Абдулла Қодирий. Таржимаи ҳолим (1924)

Падари марҳумимиз Шош[1] шаҳрининг забардаст уламоларидан мулла Мирзасалимсоқ Охунд домлаи ҳожиул-ҳарамайн аш-шарифайндирлар[2]. Марҳум падари бузруквор алломаи замон ва машҳури жаҳон бўлуб, ул жанобнинг ҳалқаи тадрисларидан[3] беҳисоб уламо ва фузалолар етишуб, баъзилари қозилиқ мансабига ва баъзилари мударрислик мартабасига ва кўблари имомат ва мактабдорлиқ вазифасига ҳам энг аднолари[4] азайимхонлиқ касбига мушарраф бўлубдирлар. Алҳол бўлса, ул жанобнинг шогирдларининг кўблари пири бадавлат бўлуб, уйга кириб қолғандирлар.

Марҳум бузруквор Бухородан хатми кутуб қилуб келганларидан сўнг Қамбар ясовулбоши деган бир амалдор ўзининг Маҳинабону отлиғ хушрўй қизини тўю тамошолар билан падарга назр тортибдир. Бағдазон ул покдомон бирлан нечанд фурсат умргузаронлиқ қилсалар ҳам, аммо фарзандлари бўлмабдур.

Падар бул боисдин бениҳоят маълули хотир[5] бўлуб, дойим зори ва тазарруъ айлаб, Худойи таолодан бир фарзанди солиҳ талаб қилур эрканлар. Шул аҳволда неча фурсатлар ўтуб ва яна бузруквор кўб мозоротларни тунаб ва яна жонлиқлар сўйиб, ниҳоят хомталаш айлар эканлар[6], падар қирқ беш ёшға борғанларида Худойи таолонинг раҳми келиб, фақир волидаи марҳуманинг раҳмларида қарор топибдирман.

Ало хозал-қиёс[7] тўққуз ой, тўққуз кун ва тўққуз соат ўтуб, рўзи душанба ярим кеча вақти ойнинг ўн тўртинчи куни моҳитобоннинг айни тўлишкан замонида ёруғ дунёға барқ уруб, қадам ранжида қилинубдирман. Дўстлар шод, душманлар ғамкин бўлуб, падари бузруквор дарҳол ҳазрат Баҳоваддин йўллариға етти нон худойи қилубдирлар. Доя бўлмиш хотун фақирни ердан олуб, йўргакламакчи бўлғанида камина чирқираб, гиря оғоз қилуб[8], асло йиғидан тўхтамағанимдан, падар сезибдирларки, фарзандлари бечиз эмасдир. Чунки ул доя бўлмиш даллаи[9] маккора ва нопок бир хотун бўлуб, фақир бул нопокни ёқтирмабдирман. Бағдазон ул жаноб фақирни ўз қўллариға олған эрканлар, дарҳол гирядан тўхтаб, падарга табассум қилубдирман…

Бағдазон фақирнинг тарбиятига кўпгуш айлаб, етти кечамни эсон-омон ўткузуб, саккизинчи куни бешикка солубдирлар. Аммо ўн биринчи кечамда бир оз чалиғлаб[10] ўтубдирким, алҳол бул маънининг асорати каминада боқийдир, яъни такаллум[11] қилғанимда «қиҳ-қиҳ» қилуб ва яна «мош» дейиш ўрнига «бош» деб, «мим»ни айта олмайдирман. Бамисоли ҳазрати Мусо алайҳиссаломнинг «син» ўрнига «шин» этканларидек ва яна фақир волидаи марҳумага осойиш бермай, доим-ул авқот фиғон ва зори[12] қилур эрканман. Бул боисдин сабаби вужудлар бениҳоят паришонхотир бўлуб, ҳукамо[13] ва кексалардан чора сўрағанларида фақирға кўкнори бермакка кенгаш берибдирлар. Бағдазон бирмунча кўкноридан ҳалво пишириб, каминага истеъмол қилдирғанларида фақир қум босқандек фароғат қилуб, зори ва фиғондан тўхтабдирман. Аммо ўпкам амиркон маҳсидек ғижирлайтурған бўлубдир.

Фақир шу йўсун икки йил комил бешикда сирилиб ёта-ёта «Атта жий, анна оппоқ», дейтурган такаллумга тилим гўё бўлғани ҳолда бошқалардек бешикдан қутулиб, эркка чиқибдурман. Аммо назир бошим кесак қисқан қовундак қийшиқ бўлуб ва яна жовдирлаған кўзим қассобдан эт олуб, боққол бирлан муомала қилатурған даражага етубдир.

Эркка чиқған кунимдан бошлаб эмчакдан чиқуб, нон кавшашни таълим олубдирман. Фурсати келганда волидаи марҳума: «Боламнинг чайний-чайний жағи узулди», деб ҳолимга тараҳҳум[14] айлаб, лўмба-лўмба нон чайнаб, оғзимга солур ва фақир ҳам ғилққа-ғилққа ютар эрканман. Ул замонда падари бузрукворнинг давлатлари кўланкасида нон важҳидан беармон бўлуб ва яна эртадан-кечгача нон бирлан ҳамнишин эрканман. Аммо фақирнинг қорни кундан-кунга ғовлаған тарбуздек ўсиб, бул маънидан падар бирлан волида «Боламиз қорин сола бошлади», деб бениҳоят хушнуд бўлар эрканлар.

Алқисса, фақирни томоқ босқанлиғиданми, ҳайтовур, беш ёшғача оёқим чиқмабдир. Бул боисдин волидайин муҳтарамайин[15] паришон ва дилгир бўлуб, чорасига киришиб, фақирга ғалтакарава муҳайё қилубдирлар. Аммо фақир ғалтакка тутунғаним замон гурс этиб ортим билан ерга йиқилур ва ғалтакарава ҳам фақирга табиъатсозлик қилғандек иккинчи томонға ағнар эркан. Бундан сўнг каминани бир саватга солуб етти эшикка олуб кириб, «Оёқсизға оёқ борми?» деб сўрабдирлар, «Оёқ бор!» деганлари билан ҳам мақсад ҳосил бўлмай, қимирламасдан фароғатда ўлтура берибдирман.

«Муштум», 1924 йил, 10 январ, 19-сон.

* * *

Олти ёшқа кирганимда (буниси эсимда бор) ўлтура-ўлтура ўзим ҳам зериккан бўлсам керак: ниҳоятда эҳтиёт бирлан деворларни ушлаб, андак-андак сайр ва саёҳат қилишқа бошладим. Бул маънидин волидайин муҳтарамайин бисёр хушнуд бўлуб, дарҳол бир эчкуйи бод рафторни[16] бўғузлаб ва унинг қонидан бир сопол табоққа солуб, фақирнинг оёқимға сурдилар. Бағдазон мазкур эчкунинг барча сўнгак-саёғини бир қозонға солуб, фақирнинг «Оёқ тўйим» учун ҳамма қариндош-уруғларимизни чақирибдирлар.

Қудрати илоҳий бирлан ўшал кун иттифоқо оёқимға ғойибдан бир қуввати кириб, ҳатто ўчоқ бошиғача саёҳат қилуб ва яна қозонда пишиб турган этка кўнглум кетубдир. Волидаи марҳума дарҳол бир устихоники сергўштни олуб, фақирнинг қўлумға тутқазғанларида ўшал ўчоқ бошидаёқ, жойимдан силжимай пок-покиза тановул қилубдирман. Ва яна иштаҳом айни жунбушқа кирган экан, яна қозондағи бир устухонни кўрсатиб, олуб беришка ишорат айлабдирман.

Худо волидани раҳмат қилсунки, фақирга бениҳоят меҳрибон эрдилар. Дар он раъйимни қайтармай уни ҳам қўлимға тутқазғанларида иштаҳойи тамом бирлан буни ҳам тановул айлаб ва яна қуруқ суякини қайтадан қозонға ташлабдирман. Аммо бул вақт ўз оёқим бирлан қайтуб кетишга қудратим етмай, тўйға келган бир заифанинг муованати[17] бирлан базўр манзилга етуб олубдирман. Аммо оёқ тўйимға йиғилған хотунлар фақирнинг кўнглумни олмоқ учун қўюнларида, чўнчакларида нок, қурт, туршак ва шуларга ўхшаш анвоъи турлук неъматлардан келтирган эрканлар: этагимни, қўлимни ва тўппимни мазкур нозу неъматлар бирлан тўлдирғанларида бориға бозор қилуб ва яна ниҳоят саросималик бирлан шошуб-пишуб борчасидан андак хўрак қилубдурман.

Бағдазон меҳмонларга айни шўрба тортилған фурсатда фақирға сассиғ меъдалик юз бериб ва яна юрагимда бир боди пайдо бўлуб ва яна қулдир-қулдир деган овозлар эшитилуб, бул ҳодиса бора-бора кўнгулни беҳузур қилишғача етуб ва яна кўзларим олайиб беҳуд бўлуб қолубдирман. Бул замон тўйимиз азаға айланиб, шўрба-шўрбада, эт-этда қолуб, ким кинначига, ким домлама югуруб, аммо фақирнинг ҳам оғзимдан, ҳам ортимдан хилт ва сафролар кета бошлаб, бош ёстиққа етуб, ўзим беморлик даражасига борибдирман.

Бул ҳодисани ҳар ким ҳар нарсага йўйиб, бирав кинна кирди, деса, бирав ҳасан урди, деб ва яна учинчиси нарса тегди, деганда, тамин бириси кўзикди, деб. Аммо ўша тўрт эҳтимолларнинг барчасининг чоралари кўрилганда, яъни кинна солдирилиб, чиллаёсин қилдирилиб, кўзтумор тақдирилғанда ҳам, бир фойдаси кўрилмай, фақир шу касалим билан олти ой чамаси кўб қаттиқ риёзат[18] чекиб ётиб қолдим. Бул касалим асносида чўб-устихон бўлуб, озиб, самоворнинг ичидан кўринатурган ажива аксдек бўлуб, кишилар ҳазар қилатурған даражаларга етуб, меъдам хазимадан қолуб, таом ботмай, аммо эндиликда волидайин муҳтарамайин фақирни юрмасданоқ тинчкина егулигимни еб ўлтуришимгагина рози бўлған эдилар.

Аммо бул касали хавфнокдан андаккина соғлана бошлағанимдан сўнг табиъатим ниҳоятда нозиклашиб, ундай-бундай гаплар қулоғимга ёқмай, эгри деган ҳам, тўғри деган ҳам гуноҳкор бўлуб, аммо бул феълим падарга ниҳоят хуш келиб, фақирни «Инжиқ махзум» деб хитоб қилур эрдилар. Ва лекин волида бул маънидин рози бўлмай, фақирга жинлардан хабар бериб, гоҳо ажиналар ҳикоясидан сўзлаб хархаша қила бошлаған замонимда «Ана келди!» билан товшимни ўчурар эдилар. Аммо камина жинлардан бисёр кўрқар эрдим, қорайиб турған девор ва ёғоч кавакларининг ичига ҳам шу жинлар ваҳмаси билан боқолмас эрдим. Бир кун эмаклаб бориб, кийизнинг тегидан нимадир олмоқчи бўлған эрдим, «лоп» этуб бир ажина чиқуб қолмасунми, ўтакам ёрилуб, биғиллаб йиқилдим. Бир вақт юзимга сепилган совуқ сув билан ўзимга келиб кўзимни очсам, ажина ҳамон менга қараб турубдир. Дарҳол ўзимни волиданинг бағирлариға олуб қолдим.

— Ҳа, нима бўлди?

Фақир ажинага ишорат қилған эрдим, волида қаҳқаҳа бирлан кулиб, ажинани қўллариға олдилар. Фақир диққат билан қараған эрдим, волиданинг тароқдан чиқған сочлари эркан. Аммо фақирнинг алҳол ёшим элликдан ошқан бўлса ҳам ажиналардан бисёр қўрқадирман. Бул боисдин кечалари ёлғиз юролмай ва яна бир ўзим ҳам ётолмайдирман. Ва лекин ҳар кимга ҳам инсу жиндан ҳазар қилмоқ лозим ва лобуддир.

Алқисса, каминага бирмунча қувват кириб, оҳиста-оҳиста ҳожатимга бориб келатурган бўлдим: бора-бора йўлакларга чиқуб касб-ҳаво қилар даражага етдим, гоҳи остонада ўлтуриб, кўчадаги болаларнинг ўюнларига тамошо ҳам қилур эрдим.

Аммо болалар орасида бирар турлук жанжал ва тўполон чиқса, орада мушлаш бошланса фақир чирқираб йиғлағанимча уйга қараб чопар эрдим. Гарчи болалар ўзаро ўйнаб, ўзаро ёқалашсалар-да, бунда фақирнинг фойда ва ё зарарим бўлмаса-да, аммо камина бисёр сулҳпарвар ва жанжалларға тобим йўқлиғидан бул ишни қилур эрдим, деб ўйлайман.

Фақирнинг ёшим саккизга кириб, андаккина қаддимни ростлаб олған эрдим, сабаби вужудлар ҳам «Боламиз ўсиб-унди» деб қувонған эрдилар. Бул орада фалокат босиб, фақирға иситма арз бўлуб, бир неча кун ғингшиб ётқанимдан сўнг ҳар бириси туршакдек-туршакдек бўлуб чечак тошуб кетмасунми…

Камина беҳуд бўлуб ўзимдан кетибдирман, волидайин муҳтарамайин ҳам «Боламизнинг тағи қандай кўргулуги бор экан!» деб, ҳўнгур-ҳўнгур йиғлашибдирлар. Кундан-кунга ҳолим оғирлашур эркан. Ул жаноблар фақирдан умидларини узиб, қўлларини ювиб, қўлтиқлариға уриб, халтаи кафанларимгача ҳозирлаб, ҳар бир ишка муҳайё бўлуб турубдирлар. Аммо ўн биринчи кун, Худойи таолонинг қудрати бирлан фақирға атса келиб, кўзимни очибдирман. Руҳсиз таналарга жон кириб, суюнч-қувонч бошланибдир. Дарҳол етти қадоқ буғдойдан қўғурмоч қўғуруб, ажиб бир хурсандликлар қилубдирлар. Ба тадриж-ба тадриж[19] фақирнинг гулларим тўкулуб, ўн еттинчи кунда салимул-аъзо[20] бўлуб, туруб ўлтуратурған бўлдим.

Лекин бул чечак деган нимарсанинг ажаб бир ҳусн бузатурған хоссаси бўлур эркан. Агарда ўзингизга ҳам чечак чиқған бўлса, сезарсиз: мисоли юзингиз ғалвирак бодом… Аммо фақирнинг юзимда баъзи чандиқлар ҳам зуҳурга келгани учун гўёки ҳусни Юсуф бизда хотима топди… Агар сиз бир ҳовуч тариқни юзимизга қаратиб сепсангиз-да, бир дона ерга тушса биз минават[21]

«Муштум», 1924 йил, 20 январ, 20-сон.

* * *

Вақтики, фақир кўз кўриб, қулоқ эшитмаган анвоъи турлук амрозлар[22] бирлан тўққуз-ўн ёшларға етдим ва андак ўзимни бул бевафо дунёнинг иситма ва безгакларидан, сассиқ кекирдак ва юрак буруғларидан фориғбол[23] ва холи кўрдим. Бағдазон Худойи таолоға шукурлар айтиб, доимо волиданинг олдиларида камари хизматни берк боғлаб, дасти алиф лом турар эрдим.

Падарнинг муҳаббатлари каминага бисёр эрди. Фақирнинг одоб ва заковатимдан ниҳоятда хушнуд ва ҳар замон муборак қўллари билан орқамға уриб навозиш[24] бисёр қилур эрдилар. Ва яна гоҳо ул жаноб рўйимоллари бирлан оғзимға оқуб тушаёзған бурнимнинг обиятини покиза айлаб ва бул маънига бирмунча панд ва насиҳат ҳам қилур эрдилар.

Шул аҳволда волидаи меҳрибонимизнинг бағриларида қоғозда асралган қантдек парвариш топар эрдим. Кунлардан бир кун, фақир волидаи марҳума бирлан «чорий чамбар» ўйнаб ўлтурған эрдим, падар бул маънидан ранжийда хотир бўлуб меҳрибончилиқ қилдиларким: «Махдумнинг бўйи чўзулиб қолди, эмди андак-андак сабақ бошласунлар», деб. Бағдазон фақир волидадин сабақ олуб, бениҳоят файзиёб[25] бўла бошладим.

Бул миёнада падари бузруквор фақирнинг қўлимни ҳалолламоққа ҳаракат айлаб ва яна қўлларида дунё важҳи[26] каминанинг кори хайримга кофий[27] бўлмағани учун боғимиздан қирқ беш туп дарахт сотуб ва яна бу маблағ ҳам озлиқ қилуб, боз боғимиздан бир андак ер ҳам фурўхт[28] айлаб, бағдазон кори хайрни бошладилар.

Фақирнинг тўйимға жамиъи оламдин уламо ва фузалолар, давлатманд ва зукколар чақирилған эрдилар.[29] Бир неча кунгача юртдаги жамиъи хотунларға бир пут зиғир мойидан ош берилиб, аларни жамиъи таом важҳидин сероб ва мамнун қилинди.

Бағдазон тўрт дона ғунон қўйни забиҳ[30] айлаб ва яна ботмон биринч ва шул миқдор сабзи бирлан уч қозон ош дамлаб, жамиъи қурту қурмисқаларға табақ-табақ ош берила бошланди. Кўча бошидан тортиб то манзилимизгача шаҳарнинг казо-казолари саф боғлаб, асо ушлаб келган-кетканни кузатиб турар эрдилар. Тўй бисёр шукуҳлик эрди. Ош ҳам фақирдек беҳад ширин бўлған ва мойи ҳам шилқиллама эрди. (Аммо бул замондаги тўй қилаётқанлар ушбу тўйимиздин ибрат олсалар кўб яхши бўлур эрди.) Камина кимхоб ва духоба саруполарға ўралуб ясанған эрдим, бошимға ажаб бир нафис салла ўраған эрдим, ҳар ким каминага тамошо қилур эрди.

Алқисса, тўй асносида баъзи бир бехирадлар фақирға дағал муомала бирлан ҳазил-мутояба қилур эрдилар ва яна айтар эрдиларким: «Махдумга бир ароба қайроқ буюрилди. Болта бирлан кесамизми, арра бирлан…» Агарчандики бул гапларга бовар қилмас эрдим ва илло кўнглимга кўб хавотир ўрнашқан эрди ва яна аснойи забиҳ, яъни хатна замонида атрофимга йиғилған гўдакларнинг башарти тиғнинг заҳрига чидолмай гиря оғоз қилсам, қаҳқаҳа қилишларидан беҳад хавотирда эрдим.

Бағдазон ош хитомиға етуб, фақирни чекка ўринга олуб бордилар. Фақирнинг атрофимга кўб бемаъни йигитлар йиғилган эрдилар, яккаш мазкур бир ароба қайроқ бирлан бир қанча аррадан дам урар эрдилар, фақир бўлсам бениҳоят хавф-ҳаросга тушар эрдим. Бағдазон ул ҳаромзодалар бир чилимга банг (дар истилоҳ фиръавннинг тезаги)[31] тўлдириб чекишдилар ва яна фақирга ҳам таклиф қилдилар, камина бул манига ризолиқ бермаганимда ҳаромзодалардан бириси айдиким: «Эй Махдум, агар бул таклифга рози бўлмасангиз, аснойи суннатда шарманда бўлурсиз», деб. Аммо фақир қабул қилмадим, зўрлаб эрдилар, гиря оғоз қилдим.

Аммо бир ҳаромзода бангнинг тутунидан оғзиға йиғуб бағдазон фақирга дамида[32] қилур эрди. Фақир, аснойи суннатни кўб мулоҳаза қилур эрдим. Ҳаромзодалар айткандек, гаплар вуқуъга[33] келса, кўб ёмон бўлур эди. Бул хавф-ҳарос бирлан агарчандики фиръавннинг тезаги бўлса ҳам бангдан бир андакни истеъмол айлаб кўрмоқчи бўлдим. Бениҳоят аччиғ эрди, андак-андак қақир-қуқир қилиб тортдим. Бул фурсатда йигитлардан бири қўлимға муштумдек набот тутқузди ва яна «Бекор ўлтурманг, тақсир», деб меҳрибончилиқ қилған эрди, беандоза хурсанд бўлуб мазкурни эрмак қилуб ўлтурдим. Ва яна бириси бирмунча магиз инъом қилди. Ул таррорлар[34] фақирни бениҳоят сийлар эрдилар.

Иштаҳойи тамом бирлан набот ва магизларни тановул қилуб тугаткан эрдим, фақирга ажаб бир ҳоле юз берди. Нафасим оғзимға тиқилиб келгандек бўлур эрди, кўзимга ажаб бир нимарсалар кўринур эрди. Бул фурсатда ул таррорлардан бири фақирга табассум қилуб ва яна бармоқларини кўрсатиб: «Бул нечта, Махдум?» деб майнабозлиқ оғоз қилуб эрди. Фақир бул замон ул набот ва магизларнинг банг билан олуда қилинған бўлғанини онглар эрдим. Зиёда маст бўлған эрдим, кўзим одамларни илғамас, ҳушим бошимдан учкан эрди. Аранг-аранг қулоғимга чилдирманинг дангир-дунгир қилған нағмаси кирар эрди, ул таррорлар фақирни бул аҳволга солуб, ўзлари ажаб бир хурсандлиқ қилуб рақс айлар эрдилар. Бағдазон фақир, бангнинг асорати билан беҳуд бўлуб қолубдирман…

Бир замон кўзимни очсам, бошимда волида бирлан падар пиқ-пиқ йиғлаб ўлтурибдилар. Фақир улардан аҳвол сўрадимки, бул йиғининг боиси нимадир ва яна тўйлар тинчлик бирлан ўтдими, деб. Ул жанобларнинг сўзларидан маълум бўлдики, фақирнинг суннатим бажо келтирилибди, аммо камина ўшал банг асорати бирлан беҳуд бўлуб йиқилғанимдан буён тўрт кеча-кундуз миёнасида беҳушона ётар эрканман, бул беҳушлик ўшал фиръавннинг тезагининг хосияти эркан. Бо ин ҳама фақир зиёда хурсанд эрдим, зероки, ул бангнинг асорати бирлан гўдакларнинг таънасидин қутулиб ва яна аснойи хатнада гиря қилиш бу ёнда турсун андак бетоқатлик ҳам вужудга келмабдир. Аммо ул икки меҳрибон бениҳоят андуҳ тортибдирлар. Ва яна тўйлари азага айланибдир.

Бағдазон фақирнинг аҳволимдан хотиржамълик айлаб, падари бузруквор фаройиз1 машқ қилуб кори хайрга масруф2 бўлған маблағни ҳисоблаб кўрган эрдилар, йиғилған тўёналар бирлан жамъул-жамъи тўрт юз сўлкавой Никалай ақчаси чиқим бўлубдир.

«Муштум», 1924 йил, 7 феврал, 21-сон.

[1] Шош — Тошкент.

[2] Ҳожиул-ҳарамайн аш-шарифайн — икки ҳарами шарифни (Макка ва Мадинани) зиёрат қилган киши.

[3] Халқаи тадрис — бирор муаллимда сабоқ олган талабалар доираси.

[4] Адно — паст, қуйи.

[5] Маълули хотир — ғамгинлик, хафалик.

[6] Хомталаш қилиш — бепул улашиш.

[7] Ало хозал-қиёс — шунга ўхшаш.

[8] Гиря оғоз қилмоқ — йиғи бошламоқ.

[9] Далла — қўшмачи.

[10] Чалиғламоқ — кўзикиш.

[11] Такаллум қилмоқ — гапирмоқ.

[12] Зори — зорланиш.

[13] Ҳукамо — ҳакимлар, табиблар.

[14] Тараҳҳум — раҳм қилиш.

[15] Волидайин муҳтарамайин — муҳтарам ота-она.

[16] Чопоғон эчки.

[17] Муованат — ёрдамлашиш.

[18] Риёзат — азоб, машаққат.

[19] Ба тадриж — аста-секинлик билан.

[20] Салимул-аъзо — соғлом тан; соғаймоқ.

[21] Минават — виноват, айбдор.

[22] Амроз — касалликлар.

[23] Фориғбол — озод, тинч.

[24] Навозиш — сийлаш, марҳамат.

[25] Файзиёб — баҳраманд.

[26] Дунё важҳи — маблағ.

[27] Кофий — етарли.

[28] Фурўхт — сотиш.

[29] Домланинг «жамиъи оламдин» деб юборишлари муболағаи сухандир. Буни аҳли донишлар онгласалар керак. (Муал.)

[30] Забиҳ — сўйиш, бўғизлаш.

[31] Дар истилоҳ Фиръавннинг тезаги — халқда нашани Фиръавннинг тезаги деб аталади. Ривоят қилишларича, Миср подшоҳи Фиръавн ўзини «Мен Худоман» деб эълон қилган экан. Бир куни Фиръавн ўз душманини енгмоқчи бўлиб аскарларига айтибдики, «Сизлар шу адирнинг у томонидан, мен бу томонидан бориб душманни қуршаб енгамиз», деб жангга киришибдилар. Аскарлар мўлжалдаги жойга етиб борибдилар, лекин подшоҳдан дарак бўлмабди. Хавотир олиб адирнинг у томонига ўтсалар Фиръавн ёзилиб ўтирган эмиш. Ёзилган жойидан наша ўсиб чиққан эмиш. Шунда аскарлари «Худо бундай иш қилмайди-ку, сен Худо эмас экансан», деб ундан юз ўгирган эканлар. Шундан бери халқ нашани Фиръавннинг нашаси, тезаги деяр экан.

Ҳақиқатда эса қадимги Миср фиръавнлари ўта зулмкор бўлгани ҳатто Тавротда, Инжилда ва Қуръонда, шунингдек, ислом диний тарихларида қайд этилган. Шунинг учун турмушдаги ёмон нарсалар, ёмон феъл-атворлар халқ орасида фиръавнларга нисбатан айтиб келинган. Масалан, ким айёрлик ёки такаббурлик қилса, фиръавнмисан, дейишади.

[32] Дамида — димоғга пуфлаш.

[33] Вуқуъ — юз бериш воқе бўлиш.

[34] Таррор — кисавур, ўғри; фирибгар.