Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг улуғ эпосимиз — “Алпомиш” достонининг катта тўйини нишонлаш тўғрисидаги тарихий қарори халқ оғзаки ижодига, буюк меросга юксак эҳтиромнинг ёрқин ифодаси бўлди. Ушбу қарорда “Алпомиш” достони аждодларимиз ижодий даҳосининг улкан бадиий ёдгорлиги сифатида жаҳон халқлари этник ижодиёти намуналари ичида муносиб ўрин тутиши алоҳида таъкидланди.
Дарҳақиқат, мазкур эпос Ватаннинг мустақил ривожланиш даврида миллат бирлиги ва маънавий уйғониш, миллий ғурур ва ўз-ўзини англаш рамзига айлангани рост. Қолаверса, достон тўйини нишонлаш ЮНЕСКОнинг 1999 йилдаги тадбирлари режасига киритилганлиги ҳам бежиз эмас. Ҳа, барча саъй-ҳаракатларимиз фольклор меросини авайлаб-асраш ва авлодларга тўла етказишга қаратилгандир.
Шу боисдан ҳам бутун халқимиз, айниқса, биз, ижод аҳли шоирлару адиблар, танқидчилару адабиётшунослар, хусусан, фольклоршуносларимиз катта ташкилий ва ижодий ишларни бошлаб юбордилар. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари халқимизнинг Алпомишдек суюкли ва ардоқли қаҳрамонига бағишлаб туркум шеърлар, балладалар, бадиий фильмлар, саҳна асарлари яратдилар ва яратмоқдалар. “Алпомиш” нинг юксак бадиияти, унда акс этган миллий ва умумбашарий қадриятлар, достоннинг ҳозирги ешлар маънавияти, маърифати ва ахлоқ-одобида тутган ўрни каби қатор масалалар бўйича илмий, ижодий тадқиқотлар олиб борилмоқда, китоблар чоп этилмоқда. Ана шу китобларга жойлардаги Алпомиш авлодларининг ҳомийликни ўз зиммаларига олиб, саховатпешалик кўрсатаётганликлари ҳар қанча таҳсинга лойиқ.
Маълумки, республика Ёзувчилар уюшмасининг фаол аъзоларидан бир гуруҳи фидойи алпомишшунос ва алпомишхонлар билан ҳамкорликда уч йўналиш ҳамда уч босқичдан иборат “Алпомишни излаб…” халқаро мунтазам илмий сафарни ташкил қилган эди.
Алпомишшуносликда муҳим воқеа бўлган бу сафарни Ўзбекистон Республикаси Ёзувчилар уюшмаси қўллаб-қувватлади ва бевосита раҳбарлик қилди, унга уюшманинг вилоятлардаги бўлимлари ҳам ўз маънавий ва моддий ёрдамларини аямади.
Мазкур халқаро илмий сафарнинг биринчи — “Алпомиш Ватани” деб тан олинган қадимий Сурхондарё, қолаверса, Қашқадарё воҳаси йўналишида олиб борилган дастлабки изланишларда қўлга киритилган ноёб материаллар асосида фольклоршунослар — профессор Малик Муродов ва доцент Абдуолим Эргашевлар “Алпомишнома” туркумига кирувчи 1-китобни — “Сурхондарё талқини”ни яратдилар ва бу китоб “Меҳнат” нашриётида мамлакатимиз мустақиллигининг 8 йиллик тўйи арафасида босмадан чиқди ва тўйга туҳфа этилди. Ушбу китобга Ўзбекистон Республикаси Дон маҳсулотлари корпорациясининг Сурхондарё вилояти Шўрчи туманидаги Шароф Рашидов номли дон маҳсулотлари ҳиссадорлик жамияти (раҳбари Омонполвон Бекназаров) ҳомийлик қилганлиги ғоят диққатга сазовордир.
Шуни алоҳида қайд қилиш керакки, хайрли мақсадлар кўзда тутилиб, ўз вақтида ташкил қилинган “Алпомишни излаб…” сафари фанга, хусусан, фольклоршунослигимизга жуда кўп янгиликлар берди. “Алпомишнома”нинг “Сурхондарё талқини”да бой ва бетакрор ўзбек халқ ижоди, жумладан, Жанубий Ўзбекистон фольклорининг ҳали кўпчиликка маълум бўлмаган, аммо элимиз бағрида асрлар давомида етилиб, санъаткор, зукко бахши-шоирларимиз тили ва дилида яшаб келаётган “жонли” саҳифаларни излаб топишга ва уларни ўқишга, ёзиб олиб, олтин фондни тўлдиришга муваффақ бўлгани бот-бот таъкидланади. Айниқса, мазкур китобда Жанубий Ўзбекистон ҳудудида “Алпомиш” эпоси бир қанча мустақил достонлардан ташкил топган мукаммал биографик туркум эканлиги инкишоф этилади. Ваҳоланки, биз шу кунга қадар Алпомиш ҳақидаги “Алпомиш” ва унинг фарзанди — “Ёдгор” достонларини ҳамда уларнинг бир нечта вариантларинигина билардик, холос.
Маълум бўлишича, ана шу туркумни ташкил этган “Бева Барчин ёхуд Барчин Бекач” (айтувчи: Қаҳҳор бахши Қодир ўғли), “Ёдгор” (икки вариантда, айтувчилар: Чори бахши Умир ўғли ва Қаҳҳор бахши Қодир ўғли); “Йўлчибек ёхуд Худоёр (Алпомишнинг Товкаойдан бўлган иккинчи ўғли ҳақида, айтувчи: Чори бахши Умир ўғли), “Шомурод” (Ёдгорнинг қайнотаси, айтувчи: Чори бахши Умир ўғли), “Хурсаной” (Ёдгорнинг синглиси, айтувчи: Чори бахши Умир ўғли), “Қўнғир ёки Бойсари” (айтувчи: Қора бахши Умир ўғли) каби бир нечта мустақил достонлар борлиги, улар бахшилар репертуарида жонли анъаналарда ижро этиб келинаётганлиги илк бор аниқланган. Шунингдек, “Алпомиш” достони қаҳрамонлари билан боғлиқ ва фақат Сурхондарё воҳасидагина учрайдиган жой номлари, жўғрофий атамалар, юздан ортиқ ранг-баранг нақл ва ривоятлар, афсоналар, сафар тафсилотлари “Кундалик”, “Тундалик” ва “Йўл битиклари” шаклида китобга муҳрланган. Энг муҳими, унда умумий илм-фан, хусусан, тарих ва халқ педагогикасига, адабиётимиз ва санъатимиз, фольклорларимиз ва этнографиямизга оид бебаҳо манбалар — халқимиз маънавияти, маърифати ва ахлоқий-руҳий тарбиясига доир маълумотлар ўз тажассумини топган. Шунингдек, китобда “Шеробод достончилик мактаби”, “Бойсун достончилик мактаби”, “Шерна шогирдлари”, “Шерназар Бердиназар ўғлининг оилавий бахшилик шажараси”, “Мардонақул Авлиёқул ўғлининг устоз-шогирдлик шажараси”, “Умир Сафар ўғлининг устоз-шогирдлик шажараси”, ‘Қодир бахшининг устоз-шогирдлик шажараси”, “Қодир бахши сув ичган дарёлар” каби ўндан ортиқ бахши-шоирлар шажараларининг берилиши ҳам катта меҳнат, теран илмий изланишлар самарасидир.
Мамлакатимизда маънавият, маърифат ва мафкурага жуда кагга эътибор кўрсатилаётган, халқимиз, хусусан, зиёлиларимиз бу даъватга астойдил жавоб бераётган бир пайтда Алпомишнома” китобининг дунё юзини кўриши алоҳида аҳамият касб этади. Зотан, унинг назарий ва амалий самараси ҳам ана шунда.
Хуллас, “Алпомишнома”нинг биринчи китоби — “Сурхондарё талқини” халқимизнинг бадиий тафаккури бўлган “Алпомиш” достонини ўрганишга бирёқлама ёндошиш мумкин эмаслигини кўрсатди. Эндиликда унинг ўнлаб вариантлари чоп қилиниб, достон қатларидаги ўзбекона ориятни, фикрлашни, оила шаъни, халқ бирлиги, Ватан тақдири учун курашчанлик ғояларини ва бошқа кўплаб ибратли жиҳатларни тарғибу ташвиқ қилиш вақти етди. Бу миллий ва руҳий қадриятларимизга, тарихимизга, бугунимиз, келажагимизга умид-ишонч билан қараш гаровидир.
1999 йил