Бизнинг Ўзбекистон дунёнинг шундай бир минтақасида жойлашганки, бу ерда бутун ҳаёт, бутун маданият, бутун тарих инсон ва табиат орасидаги нозик мувозанатни изчил сақлаб яшашга асосланган. Бу мувозанат салгина бузилса, инсон ҳам, табиий мавжудот ҳам қанчалик зарар кўриши қуйидаги оддий мисолда кўзга ташланади.
Бизни ўраб турган бутун яшил олам, ариқлардан сув ичадиган боғ-роғлар, экинзорлар ёз иссиқлари суғориб парвариш қилинмаса ҳаммаси қуриб қолади. Инсон меҳнати ва ақл-заковати ҳар гал уларни ҳалокатдан қутқаради. Айни пайтда, инсоннинг ўзи ҳам шу боғ-роғлар ва экинзорларсиз кун кўролмайди.
Демак, бизнинг суғориладиган минтақамизда инсон билан табиат бир-бирларидан нажот топиб яшайди. Бундай ҳаёт тарзи неча минг йиллик тарих давомида сайқал топиб, юксак бир мувозанат ва маданият даражасига кўтарилган.
Инсон иродасига бўйсуниб, ариғу анҳорлардан қишлоқ ва шаҳарларга оқиб бораётган сувни одамлар боғ-роғлар ва экинзорларга заргарона меъёр билан таратмасалар, ҳаммаёқни сув босиб, табиий офат юз бериши мумкин. Шундан сезиш мумкинки, табиатдаги оддий сув инсон ақл-заковати ва суғориш маданияти билан бойитилгандан кейин нажоткор обиҳаётга айланади.
Минтақамиз халқлари Сирдарё, Амударё, Зарафшон, Мурғоб ва бошқа дарёлар сувидан асрлар давомида табиий мувозанатни сақлаган ҳолда оқилона фойдаланиб, жуда кўп обод манзиллар яратганлар.
Мана шу, нозик мувозанат қўпол равишда бузилса, қандай даҳшатли экологик фожиа юз беришини биз биринчи марта тарихда бундан саккиз аср муқаддам мамлакатимизни вайронага айлантирган Чингизхон босқинчилиги даврида бошдан кечирганмиз. Умрида бир кўчат ҳам экмаган маданиятдан маҳрум кўчманчилар Сирдарё, Амударё, Мурғоб ва бошқа дарёлар ўзанида қурилган тўғонларни буздириб, Хўжанд, Урганч, Марв каби обод шаҳарларни сувга бостирадилар. Бутун-бутун водийларда сувсизликдан ҳаёт сўнади, ариқлар, анҳорлар қурийди, миллионлаб одамлар қирилиб кетади. Тирик қолганлар бошқа минтақаларга қочиб кетади. Фақат орадан бир ярим аср ўтгандан кейин Амир Темур бошқарган халқ озодлик ҳаракати туфайли минтақамиз чингизийлар истилосидан халос бўлади. Меҳнатсевар одамларимиз қадимги суғориш тизимларини қайта тиклайдилар. Тошкентда Солор ва Бўзсув, Самарқанд яқинида Дарғом анҳорлари яна сувга тўлиб оқа бошлайди. Амир Темур нафақат Марказий Осиёда, балки Афғонистонда ва Озарбайжон ҳудудида ҳам катта шоҳариқлар қаздириб, сувсиз чўлларда обод манзиллар барпо эттиради. Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома”сида қайд этиладики, Амир Темур Озарбайжоннинг Муғон даштига обиҳаёт берадиган улкан анҳор қаздирган ва унга “Барлос анҳори” деб ном берган. Шунга ўхшаш шоҳариқни Соҳибқирон Кобул яқинида ҳам қурдирган.Ўттиз чақирим узунликдаги бу анҳорда балиқлар ҳам бемалол яшар эканлар. Шунинг учун бу шоҳариқни “Моҳигир”, яъни “балиқ олувчи” деб атаган эканлар.
Соҳибқирон отасининг ободончилик бобидаги бундай улкан ишларини Шоҳруҳ Мирзо қандай давом эттиргани Абдураззоқ Самарқандийнинг “Матлаъйи саъдайн” китобида батафсил ҳикоя қилинади.Ҳозир Туркманистон ҳудудида жойлашган қадимги Марв шаҳри ва унинг атрофидаги яшил воҳа асрлар давомида Мурғоб дарёсидан чиқарилган катта анҳорнинг суви билан обод бўлган эди. 1230 йилда Чингизхоннинг ўғли Тўлуйхон Шурғоб дарёсига қурилган тўғонни буздириб ташлайди. Марвни сув босади. Унинг атрофидаги обод воҳа сувсиз қолиб, барча дарахтлар ва экинлар ёз иссиқларида бутунлай қуриб қолади. Кўп одамлар очдан ўлади, тирик қолганлар бу жойлардан бош олиб кетади. Шундан кейин 180 йил давомида Марв ва унинг атрофлари инсон яшай олмайдиган ўлик маконга айланади.
Ниҳоят, 1410 йилда Шоҳруҳ Мирзо ўғли Улуғбек билан бирга Мурғоб дарёсига қайтадан тўғон қурдиради. 180 йил давомида қумларга тўлиб бекилиб қолган анҳор ўзанини ва бутун суғориш тизимини қайта тиклатади. Узунлиги 72 чақирим, эни 20 газ (14 метр), чуқурлиги беш газ (3 ярим метр) келадиган улкан анҳор яна сувга тўлиб оқади. Натижада Марв шаҳри қайта тирилади, унинг атрофидаги юзлаб манзиллар обод бўлади.
Амир Темур ва унинг авлодлари даврида табиат билан мана шундай ҳамкорлик қилиш юксак маданият даражасига кўтарилади. Самарқанд қалъаси атрофларида Амир Темур томонидан ўн иккита улкан боғ барпо этилади. Бу боғлар илм-фан ва меъморчилик санъатининг ўша даврдаги ютуқларига асосланганини уларга берилган номлардан ҳам сезиш мумкин. Яздий “Зафарнома” сида тарихий воқеа сифатида қайд этилган Самарқанд боғларидан бири “Боғи дувоздаҳ бурж”, яъни осмоннинг ўн икки буржига мослаб барпо этилган улкан боғ номини олади. Осмоннинг ўн икки буржи эса фалакиёт илмининг диққат марказида турадиган ўн икки юлдуз – қуёш тақвимида Ҳамал, Савр, Жавзо, Асад, Мезон ва бошқа наврўзий номлар билан аталган юлдузларга қараб белгиланади.
Бу ўн икки юлдуздаги барқарорлик ва мувозанатни ер юзида ҳам жорий этишга интилган Амир Темур ўзи барпо этган давлатни ҳам ўн иккита тамойилга асосланиб идора этади, қўл остидаги одамларни эса ўн икки тоифага бўлиб бошқарганини “Темур тузуклари”да махсус кўрсатиб ўтади.
Табиий мувозанатга бу даражада катта эътибор бериш ва табиат қонунлари билан ҳисоблашиб яшаш туркий халқларнинг қадимий эътиқодлари ва тарихий тажрибалари билан чамбарчас боғлиқ бўлган. Узоқ ўтмишда яшаб ўтган бобокалонларимиз табиатни муқаддас деб билганлар. Осмонни “Кўк тангри”, энг баланд тоғни “Хон тангри” деб атаб, уларга сажда қилганлар. Туркий элларнинг бу эътиқодлари қуёш тимсолида нур ва оловни илоҳлаштирган Зардуштийлик динига жуда яқин бўлган. “Авесто” дай улуғ маънавият обидаси биз яшаётган заминда пайдо бўлганига мана шу яқинликни энг муҳим сабабларидан бири қилиб кўрсатиш мумкин.
Амир Темур ва унинг авлодлари яратиб кетган боғлар энг нуфузли тарихий манбаларда алоҳида эътибор билан қаламга олинганига яна бир сабаб бор. Бу боғлар ер ва сув билан инсон ҳамкорлик қилиб яратган санъат асарлари ҳисобланган. Амир Темур ғояси билан барпо этилган боғлардан яна бири “Боғи нақши жаҳон” деб аталган. Чорбоғ усулида қурилган бу боғнинг маълум бир жойида дунёга донғи кетган мевали дарахтлар, бошқа ўринда энг гўзал гуллар, чаманзорлар, яна бошқа муносиб топилган жойда соя берадиган нодир дарахтлар ўстирилган. Нақшинкор кўшклар, мармар ҳовузлар, зилол сувли ариқлар, шовуллаган фавворалар бу боғларни чиндан ҳам жаҳоннинг кўркига айлантиради.
Ҳиндистонлик олим М.Рандхаванинг “Асрларга татиган боғлар” номли китоби инглиз ва рус тилларида юз минглаб нусхада чоп этилган. Бу китобда Амир Темурнинг Самарқандда бунёд этган “Боғи дилкушо”га махсус ўрин берилган. Чорбоғ усулида қурилган бу боғнинг тўрт томонида тўртта муҳташам дарвозахонаси, тоқ ва равоқлари бўлган. Боғ марказида ички деворларига рангли суратлар чизилган икки ошиёнлик кошинкор қаср бўлган. Испаниядан Амир Темур саройига элчи бўлиб келган Клавихонинг гувоҳлик беришига қараганда, боғда нафақат анвойи гуллар ва дарахтлар ўстирилган, балки унинг ҳайвонот дунёсига мосланган қисмида гўзал кийиклар ва какликлар ҳам авайлаб боқилган. Бу соҳибқироннинг табиатни қанчалик эъзозлаганини кўрсатадиган яна бир ёрқин мисолдир.
Табиатга бундай муносабат Улуғбекдан кейин тарих саҳнасига чиққан Бобур Мирзо фаолиятида ҳам кўзга яққол ташланади. Бобур ва унинг авлодлари Афғонистон, Ҳиндистон ва Покистонда бунёд этган боғлар ҳақида инглиз олимаси К.М.Стюарт қизиқарли бир китоб ёзган. Бу китобда боғ меъморчилиги Бобур Мирзо ва унинг авлодлари томонидан юксак санъат даражасига кўтарилганлиги кўплаб далиллар ёрдамида исбот этилади. Бобур Мирзо Кобулнинг баланд бир жойида барпо этган кўркам боғ “Боғи Бобуршоҳ” деб аталади. Бобур Мирзо бу боққа тоғдаги чашмалардан ариқ қаздириб сув келтирган. Унда беш аср бурун экилган чинорлар ҳозир ҳам осмонга бўй чўзиб турибди. Тўғри, Афғонистонни ҳароб қилган шўро босқинчилиги ва ундан кейинги толиблар уруши Боғи Бобурга ҳам катта зарар етказган экан. Матбуот хабарларига қараганда, сўнгги вақтларда Боғи Бобурни қайтадан обод қилиш ва аслига келтириш учун кенг кўламдаги таъмир ишлари олиб борилмоқда. Энг муҳими, Бобур Мирзонинг бу боғдаги мармар мақбараси барча қирғин-баротлардан омон қолганлигидир.
Бобур Мирзо ўзи барпо этган боғларни “Бобурнома”да севиб қаламга олади. Жамна бўйида ундан ёдгор бўлиб қолган “Боғи ором”, “Боғи Зарафшон”, “Боғи Нилуфар”, Кобулда бунёд бўлган “Боғи бинафша” ва “Боғи Наврўзий” шулар жумласидандир. Ёз пайтларида йўнғичқанинг нафармон гулига ва хушбўй ҳидига тўладиган яна бир боққа “Боғи йўнғичқа” деб ном берилади.
Табиатдаги нодир ва гўзал жониворларга эътибор нуқтаи назаридан қараганда, Бобур Мирзо Кобулда бунёд этган “Боғи оҳухона” тарихда ёрқин из қолдирган ҳодисалар қаторидан ўрин олади. Гўзаллик туйғуси ва тирик жониворларга шафқати кучли бўлган Бобур Мирзо гўзал оҳуларни овлаб отиб олишдан кўра, тирик тутиб келиб катта боғда парвариш қилишни афзал кўради. Вақт ўтиши билан одамга ўрганган бу нодир жониворлар боғда ёйилиб юрганда уларни яқиндан кузатиб томоша қилиш улуғ ижодкор сиймога қанчалик завқ берганини тасаввур этиш мумкин.
Амир Темурдан бошланган бу ажойиб анъанани Ҳиндистонда Акбаршоҳ яхши давом эттиради. У камайиб бораётган нодир жониворларни овлашни ман этадиган махсус фармон чиқаради. Агра яқинидаги Скандар деган жойда Акбаршоҳ атрофи баланд девор билан ўралган юз эллик гектар катталикдаги махсус боққа “антилопа” деб аталадиган гўзал кийиклардан олиб келтиради ва уларни авайлаб-асрайди. Бу ҳодиса 1590 йилларда содир бўлади. Акбаршоҳ вафот этганда уни оҳулар ёйилиб ўтлаб юрган мана шу улкан боғнинг олд томонида қурилган мақбарага дафн этадилар. Орадан асрлар ўтади, Ҳиндистон мустамлакага айланади, Акбар мақбараси эътиборсиз қолиб, боғдаги кийиклар йўқ бўлади.
Ҳиндистон мустақиллиги даврида Жавоҳарлаъл Неру Акбар мақбарасига катта эътибор беради, уни ораста зиёратгоҳга айлантиради. Индира Ганди давлат бошлиғи бўлганда отаси бошлаган ишни давом эттириб, Акбаршоҳ боғига ўта гўзал антилопа кийиклардан катта бир тўпини олиб келтиради ва авайлаб парвариш қилдиради. Мен 1983 йилда Акбар мақбарасини зиёрат қилишга борганимда, бу нодир жониворларнинг ўттизга яқин катта тўпи улкан боғда ўтлаб юрганини ўз кўзим билан кўрдим.
Шундан маълум бўладики, орадан асрлар ўтгандан кейин ҳам улуғ аждодларнинг табиий мавжудотга муносабатдаги олижаноб ишларини мумтоз бир шаклда давом эттириш мумкин экан.
* * *
Афсуски, ўтган асрда бизнинг минтақамизда табиатга нисбатан беписандлик ва зўравонлик мустабид шўро тузумининг бошқа иллатларига қўшилиб, Орол фожиасини келтириб чиқарди. Мичуриннинг “Табиатдан эҳсон кутиш керак эмас, ундан борини олиш керак” деган ақидаси шўро даврида “покорение природы” ва “преоброзавание природы” (“табиатни бўйсундириш”, “табиатни тубдан ўзгартириш”) деган ҳовлиқма одамларга қўл келди. Ҳали Сталин тирик пайтида “Коммунизмнинг улуғ қурилишлари” лойиҳалари тузилган эди. Бу лойиҳалар орасида “Улуғ туркман канали” деб аталган ва Амударёни бўғиб, шундай катта дарёни Қорақум саҳроси орқали Каспий денгизига томон оқизишни мўлжаллаган режа матбуотда кўп тарғиб қилинар эди…
Сталиннинг ўлимидан кейин бу режанинг иқтисодий жиҳатдан асосланмаган хомхаёл эканлиги маълум бўлди ва ундан воз кечилди. Аммо Амударёни тўсиб, унинг сувини Қорақум саҳроси орқали Ашхабодга қаратиб оқизиш режаси тузилди. Дарёнинг қумларга кўмилиб ётган қадимий ўзани бор экан. Бу ўзан қум барханлари орасидан эгри-бугри жарликлар ясаб, Каспий денгизига томон борган экан. Ана шу ўзан зўр экскаватор ва бульдозерлар ёрдамида наридан-бери тозаланади. Унинг таги ва қирғоқларини бетон билан мустаҳкамламасдан, Амударё сувини тўғон билан тўсиб, чексиз қум саҳросига бурадилар.
1985 йилда Туркманистонда адабиёт кунлари бўлганда бир гуруҳ ёзувчилар билан Қорақум канали бўйлаб “Ракета” деб аталадиган тезюрар кемада икки соатча сузиб, Аму бўйидан Марвгача борганимиз ёдимда қолган.
Баҳайбат катта сув, бутун бир дарё қум барханларига, тупроғи тўкилиб турган жарликлар ва қамишзорларга сингиб ниҳоятда исроф бўлиб оқади. Марв воҳасига етгунча ўнлаб чақирим масофада бирорта боғ ва дарахтзор кўринмайди. Ҳар икки қирғоқда ҳам тагига сув кетиб чўкаётган қумтепалар ва жарликларни тўлдириб турган қамишзорлар кўзга ташланади. Орол денгизининг насибаси бўлган беҳисоб кўп дарё суви шундай шафқатсизларча исроф қилиниб, Ашхободгача олиб борилган экан. “Ашхобод денгизи” деб аталган катта сув ҳавзасини ҳам кўрдик. Бу сув ҳавзаси Ашхободдан баландроқда жойлашган экан. Шунинг учун сув қумлар орасидан сирқиб ўтиб, Ашхобод шаҳридаги кўпқаватли биноларнинг ертўлаларини сув босади. Биноларнинг пойдеворлари нураб, фалокат ҳолати юз беради. Юзлаб одамлар энди ертўлаларга қувурлар ўрнатиб, биноларни Амударё сувининг тошқинидан қутқаришга мажбур бўладилар.
Тўғри, Оролга оқиб бориши керак бўлган сувлар фақат Туркманистон ҳудудида эмас, Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудудида ҳам шўро даврида олиб борилган пахта яккаҳокимлиги ва табиий мувозанатнинг қўпол равишда бузилиши туфайли катта исрофгарчиликларга дучор бўлди. Бунга мисол қилиб, Қозоғистонга қарашли Чордара сув омбори қурилиши пайтида ер тузилиши аниқ ҳисобга олинмагани натижасида олди тўсилган Сирдарёнинг жуда кўп суви Қизилқум саҳросига тошиб чиқиб кетади. Бу ерда бизнинг Жиззах ва Сирдарё вилоятларидан Арнасой орқали оқиб чиққан сизот сувлари Чордарадан қочган сувларга қўшилиб улкан бир кўлни ва катта майдонларни эгаллаган тўқайзорларни вужудга келтиради. Ҳайдаркўл номини олган бу ҳавзадаги юз миллионлаб кубаметр сув ҳам Оролга бориши керак эди. Оролнинг насибаси бу ерда ҳам аёвсиз увол қилингани сабабли Ҳайдаркўл ўрнидаги минглаб квадрат километрлик яйловлар сув остида қолиб нобуд бўлади, атроф-муҳит эса ортиқча сувлардан катта зарар кўради.
Табиий мавжудотга муносабатдаги энг зўр маънавий мезон биргина сўз билан ифодаланадиган «увол» тушунчасида кўзга ташланади. Ота-боболаримиз «Нонни увол қилма, уволи уради» дердилар. Худди шундай тоза ичимлик сув исроф қилинса, «Сувни увол қилма, уволи уради» дейишарди. Мана шу маънавий мезон жуда катта миқёсларда бузилди. Сувнинг уволи ургани Орол фожиасига олиб келди.
Ҳеч бўлмаса энди кўзимизни каттароқ очиб, табиат билан муносабатдаги мувозанатни сақлашга етарлича эътибор беришимиз керак. Биздан авлодларга нима қолади?
«Яхшидан боғ қолар, ёмондан доғ» деган мақол ҳаётда кўп марта ўз исботини топган. Орол денгизининг илгариги мовий тўлқинлари ўрнини шўр босган тақирлар эгаллагани – табиатга ёмонлик қилганлардан қандай доғ қолишини яққол кўрсатиб турибди.
Айни вақтда, Амир Темур ва Бобур Мирзо барпо этган боғлар неча асрлардан буён авлодлар хотирасида улуғ бир ибрат тарзида яшаб келаётгани — яхшилардан қоладиган боғлар унутилмас қадриятга айланишидан далолат беради. Истиқлол даврида халқимизнинг тарихий хотирасини қайта тиклаш ва уйғотишга жуда катта эътибор берилмоқда. Аждодларимизнинг минг йиллар давомида табиат билан ҳамкорлик қилиб, орттирган бой тажрибасини барча элдошларимизнинг онгига ва қалбига етказиб бериш учун ҳали жуда кўп ишлар қилиниши зарур. Бу борада сўнгги йилларда амалга оширилган ибратли ишлар келажакка ишонч билан қараш учун асос бўлади.
Пойтахтимиз Тошкентда амалга оширилган катта кўламли ободончилик ишлари, боғ меъморчилигининг тарихий анъаналарини замонавий талаблар билан уйғунлаштириб барпо этилаётган Алишер Навоий номидаги Миллий боғ, Бўзсув бўйларини улуғвор масканга айлантирган Шаҳидлар Боғи, барча вилоятларимизда пайдо бўлаётган мустақиллик даврининг янги ва гўзал боғлари улуғ аждодларимизнинг табиий мувозанатни сақлашга оид энг яхши анъаналари ҳозирги авлодлар томонидан бугунги шароитларда ҳам ривожлантирилиши мумкинлигини кўрсатади.
Фақат бу улкан ишни тор доиралардан умумхалқ, умумжамият миқёсларига олиб чиқиш ва унга изчил ҳомийлик сифатини бериш керак. Чунки халқимиз яшаётган ҳамма ҳудудларда катта-кичик экологик муаммолар мавжуд. Сув ҳавзаларининг ифлосланиши, ерларнинг шўрланиши, ҳавода зарарли моддаларнинг кўпайиши, турли чиқитларнинг йиғилиб қолиши каби ўнлаб муаммолар борки, уларни ўз жойида ҳал қилиш учун ҳар кун, ҳар соатда мунтазам иш олиб бориш талаб қилинади. Бунинг учун эса эртаю кеч шу соҳада ишлайдиган жуда кўп мутахассис кадрлар керак бўлади.
Олий Мажлисимиз томонидан қабул қилинган «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури»да инсон билан табиат ҳамкорлиги масалаларига ҳам алоҳида эътибор берилган. Бу дастурда «Кадрларни табиат ва жамият тараққиёти тўғрисидаги янги фундаментал ва амалий билимлар билан қуроллантириш» вазифаси олдинга сурилган. Дастурда барча босқичлардаги таълимнинг асосий тамойилларидан бири — «Инсон, жамият ва атроф-муҳитнинг ўзаро муносабатларини уйғунлаштириш» деб белгиланган.
Тарихимизда биринчи марта миллий қонун даражасига кўтарилган бу дастурни амалга ошириш барча таълим муассасаларида ўқиётган ва ишлаётган авлодларнинг фуқаролик бурчидир.
Ўзбекистон Миллий университетининг биология факультетида, Ирригация, Автойўллар институтларида эколог кадрлар тайёрлайдиган бўлимлар очилгани бу дастурни бажариш йўлида дастлабки қадамлар қўйилаётганидан далолат беради. Лекин бу ишларнинг кўлами экологик кадрларга бўлган катта эҳтиёжларни қондирадиган даражада эмас. Кадрлар тайёрлаш миллий дастурида барча босқичдаги таълим муассасалари ёшларни янги экологик билимлар билан қуроллантириши кераклиги долзарб вазифа қилиб белгиланган. Бу вазифани бажарадиган мутахассислар ўрта ва олий мактабларда ҳам, лицей ва коллежларда ҳам ёшларга экологиядан чуқур таълим беришлари керак. Саноат ва қишлоқ хўжалигида ҳам экология мутахассислари етишмайди.
Шуларнинг ҳаммасини ҳисобга олган ҳолда барча соҳаларни экологик кадрлар билан таъмин этадиган коллежлар ёки махсус бир олий ўқув юрти очилиши ҳаётий заруратга айланмоқда.
Бундай ўқув юртларида фақат табиатни муҳофаза қиладиган кадрлар эмас, балки ер-сув билан ҳамкорликда янги обод манзиллар, тарихда қоладиган улуғвор боғлар яратадиган ижодкор кадрлар ҳам етишиб чиқиши керак.
Бундан 27 йил бурун “Олмос камар” романида “ландшафт архитектураси” деб аталадиган боғ меъморчилиги муаммоларига жамоат фикрини жалб қилишга интилган эдик. Лекин афсуски, бу интилишлар шўро даврида ҳеч бир натижа бермади.
Жаҳоннинг тараққий этган мамлакатлари бўлган Англияда, Америкада, Японияда, ҳатто Болгарияда ландшафт архитекторлари тайёрлайдиган махсус институт ва факультетлар кўпдан бери боғ меъморчилиги бўйича кадрлар тайёрлаб келади.
Бизнинг суғориладиган минтақамизда табиат билан инсон ҳамкорлигини заргарона меъёрлар асосида санъат даражасига кўтарадиган мутахассис меъморларга эҳтиёж жуда катта. Умид қиламизки, ўрта ва олий таълим вазирликлари келгуси иш режаларида экология кадрлари ва ландшафт архитекторлари тайёрлаш масаласига янада каттароқ эътибор берадилар.
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2008 йил, 3-сон