Абдулла Қодирий. Бизда театру ишининг бориши (1919)

ТЕАТРУ ВА МУЗИҚА

Маълумдирки, бизим Туркистонда драма ҳам театрнииг тарихлари 1912 йилдан бошланиб, буларни қабул этканимизга етти йиллар бўлади.

1912 йилдан илгари Туркистонда татар қариндошлар тарафидан театр ўюнлари бўлуб турса ҳам табиий бизим турмушимиздан четдароқ бир руҳдаги асарлар ўлдиқдан ерли ёшларни у даражада ўзига жалб эта олмаған, тўғриси ул вақтда Туркистон ёшлари жуда оз ва шу нисбатда шеърий асарлардан йироқ масофада турарлар эди.

1912 йилдан бошлаб «Падаркуш» исминда ўз турмушимиздан олинған театр рисоласи Маҳмудхўжа Беҳбудий тарафидан майдонга қўйилур. «Падаркуш» рисоласи Туркистоннинг умуман деярли ҳар бир катга кичик шаҳарларинда мавқиъ томошага қўйилуб, ёшларимиз учун бир даража театру мақсади онглашилур. Мана шундан сўнг бизда театр масаласи бош кўтаруб, ярим-ёрти театр рисолалари ёза бошлаймиз. Бундай шеърий асарларни тақлид сўнгинда қабул этмак маданий миллатларнинг бир қонуни эса-да, бизда биринчидан, бу ишга янгилиқ ва матбуотсизлиққа, алалхусус бундай нимарсаларни танқид қилурға иқтидорлик мунаққидларимиз йўқлиғиндан шу кўйинча қабул этилиб, матбуот элагиндан ўтқузилмас.

Бу ҳол 1912-1917 йилгача давом этиб, 1918-йилдан эътиборан, маълум ҳар бир иш учун кенг йўл очилдиғи каби маориф ишлари учунда ўртадаги тўсқинлар олинғач, театрлар ёзмоқ иши ҳам ҳар бир қўлидан ёзув келадирған ёшлар ва ўқувчи шогирдлар учун бир эрмак ёки ҳавас шаклиға кирди.

Бу ҳол Туркистоннинг бошқа гўшалариндан кўра бизим Тошканд ёшлари орасинда кўбрак кўрилди. Бир нечаларини истисно ила, ўз имлосин тўғрилаб ёза олмағанлар, «драматург», «комик» ҳатто «оператўр» ҳам бўлиб майдонга чиқдилар-да («трагедия»ни ёзмағанларига шукр қиласан энди!) Тошкандни ола-чипор драма, комедия ва опералар ила тўлдирдилар. Буларни ўйналғали турли формадаги артистлар ҳам топилиб, ҳафтада бир неча мартабалаб театр кечалари бўлиб, Тошканд том бир маданий халқ турмушини онглататурған бўлди.

Бу театрулар халқимизга табиий таъсирларин бераларми, масаласига келганда маъаттаассуф биз иккинчи турли таъсир сезамиз: томошачилар театрни бекорчиликка эрмак ва ўзларининг эскидан қолма масхарабозлиқлари, дея қарий бошлағанлар. Ҳақиқатан ҳам, ўйлаб кўрганда, бизда театр ишининг бу равишда бориши ярим маданий халқимизға шундай таъсир қолдирмай мумкин эмасдир. Бир неча асрлардан бери сафсата ва сиҳрбозлиқлар ила заҳарланиб келмакда бўлған халқимизға адабий мактаб бўлур умидинда бўлдиғимиз театрнинг бу ҳоли ғоятда аянчлидир.

Театрларга халқимизнинг бу назарда қарай бошлови шубҳасиз театр асарларимиз аҳлсизлар тарафидан бажарилувидандир. Театр, турмушдаги етишмаган ва ортиқча ерларни кўз олдимизға мужассам этиб кўрсатувчи бир ойнадир. Иш шундоғ экан, биз ҳам ўз театрувимизни кўрганда турмушимизнинг аксини кўрмагимиз керакдир.

Лекин биз ўз саҳнамизда шу чоққача ўзининг санъаткороналиғ ила ичига киритиб юбориб асарлантиратурған на бир драма ва на бир комедия кўрамиз. Аммо кўрдик, маъаттаассуф, на драмалик номиға, на комедиялиғ отиға мувофиқ бир асар учрата олмадик. Қайси бир янги ёзилған драмасига қарама, бузуқлиқ, саҳна учун хиёнат!..

Комедия, дегач нима тўғри келса шундан кула бермак эмас, балки ўзининг туб шартига мувофиқ этиб кулмак, драма ёзғанда мавзуни турмушимизнинг нақ бир чирик жойидан олмоқ ва шунинг ила баробар адабиёт торозусига солиб ёзмоқ керакдир.

Боқингиз, муҳаррирлик ғурури ила ёзилған драмаларгаким, бунда бирисининг олдиғи мавзу ғоят аҳамиятсиз, турмушимизда йўқ, яъни фантазия шаклли бир нарса, иккинчисининг олған мавзуи аҳамиятли, лекин воқиъали тасвир йўли сўнг даража бузуқ, асардаги қаҳрамоннинг сўз ва иши характерига номувофиқ, диалог ўрнига монолог ишлатилган, монологни талаб этган бир ўрин бутун кўрсатилмаган. асар қаҳрамонининг ички сири очилмай томошачиларни қабзиятга еткурган ва актлар тўла кўрсатилмаган учун кўб ерлар мажҳул ва ҳоказо…

Шу яқин орада «Темир тўдаси»[1] тарафидан «Жадид-қадим»[2] исмли бир драма қўйилуб ўтди. Таассуфки, баъзи монеълар сабабли бу драмани кўра олмадим. Эшитувимға қарағанда, бу драманинг мавзуи исминдан ҳам маълум бўлувиға кўра, жадид ва қадим орасиндаги маслак кураши ила бошланур экан-да, натижа қадим жадидни ўлдируви ила тамомланур экан. Бу эса турмушимизда йўқ бир воқиъа. Дуруст, жадид-қадим орасинда маслак кураши бор, бу маълум. Аммо жадид қадимнинг бир-бирини ўлдиришмак даражасига етуви шу асарда биринчи мартаба кўрилур. Бу турмушимизда биринчи ихтиро!.. Дуруст, Бухорода қадимлар тарафидан (уламо фатвоси ила) кўб ёшлар қурбон этилди. Бунинг омиллари қора халқ ва ҳукумат эди. Аммо бизнинг бу ерларда бундай воқиъаларни юз кўрсатиши ҳеч эшитилмаган ишдир. Агарда бизда ҳам шундоқ яширин сирлар бўлса, ошкор этдиги учун бу асар муҳарририга ташаккур этамиз.

Хулоса, мундоқ келишсиз ишлар театр оламинда шу даража кўбдирки, буларни ёзиб кўрсатув учун бутун вақтни фақат шунга боғламоқ керак бўлур. Бу ҳолнинг давоми ёш саҳнамиз учун жиноят, суистеъмолдир. Бунинг каби эътиборсизликларни орадан кўтарув учун бирдан-бир чора бўлса, у ҳам танқид йўлидир. Лекин бундоқ ҳавасаки, майда-чуйдаларни очиб кўрсатиб, аҳли тарафидан ёзилған шеъриятли театр мажмуъаларнигина жавоҳиран очиб бературган бир мунаққидимиз йўқдир. Балки бордир, лекин майдонга чиқмилар.

Бундан бир неча кунлар муқаддам «Тўкма» театрининг бузуқлиғина қарши чиқған «Ишчи» ўзига бир даража кўнгил боғлатған эди. Лекин анинг ҳам айтмакда бўлдиғи танқидлар ёлғуз саҳна камчиликлари, артистларнинг ўюнни бузуқ ўйновлари ва шунга ўхшаш иккинчи даражадаги ўринларни танқидидан нариға ўтолмади. Меним бу дедигимдан «Саҳна ва артистларни танқид этув ноўрин эмиш», деган мақсад онглашилмасун. Албатта, булар ҳам ўз мавқеъинда тейишли ишлар, лекин демоқ истайманки, кенг маънавий жиҳатдан ўлдиқдан илгари театр асарларининг асл ўзини умумий адабиёт ўлчовина солиб операсия қилиб чиқиш биринчи мартаба лозимдир. Билсунки, асар саҳнага қўйилатурған бир нарсами ё йўқ.

«Ишчи»нинг этдиги танқидларидан ҳар бир чўпчак ҳам бир ҳақиқий асар бўлиб танилуб, ҳалиги дедигимиз иккинчи даражадаги тараф, тузук бўлса бас, деган мақсад онглашиладир. Бу камчилик эса «Ишчи»нинг оз тажрибалилиғиндан бўлса керак. Мен ўз тириклигимиздан кўпия бўлған шеърий асарларни кўпаювин тилайман. Тилаймангина эмас, ҳамон ҳарорат ила кутаман. Буни эса қўлидан ёзув келадурган ҳар бир кишидан эмас, ўзининг аҳлидан кутаман.

Ёшларимизнинг тарбия ери мактаб бўлса, катталаримизники театрулардир.

Катталаримизнинг мактаби ёзувчилиқ, педагўгларнинг ёздиқлари дарслар. Фантазия, уйдирмалар бўлмасин.

Турмушимизнинг акси — уста рассом томонидан олинған акс бўлсин, — дейман.

Жу-бой

«Иштирокиюн» 1919 йил, 11 декабр, 239-сон, 2-бет


[1] «Темир тўдаси» — ҳарбий ватанпарвар ёшлардан тузилган гуруҳлар бўлиб, улар мактабларда ташкилий ишларни бажаришган, болаларга жисмоний тарбиядан дарс беришган, пьесаларни саҳналаштирганлар.

[2] «Жадид-қадим» — шоир Хуршиднинг асари.