«Муштум» бу кун ўзининг 25-нчи сонини тўлдириб байрам қиладир. Бу байрамда ўзимнинг ҳам иштироким бўлғани учун… Ўзрсиз безрайгали уялдим, тўғриси. Яъни узр айтмакчиман.
Узрим гуноҳимдан (?) хунук чиқса, яна узрим бор!
Биз, шўролар ҳукуматининг баракасида «Муштум» деган бир кулги журналға эга бўлдиқ. Ҳа, эга бўлдиқ… Тушунибми, ёхуд «бўлғанлар» қаторидами?..
«Кулги журнал» от қўюб «Муштум»ни чиқариб келган бўламиз. Чиндан ҳам кулгими эди ёхуд унинг ўзидан ҳам кулганлар бўлдими?
Бу кун унинг сонини йигирма бешга тўлдириб «Юбилей» қиламиз. «Юбилей» қай вақтларда ва қандай иш, ҳам кишиларга қилинадир, албатта, бунинг моҳиятини белгулаш қийин эмас. Мана шу маълум бир иззатни ба ҳаққи қозониб байрам қилинадирми ё йўқ?
Кундалик матбуотимиз бир эмас: учлаб, тўртлаб бор. Уларнинг анчайин ҳавойи мавзулардан баҳслар очуб, гуллар сочуб ҳовлиқишлари ҳам йўқ эмас. Иккинчи томонда «Муштум»ман, деб мушт кўтариб чиқған журналимиз бу кун йигирма бешинчи сонини тўлдириб «Юбилей» нўмири билан байрам қиладир, қадаҳ кўтарадир… Ҳой тентак, ким санга юбилей қилишға ҳақ берди? деб агар унга савол берсак, эҳтимолки, ҳеч кимдан ҳам туртки емаймиз. «Нега?» десангиз, шу йигирма беш сон «Муштум»нинг бирортасига кундалик матбуотимизда танқид ва ё тақриз йўллук бир гап ёзилдими? «Бунинг тузук, унинг чакки» деган йўл-йўруқ кўрсатилдими, «Фарғона»да, «Зарафшон»да[1], «Туркистон»да? Ҳеч!
Бунга қандай маъно бериш керак, кундалик матбуотимизнинг ҳамоқати деймизми, мағрурияти деймизми, нима ахир? Лекин бу «Муштум» учун ҳақоратдир, анувлар учун разолатдир, жаҳолатдир.
Биз «Муштум»ни йўлға сола олурлиқ кишимиз бор чиқар, деб хом хаёлда юрган дканмиз… ҳақиқатда эса манзил узоқ, роҳила оз эмиш…[2]
Ҳой, ўртоқ! Яхши онглаки, матбуот дунёсида кулгандан кулиш қонуни ҳали ҳам бор. Иштони йўқ тиззаси йиртиқдан кулган бўлса-да, ажаб эмас… ўзинг ҳам кулгучининг масъулияти тўғрисида ҳеч бир назария ўқуған эмасдирсан!
* * *
Бу кунда кулгулук ҳажвиётнинг чин эгаси йўқлиғидан фойдаланиб, «Сув йўғида таяммум»[3], «Эшагига яраша тушови», деганларидек, марди майдон сифатида икир-чикирлар ёзиб «Арзимаса-да, арзитарсиз» умидида келаман. Келасидаги кулгулук боғимизнинг булбули эмас, зағизғони, гули эмас, тикони бўлмоғимни-да иқрор этаман. Гул ёғочида бошлаб, чечак эмас, тиканак ўсадирким, энг ози шу ҳолни кузатиб ажзимни[4] иқрор қилишқа мажбурман. Биноан алайҳи, сўзим қўпол, муомалам дағал, латифам аччиғ, мутоябам хунук; кулдириб йиғлатиш, ачитмай тўқуниш ҳунарлари манда йўқ. Шул ҳунарсизлигим орқасида холис пандларимдан, кирсиз тўқунишларимдан[5] хаёлий натижалар, шайтоний мақсадлар чиқаришға тиришкучи «Фаттойи кафш»лар[6] оз эмаслар. Лекин ман ўшандай шумшук[7] махдумлардан сатқи хафалик қиламан. Чунки шу кунгача маним мезоним виждоним бўлуб келди, бундан сўнг ҳам жиловим ўшанинг қўлида. Демак, маним истиқболим таъмин қилинғандир. Қоро ниятлик киши моххов бўлғай.
Узрим шул: тиласанг йиғла, тиласанг кул!
Жулқунбой (А. Қ.).
«Муштум», 1924 йил, 8 апрел, 25-сон, 6-бет.
[1] «Зарафшон» 1922 йил октябрь ойидан Самарқандда вилоят миқёсида чиққан газета.
[2] Манзил узоқ, роҳила (йўл озиғи) оз — мақсад буюк, куч йўқ.
[3] Таяммум — сув бўлмаган жойда тупроқ каби нарсалардан фойдаланиб олинадиган шартли таҳорат, бу ибора керакли нарса йўғида бошқа нарсадан фойдаланишга тўғри келганда айтилади.
[4] Ажз — жизлик, заифлик.
[5] Тўқуниш — уришиш, койиш.
[6] Фаттойи кафш — кафш патаги.
[7] Шумшук — ночор, бечора.