Абдулҳамид Чўлпон. Ватанимиз Туркистонда зироат ва деҳқончилик (1914)

I

Муҳтарам муҳаррир афанди!
Ушбу мактубимни «Садои Фарғона» газетангизни бир гўшасида дарж қилуб* деҳқон қардошларимизни суюндирсангиз эди.
Бутун Русияда манбатлик* жиҳатдан Ватанимиз Туркис­тоннинг илгарида эканлиги ҳаммаға маълумдур. Ва ҳатто бутун дунёда манбатликнинг биринчиси Амриқо бўлса, бизнинг Туркистон ҳам иккинчи саналадур. Ватанимизнинг туфроғи шунча манбат бўлса ҳам, ўзимиз ҳар вақт умримизни банка эшиклари остида судралуб ўтказамиз. Ҳар куни газеталарда фалоний синди, фалонини вексели процент бўлди, дўкони печатланди деганға ўхшаш қўрқинчлик хабарларни ўқуб эшитмоқда ва кўруб билмоқда бўлсак ҳам, аммо ибратланмаймиз, сабабини ҳеч текширмаймиз. Ёлғуз «бозор касод» деб ўта берамиз. Аммо бозорни касодлигиға нима сабаб эканлигини текширмаймиз.
Мундоғ таассуфлик хабарларни эшитган амриқоликлар таажжуб қилсалар керакким, шундоғ манбат туфроғлик халқи нимага мундоғ деб, аммо ул амриқоликлар экин асбоблари ишлатуб биз 10 киши 10 кунда қилған ишимизни онлар 2 киши билан 10 соатда қилмоқдадурлар. Онларда ўриш, чочиш, чопиш, териш, экиш ҳаммаси осон. Олат (машина) билан тез тайёр бўладур. Онлар ўшал машина билан вақтинда тез йиғуштуруб оладурлар. Биз бўлсак еримизни тўплаб ташигунча ёмғир, қор ёғуб қолса, далада тамом қолдирамиз. Шул осон асбоблар Русияни бутун деҳқонларида бордур. Бизлар ҳам шул экин асбобларидан олиб ишлатсак, оғир меҳнатларимиз енгилланур эди.
Бул тўғрида «Ойна», «Садои Фарғона»ларимиз, мумкин бўлса, қишлоқ тилида кўброқ ёзиб онглатсалар, бор-йўқдан иборат ёшларимиз ҳам бўш вақтларида қишлоқларға чиққанларида оғизларига попирус солуб, онгламаған халқға сафсата сотмай, шундоғ фойдалик нарсалардан билдурсалар ва тушундурсалар, халқ турмушини енгиллик тарафиға неча одум отланған бўлур эрдилар.

II

Ўтган мақоламда деҳқон қариндошларимиздан ҳеч бирларининг зироат машиналари ишлатмаганликларини ёзган эдим. Мақолани ёзгандан сўнгра қишлоқларда юруб, ўзум кўб деҳқонлар билан кўрушиб фикр олдим. Энди аларни фикрларини ўйлаган миллатпарвар киши кўзларидан қонлик ёшларини оқузмай мумкин эмас. Алар айтадурларки:
«Дуруст зироат машиналари қандайлик экан, аммо пул керак. Бизнинг қўлимизда бўлса нақд тайёр пул йўқдур».
Мен айтдим: «Экин вақтида пул бўлур ёки пул ўрнига эккан экинлардан олуб боруб берсангиз ҳам мумкин-ку…»
Улар шу таассуфлик ёмон жавобни берадурлар: «Пахта эксак ғўзапоясиғача, буғдой эксак сомониғача қарзимиз бадалиға хўжайинларимиз бойларға олуб боруб берамиз. Яна иккинчи экинга берадурған бўлуб бойлардан пул олуб, қиш ичи бола-чақаларимиз ила минг машаққат ва минг қийинлик ила овқат ўткарамиз. Қиш чиққанидан кейин бола-чақаларимиз ила ишга тушамиз. Болаларимиз ўқушдан қоладурлар. Мардикор олсак, яна сарф зиёда бўладур, пул йўқ. Ноилож болаларимизнинг мактабдан қолишига ризо бўлуб бўлса ҳам болаларимизни далага олуб чиқуб, қўш ҳайдаш, ғўза чопиш, чигит экиш – шунга ўхшаш қийин ишларга қўямиз. Чигитга пул деб борсак, хўжайинлар сўкуб, ҳар турлу ҳақоратлар ила йиғин-терин вақтида 100 сўм қилуб беришга 40 – 50 сўм пул берадурлар. Иккинчи они олуб чиқуб, бир кун ҳам қишлоқда ҳовлимизда соқолни олмаймиз. Яна бу аҳволимизни устига бирор тўй-мўй бўлуб қолса, тамом оч-яланғоч, ер-сувларимиз бойлар қўлида, кўчаларда тиланчи-гадо бўлуб қоламиз, «Қани мунга чора?» – дейдилар.
Буларни ўйлаганда кўзлардан тамом қонлик ёшлар тўкмоқға тўғри келадур. Эй тараққийпарвар ёшлар! Сиз ҳам ёзсангизлар ҳар вақт бечора мазлум деҳқонларни пулдорлардан, қуллик, асирликдан қутулдурмоқ чоралари тўғрисида ёзинглар. Ҳаммадан йўл керак. (Яна бўлур.)

III

Ватанимиз Туркистонга тараққий даври киргандан бери татар газеталарида бўлсун ва ўз газетамизда бўлсун бор қувватимиз, бор овозимиз билан: «Илм керак», «Ўқумоқ керак», – деб қичқуруб келдук. Мана шул қичқирмоқликлар меваси бўлса керакдурки, қишлоқларда ҳозирда бўлмаса ҳам, ҳамма шаҳарларимизда оз бўлса ҳам «янги усул» мактаблар очилди. Қисқачагина айтганда, ўқумоқ ва ўқутмоқ ишларимиз, алҳамдулиллоҳ, секин бўлса ҳам олдинға қадам босадур. Мана, кўнглимизда неча йиллардан бери яшурунуб ётган миллатни тараққий қилдурмоқ йўллари, планларини очмоқ учун қўш «Садо»миз*, бир дона бўлса-да ҳамма Туркистоннинг яхши эмаслигини кўрсатуб турадурған «Ойнак»* (Ойна)имиз бўлди. 40 – 45 йиллардан бери давом этуб келган Туркистонимиз бўлса ҳам кифоят қилмас эди. Энди келайлук муддаоға, муддаомиз шулки: зи­роат ишлари. Мана бу зироат ишлари тўғрисида ёзғучи ҳам йўқ, ўқуғучи ҳам йўқ. Ҳайҳот, зироат ишларимиз тамом хароб! Хароб! Хароб!..
Олдинға бир одум отилгани ҳеч кўрулгани йўқ. Бир таноб ер қишлоқларда 1000 сўмларга чиқди. Аммо ер деҳқонда эмас, миллатға, халқға яна бермай тек сақлаб ётадурған бойларда; «оҳ», шул бизни тамом куйдурадур. Мундан 10 – 15 йил аввалги мактабларнинг ҳолини ва зироат аҳволини чақишдируб кўрайлук қани…

Мактаб:
Мактаб эса аввалги вақтларда бир отхонадан иборат эди. Бир халфа ўзидан катта таёқ ушлаб, боши, оёғи йўқ китоб­ларни ўқутуб, бекор умрларини ўтказур эдилар. Ҳозирда эса ўшал мактаблар кундан-кун йўқолуб, ўрнига мунтазам усули савтия мактаблари очилмоқда ва халқ хийла рағбат этмоқдадур.
Яъни мактаб ишлари аввалда хароб бўлса-да, ҳозирда яхши йўлга кируб бормоқдадур.

Зироат:
Авваллари қандоғ яхши бўлса, сўнг кунларда ва сўнг йилларда кундан-кун орқаға қараб қадам қўймоқдадур. Масалан: мундан 10 – 15 йил аввал бир деҳқонни ўзига яраша ери бўлуб, бола-чақаси билан ишлаб чиқған. Маҳсулни бозорға керак вақтида олуб тушуб, оз-оздан сотуб, бола-чақалари билан қиш ичи роҳат умр ўткарур эди. Ул вақтларда бундоғ беҳуда исрофлик тўйлар ҳам бўлмас эди. Ҳозирда эса деҳқонлар ҳаммаси ёз-қиш тинмай ишлаб-ишлаб, бойларға олуб боруб берадурлар. Бойлар деҳқонларни қўллариға 5 – 6 пул беруб: «Бор, йўқол! Қишлоққа чиқуб ишингни қил!» – деб сўкуб юборурлар, деҳқоннинг пешона терини оқузуб ишлаган пахтасининг пулини қандоғ жойларға сарф бўлишини кейин-да ёзарман. Ҳозирда ёшларнинг ва ёш қалам соҳибларининг зироат тўғрисида ёзмоқларини ўтунуб қоламан. Ёзайлук, қарин­дошлар, зироатдан! Ёзайлук, қариндошлар, иқтисоддан! Алар бўлса, мактаб ҳам бўлур, илм ҳам бўлур. Деҳқонлар бойлар қўлидан қуллик, асирликдан қутулса, ҳаммаси бўлур.
Ёзайлук, қариндошлар!..

___________________________
Илк бор «Садои Фарғона» газетасининг 1914 йил 10-, 13-, 23-сонларида «Чўлпон» имзоси билан эълон қилинган. Кейин 2000 йили «Туркистон матбуот тарихи (1870 – 1917)» китобида қайта нашр этилган.
«Садои Фарғона» газетаси асосида нашрга тайёрланди.
Зироат – экин экиш, деҳқончилик.
Дарж қилуб – қайд этиб.
Манбатлик – унумдорлик.
«Садо»миз – «Садои Фарғона» газетаси назарда тутилмоқда. 1914 – 1915 йилларда Қўқонда маърифатпарвар тадбиркор Обиджон Маҳмудов ноширлиги ва муҳаррирлигида нашр этилган.
«Ойнак»имиз – М.Беҳбудийнинг «Ойна» журнали назарда тутилмоқда. 1913 – 1915 йилларда чиқарилган.