Абдулла Қодирий. Эски шаҳар театру ҳаваскорларига (1919)

Маълумки санойи нафиса — театру бизим Тошканд мусулмон ёшлари орасинда жуда ҳам енгил бир иш онглашилганликдан фавқулодда бир бузуқликда давом этмакда бўлиб, улуғлар мактаби бўлган театру саҳналари аллақандай сафсата ва ноаҳил кишилар қўлинда бир ўйинчиқ бўлиб келмоқдадир.

Мундан сўнг ҳам шундай ҳолни давом этмови ва ўзларимизнинг ибратгоҳи бўлган саҳналарнинг ўз даражасинда бориши учун Эски Тошканд синфий иттифоқлар шўроси мусулмон театру ҳаваскорлари (любителлариға) шу тубанда кўрсатилажак қоидаларга риоя қилуб, театру қўюлариға таклифлар айтадир:

  1. Саҳнага қўйиладирған асарларни ўйналмасдан илгари Эски Тошканд «Артистлар союзи» ила шул асар ҳақинда мутолаа юритилиб, сўнгра саҳнага қўюлсин.
  2. Ҳаваскорларнинг ўз ролларини яхши онглаб ўйновлари учун «Артистлар союзи»дан репетисия вақтинда бир киши чақирулсин.
  3. Ўйналадирган бир асар ҳақинда «Артистлар союзи» ила келиша олинмаган тақдирда Эски шаҳар синфий иттифоқлар шўросига мурожаат этилсин.

Танбия: юқоридаги қоидаларга риоя этилмаган тақдирда риоясизлик кўрсатувчилар масъулиятга тортилур.

Эски Тошканд синфий иттифоқлар шўросининг мудири:

Муборакшоҳ.

Саркотиб: Абдулла Қодир.

«Иштирокиюн» 1919 йил, 24 октябрь, 202-сон