Абдулла Қодирий. «Таваккалту алоллоҳ»ни деган эр — на талқону на қалқоннинг ғамин ер (1923)

Мана бу бир жуфт байт, ўзимизнинг ота-бободан қолиб келган ҳалол молимиздур. Ушбуни ҳам ким маники, деса боши ўлумда, моли талондадур. Агар қўни-қўшниларнинг кўз олайтиришларидан қўрқмай, доирани кенгайтириброқ юборсақ бу байтдан бутун Шарқни ҳам насибадор қила оламиз. Аммо бошқаларға йўл-йўруқ йўқдур.

Чунончи бу бир жуфт байтнинг маъхазини[1] текширсак, тарихнинг қулоч-қулоч ичкарисига кириб кетамиз; варақ-варақ тарих ҳамоқат ва шақоватидан[2] ўқуй-ўқуй ниҳоят ҳазрат Одамга, ниҳоят алмисоққа боруб етамиз. Ровийларнинг ривоятига қарағанда, алмисоқ куни бир фариштанинг қўлида: «Ал-ҳаракату фал-барака»[3], иккинчи фариштанинг қўлида «Ман таваккал фатасаққал»[4] деган шиорлар кўтарилибдур. Шул вақтда жарчи чақирибдурким: «Эй, арвоҳи бани Одам, ушбу икки шиордан биттасини қабул қилишға эркликдирсизлар!»

—      Олҳа… Қарабсизки арвоҳи миллати нажиб ўзбек «Ман таваккал фатасаққал» шиорини ушлаган фариштанинг устига тутдак тўкулуб:

«Таваккалту алоллоҳ»ни деган эр:
На талқону на қалқоннинг ғамин ер!

—      деган байтни хўр билан ўқуб етти қат кўкни титратибдирлар.

Бу текширишимиз, даъвомизни тарих билан исбот қилиш бўлуб, аммо далил ва исботни халқимиз ва тириклигимизнинг ўзидан олғанда иш яна абжақ. Кимнинг оғзиға қулоқ солсанг «Бўлса бўлар — бўлмаса ғовлаб кетар», «Умаралихону Маъдалибек, таралагиждангу таралагижданг», қаҳрамонлар билан битта-битта танишиб боқсақ тағин ишлар жойида.

—      Муаллимларимиз: «Чалакам чатти ёрам зувалам завзи калам чанта?»ни[5] билиб олғанлар-да, нариги ёғиға бир орқа таваккул!

—      Ишчиларимиз оғзидағи: «Қўли қадоқ, пешонатери, ур калтак — сур калтак» сўзи қулоқларни гаранг қилса ҳам амалда эҳе…[6]

—      Хотунларимиз: «Қозонда жиз-биз, ўрунда сиз-биз» шеърини ўқуйдирлар-да, натижада беш-олтита дувараклар миллат учун ҳадя: яъни авлод, ватан, дейсиз-да, қулбаччаларни!

—      «Зиёлик, ёш кўз очған ва янги фикр» — сарлавҳасидаги муаммолар эшитишимизга қарағанда «Миллатга илм керак, маърифат керак!» деб ҳовлиқар эмишлар-да, ишка келганда «Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ…»[7]

— Тошмат акамизнинг бурунларидан ип тақилған бўлса ҳам ҳамон таваккалту алоллоҳ…

Бас, бу бир жуфт байт ҳар жиҳатдан ҳам бизникидир, бизнинг ила алжипсу ва ла билимдир[8].

«Таваккалту алоллоҳ»ни деган эр:
На талқону на қалқоннинг ғамин ер[9].

Муштум

«Муштум» 1923 йил, 3-сон, 2-бет


[1] Маъхаз — манба.

[2] Шақоват — бахтсизлик.

[3] «Ал-ҳаракату фал-барака» — ҳаракатда барака бор (Ҳадис).

[4] «Ман таваккал фатасаққал» — кимки таваккалчи бўлса дангаса бўлиб, қолади (араб мақоли).

[5] Араб алифбоси тартибини кўрсатувчи саккизта сўз: абжад, ҳавваз, ҳутти, каламан, заъуфас, қарашат, саххаз, зазағ; эски усул мактабда болалар дарсни шу сўзларни ёзиб, ўқишдан, абжадхонликдан бошлаганлар.

[6] Бу ерда муаллиф синфий кураш авж олдирилиб, ҳамма кунни ишчилар синфига ваъда қилинса ҳам амалда улар қеч бир рўшнолик кўрмаганларидан киноя қиляпти.

[7] Ҳеч бир куч — қудрат йўқ, фақат Аллоҳ номи билан, ёрдами билан бўлади (Ҳадис).

[8] Алжипсу ва ла билим — яна билмадим, Аллоҳ билгучидир.

[9] Бу шиорнинг мазмуни Қуръон оятлари ва ҳадислар билан асослангандир. Аслида бу шиорнинг мазмунида тоат-ибодатда, ихлос-эътиқодда, зуҳду тақвода Аллоҳнинг каломи-аҳкомларини адо этиб, ботиний покланиш, зоҳирий риёзатлар орқали марди худолик мақомига етиб, сўнг таваккул қилгучилар назарда тутилади. Бундай мақомга эришган Аллоҳнинг дўстларини табиийки дуолари қабул бўлгувчи кишилар дейилган, яъни улар аввал талқоннииг (ризқ) қам, қалқоннинг (ҳимоя) ҳам тадбирини олган инсонлардир.