1992 йил 12 майда Мустамлака даври қурбонлари хотирасини абадийлаштириш жамоатчилик комиссиясининг ташкил этилиши Ватанимиз мустақиллиги тонгида амалга оширилган улуғ ишлардан бири бўлди. Ушбу эзгу ният шарофати билан тарихда мисли кўрилмаган ва қиёси йўқ йўналиш-соҳа – шўролар даврида халқимиз бошидан кечирган қатағону қирғин воқеалари ва уларнинг асоратларини ўрганишга ихтисослашув йўлга қўйилди. Халқимизнинг бир қатор зиёлилари, хусусан, адабий жамоатчиликда яхши танилган адабиётшунос, санъатшунос, тарихшунос олимлар ХХ асрнинг энг даҳшатли ва аянчли саҳифаларини ўрганишга киришдилар. Ана шу сафнинг дарғаларидан бири ҳассос адабиётшунос, санъатшунос олим Сирожиддин Аҳмад, 30 йилдан ошдики, бутун илмий-ижодий фаолиятини ўтган асрнинг биринчи ярмида тақдири, қисмати шўролар мафкураси томонидан поймол этилган ватандошларимиз, миллатдошларимиз тарихини ўрганишга бағишлаб келмоқда.
Меҳнат ва изланиш машаққатидан ҳайратга тушганимизда “Игна билан қудуқ қазиш” деган таърифни ёдга оламиз. Аслида бу таъриф айни қатағон қурбонларига тааллуқли манбаларни ўрганаётган, неча ўн йиллар мобайнида чанг ва занг остида қолиб кетган исм-шарифлар, аянчли рақамлар, маълумотларни ёруғ оламга олиб чиқаётганларнинг меҳнатини баҳолаш, улуғлаш учун яратилгандек туюлади одамга. Сўнгги йилларда олимнинг қаламига мансуб бир қатор китоблар чоп этилди. Қатағон йиллари олисларга “қочиб” кетганича йўқ. Зеро, “Яқин ўтмишимиз” десак ҳам янглишмаймиз. С.Аҳмаднинг сўнгги йилларда нашр этилган китоблари: “Ғози Юнус”, “Миллий ҳуррият адабиёти”, “Икки империя асоратида”. Буларнинг ҳар бири халқимиз яқин ўтмишда бошдан кечирган мудҳиш кечмишлардан ҳикоя қилар экан, ҳар бир маълумот нақадар қимматли эканлигини ва уларнинг ҳар бири катта меҳнату заҳматлар эвазига қўлга киритилганини ҳис этмаслик мумкин эмас.
“Қизил мустамлака: эълон қилинмаган уруш. Катта қирғин қомуси (1929 – 1950)” деб номланган залворли китоб ана шу тоифа китоблардан янада ўзгачалиги – алоҳида аҳамиятга эгалиги билан диққатга сазовор.
Маълумки, аллақачон ўтмишга айланган, “СССР” деган ном остида дунёга энг адолатли, энг фаровон ҳаёт тарзини қарор топтириш ваъдасида 74 йил ҳукм сурган давлат аслида асос-пойдеворидан бошлаб ёлғон, бўҳтонга қоришган, давлат террорига асосланган салтанат бўлганлиги дунё афкор оммасига фош бўлиб улгурди. Бироқ қаттол мустамлакапарастлик, шафқатсиз, зулм-истибдод асоратлари ҳали тўла-тўкис фош этилганича йўқ. Янада муҳими, жафокаш аждодларимиз номларини аниқлаб, кечикиб бўлса-да, уларнинг руҳлари олдидаги фарзандлик бурчимизни адо этиш учун ҳали тоқат ва сабот ила изланишлар олиб боришимиз зарурлиги аён ҳақиқат. Қўлимиздаги китоб айни ушбу мақсад-муддаода дунёга келди. У икки қисмдан иборат: биринчи қисмида шўролар сиёсати давлат тепасида қарор топган кезларданоқ ўзаро қирғинга асосланганлиги ҳақида сўз боради. Кўплаб ҳужжатлар, далилларга мурожаат қилинади. Оммавий қатли ом 1937 ва 1950 йилларда авжи қутирган ҳисоблайди кўпчилик, лекин мавжуд манбаларнинг далолат беришига қараганда, бундай қирғинга ўчлик кайфияти шўро ҳокимиятининг дастлабки кунлариданоқ амалга кирган, тузум аввалбошдан ўз оёғига ўзи болта уриш сиёсатига гирифтор бўлган. Китобда келтирилган кўплаб архив материаллари, ҳужжатлар ва ҳоказо манбалар рад этиб бўлмас хулосалар чиқаришга далил бўлади.
Китобнинг иккинчи қисмини ташкил этган “Катта қирғин қомуси (1929 – 1950)” маълумотлари ҳеч муболағасиз узоқ йиллар мобайнида мисқоллаб йиғилган, машаққатли изланишлар, тадқиқотлар самараси ўлароқ яратилган. Сирожиддин Аҳмад 355 нафар шахсга тааллуқли маълумотларни қомус талабларига риоя қилган ҳолда мухтасар мақолалар шаклида тартибга келтирган. Таъкидлаш зарурки, келтирилган маълумотлар илмий одоб талабларига кўра, манбалари (муаллифлари, эълон қилинган саналари) аниқ кўрсатилган.
Қомус Мунаввар қори Абдурашидхонов ҳақидаги мақола билан бошланган. Давлат ва жамоат арбоби, Туркистон маърифатпарварлари ва миллий ҳуррият учун кураш раҳнамоси 1923 йилда “Маориф қаҳрамони” унвонига мушарраф бўлган, ўзбек миллий мактабининг асосчиси. 1878 йилда Тошкентда таваллуд топган бу азиз сиймо 53 ёшида Москвада отишга ҳукм қилинган ва манфур ҳукм ўша куниёқ ижро этилган.
Қомусга киритилган шахслар орасида ёзувчи, шоир, журналист, таржимон, олим, педагог, ношир ва умуман ижод дунёсига яқин бўлган зиёлилар кўпчиликни ташкил этади. ХIХ асрнинг сўнгги йилларида туғилган, ХХ асрда эса, нари борса, 25-30 йил умргузаронлик қилганлар ҳам оз эмас. Мисол учун, Маннон Абдуллаев (Маннон Рамз) турли нуфузли лавозимларда хизмат қилган, илмий текшириш институтида директор бўлган, “Туркистон хонлиги” номли уч пардали драма ёзган. Жамоат ва дин арбоби Абдувоҳидқори Абдурауфқориев араб, форс, турк ва рус тилларини билган. Сургун муддатини ўташ чоғида Лев Толстой билан бир неча бор суҳбат қурган. Шоир Аҳмаджон Абдусаидов олий диний маълумотли, Тожикистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси бўлган. Тошкентлик, китоб муқовасоз-саҳҳофи ва деҳқон оиласида туғилган Лазиз Азиззода “Туркистонда уйғониш тарихи” рисоласи, шунингдек кўплаб жадид маърифатпарварлари ҳақидаги мақолалар муаллифи. Саидризо Ализода Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Ойина” журналида, “Шарқ” газетасида муҳаррир, “Ҳуррият”да таржимон бўлиб ишлаган. Икки жилдлик “Русча-тожикча луғат” тузган, “Туркистон тарихи”, “Русия тарихи”, “Умумий Европа тарихи” асарларини ёзган, Абдулла Қодирийнинг “Меҳробдан чаён” романини тожик тилига таржима қилган.
Қомусда номлари зикр этилган неча ўнлаб маҳкум ва маҳкумалар ХХ асрнинг дастлабки йилларида таваллуд топган, демак, бу ёруғ ҳаётда бор-йўғи 30-40-45 йил умр кечиришган, холос. Чунончи, “Зарафшон”, “Озод Бухоро” газеталарида, “Машраб” ва “Муштум” журналларида ишлаган ёзувчи ва шоир Абдулҳамид Мажидий исмли ёзувчи ва шоирни кўпда билмаймиз, унинг ижодий мероси билан таниш эмасмиз. Ваҳоланки, унинг раҳбарлигида Ж.Жабборлининг “Ойдин”, Н.Гоголнинг “Ревизор”, Ҳамзанинг “Иффат қурбонлари” асарлари қўйилган, унинг қаламига мансуб “Варқа ва Гулшоҳ”, “Отсиз” драмалари саҳналаштирилган. 1936 йилда эълон қилинган “Ўзбекнома”нинг Чингиз ва Амир Темур даврига оид қисмини ёзган. Шоирнинг “Қалдирғоч” ва “Рубоб” шеърий тўпламлари чоп этилган. “Кучала” достонида аксилшўровий ғояларни тарғиб қилишда айбланиб, 1938 йилда 25 йилга озодликдан маҳрум этилган.
Эътиборли жойи шундаки, қатағон қилинганларнинг аксарият қисми хорижий нуфузли илмий муассасаларда таҳсил олишган, етук мутахассислар сифатида Ватанга, халққа хизмат қилиш истаги ва орзусида юртимизга қайтиб келишган, охир-оқибат эса уларнинг илми жисмига қўшиб маҳв этилган.
Оддий оилаларда туғилиб вояга етган, хорижий илмий муассасаларда ўқиб, етук мутахассисликларни эгаллаган, навқирон ёшларида нуфузли лавозимларга лойиқ кўрилган ватандошларимиз ҳаёти, қисмати ҳақидаги маълумотлардан англашиладики, ўша замонларда ҳам халқимиз орасида етук, истеъдодли илмий-ижодий салоҳиятли ёшлар кўп бўлган.
“Катта қирғин қомуси”нинг яна бир қимматли жиҳати шундаки, унда ўз вақтида кўплаб муаллифлар томонидан яратилган, лекин, афсуслар бўлсинким, ҳозирга қадар етиб келмаган бадиий асарлар тилга олинган. Маннон Рамзнинг “Туркистон хонлиги” драмаси, Юсуф Алиевнинг “Турк ўғли”, “Турк ўғли турк”, “Ю.Алиев”, “Али ўғли”, “М.Али” тахаллуслари остида эълон қилган шеърлари, Саодат Аминованинг “Воқеотлар” эсдаликлари, Аъзам Аюбовнинг Ф.Шиллер, К.Гольдони, Л.Толстой, Н.Гогол, А.Чехов, А.Горький, М.Шолоховдан қилган таржималари, Кимё Ашурованинг “Яқин ўтмишдан хотиралар”и, Баҳромбек Давлатшоевнинг “Мустабиднинг ҳайкали ва фаҳш ўчоғи”, “Икки қурбон” (роман), “Ўзбек уруғлари” тадқиқоти, Саттор Жабборовнинг Германиянинг “Ост-Европа” журналида босилган “Туркистон шеърияти ва шоирлари”, асарлари… Рўйхатни давом эттиришдан ўзимизни тияр эканмиз, савол туғилади: қани, қаерда қолиб кетди ўша асарлар?! ХХ аср биринчи ярми миллий бадиий, илмий, маърифий тафаккуримиз ойнаси, кўзгуси эди-ку, ўша асарлар?! Халқимизнинг адабий, маънавий бойлиги, мероси эди-ку?!
…Излаш, ўрганиш, топиш, ардоқлаш, китобу қомуслар яратиш замонида яшамоқдамиз. Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2020 йил 8 октябрда эълон қилинган “Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойиши заҳматкаш ва фидойи тадқиқотчиларимизга янада катта куч-ғайрат бағишлади. Президент Фармони билан Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Мунавварқори Абдурашидхоновнинг “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланиши, шу кунга қадар оқланмаган 115 ватандошимизнинг реаблитация қилиниши мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий тарихи зарварақларига олтин ҳарфлар билан битилди ҳамда мазкур воқеалар ҳақли равишда тарихий адолат тантанасига айланди.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2023 йил 15-сон