Абдулҳамид Чўлпон. Эпизодик рўллар устаси (1934)

(Артист Ғулом Исомов)

Ёнғоқ сингари чаноғидан бўртиб чиқиб турган кўзини менга тикиб ёнимда ўлтуради. Жуда кам кулади бу йигит. Ўлтирган жойида бир тиззасини баландрак кўта­ради-да, уни икки қўли орасиға олиб, икки қўлининг бармоқларини бири-бирига киргизиш билан тиззасини бир навъ кишан орасига олади. Саҳнада кўп йиллик хизмати бор эмасми? Омонсиз «грим» ўз ишини қилған: юзида юқоридан қуйиға томон зўр-зўр узун-калта ажинлар… Юзининг ўзи ҳам гримга қобил: кенг, текис, учлик ва кенг бурни Қафқасия одамлариникига ўхшайди. Ўзига жуда келишиб тушган… Тиётр ишларидан ва ўз рўлларидан тўхтаб-тўхтаб менга гапиради ва гапирганда ўнг қўлининг бош бармоғини қур-қур кўтариб қўяди. Цирк санъаткорларининг суяксиз гавдаси каби жуда эгилувчи бармоқлари бор. Майин ипакдай гапиради. Енгил хиргойиларини айтмайсизми. Айниқса, Қафқасия халқларининг куйлари тамоман деярлик аксентсиз чиқади. Суҳбатбоблиги маълум.
Мен унинг рўл танлаб режиссўрлардан хафа бўлганини эслаёлмайман. Бу йигит «катта-кичик рўл йўқ, яхши-ёмон актўр бор» деган ҳикматли гапни яхши билатурғанға ўхшайди. Режиссўрлар ҳам саҳнада унинг ким эканини яхши биладилар, унинг саҳнавий «маска»си равшан. Шу учун рўллар, аксари, ўзига боб чиқади. Агар боб бўлмаганда ҳам, у ўзи ишлаб боблайди. «Муштумзўр»* пиесасида жуда эпизодик бир рўл бердилар, ёзувчи у рўлни менсимаган, яъни унга ҳеч нарса бермаган. Ниҳояти бир қишлоқ муаллими ёнига кириб бир ариза ёздиради, тамом. Сўз жуда кам. Ғулом Исомов рўлни ишлайди, уста бир санъаткор каби унга энг яхши бўёқларни беради. Бир-икки чўтка уриш билан бир қишлоқ чоли яратиладики, у кўрганнинг эсидан сира чиқмайди. Чол жуда қариғанидан мияси айниб, алжираб қолған. Унинг шу хусусиятини Исомов тақлид қилиб бўлмаслик даражада тўла гўзал ва тўғри беради.
Паст рутбали Бухоро амалдорларидан оқсоқол типини бизнинг саҳнамиз тўла маъноси билан Исомов орқали кўрган бўлса керак. («Арслон» пиесасида.) Исомовнинг у оқсоқолини инқилобдан бурунғи ҳамма оқсоқолларнинг типик бир намоёндаси қилиб олганимизда ҳам ютқизмаймиз. Ҳақиқатда биз «Арс­лон»да тўла бир оқсоқол типини кўрамиз.
«Наърангни торт, Хитой»да қайиқчи чолни ўйнайди. Мен у асарни устоз Мейерхўлд тиётрида ҳам кўрганман. Шунча кўб массали кўринишларда Исомовнинг қайиқчиси ўзини ажратиб кўрсата олади.
Хуллас, саҳнамизда эпизодик ва характер рўллар етарлик даражада кўп, Ғулом Исомов шу учун мижозига боб келган рўлларга бой (уста Марайим – «Рустам»да*; Марайим тажанг – «Ёндирамиз»да*; Маркиз де Фурлен Пополи – «Мусофирхона бекаси»да*; Почта бошлиғи – «Терговчи»да; Козимбек – «Тарих»да*, Мистер Гавкер – «Шодлик кўчаси»да*).
Яхши тиётрлар ёлғиз «катта» рўлларда ўйновчи актўрлар билангина яшамайди, айниқса, бизнинг буюк элимизда!.. Ғарбда санъаткор тақдир этилмак учун мутлақо «юлдуз» бўли­ши керак ё гўзал хотин… Бизда эса ҳар кимнинг қуввати ва қуд­рати, истеъдод ва ҳунарига яраша жой ва ҳурмат таъмин этилган. У ҳурматга сазоворлар орасида Исомов ва унинг қаторидағи санъаткорлар ҳам яхши ва қизиқарли ўрун олганлар.
Эпизодик деб аталган рўлларда саҳнага бир нафас чиқиб кўриниб, яна қайтиш билан бутун пиесага жон бериб юборадурған усталарни биз тақдим этамиз.

_____________________
Мақола «Машъала» журналининг 1934 йил 4-сонида «Чўлпон» имзоси билан босилган. Кейин «Адабиёт надир» мақолалар тўпламида қайта нашр этилган.
«Машъала» журнали асосида нашрга тайёрланди.
«Муштумзўр» – Чўлпон пьесаси. 1928 йили саҳна юзини кўрган.
«Рустам» – У.Исмоилов асари. 1926 йили саҳна юзини кўрган. Аниқ бўлмаган маълумотларга қараганда, Чўлпон «Рустам» драмасининг майдонга келишида фаол иштирок этган.
«Ёндирамиз» – К.Яшин асари. 1932 йили саҳна юзини кўрган.
«Мусофирхона бекаси» – К.Гольдони асари. 1934 йили саҳна юзини кўрган.
«Тарих»да – Зиё Саид ва Назир Сафаровнинг «Тарих тилга кирди» драмаси назарда тутилмоқда.
«Шодлик кўчаси» – Н.Зархи асари. 1933 йили саҳна юзини кўрган.