Абдулҳамид Чўлпон. “Сўз, сўз, сўз!” (1929)

Қлассиқ фожианависликнинг энг улуғ кишиси, оламшумул тиётру муҳаррири Шекспир энг юксак асари бўлған «Ҳамлет»да бош қаҳрамоннинг тили билан юқоридағи жумлани айтдиради. Чинакам, у доҳийнинг ҳамма асарлари гаплашиш (диалог)нинг, умуман, сўз санъатининг қлассиқ – энг мукаммал нусхасидур. Ўртоғимиз бўлған рус саҳнаси ҳам бир замонлар сўз бобида энг улуғ кучларни етиштирди. Шчепкин*, Мочалўф*, Садўфскийлар* («Кичкина тиётру»нинг сутунлари) ўз вақтида томошачини сўз билан ўзларига банд эткан кишилар эди. Шекспирнинг сўз нусхаси бўлған асарлари ўшаларнинг тилларида жонланиб, зални сескантирди. Ҳозир ҳам «Биринчи бадиий тиётру»нинг* Качалўф*, Москвинлари*, собиқ «Корш» тиётрусининг Блументал – Тамаринаси* бадиий сўзнинг катта эранларидурлар.
Сўнгғи йилларда тиётрчилик санъати тажриба (эксперимент) кўчаларига кўпрак уриб кетиб, сўзни (ва шу сабабли актўрни ҳам) орқадароқ қолдириб келди. Бу нарса «режиссўр тажрибачилиги» (яъни режиссўрнинг тажрибалари учун кенг­рак майдон қўйиш) йўлини туткан янги тиётрулардагина эмас, сўзни ўзларининг «кўз қаролари» қилиб олған эски тиётруларда («Кичкина тиётру» кабиларда) ҳам кўрилди.
Тиётручилик санъатида актўрларга аҳамият бермаслик ўша санъатни, бир бутун ҳолда олғанда, анча паслатмакда экани сўнг вақтларда тушунила бошланди. Шу учун эдиким тиётру маҳфилларида (теварагларида) «актўрга қайтайлик» деган шиор яна айтила бошлади. Актўрга аҳамият бериш демак сўзга аҳамият бериш демакдур. Актўр, тиётру санъатининг актўри ҳар қандай наркилий (конструктив) саҳнада ҳам сўзлайди, гапиради; чирайлик сўз чирайлик қилиниб гапирилса, томошанинг таъсири бўлмай иложи йўқ. Шу учундирким сўнг вақтларда Масков тиётру матбуотида сўз санъати хусусида хос боблар очилиб, сўз билгичларнинг фикрлари кўпчилик ўртасиға ташлана бошлади. Шу учундирким «Қироатчилар тиётруси» (Тиётр чтеца)нинг тарқалғани, Гулидова қўл остидағи сўз санъати труппасининг йўқ бўлуб борғани, уста қироатчи Цветаевнинг* кўринмай ётканини ёза бошладилар. Шу учун ишчи мухбирлар: «Қулубларға бадиий қироат берингиз!» – деб ҳамма томондан талаб қила бошладилар. Демак, бу масала қизил Масковда, бизга керакли санъатнинг у буюк марказида жиддий ва қизғин суратда пишитила бош­ланди.
Бизнинг янги ўзбек тиётрусида, ҳали эндигина «тетапоя, олтин соя» қилиб келаёткан ёш труппамизда ўзининг ёшиға қараб, албатта, ҳали кўб етишмасликлар борлиғи маълум. Бизда ҳали тугал маъниси билан маданий актўр ҳам йўқ. Лекин, шу билан бирга, букунги Ўзбек давлат труппасининг тан ҳаракатлари бобида анча ўсганини труппадаги баъзи бир актўр йигит ва қизларимизнинг ўйин хусусида (ёлғиз ўйин хусусида) маданий поғоналарнинг анча юқорисида турғанини севинч билан айтиб ўтишға тўғри келади. Ҳатто баъзи бир урфий ва тетик (типичный) рўлларда яхши ўйнағучиларнинг яхшиғина сўзлари ҳам бор. Баъзан кўб яхши сўзлаган актўрлар ва кўб яхши сўзланган сўзлар бўлади. Лекин актўрнинг ўйин ҳунарига қарағанда сўз ҳунари, албатта ва албатта, заиф, хом. Ҳатто тўппа-тўғри сўзни ҳам дудилиб, ямлаб, анг­лашилмас қилиб айтадурғанларимиз бор. Бу кўб томошаларнинг (тиётру томошасининг асосан сўз устиға қурулғанини эътиборга олсак) томошачиға тугал бориб етмаслигига; томошачида тўла таъсир ҳосил бўлмаслиғиға, томошанинг бадиий қисмини анча пастлатишка сабаб бўлади. Ўзбек давлат труппасининг янгиланган раҳбарлари кўбдан бери «мана, мен!» деб ўзини кўрсатиб келган бу камчиликнинг дафъи­га жиддий чора топмоқлари лозим. Гўзал ва усталарча ўйнаған актўр гўзал ва усталарча гапиришни ҳам билсин. Шундай бўлғанда ўйин билан сўз бирлашиб томошани тўлатади. Иккинчи томондан, концертларимизда ҳадеб чолғи билан ашула ва рақс гулламасдан, яхши, таъсирли декламациялар ҳам туғилади: Ш.Сулаймон ўртоғимизнинг «минбар адабиёти»* уста ижрочиларға эга бўлади. У вақтда ижтимоий мазмун ва мафҳумга ўжарлик билан бўйин эгадиган куйлар (айниқса, «мақомлар») ўрниға ижтимоий мазмунни «жон» деб қабул қиладиған бир бадиий йўл очилади. Шундай бўлғанда ёш шоирларимизнинг ўтли хитобларини ишчи-деҳқон оммасига яна оловли тиллар билан, чирайлик ва сингатурған қилиб берилади. Бу зарур тавсия Ўзбек давлат труппаси раҳбарларигагина хос бўлмасдан, Маориф комиссарлигимизга ҳам оиддур. Маориф комиссарлиги бу тавсиядан баъзи мактабларга бадиий қироат дарслари киргизиш лузумини англасин.
Меҳнаткаш оммасига 2 йил орасида хос мактаб очмасдан турмуш ва кураш мактабида ўткур нотиқлар ва солмоқ маърузачилар етказиб бердик, энди мактаб ва тарбия йўли билан чирайлик сўзларни чирайлик қилиб ўқийтурған қироатчилар, хатиблар етказиб берайлик.

______________________
«Шарқ ҳақиқати» газетасининг 1929 йил 6 февраль сонида «Чўлпон» имзоси билан босилган. «Адабиёт надир» мақолалар тўпламида қайта чоп этилган.
«Шарқ ҳақиқати» газетаси асосида нашрга тайёрланди.
Шчепкин Михаил Семёнович (1788 – 1863) – рус актёри, рус саҳна санъа­тида реализм принципларини бошлаб берган.
Мочалов Павел Степанович (1800 – 1848) – рус трагик актёри.
Садовский Пров Михайлович (1818 – 1872) – рус актёри. СССР халқ артисти. Юқоридаги учала артист Москвадаги Малий (Кичик) театрда хизмат қилишган.
«Биринчи Бадиий театру» – бу ерда Москва Бадиий театри назарда тутилган, кейинроқ театрга «академик» унвони берилган – МХАТ.
Качалов (Шверубович) Василий Иванович (1875 – 1945) – рус совет актёри. Ҳамлет рўлининг ижрочиси. Чўлпон билан Москвада яқин муносабатда бўлган. Дилшод Олимжон ўғлининг хотирлашича, Качалов билан Чўлпоннинг «борди-келдиси бўлган».
Москвин Иван Михайлович (1874 – 1946) – рус актёри, СССР халқ артисти.
Корш театруси – Россиядаги императорлик театрлари монополия­си тугатилгандан сўнг ташкил этилган биринчи хусусий театр. Корш Фёдор Андреевич (1852 – 1923) – рус театри арбобларидан бири, ­антрепренёр. 1882 йили хусусий драматик театрга асос солган.
Блументал-Тамарина (Блюменталь-Тамарина) (қизлик фамилия­си Климова) Мария (1859 – 1938) – рус совет театри артисти. СССР халқ артисти (1937).
Цветаев Павел Александрович (1898 – 1957) – рус совет театри актёри.
«Сулаймон ўртоғимизнинг «минбар адабиёти…» – Шокир Сулаймон (1900 – 1942)нинг сочма шеърлари назарда тутилмоқда.