Саид Аҳмад. Тоғай Муроднинг қўшиқлари (1994)

Кечагина ёш ёзувчи, бошловчи ёзувчи, деб юрган қаламкашларимиз эндиликда насримизнинг етакчи ижодкорлари бўлиб қолдилар.

Тоғай Мурод ана шу ижодкор авлоднинг талантли вакилидир.

Тоғай Мурод адабиётга тутаб эмас, ёниб кирди.

Тоғай Мурод қиссалари соф миллий ўзбек қиссалари. Тоғай Мурод қиссаларида тасвирланган одамларга бошқа халқ либосини кийдирсангиз ҳам ўзбеклиги билиниб туради. Уларнинг хулқ-атвори ҳам бошқа халққа асло ўхшамайди.

Шу вақтгача қиёфаси ноаниқ, бир-биридан фарқ қилмайдиган, шапка кийдирсанг рус, қоракўл папах кийдирсанг озарбайжон, телпак кийдирсанг қозоқ, ёқасига кашта тикилган кўйлак кийдирсанг украин бўлиб кетаверадиган тахминий одамлар қиссаларимизнинг асосий қаҳрамонлари бўлиб келди. Бу ўз халқининг миллий урф-одатларини, ҳис-туйғуларини билмасликдан бўлди, сўқиркўнгиллик, сўқиркўзликдан бўлди.

Биз Абдулла Қодирийни салкам етмиш йилдирки, бошимизга кўтариб келамиз. Бунга сабаб, Қодирий миллий қаҳрамонлар яратди. Отабек ҳам, Юсуфбек ҳожи ҳам, Офтоб ойим ҳам, Солиҳ махдум ҳам асло такрорланмас образлардир. Бу кишилар тўғрисида Қодирий таъкидламаса ҳам ўзбеклигини биламиз.

Тургенев, Гоголь, Толстой рус халқини бутун бор бўйи билан тасвирлаган буюк ижодкорлардир. Нехлюдовга дўппи кийдирсанг, Каренинага паранжи ёпинтирсанг, ўзбек бўлиб қолмайди. Толстой уларни қон-қони билан, ўй-хаёллари билан, гап-сўзлари билан рус қилиб яратди.

Бундай асарлар яратиш учун адиб рассомдек рангларни бир-биридан фарқ қиладиган, бастакордек товушларни тиниқ эшитадиган бўлиши керак.

Тоғай Мурод ана шундай рассом адибдир, ана шундай бастакор адибдир.

Мана, у “От кишнаган оқшом”да отни қандай тасвирлайди:

“Биродарлар, ўзи, Бўз от қандай бўлади? Сурпдай опиоқ бўлади. Бордию аждодида бўлса, тўққизга тўлганда Тарлон бўлади. Тўққиз ёшида Бўзнинг баданида холдай-холдай қора доналар пайдо бўлади. Шундан бошлаб у Бўз эмас, Тарлон от бўлади. Тарлон — хол хол от! Тарлон отлар сараси.

Биродарлар, Тўриқ отнинг юздан бири яхши бўлади, Тарлон отнинг юздан бири ёмон бўлади!

Биродарлар, от танимасанг, Тарлон ол!..”

Талантли адиб қаламидан тўкилган ушбу сатрларни ўқирканман, хаёлимдан бир гап ўтди.

“Дом”да яшаб умрини ўтказган шаҳарликларни ўйладим. Инсон боласининг узоғини яқин, мушкулини осон қилган бу жониворни фақат циркда, кинода кўрган шаҳарлик укаларимизга адибнинг бу сўзлари қанчалик таъсир қилишини биламан. Шаҳар болаларининг табиатдан, жониворлардан канчалик узоқлашиб қолганликларига ачиниб кетаман.

Тоғай Мурод отни шу қадар меҳр билан таърифлайдики, адиб қўшиқ айтаётибди, деб ўйлайсиз. Адиб кўнгли китобхон кўнглига кўчиб ўтади. От миниб адирларда елдай учгингиз, от ёлларини силагингиз келади.

“Биродарлар, машина деганлари темир! Жони йўқ! Жони йўқ темир одамга эл бўлмайди! Темирнинг юраги йўқ-да! От одамга эл бўлади! Боиси, отнинг жони бор, юраги бор-да!”

Тоғай Мурод тасвирлаган чавандозлар хиёнат кўчасига кирмаган, одамларга фақат яхшилик раво кўрадиган асл ўзбеклардир.

Тоғай Муроднинг Тарлони Толстойнинг Холстомери, Айтматовнинг Гулсариси қаторига келиб қўшилди.

Бу гапимга баъзи бир танқидчилар жиндек ғашлик қилар. На илож, олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ, дейдилар…

Тоғай Мурод ўз она тилини бениҳоя яхши билади. Билгандаям бутун ранглари билан, оҳанглари билан билади. Шу боис, соф ўзбекча битади.

Тоғай Мурод ўзбек тилини куйлатди. Ўзбек тилининг жами жилваларини офтобга солиб кўрсатди.

“Аё Тарлон, сен менинг акамсан. Ука деса дегулик мендайин уканг бор, ака деса дегулик сендайин акам бор, нима ғамим бор?

Аё Тарлон, сен менинг биродаримсан. Менинг биродарим сенсан.

Аё Тарлон, сен менинг биродаримсан, қиёматлик биродарим…”

Ушбу сатрларни ўқиб бўлгач, хаёлга толасиз. Ҳозиргина мунгли бир қўшиқ тинглагандек бўласиз.

Бу қўшиқ олис йўл босиб, Ўзбекистонимизнинг қайноқ, жануб Сурхонидан учиб келди.

Мен Тоғай Муроднинг “Юлдузлар мангу ёнади” қиссасида Бўри полвон, Тиловберди полвон, Абил полвонларнинг курашларини завқ-шавқ билан томоша қилдим. Сурхон полвонларининг ҳалолликлари, мард, тантиликларини кўриб ғурурланиб кетдим. Ана, ўзбек полвонлари, ана, дея ғурурландим.

Тоғай Мурод тасвирлаган Сурхон полвонлари чинакам ўзбек полвонларидир.

Шарқнинг буюк достонлари “Лайли ва Мажнун”, “Фарҳод ва Ширин”лар, “Тоҳир ва Зуҳро”лар неча юз йиллардан бери яшаб келади. Уларда бир-бирига етишолмай, муҳаббат йўлида жон берган бахтсиз ошиқ-маъшуқлар тасвирланади.

Тоғай Мурод ҳам достон ёзди. Отини “Ойдинда юрган одамлар” қўйди.

Қисса номини ўқишингиз биланоқ сизни аллақандай сирли-сеҳрли ойдин кеча бағрига олади. Ичингизга ажиб бир нур ўрмалаб киради. Дил-дилингизни ёритиб юборади.

Қиссада Қоплон билан Оймомо фарзанд илинжида тунни тонгга, кунни ойга, ойни йилга улаб яшайди. Қоплон хотинини Момоси, деса, Оймомо эрини Бобоси, деб чақиради. Улар йўқ боланинг бобоси, йўқ боланинг момоси бўлиб, йилларни йилларга улайди. Бир-бирига мўлтираб яшайди. Улар учрамаган доктор, улар кўринмаган табиб қолмайди. Аммо на доктордан, на табибдан наф кўради.

Тоғай Мурод чол-кампир ҳаётини ғоят нозик, ғоят шоирона тасвирлайди. Чол-кампирнинг ўзаро меҳр-муҳаббатини қўшиқдек куйлаб беради.

Тоғай Мурод бир-бирини Бобоси, Момоси, дея атаб умр ўтказаётган бир жуфт покиза инсонни ойдиндаги ой нурига ўраб тасвирлайди. Оқибат, ушбу жуфтнинг ўзи ҳам, сўзи ҳам, туриш-турмуши ҳам ойнинг кумуш нурларига йўғрилиб кетади.

Тоғай Муроднинг куйиб, ёниб, ўртаниб битган, баъзан фарёд уриб битган “Ойдинда юрган одамлар” қиссасини “Муҳаббат қўшиғи”, деб атагим келди.

“Момо-Ер қўшиғи” бошқа қиссалардан фарқ қилади. Тоғай Мурод бу қиссасида бошқача йўлдан боради. Ўз йўлидан адашиб, оёғи ердан узилиб, Ғарб адабиёти сояси бўлиб қолган ижодкорларнинг типик образини яратади. Шу ижодкор образи туфайли қиссага майда-чуйда тошлар отилди. Асар ютуқларидан кўз юмиб ўтилди. Ахир, қайси соя ижодкор ўзига ойна олиб қарайди дейсиз? Масалан, қиссада оригинал бир образ бор, бадиий бақувват бир образ бор. Мен сержант Орзиқулов образини назарда тутяпман. Сержант Орзиқулов ўзбек адабиётида мутлақо янги образ.

Назаримда, Тоғай Мурод қисса битмайди, назаримда, бор овози билан қўшиқ айтади. Бу қўшиқда авж пардалар бор, нолишлар бор, савт бор.