Бизнинг адабиёт соҳасида, таассуфга қарши, кўлагада қолиб кетган; тўғриси, кўлагада қолдирилиб келган – бир тоифа бор. Бир чеккаси ўзим ҳам шу тоифага мансуб бўлганимдан шу тоифанинг аҳволини кўпчиликка билдириб ўтай дедим. Йўқса, у тоифа аллакимлар томонидан — атайлабми, ё бепарволик натижасидами — ҳалигача кўлагада қолдирилиб келади. У «аллаким»ларнинг бу ғалати қилмишлари, бир системага айланиб бораётир. Шу учун ҳам товуш чиқариб «қоровул» деб қўйиш лозим, зарур!
Мен — шўрлик таржимонлар, адабий таржимонлар, саҳна таржимонлари тўғрисида гапирмоқчиман. Агар адабий таржима иши ўша аллакимларнинг ўйлаганидай, осон ва енгил бўлсайди, индамасак ҳам бўларди. Фақат яқинда бир дарслик учун баъзи нарсалар, таржима қилишга тўғри келади. Ўшанда қандай қийналғонимни ўзим биламан, ҳам ўша таржима қилинғон материал билади! Бизнинг бу гўзал ва буюк ватанимизда 17 йилдан бери шундай бир қонун ҳукм сурадики, ҳар ким ишига яраша, меҳнатига, уринишига лойиқ мукофот олади, тақдир қозонади. Аммо, ҳалиги кўлагада қолғон шўрликлар шу неъматдан, одам болалари тарихидаги энг буюк ва ҳақли инқилобнинг меваларидан; тўла фойдаланиб келадиларми? — Йўқ! Шу «йўқ» сабабидан мен бу сатрларни қоралаб ўлтурибман. «Қуруқ гап қулоққа ёқмайди», десангиз, мана фактлар, ўжар ва қайсар фактлар:
Кечагина севимли Академик театримизнинг режиссури ўртоқ Виттнинг «Ревизор» қўйилиши тўғрисида мусоҳабасини ўқидингиз. Бошидан-оёқ диққат билан ўқиб чиқсангиз сизда шундай бир таъсир ҳосил бўладики, бу буюк ўлмас асарни улуғ Гогол ўзбек тилида ёзганда ўртоқ Витт тайёр пиесани саҳнаға қўяётир! Фақат, ҳақиқат ундай эмас-ку. Уни Гогол рус тилида ёзган. Рус тилидан украина тилига (бир-бирига яқин бир тилга) ағдарилғон вақтда ҳам «таржима» деб аталиб таржимоннинг номи ҳар ерда кўрсатилади. Айниқса шундай асарни қўювчи катта киши санъаткор мусоҳаба берган вақтида таржима тўғрисида, сўз бўлмаслиги мумкин эмас. Фақат бизнинг театрларда бизнинг ҳурматли санъаткорларимиз шу тўғрида, нечикдир, «паст хотир, унутувчан» бўладилар. Аксари либосчиға қадар унутмасдан реклам қилғонлари ҳолда шу қадар бой ва ишланган тиллардан анча камбағал ва ҳали ишланиб етмаган тилларга таржима қилғонларни дарров унута қоладилар. Буларнинг бу унутишлари эски мадраса мударрисларининг «лашай» (ҳеч нарса) ларини эслатади… Газеталаримизни батартиб ўқуб борғонлар бу унутқоқлик «одати»нинг кўп-кўп саҳна асарлари, кўп-кўп режиссур ва қўювчиларда бор бир касал бўлганини яхши биладилар.
Мен шу «Ревизор» таржимаси тўғрисида бир кун ўртоқ Витт билан бир-икки оғиз гаплашиб эдим. (Таржима Санжар ўртоқники.) Таржиманинг баъзи жойларидан норози бўлиб гапиради. Демак, таржима тўғрисида (ёлғиз камчилигини олиб бўлса ҳамки) гапириш учун асос бор эди. Буни ўртоқ Витт билмас эди десак, албатта хато бўлади. Асарнинг тилидан ҳеч нарса билмаган одам уни саҳнага қўя оладими? Йўқ! Шу ҳолда ўртоқ Виттни унутқоқликдан бошқа нарсада айблаб йўлмайди. Мен демак истайманки, бу ҳам кичик айб эмас. Театр афишасида (эълони) бошқа масала. Майли, унда фақат қўювчи билан администратор ва ғайри-ғайрилар кўрина берсин (гарчанд бу ҳам қонуний эмас!) Лекин жиддий асарнинг жиддий қўйилиши тўғрисида жиддий санъаткор томонидан жиддий сўз кетаётганда охирга қадар жиддий бўлиш керак!
Ҳанри Барбюсни билмаган ким бор? Сотсиалистик ннқилобнинг ва сотсиалистик ватанимизнинг бу оламшумул буюк мудофаачиси «Ўт» (олов) номли бир роман ёзган. Уни бизнинг давлат нашриётимиз бостириб чиқарди. Аслида франсузча ёзилиб русча орқали ўзбекчага таржима этилган бу асарнинг ўзбекчасидаи таржимон исмини ахтарсангиз анча овора бўласиз. Умидсизланмасдан варақлай берсангиз асарнинг тиражи ва заказ нўмери ёзилган жойда жуда кичик (ажинадай) ҳарф билан қаторасига уч унвон ўқийсиз – масъул муҳаррир, техника муҳаррири, сўнгра… таржимон. Шу ерга етганда сиз биласизки, асарнинг таржимони Буюк ўртоқ экан. Балки Буюкнинг таржимасида кўп камчиликлар бордир. Шундай, бўлгани тақдирда ҳам уни бир бурчакка беркитиб ўтиш лозимми? Нега ёзувчининг ёни-берига жойлаштириб, сўнгра шунга яраша у танқид қилинмасин? Бу «дардни яшириш» эмасми?
Мирзакалон ўртоқ Толстойнинг катта бир асаринн таржима қилиб чиқди. Асар босилди, сотилди. Мирзакалоннинг яна бошқа катта таржималари бор. Нима учун ўша таржималар, уларнинг тили, услублари тўғрисида яхши текширишлар, танқидлар, тақризлар йўқ? Шекспирнинг «Ҳамлет»ини айтиб ҳам ўлтурмайлик…
Хуллас, нашриётларда ўлтурган аллакимлар ёзувчи билан техника муҳаррирларини; театрларда ўлтурган аллакимлар ёзувчини, ўзларини, администратор ва либосчини биладилар. Иккиси ҳам ўйлайдики ўз ишларида шундан бошқа аралашувчи йўқ. Бу агар фақат унутувчанлик натижаси эса, демак, унутувчанлик бир касалга ацланиб боради. Совет адабиёти ва саҳнаси турли касаллар билан курашиб ва енгиб келган, буни ҳам енгиб ташлашга гумонимиз йўқ.
________________
Кўлагада қолғонлар тўғрисида. — «Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1935 йил 10 май сояида босилган.
Витт — В. Витт 20-йиллардан Ҳамза номли театрда режиссёрлик қилган. Кейинча формалистикда айбланган, унинг постановкаларидан ғоявий камчиликлар қидириб топилган.
Санжар ўртоқ — Санжар Сиддиқ (1902—1938), ўзбек таржимони ва журналисти, таржимашунослик муаммоларини тадқиқ қилган олим. Лопе де Вега, Л. Толстой, Н. Гоголь, Убайд Зоконий каби ёзувчиларнинг асарларини ўзбек тилига ўгирган.
Ҳанри Барбюс (1873—1935) — француз адиби, қатор шеърий тўпламлар ва романлар муаллифи. Мақолада тилга олинган машҳур «Ўт» романи 1916 йилда ёзилган.
Буюк ўртоқ — Буюк Каримов (1906—1945) фольклоршунос олим.
Мирзакалон ўртоқ — таниқли ўзбек ёзувчиси Мирзакалон Исмоилий (1908—1975). Чўлпон Мирзакалон Исмоилий таржимасида 1933 йилда чоп этилган Толстойнинг «Тирилиш» романини назарда тутмоқда. Бундан ташқари М. Исмоилий «Анна Каренина» (Л. Толстой), «Сўна» (Э. Войнович), «Чолиқуши» (Рашод Нури Гунтекин), «Инсон тақдири» (М. Шолохов) каби қатор дурдона асарларни ўзбек китобхонига етказган.