Абдулҳамид Чўлпон. Саҳна сирларига ошно санъаткор (1935)

(Хизмат кўрсатган артист Лутфулла Нарзуллаев)

Ўзи ўрта бўйлик, ўрта жуссалик, кулган вақтида кулгисини бутун юзига ёйиб юбориб – кенг-кенг кулади; бировга қараб кулганида кўпрак кўзлари, айниқса, кўзларининг икки чеккаси ҳаракат қилади. Юзида эски турмуш бепарволигининг излари қолған: билинар-билинмас чечак доғи…
Саҳнанинг юз ўзгартириш (грим) деган нарсаси бу ёш одамнинг юзларини бошқа ҳар бир актўр каби ҳалитдан қарита тушган, юзида юқоридан қуйиға томон бир неча ажин чўзулади. Лутфулла* ёйилиб кулганда у ажинлар бой камалакдай яққол гавдаланадилар. Овоз, одатда, унча эркакча эмас, ингичкарак. Лутфулланинг қудрати ҳам шундаки, ўша ингичка овозини ўз жойида янада ҳам ингичкалаштирмак билан («Ҳужум»да* Эшон) томошачига унутилмас завқлар беради.
1926 йилларда бўлса керак, Лутфулла Масков драм истудия­сининг талабаси эди. Уни ўшанда биринчи мартаба бутун дунёга донг чиқарған франсуз адиби Мўлйернинг машҳур «Хасис» деган асарида кўрдим. У вақтда Лутфулла, агар янг­лишмасам, оддий бир хизматчи рўлини ўйнарди. Ниҳоят даражада енгил ва шўх ўйнагани учун истудиялилардан унинг кимлигини сўрадим, «Бухородан келган ёш кучлардан бири», – дедилар. Шу учун бўлса керак, унинг ва у билан келган ёшларнинг тилларида ўзбекчанинг ғализ бир сўзланиши бўларди. Кейинча Лутфулла, Саъдихон*, Исомов* ва Шариф ўртоқлар* у ғализлиқни енга олдилар. Саҳнада биз ҳозир ҳеч бир тил ғализлиғи сезмаймиз.
Лутфулла Бухоро шаҳар ўзбекчасининг ўша ғализлиғидан ҳам, юқорида айтганимдек, жуда яхши фойдалана билди. «Ҳужум»даги Эшон рўлининг Лутфуллага «қуюлиб тушганини» ҳамма билади, шу «қуюлиб тушуш» сабабларидан бири, шубҳасиз, ҳалиги ғализлиқдир. Негаким уни бизнинг Лутфулла жуда усталик билан ёғдай силлиқ қилиб ўтказади ва биз сезмай қоламиз!
«Ҳужум» нақадар ғайрижиддий ва енгилтак нарса бўлса ҳам, ўзбек совет саҳнасида бир неча йил гулдек умр кўрди. Уни жиддий ишдан сўнг чинакам дам олмоқ истаган томошачи ҳамма вақт кўнгулдан олқишлади. Бунинг бош сабаби, албатта, саҳнамизнинг оригинал кулги асарларга бўлган эҳтиёжи эди. Совет драм ёзувчиларининг, умуман, қалам аҳлининг юзини қизартиб бўлса ҳам шу ерда айтиш керакки, яхши кулги асарларга бўлган эҳтиёжимиз ҳали ҳеч бир қониқтирилғани йўқ. Биз таржума йўли билан Ғарб ва рус классиқларини яна кўп кўрсатишимиз керак. Фақат оригинал кулги асардан майдонда ҳеч нарса йўқ! Бу эса, ҳеч шубҳасиз, ғайритабиий бир ҳол.
«Ҳужум» пиесаси саҳнага чиққан ҳолатида фақат уч муҳим омилнинг қўлида бўлади ва шулар унинг ғалабасини таъмин этадилар: 1. Турсун Ўроз ўғли (Қаландар бола). 2. Эшон. 3. Табиб. Шу уч омилнинг чолғу тиётрида барбод қилиниши бутун асарнинг ҳам саҳнада нест ва нобуд қилинишиға сабаб бўлди. Музаффар отанинг «Ҳужум»и Лутфулласиз, Саъдихонсиз ва Сорасиз «Ҳужум» – соғлом кулги бературған томоша эмас*, томошачининг ғазабини келтиратурған бир онглашилмаслик эди. Уста актриса Лутфихонимнинг* у қадар енгил сакрашлари ҳам ҳалиги камликни тўлдира олмади. «Ҳужум» яна саҳна юзини кўратурған бўлса, ишчи томошабин, ўзининг эски қадрдонлариға яна қовушмоғи лозим.
Ҳар қандай ижодий асарни ҳам ишлаб пишитадилар. Шоирнинг шеъри, насрчининг рўмон ё ҳикояси, бастакорнинг чолғу асари, чолғучининг бажармаси, ҳатто заргарнинг чиройлиқ балдоқ ё шокилдаси, йўнмачи устанинг нафис ишланган йўнмакор асари… булар ҳаммаси ишланиш орқасида пишади, етилади, қимматли асар ҳолига келади. Бу нарса, айниқса, тиётрда кўп сезилади. Тиётрда яхши актўр рўлни ишлаб пишитатурған актўрдир. Лутфулла бу хусусда кўпларга ўрнак бўла билади. Биз Лутфулланинг ўйинларида бир нарсани доим очиқ кўриб ва сезиб турамиз, у ҳам бўлса табиийлик. Шу учун эмасмики, «Қўзи булоқ»да* қизнинг отаси рўлини ўйнаркан, бир қанча реп­ликалари билан зални ширин-ширин кулдуради.
«Ҳамлет»да ҳам шундай. Ундаги Полоний эслик, зийрак, билимдон ва мустақил фикрли шаҳзода Ҳамлетга қарши қў­йил­ған эси паст, маҳмадона, саёз билимли ва қатъиян ўз фикри бўлмаган аҳмоқ бир чолдир. Шекспир унга шу тавсифга яраша сўз берган. Агар у сўзларни эплаб, келиштириб айтолмаса, чолнинг саҳнада борлиги қуруқ бир суратдан иборат бўлуб қолади. Ҳамлетнинг сўзларини залга етказиш, менингча, Полоний сўзини етказишдан оғир эмас, чунки Ҳамлет жуда актив одам, пиесада ҳамма имкон унга берилган. Бутун курашни у олиб боради. У ҳислар, хаёллар, ўйлашлар, тушунишлар билан тўла. Уни ўйнаган актўр истар-истамас унинг сўзларини томошачига еткизишга мажбур, акс ҳолда, «Ҳамлет» деган бир асар саҳна юзида қолмайди, қололмайди. Ҳолбуки, Полоний томошачига етмаса, кўплар бунга қунт ҳам қилмайдилар. Ҳамлетни таъқиб этиш билан овора бўлуб бошқаларға аҳамият бермайдилар. Ёзувчи унча-мунча чакана одам бўлсайди (Шекспир бўлмасайди), Ҳамлетдан бошини кўтаролмас, бошқаларни қуруқ бир сурат қилиб қўярди. Фақат у доҳий ёзувчи бўлгани учун бинонинг бош бўлагини жуда яхшилаб ишламак баробарида ёни-беридаги кичкина (ёрдамчи) бўлакчаларни ҳам унутмаган, уларни ҳам боплаб ишлаган, ишлаб еткизган. Лутфулланинг Полонийсини кўрганда қўювчиға ҳақ бергинг келади; қўювчи Полонийнинг аҳамиятини тушунган, шунга кўра, у рўлни Лутфуллага берган. Лутфулланинг Полонийси томошачига етди. Томошачи унинг кўп сўзларига ёзувчи кўрсатганча кулади.
Лутфулла – Полоний кўп жойда зални кулдура олади. У парда орқасида беҳуда бир тасодиф билан ўлиб кетгач, унга ачинганлар унинг бу қадар аҳмоқ бўлушига ачинадилар. Ачиниб туриб ҳам кулушдан ўзларини тўхтата олмайдилар…
Лутфулла асосан кулдирувчи актўр эмас. Унда кулдиручилик – қизиқлиқ важҳидан ижод қуввати йўқ, яъни у, айтайлик, Ҳожи Сиддиқ марҳум ва Миршоҳид каби ҳозиржавоб ҳам эмас (бу иккала қизиқнинг ҳозиржавоблик санъатини ҳам унча юқори қўймайман; ҳар ҳолда, чўмучга чиққундай бир нарса бор). У асарнинг ўзида бўлган кулгили репликани ғоят табиий, тўғри бера оладики, ана шу нарса залнинг кулгисини таъмин этади. Турмушда кулунатурған жойлар бор; аммо у жойларни саҳнада ясамалик билан берилганда кулги чиқмайди, балки, аксинча, табиий, турмушдагидай қилиб берилса, кулги чиқади. Ана ўша табиий ўйнаш орқасидадирким, Лутфулла саҳнада вақтида ҳеч бир такаллуф, айниқса, зўр бериш деган нарсани билмайди. Дуруст, саҳнада кечирма (переживание) билан ўйнаш йўсуни бор. Бизнинг кўпгина актўрларимиз бу йўсунга ўзларини яқин келтирмасликка тиришиб: «Йўқ, мен кечирма билан ўйнамайман!» – десалар-да, уларга унча ишонолмайман. Ёлғиз техника билан ўйнаш учун жуда зўр санъаткор бўлуш керак. Актўр ўз рўлига қизиқиб ўйнаса, бир оз кечирмага ўтмай иложи йўқ. Фақат ҳунар шундаки, оқил пойлоқчиси ҳамма вақт пойлаб турсун ва актўрга унинг саҳнада эканини, бутун бу нарсалар бир ўйиндан иборат эканини, саҳна чегараларидан чиқиш ярамаганини доим эслатиб турсун.
Марҳум Сиддиқ ҳожидай моҳир актўрларимизнинг энг дардли жойи шу пойлоқчидан, шу тенгшовчидан маҳрумлиги эмасмиди? Сиддиқ ҳожи саҳна қонунлариға кўпда унаган актўр эмас… «Ҳужум»да шу нарса равшан кўрунади: эшон билан табиб – икки мустақил олам, балки бири-бирига қарши қўюлған оламлар. Рўлни пишитиш хусусидаги жидди-жаҳди, ўзидаги қобиллиқ ва истеъдодга ҳеч бир гумоним бўлмаган Саъдихон табибни ўйнаркан, шамолга тутулган оловдай бе­зовта бўлуб, ортиқча берилиб ўйнайди; аксари саҳна чегараларидан ҳам чиқиб кетади. Лутфулла эса бунинг тамом акси: у ҳар бир ҳаракатини нўтага ўйдурган балет ўйинчиси сингари салмоғлиқ ва оғирлиқ билан ҳаракат этади. Шу билан, шубҳасиз, ютиб чиқади. Бу фарқ эшон билан табиб типларининг ўзидан келиб чиққан фарқ дегувчилар ҳам бор. Бу, менингча, янглиш даъво. Уйғур у икки типнинг туб чизиқларини олиб туриб умумий суратда йўрган-да, сўнгра актўрнинг ўз шахсий ижодига кенг йўл қўйған. Режиссўр Уйғурнинг ғалабасини таъмин этган сабаблардан бири, менингча, шу эди. Шу кенг йўлда Лутфулла ишлади ва рўлни сувдай силлиқ ва юмшоқ қилиб чиқарди.
Лутфулланинг саҳнадаги муваффақияти кўпрак унинг табиий талантидан келади. Шу талантни ўзи ҳам ишлаб, тарашлаб, силлиқлаб борса қандай яхши бўларди. Бу нарса, менингча, Лутфуллада бор бўлса ҳам, етарлик эмас. (Бу даъвони кўб актўрларимизга ёйиш мумкин.) Сўзлаш бойлигини етарлик даражада кенгайтириб уни навлаш хусусида Лутфулла ҳали ҳозиргача кам, жуда кам ишлаган. Полонийдек чолнинг юрушларига ҳам қарилиқ аломатлари бера билган (қалтираб юришлар) Лутфулла нима учун унинг овозига қарилиқ беришга урунмайди? Лутфулла Полонийсининг овозида риё­корлик – икки юзлилик, мудоҳана* хусусиятлари бор. Аммо қарилиқ асари очиқ эмас. Ишлаш билан буни ҳам қилиш мумкин. Буни Лутфулла билмайди эмас.
Яна бир танбеҳ: Полонийнинг бекорчи гапларни кўп гапиратурған чиройли ва пардозли сўз сотатурған маҳмадона бир аблаҳ эканини Шекспир жуда яхши кўрсатади. (Қирол ва қирўлича олдида Ҳамлетнинг Офелияга ёзган хатини ўқумасдан бурун айтган сўзлари.) Қўювчи Полонийнинг сергаплигини кўрсататурған у ажойиб монологни қўйилиш талабига қараб анча камайтирган. Лекин актўр ўша асл нусханинг ўзини қат-қат ўқуб, ўйлаб, умуман, маҳмадона, сергап ва сўз пардозига берилган одамлар билан кўпрак танишиб, ўша хил типларнинг ичига кириши керак эди. Лутфулла ўша жойни ўйнаганда биз шундай чуқур текширишлар бўлганини англаёлмаймиз. Ҳолбуки, турмушда ҳам шундай одамлар кўп!
Лутфулла – олдинги актўрларимиздан. Ишонаманки, у борган сари юксалажак, рўлни ишлаб пишитишга аввалгидан ҳам кўпрак зўр бериб давом этажак. Фақат саҳна санъати – айниқса, актўрники – жуда нозик санъат. Уни ёш боладай доим парвариш қилиб туруш керак. Саҳнада талантдан ташқари маданият ҳам керак. Бунинг йўли маълум: ўрганиш! Актўр энг аввал турмушнинг ўзидан (типлар, сўзлар ва ҳоказо), китоб мутолааларидан, лексия ва дарслардан, бошқа тиётр ва актўрлардан, ўз устозларидан ўрганади. Шуларнинг биргинаси камлик қилғанда ҳам, актўрнинг турган жойида депсангани билиниб қолади. Саҳна санъатининг сирларига мунча ошно бўлған Лутфулладан бизнинг кутганимиз доим олдинга қараб интилишдир.

___________________________
«Гулистон» журналининг 1935 йил 8 – 9-қўшма сонида «Чўлпон» имзоси билан босилган. «Адабиёт надир» тўпламида қайта нашр этилган.
«Гулистон» журнали асосида нашрга тайёрланди.
Лутфулла Назруллаев (1903 – 1962) – ўзбек актёри. Ўзбекистон халқ артисти (1945). Бухоро театрида (1920 – 1924) иш фаолиятини бошлаган. Мос­ква драмстудиясини тугатгач (1924 – 1927), умрининг охиригача Ҳамза театрида ишлаган ижодкор.
«Ҳужум» – 1926 йили Ўрта Осиё хотин-қизлар кенгашида эълон қилиниб, 1927 йил 8 мартдан бошланган хотин-қизларни озодликка чиқариш мақсадида бошланган сиёсий кампания.
Саъдихон Табибуллаев (1906 – 1992) – Ўзбекистон халқ артисти (1949). Бухоро педагогика билим юрти (1922 – 1924), Москвадаги Ўзбек драма студияси (1924 – 1927)да ўқиган. 1927 – 1992 йиллар Ҳамза теат­рининг актёри.
Исомов Ғулом – Ҳамза театри артисти.
Шариф Ғаниевич Қаюмов (1905 – 1973) – актёр ва режиссёр. Ўзбекис­тон халқ ар­тисти (1952). Москвадаги Ўзбек драма студиясини тугатган (1927). Фаолиятини Бухоро муаллимлар тайёрлаш билим юртида ўқиб юрган пайтидан драма тўгарагида қатнашишдан бошлаган ва Ҳожи Муин Шук­руллонинг «Мазлума хотин» пьесасида Тансиқой рўлини ўйнаган. Кейин Бухоро театрига ишга ўтган (1923), 1927 – 1973 йилларда Ҳамза номидаги театр артисти.
«Музаффар отанинг «Ҳужум»и Лутфулласиз, Саъдихонсиз ва Сорасиз «Ҳужум» – соғлом кулги бературған томоша эмас…» – Чўлпоннинг фикрича, «Ҳужум» спектаклининг томошабинларга манзур бўлишида М. Муҳамедовнинг постановкаси, Л.Нарзуллаев (Эшон), С.Табибуллаев (Табиб) ва С.Эшонтўраева (Турсун)нинг ижрочилик маҳорати муҳим омил бўлган. Аммо Чўлпон фикр билдираётган спектаклда созандаларнинг нўноқлиги спектаклнинг баланд савияда ўтишига монелик қилган.
Лутфихоним Саримсоқова (1896 – 1989) – машҳур театр ва кино артис­ти, СССР халқ артисти.
«Қўзибулоқ» – испан драматурги Лопе де Вега (1562 – 1635) асари. 1931 йилда Чўлпон таржимасида саҳнага қўйилган.
Мудоҳана (арбоб) – хушомадгўйлик, иккиюзламачилик.