Абдулла Қодирий. Тиланчилик ёхуд енгил касб (1920)

Инсоният оламинда энг мазмум ва манфур бир иш бўлса, ул ҳам тиланчилик — сойилликдир.

Тиланчилик — илм-ҳунарсизлик орқали тарқалатурған бир мараз бўлғанлиқдан табиий бу касал бизим ислом оламинда кўбдир; шу даража кўбдирки, баъзи ислом мамлакатларинда, ойниқса, бизим Туркистонда бир касб тусини олмишдир. Бизим бу, тиланчиликни ўзлариға касб этиб олувчи зотлар назаринда гўё бу иш олар учун шаръий бир ҳунар ҳисоб этилур. Ватанимизда тамаъ ила умр ўткарувчи эшон, шайх, назрихўр, дуогўй, билмам тағи аллақандай дарвишлардан қатъи назар, очиқдан-очиқ тиланчилик этувчи қаландарларимиз, маддоҳ ва ашурочиларимиз, кўчама-кўча тентировчи эр-хотун, бола-бақраларимиз ва тиланчилик савдосинда шаҳар-қишлоқларда кезувчиларимизга қаралса, бизда тиланчиликнинг на даражада тараққий этиб, касб суратига кириб борғанлиғин кўрилур. Буларнинг ҳаммалари деярлик ишларга қодир кишилар бўлғанлиқдан шаръан бўлсун, виждонан бўлсун тиланчилик этарга ҳақлари йўқ кишилардир.

Қаландар, маддоҳ… исмли сафилларимизнинг ичида катта-катта бойлари бор бўлғани каби топқан оқчаларини қимор, нашахоналарда барбод берувчилари ҳам ўзларига етмаган шекилли, ёш, маъсум болаларини ҳам бу ёмон касбга қурбон этмакдадирлар. Бу бадбахтларга «Ўзинг-ўзинг, энди ўғлунгни ўқутуб бирор касб ўргатсанг яхши бўлмайдирми?», десанг: «Эй-й, бу касб бизнинг ота-боболардан қолиб келмакда бўлған иш. Ҳар кимга ўз ота касбини қилмоқ керак!», жавобини берадирлар.

Кўрасиз! Алар учун тиланчилик ўзи бир касб ота мероси! Исломият бунинг каби ялқов тамаъкорликға қаттиғ қарши бўлгани каби букунги ижтимоий олимлар ҳам жиддан қаршидир. «Тоғдан ўтун келтируб сотиб, шундан муҳтожларга садақа берувингиз тиланиб юрмоқдан яхшироқдир», деган каби ҳадислар тиланчиликдан, ялқовчилиқдан халқни қаттиғ манъ этадир.

Русия ижтимоий қўшма шўролар жумҳурияти ҳам тиланчиларга йўл қолдирмов учун «Ижтимоий таъминот» исминда кучдан-қувватдан қолмиш меҳнаткашларга ёрдамхоналар очмишлардирким, бу сойилликға қарши бир чорадир.

«Ижтимоий таъминот»лар бизим саломат вужудлик, юзлариндин қон томар маддоҳ, қаландар исмли енгил касбчиларимиз учун эмас, балки қари, ишка ярамовчи, кўр, шол касалли, сағир, етимлар ва шуларнинг амсоли учундир. Исломиятнинг бўлсун ва олими ижтимоиётнинг бўлсун бизнинг енгил касбчиларимиз бўлган маддоҳ, қаландар ва амсолига жавоби шулдир:

— Кучинг бор, вужудинг саломат ва ақлинг комил экан, ишлаб е! Бошқаларнинг қўлидағиға осилма!

Аммо биз бугун ҳаёти ижтимоия кечирур эканмиз, ҳануз бояги енгил касбчи сафилларимизнинг касбларинда мудовамат этувлари «дунё омиллари» шиори қаршисинда бунинг аксини ишловчиларнинг-да бўлинуви ғоятда таассуфли бир ҳолдир.

Ишка ноқобил заифаларимизнинг «Ижтимоий таъминот»лари бўлинатуриб-да, кўчаларда залилона кезинишлари бундай муассасаларнинг борлиғиндан бехабарликдан ёхуд илгариги сойиллик лаззатини унута билмаганликдан бўлуб, бунинг тевишли чорасига киришмак ўз аҳлининг биринчи навбатдаги вазифасидир.

Жубой

«Иштирокиюн» — 1920 йил, 20 феврал, 38-сон