Туркистон мухторияти овози газеталарда (1917)

1917 йил Февраль инқилоби шабадалари таъсирида бошланган Туркистон мустақиллиги масаласи бу даврдаги кўпгина маҳаллий ва марказдаги Россия мусулмонлари матбуотининг диққат-эътиборида турди. 1917 йилнинг 28 ноябрида Қўқонда Туркистон мухторияти эълон қилингандан сўнг матбуотда чоп этилган, айримлари эътиборингизга ҳавола этилаётган хабар, шеър мақолалар бугунги кунда кўпгина воқеаларни ойдинлаштиришга, зиёлиларимизнинг (Фитрат, Ҳамза) муносабатини аниқлаштиришга ва тарихий ҳақиқатни тиклашга хизмат қилади.

 

ТУРКИСТОН МУХТОРИЯТИНИНГ МУВАҚҚАТ ҲУКУМАТИ ТАРАФИНДАН

Кўп миллионли Туркистон халқинииг тилагина мувофиқ демократия революциясининг улуғ асослари бўлғон халқларнинг ҳурриятин ҳам миллатларнинг ўз ёзмишларии ўзлари тайинловларин вужудға кетуруви йўлинда Туркистондағи умуммусулмонларнинг фавқулодда Краевой съезди Туркистонни Русия Федерацияси жумҳуриятининг бирлик мухториятли бир қисми деб эълон этди.

Туркистондағи ҳама уюшма қаватларнинг ҳозирги куннинг бик муҳим ва масъулиятли масалалари олдинда турғонлиғин англағани ҳолда Туркистонда турли миллатларнинг маданий суратда тараққийларин ва алар орасиндағи дўстлиқни таъмин этар учун Туркистоннинг ҳар еринда ҳаққониятли суратда тартиб ва интизом ўрнашдирурға интилиб, Краевой съезд муваққат Туркистон халқи Шўроси (Миллат мажлиси) сайлади. Бу Шўро ҳайъатиндан Туркистон мухториятининг муваққат ҳукумати вужудға келтурилиб, аларға ушбу хизматлар топширилди: мумкин қадар тез орада Туркистон Учредительний собраниясин чақирув. Туркистон халқин овқат жиҳатиндан таъмин этув чораларига киришув, бунинг учун муваққат ўлароқ Шарқий-Жанубий союз бирла муносабат ясов, Туркистон мухториятининг молия ишларин таъсис қилурға киришув, халқ милицияси вужудга келтирувчи ҳамда Туркистонда ерлашган миллатларнинг ҳуқуқларин сақлов учун тегишли тадбирлар қилув (аскар ташкил қилув).

Умуммусулмонларнинг фавқулодда Краевой съезди Русиянинг буюк революцияси тарафиндан эълон этилған бирлик, ҳуррият, тегизлик ҳам туғонлик асосларин тасдиқ этуб, Туркистоннинг ҳамма гражданларин, мусулмонларни, рус яҳудийларин, рабочий, солдат ҳам крестянлар ва крайда ўрнашқон ҳамма уруғ, халқларни, шаҳар ва земство идораларин, сиёсий, ижтимоий ва синфий (профессиональний) муассаса ҳам союзларни, ҳамма давлат мақкамаларини, умумий ва хусусий муассасаларни Туркистон халқи идораси теграсинда жийналиб, аларға устина юкланган овур (оғир) ишларда ёрдам қилурға даъват этади…

Ҳозир ҳар бир занжирлардан қутилған Туркистонға ўзининг ерина ўзи хўжа бўлиб, ўз тарихин ўзи вужудга кетирув соатин сўқди. Биз олдимизда турғон масалаларнинг муҳимлигин ва улуғлигин комил суратда англаб, ҳам ишлаган ишларимизнинг ҳақлиғина ишониб, худодан мадад тилаб ишга бошлаймиз.

Туркистон мухториятининг муваққат ҳукумат аъзолари: Танишбоев, Чўқаев, Хўжаев, Бурали Оғаев, Маҳмудов, Ўразаев, Шоақмедов, Ғиртасфилд.

«Улуғ Туркистон», 1917, 8 декабрь.

 

МУХТОРИЯТ

Туркистон мухторияти… Тимур ҳоқонининг чин болалари ёнинда, туркистонли тубчак турклари орасинда, мундан уғурли, мундан муқаддас, мундан суюнчли бир сўзни борлиғига ишонмайман.

Туркистон туркнинг қонини қайнатувчи, имонини юксалтгувчи бир қувват бор эса ёлғуз шу сўзда бордур: Туркистон мухторияти!

Элли(к) йилдан бери эзилдик, таҳқир этилдик, қўлимиз боғланди; тилимиз кесилди, оғзимиз қопонди, еримиз босилди, молимиз таланди, шарафимиз юмурулди, номусимиз ғасб қилинди, ҳуқуқимизға тажовузлар бўлди, инсонлигимиз оёғлар остиға олинди, тўзимли турдик, сабр этдик. Кучга таянган ҳар буйруғга бўйунсундик, бутун борлиғимизни қўлдан бердик. Ёлғиз бир фикрни бермадик, яшунтурдик, имонларимизга авраб сақладик: Туркистон мухторияти!

Маҳкама эшикларидан йиғлаб қайтганда, ёруқсиз турмаларда ётганда, йиртғувчи жандарманинг тепгуси билан йиқилғанда, юртларимиз ёндурулғанда, диндошларимиз осилғанда онгимиз йўқолди, миямиз бузулди, кўзимиз ёғдусиз қолди, бирор нарсани кўралмадик. Шул чоғда, тушгун руҳимизни кўтармак учун шул қоп-қоронғу дунёнинг узоқ бир еринда ойдин бир юлдуз ялқиллаб тура эди. Бирор нарсага ўтмаган кўзимиз шуни кўра эди. Ул нима эди? Туркистон мухторияти!

Биз аниқ била эдикким, золим Николай ҳукумати қанча яшарса яшасун, адолат ошиқи бўлған… рус демократияси, ҳақға таянған бир инқилоб чиқариб, ҳар миллатнинг ўз ҳақларини қайтарур.

Инқилоб бўлди. Русиянинг «қўшма халқ жумҳурияти» усули билан идора этилури жарланди (эълон қилинди). Шул эълон узра ясалған Украина, татар ва бошқа миллатлар мухториятлари тасдиқ этилди. Кўнуқ (навбат) Туркистонники эди. Туркистоннинг тарихи хонбалиқлариндан (пойтахтларидан) иккинчиси бўлған Хўқанд шаҳринда тўпланган Туркистон қурултойи 27 ноябрнинг (миллий лайлатулқадримиз бўлған) ярим кечасинда Туркистон мухториятини эълон қилди.

Лекин шуниси борким бир миллатнинг мухторияти ёлғуз бир съезднинг эълони билан тамом бўлмас. Мухториятни олмоқ ва сақламоқ керакдур. Съезд ўз ишини қилди. Қолганлари бутун миллатнинг вазифасидур. Мухториятни сақламоқ учун куч лозим. Мухториятни бажармоқ учун ақча керакдур. Бунларни миллат ҳозир қилсун.

Фитрат

«Ҳуррият», 1917, 5 декабрь.

 

МИЛЛИЙ ҚЎШИН ҲАҚИДА

Ушбу январнинг тўққизида Ҳўқандда Туркистон мухторияти ҳукуматининг аскарина манёвр ясалған. Бир минг қадар мусулмон аскар тузулган экан, ҳаммаси мулла Абдураззоқбойнинг боғига йиғилганлар. Ҳукумат аъзоларидан ҳарбия нозири Абдуллахўжаев ила молия нозири Ислом Шоаҳмедов бориб аскарни табрик қилғонлар. Оташли нутқлар сўзлағонлар.

Бу манёврдан сўнг, нақ бир мингга яқин аскар йиғилиб, ҳозир муваққат ҳукумат қарамоғида икки минг қадар мунтазам миллий армия бор экан.

«Улуғ Туркистон», 1918, 21 январь.

 

«МУСТАФО ЧЎҚАЕВ ХАТИ»ДАН

31 январь кундуз соат 12 да Ҳўқанд большевикларининг бизға берган ультиматумин текшириб ўтирғанимизда бир тўхтовсиз милтиқ отабошладилар. Бу милтиқ отувчилар большевиклар бўлиб чиқди. Большевикларнинг ултиматуминда бизга 2 соат муддат тайин этилган ва ул муддат 2 соат 20 минутда тўлар эди. Не учундир алар ўз шартномасина хилоф ҳаракатға киришиб, муомила йўлин кесдилар.

Шўройи исломия юртинда ҳукумат кишилариндан бошқа халқда жийилған эди. Большевик солдатлари яқинлашиб келарлар, деган хабарни эшитуб бошқа халқ тарлаған кибик, ҳукумат кишиларида иккинчи бош қўшурға йўл қолмагач, таралишдилар. Чунки халқ муваққат ҳукуматнинг «алида бўлса келушурмиз, большевикларга қарши қурол кўтармангиз», — деган сўзина қулоқ солмай, ҳар қайси боринча сўғиш асбобларин олиб ўрамға чиқдилар. Большевикларнинг ваьдалариндан илк ота бошловлари халқнинг кўнглина, алар муваққат ҳукуматина тугил, бутун халққа қарши ҳаракат бошладилар, деган қўрқув солди. Бул вақт муваққат ҳукуматнинг йўли бутунлай кесилган эди.

Ҳўқандда бўлғон бу кўнгилсиз воқеанинг сиёсий сабабларин бошдан оёқ ёзувни ҳозирги замон кўтармий…

«Улуғ Туркистон», 1918, 2 март.

 

ТУРКИСТОН МУХТОРИЯТИНА

Тўрт юз йиллик Романов битгач давлати,
Кўтарилди асорат, хўрлик зиллати,
Насиб ўлди миллата қайтиб шавкати,
Қутлуғ бўлсин Туркистон мухторияти!

Хор учун:
Яшасун энди бирлашиб ислом миллати,
Бугун қайси бир кўнгил дилшод ўлмасун,
Бугун қайси бир мироншолар обод ўлмасун,
Ғофил қолманг, бул фурсат барбод ўлмасун,
Қутлуғ бўлсун Туркистон мухторияти!

Яшасун энди бирлашуб, ислом миллати!
Бугун (Чингиз, Темурдек) шоҳлар арвоҳи,
Дунё юзин титратган аскар силоҳи
Қичқируб дер: Турк ўғли! Ўлманг сиз соҳи!
Қутлуғ бўлсин Туркистон мухторияти!

Яшасун энди бирлашуб, ислом миллати!
Қичқируб дер: (қурбонлар) Улуғ Туркистон!
Унутмангиз қонмамиз, боқинг қабристон,
Бирлашингиз, араб, турк… Кобил, Ҳиндистон,
Қутлуғ бўлсин Туркистон мухторияти!

Яшасун энди бирлашуб ислом миллати!
(Аҳмад) руҳи қичқируб дер: ҳой умматим!
Букунда ҳам хўр қолса, дин, миллатим,
Ҳақ шоҳиддир, керакмас сиздек умматим,
Қутлуғ бўлсин Туркистон мухторияти!

Яшасун энди бирлашуб, ислом миллати!
Ғойибдан келса нидолар, Исо муслимин,
Маҳрум қолманг, раҳмати тангридир яқин,
Тордур бундан сўнг сиза бу рўйи замин,
Кутлуғ бўлсин Туркистон мухторияти!

Яшасун энди бирлашуб ислом миллати!
Келинг энди бирлашинг, ислом миллати,
Кетсин сунний, шиалик, нифоқ иллати,
Бир санжоққа тўплансин ислом давлати,
Кутлуғ бўлсин Туркистон мухторияти!

Яшасун эмди бирлашуб, ислом миллати!
Келди муборак бизга янги бир замон,
Янги давр кечурмак энди филамон,
Ёд этмакка исмимиз тарихи жаҳон,
Қутлуғ бўлсин Туркистон мухторияти!

Яшасун энди бирлашуб ислом миллати!
Кутлуғ бўлсин эй ёшлар тўкуб қонингиз,
Берган қурбонингизга олган шонингиз,
Мангу қолди дунёда хуш унвонингиз,
Кутлуғ бўлсин Туркистон мухторияти!
Яшасун энди бирлашиб ислом миллати!
Яшасун бу турк ўғлинииг мангу давлати!

Ҳамза Ҳакимзода

«Улуғ Туркистон», 1918, 11 январь

Нашрга тайёрловчи Ш. Турдиев