ёхуд Р.Баландиннинг «Юзта машҳур даҳо» китоби ҳақида айрим мулоҳазалар
Ўзбек тилининг изоҳли луғатида даҳо сўзига «Фавқулодда ақл ва заковат, тенгсиз ижодий истеъдод» дея таъриф берилган. Гёте қобилиятдан юқориси истеъдод, истеъдоддан юқориси даҳолик, деган эди. Даҳолик ва даҳолар ҳақида кўп ва хўп ёзилган.
Ёрқин, машҳур шахслар, айниқса даҳолар ҳақида ёзилган илмий, оммабоп, бадиий асарлар китобхонда ўзгача бир қизиқиш, иштиёқ уйғотиши табиий. Яқинда шундай бир китоб қўлимга тушиб қолди. Бу Р.К.Баландиннинг 2008 йили Москвада чоп этилган «Юзта машҳур даҳо» («Сто великих гениев») деган китоби эди. Унда яқин ва узоқ ўтмишда яшаб ўтган машҳур шахслар, муаллифнинг эътирофича машҳур даҳолар — дин арбоблари, саркардалар, ҳукмдорлар, файласуфлар, шоир ва ёзувчилар, олимлар, санъат арбоблари ҳақида ҳикоя қилинади. Китобни қўлга оларканман, «Қани биздан кимлар кирган экан?» деган савол беихтиёр хаёлимга урилди-ю, шоша-пиша мундарижага кўз ташладим. Ажабо, унда Роджер, Кузанский, Кювье, Лайель, Дюрер, Босх, Кропоткин каби номи у қадар маълум ва машҳур бўлмаган шахслар даҳолар қаторидан ўрин олгани ҳолда Амир Темур, Заҳириддин Бобур, Беруний, Ибн Сино, Форобий, Хоразмий, Алишер Навоий, Чингиз Айтматов каби буюк сиймоларнинг номлари йўқ эди. Табиийки, бундан ажабландим ва андак ранжидим ҳам.
Шарққа паст назар билан қараш янгилик эмас, албатта. Айни чоғда Ғарбнинг ўзи Шарққа бўлган ҳурмат-эҳтиромини, ҳайратини («Қуёш Шарқдан!») аллақачон изҳор этиб қўйган. Яна ўша Гётега мурожаат этамиз. Буюк немис мутафаккири, «Ғарбу Шарқ девони» муаллифи: «Еттита энг зўр Шарқ шоирининг энг нимжонидан ҳам кучсизман», дея иқрор бўлган. Дарҳақиқат, буюк сиймоларимизнинг дунё тамаддунига қўшган ҳиссаси беқиёсдир. Соҳибқирон Амир Темур ҳаётлигидаёқ Европа халоскори сифатида тан олиниб, эъзозланган. Жавоҳарлаъл Нерунинг «Бобур — дилбар шахс…» деган эътирофи эл аро маълум ва машҳур. Беруний ёзган асарлар рўйхатининг ўзи олтмиш саҳифалик китоб бўлади. Ибн Сино асарлари Европада беш-олти аср мобайнида тиббиёт дарслиги сифатида ўқитилган. Ҳазрат Навоий ижодининг жаҳоний аҳамияти ҳам аллақачон эътироф этилган. Муҳтарам Юртбошимиз «Юксак маънавият — енгилмас куч» асарида шундай ёзадилар:
«Таъбир жоиз бўлса, оламда туркий ва форсий тилда сўзловчи бирон-бир инсон йўқки, у Навоийни билмаса, Навоийни севмаса, Навоийга садоқат ва эътиқод билан қарамаса.
Агар бу улуғ зотни авлиё десак, у авлиёларнинг авлиёси, мутафаккир десак, мутафаккирларнинг мутафаккири, шоир десак, шоирларнинг султонидир.
Инсон қалбининг қувончу қайғусини, эзгулик ва ҳаёт мазмунини Навоийдек теран ифода этган шоир жаҳон адабиёти тарихида камдан-кам топилади. Она тилига муҳаббат, унинг беқиёс бойлиги ва буюклигини англаш туйғуси ҳам бизнинг онгу шууримиз, юрагимизга аввало Навоий асарлари билан кириб келади».
Навоий даҳосини бундан ортиқ таърифлаш ва баҳолаш қийин.
Даҳолар ҳақидаги китобга буюкларимиз киритилмагани билан улар камситилиб қолмайди, албатта, фақат муаллифнинг нохолислиги андак таассуф уйғотади. Беихтиёр Криловнинг ўша машҳур масали ёдга тушади. Ҳайвонот боғига борган одам у ерда ҳар турли майда жонзотлар, қурт-қумурсқаларгача кўрганини дўстига айтиб мақтанади. Оғайниси ўша ерда фил ҳам бор эди, кўрдингми деб сўраса, йўқ, филни кўрмадим деб жавоб беради…
«Юзта машҳур даҳо» китобининг илк саҳифалари дин арбобларига бағишланган. Унда пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в. ҳақида ҳам ҳикоя қилинган. Афсуски, бу ҳикоя ниҳоятда юзаки, бирёқлама, Расулуллоҳ с.а.в.нинг муборак сиймоси мутлақо очилмаган. Муаллиф ўзича Қуръони каримнинг айрим «камчилик»лари ҳақида алаҳсираб фалсафа сўқийди. Муқаддас китобимизда ҳазрат пайғамбаримизнинг қарашлари акс этгани ҳақида ёзади. Ваҳоланки, Қуръони карим Оллоҳнинг каломи экани, Расулуллоҳ с.а.в.нинг ўгитлари, панд-насиҳатлари унинг ҳадисларида баён этилгани ҳар бир мўмин мусулмонга яхши аён.
Р.К.Баландин китобининг шоир, ёзувчиларга бағишланган қисмида ҳам ўша бирёқлама услубига содиқ қолган. Масалан, муаллиф Достоевский, Толстой ҳақида ҳикоя қилар экан, бу ёзувчиларнинг таржимаи ҳолига доир айрим маълумотларни келтириш баробарида кўпроқ уларнинг дунёқараши, жамият, санъат ва адабиёт ҳақидаги фикр-мулоҳазаларига тўхталади. Ваҳоланки, бу улуғ ёзувчиларнинг даҳолиги кўпроқ уларнинг адиб сифатидаги юксак маҳоратида, санъатида намоён бўлган. Китобда бу ҳақда деярли ҳеч гап айтилмайди.
«Юзта машҳур даҳо» китоби муаллифининг даҳолик ҳақидаги тасаввур-тушунчаси бағоят «ўзига хос», ҳайратомуздир. Аввало Ленин, Сталиннинг даҳолар сафига қўйилиши тушунарсиз. Даҳо сўзининг маъно-моҳияти эзгу туйғулар, комиллик, эзгу амаллар билан боғлиқ. Шўро “доҳий”ларининг истеъдодлари эзгуликка эмас, аксинча, қабоҳатга, разолатга хизмат қилгани тарихий ҳақиқат-ку! Муаллиф бу шахсларнинг таржимаи ҳолига доир айрим маълумотларни келтиради, характеридаги «айрим қусурлар»ни шунчаки номигагина тилга олади, айни чоғда уларнинг фаолиятини асосан ижобий баҳолайди, хизматларини ошириб-тошириб кўрсатади, жиноятларини, ёвузликларини хаспўшлайди, улардан кўз юмади.
Танганинг иккинчи томони эътибордан соқит қилинади. Ўша социалистик давлат халқлар бошига қанчалар кулфат келтиргани, сиёсий террор, оммавий қатағон қанчалар фожеали бўлгани, бу «даҳо»лар ўз халқига нисбатан геноцид сиёсатини юргизгани ҳақида лом-мим дейилмайди. Машъум қатағон сиёсати аслида Лениндан бошлангани, подшо оиласини отишга ҳам шахсан ўзи буйруқ бергани, сиёсатда ғирт иккиюзламачи экани, Қўқон мухториятини қонга ботиргани, маълумоти бўйича юрист бўлгани ҳолда ҳуқуқ-тартибот тизимига телефон орқали тазйиқ ўтказиш амалиёти ҳам «доҳий»дан мерос экани, унинг таълимоти эса мутлақо сохта экани унутилади.
Р.К.Баландин ўз китобида Сталин ҳақида оғзидан бол томиб сўзлайди, «халқлар отаси»га ихлосини яшириб ўтирмайди. Совет Иттифоқи ХХ асрда эришган жамики оламшумул ютуқлар унинг номи билан боғлиқ экани, мамлакатда рўй берган илмий-техникавий ва иқтисодий юксалиш туфайли СССР энг ривожланган давлатлар қаторидан ўрин олгани, индустрлаштириш ва коллективлаштириш муваффақиятли якунлангани, фашистлар Германияси устидан қозонилган ғалаба — ҳамма-ҳаммаси Сталиннинг буюк хизматлари натижаси дея қайд қилинади. Бироқ, унинг сон-саноқсиз жиноятларини фош этувчи муҳим тарихий, илмий, бадиий ҳужжатлар, манбалардан кўз юмилади. Ахир Н.С.Хрушчевнинг 1956 йили КПСС ХХ съездида Сталин шахсига сиғинишни фош этувчи ва жаҳонда катта шов-шувларга сабаб бўлган тарихий нутқини тилга олмай, Солженициннинг террор ва қатағон сиёсати, Сталин қамоқхоналаридаги азоб-уқубатлар ҳақида ҳикоя қилувчи машҳур «Гулаг архипелаги» асарига мурожаат этмай туриб Сталин ҳақида тўлақонли, ҳаққоний асар ёзиб бўладими? Ахир тарихга, қадриятларга, ўтмишда ўтган тарихий шахсларга, ҳукмдорларга замона зайли билан қайтадан баҳо берилмоқда-ку! Муаллиф қайси аср қаъридан туриб гапирмоқда? Кимларнинг тегирмонига сув қуймоқда?
«Шўролар замонида тарихий ҳақиқатни билишга интилиш рағбатлантирилмас эди, ҳукмрон мафкура манфаатларига хизмат қилмайдиган манбалар халқ кўзидан иложи борича йироқ сақланарди», дея Юртбошимиз тўғри қайд этган эдилар. Эндиликда мустабид тузум давридаги сунъий тўсиқлар, ғовлар олиб ташланди. Мустақиллик шарофати билан ҳақиқатни билиш ва айтиш имконияти туғилди.
Ўзбек адабиётида шахсга сиғиниш ва қатағон сиёсатини фош этишга бағишланган биринчи салмоқли асар Шуҳратнинг (Оллоҳ раҳматига олган бўлсин) «Олтин зангламас» романи бўлди. Кейинчалик Иззат Султоннинг «Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлари», Усмон Азимнинг «Кундузсиз кечалар», Хайриддин Султоновнинг «Улар Германияда ўқиган эдилар» каби қатағон даврини акс эттирувчи қатор асарлар яратилди.
Ленин, Сталин каби «даҳо»ларнинг жиноятлари фақат оммавий қатағон, геноцид билан чекланиб қолмайди. Улар халқнинг руҳини ғорат қилишди, қуллик, мутелик психологиясини сингдиришди, одамларни ўз ҳақ-ҳуқуқини танимайдиган, мустақил, соғлом фикр юритолмайдиган манқуртларга айлантиришди. Бунинг аянчли таъсири, заҳри-зиёни ҳали ҳамон давом этмоқда…
Р.К.Баландиннинг китобидаги бирёқламаликлар, нохолисликларни хўш, нима бўпти, муаллиф ўз шахсий фикрини баён этган дея оқлаш, хаспўшлаш мумкинми? Менимча, мумкин эмас! Агар муаллиф ўз фикр-мулоҳазаларини беш-олти нафар улфатлари билан бўлган ўзаро гурунгда айтса бошқа гап эди. Ахир у ўз қарашларини кўп нусхада чоп этилган китобида баён этмоқда, демакки халққа, оммага “маърифат” тарқатяпти, шу боис унинг нуқтаи назари оломоннинг қарашларидан фарқ қилиши, ҳақиқатнинг кўзига тик қараб, холис, ҳаққоний ва соғлом фикр юритиши лозим эди. Афсуски, тарихни яхши билмайдиган, мустақил фикр юритолмайдиган китобхоннинг онгу шуури бундай китобларни ўқигач, яна бир карра ёлғон билан заҳарланади. Бундай кўнгилсиз ҳолга бефарқ қараш мумкин эмас. Айниқса, «Баркамол авлод йили»да ёшларни зарарли мафкуравий таъсирлардан огоҳ қилишга ҳаммамиз бурчлимиз.
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 10-сонидан олинди.