Шоиранинг кўнгил дафтари
Ҳулкар опа Олимжонова ўзларига ярашиқли майин шикасталик билан қўлимга авайлаб бир дафтарни тутқазди: “Бу омонат аям хотираси олдидаги менинг қарзим эди. Агар имкон топсангиз, бир кўриб чиқарсиз… Ўзим эса журъат этолмаяпман…” Опанинг нозик кечинмалар сизиб чиққан нигоҳидаги умиддан руҳимга титроқ югурди.
Кундалик тарзида битилган “Хотира дафтари”ни қўлимга оларканман, хаёл ўзининг кўчаларига изғий бошлади. Энди мен бунда кимни учратарканман? Ҳамма билган, эътироф этган, бир қанча шоираларнинг устози, садоқат тимсоли, халқнинг эрка фарзанди бўлиб келган Зулфияхонимнинг ўша маълум ва машҳур қиёфасиними? Тўғриси, шундай ўй ҳам йўқ эмас эди. Бироқ… Умр шомида қалқиб турган Шоиранинг азобланган виждони билан юзма-юз қолдим. Тушундимки, ҳаддан ташқари чиройли сўзларни севганимиздан, бу донишмандсифат аёлни оғриб турган бир жон эканини унутаёзибмиз. Уни ўзимиздан — ердан узоқлаштириб қўйишимизга бир баҳя қолибди. Ҳолбуки, унинг дунёси фақат ялтироқ рамка ичидан боқиб турган жонсиз қиёфа эмас экан…
Ундаги ўйлар, оқим қаршисидаги ожизликлар менга “Хотирам синиқлари”(1995) достонини эслатгандай бўлди. Шу боис, ноёб топилмани нашр учун тайёрлаётганда, назм шаклидаги бу сўнгги иқрорга мурожаат этиб бордик.
* * *
Менми? Мен шу қадар ёш эдим ҳали.
Ёшлик — ғам — бегона бири-бирига.
Қутулмоққа андуҳ ботқоқларидан
Осилдим муҳаббат шодликларига…
Менми? Мен ишқ отлиғ бир жаҳон аро
Шеър тинглаб, шеър тизиб — шеърларда қолдим…
Беҳиштий жаранглар — жонимга оро —
Ўзимнинг бахтимда ўзим йўқолдим.
Умр бир дарё экан, қаердан бошланганини биламиз-у, қаерда тамом бўлишини билмаймиз.
У ҳам кичик бир жилғадан бошланиб, йўл-йўлакай ирмоқлар қўшилиб боргани сари тўлиб-тўлқинланиб кетаверар экан. Унинг сатҳи қанча кенг бўлса, ўз тўлқинида табиатнинг ҳамма ҳодисаларини маълум даражада акс эттириб келаверади. Лекин бу тўлиб-тўлқинланишни бир умрга деб ўйлаш хато экан.
Дарё қандай олган бўлса, шундай қайтариши, яъни атроф-теваракни баҳраманд қилиб, сахийлик билан ўзидан бериб бориши туфайли унинг ўзани ҳам торайиб-торайиб, кейин денгизгами, қумликками сингиб, йўқолиб кетади.
Умр ҳам шундай. Дарё бошидан кечирган жараёнларнинг ҳаммасини инсон ҳам кечиради.
Туғиласан, онанг кўксидан баҳраманд бўлиб, оёққа туриб оласан, чанқоқлик билан сахий табиатнинг — мураккаб жамиятнинг ҳамма саховати ва туҳфаларидан баҳраманд бўла-бўла вояга етар экансан. Гўё ҳамма нарса гўзал, ҳамма нарса беўлчов, ҳамманинг умри боқий, ҳамма нарса абадийдек.
У даврда кўрган-кечирганинг — табиат ва жамият ҳодисаларининг ота-онанг ва яқинларинг бошига солган зарба ва мусибатлари ҳам гўё сенинг ёнингдан оҳиста ўтиб кетгандай. Мен оиланинг эркаси, фикр етмайдиган ҳодисаларга тўла воқеаларнинг гўзаллиги, бепоёнлиги, сирлилигини мафтуни бўлиб яшайверган эканман.
Ўша думбул ёшлик, ўша ҳайрату мафтунлик шодликлари гирдобида жўшиб, ҳайронликда умрнинг бахтиёр фасли боқий деб ўйлар экан киши! Кейин… ҳаётнинг бошқа жилвалари, катта-кичик зарблари ўзини намоён қила бошлайди.
Муҳаббат қувончлари, оналик бахтиёрлиги, жўшқин ижтимоий ҳаётга шўнғиб, қийинчиликларию оғирликларини эмас, ҳаётда фақат шодликларини ҳис этиб, унинг офтобрўйларида ўзингни ҳис қилиш завқи билан умр ўтаберибди, мен орқага қайрилиб ҳам қарамабман… Бу йўлда катта-кичик довонлар, чиройли, салқин, ойдин хиёбонларгина эмас, жуда қатқалоқ йўлларда қоқинишлар, гоҳ боши берк кўчага кириб қолишлар, гоҳ тақдирнинг энг саодатли эркаси бўлиб бахт кафтида юришлару беаёв гурзиси остида чилпарчин бўлганча, бошингни кўтаришга куч тополмай, мутеъ қолишлар ҳам бўлар экан.
Нега мен, шулар ҳақида ёзмадим, ахир, буларнинг ҳаммаси биргина менинг ҳаётим эмас эди-ку! Нега мен, фақат ўзимни эмас, меҳрибон, жафокаш, доно онамнинг камтар қиёфасини чизиб бермадим? Пўлат билан кураша-кураша темирчи отамнинг иродаси метин бўлиб кетганини жуда кечикиб, кечириб бўлмаслик даражада кечикиб тушундим?! Бу менинг беш ўғил ичида эрка, беғам бўлиб ўсганимдан, табиат ва жамиятдаги ҳодисаларни таниб, фикр этиш ва завқ-шавқ билан унда иштирок этишга чўмиб кетишдандир.
…Агар менинг табиатимда заррача матонат, заррача ирода ва қудрат бўлса, бу ота-боболаримнинг қонидан ва ҳаёт тақозоларидандир.
7 август,1987
* * *
Онам қўлларида муштдай тугунчак,Тош шаҳарни кезар авахта излаб,
Авахта нечадир, зор она неча,
Нечалар яшарди замонни “сиз”лаб.Кекса кўзларида мўлдир ва мўлдир
Қотган кўзёшларга боқардим ҳайрон.
Бу сокин жуссани кемирар не сир,
Не боис муттасил диллари вайрон…
Онамни Хадичабиби деб атардилар. Ёшлигида гўзал бўлганми, барваста бўлганми, мен билмайман. Эсимни танибманки, уни серфарзанд оиланинг онаси, ҳамиша меҳнатда, баъзан изтиробли, баъзан дардман ҳолда кўрардим. …Лекин кундузнинг иш-ташвишлари тугаб, оқшом тушганда, бизга китоблар ўқиб берганида онамнинг овози жуда сеҳрли бўлиб кетар эди. Айниқса, қишнинг узун тунларида меҳнаткаш ўғилларининг ишдан қайтишини кутишнинг оғир туйғуларини, ҳорғинликни бир пасда бартараф қиладиган китобхонлик онамга сабр ва осойишталик бағишлар эди…
Аёл оиланинг чироғи дейдилар. Бу чироқ тунда ҳам, кундуз ҳам бир ҳароратда ёниб тургани ва фарзандлар дунёга келиши билан шу ҳарорат кафтида улғайгани учун уни сезмайдилар. Биз сувсиз қолганимизда сув, нонсиз қолганимизда ноннинг, тузнинг қадрига етганимиздай, болалик чироғи сўниб кетгандагина чироқсиз, ҳароратсиз қолганимизни ҳис қиламиз.
Табиат ҳамма оналарни бирдай меҳрли, фидоий қилиб яратади. Бунинг ҳаммасини шу меҳр ҳароратисиз, суянчсиз қолганимиздагина нимани бой бериб қўйганимизни билар эканмиз.
Мен онамнинг ўзига оро бергани, ҳатто ўсма қўйганини кўрган эмасман. Бунинг боиси тақдир бошига эрта солган бешафқат зарбалари остида ёшлигини ҳам унутиб қўйганидадир. Бирин-кетин Бибинисони 18 ёшда, акам Аҳмаджонни 21 ёшда ўлим бағридан юлиб олганидадир… Лекин бу қотмагина, оддий бир аёлда бу қудрат ва ирода қайдан топилдики, дардини, кўз ёшини ютиб, қолганларига яна ҳам ғамхўр бўлиб қолди…
17 август, 1987
* * *
Ёдим синиқлари, қалқ, овоз берай,Қалқди, юрагим, чида бер бардош…
Инсоннинг болалиги ўтган жойлар хотираси бир умрга тенг экан. Фаслларнинг бирон-бир манзараси ҳам сизни ўтмишга қайтараверади.
Тошкентнинг машҳур Шайхонтоҳур даҳасидан хиёл чапроқда бўлган Қорёғди маҳалласининг бир кўчасини Эгарчи маҳалла дер эдилар. Онамнинг оналари Ҳанифа буви ва тоғам Ислом эгарчи шу ерда яшардилар… Мен Қорёғдига тез-тез боришни яхши кўрар эдим. Аввало, мени бу ерга ҳамиша тортиб турадиган бир меҳригиё — тоғамнинг кенжа қизлари Манзура бўлса, ҳозир ҳам соғиниб, ҳис қилиб турганим жозиба — устахонанинг тўридаги қозиққа осиғлиқ дутор эди. Мен бу дуторнинг тилга киришини куни бўйи кутишдан толмас эдим.
Тоғамнинг чиройлик мардона қиёфаси, кўзларининг зийрак боқишида қандайдир бир чуқур ўйлар, яратиш завқидаги ҳолатини кузатиш дутордаги машқлари каби роҳат бағишлар эди.
— Дутор чалиб беринг, тоғажон!
— Сен бироз ўйнаб кел, опаларинг олдига бор, кейин чалиб бераман.
— Йўқ, мен шу ерда ўтириб турсам майлими?
— Ўтиравер, зерикмасанг.
Мен зерикмас эдим. Теша учидан учиб-учиб чиқаётган паррахаларда хиёл нам дарахтнинг (ҳозир ҳам билмайман, тол дарахтиданми, чинорданми, қайрағочданми) боғлар нафасини келтирувчи хушбўйлиги менга ёқар эди. Кейин тешани ёнларига қўйиб, фартукларини қоқиб бир ёнга қўйиб, секин чарчаган қадларини ростлаб ўринларидан турар эканлар:
— Мана энди сенга дутор чалиб бераман. Нимани чалай?
Мен куйларнинг қай ном билан аталишини қайдан билай? Фақат шуни билардимки, тоғам чертадиган куй мени қандайдир кенгликларга, ёрқинликларга, бориб-бориб уфқдаги қип-қизил рангларга кириб ботаётган қуёш нурлари этагига бошлаб кетар эди. Дуторнинг пардаларида гоҳ жилғаларнинг шилдираши, гоҳ қушларнинг сайроғини эшитардим. Куй сеҳрига чўмиб кетиб, унинг тўхтаганини ҳам билмай қолар эдим.
— Тоғажон, яна битта чалиб беринг!
— Хўш, қайси куйни чалиб берай?
— Билмайман…
— Ҳозир эшитганинг қайси куй эди?
— Сиз айтинг…
— Ироқ, Чўли ироқ.
— Нега чўли ироқ?
— Сен ҳали кўрмагансан. Кенг-кенг далалар бўлади… У ерда на экин битади, на дарахтлар кўкаради. Бу ерлар дарёлардан узоқ бўлгани учун сув ҳам йўқ, шунинг учун чўл деб аталади. Лекин эрта баҳорда бу ерларнинг ҳаммасида кўм-кўк ўтлар кўкаради, лолалар очилади ва кунлар исиб кетгач, қуёш ҳароратидан тезда қуриб кетади. Кейин бу чўлларда қўйлар, моллар боқилади… Энди бошқасини чалиб берайми? Мен чаламан, сен ўйнайсан. “Дилхирож”ни чалиб бераман, — дейдилар тоғам.
— Мен ўйинни билмайман-ку!
Мен ҳеч қачон ўйнайман деб қўл кўтарган банда эмасман. Балки тўғри бўлгандир. Ёмон ижро этгандан, яхши томоша қила билиш афзал…
18 авуст, 1987
* * *
Мана, қалб — бахту дард тўла денгизим,Мавжлари шуҳратим, ҳижрон, ўкинчим.
Тўй. Буни икки тақдир тўғрисидаги ҳикоя деса бўлади…
Олти оғайни оиласи истиқомат қиладиган хонадонда шошилинч тараддуд. Бир дам ўтмай, икки эркак ва икки аёл кириб келишди.
…Меҳмонлар асабий, мезбонлар паришонхотир, кимларнинг кўзлари ёшлик, лекин тонг отганда нари-бери нонушта қилиб, шоду хуррамликда “яхши қолинглар, қудажонлар” деб жўнаб кетишди.
Хонадонда бирдан шундай жимлик чўкдики, бизлар ўзимизга жой тополмай қолдик. Кейин билсак, бу келганлар Аъло аммамиз эканлар. Ўғилларига Сидиқа опамизни унаштириб кетишибди. Биз, болалар учун меҳмонлар келгандаёқ тўй бошланиб кетган эди. Ҳар хил мазали пишириқлар, катта-кичик ширин патирлар, қанду новвот, пашмагу қандолат билан бизларни тоза сийлашди. Меҳмонлар кетгандан кейин ён қўшниларга аталганларни чаққонлик билан улашиб ҳам келдик. Қўшниларимиз: “Вой, тўй бўлдими, кимни унаштирдинглар”, дейишади. Биз билмаймиз.
Ҳовлимизда йигиту қизлар, олти оғайнининг ҳаммаси ҳам серфарзанд.
— Поччалар ким экан? Сидиқа опангларни унаштиргандир, — сўрайди қўшни жувон.
— Мен билмайман, — дейман.
— Аммамизнинг ўғли Ҳасан ака эмиш, — дейди амакимнинг қизи Турсуной опа.
— Вой, бечора қизей, у қари киши-ку! — дейди ачиниб қўшни жувон.
Назаримда, у ҳозир пичирлаб шу эски қўшиқни хиргойи қилаётгандай:
От боғладим харига,Харидан ҳам нарига.
Отам мени эрга берди
Ўзидан ҳам қарига.
Мен ҳайрон бўламан, устахонада бир Ҳасан ака бор. Баъзан, сочи-соқоли ўсганда юзи, боши оппоқ бўлиб кетади. Қорачадан келган Ҳасан ака жуда мулойим, ҳамиша маъюс, ўғил болаларга ошиқ қўйиб бериб, уларни севинтирар эди. Наҳот ўша бўлса?
Опамиз уйга қамалиб олди. На ейди, на ичади. Дарчалари зич беркитилган қоронғи хонанинг бир чеккасига ташланган якандоз устида чўзилиб ётади.
Маъюслик унинг сутдай оппоқ, чиройли юзларини яна ҳам нафислаштириб, нигоҳларини ўт олдирган. У қандайдир ички оловда ёниб ётганга ўхшар эди.
Кунлар ўтди. Бир кун ариқ бўйида хаёл суриб ўтирган Сидиқа опамизнинг ёнига синглиси Холнисо опа билан секин бориб ўтирдик. У сесканиб кетгандай бўлди. Кўзлари маъюс чарақлаб:
— Устахонадаги Ҳасан ака деганни кўрганмисизлар?
Бизни ўзига сирдош билганидан қувонганимиздан бижирлаб кетдик:
— Ҳа, биламиз, жуда яхши амаки. Болаларга ошиқ қуйиб беради…
— Ёшми?
— Йўқ… ёш эмас… — худди ёш десак, хафа бўладигандай бижирлаб қўйдим. Холнисо опа мени бир туртиб:
— Беақл экансан, кап-катта қиз бўлсанг ҳам, қўй, гапирма…
— Вой, ўшами?— деб юборганимни билмай қолибман, мен, ўн яшар кап-катта қиз.
Сидиқа опанинг рангида ранг қолмади. Қандай гуноҳ қилиб қўйганимни кейин англаб қолдим.
Ҳасан ака устахонада кўринмай қолди.
Кўп ўтмай тўй бошланди…
Куз кирган, муттасил ёғинлар бошланди. Тўй оқшомида озгина қор ҳам ёғиб ўтди. Тўй кунлари бўладиган расм-русмлар шошилинч, худди тўйни биров бузиб юборишидан қўрққандай нари-бери ўтказилди.
Келинни ювинтириб, таратиб, оппоқ либослар кийдирдилар. У жуда чиройли бўлиб кетди. Лекин оппоқ рўмолини пешонасига тортиб, кўзёшларини билинтирмайгина дастрўмол билан артиб қўяр эди.
Янгалар келинни йўлга тайёрладилар. Қаердандир мушкианбар топиб, келиннинг сочларига, кўйлакларига суртиб қўйилди. Лекин бу хушбўйлик келиннинг таъбини заррача хушнуд этгани йўқ. У худди нима қилсанглар қилаверинглар, дегандай ўзини тақдирнинг қўлига топширган эди. Келиндаги бу кайфият тўйчиларнинг ҳаммасини қандайдир асабий, паришон ҳолга солиб, тўйларда айтиладиган жарангли, чақнаб турадиган тантанавор сўзлар ўрнига оғир-оғир гапларни пичирлаб айтадиган қилиб қўйган эди.
Шивалаб турган ёмғирли оқшомда келинни олиб, икки-уч аравада аёллар йўлга тушишди. Кейинги аравага келиннинг моли: сандиқ, кўрпа-ёстиқ, тугунлар ортилди.
Ҳамон эсимда, Ўқчидан Дегрез маҳалласигача бўлган йўл — жуда узоқ туйилиб кетди. Ҳеч ким шошилмаётгандай, отларнинг ҳам тўёғидан ўт чақнамайди, аравакашлар отни қамчиламайди, тўйларда бўлмайдиган оғир кайфият ҳамманинг завқини, руҳини ютиб юборгандай.
— Ҳой, овсинлар, ёр-ёр айтсаларинг-чи, келин олиб кетаяпмизми ўзи?
— Шуни айтинг-а, қани, Рихси буви, чирмандани олинг…
Мен онамнинг овозини танидим.
— Чирманда бўкиб ётибди, уни қизитиш керак…
— Чалаверинг! Ҳой, ёшлар, ёр-ёр айтинглар қани, бошланг!
Қадим-қадимларда тўқилган ва шу пайтгача бирон сатрига замонлар ўз таҳририни киритолмаган ёр-ёр тилга киради:
Йиғлама,қиз, йиғлама,Тўй сеники, ёр-ёр.
Остонаси тиллодан
Уй сеники, ёр-ёр…
Бирдан тун тинчлигини бузиб, ҳўнграган йиғи овози эшитилди, бу — бизнинг шўрлик келинчагимиз Сидиқа опамизнинг “остонаси тиллодан уй” бўсағасидаги хўрлик ва надоматлар тўла фиғони эди. Эҳ-ҳей, бу фиғонларнинг ҳам ибтидоси минг йиллардан чуқур… Мен совуққотганимданми, келиннинг пинжига суқиламан; унинг қайноқ титроқ қўллари билан бошимни силаши хўрлигимни келтирдими, йиғлаб юбордим. Дарҳол Рихси опоқи бир силташ билан мени исcиқ пинждан четга чиқариб қўйди…
27 август, 1987 йил
* * *
Афсусномадан қатра
Ака, жоним акам — жондошим акам,Олтмиш йил изимга қайтиб йиғлайин,
Бўғзимда тош бўлган йўқловларимни
“Оҳ”ларим эритар — айтиб йиғлайин.…Бу дунёда кўрган азоб, кўзёшлар
Савоб посангисин хиёл босарми?
Гумроҳлик палласин тўлдирса тошлар,
Энг баланд дорига мени осарми?!
Ёшлик, ёшлик! Сен шу қадар ёрқин, жўшқин экансанки, сенинг наcимдек қанотларингда парпираб учиб юраверар эканмиз, оёғимиз ерга тегмас эканми? Ахир, бизнинг ҳамма ишимиз ерда, онамиз бизни бахшида этган муқим ерда экан-ку! Ернинг ақидаларини, юмушларини, ўзининг олдидаги бурчларимизни, сенинг завқингга ютдириб, ўзингдай бебошроқ яшадимми?
Йўқ, асло йўқ. Ўшлик, гоҳ бахтдан осмонга ўрлаб, бахтсизлик, айрилиқлардан кунжакда жизғанак бўлиб ўтмадингми?
Хотиралар карвони — умр поёнига югургани сари — оғир бекатларни ошириб юборяпти: уни қилмадим, буни адо этмадим!.. Шунча узоқ умрда гумроҳ бўлмасанг не-не хайрли ишларни қилишинг мумкин эди! Бобом, момомлар қабри устига мармар тош қўйдимми? Шунча жасорат, кураш ва хизматларга тўла, бахтсизликларга тўла — бизнинг Исроиловлар оиласи мисолида, то шу кунгача кечирилган умр ва ўтилган йўллар намунасида, халқ ҳаётининг ўша даври ҳақида ҳеч бўлмаса шунчаки лавҳалар ёзиш мумкин эди-ку! Эҳ… ҳе, нималар кечмади бу замон кишилари ҳаётида… тинмағур жараён тўлқинларига энтикиб кириб, унинг бешафқат ўпқинларига чўкиб кетганлар тақдири, 20-йиллардаги кўтарилишлар…
Йўқотишлар, ҳибсга олинишлар, отиб ўлдиришларнинг боисини қидириб, мозийни кавлаб кўриш керак эди-ку! Нега билимдон, истеъдодли қирчиллама акам отилиб кетаверди “халқ душмани” аталиб! Нима учун, уч акам бирдан ишдан олиниб, партиядан ўчирилиб кетдилар?
Москвада билим олиб, раҳбарлик лавозимларида ишлаб турганда халқ душманлари ва уларнинг ҳомийлари аталиб гўдагидан айрилган онадай икки қўли бўш қолдилар. Ҳаёт кечириш керак эди, фарзандларни вояга етказиш керак эди. Заводларда қора ишчилар бўлиб ишлаб юрдилар, менинг акаларим. Уларнинг, руҳан эзилганликларини кўриб, кучим фақат кўзимга етиб йиғлардим…
Нега “дод” деб, раҳбарлар олдига чиқмадим? Йўқ, чиқдим. Усмон Юсупов ҳузурига чиқдим. Мен нодон “аканг Колимага жўнатилган” деса, ишонганимдан “мени бир марта ўша ўлкага бориб келишга рухсат беринг!” деб, севиниб кетибман. Кейин билсам, ўша 1937 йилда ҳибсга олиниб, 1938 йилда отилиб кетган экан, жигаргинам.
Ўзи қандай даврда яшаган эканмиз?.. Бундай қирғинни тарихда бирон бир аср кўрмаган бўлса керак.
Тағин қандай яшаб юрибмиз бу бебақо дунёда!
5 ноябр, 1988
Қозоғистондан шоир Кенгшлик “Маданият ва турмуш” журнали учун суҳбат ёзиб кетди. Мен ўйлайманки, у ҳеч нарса ёзмайди, бир ўйнаб кетишга келган бўлса керак. Ҳозирги тўс-тўполон қизиқтиради уни. Бу ўткинчи бир саҳифа…
12 декабр, 1988
Агар санага эътибор берсангиз, шоира ўша қисқа бир даврга нисбатан ўзининг муносабатини ҳамда сукутини уч-тўртта гап билан ифодалайди. Бу ҳолат менга яна 1994-1995 йилларда шоира ҳақида кўрсатув тайёрлаган телережиссёр Дилором Каримова билан бўлган ўзаро бир баҳсимизни ҳам эслатади. Ўшанда опа ўта кескин оҳангда шундай деган эди: “1988-1992 йиллар ёзувчию шоирларимиз учун бир имтиҳон вазифасини бажарди. Бу синовда айрим таниқли ижодкорларнинг юзидаги ниқоблари очилиб кетди. У уни ёзган, бу буни сотган, ҳар ким ўзини нималардир деб оқлаб, бутун мағзавани даврга ағдарганди… Ўша тало-тўпда барча ғавғоларни жимлик билан қабул қилиб, ўзини ҳурмат қилган бир Шахсни кўрдим, бу — Зулфия опа эди. Даврнинг фожиасини ўзининг фожиаси билиб, сукут билан қарши олди. Бу сукутда унинг матонати мужассам эди… ”
* * *
Ёшим кетиб–кетиб, тордай тарангман…
Қозонда икки пиёз куйса ачинамиз. Бир танда бир юрак ёниб тамом бўлганини билмаймиз. Бир юракда неча шеър ниш уриб, кўкармай ёниб кетаётганини ўзим, ёлғиз ўзим биламан.
23.02.86
* * *
Вақт, вақт, вақт деб, умримдан фақат ижод учун насиб қилган вақтларни кута-кута унга етишганда, энди жисмоний куч йўқ.
Шеър туғилишининг ноёб ҳаяжони, дарди фикр ва дилда тўлқинлана бошлаши билан юракда оғриқ, мияда шовқин бошланади, бутун борлиғим афсус ва надоматлардан ларзага келади.
Эй воҳ! Шеър яралишининг масъуд ширин дамлари, даврлари ўтмишда қолди чоғи! Илҳомсиз, фақат афсус, ёзилмаган шеърлар устида кўз ёши тўкишга қодир юрак билан яна қанча яшайман?
Ижод — ҳаётимнинг ягона маъноси эканини аччиқ ҳис қилаяпман.
15. VI. 86
“Икки бахтлининг бошиБир ёстиққа сиғмайди…”
* * *
Композитор Дмитрий Кобалевский ҳикоя қилади:
“Мен Роберт Рождественскийнинг “Реквием” шеърига музика ёзаётган дамлар эди. Мавзу оғир, қайғули, урушнинг бутун даҳшати нигоҳингдан ўтиб, сени чуқур мунгларга кўмиб ташлайди. Биринчи нотаданоқ юрак бағирларни куйдирадиган товуш босимига бас келиб ишлайсан. Иш анча вақт давом этди…
Шу онларда мендан бир “соната” ёзиб беришимни сўрадилар. Оғир ўйлардан бир лаҳза дам олишим учун ҳам, менга айнан шундай бир туртки керак эканлигидан дарҳол рози бўлдим. Шекспирнинг сонетларини Самуил Маршак таржимасида ўқишни жуда севаман. У ҳамиша мен билан. С. Маршак билан қадрдон дўст эдик. Шоир сонет ҳақида шундай деганди: “Сонет — 4-4-4-2 мисрадан иборат бўлади. 12 сатрини бир катта даргоҳ, ёки сарой деб фараз қилайлик. Унга кирган киши нималарнидир пайқаб, тушуниши мумкин. Ҳар ким ўз нигоҳи, диди, тушунчаси билан изоҳлайди. Лекин охирги сатр, бу — шоирнинг ўзи, шу даргоҳнинг эгаси. Шу икки сатр — шоирнинг дарди.
Мен сонатани ёзишга киришдим. Шакл жиҳатдан мўъжазгина. Шеър кучли, мени ўзига тортиб кетмоқда. Лекин “Реквием”нинг биринчи нотаси ҳамма ўй, ҳис-туйғуларимдан ҳамон устун. Мен ёза бошлайман. Яна ўша нота: данг, данг… Лекин энди бу “данг-данг” бошқа жаранг, бошқа жилолар кашф эта бошлайди, ўша нота энди бошқа манзара, бошқа ранг, бошқа кайфиятлар туғдира бошлайди.
Мана шундай, бир асарда бир кайфият, ғояни, туйғуни ифода этган икки нота, ўзга асарда бутунлай бошқа жарангга кириб, унда ҳам ўз вазифасини бажариб кетади”.
Шеъриятда ҳам шундай. Сўз энг қиммат, энг бокира, бегуноҳ ноёб бир неъматки, унга пала-партиш юклар ортиб азиятга солмайлик. Ҳаётда ҳаётдай суюк, ўлимдай хунук сўз йўқ. Ҳар бир айтадиган сўзимиз ана шундай кучли юк ташисин.
12. I. 87
…Вақт етса шу халқда қолар дафтарим,Вақт етса, бу ёқда қолар дардларим…
Руҳим у ёқларга қуш бўлиб учар…
* * *
Баъзида бир ўй қийнайди: нега адибларимизнинг ғаладони бўш қолди? Наҳот уларнинг фақат жамоатчиликка эмас, ўзларига айтадиган ўз сўзлари, кўнгил иқрорлари бўлмаса? Бир инсон ва ижодкор сифатида воқеликка, жараёнларга нисбатан ўзларининг шахсий нигоҳлари, оғриқлари йўқмиди? Балки уларнинг ён дафтарида қолган биргина тирик сўз ҳам, бугун биз — бошқа бир авлоднинг уларни тушуниши учун етарли бўлармиди?
“Қўлёзмалар ёнмайди!”,— дейди жаноб Воланд. Ишонаман. Чунки ҳиссиётлар ҳароратидан тафт олган фикрлар унинг кулга айланишига йўл қўймайди. Қолаверса, хотиралар эгасининг ўзи ёнгани ҳам етади…
Иқбол Қўшшаева тайёрлади.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 9-сонидан олинди.