Абдулла Қодирий. Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас (1924)

Яхшилиққа ўрганган бир банда осонлиқ билан ўз яхшилиғини қўймайдир. А, ёмон-чи, Худо паноҳ берсун, ит суяк чайнамаса, тиши қичийдир. Хулоса, ёмон ёмонлиғини, яхши яхшилигини ташлай олмайдир. Мабодо ташласа, боши оғрийдир, кўзи чиқадир.

Демак, масаламизнинг фалсафий ёғи тамом бўлиб, жиддий ва амалий томониға ўтиб, ёмонлар хусусида бир неча жумла таҳрир этмакчимиз. Қисқаси, омманинг назарига эски даҳандан янги ва суви қочмаған бир сўз ва матбуот оламида мўғолламаған бир неча силлиқ ибора қолдирмоқчимиз.

Табиий, бу даъвомиз тўғри бўлса бўлар, тўғри эмас экан, ўзингиз минг мартадан эшиткан сўзларингиз қаториға киритиб қўяқолурсиз, чунки замонамиз эзмалик, матбуотимиз чайнов бир замондан ҳали жудаям нарига жилгани йўқдир.

Кўрмайсизми, ўзгаришка еттинчи йил, ҳамон бир чархни айлантирамиз, ҳамон бир сўз ва бир қадам устида жонбозлиқ қиламиз. А, етти қироннинг бири бўлған матбуотимиз бир сўзни узун бир муддат чайнайдир, ғажийдир. Субҳоноллоҳ!..

Шоирларимизнинг бир қисми, муҳаррир ва муҳаррирчаларимизнинг бир бўлаги ҳамон бир-биридан андоза олиш ва бир-бириникидан нусха олиш билан машғулдир. Ўқутувчиларимиз бўлса, сабоқ бериш эмас, сабоқ олишқа лойиқ ва сазовордирлар.

Энди мақоламизнинг сарлавҳаси бўлған «Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас»га келайлук:

Муҳаррирчилик бўлғандан кейин қалам туткан замонинг фалсафа соткинг келадир. Узун-узун монолоғлар ёзиб ўзингни майдонға ташлағинг келадир. Мана бу касалдан каминангиз ҳам қутула олмағанимга ҳозирғи мақола жонлиқ шоҳид бўлса-да, тарихни дунё яратилишдан ёки Нуҳ тўфонидан бошламағанимға, ҳеч бўлмағанда хоин, золим Некалайнинг қонхўрлиғидан бошламағанимға ўзим шукур қилғаним каби сизнинг ҳам холис шукур қилишингизни бир карра тавсия этмакчиман.

Уҳ… мен шу ерга ёзиб келиб эдим, шоирлигим эсимга тушди. Қанақа шоирлиқ денг, камина ҳозирғи замон шоири эмасманми, шеъримга сарлавҳа қўймоқчи бўлдим. Қандай сарлавҳа денг, умумий қоидага мувофиқ сарлавҳамни «Гул» деб қўйдим. «Гул» дедингми, кетидан «Булбул» калимаси лоп этиб оғзингга келмасунми. Гул ва булбул билан қўшулиб чиройлиқ бир сарлавҳа таъмин этилди. Бу одат умуман шоирларимизда бор бўлғани мени таскин қилди. Шеърни ҳам бошлаб юбордим. Ёздим, чиздим. Бош мисраънинг охири гул келди. Иккинчи мисраъ бевосита булбул келди. Чунончи:

Ўзбек қизидир мисоли бир гул,

Ўзбек йигити у боғда булбул.

Демак, шеъримнинг бошланғичи таъмин этилди. Қолған мисраълари мени унча қийнамади. Битириб, шеърнинг остига тахаллусимни қўйдим, газета идорасига югурдим.

Газета саркотиби вуқор билан олиб, дафтарга қайд эткан чоқда шеъримнинг сарлавҳаси қатордағи мақола сарлавҳаларининг белини буккандек кўринди.

Эртасига ҳалиги шеър газетанинг иккинчи бети бошида босилиб чиқиб, ҳамманинг оғзида қироат қилинди. Элимиз ўрганган, бундай шеърларни ўқуш элимизга унча оғир эмаслиги белгули. Чунки шеърнинг сарлавҳаси «Гул ва булбул» экан, мисраъаларнинг ҳаммаси ҳам «Гул ва булбул» билан тамомланур.

Мақола ёзишда ҳам бошқа муҳаррирлар каби умумий ихтисосқа моликлигим бор. Сарлавҳалар: «Етти йиллиқ ўзгариш ва биз», ёки «Маъориф ва қўшчилар» ёки «Франсия буюк инқилоби ва бизнинг вазифамиз», деб шундай сарлавҳадан бирини қўйиб олдингми? Сарлавҳа остидан чизиб, мақолаға киришканда, хоин, золим, қонхўр Некалай ва унинг думларининг бизга қилған зулм ва ваҳшати ва ул хоин-золимнинг ахранник ва полисияларининг бизга қилған жабр-зулми ва ҳакозо… Бир неча жумла золим, қонхўрлардан кейин мақсад устида пойма-пой бир неча жумла тузилиб, мақола шу жумлалар билан тамом бўла бошлайдир: битсун золим, қонхўр Некалай, яшасун Шўролар ҳукумати!.. Остиға имзо чекиб, буни ҳам газета идорасига юбориладир.

Демак, масаламиз «Ўрганган кўнгил ўртанса, қўймас», устида экан, шоиримиз ва ёзувчимизки шундай шоирлиқ ва муҳаррирликка ўрганган экан ўрганибдир. Бунда сўз йўқ. Мен ҳам ўрганганман. Бунда ҳам сизнинг ишингиз бўлмасун. «Гул ва булбул» шеърларини, хоин, золим Некалайнинг зулми тўғрисидағи мақолаларни ёзабераман ва бемалол сиз ўқуб ташлайберасиз, газеталар ҳам босаберади. Шоирлиқ ва муҳаррирликка кўнглумиз ўрганибдир. Ўртанса нима қилайлук.

Эски шайтон.

«Муштум», 1924 йил, 8 апрел, 25-сон, 22-бет.