Абдулҳамид Чўлпон. Андижондан мактуб (1914)

Андижоннинг машҳур милйунури Миркомил афанди ҳақинда «Вақт»да* бир мақола ёзилган эди. Ўшал мақолани «Вақт»дан «Таржимон»*, «Таржимон»дан 14-рақамли «Ойна»га* кўчурулди. «Ойна» ҳам ўз тарафидин «муборак бўлсун» деди. Ушбу бобда биз ҳам бир нимарса этмоқчи бўламиз: ўткан ёз Миркомил афанди табиблар тавсия­си илан Ве­йона, Берлин ва Париж ва бошқа баъзи Оврупо пойтахтларига борди, аммо на сабабдандурки Истанбулга борган йўқ. Энди келайлук овруполилардан ибрат олмоқға, ушбулардан ибрат олуб, жаноб бой ўзларига махсус бир офтомобил олуб, миниб юродурлар. Бошқа ўрнак ҳозирда йўқ. Хастахона, мадраса ва жоме бўла турған бўлса, Андижонда Култепа деган бир очиқ майдон бор эди. Ўшал Култепани олган эмишлар деган сўз бор. Жоме солар эмишлар деб миш-миш хабарлар бор, аммо маълум эмас. Эҳтимолки, мундин кейин бўлса, ёшрулуб қолмасунки, Андижонда бир мактаб бино этдурдилар. Муаллимликға катта мад­раса мутаваллисининг муовини тайин этилди. Ул муаллим афанди ҳар вақт Андижонни тараққийпарвар ёшларини сўкуб юратурған бир кишидурлар. Ўқутатурғанлари эски усулдир. «Вақт» ва «Таржимон» ва ондин «Ойна»да ёзилган жоме, хастахона ва мактабдан алҳол асар йўқдур. Балки, аввалги хабар бой афандининг ишратлари ила бўлгандур. Ул-да маълум йўқ. Хайр биз ҳам дермизким: «Муборак бўлсун!»

________________________
«Ойна» журналининг 1914 йил 19 февралдаги 17-сонида «Қуён» тахаллуси билан эълон қилинган.
«Вақт» – ХХ асрнинг 10-йилларида татар маърифатпарвари Фотиҳ Каримов томонидан нашр этилган газета.
«Таржимон» – 1883 йилдан Боғчасаройда И.Гаспринский муҳаррирлигида унинг вафоти (1914)га қадар қримтатар тилида нашр қилинган газета.
«Ойна» – 1913 йил августидан 1915 йил июнига қадар Самарқандда М.Беҳ­будий муҳаррирлиги ва ноширлигида ўзбек ва тожик тилларида нашр қилинган журнал.