Абдулла Қодирий. Маъориф шўроси диққатиға (1919)

Сўйлаб ўлтурувнинг ҳам лузуми йўқдурким, бизим учун бир-бир масаладан ҳам илгарироқ мактаб масаласига жиддий қараб, камчилик-етишмаган ерларини такмил ва ислоҳ этмак маорифга чўл халқимизнинг диққатини шул нуқтага жалб этмак керакдир.

Бошқа ишларга эътиборсиз қараганимиз каби, бу маориф ишини ҳам мухмал қолдирсак вақтидан истиъфода этмаган, тушимизга ҳам кирмаган енгиликларга куфрони неъмат этган бўлурмиз.

Истибдод даврида биз мусулмон ёшларнинг кеча-кундуз мактаб-мактаб дея бақирдиқларимизни кўз олдимизға келтирсак, энди ўшал вақтда имтилган амалимизни кўз олдимизда кўрармиз. Иш шундоғ экан, энди ҳам танбаллик этсак, бутун масъулият келажак тарихда бизим устимизда бўлур.

Мундан бир неча кунлар илгари бир неча ўртоқлар ила мусоҳаба этишмоқда эдик. Мусоҳиблар ичида ибтидоий мактабларимиздан бирининг мудири… афанди ҳам бор эди. Миллатнинг истиқболи фақат мактаблар ила порлаяжағига имон келтирдиғимдан ҳалиги афандидан ҳозирги ибтидоий мактабларимизнинг боришиндан, бу йилги қишга мактаб ҳаётида ҳозирликдан саволлар бердим. Афанди шундоқ жавоб берди:

«Халқимизнинг янги мактабларга рағбати жуда яхши. Мактабда жой етишмайдир. Бошқа мактаб муаллимларининг ҳолидин хабарим бўлмаса ҳам ўзимизнинг муаллимларнинг ўз вазифасига тушуниб ҳаракат этувчилар, дея оламан. Лекин ёзув асбобларига фавқулодда эҳтиёж кечирмоқдамиз. Ўқуш учун ёзув асбоблари сўраб гуруҳлаб «Маориф шўроси»га мурожаат этсак ҳам, шу чоққача бир натижа чиқмади. Маориф шўросининг бизга жавоби «Шошманг, бариси топилур»дан нарига ўтмай бу йўлда ҳаракат этдиклари кўрилмайдир. Агарда қиш учун қалам, дафтар ва бошқалар ҳозирланмаса — кўнгилсиз натижа бериши табиъийдир. Чунки мактаб болаларининг аксариси ишчи-камбағал болалари бўлиб, бир дона дафтарни 40-50 сўмга, бир дона қаламни 30-40 сўмга олувлари ғайримумкиндур. Ҳолбуки дафтар бир бола учун ёлғуз биргина эмас, дарсга қараб олти-еттитача лозимдир. Мана шу тарафларини ўйлаганда билмадим, мактабларимиз қишда не ҳол кечирар. Аммо маориф шўросини бу масалага илтифоти бояги».

Ман бу сўзни мундан илгари ҳам бир муаллимдан эшитган эдим. Энди бунинг ила иккинчи бўлди. Ёзув асбоби масаласи ҳақиқатан ҳам муҳум бир масала бўлиб, вақтинда тадбири кўрилмаса ҳалиги афандининг айтканидек, яхшилик ила натижаланмаса керак.

Мактабдаги ўқувчи шогирдлар камбағал кишиларнинг болалари ўлдиқдан дафтар-қаламни ўз ёнларидан олувлари мумкин эмас. Зўрғагина кунини ўтказиб турган ишчи халқ ўғлининг дафтар-қалами учун ойига бир-икки юз сўм чиқимдор бўлиб бола тарбия этуви, бошқа миллат ишчилари учун бизга қараганда онгли бўлдиқларидан енгил бир иш бўлса ҳам, бизнинг эндигина шу йўлга оёқ боскан камбағал халқимиз учун осон бўлмаса керак.

Бизнинг қора-нодон ишчиларимиз ўғлининг мактаби учун ойига бир-икки юз сўм чиқимдор бўлуви эса тўғридан-тўғри: «Ман сенинг мактабингға мунча чиқимдор бўлиб ўқита олмайман», дейдирда, ўғлини мактабдан олиб, ўқувдан маҳрум этар. Бу бизим учун табиий бир ишдир. Ҳозирда ўқув асбоблари бозордан топилиб турган бўлса ҳам сўнгроқ топилмов эҳтимоли ҳам бор. Ишчи болалари ёнлариндан дафтар-қалам олганларинда, оқчага ҳам топилмай бошласа тағи бир бало бўлур.

Шунинг учун «Маориф шўроси»нинг бу масалага яхширок аҳамият беруви, албатта, лозимдир. Масаланинг аҳамиятига тушинган «Маориф шўроси» балки мунинг гадосига киришкан чиқар, лекин бу ҳолда бу ишга тадбирсиз қарамак, эндигина йўлга қўйилган ибтидоий мактабларимизга ўтказилган миллат гуллари болаларимиз учун бир жиноят бўлур.

Жу-бой

«Иштирокиюн» — 1919 йил, 23 сентябр, 180-сон