Отанг боласи бўлма, одам боласи бўл. «Оқ жўл» газетасининг ўткан нўмирларининг уч-тўртида Сирдарё-Еттисув музофотларининг Қозоқистонға муносабати ҳақида мақолалар босилиб эди. «Ўйиндан ўт чиқар» дегандай бу мақолалардаги бир-икки қўпол иборалар ўзбек ёшларининг нафсига тегиб кетканда ўйланмаған, кутулмаган жойдан маюсият пайдо бўлган. Бу сабабдан «Оқ жўл» идораси ҳозирги муҳаррири бошида бўлған ҳолда ушбу баённомани ўз томонидан интишор этмакни лозими фарз топди. Аввал бир-икки сўз қўпол иборалардан: «Жетисув-Сирдарёни Қозоғистонға қўшув тарихи дурус» (128 нўмир) исмлик мақолада учунчи устун тўққизинчи йўлда оға-иниларга қаттиқ теккан бундай ибора бор: «Қозоқдинг ўрталиқ ҳукумати турарлиқ лойиқти фалони бўлмаған сўнг бочкурт, тотор ҳам ўрус оға-инларимиз Ўринбурғдида бериб эди. Чиракдан кездинг ортиқдиғи бор. Тошкантди сарт бовурлари қозоққа берса ғажаб эмас».
Мана бу иборада «қулайсиз» нуқта бор: биринчи, Тошкант масаласи ва иккинчи, «сарт» сўзи. Тошкант масаласидан бошласақ мақоланинг эгаси «Чиракдан кез ортиқ» (Чорякдан газ ортиқ), яъни атрофида мусулмонлар кўбчилик ташкил этмаган Ўринбурғдан Шарққа яқин, ичи, тиши, ўз элимиз ва ўз оғайнимиз билан тўлиқ Тошкант яхши деган маъни чиқар. Саккиз-тўққиз миллиўнлик бир элнинг биргина бўлсун шаҳри йўқ. Табиий шундай бир элнинг бир кишиси оғзидан софдилона шул сўз чиқиб, кўнгли Шарққа, оға-иниларига қарай тортибдир. Мақоланинг ҳарфидан, маънисидан бошқача бир фикр чиқармоқ мумкин эмас.
Сарт сўзига келайлик: бу сўз ўн-ўн беш йилдан бери ўзбек-татар матбуотида ҳам мавзуи баҳс бўлуб келди. «Вақт» газетасига ўн беш йил бурун ўзбек ёшлари томонидан ул вақтларда татар матбуотида мустамал бўлған «сарт» сўзиға қарши протест ёзилиб бундан кейин «сарт» сўзи ишлатилмасун деган талаб қўюлди ва бу сўз Туркистонға биринчи ўрус қўшунлари билан тўра-тилмоч бўлуб келган қозоқларнинг оғзидан чиқиб ёйилиб кеткан эди. Шул замондан бери неча йил, ой, кун ўтди. Туркистонликлар бу муддат ичида хили ўсди. Ҳар қайсиси ўзини-йўлдошини таниди. Ўзбек Амир Навоийсини топди, қозоқ Обойни тутди. Сиёсиёт ва тараққий йўлларида бир-бири билан маҳкам қўлга-қўл беришиб ўртадаги умумий душман бўлган мустамлакачига қарши курашмак, олишмоқнинг лузумини билди. Бу тараққий ва саломат йўлида улуғ бир ҳодисаки, ҳаммамизнинг идрок этмагимиз керак. Бу кун келамизки сарт сўзини бирар киши атиғлаб ижод этмаган. Уйғур адабиётинииг шоҳ асари бўлған: «Қутадғу билиг»да, ўзбек-чиғатой адабиётининг муҳтарам ва биз томондан ҳам азиз кўрилган Амир Алишер Навоийни гўзал ашъорида, Бобурнинг кенг руҳлик ўз замонига очиқ фикрлик «Бобурнома»сида бу сарт сўзини кўрамиз.
Туркманларда «Тангри билмаяни тот билар» деган мақол бор. Можорлар словак халқи ҳақида бундай дейдилар: «Бўтқа таом эмас, тот одам эмас». Бу балки сатҳий мисолларнинг ўзидан ҳам сарт сўзининг турк халқлари оғзида бурундан келаёткан бир сўз эканлиги маълум бўлиб маъниси, албатта, ҳаммага мажҳулдир. Ҳар ҳолда шуниси маълумки сарт деб аксари (Кауфман) савдогар синфини демишлар. Келажақда ижро этилатурган фанний химматлар, балки маънисини лозим даражада очиқ ва аниқлиги билан топар. Лекин ҳозирги маълуми бу даражада. Асрлардан бери халқ оғзида келаёткан бир сўзни уч-тўрт кунда битирмак мумкин эмас. Одатга тортиб кетаберар. Ўзбекнинг ўзида ҳозирги шаҳар халқини ҳануз сарт деб тўлуб ётқан мақоллар чиқармиш.
Ўзбеклар аксари тожик халқини сарт дейдир. Ўратепа, Самарқанд атрофида ним кўчма ҳолда қолған найман, жалойир, юз, хитой, қанғли, қўнғирот исмлик ўзбек эллари орасида юрган кишилар тасдиқ этсалар керак. Қозоқда, қора халқ ўзбек ҳам сарт ҳақида «Ўзбек ўз оғам, сарт-садағам» деяр. Бинобарин масаланинг фанний жиҳат тўғрисида кўб ва кўб халқларнинг адабиётини, урф ва одатини, мисол ва тамсилларини изламак керак, балки бу йўл фанний кашфиётка кўб хизмат берадир.
Келайлик расмий матбуот ва истилоҳотимизга: юқорида марҳум «Вақт»нида келтирдик ва неча ва неча узун, қисқа мисолларни ўртага солдиқ. Мақсадимиз татар матбуоти ҳам бир неча узун муноқаша, бир неча кўнгилсиз сиёсатлардан кейин бориб бояғи сўзни қўйди, ташлади. Одат инсондан зўр бўлур. Табиъий Туркистоннинг ўзида ҳам бу сўз кўб вақтгача чўзулуб юрар. Матбуотларда ҳам кўб муноқашаларга сабаб бўлур. Фақат бу муноқашаларни биродарона насиҳатлар билан бир бирларига тушундирмак йўли билан даф қилмоқ чорасидан бошқа чора йўқ. Маъюсиятдан орада мустамлакачилик бор, фойда чиқмас, балки неча ва неча сиёсий зарарлар пайдо бўлар. Ҳар бир гўдакка маълумдир бу.
«Одат зўр, бу эски сўз» деган фикрлардан «Оқ жўл» ё бир бошқа газет ва матбуот бу сўзни истеъмол эта берадир. «Худога йиғлангиз» деган билан натижа чиқмайдир. Қатъиян бу сўзлар билан касалнинг узоқдан келганлигинигина кўрсатдик. Масаланинг сурати зуҳурини баён этканда нафсига оғир тушкан йўлдошларнинг жаҳли бир даража тушар деган умид билан ёзилди. Бошқа ғараз йўқ. Фурсатдан истифода қилиб айтамизки: бизнинг орамизда ҳам бошқа халқлар каби миллатчи мутаассиблар бор. Бизнинг орамизда ҳам жоҳил ва жаҳолат синфи бор. Зиёликларнинг сафида, юртнинг бошчилари орасида ўнлар камчиликни ташкил этар. Ўнларнинг қозоқ юрти исмидан расмий суратда сўйламакка ҳақлари йўқ ва ҳеч вақт умид этмаймиз. Бўлмаса-да, ўнлар юртни харобаликка, сиёсий ва ижтимоий фалокатларга бошлар, тарихимиз шоҳиддир.
Бизнинг эътиқодимизга, мустамлакачиликка қарши танда жон, юракда дам бор — олишмоқ, тортишмоқ ва шул бечора мамлакатни улуғ йўлга олиб чиқмоқдир. Ўз юртимизни яхши кўрамиз. Бошқа юртларни-да, шул даражада яхши кўрамиз. Бу риёкорлик эмас, чунки бошқа инсонларнида эҳтиром эта билмаган киши ўз юртинида эҳтиром эта билмас. Киши қадрини билмаган ўз қадринида билмас. Бу қуруқ дастурда эмас, балки энг ҳаётий, амалий бир қоидадир.
Туркистоннинг бахт ва саодати туркман, ўзбек, қирғиз ва қозоқ меҳнаткашларининг баробар ҳимоятларига, сотсиализм ва оға-инилик йўлида ҳаракат қилмоқлариға мувофиқдир. Бошқа йўл йўқ. Ҳеч бир кўзи очиқ Туркистон ёши инкор этмас. Фақат ўртада бир доғ ҳасрат қолдирған «Ўшандоғлар» (173 нўмир) мақоласи бор. Бу ҳақда ўзбек оғайнилари ҳузурида айни самимулқалб билан эътизор этармиз. Идоранинг бошлиқлари кўрмасдан, хусусий бир масъулиятсиз бир киши томонидан берилган ва босилиб кетган фелетўн бўлуб, бу ҳақда идора масъулият чекмакка тайёрдир. Ҳар бир киши ва ҳар бир муассаса қаторида масъулият чекмак ҳалолдир ва бу йўл билан ўртадағи оғайнилиқ шартини ўрнига келтурмак номига ҳар бир жавобгарликдан қочмас. Идора ўз томонидан мазкур киши томонидан яна мақола қабул этмайтурған бўлди ва бундан кейин маъюсиятлардан холи бўлмак учун нозик мақолалар келган ҳолда идоранинг бошлиқлари томонидан рухсат бўлмай туриб босмайтурған бўлди.
Чу узви бадард оварад рўзгор — Дигар узвхоро намонад қарор[1]. Саъдий«Оқ жўл» газетасининг вақтинча муҳаррири Назир Тўрақулов (Дарвеш)
«Қизил байроқ»
1922 йил, 179-сон, 27 май
——————
[1] Оғриқ келса бирон аьзога — Оғриқ келар ҳамма аъзога.