятлари ҳисобга олинмаган ҳолда бир нечта маъмурий бирликларга бўлиб юборилди. Улкани миллий ҳудудларга парчалаб юборилиши чор ҳукуматига Туркистонни ўзининг мустамлакасига айлантириб, бойликларини талаб олиб кетишда ва маҳаллий халқларни эзишда жуда қўл келди.

Россияда 1897 йилда ўтказилган аҳоли рўйхатига кўра Ўрта Осиёда (Бухоро амирлиги ва Хива хонлигининг аҳолиси ҳисобга олинмаган) 6.171 минг аҳоли бўлиб, шундан 954 минг киши (15,5 фоизи) шаҳарларда яшаган. 1913 йилга келиб минтақадаги аҳоли миқдори 7.274 минг кишига, шаҳар аҳолисининг сони эса 1.378 минг (18,8 фоиз) кишига етган. 1865-1913 йиллар давомида аҳолининг ўртача йиллик ўсиш суръати 0,7 фоизга тенг бўлган.

Умуман XIX асрнинг иккинчи ярми ва XX асрнинг дастлабки даврида Ўрта Осиё аҳолиси сони паст суръатлар билан ўсди. Лекин ўтган асрнинг 60-йилларидан бошлаб чор Россиясидан унинг мустамлакаси бўлган Туркистонга кўплаб руслар ва украинлар кўчиб кела бошладилар. Ташқи миграциянинг таъсири айниқса XX аср бошида орта бошлади. Туркистонда яшайдиган Оврўпа халқларининг миқдори 1897-1920 йиллар давомида тўрт баравар ўсиб, аҳоли умумий миқдоридаги улуши 9,5 фоизга етди. Бундан кутилган мақсад эса ўлкани руслаштириб, Россиянинг таркибий қисмига айлантиришдан иборат эди. Келгиндиларга Туркистон бош губернаторлигининг жойлардаги маъмурлари энг яхши ҳудудлардан уй-жой ва ер майдонлари ажратиб бера бошладилар. Ана шу даврда Фарғона ва Чу водийлари ҳамда Еттисув оралиғида руслар ва украинларнинг йирик колониялари ташкил этилиб, маҳаллий халқлар унумсиз ва камсув ерларга бадарға қилиндилар.

Собиқ СССРда 1926 йилда биринчи бор ўтказилган аҳоли рўйхати маълумотларига кўра Ўрта Осиё аҳолиси 7.653 минг кишини ташкил этган. Шундан атиги 477 минг киши (6,2 фоизи) шаҳарларда яшаган. Бу даврда аҳоли сонининг нисбатан паст суръатлар билан ўсиши 20-30 йилларда сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий вазиятнинг мураккаблашуви, унинг демографик жараёнларга салбий таъсир кўрсатуви билан изоҳланади. Айнан шу даврда бой, босмачи, деб мийг-минглаб маҳаллий аҳоли ўлдирилди, кўплаб кишилар она юртларини тарк этиб, чет элларга кетишга мажбур бўлдилар. Бу даврда айниқса маҳаллий зиёлилар катта талафот кўрдилар.

Иккинчи жаҳон уруши Ўрта Осиё аҳолисининг сони ва таркибига ниҳоятда салбий таъсир кўрсатди. Унинг умумий миқдори 1940 йилдаги 10.906 минг кишидан, 1945 йилга келиб 8.982 минг кишига тушиб қолди ёки 1.924 минг нафарга қисқарди. Айниқса Ўзбекистон катта талафот кўрди — жумҳурият аҳолиси деярли 1,4 миллион кишига қисқарди. Аҳолининг ёш ва жинсий таркиби анча вақтгача ўзининг уруш арафасидаги ҳолатини тиклай олмади. Шу даврда фронт олди ҳудудларидан келтирилган корхоналарни тиклаш баҳонасида неча ўн минглаб аҳоли мамлакатнинг Оврўпа қисмидан Ўрта Осиёга кўчириб келтирилди. Боз устига Сталин Ўрта Осиёни юртидан бадарға қилинган миллатлар яшайдиган ўзига хос сургун жойига айлантирди. Бу ерга уруш даврида месхети турклари, қрим татарлари, Волга бўйида яшаган немислар, чеченлар, сал аввалроқ эса корейслар ва бошқа халқлар сургун қилиндилар. Коммунист арбоблар Ўрта Осиёни шу йўсинда «байналминал» масканга, «халқлар дўстлиги қалъаси»га айлантирмоқчи бўлдилар.

Урушдан кейинги даврда минтақада аҳоли жадал суръатлар билан ўса бошлади. Бунда табиий кўпайиш билан бир қаторда Тошкент зилзиласи оқибатларини тугатиш бўйича «байналминал» ёрдам қўлини чўзган, кўпчилиги славян халқлари вакилларидан иборат қурувчиларнинг аксарият қисми шу ерда доимий яшаш учун қолиб кетганликлари, шунингдек жумҳуриятда бунёд этилган йирик рангли металлургия, кимё ва нефть кимёси, қурилиш материаллари, энергетика саноати корхоналарини қуриш ва ишлатиш баҳонасида келган кишиларнинг юртларига қайтиб кетишдан воз кечганликлари катта таъсир кўрсатди.

Сўнгги ўн йил давомида Ўрта Осиёда аҳоли ўсишининг ўртача йиллик суръатлари бироз пасайиб, 2,6 фоизни ташкил этди. Жами аҳоли сони 30 миллион нафардан ошиб, 32.839 минг кишига етди.

Барча мамлакатлардаги сингари Ўрта Осиёда ҳам аҳоли таркиби ва миқдори табиий ҳаракат ва миграция жараёни таъсирида ўзгаради. Лекин бунда табиий кўпайиш етакчи омил саналади.

Табиий ҳаракат — туғилиш, ўлиш, никоҳ ва ажралиш жараёнларини ўз ичига олади. Булар орасида туғилиш ва ўлиш табиий кўпайишга тўғридан тўғри, қолганлари нисбий таъсир кўрсатади.

Туғилиш ва ўлишнинг кўп мезонлари мавжуд. Масалан, туғилганлар ва ўлганларнинг умумий сони ёки уларнинг жами аҳолининг ҳар минги ҳисобига нисбати билан ўлчаниши мумкин. (туғилиш ва ўлишнинг умумий коэффициенти промилледа ўлчанади.).

XX аср бошида Туркистонда йилига ўртача 276,0 минг бола туғилиб, 232 минг киши ўлган, 1926 йилда бу кўрсаткич 325,0 минг ва 164,0 мингни ташкил этган. Табиий кўпайиш ҳажми 1900 йилдаги 44,0 минг кишидан, 1926 йилда 161,0 минг кишигача етди.

Уруш арафасида — 1940 йилда Ўрта Осиёда аҳоли табиий кўпайишининг мутлақ миқдори 200 минг кишига тенг бўлди. Худди шу йили аҳоли миқдори мамлакатнинг Оврўпа қисмидан келган халқлар ҳисобига 112,9 минг нафарга кўпайди. Уруш даврида фронтга чақирилган маҳаллий миллат вакиллари ўрнига оврўпаликларнинг Ўрта Осиёга кўп миқдорда кўчиб келиши аҳоли — миллатларнинг алмашув жараёнига айланди.

Урушдан кейинги даврда Ўрта Осиёда туғилиш бироз турғунлашди.

Ўрта Осиё аҳолисининг сони 1950-74 йилларда миграция ҳисобига жами 1.366,6 минг кишига ёки ўртача йилига 56,9 минг кишига кўпайди. Жумладан, Ўзбекистон аҳолиси ўртача йилига 33,8 минг кишига, Қирғизистонники — 10,0 минг кишига, Тожикистонники — 10,9 минг кишига, Туркманистонники — 2,7 минг кишига ўсди.

Охирги ўн йил (1979-89 й.й.) давомида Ўрта Осиё аҳолиси ўсишида табиий кўпайишнинг аҳамияти сезиларли ошди. Табиий кўпайиш миқдори 1979 йилда қарийб 700 минг кишига тенг бўлган бўлса, 1985 йилда — 880 минг, 1988 йили эса 926,4 минг кишини ташкил этди. Миграциянинг аҳамияти эса, аксинча, кескин камайиб, охирги йилларда салбий кўрсаткичлар билан ифодалана бошланди.

Ўзбекистон аҳолиси 90-йиллар бошида табиий кўпайиш ҳисобига йилига 560-580 минг кишига, Қирғизистонники — 100-108 минг, Тожикистонники — 160-180 минг, Туркманистонники — 100-105 минг кишига ортиб бормоқда.

Табиий ҳаракат, айниқса ўлим тўғрисида сўз юритганда болалар ўртасидаги ўлимни алоҳида кўрсатиш зарур. Бу кўрсаткичнинг катталиги бўйича Ўрта Осиё жумҳуриятлари жаҳонда «илғор» ҳисобланадилар. Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда туғилган ҳар 1000 та боланинг 43-45 нафари бир ёшга тўлмасдан ўлаяпти. Мазкур кўрсаткич Қирғизистонда 36-43, Тожикистонда 46-56, Туркманистонда 51-58 нафарни ташкил этади. Ривожланган мамлакатларда эса болалар ўлими коэффициенти 10 тага ҳам бормайди. Масалан, Японияда туғилган ҳар минг боладан 5 нафаригина нобуд бўлади. Бу фактларнинг заминида жуда кўп сабаблар ётади. Булар она ва бола саломатлигини сақлашга етарли аҳамият берилмаслиги, тиббий ёрдам кўрсатишнинг паст даражада эканлиги, она ва бола овқати сифатсиз ва тўйимсизлиги, айниқса экологик вазиятнинг бузилганлиги кабилардир.

Собиқ СССР учун «пахта мустақиллигини» таъминлаган жумҳуриятлардаги суғориладиган ерларнинг ҳар бир гектарига 54 килограмдан заҳарли кимёвий моддалар солинаяпти. Бу заҳар еб, заҳар ичиш билан тенгдир, десак муболаға бўлмайди. Гўдакларнинг кўпчилиги нимжон, касалманд бўлиб туғилмоқда. Болалар айниқса сурункали касалликларга кўп чалинади. Фақат Ўзбекистоннинг ўзида 1988 йилда 30,3 минг гўдак бир ёшга етмай нобуд бўлди.

Атроф муҳитни соғломлаштириш — шаҳарлардаги кимё, рангли металлургия корхоналарининг фаолиятини чеклаш ёки уларнинг салбий таъсирини камайтиришни, пахта яккаҳокимлигини бартараф этишни, қишлоқ хўжалигида заҳарли кимёвий моддалар ишлатилишини тартибга солишни ҳамда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган тадбирларни ҳаётга тезда тадбиқ этишни тақозо қилмоқда.

Ўрта Осиёда аҳоли ниҳоятда нотекис жойлашган. Иқтисодий ва демографик ҳолати бўйича етакчи жумҳурият саналган Ўзбекистон аҳолисининг ўртача зичлиги Қорақалпоғистонда ҳар квадрат километрга 7,7 кишига тўғри келса, Бухоро вилоятида 12 кишига, Фарғона вилоятида 313,6 кишига ва Андижон вилоятида 427 кишига тўғри келади. Андижон вилояти ҳудуди жумҳуриятимиз ҳудудининг атиги бир фоизини ташкил этади. Аммо мана шу кичик майдонда жумҳуриятимиз аҳолисининг 10 фоизи — 2 миллион киши истиқомат қилмоқда.

Қирғизистондаги Чу водийси, Ўш вилоятининг водий олди қисмларида аҳоли зич, тоғли ҳудудларда эса сийрак жойлашган. Худди шундай вазият Тожикистонда ҳам қайд этилди. Туркманистонда аҳоли воҳаларда, канал ва дарё бўйларида зич, қолган ҳудудларда сийрак жойлашган.

Ўрта Осиёда аҳолининг жойлашиши ўзига хос хусусиятлар билан ифодаланади. Аҳоли биринчи навбатда табиий шароити қулай бўлган жойларда зич яшайди. Бу ўринда ўлкадаги Фарғона, Чу, Ҳисор, Зарафшон водийлари, Хоразм ва Тошкент воҳалари алоҳида ажралиб туради. Бундан ташқари аҳоли тоғолди зоналарида, дарё, канал, сув омборлари соҳилларида, темир ва тош йўлларнинг ёқаларида кенг тарқалган. Бунга мисол тариқасида Мирзачўл, Жиззах чўллари, Қарши даштини ва Қорақум канали зонасини келтириш мумкин.

Фарғона водийси Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон жумҳуриятларига қарашли бешта вилоятни ўз ичига олади. Унинг умумий майдони 110,9 минг квадрат километр бўлиб, 8.925 минг киши истиқомат қилади. Аҳолининг ўртача зичлик кўрсаткичи ҳар квадрат километрга 80,5 кишини ташкил этиб, бу кўрсаткич водий марказига борилган сари ортиб боради.

Ўрта Осиё аҳолисининг чўл, воҳа, водий тоғ ва тоғолди ҳудудлари бўйича тақсимланишини кузатганимизда катта қисми воҳа ва водийларга, камроқ қисми табиий шароити ноқулай тоғ ва тоғолди зонасига ва жуда кам қисми чўл зонасига тўғри келишини билишимиз мумкин.

Йирик, катта ва ўрта шаҳарларнинг атрофларида аҳоли ниҳоятда зич жойлашган бўлиб, у асосан шаҳар халқини қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан таъминлашга хизмат қилади.

Маълумки, Ўрта Осиёнинг ҳамма жойларида бўлганидек, Ўзбекистонда ҳам миграцион оқимлар жумҳурият ичида қишлоқдан шаҳарга қараб йўналган. Ҳақиқатда ҳам Ўзбекистон шаҳарлари қишлоқдаги ортиқча ишчи кучлари жалб этиладиган ижтимоий майдонга айланиши керак, чунки ҳозирги пайтда жумҳурият саноат қувватининг 50 фоизи Тошкентда ва Тошкент вилоятида жойлашган. Бунга Самарқанд, Фарғона, Андижон, Қўқон, Навоий ва бошқа шаҳарларни қўшадиган бўлсак, жумҳурият индустриясининг асосий қисми саноқли шаҳарларда жойлашганлиги маълум бўлади.

1989 йилда ўтказилган аҳоли рўйхатига кўра Ўзбекистоннинг қишлоқ аҳолиси салмоғи шаҳар аҳолисиникидан анча юқори бўлиб, 59 фоизни ташкил этди. Аҳоли зич яшайдиган Андижон вилоятида бу кўрсаткич 71 фоизни, Сурхондарёда 81 фоизни, Фарғонада 67 фоизни, Наманганда 66 фоизни, Қашқадарёда 75 фоизни, Хоразмда 80 фоизни ташкил этди. Бунинг устига айнан шу вилоятларда ишлаб чиқариш ва тармоқ тизимлари такомиллашмаган ва зарур иш жойлари етишмайди.

Шунга қарамасдан қишлоқ аҳолиси киндик қони тўкилган жойда яшашни ва қишлоқ хўжалиги меҳнатини афзал билаяпти. Буни шундан ҳам билса бўладики, Ўзбекистонда аҳолининг қишлоқдан кетиши йилига ҳар минг киши ҳисобига 4 кишини, Россия, Белоруссия ва Литвада эса 24-25 кишини ташкил этади.

* * *

Ўрта Осиё кўп миллатли минтақа. Унинг кўп миллатли бўлишининг баъзи бир сабаблари юқорида айтиб ўтилди.

Ўрта Осиёдаги энг катта миллат — ўзбекларнинг сони 1959 йили 5.836,5 минг кишидан, 1989 йил 16.207,7 минг кишигача ўсди ёки 2,8 мартагача кўпайди. Собиқ СССР ҳудудидаги ўзбекларнинг умумий сони 1989 йили 16.697,8 минг кишига тенг бўлган. Уларнинг асосий қисми ўз жумҳуриятларига тўғри келиб, 14.142,5 минг кишини (84,7 фоиз) ташкил этади. Тожикистонда 1.197,8 минг, Қирғизистонда 550,1 минг, Қозоғистонда 332,0 минг, Туркманистонда 317,3 минг, Россияда 126,8 минг, Украинада 20,3 минг ўзбек яшайди. Бундан ташқари Белоруссия (3,5 минг), Литва (1,4 минг), Озарбайжон (1,4 минг), Грузия (1,3 минг), Латвия, Эстония ва Арманистонда ҳам ўзбеклар бор.

Ўрта Осиёдаги аҳоли миқдори жиҳатидан тожиклар иккинчи, туркманлар учинчи, қирғизлар тўртинчи ўринда туради. Собиқ Иттифоқ миқёсида олинадиган бўлса, 1989 йилдаги аҳоли рўйхати бўйича тожиклар 4.215 минг, туркманлар 2.729 минг, қирғизлар 2.529 минг, қорақалпоқлар 424 минг кишига етган.

Ўрта Осиёда истиқомат қиладиган рус, украин, белоруслар ҳамда бошқа миллат вакиллари сони 6 миллиондан зиёд.

Бу умумий рақамлар мазмунида шундай муҳим хусусиятлар мавжудки, улар ҳақида гапирмасдан иложимиз йўқ. Маҳаллий миллат вакилларининг асосий қисми қишлоқ жойларига, саноати унчалик ривожланмаган кичик, ўрта шаҳарларга тўғри келса, славян халқлари, яҳудийлар, арманларнинг мутлақ кўпчилиги катта ва марказий шаҳарларда яшайдилар. Масалан, аҳолиси 2060 мингдан зиёд бўлган Тошкентда 910,3 минг (44,2 фоиз) ўзбеклар билан бир қаторда, 701,3 минг (34,0 фоиз) руслар, 60,0 минг (2,9 фоиз) украинлар, 129,2 минг (6,3 фоиз) татарлар, 43,1 минг (2,1 фоиз) яҳудийлар, 20,5 минг (1,0 фоиз) арманлар истиқомат қиладилар. Фарғона шаҳрида русларнинг улуши 37,9 фоизга, ўзбекларники эса атиги 33,7 фоизга тенг. Бишкекда славян халқларининг улуши бундан ҳам юқори.

Тоғ-кон ва қайта ишлаш саноатининг йирик шаҳарлари — Навоий, Зарафшон, Ангрен, Чирчиқ ва бошқа шаҳарларда ҳам славян халқларининг улуши катта. Айрим шаҳар типидаги посёлкаларнинг аҳолиси асосан четдан келган халқлардан иборат. 1989 йилдаги маълумотга кўра Чирчиқда жами аҳолининг 43,2 фоизи, Ғазалкентда 30,6 фоизи, Янгиободда 50,8 фоизи, Ангренда 30,5 фоизи руслардан ташкил топган.

Умуман Ўзбекистонда шаҳар аҳолисининг 40 фоизини, Қирғизистонда ярмидан ортиғини славян халқлари ташкил этади.

Уй-жой ва прописка масалалари билан шуғулланувчи комиссия раисларининг аксарияти рус ва бошқа миллат вакилларидан иборат бўлганлиги сабабли Тошкентда маҳаллий миллат вакилларининг асосий қисми шаҳарнинг чекка мавзеларида яшамоқдалар.

Ўрта Осиёда бошқа минтақалардан фарқ қиладиган урбанизация жараёни юз бермоқда. 1989 йил маълумотига кўра жумҳуриятлардаги жами аҳолининг 40 фоизи шаҳарларга тўғри келган (собиқ СССРда 69,8 фоиз). Сўнгги йигирма йил мобайнида минтақадаги шаҳар аҳолисининг сони салкам икки мартага ўсди. Лекин унинг жами аҳоли сонидаги улуши 38 фоиздан 40 фоизга кўпайди, холос. Бунинг асосий сабаби қишлоқ аҳолисининг тез суръатлар билан ўсишидадир. 1970-89 йиллар мобайнида Ўрта Осиё қишлоқ аҳолисининг сони 12.261 минг кишидан 19.816 минг кишига ёки 61,6 фоизга кўпайди.

Минтақадаги шаҳарларнинг асосий қисми кичик ва ўрта шаҳарлардан иборат, катта шаҳарлар эса бармоқ билан санарлидир. Шунга қарамасдан, шаҳар аҳолисининг асосий қисми шу шаҳарларда мужассамлашган. Бу ўринда пойтахт шаҳарлар (Тошкент, Душанбе, Бишкек, Ашгабад) ва «иккинчи» шаҳарлар (Самарқанд, Ўш, Хўжанд, Чоржўй) алоҳида ўрин эгаллайдилар. Мазкур саккиз шаҳарда Ўрта Осиё шаҳар аҳолисининг учдан бир қисми истиқомат қилади.

Шаҳарларнинг асосий қисми воҳа ва водийларда, яъни турмуш учун қулай бўлган ҳудудларда жойлашган. Шаҳарлар тармоғининг нисбатан ривожланган даражаси Ўзбекистонга хос. Бу ерда 1 24 шаҳар ва 97 шаҳар типидаги посёлка мавжуд.

Ўрта Осиёдаги урбанизация жараёнининг ривожланиши умуман шаҳар аҳолисининг кўпайиши билан эмас, балки йирик ва катта шаҳарлардаги аҳолининг ўсиши билан боғлиқ.

Ўрта Осиёнинг қишлоқ жойларига 20.806 минг киши ёки минтақанинг 60,0 фоиз аҳолиси тўғри келади. Қишлоқ аҳолисининг асосий қисми Фарғона, Зарафшон, Хисор, Чу водийларида, Тошкент воҳаси, Қуйи Амударё ва Қорақум канали зрнасида яшайди.

70-80 йилларда олимларнинг аксарият қисми Ўрта Осиё жумҳуриятларидаги урбанизация даражаси ниҳоятда паст, уни кўтариш зарур, деган хулосага келгандилар. Уни собиқ Иттифоқдаги урбанизациялашган жумҳуриятлар даражасига кўтариш лозим, акс ҳолда минтақада саноатни ривожлантиришга эришиш мумкин эмас, деб таъкидлашган. Аслида бу масалага бир томонлама ёндашиш кутилмаган оқибатларга олиб келиши мумкин. Энг аввало урбанизация даражасини кўтариш халқ хўжалигига, аҳолининг турмуш фаровонлигига қай тарзда таъсир қилишини билиш лозим. Иккинчидан, Жумҳуриятлар урбанизация даражасини кўтаришга қодирмилар?

Бизнинг фикримизча, урбанизациянинг ҳозирги кундаги даражаси Ўрта Осиё сиёсий, иқтисодий ва демографик хусусиятларига тўлиқ мос келади ва уларнинг объектив акси ҳисобланади. Мазкур жараённи тезлатиш бўйича ҳар қандай ҳаракат жумҳуриятлардаги ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий вазиятга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Ҳозирги мураккаб вазиятда асосий эътибор сиёсий мустақилликка эришган жумҳуриятлардаги мавжуд шаҳарларнинг халқ хўжалиги тизимларини такомиллаштиришга, биринчи навбатда саноат корхоналарини ҳозирги замон талабларига жавоб берувчи янги ускуналар билан қайта жиҳозлашга, аҳолининг уй-жой билан таъминланишини яхшилашга, умуман улардаги ижтимоий инфраструктурани кучайтиришга қаратилиши лозим. Бу ўринда тоғ-кон, энергетика, металлургия, кимё ва нефть кимёси саноати марказлари ҳамда янги ўзлаштирилган ерлардаги шаҳарлар алоҳида ўрин тутади.

Шу билан бирга қишлоқ жойлардаги аҳоли сонининг узлуксиз равишда кўпайиши, ҳар бир кишига тўғри келаётган ер ҳажмининг камайиши Ўрта Осиё ва унга кирувчи ҳар бир жумҳуриятга хос жараён бўлиб, у ижтимоий-иктисодий, сиёсий, демографик муаммоларнинг кескинлашувига олиб келмоқда. Мазкур муаммолар қаторида аҳолини иш билан таъминлаш, фуқаролар ва уларнинг оила аъзоларига нормал турмуш шароити яратиб бериш масаласи муҳим аҳамият касб этади. 1991 йили Ўзбекистон қишлоқларида жон бошига атиги 0,33 гектар суғориладиган ер тўғри келган. Бу кўрсаткич жумҳуриятимизнинг аҳолиси энг зич бўлган Фарғона водийси вилоятларида 0,16 гектарни, Қирғизистонда 0,38 гектарни, Тожикистонда 0,19 гектарни, Туркманистонда 0,61 гектарни ташкил этиб, у ҳам йилдан-йилга қисқариб бормоқда. Суғориладиган ерлар ҳажмининг сув танқислиги туфайли деярли ўзгармаётганлиги, аҳоли сонининг эса узлуксиз равишда ўсиши натижасида минтақанинг аҳолиси зич ҳудудларида танг ижтимоий-иқтисодий вазият юзага келмоқда.

Жон бошига ишлаб чиқарилган миллий даромад 1985-90 йиллар давомида деярли барча Ўрта Осиё жумҳуриятларида камайди. Шу даврда минтақада аҳоли сони 16,1 фоизга ўсиб, 34.202 минг нафарга етди. Ишчи ва хизматчиларнинг миқдори эса 5,5 фоизга ўсиб, 8.432 минг кишига етди. Бу эса меҳнатга лаёқатли ёшларнинг аксарияти меҳнат кучлари керагидан ортиқча бўлган қишлоқ жойларда қолиб кетаётганликларини билдиради. Масалан, Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигида ишлаётганлар халқ хўжалигида банд бўлган аҳолининг 39,3 фоизини ташкил этди, бу 1985 йилдаги кўрсаткичдан 2,1 фоиз ортиқдир. Ваҳоланки, АҚШда қишлоқ хўжалигида банд бўлган ишчи кучлари мамлакат аҳолисининг уч фоиздан сал кўпроғини ташкил этади.

Ўзбекистонда қишлоқ жойларида жумҳурият ҳукумати қарори билан аҳолига қўшимча томорқа майдонлари берилганлиги қишлоқлардаги ортиқча ишчи кучлари муаммосини қисман ҳал этиш имконини берди. Масалани узил-кесил ҳал этиш учун эса қишлоқ жойларида хом ашёни бирламчи қайта ишловдан чиқарадиган кичик ва ўртача саноат корхоналари тармоқларини кўпайтириш керак.

Собиқ СССРда ҳар минг аҳолидан 160 нафари саноатда банд бўлгани ҳолда Ўзбекистонда бу кўрсаткич 61 нафарни ташкил этади. Жумҳурият халқ хўжалигида банд бўлган 5.281,6 минг ўзбекдан 708,8 мингтаси (13,4 фоизи) саноатда банд. Уларнинг ҳам аксарият қисми саноат ишлаб чиқаришидаги юқори малака талаб этмайдиган ишларни бажаришади. Ўрта Осиёнинг бошқа жумҳуриятларида ҳам шунга ўхшаш манзарани кузатиш мумкин.

Жумҳуриятимиз саноатида банд бўлган ўзбекларнинг аксарият қисми Тошкент шаҳрида жамланганлигини ҳисобга олсак, вилоятларда меҳнат қилаётган маҳаллий миллат вакиллари миқдори янада кам эканлигини билиш мумкин.

Жумҳуриятимизда меҳнат қилаётган русларнинг ҳар мингтасидан 302 нафари саноатда банд. Украинларда бу кўрсаткич 260 нафарни, татарларда 274 нафарни, ўзбекларда 134 нафарни, тожикларда 146 нафарни ташкил этади. Демак, Ўрта Осиё жумҳуриятлари маҳаллий халқларни кенг кўламда индустриал тармоқларга жалб қилмасдан иқтисодий мустақилликка эришишлари ниҳоятда қийин. Минтақадаги ҳозирги ижтимоий-иқтисодий ва демографик вазиятни ҳисобга олган ҳолда бу муаммони қуйидаги вазифаларни амалга ошириш билан ҳал этиш мумкин:

Аҳолиси зич бўлган ҳудудларда меҳнатни кўп талаб қилувчи саноат тармоқларини — электротехника, электроника, машинасозлик, рўзғор буюмлари ишлаб чиқарувчи корхоналарни;

хом ашёга бой ҳудудларда (Жанубий Туркманистон, Қуйи Амударё, Жанубий Ўзбекистонда) замонавий тўқимачилик корхоналарини;

деярли барча жумҳуриятларнинг туман марказларида қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик маҳсулотларини бирламчи қайта ишловдан чиқарадиган, консерва заводларини қуриш керак.

Катта шаҳарларда мавжуд завод ва фабрикаларни янги ускуналар билан жиҳозлаб, икки-уч сменада ишлашини таъминлаш ҳам уларга қўшимча ишчи кучларини жалб этиш имконини беради.

* * *

Сўнгги вақтларда Москвадаги ахборот воситалари рус тилида сўзлашувчи аҳолининг Ўзбекистондан кўчиб кетиши тўғрисида ҳар хил миш-мишлар тўқимоқдалар. Бунда «Литературная газета» айниқса катта «ғайрат ва шижоат» кўрсатмоқда. Мазкур рўзнома ўтган йили ноябрь ойида «Возьми нас к себе Россия» деб номланган хатни чоп этди. Мазкур хатнинг муаллифлари: «Пенсия ёшидагиларнинг кўпчилиги Россия мадад бера олмаслигини тушунса ҳам, рус тилида сўзлашувчи меҳнатга лаёқатли барча аҳоли Ўзбекистондан кўчиб кетмоқчи», деган фикрни билдирадилар.

Саросимага тушган одамларнинг аҳволини тушуниш мумкин. Лекин шундай қолипга тушмайдиган аризаларни чоп этувчи ҳурматли ҳафтанома нуқтаи-назарини қандай англамоқ даркор? Бизнинг фикримизча, буни жумҳуриятдаги рус тилида сўзлашувчи халқни ҳам, маҳаллий халқни ҳам бесаранжом қилувчи, тинчини бузувчи, олдиндан башорат қилиб бўлмайдиган хунук оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган очиқдан-очиқ иғво деб тушуниш мумкин.

Биз Ўзбекистондан у ёки бу сабабларга кўра кўчиб кетган кишилар жумҳуриятни қандай ҳижрон азоблари билан тарк этганликларини биламиз. Уларни бу айрилиқ азоблари қай даражада қийнашини тушунамиз.

Тўғри, бугунги кунда жамоатчилик жойларида, меҳнат жамоаларида умумий безовталик ва асабийлашиш таъсирида баъзи миллат вакиллари ўртасида низолар, айрим тўқнашув ва ҳатто жиддий жанжаллар юз бериши мумкин. Бироқ бу айрим сиёсатчи шахсларнинг оммага уқтираётганидек ўзбек халқининг ғайридинларга бўлган миллатчилиги ифодаси эмас. Мазкур «сиёсатчиилар маълумотларни бузиб кўрсатишмоқда, Ўзбекистондан аҳолини кўчиб кетиш жараёнини тамомила нотўғри таҳлил қилишмоқда.

Ўзбекистон Фанлар академияси фалсафа ва ҳуқуқ илмгоҳининг олим ва мутахассислари ўтказган социологик тадқиқотларнинг маълумотларига кўра саноат корхоналаридаги рус ишчилари, мухандис-техник ходимлари, раҳбарлари ва ёрдамчи ишчиларининг катта кўпчилиги жумҳуриятда яшаш ва ишлаш учун қолиш истагини билдирган, 16,9 фоизи эса Ўзбекистонни ўзининг тарихий ватани деб ҳисоблайди. Бундай ҳолатни бизнинг тадқиқотларимиз ҳам тасдиқламоқда.

Рус тилида сўзлашувчи аҳолининг Ўзбекистондан кўчиб кетиш истагини келтириб чиқарувчи нозик масала — бу давлат тилини ўзлаштириш жараёнидаги қийинчиликлардир. Лекин бу масалада орқага йўл йўқ, давлат тили ҳақидаги қонун қабул қилинган, уни жумҳуриятнинг барча фуқаролари билиши шарт.

Россия журналистлари рус тилида сўзлашувчи халқларнинг Ўзбекистондан гала-гала бўлиб кўчиб кетишаётганлиги ҳақида кўп ёзишмоқда. Аммо бу ҳолатни тасдиқлаётган далиллар йўқ. Тўғри, сўнгги икки-уч йил давомида Ўзбекистондан кўчиб кетаётган кишиларнинг сони ошмоқда. Лекин улар орасида руслар билан бир қаторда бошқа халқлар ҳам кўпчиликни ташкил қилади. 1989-1990 йиллар мобайнида Ўзбекистондан 193,3 минг киши кўчиб кетди, шу вақтнинг ўзида жумҳуриятга 159,6 минг киши кўчиб келди. Кўчиб кетганлар билан кўчиб келганларнинг орасидаги фарқ 33,7 минг кишини ташкил этди. Одамлар асосан Россияга, Украинага, Қозоғистонга, Озарбайжонга кўчиб кетишмоқда.

Чет элга кўчиб кетаётганларнинг умумий сони сезиларли равишда ўсмоқда.

Ўзбекистондан 1989-1990 йилларда кўчиб кетганлар орасида руслар 27,7, татарлар — 11,8, яҳудийлар — 9,5, қрим татарлар — 9,2 фоизни ташкил этди. Жумҳуриятга кўчиб келганлар орасида ўзбеклар салмоғи 33 фоизга, руслар — 27,6, қозоқлар — 8,3, татарлар салмоғи 7,3 фоизга тенг.

1990 йили рус миллатига мансуб 59,7 минг киши Ўзбекистондан кўчиб кетди, 20,9         минги эса жумҳуриятимизга кўчиб келди. Натижада жумҳуриятдаги русларнинг умумий сони 38,8 минг кишига камайди, холос. Буни ялпи кўчиб кетиш ёхуд русларнинг жумҳуриятдан «қочиши» деб баҳолаш мумкинми? Ўта мураккаб ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий шароитда нормал миграция жараёни амалга ошмоқда, холос.

Кўчиб кетишнинг ялпи кўрсаткичи бўйича руслардан кейинги ўринларда татарлар (20 минг киши), яҳудийлар (20 минг киши), қрим татарлар (19,1 минг киши), озарбайжонлар (9,9 минг киши) туради. Ўзбекистондан чет элга асосан яҳудийлар, немислар, ва греклар кўчиб кетишмоқда. Икки йил (1989-1990 й.й.) мобайнида ҳорижий мамлакатларга 20 минг яҳудий, 7,4 минг немис, 2 мингга яқин грек ва 3 мингдан ортиқ рус кўчиб кетди. Яҳудийларнинг деярли ҳаммаси Россия ёки бошқа «қашшоқ» жумҳуриятларга эмас, балки тўғридан-тўғри Исроилга, Америкага кўчиб кетишмоқда.

Кўпчилик яҳудийлар, шу жумладан ўзбекистонлик яҳудийларнинг ҳорижий мамлакатларга кўчиб кетиши учун «тўрва-халтаси» тайёр турибди. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги аъзолари бўлган жумҳуриятлардан яқин йиллар давомида 15-20 миллионга яқин киши хорижга кўчиб кетади.

Корейслар тўғрисидаги масалага алоҳида тўхталиб ўтмоқчимиз. «Литературная газета» бу борада ҳам масалани ўта кескинлаштиришга ҳаракат қилмоқда. Ҳафтаномада Михаил Логинов деб аталмиш кимса «Третья Корея» деб аталган мақоласида шундай ёзган: «Месхети турклари сўйилганидан сўнг, Ўзбекистондан корейслар ҳам кўчиб кета бошладилар». Бу эса ғирт бўҳтондир.

Бугунги кунда корейсларнинг жумҳуриятимиздан оммавий кўчиб кетаётганликлари тўғрисида гап бўлиши мумкин эмас. 1990 йилда Ўзбекистондан 3081 корейс кўчиб кетган бўлса, 2.305 корейс кўчиб келди. Жумҳуриятимизда жами 200 мингдан зиёд бўлган корейсларнинг миқдори 776 кишига камайди, холос. Ёки жумҳуриятда мавжуд ҳар мингта корейсдан атиги иккитаси кўчиб кетди.

Кўпчилик корейслар Ўзбекистонда тиниб-тинчиган, тилимизни яхши билишади, улар бу ердан кўчиб кетишни хаёлларига ҳам келтиришмайди. Ўзбекистоннинг барча вилоятлари ва йирик шаҳарларида корейсларнинг маданий марказлари барпо этилган у бўлиб, улар жумҳурият корейслар маданий марказларининг уюшмасига бирлаштирилган. Мазкур масканларда корейсларнинг маданияти, тили, анъаналари ва урф-одатлари тикланмоқда.

Бу ўринда масаланинг муҳим бир томонини алоҳида таъкидлаш керак. Жумҳуриятимиздан аҳолининг кўчиши бугун ҳам, кеча ҳам эмас, балки анча илгари бошланган. Бундай жараён мутахассисларимиз томонидан илк бор 1976 йилда аниқланган. Яъни 16 йил илгари жумҳуриятимизда кўчиб кетганлар сони кўчиб келганларникидан ортиқ бўлган.

Мамлакатдаги турғунлик шароити ва умумий иқтисодий инқирозга хос бўлган бу ҳолат Ўрта Осиёнинг меҳнат кучларига бой ва кўп болали оилалар кенг тарқалган жумҳуриятларида ҳам илк бор ўша йилларда сезила бошланди. Ўрта Осиё минтақасида, шу жумладан Ўзбекистонда турғунлик йиллари бошланган иқтисодий инқироз чуқурлашган сари, жумҳуриятимиз кўчиб келмоқчи бўлганлар учун ўзининг иқтисодий жозибасини тез йўқота бошлади, шундан кейин одамлар бу ерлардан турмуш шароити яхшироқ бўлган жойларга кўчиб кета бошладилар.

Кейинги йилларда миграциянинг иқтисодий сабабларига ижтимоий, экологик ва сиёсий омиллар ҳам қўшилди. Бу ўринда жумҳуриятимизда миграциянинг кучайишини миллатлараро муносабатлар билан асослашга уриниш ўта масъулиятсизликдан бошқа нарса эмас. Мазкур масалани қайта-қайта кўтариш эса ғирт иғвогарлик бўлиб, бундан кутилган мақсад одамларни бир-бирига гиж-гижлашга, миллатлараро жанжалларни келтириб чиқаришга қаратилган.

Рус тилида сўзлашувчи аҳолига кўп эътибор бериб, биз ундан ҳам муҳимроқ муаммони — ўзбекларнинг Ўрта Осиёдаги бошқа қардош халқлар билан бўлган ўзаро муносабатларини эътибордан четда қолдирмаётганмизмикан? Гап шундаки, сўнгги йилларда бошқа минтақалардаги ўзбекларнинг жумҳуриятимизга кўчиб келиши сезиларли равишда кўпайиб, уларнинг жумҳуриятдан кўчиб кетиши қисқармоқда. Бундай ҳолат Ўрта Осиёнинг барча жумҳуриятларида ҳам кузатилмоқда. Маҳаллий халқларнинг ўз миллий жумҳуриятларига кўчиб келиши маълум даражада минтақадаги миллатлараро низолар билан боғлиқ бўлганлиги боис бу жараёнга эътиборни кўчайтириш талаб қилинади. Бугунги кунда қўшни халқларни дўстликка чорловчи дабдабали сунъий тадбирлардан тийилиш, ўз миллий жумҳуриятларидан ташқарида истиқомат қилувчи Ўрта Осиё маҳаллий халқларининг ҳуқуқ ва эркинликларини амалда муҳофаза қилишга ўтиш даркор. Хусусан, Ўрта Осиёнинг барча жумҳуриятлари ва Қозоғистонда фуқароларнинг ҳуқуқларини муҳофаза қилувчи тадбирлар мажмуасини ишлаб чиқиш ва уларни ҳаётга тадбиқ этиш жуда зарур. Совет ҳокимияти йилларида Ўзбекистонда миграция жараёни собиқ СССРнинг барча жумҳуриятларидаги каби талаб ва истакларни ҳисобга олмаган ҳолда амалга ошар эди. Боз устига рус тилида сўзлашувчи аҳолининг миллий жумҳуриятлар томон мақсадли ва бетартиб миграцион оқими кўп жиҳатдан империя мақсадларига мос тушар эди. Шундай сиёсатнинг амалга оширилиши натижасида малакали ишчи кадрлари ва мутахассисларига ҳалигача эга бўлмаган Ўрта Осиё жумҳуриятлари ўз мустақилликлари арафасида мустамлака типидаги хомталаш, қотиб қолган, аграр хом ашё етказишга мослаштирилган иқтисодий асос билан қолдилар.

Шунинг учун ҳам бугунги кунда мустақил Ўзбекистон умуммиллий давлат сиёсатининг таркибий қисми ҳисобланган жумҳурият аҳолисини ривожлантириш ва соғломлаштириш бўйича миллий сиёсатни ишлаб чиқиш ва ҳаётга тадбиқ этиш жуда зарурдир. Ўзбекларнинг ўз жумҳурияти, минтақа доирасидаги ҳудудий ҳаракатлари ва айниқса уларнинг хорижий мамлакатларга бўлган рағбати миллий сиёсат инъикосидир. Бу ўринда ишчи кучларининг миграциясига ҳамда истеъдодли ёшларни хорижий мамлакатларга ўқишга юборишга катта эътибор бериш лозим. Бу йўлда талай ишлар қилинмоқда. Мутахассисларнинг фикрича, келажакда хорижга юбориладиган ишчи кучларидан пахта экспортидан тушадиган фойдага нисбатан кўпроқ даромад олиш мумкин экан.

Жумҳуриятда маҳаллий аҳолининг хорижий мамлакатлар билан бўлган миграцион алоқалари билан боғлиқ муаммолар энди-энди ўрганилмоқда. Шунинг учун ҳам у ўз миллатини ривожлантириш ва миллий кадрларни жаҳон талабларига жавоб берувчи ҳозирги замон технологиясини ўзлаштириш мақсадларига мувофиқ бўлиши керак. Айниқса бошқа мустақил жумҳуриятлардан малакаси паст аҳолининг жумҳуриятга кўчиб келишига чек қўйиш керак. Бу ўринда Ўзбекистон Конституцион назорати қўмитасининг прописка муассасаларини бекор қилиш барвақт эканлиги ҳақидаги қарорини ҳамда мазкур қўмитанинг фуқароларнинг паспорт системасини тузиш, уларни рўйхатдан ўтказиш, ҳисобга олиш ва прописка қилиш ҳақидаги фикрини жуда тўғри деб ҳисоблаймиз. Бу Ўзбекистоннинг миграцион алоқаларини тартибга солишга, номувофиқ кишиларнинг жумҳуриятга кўчиб келишини чеклашга имкон беради. Барча тараққий этган мамлакатларда зарурий мутахассисларни танлаб олиш мақсадига хизмат қилувчи аҳолининг ҳудудий ҳаракатини тартибга тушириш бўйича миграция қонунлари мавжуд. Жумҳуриятда аҳоли миграцияси ва фуқаролиги тўғрисидаги қонунларни ишлаб чиқиш ва уларни қабул қилишни тезлаштириш лозим. Ўзбекистон аҳолисининг қай даражада ривожланганлигини ифодаловчи миграцион ва умуман демографик сиёсатни давлат миқёсида илмий асосланган ҳолда бошқариш учун бу мураккаб ва серқирра жараёнлар ҳокимият бўлинмаларининг доимий диққат марказида туриши керак.

“Шарқ юлдузи” журнали, 1992 йил, 10-сон