Абдулҳамид Чўлпон. Ашулага ишқибоз (1935)

Яқиндағина Австриядан Галле деган бир ёзувчи хотин келиб, жумҳуриятимизнинг ҳол-аҳволи билан танишиб кетган эди. Ўзбекистон совет ёзувчилари союзи унинг шарафига кичкина бир мажлис қурди. Чет элдан келган аёл меҳмонни ҳурматлашга, табиий, кўпрак хотин-қизлар келган эдилар. Шулар орасида Ўзбек давлат музика тиётрининг коллективи билан бирга у тиётрнинг севимли артисткаси Ҳалима Носир қизи* ҳам бор эди.
Мажлис раиси ўртоқ Жавод Обидов бошқа ўктабр аёллари қаторида Ҳалимага ҳам сўз берди.
Ўзининг шўх ашулалари билан халқ муҳаббатини жалб этган Ҳалима мажлисда, издиҳом олдида яхши гапира олмаса, бунга нима дея оласиз? Ҳеч нима! Сўзлаш санъати бошқа, куйлаш санъати бошқа!
Ҳалиманинг соддагина қилиб сўзлаган бир неча оғиз сўзидан биз шуни англадикки, бизнинг бошқа ҳамма санъаткорларимиз, айниқса, аёллардан чиққан санъаткорларимиз сингари у ҳам тамоман буюк ўктабрнинг берган меваси. Яна ўша қисқа сўзлардан биламизки, унинг оиласи ҳам эскидан санъат севгучи, санъатга ошно бир оила. Онаси ёшлигидан чолғу чалиб, ашула айтишни яхши кўрган. Биринчи опаси чолғуни билади. Иккинчи опаси бир неча йил саҳнада хизмат қилған. Фақат, ҳеч шубҳа йўқки, инқилобнинг файзли қўллари тегмаса, Ҳалима букун кўриб турганимиз талантли, бошқа кўп ноёб талантларимиз сингари тўрт девор орасида қолиб забун бўларди.
Унинг тарбия йўли унча узун эмас: Тошкентдаги хотинлар намуна мактабининг 6-синфидан чиқиб, Бокудаги Озарбайжон тиётр техникумига киради* ва уч йилдан сўнг уни битириб чиқади.
Биринчи ўйнаган рўли «Талабалар ўйини» номлик комедияда Қамар хоним (бу асар таржума асарлардан, инқилобдан бурун рус саҳналарида кўп ўйналарди), сўнгги рўли «Гулсара»* трагедиясида Гулсара. Аммо бу «биринчи» билан «сўнгинчи» орасидаги масофа жуда узун. Бу санъаткорнинг ҳаёти қандай алвон ва қизиқ бўлганини кўрсатади. Чолғу саҳнасига ўткунча драм саҳнасида элликдан ортиқ асарга аралашганини Ҳалима ўзи гапиради. Драмда ўзининг энг севган рўллари ҳам бор: марҳум Жаъфар Жабборли (озарбайжонли)нинг тўнғуч асари деса бўлатурған «Ойдин»да Гултакин рўли. Бу рўлни жуда яхши кўрган. Драм саҳнасида унинг бир ўзига уч Қумрини ўйнашга тўғри келган.
Ҳалимада санъатни ингичка тушунишлик бор. Унинг Гултакин рўлига бўлган муҳаббатидан ўша тушунишнинг даражасини билиш мумкин, чунки моҳир драм ёзувчи бўлган Жаъфар Жабборли «Ойдин»ни фақат Ойдинбек билан Гултакин хоним учун ёзган дейиш мумкин. Бутун воқеа бир ҳовуч қилиниб, ниҳоят даражада сиқиб келтирилган у санъаткорона асарда (Жаъфарнинг сўнгги асарларига нисбатан эмас, умуман, драм асари бўлуш жиҳатидан анча санъаткорона бўлган «Ойдин»да) ҳар қандай талантли артистка учун ўз кучини истаганича кўрсата олиш, бундан ташқари, бутун қалбини асар қаҳрамонининг қалбиға қуйиб юбориб, шу билан жуда самимий бир қаҳрамон яратиш имкони бор. Ҳалима буни яхши кўра билган.
Драм тиётрларимиз (Академик драм, Андижон давлат тиётри)да турли-туман рўлларни ўйнаб ўзини иқтидорли артистка сифати билан кўрсатгандан кейин Ҳалима бутунлай чолғу тиётрига ўтиб кетади. Овози жуда баланд, ўзи ашулага уста бўлганидан кейин бу ўтишдан табиийроқ нима бор? Ўзи ҳам: «Ашулани севишим мени драмдан чолғуға олиб келди», – дейди.
Драмда ўйнаган катта-катта рўллари билан («Турондод»да Турондод, «Қарол»да Клариче (Нозлик келин), «Ҳужум»да Ҳужумхон (Турсун Ўроз ўғли), «Икки коммунист»да* Дилбар). Биз унда бир неча яхши хислатларни кўрамиз: мимика бойлиги, саҳнада ўзини эркин тутушлик, балки бир даража шўхлик, тил равонлиги, сўзларни тўғри бериш ва ўткур овоз воситаси билан сўзни томошачига еткизиш. Камчилик жиҳатини олганда – рўлни чуқур ишламаслик, жиддий қаҳрамонларнинг енгиллиги ва шўхлиги бўртдирилгани ҳолда, уларнинг оғир ва фожиалик томонларига қунт қилмаслиқ… Ўзи: «Характер рўллар билан севгучи-севилгучи рўлларни яхши кўраман», – дейди. Тихонович* «Икки бойға бир қарол»нинг комедия эканини жуда яхши биларди; асарнинг бу жиҳатини у жуда бўртдириб берди, озгина бир фожиалик ва оғир жой бўлса (Клариче рўлида шундай жойлар бор), уни мумкун қадар четлатишга ёки рангини суюқлатишға ҳаракат қилди. Агар шундай қилмаса, Ҳалима Кларичени ўйнай олмас эди. Ҳатто «Ҳалима»да ҳам (айниқса, «Гулсара»да!) Ҳалиманинг эзилиб, хафа бўлуб фожиа ўйнаб ётганини кўрсам кўпда ишонолмайман. Аммо «Аршин мол олон»да Ҳалима Узаирбек эркасининг худди ўзи (яна хафаликка берилмаган жойларда).
Ҳалима энди бутунлай чолғуники бўлди. Чолғу тиётрида ҳам «Гулсара» сингари жиддий трагедиялар қўюлиб турар экан, бизнинг бояғи фикрларимиз ўз кучини сақлайди.
Чолғу тиётрида, табиий, биринчи ўрунни овоз олади. Худди шу овоз масаласи бизда ечилмаган бир муаммо бўлуб туради. Эски маънидаги овоз устозлари, овоз техникасининг катта усталари (Тўйчи ака*, Ҳожи Абдулазиз*, Домла Ҳалим* ва ҳоказолар) ўзларида бўлган бутун техникани берган вақтларида ҳам бу куннинг талабини тугал қондирармидилар? Тўғридан-тўғри айтмоқ керакки, йўқ! Биз букунгина эмас, эртани ҳам ўйлашга мажбурмиз. Бизнинг улуғ мамлакатимиз ва буюк халқимиз эртага букундан ҳам кучлирак, ҳакимрак ва бахтлироқ бўлади, демак, талаби ҳам шунга кўра ошади. Биз овоз муаммосини ечмасдан иложимиз йўқ. Ҳалима ўзи ҳам шуни тушунган. Кузда Масковга ўқуғали кетади. Ўзининг бу кунги кучли овозининг давримиз талабларига тўла жавоб беролмаслигига Ҳалима иқрор. Бир қанча Ғарб патефон лаппакларини тўплаб олиб, шуларни тинглайди, тинглатади ва шулар тўғрисида алланималар демакчи бўлади. Демак, у ахтаради, излайди, изланади. Ўз устозларимизнинг овоз техникасидан ҳам кўз юммасдан Ғарб техникасини яхши ўзлаштириш, маданий ва ишланган овозга эга бўлуш ҳар бир овозли йигитимиз ва қизимизнинг вазифаси бўлуши керак.

________________________
Мақола «Гулистон» журналининг 1935 йил 7-сонида «Чўлпон» имзоси билан эълон қилинган. Кейин «Адабиёт надир» мақолалар тўпламида қайта нашр этилган. «Гулистон» журнали асосида нашрга тайёрланди.
Ҳалима Носир қизи (1914 – 2003) – машҳур ўзбек опера хонандаси, Боку театр техникуми (1924 – 1927), Москва ўзбек опера студияси (1934 – 1937)да таълим олган. СССР халқ артисти. Ақжунус, Кармен, Лайли, Мажнун, Гулсара, Зайнаб, Майсара партиялари ва мумтоз халқ қўшиқлари ижрочиси.
«Бокудаги… техникумга киради…» – 1925 йили бир гуруҳ талантли ўзбек ёшлари: Ҳ.Носирова, С.Олимов, X.Хўжаева, Н.Алиева ва бошқалар Бокудаги М.Ф.Охундов номли театр техникумига ўқишга юборилган. Ҳ.Носирова техникумни 1927 йили тамомлаб, драма театри артисти сифатида иш бошлаган. 1939 йилдан Ўзбек давлат опера ва балет театри солисти.
«Гулсара» – Комил Яшин асари. 1934 – 1935 йилларда ёзилган. Муаллифнинг «Ўртоқлар» (1930), «Ёндирамиз», «Ичкарида» (1932) пьесаларининг қайта ишланган нусхаси.
«Икки коммунист» – К.Яшин пьесаси. 1928 йилда ёзилган. 1934 йилда қайта ишланган нусхаси «Тор-мор» деб аталган.
Тихонович В. – 20 – 30-йилларда Ҳамза номидаги театрда бир неча асарларни саҳналаштирган режиссёр.
Тўйчи ака Тошмуҳамедов (1868 – 1943) – машҳур ҳофиз. Меҳнат қаҳрамони (1927). 1900 йилда Эрон, Туркия, Миср, Италия ва Ҳиндистон бўйлаб ижодий сафар қилиб, шу мамлакат халқларини ўзбек қўшиқчилик санъати дурдоналари билан таништирган.
Ҳожи Абдулазиз Абдурасулов (1852 – 1936) – машҳур ҳофиз, Самарқанд халқ ашулачилик мактабининг йирик намояндаси. Ўзбекис­тон халқ ар­тис­ти (1932).
Домла Ҳалим Ибодов (1978 – 1940) – Ўзбекистон халқ ҳофизи (1931). 19 ёшидан бошлаб кенг диапазонли, камёб лирик овози ва ижрочилик маҳорати билан донг қозонган, кўплаб мақомчи хонандаларга таълим берган.