Давлатли она тилимиз “давлат тили” бўлганидан бери, эҳ-ҳе, қанча-қанча қовун пишиғи ўтди. Ўшандан бери бу масалада амалга оширилган ишлар ҳам бир талай. Дарров бўлмаса ҳам, қимирлаган қир ошар деганидек, рўёбга чиқаётган ишлар кўп. Мен ўзимга таниш бир мисолни айтай: ҳозир юртимизда китобларнинг мутлақ кўпчилиги ўзбек тилида нашр этилади. Ҳолбуки, бундан ўттиз йилча илгари Ўзбекистонда чиқадиган китобларнинг ярмидан кўпроғи русча бўлар, тиражи ҳам ўзбекча китобларга қараганда бир неча баравар ортиқ эди. Ўзбекча бирор асар нари борса 50-60 минг нусхада чиқса, рус тилидаги романлар 120-200 минг нусха чоп этилар, яъни “марказ”ники камдай, Ўзбекистон ҳисобидан ҳам русча китоб нашр этилиб, бошқа ёқларга олиб кетилар, одатий ҳол шу эди.
Бошқа тармоқларни ўзингиз қиёслаб олаверинг.
Ана ўша оғир бир муҳитда она тилимиз бўғилаётганини ўзимиз сезиб-сезмай юра берган эканмиз. Бағрикенг элмиз, биринчи ва иккинчи она тили бор ажойиб халқмиз, деб ўзимизни овутар эдик. Бир ҳикоя ўқиганман. Унинг қаҳрамони бўлган ҳинд йигити Деҳлига келиб, ҳинднинг ҳинд билан инглиз тилида гаплашаётганини кўриб, ҳафсаласи пир бўлиб кетади.
Аммо… бизнинг ҳам шунга етиб қолаёзганимиз сир эмас-ку!
Не қилайин сенинг била, эй тил?
Жиҳатингдан менинг ичим қондур, –
деган эди Бобур мирзо. Ўша замонда ҳам тил борасида қай бир қусурлар бўлгандирки, шоирнинг дили ўртанган. Аммо у даврда одамлар ўз исми-шарифини ўз қўллари билан бошқа тилга мослаб битмаган бўлсалар керак, ҳар ҳолда? Бугун ўзбек тилидаги бир тиббий китобга кўзим тушди. 2005 йили, “Давлат тили ҳақида”ги қонун чиққанидан ўн олти йил кейин чоп этилган рисола экан. Муаллифи икки киши: Шаагзамов билан Гулямова…
Тилбузарлик
Ори рост, она тилимиз бой тил, унинг бугунги тараққиётидан ҳам фахрлансак арзийди. Негаки, жаҳоннинг энг машҳур адиблари ижодига мансуб дурдона асарларни ўз тилимизда ўқиш имкониятига эгамиз. Илм-фаннинг ўнлаб соҳаларига оид билим ҳам ёшлар онгига она тили воситасида жо бўлаяпти.
Президентимиз Ш. Мирзиёевнинг “ғалаба рапортлари”га берилмаслик ҳақидаги талабини кенг жамоатчилик, халқимиз мамнуният билан кутиб олди. Таъбир жоиз бўлса, бу талабни бедорлик бонги дейиш мумкин. Биз ҳам шу қабилдаги яшасинчиликдан ўзимизни сал фориғ қилиб, тилимизнинг аҳвол-руҳиясига разм соладиган бўлсак, унда бирталай муаммолар тўпланиб қолганини ҳам кўришимиз мумкин. Зотан, тараққиётнинг шарти – ўз ишига танқидий нуқтаи назардан қараб, уни тинимсиз такомиллаштиришдир.
Тилни нима бойитади, яъни ҳар бир миллий тилнинг бойлиги нималарга боғлиқ бўлади? Содда қилиб айтганда, икки нарсага – тилдаги луғат бойлиги ва ифода имкониятларининг кўплигига. Бу ҳам нисбий маънода, албатта. Муайян халқ тилининг бойлиги хусусида гап кетганда, ўша тил тараққиётининг айни пайтдаги даражасида жамият ҳаётининг исталган соҳасидаги билимни аниқ ва лўнда ифодалаш имконияти мавжудлиги ёки мавжуд эмаслигига қараб ҳукм чиқарса бўлади.
Луғат, яъни сўз хазинасидан фойдаланиш тўғрисида мулоҳаза қилар бўлсак, биласиз, ҳар бир сўзнинг ўзига ярашур юки бор – сўз маъно ташийди. Демак, ҳар бир сўзга ўз ҳолига яраша маъно ортиш керак. Баҳайбат “КамАЗ”га битта ойнаванд жавонни юкласангиз, манзилга боргач, бир арава ўтин тушириб оласиз. Билъакс, ўн қоп шолғом “Нексия”га ортилса, машина абгор бўлади. Сўз ҳам шундай. Буни ҳисобга олмасак, “КамАЗ”лик чоғи бор сўзлар қуруқ арава опқочгандай шалдираб, маъносиз товушга айланади, бирваракай икки-уч маънога масъул қилинган сўзларнинг эса сўлоғи чиқади.
Ёзувчилар, олимлар, журналистларнинг ижодий фаолияти давомида тилга янги сўз ва ифода шакллари кўп кириб келади. Илмда булар неологизм дейилади. Бироқ ҳар қандай неологизм ҳам тилни бойитиб, ижобий ҳодиса бўлавермайди. Қаламкашлар баъзан сўзнинг туб маъносини билмаслиги ёки ўзи юкламоқчи бўлган янги маънони ифода этадиган бошқа бир сўз борлигидан бехабар бўлиши ҳам мумкин экан.
Шоирларимиздан бири ёзади:
Қадим тийин топсак, қувонар эдик,
Ногоҳ хазинага келгандек дучор.
Энди-чи? Миллион-миллион ўпириб,
На номус қиламиз, ва на ундан ор.
Ўзбек тилида хазинага… дучор келинмайди, дуч келинади! Балога, қирғинга, ёмонликларга дучор келиш деса, бошқа гап. “Дуч” билан “дучор” сўзларидаги шаклий ва маъновий яқинликларни фарқлаш ўрнига уларни қориштириш номақбул неологизмни юзага чиқарган. Ёки шу тўртликдан яна бир мисол: миллионлаб пулни ўмариш мумкин, ўпириб бўлмайди, тошқин сув эса қирғоқларни ўпиради, ўмармайди!. Наинки, халқ тилини халқ шоиридан ҳимоя қилишга тўғри келса?
Ҳозирги кунда сўзларга ўзгача маъно юклаш, сўз биламан деб кўкракка уриш касали авж олди. Нафақат оддий журналистлар, ҳатто ёзувчиларнинг асарларида ҳам ғалат ифода шакллари бодраб кетди.
“Анча” деган сўз бор. “Хийла”, “кўпгина” дегани. Аммо дилидаги туйғулар тўлиб-тошиб кетган палла баъзи қаламкашлар “анча”га қаноат қилмай, унинг маъносини янада орттириш мақсадида “анчайин”ни қўллашадики, бу алдоқчи шаклдир, чунки “анчайин” “анча” дегани эмас. Аксинча, шунинг тескарисини – “шунчаки”, “арзимас” деган маъноларни билдиради.
Мисол кўп, мақсад эса уларни келтира бериб, сизни зериктириш эмас.
Сиз айтишингиз мумкин: айрим ҳолатларга қараб хулоса қилманг, деб. Тўғри, аммо ана шунақа “айрим ҳолатлар” йил сайин кўпайиб, тилбузарлик, тил билмаслик оммалашиб бораётган бўлса-чи?
Ўзбек тилидаги ўзбекча эмас гаплар
Телефон жиринглайди. Кўтарасиз. “Дилнозани мумкинми?” деб овоз беради бир қиз. Дилнозани… мумкинми… Бу нима дегани? Ўзбекча қилиб, “чақириб берсангиз” ёки “уйдамиди” деса… айб бўладими? Қариндошлар хайрлашаркан, “Майли, биз томонга ҳам келинглар”, деб бир-бирига тайинлайди. Биринчиси русча “ладно” (бўпти)нинг нобоп таржимаси. Аслида, “майли” – бирор нимага рухсат беришдир. Ўзбекчада “келинглар” (приходите) эмас, “боринглар”, дейилади.
Маҳалла фуқаролари йиғини (сход граждан махалли)га чиқасиз. Бу ерда сизга эртага келишни тайинлашади: аллақайси иморатнинг очилиш маросими бўларкан, у ҳашар йўли билан (путь+ём хашара) қурилган экан. Қаранг, маҳалла ўзбекники, ҳашар ўзбекники бўлса-ю, маҳалла идораси деб айтмаймиз, ҳашар қилиб қурилган демаймиз. Шунақа оддий, ўзбекона қилиб айтсак, асакамиз кетади, шекилли.
Тўловлар эса “пул ўтказиш йўли билан” амалга оширилар экан, “пул ўтказиб” десангиз, саводсизга чиқасиз. Чунки унинг гўёки асли “путь+ём перевода денег” экан.
Гап оддий сўзлашув нутқидаги хатолар ҳақидагина эмас. Матбуот тили хийла дудуқ бўлиб қолди, радио ва телевидение вакилларининг нутқидаги сакталиклар эса қонунийдай тус олди. Чунончи, спорт шарҳловчиси тўрт футболчи дейиш ўрнига, “тўрт нафар футболчилар” деб сайрайди. Сабаби, русларда “четверо футболистов” бўлади. “Тўп билан Фарҳод Тожиев” дегани ҳам “с мячом…”нинг ўгирмаси, чамаси, тўп Фарҳод Тожиевда деса, гўё ўхшамай қолади.
“Сен эртага кел, яхшими?” дейди ўртоғингиз (Завтра приходи, хорошо?). Бунинг ўрнига “хўпми” (дурустми, бўптими, тузукми…) деса, нима қилади? “Вилоятимизда бу йил эллик иккита мактаблар таъмирдан чиқарилди”, “Йигирма уч нафар мутахассислар иш билан таъминландилар”, “қарор ижросини таъминлаш”… Буларнинг бари рус тилидан нўноқ таржима, ажабки, биров бунақа “таржимон”нинг мушугини пишт демайди.
“Под руководством”, “под редакцией” каби калималар худди ўшандоқ шаклда “раҳбарлиги остида”, “таҳрири остида” деб ағдариб қўйилади. Ахир, раҳбарлик ёки таҳрирнинг ости бўлмас эди-ку ўзбекчада?! Усти ҳам. “Текширишларни ҳисобга олиш китоби”ни варақланг, дафтар эканини кўрасиз. Рус тилида китобга… ёзиш мумкин, бизда эса китоб ўқилади, дафтарга ёзилади. Бунақа мисоллар урчигандан-урчиб ётибди.
Булар ўзбек тилидаги, аммо ўзбекча бўлмаган ифода шакллари. Ажаб, ўзбек тилида бўлса ҳам айб топаверамизми? Албатта. Чунки “Давлат тили ҳақида”ги қонун чин рўёбга чиқиши учун иш юритиш қоғозларининг матни ўзбек тилида бўлишининг ўзи ҳам кифоя қилмайди. Бу – ишнинг дастлабки, қуйи босқичи. Улар ўзбек тилидагина эмас, ўзбекча – ўзбек одам она тилида ёзганидай бўлиши ҳам шарт. Бунинг учун Олий Мажлис чиқарадиган (қабул қиладиган эмас!) қонун лойиҳаларидан тортиб, то кўча-кўйдаги эълонларга қадар – бари аввалбошдан ўзбекона ифода тарзига тўлиқ риоя қилган ҳолда тайёрланиши керак.
Бу қай тарзда амалга ошади? Назаримда, бунинг учун бутун юртимизда Ўзбек тили муҳити юзага келтирилиши керак.
Хўш, “ўзбек тили муҳити” нима дегани?
Буни англаш учун бир-икки таниш манзарани ёдингизга солай. Исталган такси ёки “маршрутка”га чиқинг, дарров магнитофондан ажнабий қўшиқ қўйиб беришади, машинасидаги аудиоускуна гумбур-гумбуридан кўчалар ларзага келадиган йигитлар ҳам асло ўзбекча куй-қўшиқ эшитмайди, уни замонадан орқада қолганлар учун, дейишади. Иккала қулоғига беш-олтитадан зирак тақиб, қолмишига “сотка”нинг шнурини тиқиб олган қизлар ўзбекча куй-қўшиқларни тинглаб кетяпти, дейсизми? Ўйлаб қоламан: миллатимнинг кўпчилиги қандай куй-қўшиқларни эшитяпти? Мана шунга қараб халқнинг менталитетини, бу менталитет қаёққа қараб бурилаётганини аниқласа бўлади.
Тошкентнинг Ғафур Ғулом метро бекати ёнидаги интернет-кафега бир иш билан бош суққан эдим, ортимдан етмишларга яқинлашган опахон кириб келди. Компьютерчи йигитдан бир хат ёзиб, электрон почтадан жўнатиб беришини сўради.
Йигит “Бизда бунақа хизмат йўқ, аммо гап бунда ҳам эмас, одам кўп, шунинг учун иложи йўқ, кечирасиз”, деб шарҳи ҳол қилди. Шундан кейин бу ўзбек кампир “А чего…” дея ўрисчалаб сўроққа тутиб, пайдарпай савол ёғдира бошлади. Вақт кетяпти, десангиз. Охири мен аралашиб, “Опахон, ҳеч жаҳонда ўзбек ўзбекка ўрисча гапирадими, ўзбекча сўрайверинг, ғалати-ку?” дея танбеҳ берувдим, опа яна ўрисчалаб бир нималар деб тўнғиллади-да, компьютерхонани тарк этди.
Ташқарига чиқсам, ўриндиқ қўйилган экан, ўтирдим. Ёнгинамдаги музқаймоқ дўконининг бозори чаққон. Шим кийган, қорни қопдай осилган кампирлару бўялган тирноқлари бир энлик қизлар яхакижон ялаб ўтмоқдалар. Иккала қўлига биттадан “сотка” ушлаган ўта ишчан қиёфадаги йигитлар ҳам оралаб қолади. Бари ўзбек, барининг гапи ажнабий…
Тавба, дейман ўзимга ўзим. Қаерда яшаяпмиз? Тўғри, “Тил билган – эл билади” деган ажойиб мақолимиз бор. Аммо “эл билиш” учун, аввало, ўз она тилимизни яхши билишимиз, унинг ҳурматини жойига қўйишимиз лозим эмасми?!
…Ўн уч-ўн тўрт ёшларда эдим. Бобом шаҳар четидаги далага қовун-тарвуз эккан, ёзги таътил маҳали куним ўша ёқда ўтарди. Йўлнинг нариги томонида, сал ичкарироқда кўпроқ бошқа миллат вакиллари яшарди. Бир куни шом пайти ўша уйлар томонда шовқин кўтарилди. Кетмонни ташлаб, чопиб борсам, бир қирғиз аёл билан бир татар хотин айтишиб ётибди. Атроф тўла одам. Текин томоша-да. Нақ бирор соат уришишди. Охири жанжалкашларнинг жағи толди, чарчашди, ҳангоматалаблар ҳам бирин-сирин тарқади. Бу икки “хўроз” аёл ҳам пировардида бир-бирини энг аччиқ қарғишлар билан “сийлаб”, уй-уйига кириб кетди. Қоронғи майдонда бир ўрис кампир ёлғиз қолди. Мен орқароқда турган эдим, кампир пайқамади. Бояги жанжал оғир таъсир қилди, шекилли, турди-турди, кейин бир уҳ тортиб, “Тавба!” деб қўйди-да, уйига йўл олди.
Бу воқеанинг хотирамда қолганига сабаб, бояги ўрис кампир “Боже мой!” демади, “Господи!” ҳам демади, “Тавба!” деб юрагини бўшатди. Ўзбеклар ичида туғилиб, умри ўзбеклар ичида ўтган бўлса, нима ҳам десин?! У ёғини сўрасангиз, оралари бузилган анови татар хотин билан қирғиз аёл ҳам бир-бирига тушунарли бўлиши учун ўзбекча уришган, иккови ҳам беихтиёр шуни танлаган эди. Ана шу – ўзбек тили муҳитининг бир лавҳаси.
Ўзбек тилида гапириш бошқа-ю, ўзбекча гапириш бошқа, жумланинг сўзи ўзбекча, аммо шакли русча бўлса, энг ёмони мана шу. Шунинг учун ҳам ўзига ўзи “Тавба!” деб айтган ҳов ўша ўрис кампирни мен интернет-кафеда учратганим етмиш яшарли суяги ўзбек, аммо дили бегоналашиб кетган “узбечка”га қараганда ўзбекроқ деб биламан, миллатим вакили деб санайман.
Бундай муҳитда одамлар она тили стихияси бағрида яшайди, шу тил табиатига мувофиқ фикрлайди ва бир-бирига ўзбекона ибораю ифодалар билан муомала қилади. Бундай муҳитда тақдим этилаётган ахборотнинг ўзбек тилида бўлиши ёки асл ўзбекча бўлиши эса аллақачон босиб ўтилган босқичга айланади. Бундай муҳитда тил барқ уриб ривожланади, одамлар исталган жойда ўз тилида гапиришдан ийманмайди, ўзгалар тушунармикин деб истиҳола қилмайди, балки ҳузурланиб нутқ ирод этади.
Мақом қайси тилга берилган?
Бу саволни кимга берманг, ҳамма билиттифоқ ўзбек тили давлат тили мақомига эга, деб айтади. Тўғри, шундоқ, аммо бир аммоси бор. Ўзбек тили дегани катта тушунча. Хоразм шеваси ҳам ўзбек тилига киради, Тошкент лаҳжаси ҳам. Давлат тили деган мақом эса умуман ўзбек тилига эмас, ўзбек адабий тилига берилган. Фақат адабий тил давлат тилидир.
Шундай экан, барча давлат ташкилотларида ўзбек тилидагина эмас, адабий тилда иш юритилиши шарт. Наманганлик муаллим наманганча шевада дарс ўта бошласа, тошкентлик актёр саҳнада тошкентча шевада сўзласа, миллий яхлитликка путур етиши турган гап.
Ажабки, илгари – элимиз муте, тилимиз забун бир замонда ҳам адабий тилда сабоқ ўқитилар, санъаткорлар умуммилий тилда гапирар эди. Ҳозир эса ҳар ким ўз шеваси мақомига йўрғалайдиган бўлиб қолди, шунга яраша, савия ҳам тушиб, мулла билганини ўқийди қабилидаги ҳодисотлар кўпайди. Миллат умумўзбек адабий тилида гапиришга ўта бориши керак. Чунки адабий тил элни бирлаштирувчи куч бўлса, шевага ружу қўйиш эса маҳаллийчиликни кучайтириши тайин.
Яна бир тоифа борки, улар наздида, лотин алифбоси – давлат тили дегани, шекилли. Чунончи, худонинг берган куни қўл телефонимизга бир неча марта СМС хабар жўнатишади. Ҳар бири икки тилда – аввал русча келади, сўнг ўзбек тилида такрорланади. Аммо рус тилидаги матн ҳам лотин ёзувида битилганки, назаримда, уни ўрис ҳам ўқий олмайди. Ахир, бизга рус тилини ҳам лотин ёзувига ўтказиш ваколати берилмаган-ку! Нега шунақа қилишади, биласизми? Улар наздида, лотин ёзувида матн тайёрлаш тил ҳақидаги қонунни бажариш бўлса керак. Давлат тили – бошқа-ю, лотин алифбосига ўтиш – бошқа нарса, буни англаш шунчалар қийинми?
* * *
Тил – дилнинг калити. Демак, тилнинг бузилиши миллат тийнатига ҳам таъсир қилади. Эвоҳки, бунга анча бефарқ, лоқайд муносабатдамиз, ўрганиб қолганмиз. Ҳолбуки, Ўзбекистон – миллий қадриятларимизни асрайдиган, ривожлантирадиган ягона давлат. Ўзбек тили фақат шу заминда униб-ўсиши, нашъу намо топиши мумкин. Буни қонунни бажариш йўсинидагина эмас, чин дилимиздан ҳам эътироф этадиган бўлсак, тил ҳақида қонун чиқариш биланоқ иш битмаслигини тан олишимизга тўғри келади – бутун мамлакатда ўзбек тили муҳитини юзага келтириш керак. Бу муҳитни ҳар куни, ҳар соатда қўриқлаб-асрашимиз, парваришлаб кучайтиришимиз лозим.
«Ёшлик» журнали, 2017 йил, 1-сон