Ҳозир «Қизил Ўзбекистон» ва «Правда Востока» газеталарининг эълонлари қисмини ўқиганлар «Ҳамза» тиётри эълонларига ҳар кун дуч келадилар. Тиётрнинг дам олиш кунларидан бошқа ҳар куни томоша бор. У эълонларни ўқувчилар бизнинг тиётримизда ҳам бошқа маданий халқларнинг тиётрлари сингари бир асарни бир мавсум ичида қайта-қайта қўйилганини кўрадилар. Агар ҳафсала қилиб бир асарнинг бир неча қўйилишига келсалар, тиётру залини ҳеч вақт томошачидан холи кўрмайдилар. Ўзбек томошабин оммаси ҳар қандай тиётру асарини ҳозир Иттифоқнинг бошқа ҳамма томошабинлари сингари тегишли диққат ва ихлос билан қаршилайди. Томошанинг ўзини тайёрлаш ҳар нарсадан қийин бўлган. «Падаркуш» (Маҳмудхўжа Беҳбудий) даврларида эмас, ҳатто «Шайх Санъон»дай нарсалар саҳнага чиқарилган Карл Маркс тўдаси даврларида ва ҳатто мундан 7 – 8 йиллар илгари ҳам юқорида айтилган ҳолни фақат ширин хаёл қаторида тасаввур қилиш мумкин эди. Мана шу кичкинагина масаланинг ўзи ҳам тиётримизнинг шу қадар оз фурсат ичида ҳатлаб ўтган узун масофани очиқ кўрсатадир.
Тиётрумиз Масковнинг биринчи истудиясини тугатган ўртоқлардан иборат ўлароқ, мундан етти йил бурун (1927 да) Самарқанд шаҳарида тузилди. Унга қадар ўтилган даврни қолдириб туриб, ундан кейин ўтган шу 7 йил ичида менинг кўз олдимда ўтган гўзал бадиий образларни бир эслаб ва эслатиб ўтмоқчиман.
Сўз актўрларнинг айрим гўзал ўйинлари устида.
«Турондод» истудиянинг мактаб китоби қаторида бўлганидан, табиий, сўз ўшандан бошланади. Унда кўзга энг илгари келиб тўқтай турган бадиий ўйин Аброрнинг Калафи, Соранинг Адельмаси эди. Ҳатто Масковнинг ўзида Турондоднинг сўз машқи (қироати) кетаркан, Сорадаги драматик қувват вахтанговчи муаллимлар билан бирга ҳаммамизни дарров ўзига жалб этган эди.
Сора қироат чоғида рўлни тўла маъноси билан драматик қилиб ўқиди. Шу учун Адельма рўлида Сорага эркинлик бериш, яъни драматик қилиб ўйнашни қабул қилиш истаклари ҳам синалар эди. Фақат шу нарса қўйилманинг туб йўлига зид бўлганидан Соранинг ипини тортишга тўғри келди. Шунда Сора тор чорчўплар ичинда сиқила-сиқила яна рўлнинг драматик жиҳатларини бўрттирди, мумкин қадар қавартирди ва кучли олқишларни ҳам шунинг учун олди. Эсимда, Ўзбекистон коммунистларининг синоқта раҳбари Акмал ака шу томошадан кейин Сорани чақиртирди ва бир-икки ташвиқловчи сўз айтди. Ўзбекистонга келгандан кейин ҳам Соранинг индивидуал қиммати – Адельма рўлини драматик асослар устида олиб боришга зўр берди. Шу учун қўйилманинг асосларидан келиб чиққан ҳолатлар билан Соранинг руҳий майллари ўртасида кураш чиқар эди. Натижада қўйилманинг асосий йўли зўр келар ва Соранинг таъсирли монологлари ниқобдорларнинг шўхлик шовқинлари остида кўмилиб кетарди.
Мен Адельма рўлида Сорадан кейингиларни ҳам кўрдим. Бугунги Адельмада ҳам драматик майллар йўқ эмас. Фақат Адельмани яна ҳам шиддатли ва ўткир қилиб кўрсатадиган бу кунги образ Сорадаги қадар чархланиб қайралган ва эговланган эмас. Унга, албатта, вақт керак.
Сорадаги майл Аброрда йўқ эди. Калафнинг Турондод суратига ошиқ бўлиши чоғларида, сўнгра зиндон пардасида Аброр ҳам асарни жиддий драматик рельсларга солиб кўрди. Фақат Аброр, ўзимизнинг эски Аброр, уни Сорадан кўра устароқ ва эпчилроқ қиларди. Турондод сурати устида бир оз вақт жуда яхши ва тамом драматик ўйин бергандан кейин у бирданига уйғонгандай бўлар ва буюк Вахтангўфнинг кучли афюнига берилиб яна ўйинга, ҳазилга қайтарди.
«Турондод»да Аброрнинг қўлига дутор берганлар. Аброрда бўлган бояги майлдан бехабар бўлсалар керак.
Икки оғиз сўз Турондод хусусида. Марҳум Турсуной талантли артисткамиз бўлса ҳам, Турондод рўлига сингишмаган эди. Турсунойдан сўнг ўйновчилар орасида ундан дурустлари бўлди. Фақат Турондод ҳалигача ўз кишисини тополгани йўқ.
«Ёрқиной» пиесаси устида қанча танқид қилинмоғи мумкин. Ёзувчи кўнади. Фақат Етим томонидан яратилган Кал рўлига индамасдан қўл кўтаришдан бошқа чора йўқ. Етим «Ёрқиной»да ўзбек саҳнасида тенги йўқ бир образ яратди. У образнинг ўзи устида мубоҳаса бўлиши мумкин. Эски достонлардаги Доғули образини Етим Америка кинўстудияларидаги тез суръатли ўғри ёки жосуслардай берди. «Мунча тезлик ва чаққонлик», – деганлар бор. Мен бу жанжаллик масалани музокара қилмоқчи эмасман. Мен фақат шунигина дейманки, ўша эътирозчи ўртоқларим Етимнинг тўла ва мукаммал Кал яратганини инкор қилмайдилар. Дарҳақиқат, уни инкор қилиб бўлмайди. Сўнгра мен Етимни «Бағоват»да кўрганман. Қамчи билан этигига ургувчи бойбачча офицер. У ўзининг юриши билан ўша офицерга бошқача бир характер беради.
«Қарол»да Етим берилиб, астойдил ўйнамади. Чунки қўйилма унга ёқмасди. Шу учун бу моҳир актўр унда ўзини кўрсатолмади. Унинг Бригелласи хом узилган нонга ўхшарди. Айб ўзида.
Ҳозир Етим режиссўрликка кетди. Мен тиётримизнинг бахти учун Етимни актўрликдан бергим келмайди.
«Ҳужум»ни Ян ва мен билан бирга Лутфулла яратган десам хато бўлмайди. Нима деса десинлар, парда очилгач, саҳнадан актўрдан бошқа ҳеч ким қолмайди. Муҳаррирлар биринчи қаторда (залда), қўювчи дирекция ложасида, рассом кулис кетида қолади. Саҳнага актўр чиқиб, томошачига актўр кўринади. Томошачи асарни актўрдан олади.
Лутфулланинг Эшони турмушдаги эшонлардан эмас. «Ҳужум»нинг ўз қўйилмаси ҳам турмушдан нусха олмайди. У турмушдан кулади, турмушнинг ёмон тарафларини масхара қилади. Шу қарашдан қараганда, Лутфулланинг Эшони тенгсиз асарлардан. Бошқа бир фурсатда Лутфуллага алоҳида бир-икки бет бағишлайдургон жойим бор. Шу учун уни фақат зикр қилибгина ўтаман.
Саъдихоннинг жиддий рўли «Терговчи»да Бобчинский эди. Кейин «Портфелли киши»да катта бир рўл олди. Иккала рўлни ҳам Саъдихон берилиб, астойдил ўйнади. Фақат унинг юлдузига тўғри келган асар яна «Ҳужум» бўлди. Саъдихоннинг Табиби (айниқса, мастлик пардаси) бутун ва мукаммал асардир. Унинг бошқа биров тарафидан такрор қилиниши мумкин эмас. Бу образ яхши иқлим сингари Саъдихонга яқин ва унинг маҳоратларини очиб беради. Табиб образи билан саҳнамиз Саъдихонни қозонган бўлса, Саъдихон ҳам ўз шуҳратини ўша образ билан топган.
Тобора ўсаётган бу актўрга «Ҳамлет»да жуда дадил бир нарса таклиф қилганлар. Кўрайлик, нима чиқар экан. Мен Саъдихоннинг кучига шак келтирмайман. Фақат унга бериладиган рўлнинг характерига қараб дейманки, Масков вахтанговчилари томонидан қилинган муваффақиятсиз ва келишмаган таъбир бизнинг саҳнамизда ҳам вахтанговчилар эришган салбий натижага олиб бормасин.
Бу синалган актўр ва актрисалар қайси бир маданий тиётрнинг яхши актўрлари қаторига қўйганингизда ҳам юз қизартмайдиган кучларимиз. Буларни шу қисқа муддат ичида улуғ инқилоб етиштирди. Инқилоб кечагина саҳнада ўйнаб ётган актўри, залдаги халқ чувиллашса, залга қараб «чувиллашманг» деган бир халқнинг орасидан шундай катта ва мукаммал, бутун маъноси билан маданий актўрларни етиштирди. …Миллий сиёсатнинг шубҳасиз ютуқлари орасинда бизнинг шул тиётримиз энг катта ва кўзга кўринарлик ютуқлардандир. Бунга юқорида саналган азаматларнинг ҳар бири жонли гувоҳ. Шу тиётрнинг тузилишида бир оз аралашиб қолганим учун бугун ўзимни ҳам энг бахтли кишилардан санайман.
Ёш тиётримизда жуда мустақил, қобил ёш кучлар бор. Биз, ёзувчилар, улар учун ширали ва тўла мазмунли образлар яратиб бермак билан бирга уларнинг портретларини ҳам ёзиб кенг меҳнаткаш оммаларига танитайлик. Мен ўзим шахсан бир неча кишининг портретларини ишлаб турибман.
Бошқа ёзувчиларимиз ҳам шу ишга аралашсинлар.
___________________
Чўлпоннинг 1934 йил декабрида ёзган мақоласи, номаълум сабабларга кўра ўз вақтида эълон қилинмаган. 1955 йилда Санъатшунослик институтининг захира фондидан санъатшунос олим Тошпўлат Турсуновнинг саъй-ҳаракати туфайли топилган ва илк бор «Гулистон» журналининг 2001 йил 2-сонида эълон қилинган.
«Гулистон» журнали матни асосида чоп этилмоқда.
Мақолада тилга олинган ҳозирги Миллий театрнинг артистлари ҳақида аввалги изоҳларда маълумот берилган.
«Портфелли киши» – А.Файко асари. 1930 йил 2 январда П.Алексеев саҳналаштирган.