Жумақул Қурбонов: «Ҳаёт ўзи устоз экан» (2012)

Мен туғилган Кўҳнашаҳар қишлоғи Қашқа­дарё­нинг қуйи оқимида жойлашган. Унинг кунботар томонида машҳур Занжирсарой қалъасининг харобалари, кунчиқар томонида эса Абдуллахонга нисбат бериладиган, бироқ халқ орасида Бекча деб аталадиган сардоба бўларди. Болалигимда қўй ҳайдаб юриб Занжирсарой харобаларининг сап-сариқ ғиштларига қараб чуқур хаёлга чўмардим. Ғиштлар орасидаги ганчда қолган меъмор устанинг бармоқ излари хаёлимни узоқ ўтмишга судраб кетарди. Қумга чўкиб бораётган сардобанинг улкан гумбази устига тирмашиб чиқиб, олис-олисларга термулиб ўтиришни яхши кўрардим.
Кейинчалик университетнинг филология факултетида ўқиб юрганимда ҳам, газета таҳририятида ишлаганимда ҳам мени шу туйғулар тарк этгани йўқ. Имконият туғилиши билан шу тарихий обидаларнинг ёнига бориб, соатлаб қолиб кетардим. Шу пайтларда сардоба ва Занжирсарой ҳақида маълумотлар, халқ оғзида юрган ривоятларни йиға бошладим.
Пишиқ ғиштдан қурилган сардоба гумбази ёнида ўша пайтларда пахса деворли уйнинг харобалари бўларди. Бир куни шу харобалар ҳақида сўраганимда бобом “Бу харобалар Мулла Жумабек қурдирган работнинг қолдиқлари” деган эди.
Бу қизиқишларим мени тарихимизнинг қора кунлари бўлган, шўро ҳокимиятининг илк йилларини ўр­ганишга ундади. “1917-1924 йилларда Туркистонда мил­лий мустақиллик учун кураш” мавзусини олиб, илмий ишни ёзиш жараёнида архив ҳужжатларини тит­килар эканман бир неча ҳужжатларда Мулла Жума номига ҳам кўзим тушди. Бироқ бу шахс ҳа­қида бошқа ҳеч қандай маълумот ололма­дим.
Эл оғзига қулоқ тутдим. Гап-сўзларга қараганда, Мулла Жума йигирманчи йилларда шўролар тузумига қарши имкон қадар курашган, ҳатто атроф қиш­лоқларни бирлаштириб, мустақил беклик тузган экан!
Мулла Жума беклик қилган даврда унинг ҳуду­дида учта сардоба бўлиб, бек барча сардобаларнинг обод бўлишига, йўловчиларнинг қўниб, ҳордиқ чиқаришлари учун работлар қурилишига катта эътибор берган. Сардоба сувини ифлослантиришга йўл қўймаган. Бу ишга журъат қилганларни аёвсиз жазолаган.
Алғов-далғов, ит эгасини танимайдиган йигирманчи йилларда қароқчи-ю талончиларнинг куни туққан эди. Мулла Жума ўша пайтда катта саҳнага чиқиб, элни шу унсурлардан тозалайди. Паҳлавон келбатли бу йигит ҳақиқий мерган ҳам экан. Унинг довруғидан чўчиган ўғри-қароқчи унинг беклигига қадам боса олмайди. Бироқ, 1924 йилга келиб анча оёққа туриб олган шўро ҳукумати Мулла Жума беклигини тугатади. Ҳали йигирма бешга кириб-кирмаган бекнинг ўзи отиб ташланади. Архивларда у ҳақдаги маълумотлар узуқ-юлуқ. Баъзи ҳужжатлардагина унинг номи “Са­риқ қишлоғидаги банда бошлиғи Мулла Жума…” қа­билида келтирилади холос. Бироқ халқ ичида унинг қаҳ­рамонлиги тўғрисида турли айтимлар юради. Мен “Сардоба” романини ёзиш жараёнида мана шу ривоятнамо во­қеаларга таянишни афзал билдим.
Ўша пайтларда ривоятларни йиғаётиб, бир кун келиб бирон бир асаримда ишлатаман, деган ниятим йўқ эди. Уларни шунчаки қизиққаним учун тўплагандим. Бироқ орадан йиллар ўтиб бу маълумотлар “Сардоба” романи яралиши учун зарур хом ашёга айланди.
Бобом Қурбон бобо яхшигина маълумот олган зиёли киши эди. Қишлоқда обрўси баланд, ҳеч ким у кишининг гапини икки қилишга ботина олмасди. Жуда кўп ривоят ва достонларни ёд биларди. Қишнинг узун тунларида бобомнинг сандалли хужрасига йиғилиб олиб еттинчи лампа ёруғида бобомнинг оғзига термулганча бир ривоятни тинглаб ўтирардик. Баъзан бирор-бир асар устида ишлаётганимда, ўша пайтлар, бобомнинг айтган ривоятлари эсимга тушиб кетади. Унинг салобатли, бироқ майин овози қулоғим остида жаранг­лаётгандек бўлади. Бобомнинг ўткир ни­гоҳларини ҳис қиламан.
“Сардоба – бир муштипар онанинг илтижоси ила бино бўлган Оллоҳ инояти.
Сардоба – она. Мушфиқ боласининг тирик қолиши учун жонини қурбон қилган она.
Сардоба – элимизнинг онаси. Биз саҳройи элмиз, саҳройи элнинг бир бўлаги, Сардобали элмиз.
Сардоба – онамиз бўлмаса биз эл бўлмаймиз.
Сардоба – онамиз бўлмаса бизни қутурган саҳро ютиб юборади…”
Бобомнинг Сардоба ҳақидаги ривояти шундай сўз­лар билан якунланарди. Бобомнинг шундай ривоятларини эшитганимдан кейин, бу обидаларга бошқача кўз билан қарайдиган бўлдим. Ривоятлар шунчалик миямга ўрнашиб қолган эканки, “Сардоба” романини ёзиш жараёнида бобомнинг овозлари қулоғим остида жаранг­лаб тургандек бўлди.
2010 йилда романни ўқиб чиққан марҳум устоз адиб, Пиримқул Қодиров “Жумақул, анчадан бери романчилигимизда асотир ва ривоятларга таянган асар кўзга ташланмаётган эди. Сизнинг “Сардоба”нгиз асотирлар романи бўлибди” деган эътирофларидан бошим кўкка етганди. Кейинчалик устоз роман чоп этилаётган паллада шу сўзларини кенгайтириб, “Асотирлар романи” номи билан китобга сўзбоши ҳам ёзиб бердилар.

* * *
Отам Файзулла бобо саксон бешга кирди. Умрлари меҳнатда ўтганлиги учун Худога шукр, ҳа­мон бардам. Отам биз ака-укаларни ҳалолликка, тўғрисўзликка ўр­гатган. Меҳнатдан қочмасликка ундарди. Баъзан қат­тиққўллик қилардилар, лекин адолат чегарасидан чиқмасди.
Онам раҳматли Шарифа момо эса меҳрибон, юм­шоқкўнгил аёл эди. Кўплаб эртак ва достонларни ёд биларди. Мен ҳарбий хизмат ўташга кетаётганимда тўшакка михланиб қолганди. Икки йил давомида ўринларидан турмай мендан хат кутар экан. Эшик “тиқ” этса аланг-жаланг бўлиб, “қара-чи, почтачи келдими” деяверар экан. Мен буни ҳис қил­ганимдан имкон топилди дегунча онамга хат ёзишга ҳаракат қилардим. Хизматдан қайтиб келганимда онамнинг ёстиқлари остида барча ёзган хатларим дасталаниб турганини кўрдим. Қайта-қайта ўқилаверганидан титилиб, рангги ўчиб кет­ган хатлар… Ўша пайтдаги урф­га кўра ҳар бир мактубга икки сатр эпиграф ёзардим. Битта хатдаги эпиграфга икки томчи кўзёш тўкилгани сарғиш доғдан билиниб турарди. Онам хатни ўқиётганда йиғлаган экан­лар-да…

“Кўпдан бери юрагимни тирнар бир ғашлик,
Соғинчда ва айрилиқда ўтмоқда ёшлик”.

* * *

Талабалик йилларимда шоир дўстларим Очил То­ҳир, Нурулла Остон, Жамол Сирожиддин, Асрор Нурбоевлар билан ижарада бирга турардик. Дарс­дан бўш пайтларда мен ҳикояларимни, шоирлар эса шеър­ларини кўтариб таҳририятлар эшикларини та­қил­латиб чиқардик. Бирон газета ё журналда бир машқимиз босилиб чиқса кўчамизда байрам бўлиб кетарди. Лекин бундай ҳол ойда-йилда бир мартагина бўларди, холос.
– Босмаса босмасин, – фиғони фалакка чиқиб, қа­лингина шеър дафтарини столга қарсиллатиб урарди Нурулла, – энди редакциясига қадамимни ҳам босмайман! Газета ўзингники бўлмаса бирон нарсанг ҳам чиқмас экан!
– Ана, энди ўзингга келяпсан, шоир, – дерди гапга қўшилмай четда китоб ўқиб турган Асрор. – Кел, ўзимиз газета чиқарамиз. Шунда ҳар сонда сенинг шеъринг билан Жумақулнинг ҳикояси босилади.
Шу-шу ижарахонамизнинг деворий газетаси ташкил қилинди. Ҳар ўн-ўн беш кунда янгиланиб турадиган бу газетанинг ҳар сонида Нурулланинг шеъри босилиб турса-да, бари бир унинг кўнгли тўлмасди.
“Нимага ҳикоянг бунча узун?! Газетанинг ярмини эгаллаб олибди!” – деб менга ташланиб қол­са, “Шеър­ни ҳам аччиқ ичакдек чўзибсан, қара, учта шеърим сиғмай қолди!” деб Очил билан ғижил­лашарди.

* * *

Мен Муборак туманида ишлардим. Истиқлол­нинг дастлабки йиллари эди. Туманда Ўзбекистон халқ шо­ири Абдулла Орипов билан учрашув ўтка­задиган бўлдик. Машҳур шоирни туман чегарасида кутиб олдик. Бизни таништиришганда Абдулла ака қучоғини очиб келди.
– Муборакда ёзувчидан чиққан ҳоким бор, деган гаплар қулоғимга чалинганди. Ўша сиз экансиз-да, – деди бағрига босганича.
Учрашув кўнгилдагидек ўтди. Кейин Абдулла акани Занжирсарой қалъасининг харобаларига, сардобаларга олиб бордим. Шу обидалар ҳақидаги ривоятларни айтиб бердим. Шуларни бир ёзсангиз қандай бўларкин, деб маслаҳат бердилар. Орадан бир неча йил ўтиб “Сардоба” романининг биринчи китоби Абдулла аканинг сўзбошиси билан дунё юзини кўрди.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов билан ҳам Муборакда танишганман. У кишига мўъжазгина ҳикоялар тўплами бўлган “Қоракўз”ни тақдим қилдим. Ўткир ака ҳикояларимни ўқиб кўриб:
– Дурустгина ҳикоянавис экансиз, каттароқ нарсаларга қўл уряпсизми? – деб сўради.
Ўша пайтларда битта қиссани қоралаб қўйган­дим. Шуни айтдим.
– Олиб боринг, кўриб чиқамиз, – деди.
Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай “Чорраҳа” номли қисса ва ҳикоялар тўпламим Ўткир Ҳошимов сўз­боши­си билан чоп этилди.
Бундай номдор ижодкорларнинг асарларимга бўл­ган муносабати мени ҳамиша тўлқинлантириб келган. Албатта, турмушда кўп нарсаларни кўриб кўзим пишди. Аслида ҳам ҳаёт ўзи устоз экан.

* * *

Саксонинчи йиллар эди. Бир дўстимнинг отаси уйга кириб келди. Унинг айтишича, ўғли бир кўзи кўр қизга уйланмоқчи экан. Туппа-тузук, тўрт мучаси соғ қизлар турганда бундай қизнинг нимасига учганига тушунолмай отанинг жиғибийрони чиқарди. Отанинг сўзларидан шу маълум бўлдики, ўзи ҳам, хотини ҳам унинг бир кўзи кўр қизга уйланишига қарши. Бироқ ўғли икки оёғини бир этикка тиқиб олганча “Шундан бошқасига уйланмайман” деб турганмиш. Ота бечора чиқмаган жондан умид, қабилида ҳеч бўлмаса, дўстининг гапига кирар деганича менинг олдимга келган экан.
– Жўрангни кўндириб бер. Эл олдида юзимни шувут қилмасин, – дерди бечора ота мўлтираб.
Гаплашиб кўришга ваъда бердим.
Уни учратганимда ширакайф экан.
– Оғайни, ўзим ҳам сен билан гаплашмоқчи бўлиб юргандим. Келганинг яхши бўлди, – деди у.
Сўрамасам ҳам нега бир кўзи кўр қизга уйлан­моқчи эканлигини айта бошлади.
Болалигида шаҳардаги қариндошиникига бор­ганида, тош отиб ўйнаб туриб тасодифан бир қиз­чани ногирон қилиб қўяди. Қўрққанидан буни ҳеч кимга билдирмайди. Орадан йиллар ўтиб буни уну­тиб ҳам юборади. Лекин яқинда бу қиз унинг машинасига ўтиради ва у ўзи ногирон қилган қиз эканлигини билгач, унга уйланишга, уни бахтиёр қилиб айбини ювишга қарор қилади. Бор гап шу. Гарчи отасига ваъда берган бўлсам-да, унинг бу олижаноб аҳдидан қайтармасликка қарор қилдим. У айтиб берган воқеадан анчагача таъсирланиб юрдим. Кейин эса шу воқеа асос қилиб олинган “Қоракўз” номли ҳикоя дунёга келди.

* * *

Ўтган асрнинг 70-йиллари сўнгида универси­тетни тугатиб, “Қашқадарё ҳақиқати” газетаси таҳ­­ририятига ишга келдим. Таҳририят маданият бў­лими ходимиман. Газетада чоп этиладиган бадиий асарлар ҳам бизнинг қўлимиздан ўтади. Бўлимнинг папкасида ётган асарлар орасида таниқли адиб Самар Нурийнинг бир неч­та ҳикоялари бор экан. Бадиий пухта, ширали тилда ёзилган бу ҳикоялар мени ўзига ром этди. Бу ҳикоялар бирин-кетин чоп этилди. Бир оздан кейин Самар акадан худди шундай ҳикоялардан яна бир нечтаси келди. Мен Самар аканинг бунчалик сермаҳсуллигидан, ёзганда ҳам барчани қойил қолдирадиган даражада ёзишидан ҳайратланардим. Самар аканинг фалокатга йўлиқиб, бир ўлимдан қолганини, йиллаб тўшакда ётганини, ногирон бўлиб қолганини, унинг ёлғиз овунчоғи шу ижод бўлиб қолганини ҳамкасбларидан эшитиб устозга нисбатан ҳурматим минг карра ошди.
Бир куни таҳририятга Самар Нурийнинг ўзи кириб келди. Барчамиз унга пешвоз чиқдик. Орқа­варотдан “ўзбек Островскийси” деб атайдиган адибимиз билан қўл олишиб кўришиш биз бошловчи ижодкорлар учун фахр эди. Устозни хонадаги яккаю ягона, шалоғи чиққан оромкурсига ўтқазиб, қўлларига бир пиёла чой тутқаздик. Самар ака бу ердаги барча ходимларни яхши танирди. Бироқ мен янги ходим, Самар ака билан танишиб улгурмаган эдим. Самар аканинг менга “танимайроқ турибман” дегандай қарашларига, орамиздаги энг гапдон, ҳат­то Самар акага ҳам ҳазил қилишга ботина оладиган Муҳаммад Очил жавоб қайтарди:
– Бу йигит Жумақул Қурбонов, сизга шогирд тушишни мўлжаллаб юрибди.
– Э, шунақами. Мен ҳикоянгизни ҳам, бир иккита мақолангизни ҳам ўқидим. Чакки эмас.
Мен ўша пайтда ишга келганимга бир неча ой бўлган, битта ҳикоя ва чўлқуварлар ҳаётидан бир нечта лавҳа ва очерклар чоп этишга улгурган эдим. Ёзганларим устоз адибнинг назарига тушганлигидан ҳаяжонланиб кетдим.
Кейин Самар ака сўзини давом эттириб, ҳикоянинг ютуғи ҳақида гапира туриб гап орасида камчиликларини ҳам қистириб ўтди. Қулоғимгача қизариб кетдим.
– Бироқ, қаламингиз ёмон эмас. Изланишдан тўхтамасангиз, сиздан яхши ёзувчи чиқади, – деб юпатиб қўйди Самар ака.
Кейин гап асарнинг қандай ёзилиши, уни қандай қайта ишланиши ҳақида бўлди. Суҳбат асносида Самар аканинг сермаҳсуллиги ҳақида ҳам сўрадик.
– Эринчоқ ёзувчининг битта баҳонаси бор: “Илҳом келмаяпти” деб, саланглаб юраверади. Аслида ил­ҳом дангасадан қочади. Бирон нарса ёзаман, деган ижодкор илҳомни ўзи чақириб олиши керак. Менинг сермаҳсуллигимга келсак, ҳар куни эрта тонгдан ёзув столига ўтираман. Икки сатрни қоралашим билан буёғи ўзи қуйилиб келаверади.
Мен шундан кейин Самар ака билан тез-тез учрашадиган бўлдим. Ёзган асарларимга у кишининг билдирадиган фикри мен учун қадрли эди. Устознинг иш услубини ўзлаштиришга ҳаракат қилдим. Эрта тонгда икки саҳифани қораламасам, шу куни устоз олдида кўнглим хижилдек бўлиб юраман.
Кейинчалик катта-катта ёзувчилар билан танишдим. Бир нечталари билан устоз-шогирд бўлиб қолдик. Бироқ, ижоддаги биринчи устозим Самар Нурийнинг қатъиятли, меҳр нури аксланиб турган нигоҳи менинг ҳар бир ёзган сатримни кузатиб тургандек туюлади. Бўшашмасликка, ўзимга талабчанроқ бўлишга ҳаракат қиламан.

АДИБ ҲАҚИДА

Жумақул Қурбонов Қашқадарё вилояти, Муборак тумани, Кўҳнашаҳар қишлоғида 1955 йил таваллуд топган. Тошкент Давлат Университетида, Қарши муҳандислик иқтисодиёт институтларида таҳсил олган. Сиёсий фанлар номзоди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. Жумақул Қурбонов “Қоракўз”, “Чорраҳа”, “Сардоба” каби асарлар муаллифи.

«Ёшлик» журналининг 2012 йил 4-сонидан олинди.