Ҳафта воқеалари №2: 5 тонналик сумалак, сохта милиция майори, Тоштурма ўрнида парк, эшак гўшти можароси

“Ҳафта воқеалари блогерлар талқинида” дастурининг иккинчи сонида ўтган ҳафтада ўзбек интернет сегментида шов-шувли бўлган хабарларни таҳлил қилдик:

Ўтган ҳафтада юртимизда Наврўз байрами муносабати билан юртимизда 5 кун дам олиш куни этиб белгиланди. Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанддаги байрам тантаналарига етиб борди ва Наврўз шодиёналарида қатнашди. Нурсултон Назарбоев Наврўз куни Самарқандга келди. Наманганда 5 тонналик рекорд сумалак тайёрланди.

Ўзбекистон Республикаси президенти «Банк хизматлари оммабоплигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолади. Энди тижорат банкларга киришда шахсни тасдиқловчи ҳужжат талаб этилмайди.

2018 йил 21 март куни Самарқанд шаҳрида сохта милиция майори қўлга олинди. Махсус милиция формаси ва майор унвонини тақиб олиб олган шахс Каттақўрғон туманида яшовчи, муқаддам судланган, вақтинча ишсиз Хушматов Синдор Бахтиёрович эканлиги аниқланди.

Халқ орасида «Тоштурма» номи билан машҳур вақтинча ҳибсда сақлаш муассасаси бузиб ташланади. Тошкент шаҳар ҳокимлигига мазкур объектни уч ой муддатда бузиш ва бузишдан бўшаган ер майдонини ободонлаштириш ва унда барча инфратузилма объектлари мавжуд бўлган замонавий хиёбон (дам олиш маскани) барпо этиш вазифаси юкланди.

Адлия вазирлиги томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга фоҳишахонага жинсий эҳтиёжини қондириш мақсадида борган шахсларга жазо белгилаш тўғрисидаги моддани киритиш таклиф қилинмоқда. Кодексда таклиф этилаётган моддага кўра, «Жинсий эҳтиёжини қондириш мақсадида фоҳишахонага борган шахс энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида жаримага тортилади».

2010 йили Жиноят кодексининг 159 (Ўзбекистон Республикаси конституцион тузумига тажовуз қилиш), 216 (Жамоат бирлашмалари ёки диний ташкилотларни қонунга хилоф равишда тузиш), 244−1- (Жамоат тартиби ва жамоат хавфсизлигига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) ва 244−2-(Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) моддаларида кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланиб, ҳибс этилган Зулхумор ва Меҳринисо Ҳамдамова орадан саккиз йил ўтиб озодликка чиқарилди.

Ўтган ҳафтада интернетнинг ўзбек сегментида энг шов-шувга сабаб бўлган воқеа эшак гўшти можароси бўлди. Фарғона вилоятида эшак гўштини сотиш билан “тирикчилик” қилган тадбиркорлар қўлга олинди. Улар 250–300 минг сўмдан эшакларни сотиб олиб, шу хонадоннинг ўзида сўйиб, нимталаб, Фарғона шаҳри ва Тошлоқдаги умумий овқатланиш корхоналарига килограммини 25–30 минг сўмдан тарқатиб юришган.