Наргис Маматқулова. Модерн шеърият ва абсурд фалсафаси (2005)

Модерн атамасининг миллий адабиётимизга кириб келиши бирмунча мунозарали кечмоқда. Бугунги ўзбек модерн шеърияти ўз-ўзидан пайдо бўлган ҳодиса эмас. Унинг илк илдизлари Чўлпондек улуғ шеърият дарғалари ижодига бориб тақалади. Бунинг учун Чўлпоннинг биргина “Улуғ ҳиндий” сарлавҳали мақоласини эслаш кифоя: “Эски адабиёт билан янги адабиётнинг ўртасида қолғон шарқли ёш чинакам чучмал бир вазиятдадир. Эски адабиёт бир ширин, янгиси яна ширин, ғарбники тағин — яна ширин. Қайси биттасига кўпроқ берилсин?”

Бугунги шеърият ҳам янги ўзгаришлар босқичига қадам қўйди. Бунда асосий икки йўналиш мавжуд: бири анъанавий ва яна бири модерн шеъриятидир. Модерн шеъриятда икки хусусият кўзга ташланади. Бири шакл ва мазмундаги янгилик, иккинчиси анъанавий шаклда моҳиятдаги янгилик. Энг муҳими эса, бизга нотаниш бўлган руҳнинг устуворлиги. “Эстетика мактабида модернизм йўналишларининг айнан ўхшашларини топиш қийин. Модернизмнинг кўпгина бадиий йўналишлари бирданига икки ёки ундан ортиқ асосга таянади. Ва ҳар бир бадиий йўналиш у ёки бу даражада аниқ концепцияга асосланади. Худди шу маънода модернизмнинг фалсафий-эстетик қурилиши доим анъанавий (фундамент — деворлар — том) шаклида бўлавермай, баъзан “томдан” (бадиий—назарий, эстетик ғоялардан эмас) бошланади.

Модернизмнинг назарий асоси — ХХ аср бошларидаги “фалсафий—эстетик ғояларнинг мажмуидир”. Адабиётшунос олим Ю.Борев таъкидлаганидай, модернизм алоҳида бир йўналиш эмас, балки бир қанча йўналишларнинг умумлаштирувчи номи. Унинг кўринишини бадиият билан боғлиқ барча санъат соҳаларида учратишимиз мумкин. Шуни таъкидлаш керакки, устоз О.Шарафиддинов айтганидек, “модернизм жўн ҳодиса эмас”, унинг фалсафий-назарий илдизлари моҳиятини англамай туриб, шошмашошарлик билан хулоса чиқаришимиз ярамайди. “Исёнкор модернизмнинг дарғаси Элиот: “Санъаткорнинг ўсиши доимий тарзда ўз-ўзини қурбон қилиш, ўз шахсиятини тинимсиз ўзгартириб боришида кўринади”, — деб ёзади.

Демак, модернизмнинг асосий ғояси санъаткор шахсига эмас, санъатнинг ўзига эътибор қаратишдан иборат экан. Ҳақиқий санъат асари эса, санъаткорнинг етаклашига муҳтож эмас.

Модернизмнинг ўзбек адабиётига таъсири беқиёс, албатта. Негаки, анъанавий йўлни инкор этмаган ҳолда, жаҳон фалсафаси ва эстетикаси ҳавосидан нафас олиш маънавиятнинг бойишига, тафаккурнинг кенгайишига хизмат қилади. Фикримизнинг тасдиғини устоз У.Норматовнинг мақолаларидан бирида ҳам учратишимиз мумкин.

“… бугунги миллий адабиётимиз ривожи манзараси ўзгачароқ: жамики қийинчиликлар, зиддиятли, ожиз жиҳатларига қарамай, ҳозирги адабий жараён аср давомида миллий адабиётимиз ривожи йўлида тушов бўлиб келган якранглик балосидан халос бўлиб бораётганлиги, якка методнинг даври аллақачон ўтганлигидан далолат бериб турибди. Аср охирига келиб, хийла кечикиб бўлса-да, ҳушёр адибларимиз жаҳон тараққийпарвар адабиётлари тажрибаларига дадил юз ўгирмоқдалар”.

Биз ўзбек миллий шеъриятида модернистик йўналишлардан экзистенциализм ва абсурд шаклларини кузатишимиз мумкин. Бу оқимлар Германияда таълимот сифатида, Францияда адабиёт сифатида юзага келгани маълум. Бу фалсафа йўқликдан мавжуд бўлган эмас, албатта. “Унинг назарий ва ғоявий асослари С.Кьеркегор ва А.Шопенгауэрнинг тушкунлик фалсафаси, Н.Бердяевнинг романтик ва мистик қарашлари, Ф.Нитше ва В. Дильтейнинг “ҳаёт фалсафаси”га асосланади.

Бу фалсафанинг адабиётга таъсири масаласини ўрганиш, қандай эҳтиёжга кўра француз адабиётига кириб келганини англашдан бошланади. Француз адабиётига экзистенциализмнинг кириб келиши Иккинчи жаҳон уруши билан боғлиқ. Ж.П.Сартр ва А.Камю бу урушда нацизмга қарши курашди. Бу файласуф ижодкорлар ҳаёт ва ўлим курашининг гувоҳи бўлишди. Бу воқеа уларда тушкунлик руҳини келтириб чиқарди. Мамлакатдаги иқтисодий, маънавий инқирозлар улар тафаккурида ҳаёт маънисиз деган фикрнинг шаклланишига сабаб бўлди. Инсонларнинг уруш туфайли оқибатсизлиги, индивидуализмнинг кучайиши улардаги худосизлик назариясини келтириб чиқаради. Бу эса маълум маънода француз жамиятининг ўша давридаги ижтимоий-маънавий ҳолати билан изоҳланади. “Абсурд тушунчаси А.Камю таълимотида” абсурд мушоҳада, абсурд инсон, абсурд ижод” шаклларда учрайди. Оғир иқтисодий шароит ва кучли руҳий таназзул маънавиятда ана шундай янги тизимлар вужудга келишига туртки берди.

Миллий адабиётимизга бу тушунчаларнинг кириб келишига ХХ асрнинг сўнгги чорагидаги ижтимоий-сиёсий ҳаёт, ижодкор аҳлининг фикрий эврилишларига учраши сабаб бўлди. Собиқ жамият томирларининг узилиши, маънавиятда юзага келган бўшлиқ шеъриятдаги изланишларга йўл очиб берди. Чўлпонлар ижодидаги каби бу даврда ҳам “йўлсизлик” муаммоси пайдо бўлди. Янгиланаётган жамият янги маънавий озуқага эҳтиёжманд эди. Янги фалсафа янгиланаётган ижодкорлар руҳига мос келди. Айрим вақтларда бу фалсафа изланишларнинг ечимидек туюлди. Натижада, миллий адабиётга ушбу фалсафа руҳини маълум маънода акс эттирадиган асарлар дунёга келди. Ҳар қандай ўсимлик заминдан униб чиққанидек, адабиёт ҳам макон ва замон аталмиш жамиятдан таъсирланмай ривож топиши мумкин эмас. Социалистик тузум емирилиши билан боғлиқ инқирозлар мафкурага кучли таъсир ўтказди. Бу инқирозни ҳис этиш ижодкорларда анча аввалроқ бошланган эди. Шоир Фахриёрнинг “Тонгги Регистон”, “Аксилфалсафа”, “Аксилэкология”, “Ҳурлик”, Б.Рўзимуҳаммаднинг “Орқага бурилма”, “Сўз”, “Фикр доирасидаги фикр”, А.Қутбиддиннинг “Ғарибу ғурабо фурсат тиламчи”, “Тазод” каби шеърларида жамият аталмиш макон ва замондан кўнгил тўлмаслик, норозилик ҳисларида сезилиб туради. “Йўлсизлик, умидсизлик, тушкунлик” — абсурднинг тамал тошини қўядиган асосий унсурлардир. Бу унсурлар шеъриятимизга абсурд кайфиятнинг кириб келишига сабаб бўлди. А. Камю “абсурд адабиёт “ва” абсурд туйғу”ни бир-биридан кескин фарқлаш лозимлигини кўрсатади. Ҳозирги ўзбек шеъриятида соф экзистенциал ёки абсурдона асар йўқ. Лекин бу туйғунинг шеъриятимизда акс этаётгани рост.

Даққиюнусдан қолган тириклик
Эгамбердидан қолган қўш
Даққиюнус дала,
Ҳай пўшт, ҳай пўш…

Абдували Қутбиддиннинг ушбу шеъри миллатнинг “халқ” деб аталган қисмининг изтиробли ва аламли кечмишини қаламга олади. Халқ оғзаки ижоди руҳи сингдириб юборилган бу шеър анъанавий “Қўш қўшиқлари”ни ёдга солади. Шеърдаги ҳасратда умрнинг “роҳат-фароғат” аталган ёруғ кунини кўрмай ўтаётган халқ қисмати ўзига хос бир усулда ифодаланади.

Олам мендан-да қарийб қарироқ
Кундузи кеча сидирилган пўст:
Билиб алдаб келдинг
Ғирром — Ҳазрат Даққиюнус!

Шеърдаги асосий ғоя “билиб алдаб келдинг” мисрасига яширингандир. Абсурд умрнинг фалсафий юкини шоир Даққиюнус образига юклайди. Халқ дарди, унинг барча азоби “сидирилган пўст” сифатлаши моҳиятига сидирилади:

Отни-ку қамчилаб қавардим,
Шоҳид:
Даққиюнус қуёш
Даққиюнус ой
Қачон ҳақ берасиз, қачон?
Даққюнусбой.
Ҳай пўшт, ҳай пўшт.

Умрнинг бесамарлиги, ҳаётнинг бемаънолигини била туриб, унга қарши яна “Ҳай пўшт, ҳай пўшт” дея давом этиши А.Камю асарлари руҳига сингдирилган “қасдма-қасд яшаш” фалсафасини ёдга солади. Ушбу шоирнинг яна бир шеърига мурожаат қиламиз. “Шеърият бўлими, 1987” деб номланади:

Шоирлар келишади, кетишади,
Сўкинишади, кулишади, пичирлашади.
Ҳар қалай кетишади ташқарига
Атиги ягона дераза мавжуд,
Ҳар замон пастга қарайди беш киши:
Кўринмайди бирор гул, асалари.
Ташқарида пачоғи чиқиб кетган фасллар
Уларга тааллуқли бўлмаган ташқари.

Ёқимсизлик ғашлик, умидсизлик. Шоир ушбу кайфиятни “атиги ягона дераза”, “кўринмайди бирор гул, асалари” каби унсурлар орқали тасвирлайди. Биз бу мисраларда ҳаётга нисбатан қизиқиши қолмаган, бир хил яшашдан зериккан инсоннинг нигоҳини ҳис этамиз. Айниқса, мисралар сўнгидаги “пачоғи чиқиб кетган фасллар” ташбеҳи шоирнинг кайфиятига абсурдона ташхис қўйишда муҳим аҳамият касб этади.

“Экзистенциалистлар фикрича, инсон жамиятда ўзининг қандайдир ролини бажариб боради. Бу хилма-хил ниқоблар ортида инсоннинг асл қиёфаси яшириниб ётади. Ушбу асл қиёфа заминида ётган инсон моҳияти қачон юзага чиқади? Мазкур масала экзистенциализмни ниҳоятда қизиқтириб келди. Экзистенциализм фалсафаси инсон ўз ҳаётининг моҳияти ва маъносини англаши учун у эркинликка ва эркин танлаш ҳуқуқига эга бўлиши керак, деган фикрларни илгари сурди”.

Фалсафий адабиётлардаги бу фикрлар экзистенциализм сўзининг маъносини етарлича очиб беради. Файласуфлар фикрича, ҳозирги жамиятда инсоннинг ҳаётга бўлган қизиқиши тобора йўқолиб бормоқда. Табиат гўзаллиги, ўзгалар кайфияти билан унинг иши йўқ. Унда бошқариб турувчи битмас-туганмас манфаатлар дастури бор, холос. Ана шу дастур ижрочисига айланиши баробарида инсон ҳайрат туйғусини ҳам йўқота боради. Модерн шеърият ана шу кишиларга хос шеърият сифатида шаклланмоқда. Модерн шеъриятда мушоҳада учун имкон ҳис-туйғуларга қараганда кенгроқдир. Шеърлардаги олам фикрлар оламига айланади. Бунда вазмин ва босиқ лирик қаҳрамоннинг фалсафий топилмаларидан ҳузурланиш мумкин. Анъанавий шеъриятдан модерн шеъриятнинг фарқи шундаки, одатдаги шеърларда образлар туйғуларга олиб борар эди, бунда образлар мушоҳадага, сўнг ҳисларга етаклайди. Анъанавий шеъриятда туйғулар тафти сезилиб турса, модерн шеъриятда сокин ва совуққон нигоҳни учратишимиз мумкин. Шу сабабли, модерн шеъриятга бир қанча совуқ жонзотлар тимсоли сичқон, қурбақа, кирпи, чувалчанг, илон, пашша, тошбақа, мушук кабилар кириб келди. Шуниси диққатга сазоворки, модерн шоирлар ёқимсиз тимсоллардан ёқимли моҳият сари йўл топади. Собиқ мафкура бизни ҳаётнинг фақат яхши томонларини кўришга кўниктирган эди. Руҳиятнинг, жамиятнинг чиркин томонларини совуқ тимсоллар орқали ифодалаш модерн шеъриятига хос хусусият бўлиб қолди.

Дарахтдан барг эмас
қурбақа тўкилди
дарахтдан тўкилди мусиқа
шув-в этган юракмас сув
дўриллаган ёғоч парчаси
ҳурпайган соч эмас қум
менда қасдинг борми ниначи
умрнинг бир қисми
битта лаҳзаси

Умр ҳақидаги ушбу фалсафа пароканда тимсолларга сочилган бўлиб, оламни ва фурсатни ўзга бир нигоҳ билан кўра олиш завқини беради.

Тафаккур, яъни ақл экзистенциализм фалсафасида ўзига хос қимматга эга. Инсоннинг билимли бўлиши, унинг гуноҳкор бўлишига сабаб бўлди. Чунки бу билим ривожланган сайин кишида табиий туйғулар камайиб боради. Файласуфлар билим орқали инсон ўз фожиасига ўзи сабабчи бўлди, деган фикрни илгари суришади. Шоир Б.Рўзимуҳаммад ижодида ҳам шунга ўхшаш хулосани учратамиз:

Гўё кераксизман ортиқча бир кас,
Кўп нарса изладим оз нарса топдим
Дунёнинг кўзига чўп бўлиб тушдим,
Тушунганим сари, тушунолмадим.
Бир кетгим келади этакни силкиб,
Тўкилиб ёйилиб кетгим келади.

Экзистенциалистлар фикрича, инсон табиатига “бегоналашиш” хусусияти бостириб келмоқда. Инсон табиатдан, жамиятдан ва ҳатто ўз моҳиятидан бегоналашиб бормоқда. Табиатдан узоқлашиш инсоннинг табиатдан маданиятга юриши билан боғлиқ эди. Жамиятдан узоқлашиш инсон ўз манфаатини барча нарсадан устун қўйиши билан боғлиқ бўлди. Бу жараён, ниҳоят, инсон ички олами, ўз ҳаёти ва мазмунидан йироқлашиши билан характерланади. Асрлар давомида вужуди ва руҳи якранг бўлган инсон иккига ажралади. Вужуднинг талаблари руҳ талаби билан уйғунлашмай, ошиб кетди. Натижада, руҳ ва тан номутаносиблиги вужудга келди. Шоир Фахриёр шундай ёзади:

Одамни
Қамаб қўйса бўлар бемалол,
Сургун қилса бўлар, ҳаттоки…
Ўзига!

Бу шеърда инсон жисмини руҳ билан уйғунлаштириш фалсафаси мавжуд.

Сартр экзистенциализмни инсонпарварлик таълимоти деб айтади. У инсоннинг имкониятларига катта баҳо беради, инсоннинг мавжудлигидан ташқарида ҳеч қандай куч йўқ деб ҳисоблайди. Унинг ёзишича, энг қўрқоқ инсон ўз хатти-ҳаракатлари билан ўзини қўрқоқ қилиб қўяди, ваҳоланки, унда мард — жасур бўлиш имконияти бор. Бу таълимот бизнинг барча нарсалар худодан, ундан сўнггина банданинг ҳаракатига боғлиқ, деган ақидамизга у қадар мос келмайди. Бироқ шу фикрнинг давомидаги “Агар сиз ўз ҳаётингизга ўзингиз маъно бермас экансиз, у ўзича ҳеч қандай маъно ифодаламайди”, — деган фикр айниқса аҳамиятлидир. Шоир Фахриёрнинг бир шеърида шунга яқин мушоҳадани учратишимиз мумкин:

Умуман рўй бермас воқеа
Рўй берувчи менман умуман.

Объективликни инкор этиб, субъективликни кучайтириш модерн руҳига хос хусусият. Бироқ бу хусусият янги шеъриятда ҳаммавақт ҳам етакчи бўла олмайди.

Умуман олганда, ҳозирги ўзбек шеъриятига янги фалсафанинг таъсири катта бўлмоқда. Туйғулар, кайфиятлар ҳолидаги абсурдлик эса оқим шаклига етиб боргани йўқ. Бу шеърият йўлидаги изланишлар тажрибаси бўляпти, холос. Миллий шеърият қайси ўзандан бормасин, инсон руҳиятини, кўнглини янгича шаклда тадқиқ этишга уринмоқда. Адабиётимиз учун энг муҳими ҳам ана шу.

Наргис Маматқулова, ЎзМУ докторанти.
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2005 йил, 12-сон