Эртак!
Биз уни халқ оғзаки поэтик ижодининг асосий жанрларидан бири, яъниким тўқима ва уйдирмага асосланган, сеҳрли-саргузашт ва маиший мазмундаги эпик бадиий асар сифатида биламиз. Лекин айни шу жанр айрим кишилар тақдирида нечоғли аҳамиятли бўлишини ва ҳатто инсон қисматини болаликдан белгилаб беришини ҳаммамиз ҳам билавермаймиз. Масалан, каминанинг ёзувчиликка ҳавас ва иштиёқи болаликда эртаклар туфайли юзага келган десам сира янглишмайман. Не бахтки, онам Ҳанифа Омон қизи эртакчи аёл эди. У минглаб эртаклар биларди ва ҳар оқшом то ярим тунгача қорачироқ нуридан ёритилган ўн болорли уйимизда эртак айтиларди. Замон оғир, китоблар топиш қийин, топилганини ҳам бирпасда ўқиб ташлардик. Боз устига, катталар қатори биз болалар ҳам меҳнатга тортилгандик. Дейлик, куз ва қиш тунлари оддийгина кўрак чувиш биз болалар зиммасида эди. Кундузлари ҳар бир хонадонга аравада қоп-қоп кўрак олиб келиб ташланарди ва тонггача биз уларни чувиб бўлишимиз лозим эди. Бола учун дунёда кўрак чувишдек зерикарли ва бемаъни иш бўлмаса керак. Ўртада уйилиб ётган кўракларни кўрганда олам зимистон тортиб кетарди, ташқарида қора совуқ, тунда бошланиб тонгга яқин тинадиган шамолнинг увиллаши юракка баттар ғашлик соларди. Бунга узоқ-яқиндаги бўриларнинг увлаши қўшилганда дунё яккаш хавф-хатардан иборатдек туюларди. Ана шундай пайтларда эртак жонга ора кирарди. Онамиз эртак бошлаши билан уй ичи кенгайиб, ёришиб кетгандай бўларди. Ўртада уйилиб ётган ёқимсиз кўракларни бармоқларимизгина сезар, ақл-ҳушимиз эса эртак воқеаларига оғарди. Бўриларнинг увлашлари бамисли ҳофизнинг қичқириғидек туюлиб, мурғак юрагимизда ортиқ даҳшат ҳиссини туғдирмасди. Негаки, айтилаётган баъзи эртакларда у қонхўр махлуқ эмас, танти ва мард жонивор сифатида талқин этиларди-да. Умуман олганда, айрим тунлари бўрилар қишлоқ оралаб, кимнингдир қўрасига тушгудек бўлса, одамлар бу ҳодисани фожеа ўрнида қабул қилмас, енгилгина қўл силтаб: “Ака кеп, ҳақини обкетди-да”, деб қўя қолишарди. Бир томондан эртак, иккинчидан эса қишлоқ катталарининг бўриларга нисбатан бу хил қараш ва муносабатлари биз болалар қалбида уларга нисбатан озми-кўпми ҳурмат ҳиссини уйғотмай қолмасди.
Ташқарида шамол қутурар, ичкарида эса онамиз эртак айтарди. Эртак баҳонасида ўртадаги кўрак чувилиши лозим эди. Шунинг учун эртак деганлари бир-бирига уланиб кетаверарди. Узоқ тунда айтиладиган эртакнинг сеҳри бошқача бўлади… Кейин-кейин эса тенгқурларим орасида ўзим эртак айтишни одат қилдим. Улар қолиб, катта ёшдаги болалар оғзимга тикилганини кўриб ҳайрон қолардим ва билганларим тугаб қолгудек бўлса, ўзим эртак тўқий бошлардим. Тўқиган эртакларимда ёвузлик ва ёруғликдан ташқари, ҳайвонот дунёсига нисбатан бўлган муносабатиму муҳаббатим акс этарди. Сўнг менда уларни қоғозга тушириш фикри пайдо бўлди. Бирон ерда чоп эттириш эмас, шунчаки ёзгим келгани учун ёза бошладим. Машқларимни бирон газета ёки журналга юбориш тушунчаси йўқ эди менда. Ахир учинчи синф боласида бу фикр қайдан бўлсин. Кейинчалик эртак тўқишдан қониқмай, билиб-билмай ҳикоя жанрига қўл урдим. Бу ҳолат тафаккур қила бошлаганимни билдирарди. Тафаккур қилиш эса каминада эртак айтиш иштиёқини сўндирди, камгап бўлиб қолдим. Оқшомлари майса устида ўмбалоқ ошиб, болалар билан кураш тушиш иштиёқи тарк этди мени. Камина энди борлиққа ўзга нигоҳ билан назар сола бошлаганди. Табиат ҳодисалари ва фасллар алмашувидан ўзимча маъно қидирадиган бўлдим. Уй бурчагидаги жавонда ўқиган китобларимнинг сони ортгани сайин нафақат тафаккуримда, балки феълимда ҳам ўзгаришлар содир бўла бошлаганди. Китоблар таъсирида қишлоққа сиғмай қолдим. Дала-дашту қир-адирларга интила бошладим. Қишлоқдан нариси қир-адирлик, сўнг чек-чегарасиз тоғлар бошланарди. Сукунат бағрига чўмиб, истаганингча хаёл сур, халал берувчи бирор кимса йўқ, жониворлар эса ғиж-ғиж эди. Бу пайтда жониворларга озор беришдан тийилгандим. Чунки бу дунёда барча нарса табиий уйғунлик асосига қурилгани ва табиатга озор берувчи ёлғиз жон одам боласи эканлигини фавқулодда англаб етгандим. Оқибат, ёввойи табиат ва жониворлар дўстимга айланди. Улар ҳақида ёза бошладим. Ўқувчиларга ўзим кўра билган ва ҳис қилган дунёни кўрсатиш, уларни огоҳлантириш учун ёза бошладим. Мен дунёни ўзгартиришни истардим. Ёзганларим билан гўё дунё ўзгариб қоладигандек эди. Бунинг қарангки, тақдир жониворларга нисбатан муносабатим ўзгачилигини сезгандай, неча ва неча бор мени бўриларга дуч қилди. Итлар ҳақида гапирмасам ҳам бўлади. Уларнинг овозиданоқ нима демоқчи эканлигини сезадиган бўлдим. Чунки улар менга шунчаки ит эмас, табиий уйғунликнинг жонли бир бўлаги эди. Садоқатни ўшаларда кўрдим, мардликни бўриларда учратдим. Қишнинг қирчиллама кунларидан бирида қирнинг тор ўзанида уларнинг тўрттасига тўсатдан рўпарў келган ва азбаройи қўрққанидан елкасидаги милтиқни олишга ҳам қурби етмаган йигитча мен эдим. Суриштириб келса, улар эмас, мен бўриларнинг йўлидан чиқиб қолгандим. Шунда улар нима қилди дерсиз? Нима қилишарди, қоринлари тўқ эканми, худди тўнкани четлаб ўтгандай, йўртишганча ёнимдан ўтиб кетишди. Ҳатто бирининг қуйруғи баримга сургалиб ўтгандай бўлди. Энди улар ўрнида хашаки итларни тасаввур қилиб кўринг – улар ё ташланган бўларди, ё изларига қайтиб кетарди. Бўрилар эса изларига қайтишни хаёлларига келтирмагандек, менга эътибор ҳам беришмади. Йиртқичларнинг бу қилиғи, яъни одамни писанд қилмаслиги жуда қизиқ бўлади. Буни сўз билан ифодалаш қийин. Бунақа пайтда улар сизга нигоҳини қадамайди, шунчаки бир қараб қўяди. Уларнинг бу шунчаки бир кўз ташлаб қўйишида улуғворлик, ўзига ишонч, майдаликдан йироқлик ва яна кўп нарсалар борки, бу ҳолатни фақат бадиий асарларда тасвирлаш мумкин. Шунга ўхшаш ҳолатларни зоти тоза итларда ҳам кўрганман.
Ҳозир ўйлаб қоламан. Нечун бу хил ҳолат ва ҳодисаларга болаликдаёқ дуч кела бошлаганман? Бундан ташқари, азим кентда яшаб туриб, нечун ҳозирда умримнинг ярми тоғу тошларда, дашту саҳроларда кечмоқда? Жавоб эса битта – бу қисмат. Тақдирнинг менга аталган инъоми бу. Болаликдан эртаклар оламида улғайишим эса тақдирнинг туҳфасидир. Ахир шу эртаклар эмасми, болаликдаёқ менда китобларга ҳавас уйғотиб, дунёқарашимни шакллантирган, қалбимга эзгу туйғулар бахшида этиб, табиат ва жониворларга нисбатан муҳаббат ҳиссини юзага келтирган. Шунинг учун барча оналарга ҳайқириб айтгим келади, болаларга эртак айтинг, оналар!
Ижод ҳақида сўз юритар бўлсам, ёзганларимни узоқ вақтгача бирон ерда чоп эттиришга ошиқмаганман. Дарвоқе, болаликда ёзган машқларим – эртак ва ҳикояларимнинг бари йўқолган. Қандай қилиб йўқолган, буни ўзим ҳам билмайман. Шунчаки машқлар бўлгани боис уларга ҳозирда ачинмайман. Кейин ёзганларимни эса… Қайтамга ҳаётни яхшироқ ўрганиш мақсадида турли касбларда, ҳатто ўзим ёқтирмаган ишларда ҳам ишлаганман. Эндиликда ўйлаб қоламан, тўғри қилганманми-йўқми деб. Чамаси, тўғри қилганга ўхшайман. Касб, касбга боғлиқ турфа характерларни ўрганишнинг ўзи бўлмайди. Бу катта бир мактаб ҳаётимда.
Ўзимча ҳаётни ўрганишга якун ясаб, соҳам бўйича матбуотда иш бошлашим билан ўтган асрнинг саксончи йилларида, гўзал бир ижодий муҳитга тушиб қолганман. Ўткир Ҳошимов, Эркин Аъзам, Усмон Азим, Сирожиддин Саййид, мусаввир Одил Бобожон – буларнинг ҳар бири ўзига хос олам эди. Бу давраларда тафаккур ёлқинланарди, фикр нурланарди. Адабиётга ўзни фидо айлаш тушунчаси қанотлантириларди. Эртаклар мени оёқлатган, ижодий изланишлар дунёқарашимни шакллантириб, ўзлигимни англатган бўлса, бу ижодий муҳит каминага устозлик қилди десам сира хато қилмаган бўламан. Турган гап, ижодий муҳитда гап кўп, у кишини мукаммалликка етаклайди. Сўзнинг залворли кучини теран ҳис қилган ҳолда, унинг қатидаги рангларни илғай бошлайсиз. Ва тинимсиз ижодий изланиш ҳаёт тарзингизга айланади. Адабиёт қисматингиз, унингсиз тириклик маънисиз ва туссиз эканини англашга ёрдам беради. Мухтасар қилиб айтганда, адабиёт мангу ёниқ қалб нуридир. Халқ онгининг шаклланишида, унинг ўзини англашда адабиётнинг беқиёс роли мавжудлигини янада теран туйганингиздан сўнг эса, улкан бу адабий жараённинг зангламас бир мурватига айланган кўйи, унинг азалий ва абадий ҳаракатига ўз улуш ва ҳиссангизни қўшиш иштиёқида ёна бошлайсиз. Бу яратиш иштиёқидир. Афсуски, ушбу иштиёқ кўпларда жуда тез сўнади. Адабиёт эса қалби мангу ёниқ ижодкорлар ишидир ва фақат уларгина унинг бадиий ва маънавий хазинани янги дурдоналар билан бойита олади. Хуллас, саксонинчи йиллардан қатор ҳикояларим “Ёшлик” журналида, сўнг бошқа газета-журналларда юз кўрсата бошлади.
Шу кунгача ўн бешга яқин китобим чиқди. Шу ўринда китобхонлик хусусида андак фикр юритмоқчиман. Бу ёруғ оламда китобдан зўр дўст йўқлиги биздан аввал ҳам кўп таъкидланган. Ҳақиқатдан китобдан зўр дўстнинг ўзи йўқ ва унинг ўрнини ҳеч қайси санъат тури боса олмайди. Ўз оиласида китобхонликни шакллантира олган ота-она тарбияда кўп нарсани ютади. Бу борада, айниқса, онанинг роли ўзгачадир. Чунки болалар кўпроқ аёллар билан мулоқотда бўлади-да. Турмуш ўртоғимиз Тўхтахон муаллима, мактабда тил ва адабиётдан дарс беради. Болаларнинг ёши ва қизиқишига қараб китоб танлашда жуда устаси фаранг, минг қилсаям, ўқитувчи-да. Қисқаси, китоб ўқиган боланинг ҳаяжони сал бўлакча бўлади, унинг ҳаяжони пайтида андак эътиборли бўлсангиз, болада китобхонлик ҳисси янада ошади. Акс ҳолда қуруқ ўқувчига айланиб қолиши мумкин. Уларни фикрлашга ундаш учун боланинг ҳаяжонига эш бўлиш лозим. Донолар айтишадики, боласига ўргатмаган ва сўнг боласидан ўрганмаган одам ҳаётдан орқада қолиб кетади деб. Шу боис уйдаги чуғур-чуғурлардан ҳам нимадир ўрганаяпмиз.
Адабиётда шовқинни ёқтирмайман, бир-иккита нарса яратиб қўйиб, ўзини даҳо санайдиганларни жиним севмайди. Ўқувчи тушуниши қийин бўлган ҳолда мураккаб ёзиш керак, дейди шунақалардан биттаси. Кейин аллақандай оқимларни рўкач қилиб, ўзбек адабиётида биттаям ҳақиқий истеъдод йўқ дейди. Масалан, Навоийни ким ўқияпти дейди. Гапидан шу нарса англашиладики, у ўзбек адабиётини ўқимаган, ўқимагани ҳолда унга баҳо беришга тиришади. Ғарб адибларидан бир-иккисининг номини санаб, шунақанги ваъзхонлик қиладики, оқибат, калавасининг учини йўқотиб, нима деяётганини ўзи ҳам билмай қолади. У Навоийни мактаб дастурида ўқиган, “Ўткан кунлар”ни варақлаб ҳам кўрмаган. Чўлпон ва шунингдек, бошқаларнинг номини эшитишни ҳам истамайди. У вайсашни, даъво қилишни яхши кўради. Сўнг ўзини ҳеч ким тушунмаётганидан нолиб, ҳаммани ғирт нодонга чиқаради.
Бу хил кимсалар баҳсга арзимайди. Унинг ёнидан, қирнинг тор ўзанида ўзимга йўлиққан бўридай, индамай, шунчаки бир кўз ташлаб ўтаман. О-о, шунчаки кўз ташлаб ўтишдан ёмони йўқ ва шунда унинг нигоҳида “истеъдодга нисбатан ҳурматсизлик бу” деган таънани ўқийман.
Ҳа, адабиётни истеъдодлилар яратади, истеъдодсизлар эса қора қуюндай доим улар атрофида чарх уриб, даҳоликка даъвогар бўлиб юраверади. Бу ҳам куну тундек, азалий ҳолат эрур.
Мендан кўпинча, нималар ёзаяпсиз, деб сўрашади. Ёзаяпман, лекин ўша ёзаётган нарсам ҳақида аввалдан бир нарса дейишдан ҳамиша истиҳола қиламан. Аввалдан айтиш, назаримда, нон ўрнига хамир тутишдек бир гап эмасми?!
“Ёшлик” журнали, 2010 йил, 7 (236)-сон.