Маълумки, 1984-1985 йилларга қадар жумҳуриятимиз педагоглари ҳам турғунлик йилларини бошдан кечирдилар. Педагог аҳлининг қадр-қиммати тушиб, фаолиятларида кўп ўринларда қотиб қолган услубга амал қилишга мажбур бўлдилар. Баъзан уни ҳатто педагог дейишга ҳам тил бормасди. Сабаби, юқори раҳбарлардан тортиб, то бригада, ҳатто звено бошлиқлари буйруғини ҳам бажарганининг, пахта теришда қатнаша олмагани учун таъқибга учраган онларининг гувоҳи бўлдик. Шундай пайтларда бирон мард чиқиб: «Мен беш-олти йил институт тупроғини ялаб, ўқитувчиликка ўқидимми, ё пахтакорликками?» дея олмасди. Деган тақдирда унинг ҳоли вой эди.
«Биз «2»сиз ишлаймиз!» шоири ҳам педагог қадрини ерга урди. Чунки, ночор, ҳарф танимаганига ҳам «3» баҳо қўйилиши ўқувчилардаги лоқайдликни кучайтириб юборди. Бунинг натижасида, улардаги дарс тайёрлашга, синфдан ташқари ўқиш ва муҳими, ўқитувчига бўлган муносабат ўзгарди. Турғунлик иилларидаги хатолар бугунги кунда ўз «самараси»ни кўрсатмоқда. «Яра» изларини йўқотиш анча мушкул бўлиб, педагоглардан кўп ишлашни ва маҳоратни талаб этмоқда.
Қайта қуриш, ошкоралик ва демократиянинг шамоли маориф соҳасида ҳам эса бошлади. Лекин, қайта қуриш, ошкоралик ва демократия нима эканлигини ҳануз тушунмай, анъанавий усулда дарс ўтиб келаётган педагогларимиз ҳам ҳали анчагина. Ҳамон бемаъни қоғозбозликдан воз кечмаган раҳбарларимизнинг ва қоғоздагина ишлари «беш» бўлган айрим педагогларнинг ошиғи олчилиги ҳар бир виждонли кишини ҳақли равишда ташвишлантираяпти. Ҳамон кўпгина мактабларимизда пухта билими билан кишини ҳайратга соладиган ўқувчилар йўқ ҳисобида. Ахир устоз сийқаси чиққан педагогик тадбирлардан боши чиқмайдиган «робот» бўлса, унинг қўлида таълим олган ўқувчининг аҳволи нима кечарди? Бундай ўқитувчида янги романлар, ҳикоялар, қиссалар шеърлар уқиш учун вақт умуман бўлмайди. Ахир бусиз ҳам унинг ташвишлари етарли: Конспект ёзиши, тарбиявий режа асосида қилинган ишларни қоғозга тушириши, дафтар текшириши, «Кундалик дафтар»ларни назоратдан ўтказиши керак. Хуллас, у ёниқ ҳислари сўниб, дунёқараши «занглай бошлаган» ва кунда бир хил юмушни бажаришга одатланган «робот»нинг ўзгинаси.
Ҳа, қайта қуриш маориф соҳасида жуда кам нарсани ўзгартирди. Фақат олимларимиз режа ва дарсликларни бироз такомиллаштирдилар, холос. Шундай бўлгач, ҳар бир педагог юқорининг тўғри-нотўғри буйруғига қўймижозлик билан итоат этавермай, ўз ишини ўзи қайта қурмоғи, изланмоғи, ўқувчиларни дарсига қизиқтира билмоғи лозимдир. Бунда эса бола билимини баҳолашнинг аҳамияти катта. Ўқувчи мактабга олган билимининг мезонини билгани келади. Мезон ўлчови — бу баҳо. Баъзи педагоглар ҳақида шикоятлар кўпинча баҳо устида бўлганлиги учун, бу масаланинг томонлари ҳақида фикр юритмоқчиман. Аввало, икки оғиз сўз ўқитувчилар ҳақида. Мен уларни шартли равишда уч тоифага бўламан. Биринчи тоифага туғма педагогик қобилиятга эга бўлган ўқитувчилар киради. Бу тоифага кирувчи педагоглар ўз касбларига ниҳоятда қизиқадилар. Юрак қўрини, меҳрини болаларга бағишлайдилар. Уларни ўзларига оҳанграбодек тортиб турадилар. Қисқаси, булар ўз касбининг фидойиси бўлган, педагоглик нонини оқлаб еяётган кишилардир. Андижон туманидаги 33-ўрта мактаб жамоасидаги «ЎзССР халқ маорифи аълочиси», мактаб директори Турсунбой Аҳмадалиев, «Методист» унвони эгаси бўлган Ҳафиза Ниёзова, Клара Мадихонова, Валя Гаврилова, катта ўқитувчи Мўътабар Холиқоваларни шундай педагоглар десак хато қилмаймиз.
Иккинчи тоифадаги ўқитувчилар масъулиятни ҳис қиладилар, атрофдагилардан уялиб ишлайдилар. Уларда ном чиқариш, мукофотларга интилиш туйғуси кучлироқ бўлади. Аммо ишининг авж пардасида педагогик қобилиятга эга эмаслиги сезилиб қолади. Уларнинг бир қисми ҳужжат-қоғоз ишларини иўлга қўйишга чаққон ва ҳаракатчан бўлса, иккинчи қисми ҳужжат-қоғоз ишларига тоқати йўқ, амалда барча ишларни қотириб бажарувчилардир.
Учинчи тоифадагилар эса ўқитувчилик касбига адашиб кириб қолган кишилардир. Баҳолашдаги норозиликларни кўпроқ айнан шу тоифадаги педагогларимиз келтириб чиқаради, натижада бирники мингга, мингники туманга, деганларидек, буларнинг иш фаолиятидаги камчиликлар бутун педагогик жамоа иш натижаларини пасайтиради. Очиғини айтганда, бу тоифадаги педагогларнинг 80-90 фоизи ўртача ўқийдиган ўқувчилардан ҳам паст билимга эга. Улар орасида, масалан, тарихдан дарс бериб, Ўзбекистоннинг чегарасини харитадан кўрсатиб беролмайдиганларини учратиш мумкин.
Мен бир муаллимни биламан. У юқори синфнинг аълочи ўқувчиларига математикани ишлатиб, қуйи синфда группа ўқитади. Бу ҳам етмагандек, параллел синф ўқитувчиси тузган конспектдан кўчириб кун кўради. Унинг сербюллетенлигига, «шахсий шифокори» борлигига нима дейсиз? Бундай кишилар «кун у ёққа — пул бу ёққа» қабилида ишлашга одатланишган. Ўзларидан айб қидирмайдилар, доимо ўқувчилардан нолиб юрадилар. Дарсни бир амаллаб ўтказадилар. Мен бу тоифадаги ўқитувчиларни мактабнинг эркатойлари дегим келади. Зеро, мактаб маъмурияти уларнинг бирон комиссия келса қовун тушириб қўйишидан, ё дарсни ташлаб қочишидан ҳадиксираб, турли йўллар билан ҳимоялаб юрадилар. Уларнинг нега шундай қилишлари ҳам тушунарли. Комиссия «тоғ чумчуғидай» келиб кетадиган нарса, ношуд-нотавон ўқитувчи билан директор эса бир қишлоқда, ҳатто бир маҳаллада яшайди, шунинг учун ҳам қадрдонининг «бурни қонашини» истамайди. Бу тоифа педагоглар семинар, секцияларга ҳам кам қатнашадилар. Таажжубланарлиси, семинар, секция раҳбарлари ҳам «тирик ўқитувчилар» билан ишлашни хуш кўришади. Ўқувчилар фаолияти билан қиёслаганда, бу кабилар зўрға ўртага илашадиган ўқитувчилар ҳисобланади. Мактабда бу тоифадаги педагоглар бўлишининг ўзи жамият тараққиётини бир қадар орқага судрайди. Кулгили ери шундаки, аттестацион комиссия бундайларнинг бошини силаб, худди гўдак боланинг қўлидан ушлаб, йўлнинг у четига ўтказиб қўйгандай, аттестациядан ўтказиб қўйишади. Ортиқча савол ҳам, топшириқ ҳам бермайдилар.
Яна мени айрим педагоглар фаолиятидаги баҳолаш усули таажжублантиради. Негаки, уларда қайси бир ўқувчи йил бошида қандай баҳо олса, унга йил якунигача шундай баҳо қўйилади. Бундай ўқитувчилар дарс берадиган синф журналини варақлаб, «наҳотки булар ҳеч бошқа баҳо олишмаган?» деб сўрасангиз, «чораклик ва йиллик баҳо чиқаришда қийналишимни ўйлаб, бир хил баҳо қўяман», деб жавоб берадилар. Наҳотки ўқувчи бечоранинг қобилияти ўқитувчининг дақиқа қийналишининг қурбони бўлса? Ўқитувчи ўз роҳатини деб, ўқувчини бир қолипга солиб қўйса? Ахир бу усул боланинг дарсга қизиқишини сўндиради, фикрлашини сусайтиради-ку. Ўқитувчи ҳеч қачон баҳонинг қули бўлмаслиги керак. Ўқувчи ҳар доим қандай жавоб берса, шунга яраша баҳо қўйиш мақсадга мувофиқдир. Бола бир қадар ҳийлагар ҳам бўлади. Бугун яхши тайёрланиб беш олдими, эртага сўрасанг лом-лим деяолмайдиганлари бор. Ана шундайларга ҳам баҳо қўймоқ зарур. Агар, аввалги беш баҳосини юз-хотир қилиб, кейинги навбат баҳоламасангиз ҳам хато қиласиз. Ўқувчининг мунтазам равишда дарс қилиши учун ўқитувчи йўлланма бериб туриши лозим. Бу йўлланманинг бири ва асосийси баҳолашдир.
Масалан, бизнинг мактабимиздаги 9 «А» синфда учта комиссия бор:
- Орфография ва имло учун баҳо қўювчи комиссия.
- Чиройли ёзиш санъатига баҳо берувчи комиссия.
- Назарияни амалда қандай қўлланилаётганини баҳоловчи комиссия.
Мана шу уч комиссия раиси фикрига таянган ҳолда якуний баҳо қўйилади. Демак, бир ўқувчи доскага чиқди, мисол ёзиб ишлади, қоидани айтди. Қўшимча саволларга ҳам жавоб берди. Аммо хато ёзмади — «5»; чиройли ёза олмади — «3»; назарияни амалда қўллай олди — «5». Ўқувчи чиройли ёзиш санъатини эгаллай олмагани ўқувчи — ўқитувчи томонидан изоҳланиб, якуний «4» баҳо олгани маълум қилинади. Бу усулда баҳолаш айнан ошкора ва кўпчилик фикрини ҳисобга олган ҳолда бўлади. Фақат ўқитувчи томонидан якунланса, эҳтимол «5» баҳоланиши мумкин. Чунки, ўқувчидаги билим ҳамиша ўқитувчи кўзига бошқа нуқсонларини кўрсатмайдиган асосий парда бўлиб, халақит бериб келган. Шу туфайли, илғор педагоглар баҳолашида ҳам айрим пайтларда норозилик туғилиб келган ва келмоқда.
Мен айниқса, чорак баҳо чиқараётганда ўқувчига якуний баҳо қўйишда ҳамма ўқувчилар диққатини тортаман. Чунки, мендаги энг яхши ўрта ўқийдиган ўқувчиларда ҳам баҳонинг ҳамма тури бор бўлади: «1», «2», «3», «4», «5». Индамай баҳо қўйишга одатланмаганим ва ошкораликка қатъий амал қилганим учун ўқувчилар бу соҳада ҳеч қачон мендан норози бўлган эмаслар. Агар ўқитувчи энг аъло ўқийдиган ўқувчига, дарс тайёрламай келиб, зўрға ўртага жавоб берган вақтдаям аъло баҳо қўйса, ўзи билмаган ҳолда ўқитувчи бола шахсининг сиғинувчисига, очиғи, қулига айланиб қолади. Бундай қилганда, биринчидан, ўқувчида мунтазам дарс тайёрлаш одати сусаяди, иккинчидан, характерида манманлик пайдо бўлади, учинчидан, ўқитувчи ўқувчилар олдидаги ҳурматини йўқотиб қўяди.
Аълога ўқийдиганни талтайтириш ёки ўртача ўқийдиганга ҳадеб танбеҳ бериш усули нобоп усул. Чунки, боланинг қай ҳолда ўқиши қобилиятининг маҳсулидир. Ана шу қобилиятга қараб йўналтириш эса бизнинг вазифамиздир ва айнан ислоҳнинг талаби ҳам шундан иборатдир. Баъзилар, «баҳода гап йўқ, калласида бўлса бўлди», деб ўзини юпатган бўлади. Бу ҳам хато. Ахир бола ўрта мактабни битириб, бирон олий ўқув юртига кириб, ўқишни давом эттирмоқчи бўлса, кириш имтиҳонида албатта аттестатидаги баҳога ҳам қаралади-ку. Агар аттестатида баҳо ўртадан иборат бўлса, «каллали бола» дейилган баҳо билан ҳеч қачон уни олий ўқув юртига қабул қилмайдилар.
Бу борада синфдан ташқари ўқишни баҳолаш ҳақида ҳам айрим фикрларни айтмоқчиман. Баъзи ҳамкасблардан бу соҳадаги баҳолашни сўрасам, «алоҳида дафтар тутиб, ўшанга қайд қилиб борамиз», деган жавобни беришди. Менимча, бу нотўғри. Бола давлат ҳужжати бўлмиш журнал билан ўқитувчи ён дафтарининг фарқини, масъулиятини жуда яхши англайди.
Синфимдаги ўқувчилар ҳар сафар рўзнома, ойнома ва китоблардан шеър ёдлаб келадилар. Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов каби таниқли шоирлар билан бирга Муҳаммад Юсуф, Зулфия Мўминова, Мирзо Кенжабек, Хуршид Даврон сингари истеъдодли шоирлар шеърларидан ҳам ёдлаб келиб, дарс бошида, ё охирида айтиб берадилар. Албатта олган баҳоларини журналга қўяман. Бунда бола, биринчидан, шеърият оламининг рангларини ҳис қилади, иккинчидан, хотираси ўткирлашади; учинчидан, иншо ёзаётганда эпиграф танлашда қийналмайди, тўртинчидан, нутқи равон, тили бурро бўлади.
Насрий асарларни ўқиш учун эса ўзим жуда қисқа ва қизиқарли қилиб туртки бераман. Бир кун совриндор асарлар юзасидан мунозара бўлишини айтиб, қуйидагича изоҳ бердим: «Бу йилги Ҳамза номидаги жумҳурият Давлат мукофотига сазовор бўлган асарлар орасида ёзувчи Носир Фозиловнинг «Устозлар даврасида» асари бор. Бу асар қозоқ ва ўзбек адиблари ҳақида ёднома бўлиб, икки буюк халқнинг маданияти, санъати ва адабиётининг ривожланишида, дўстлигида мисоли бир «кўприк» вазифасини ўташи мумкин.
Яна бири Ҳалима Худойбердиеванинг «Муқаддас аёл» шеърий тўплами. Мазкур тўпламни ўзбек шеърияти осмонидаги янги ёрқин юлдуз дейиш мумкин.
«Темир хотин» спектакли ҳақида ўйлаганда ўз оналарингиз, опаларингиз меҳнатини кўз олдингизга келтирсангиз, бас.
Мурод Муҳаммад Дўстнинг «Лолазор» романи. Услуб жиҳатидан бошқа романлардан фарқланиб туради, ёзувчи воқеа-ҳодисаларнинг ҳали у ёнига, ҳали бу ёнига ўтиб ёзади. Ўқиб чиқиб, «XX асрнинг «Зарбулмасали», дея баҳоладим.
Болалар ушбу асарларни топиб, ўқишга киришдилар. Муҳокама пайтида эса «Лолазор»ни ўқиб тушунмаганликларини тан олишди. Шундан кейин доскага роман сюжет линиясини чизиб, марказига Назар Яхшибоевни қўйдим. Сўнгра, воқеанинг қоқ тепасида туриб тасвирлаган, гўё учқур отни минган чавандоз мисол, маъно, ғоя ва манзараларни лўнда бераолган, севимли ёзувчимиз Саид Аҳмаднинг «Жимжитлик» романини ўқисангиз… дея қўшиб қўйдим. Кутилмаганда ғалати ҳодиса рўй берди. «Бобур» видеофильмини кўрган ўқувчилардан бири «Бобурнома»ни таталаб ўқибди. Бу ўринда бир нарсани тан олиб айтаманки, айрим тил-адабиётчилар, ҳатто таниқли, унвондор ўқитувчиларимиз ҳам ушбу машҳур асарни ўқиб, тушунмаганликларини тан оладилар.
— Видеофильмда бир жойи нотўғри берилибди, — деди Б. Низомова, — ўн йиллик айрилиқдан сўнг Бобур эмас, аксинча Хонзодабегим танимас экан.
— Романни ўқиб чиқинглар, — деб топшириқ бердим ўқувчиларга, — чунки фильм роман асосида яратилган.
Хуллас, мустақил фикрлар айта олган ва баъзи мулоҳазалари таҳсинга лойиқ ўқувчиларни нега аъло баҳолаб, журналга қўйиш мумкин эмас?! Албатта, Барно Низомованинг юқоридаги кузатишлари асосида айтган фикрига, баҳо мезони ўнгача бўлганда эди, «10» қўйган бўлардим.
Демак, синфдан ташқари ўқишда ўқувчиларнинг қизиқишини ошириш, фикрлашга ўргатиш учун ўқитувчи аввал ўзи янги асарларни ўқиб чиқмоғи, ўзича баҳоламоғи ва изоҳламоғи лозим. Агар ўқитувчининг ўзи бирон олим, ё адабиётшунос таҳлилидан чиқмай, ўша доирада фикр билдирса, ўқувчи ҳам тайёр манбаларни қидиришга ва «қолпаки» фикрлашга ўрганиб қолади. Демак, ёшларни мустақил фикрлашга ўргатиш ҳақиқий талант эгаларини тарбиялашнинг муҳим омилидир. Ўқувчининг бу борадаги изланишларини қайд қилиб бориш эса унинг фаоллигини оширади. Қисқаси, ўқувчилар билимини баҳолашда биз юқоридаги шартларга амал қилсак, болага кўп яхшилик қилган бўламиз.
Хулоса қилиб айтганда, ўқувчи қобилиятини ўстирадиган ҳам, йўқотиб юборадиган ҳам ўқитувчи ҳисобланади. Бунда айниқса унинг билимини тўғри баҳолаш муҳим мезонлардан саналади. Бола билимини баҳолашда адашмаслик учун эса ошкораликка қатъий амал қилиш лозим.
“Шарқ юлдузи” журнали, 1992 йил, 1-сон